Сенека. Вақтингни бой берма

Луцилийга мактублар

Биринчи мактуб

Луцилийга Сенекадан салом!
Луцилий, худди шундоқ йўл тутгин! Ўзингни ўзинг қўлга ол, авваллари сендан тортиб олишган ёки ўғирлашган, бекор ўтган вақтни тежагин ва йиғингин.Мен ҳақиқатни ёзаётганимга ишонч ҳосил қил: вақтимизнинг бир қисмини куч билан тортиб оладилар, қолганини ўғирлайдилар, яна бир қисми бекорга ўтади. Лекин энг уятлиси ўзимизнинг эътиборсизлигимиз туфайли йўқотганларимиздир. Ўзинг яхшилаб назар солгин: умримизнинг энг кўп қисмини бемаъни ишларга кетказамиз, ундан қолган қисмини бекорчиликка ва бир умр керак бўлмаган ишларга сарфлаймиз. Менга вақтнинг қадрига етадиган, умрнинг бир куни қанчалар қадрли эканлигини англайдиган, соат сайин ўлимга бораётганини тушунадиган инсонни кўрсата оласанми? Бизнинг ҳалокатимиз ҳам шунда-да, ўлимга ҳали эрта, деб қараймиз; умрнинг каттагина қисми эса ортимизда қолган, ахир, қанча йиллар оқиб кетган бўлса, барчаси ўлимга тобе. Менга қандай ёзаётган бўлсанг, шундай йўл тут, Луцилий, бирор соатни қўлдан бой берма. Бугунги кунни қўлингда тутиб қололсанг, кейинги кунга шунча кам боғлиқ бўласан. Кейинга қолдириб ўтираверсанг, бутун умр ўтиб кетади. Қолган ҳамма нарса бегона, фақат вақтимиз ўзимизники. Табиат бизга фақат тутқич бермас оқар вақтни ато этди, аммо уни ҳам ким ҳоҳласа тортиб олаверади. Одамлар эса нодон: арзимас, арзон ва осон тўлаш мумкин бўлган ниманидир қабул қилиб, ўзлари билан ҳисоб-китоб қилишларига йўл қўядилар; биз вақтимизни ажратганлар эса биздан миннатдор ҳам бўлмайдилар, ҳолбуки, яхшиликни биладиганлар ҳам мана шу вақтни қайтариб беролмайдилар.
Сенга йўл кўрсатишга журъат қилганим тўғрисида ҳам савол беришинг мумкин. Чин дилдан тан олиб айтаманки, харажат қилганда ҳисоб-китобни аниққиладиганлар каби, мен қанча сарфлаганимни яхши биламан. Ҳеч нарса йўқотмаяпман, дея олмасам ҳам, қанча, нима учун ва қандай қилиб йўқотаётганимни ва камбағаллигим сабабини айта оламан. Мен қашшоқликка тушиб қолишигаўзининг нуқсонлари сабаб бўлмаган одамлар қаторига кираман; ҳамма мени кечиради, лекин ҳеч ким ёрдам бермайди. Хўш, нима бўпти шунга? Менимча, кимки озига қаноат қиладиган бўлса, камбағал эмас. Лекин сен ўз қўлингдагини асрагин: ахир, бунинг айни вақти-ку! Аждодларимиз бекорга айтмаганидек, бир қатра қолганида тежамкор бўлишнинг фойдаси йўқ. Устига устак, бу ҳолда, нафақат кам, балки энг ёқимсизи қолади. Саломат бўл.

