Тунги навбатчиликдан кейин ишдан ҳориб-чарчаб келсам, хотиним қўлимга телеграмма тутқазди.
“Икки кундан кейин тўй, — дейилибди унда. — Тутинган ўғлингизни уйлантираяпмиз. Сиз келмасангиз бизга татимайди. Камоли эҳтиром билан фалончи.”
Телеграммани ўқиб ўйланиб қолдим. Кейин фалончининг кимлиги эсимга тушиб кетди. Бундан ўн йилча муқаддам олис туманлардан бирида кўричаги ёрилиб асорат берган бир болани операция қилган эдим. Ўшанда ота-онаси “Энди ўғлимизнинг тутинган отаси бўласиз”, деган эдилар. Шунга ҳам аллақачон ўн йил бўлиб, ўғилчамиз уйланаяпти экан. Дам олиш кунига тўғри келгани учун тўйга боришга қарор қилдим. Ҳамкасбим Азим дўхтирни ҳам ҳамроҳликка кўндирдим.
Ёзнинг боши эмасми, ҳали келинчак кўкламнинг таровати кетмаган, атроф кўм-кўк, ҳаво дам олишга чорловчи тароватли. Машинани бошқариб кетар эканман, нуқул ашула айтгим келади, юрак сурурга тўла. Ҳаш-паш дегунча тоғли туманнинг тўйхонасига кириб бордик. Атроф тумонат одам. Куёвболанинг дадаси бизни тўйхона аҳлига роса бир соат таништирди… Буёғига эса оқу қизили аралашиб кетди. Тунги соат ўн иккиларда тўй тугади…
— Меҳмон ако, — деди куёвболанинг тоғаси қўлимдан тутиб. — Энде бизнинг ҳовлига бориб дам оламез. Ҳовли шундоққина қишлоқнинг четида, бир ёғи тоққа туташиб кетган, маза қилиб ҳордиқ чиқарасез. Ҳайме?
“Ҳай” — дейишдан бўлак илож қолмаганди. Бунинг устига кеча навбатчилик оғир ўтган, туни билан операцияда бўлган эдик. Чарчоқнинг зўридан кўзлар биё-биё бўлиб турибди. Ярим соат ўтар-ўтмас тоғанинг ҳовлисига етиб бордик. Келинойи ҳовлига, каттагина қайрағочнинг тагидаги супа устига Азимбой иккаламизга ўрин солиб берди. Қишлоқ туни чиндан ҳам тароватли, майин шабададан дарахтлар жилва билан чайқалади, бепоён осмонда юлдузлар кўз қисиб чарақлайди. Тоғдан эсган тоза ҳаво одамни маст қилай дейди. Аллақаерлардан келаётган баҳорги гулларнинг анвойи ҳиди димоқни қитиқлайди.
— Бундай гўшада яшаган одам кексаймаса керак, — дедим азбаройи роҳат қилганимдан Азимбойга қараб… У эса… аллақачон хурракни урган экан… Ширин хаёллар мени ҳам гирдобига тортиб, қандай уйқуга кетганимни билмай қолибман… Бир пайт реактив самолётнинг мудҳиш овозидан уйғониб кетдим-у ярим яланғоч ўтириб олган Азимбойга кўзим тушди… Қўрқувдан кўзлари катталашиб кетган. Бечоранинг тили калимага келмасди. Қарасам, тоғанинг ҳаром қотгур қирчанғи эшаги бўшалиб келиб, нақ тумшуғимизнинг тагида ҳанграб юборган экан.
— Ҳайтовур, — деди Азимбой ичкўйлагининг ёқасига туфлаб. — Мен бомба портладими дебман.
Чарчоқ зўрлик қилдими, бирпасдан кейин иккаламиз ҳам қотиб қолдик. Неча дақиқа ухладим, билмайман. Исрофилнинг суридек мудҳиш ҳайқириқдан сакраб туриб кетдим. Овоз соҳиби Азимбой экан.
— Ит бўлай, — деди у кўрпадан ирғиб туриб. — Оёқ томонимдан кўрпа ичига бир бало ўрмалаб кирди. Илон бўлса керак.
