Меҳринисо Қурбонова. Муҳаббат дориси (ҳажвия)

Дорихонага ўттиз ёшни қоралаган, барваста, юз-кўзларида, очиқроғи, бутун авзойида карахтлик, уйқусизлик аломатлари яққол сезилиб турган бир йигит кириб келди.
— Хўш, хизмат? — деди дори сотувчи аёл.
— Илтимосимни рад этманг. Менга оёғимни тинчгина узатиб ўлишим учун бирон дори берсангиз. Қийналмасдан жон берай…
— Сиз мабодо жиннихонадан қочмаганмисиз?
— Йўғ-е, Худо асрасин. Қайси дорихонага кирсам, шу саволни беришаяпти.
— Илтимос, дорихонадан чиқинг, — деди аёл бошига қаттиқ оғриқ кирганини ҳис қилиб. — Сўнг навбатдаги мижозга юзланди. — Мана, онахон, сизга ошқозон дориси. Кунига уч маҳал ичасиз. Қайтимини олинг. Арзимайди. Хайр! Чиқинг, деяпман. Сиз билан валақлашиб ўтиришга сира тоқатим йўқ.
— Сизга ҳеч қандай зарарим тегмайди. Оламан-у, кўздан ғойиб бўламан.
— Қайси аҳмоқ сизга бизнинг дорихонада одам ўлдирадиган заҳри қотил бор, деб айтди?
— Йўғ-е, нималар деяпсиз, синглим. Ҳеч ким, ҳеч қачон бундай демаган. Илтимос, қулоқ солинг. Сизларда қандайдир… ҳм, шунақа дори топилмайдими?.. Бир замонлар табибларда бўлган-ку, масалан, Зайнаб Кумушбибининг овқатига заҳар қўшиб ичирган, дейишади. Ичасан-да, дарҳол барча замзамалардан қутуласан…
— Эссиз?!
— Ҳа?
— Қодирийни ўқиган одам ҳаётнинг арзимас ташвишларига чидаш бера олмай, ўлим чорасини излаб юрса? Ҳаҳ, эссиз одам-а… Отахон, мана, сизга бош оғриғи дориси. Кунига уч маҳал ичасиз. Хайр!
— Хўп, мен кетдим. Сиздан бирон ёруғлик чиқмас экан.
— Ҳой, шошманг, наҳотки ўлим дорисини топишингиздан ёруғлик чиқса? Ўлимнинг бошқа чораси йўқми? Ўзини ўлдирадиган одам ҳеч қачон дори излаб, шаҳар кезмайди. Сизга ўлим йўқ! Ўлим сиздан қочаяпти! Сиз ўлимга керак бўлганингизда, аллақачон ўзи келиб, олиб кетар эди…
— Балосиз! Сизга очиғини айтақолай, баъзан шундай бўлиб қолади, ҳеч қаерга сиғмайман. Ҳеч кимсани кўргим келмайди. Кейин… Мана шундай дорихоналарни излаб, дори ахтараман. Кимдир кулади, кимдир ачинади, яна бирови кўнглимни кўтаради.
— Сиз енгилтак, такасалтанг одамсиз!
— Раҳмат!
— Сиз қўрқоқсиз!
— Яшанг, беш кетдим!
— Сиз бахтсиз одамсиз!
— Кечирасиз…
— Чиқинг бу ердан! — деди аёлнинг фиғони фалакка кўтарилиб. — Сиз билан валақлашишдан бошқа ишим йўқми?
Йигит аёлга бир зум сассизгина термулиб турди-да, сўнг эшикни қарсиллатиб ёпиб чиқиб кетди. Аёл мижозни хафа қилиб қўйгани учун ўзидан ранжиди ва жойига ўтираётиб, дорилар солинган қути устида қора чарм қопланган эркаклар сумкасини кўрди. Бояги йигит унутиб қолдирган. Ҳа, ана ўзи келаяпти! У, ойнаванд деразадан ўнг-сўлига қарамай, дорихона томонга шошиб еларди. Шу чоғ аёлнинг хаёлига ногаҳон бир фикр келди-ю, уни таваккалига амалга ошириш мумкинми-йўқлиги, ҳақида ўйлади.