Иккинчи мактуб

Луцилийга Сенекадан салом!
Менга ёзганларинг ҳам, эшитганларим ҳам сен тўғрингда менда катта умид уйғотади. Сен саёҳат қилмайсан, ўз ўрнингни ўзгартириш билан ўзингга ташвиш туғдирмайсан. Ахир, бундай санғишлар, аслида бемор қалбнинг белгиси. Менимча, қалб хотиржамлигининг илк нишонаси – бу бир жойда муқим яшаш ва ўз-ўзи билан қолишда. Аммо бир қара: кўплаб ёзувчиларнинг асарларини, турли-туман китобларни ўқиш дайдишва кўчманчилик, дегани эмасми? Агар кўнгилда бирор нарса қолишини ҳоҳласанг, бирор буюк ақл эгаси билан узоқроққолишинг керак. Ким ҳар ерда юрса, у ҳеч ерда муқим эмас. Ким ҳаётини саёҳатда ўтказса, унинг мезбонлари кўп-у, лекин дўстлари бўлмайди. Бирор улуғ ақл соҳиби ижодини пухта ўзлаштирмасдан,шошиб ва тез шуғулланувчи кимса билан ҳам худди шу ҳолат рўй беради. Агар овқат чайнамай ютилса, у танага бирор фойда келтирмайди. Дориларга ружу қўйиш, тез-тез алмаштириб туриш соғлиқ учун энг зарарли нарса. Агар ярага ҳар турли дорини сураверсак, унинг тузалиши даргумон. Агар дарахтни ҳадеб кўчириб ўтқазаверсак, у куч олмайди. Энг фойдали нарса ҳам шошилганда фойда бермайди. Китобларнинг кўплиги эътиборимизни чалғитади, холос. Шунинг учун қўлингда борини ўқишга имкон тополмасанг, ўқиганингни уқиб ол, вассалом.“Лекин, — дейсан сен, — баъзида мен бу китобни, баъзида унисини очиб кўришни истайман”. — Турли таомлардан тотиб кўравериш – тўқлик белгиси, уларнинг турли-туманлиги ошқозонни бузади. Шунинг учун доим тан олинган ёзувчиларни ўқигин, мабодо бошқасига чалғисанг ҳам аввалгисига қайтгин. Ҳар куни камбағалликка, ўлимга, бошқа турли балоларга қарши тайёргарлик кўриб қўйгин… Мен ўзим ҳам шундай қиламан: ўқиганларимдан ниманидир ёдлаб оламан. Бугун, Эпикурда, мана нимага дуч келдим (мен баъзан бегоналар орасига қочоқ бўлиб эмас, хуфия бўлиб кириб оламан-ку): “Хуррам камбағаллик тоза нарсадир”, дейди у. Лекин, хуррамлик бор экан, бу қанақа камбағаллик бўлди? Кимда оз нарса бўлса, камбағал эмас, балки ким кўпини ҳоҳласа, ўша камбағалдир. Агар у бошқаларникига кўзини олайтирса ва борига қаноат қилмай, яна олишни ўйласа, унинг учунхумдонида ва омборида қанча мол-дунё борлиги, қанча мол боқаётгани ва улар қанчага кўпайгани муҳим бўлармиди? Бойликнинг чегараси қандай бўлади, деб сўрайсан. Ками – зарур нарсаларга эга бўлиш, кўпи сенга етарли бўлгани. Саломат бўл.