Гугуртни ёқиб, ўрин-тўшакларни силкитиб қарадик. Азимбойнинг чотига кириб олган жонивор кичкина мушукбола экан, бечора совқотганми, онасини қўмсаганми, ҳар ҳолда иссиқ тўшакка урибди. Бир оз ҳовримизни босиб, яна уйқуга кетдик… Жунгли ўрмонида чупа-чупс шимиб сайр қилиб юрган эмишман. Бир маҳал чоғроққина тоғ бағридаги каттакон ғорга дуч келдим. Ичкарига кирмоқчи бўлиб, олдинга интилганимни биламан, тоғ ғор-пори билан юқорига кўтарилди ва 180 даражага бурилди. Не кўз билан кўрайки, тоғ — улкан динозавр, мен ғор деб ўйлаган чуқурлик эса динозавр думининг таги экан. У бурилиб катта тезлик билан қува бошлади. Ваҳимали чинқиришини-ку, қўяверинг! Жон ҳолатда қочаман деб йиқилиб тушдим. Кўзимни очиб қарасам, тўшакдан ҳўл ариқчага ағанаб тушган эканман. Шундоққина пахса девор устида мушуклар жуфтлашиб, азбаройи роҳат қилганиданми, айюҳаннос солиб миёвлашар эди.
— Нормалний мушуклар феврал-мартда мов бўлмасмиди? — деди сўлжайиб ўтирган шеригим.
Бир амаллаб ичкийимдаги лойларни артиб, жойимга чиқдим. Жунжикиб тўшакка кирдим. Бир оздан кейин баданимга илиқлик иниб, кўзларим юмилди. Неча дақиқа ўтди, билмадим, додлаган овоздан чўчиб уйғондим. Азимбой тутқаноқ тутгандек қалтирар, чалакам-чатти калима ҳам қайтарар эди.
— Мени алвасти босди, — деди дир-дир титраб. — Тирноқлари ўткир, кўзларимни ўйиб олай деди. Тумшуғи учқур, қанотлари ҳам бор. Илгари ўн ёшимда паловга тўйиб, қўлимдаги мой юқи билан ухлаганимда ҳам босган эди. Ҳе, санга қўшилиб тўйга келмай…
У аламдан беҳаё сўзлар билан сўкинди. Мен Азимбойнинг нақ қаншари остида турган “алвасти”ни кўриш учун синчиклаб қарадим. У қайрағоч шохида шериклари билан ниманидир талашиб, пастга — Азимбойнинг башарасига қулаб тушган бабақ хўроз экан. Қоронғуда чиндан ҳам алвастидек бўлиб турибди. Соатга секин кўз югуртирдим, унинг миллари тунги уч яримни кўрсатарди.
— Энди, оғайни, алвасти ёки яна бошқа бирови бости деб ваҳима қилишни йиғиштир, бир ярим соатгина мизғиб олайлик, — дедим уни инсофга чақириб. — Ҳадемай тонг отади, 200 чақирим йўл босиб ишга ҳам етиб боришимиз керак.
Хулласи калом, қайтадан уйқуга кетдик. Димоғимда бадбўй бир ҳидни сезиб, кўзларимни очдим. Пешонамда сўлақмондек тумшуғини башарамга ўқталганича баҳайбат қўнғир айиқ турарди. Нафасим ичимга тушиб кетди.
— Тўйга келмай мен ўлай, — дедим ичимда. — Эй, худо, ажалим етаклаб келдимикан мени? Тўхта, тўхта, бу тоғларда охирги айиқ ўттиз йил бурун отиб ўлдирилган, деб Қизил китобда ўқиган эдим. Демак, бу махлуқ ғор-порларда яшириниб юрган ва одамзоддан бешафқатлиги учун ўч олмоқчи бўлиб узоқ пайт пойлаган. Мен шўрпешона унинг насибасига тўғри келиб қолганга ўхшайман. Алвидо, таниш-билишлар. Айиқ еб кетган мендек бир омадсизни эслаб туринглар. Алвидо!