Учинчи мактуб

Луцилийга Сенекадан салом!
Сен менга атаб ёзган хатни дўстингга берганингни ёзибсан. Аммо кейин огоҳлантирибсанки, ўзинг ҳам шундоққилишинг сабабли, мен сенга дахлдор ҳамма нарсаниям у билан баҳам кўрмаслигим керак экан. Бу ҳолда, сен битта хатингда уни дўстим, деб тан олаяпсан ва яна рад этаяпсан. Агар сен унга нисбатан биз сайловларда ҳамма номзодларни “мардлар” деб атаганимиз каби ёки бирор танишнинг исмини эслолмаганда “жаноб” деганимиз каби, “дўст” деб атаган бўлсанг бошқа гап. Лекин сен кимнидир дўст деб ҳисобласанг ва унга ўзингга ишонгандек ишонмасанг, у ҳолда сен адашган бўласан ва чин дўстлик нималигини билмайсан. Ҳамма нарсани дўстинг билан ҳал этишга ҳаракат қил, аммо аввал уларни ўзинг бирёқли қилиб ол. Дўстлашгач, ишонгин, дўстлашгунча бир хулосага келгин. Кимки Феофрастнинг ўгитига зид тарзда, бир хулосага келгач севиш ўрнига, севиб қолгач дўстлашадиган бўлса, у нимани олдин ва нимани кейин қилиши лозимлигини адаштиради. Бирор кимсага дўст бўлиш хусусида узоқўйлагин, лекин дўстлашгач уни бутун қалбинг ила қабул эт ва худди ўзинг билан гашлашган каби у билан қўрқмасдан гаплашгин. Шундай яшагинки, душманга ишониб бўлмайдиган нарсани ўзинг ҳам тан олишингга тўғри келмасин. Лекин, модомики, сир сақлаш учун зарур нарсалар бор экан, унда барча ташвишларинг ва фикрларингни дўстинг билан ўртоқлаш. Уни содиқ деб билсанг, у содиқ бўлади. Баъзан алдашга алдашдан қўрқиш орқали ўргатадилар, шубҳаланиш орқали хиёнатга йўл берадилар. Нега мен у ёки бу нарсаларни дўстим олдида айтолмаслигим керак? Нега мен унинг олдида худди ўзим билан ўзим бўлганим кабиман, деб ўйламаслигим керак?
Айримлар фақат дўстига айтиш лозим бўлган гапларни дуч келганга сўйлайверадилар ва ким бўлмасин, тингласа бас, дардларини айтаверадилар. Бошқалар улар ҳақида энг яқинлари ҳам бирор нима билишидан қўрқадилар; улар, агар иложи бўлса, ўзларига ҳам ишонмас эдилар, чунки ҳамма нарсани ичларида сақлайдилар. Унисини ҳам, бунисини ҳам қилмаслик керак, зеро ҳаммага ишонувчанлик ҳам, ҳеч кимга ишонмаслик ҳам айб. Аммо мен шуни ҳам қўшиб қўйган бўлардим: биринчиси олийжаноброқ, иккинчиси эса хавфсизроқ. Худди шу каби, доим безовта бўладиганлар ҳам, доим хотиржам ўтирадиганлар ҳам айблашга лойиқ. Ахир, майда ташвишларга эҳтирос фаол эмас, балки доимий равишда безовта руҳнинг белгиси ва худди шундай ҳар бир ҳаракатни оғир деб ҳисоблаш хотиржамлик эмас, балки эркалик ва тартибсизлик белгиси. Шунинг учун мен Помпонийда ўқиган сўзларни қалбингда сақла: “Баъзилар шу қадар зулматга ўраниб олганки, барча ёруғ нарсаларниҳам хира кўради”. Ҳамма нарса уйғун бўлмоғи зарур: тинчликни севадиган ҳам ҳаракат қилиши, фаол киши ҳам тиним олиши керак. Табиатдан ибрат олгин: у сенга кун ва тунни яратганини айтади. Саломат бўл.

Бешинчи мактуб

Луцилийга Сенекадан салом!
Мен сенинг машғулотлардаги тиришқоқлигингдан ва ҳамма нарсани ташлаб, кундан-кун яхшироқ бўлишга интилишингдан қувонаман ва буни мақтайман. Бундан буён ҳам шундоқ тиришқоқ бўл – бу ерда сени нафақат мақтайман, балки сенга ўтинаман. Фақат бир нарса ҳақида огоҳлантириб қўйишни истайман: ўзингни одамларнинг назарида бўлишни истайдиганлар каби тутма ҳамда уст-бошингда ёки турмуш тарзингда бирор нарса одамлар эътиборини ўзига тортмасин. Бетартиб, соч-соқолингни ўстириб юриш, бойликка нафратни кўз-кўз қилиш,ерда ухлаш, умуман, сохта шуҳратпарастлик учун қилинадиган ҳар қандай қилиқдан ўзингни четга ол. Ахир, биргина “фалсафа” сўзининг ўзи, унинг тарафдорлари ўзларини камтар тутишларига қарамай, етарлича нафрат уйғотади-ку; агар биз одамлар одатига зид тарздаяшай бошласак нима бўлади? Майли, бизнинг ботинимиз ҳар жиҳатдан бошқача бўлсин, лекин зоҳиримиз бошқалардан фарққилмасин. Уст-бошимиз ялтироқ бўлмаса ҳам майли, аммо кир-чирбўлмасин; тилло суви билан безак берилган кумуш идишлар бизга насиб бўлмаса ҳам майли, аммо тилло ва кумушимиз йўқлигини бечораҳоллик, деб ҳисобламаслик керак. Оломонга қарши эмас, оломондан яхшироқ яшаш учун ҳамма ишни қилайлик, акс ҳолда, биз ўзимиз тузатмоқчи бўлганларни чўчитиб қочириб юборамиз. Ҳамма нарсада бизга тақлид қилиш лозимлигидан чўчиб, бизга ҳеч нарсада тақлид қилмай қўядилар – мана нимага эришамиз. Фалсафа ўргатиши мумкин бўлган биринчи нарса – бу кишилар орасида яшай билиш, хайрихоҳлик ва дилкашлик; лекин одамлардан фарқли жиҳатларимиз бу ваъдани бажаришга монелик қилади. Биз ўзимизга нисбатан таҳсин уйғотиши лозим бўлган нарса кулги ва ғижиниш уйғотмаслиги ҳақида ташвишланишимиз даркор. Ахир, бизда табиат билан уйғунликда яшашдан бошқа мақсад йўқ-ку. Лекин танани ҳолдан тойдириш, осон бўлган покизаликдан нафратланиб нопок юриш, нафақат арзон, балки бадхўр ва маза-матрасиз таом ейиш табиатга зиддир. Фақат кишидаги ҳашамга бўлган иштиёқ бежама нарсани истайди, лекин нодонлик туфайли одам арзон ва ҳаммабоп нарсадан воз кечади. Фалсафа ўртамиёналикни талаб қилади, бу қийин нарса эмас; ўртамиёналик эса, албатта, ножоиз бўлади, дегани эмас. Менинг қалбимга мос меъёр мана бу: ҳаётимиздаги эзгу фазилатлар кўпчиликники билан эш бўлсин, кишилар унга ҳайрон бўлса ҳам, тан берсин. “Бу қанақаси бўлди? Биз ҳам ҳамма каби йўл тутамизми ва улар билан бизнинг ўртамизда ҳеч қандай фарқ бўлмайдими?”. Бўлади, бўлганда ҳам жуда катта фарқ бўлади. Биз билан яқиндан танишганлар оломондан бизнинг қанча фарққилишимизни кўрсин. Уйимизга кирган киши идишларимизни кўриб эмас, бизни кўриб ҳайратга тушсин. Сопол идишдан кумуш идиш каби фойдаланадиган киши улуғдир, лекин кумуш идишдан сопол идишдек фойдаланадиган киши ҳам улуғликда ундан кам эмас.
Лекин бугун ҳам сен билан кичик бир фойдани баҳам кўрмоқчиман. Ўзимизнинг Гекатон айтадики, қўрқувдан халос бўлиш учун барча хоҳиш-истакларимиздан воз кечганимиз бизга фойдалидир. “Умид қилишдан тўхтасанг, қўрқишдан ҳам халос бўласан”, дейди у. Бир-биридан кескин фарқланувчи бу икки хусусиятни қандай уйғунлаштириш мумкин, деб сўрайсан. Лекин бу ростдан ҳам шундоқ, Луцилий, улар ўртасида умумий жиҳат йўқдек туюлгани билан, ҳийла билан анчагина боғлиқлик бор. Қоровул билан асирни бир занжир танғиб боғлагандек ўзаро зид умид ва қўрқув бирга пайдо бўлади: умид ортидан қўрқув келади.Мен бунга ҳайрон ҳам бўлмайман: ахир, булар келажак ҳақида ташвишланаётган ва ўзига ишонмаган қалбга хос нарсалар-ку. Умид ва қўрқувнинг асосий сабаби эса бизнинг бугунги кун билан мослаша олмаслигимиз ва узоқ келажак ҳақида ўйлайверишимизда. Шундоққилиб, олдиндан кўра билишдек инсонга берилган буюк қобилият унинг зарарига ишлайди. Ҳайвонлар хавфни кўриши билан қочишга тушади ва ундан қутулгач қўрқув ҳиссини туймайди. Бизни эса келажак ҳам, ўтмиш ҳам қийнайди. Имкониятларимизнинг аксарияти бизга зиён келтиради; масалан, хотира қўрқув азобларини эсга солади, олдинни кўра билиш эса келажакдаги қўрқувларни кўз олдимизгакелтиради. Ва ҳеч ким фақат бугуни билангина бахтсиз бўлмайди. Саломат бўл.

Ойбек Ҳакимов таржимаси