Айиқнинг бадбўй тумшуғи тобора яқинлашиб, ниҳоят бурнимнинг учига тиралди. У менга ташланишга негадир шошмасди. Ёш бола шоколадни ейишдан аввал обдон тикилиб роҳатлангани каби у ҳам ўлжасидан роҳатланмоқчи шекилли. Вой лаънати махлуқ-эй!
Тўсатдан зоология китобида айиқлар тўғрисида ўқиган бир нарса эсимга тушиб қолди. Унда ёзилишича, айиқлар ҳарчанд оч бўлмасин, ўлимтикларни ейишмас экан. Фақат ўзлари ўлдириб, кейин тановул қилар экан. Бу маълумот мени бир оз руҳлантириб юборди. Демак, нима қилиб бўлса ҳам тонг отгунича ўзимни ўликка солиб ётишим керак. У ёғига худо пошшо! Эй худо, бечора бандангга раҳм қил!
Неча дақиқа қимир этмай ётдим, билмайман, бир маҳал орқамга бурга кириб чимиллатиб чақди. Чаққанда ҳам шунақа ачитдики… Қўл зормандани орқамга тиқишдан ва ҳузур қилиб қашинишдан ўзимни аранг тийиб турибман. Қимирласам, ўлик эмаслигим лаънати махлуққа аён бўлиб қолади, лақиллатганим учун у бошимни силамаса керак, ҳар ҳолда! Аксига олиб лаънати бурга нақ думбага қайтадан ниш урди. Сакраб кетишимга бир баҳя қолди. Эй худо, бу нима азоб, юрагини ҳар куни калхатлар чўқиб ейдиган Прометей ҳам, осмонни иккита қўлида бир умр кўтариб турадиган Атлант ҳам мендек бардошли бўлмаса керак? Бир бора ҳузур қилиб қашиниш учун миниб юрган машинамни ҳам тикиб юборган бўлар эдим. Аммо, гап ҳозир ҳаёт ва мамот устида кетаяпти, қашиндингми, ўзингни айиқнинг ошқозонида кўравер! Ундан нарёғи ўзингга аён! Бирпасдан кейин бургалар кавалерияси ҳужумни бошлади. Ҳушимдан кетганим минг бора афзал эди — ўйладим мен. Шу пайт бирорта сўтакроқ анестезиолог наркоз бериб юборса ҳам майлийди. Бу нима азоб?
Кўзимнинг қири билан уфққа тикилдим. Оппоқ шойи рўмолдек бўлиб тонг ёришиб келмоқда. Падари қусур, махлуқ рапидадек бетини башарамга тираганича бир қадам ҳам жилишни хаёлига келтирмаяпти.
— Шарик, меҳмоннинг тепасида нима қилиб турибсан, қирилгур, — тоғанинг хотини итини чақирди. — Тур йўқол, қани! Ҳе итдан тарқаган…
Тепамдаги махлуқ секин бурилиб, бошимдан нари кетди. Не кўз билан кўрайки, бу катталиги нақ бузоқдек келадиган кўппак экан. Ваҳимачи бўлмай мен ўлай, салгина эътибор бериб қарасам, икки соат унинг бадбўй ҳидидан баҳра олиб жон ҳовучлаб ётмаган бўлардим.
— Узер меҳмонжон, — бидирлаганча тоға келиб мулозамат қилди. — Итемиз шундоқ вафодор, меҳмонимезга бер кор-ҳол бўлмасўн деб сезни персоналний қўриқлаб чеққон. Палаге тоза-да жоневорненг…
Ҳе, палагингга қўшилиб ҳар нарса бўлгин. Болаларимни отасиз қолдиришингга бир баҳя қолди-ку, занғар!
Хуллас, лабдаги учуқлар битиб газаклар кетгунига қадар Азимбой иккаламиз бир ҳафта “болничний” очтирдик. Азимбой икки- уч ой психиатр ошнамизга ҳам қатнаб даво олди. Шундан бери қишлоққа тўйга дейишса, узр окажон, деймиз ва ич-ичимиздан қалтироқ келади.