— Мана, сумкангиз, — деди аёл. — Унутиб қолдирибсиз. Кечирасиз-у, сиз бир аёлни бахтли қилишга қодир, келишган эркаксиз. Лекин ўлим дорисини ахтариб юрганингиз сира ақлга тўғри келмаяпти.
— Йўқ, мен уни бахтли қила олмадим, — деди йигит афсус билан бош чайқаб. — Хотинимни айтаяпман. У билан уч ой ҳам яшамадим. У: “Сиз билан умримни ўтказсам, жинни бўлиб қоламан”, — деди.
— Нега?
— Мен афғон уруши қатнашчисиман. Урушда кўплаб одамни ўлдиришга тўғри келди. Уруш олиб қолганида… йўқ, у мен билан бирга қайтди. Вафодор хотиндек ҳар куни бағримга бошини қўйиб ётади, тушларимга киради, кечалари уйқу йўқ. Дори излаб, тунлари шаҳар кезаман. Бу дори ҳеч қаерда йўқ. Ўша ёқларда ўлиб кетганим яхши эди, лекин ўлим ҳам мендан қочди. Менга отилган ўқлар бошқаларга тегди, менга қазилган чоҳларга ўзгалар йиқилди. Шўрлик онам менинг доғимда ўлди, отам тўшакда касал, суйган хотиним ташлаб кетди. Кетганида ҳам барча айбни ўз бўйнига олиб кетди. Кўр бўлиб, чўлоқ бўлиб қайтганимда ҳам чидаб яшар эди. Лекин ўлим дорисини излаб юришимга сира тоқат қилолмади.
Аёл дорилар қўйилган узун устолни айланиб ўтди ва йигитга бир пиёла чой узатди. Хаёлидаги режани амалга ошириш пайти тобора яқинлашаётган эди.
— Мен сизга ёрдам беришим мумкин, — деди аёл хушмуомалалик билан. — Бизда ўлим дориси сотилмай қўйилганига кўп йиллар бўлди. Сиз ўлим дорисини излаб, беҳудага вақтингизни ўтказаяпсиз, яхши йигит. Ахир, бу ерга ҳар куни умрни узайтирадиган, қоматни сақлайдиган, ажин туширмайдиган, озиш, семиришга қарши дориларни сўраб, ўнлаб одамлар келишади. Истасангиз, мен сизга камёб бир дори топиб бераман. Бу дори ҳаётингизни бутунлай ўзгартириб юборади. Уруш сизни тарк этади, отангиз тузалади, хотинингиз бағрингизга қайтади ва бахтли ҳаёт кечира бошлайсиз.
— Ростданми? — йигитнинг кўзларига учқун инди. — Сизга ишонсам бўладими? Қандай дори экан у?
— Бу — “муҳаббат дориси”, — деди аёл ишонч билан. — Сиз мени бирпас кутиб туринг, хўпми?
Аёл шошиб ичкари хонага кирди. Дорилар ҳиди гупириб турган хона ўртасида бош чангаллаб, бир зум серрайиб турди. Нима учун шу ишни қилаётганига сира ақли етмас, бировни кўр-кўрона ишонтиришга уринаётганидан ўзи саросимага тушаётган эди. Бироз ўзига келгач, доридан бўшаган бўш шишани олиб, совуқ сувга тўлдирди. Болаларнинг ширин ҳапдорисидан иккитасини қоғозда яхшилаб эзиб, шишага солди. “Уни фақат шу йўл билан даволаш мумкин, — деди аёл ичида. — Эй Худо ўзинг кечир, унинг дардига даво бер”, — дея тавалло қилди.
— Мана, сизга ўша дори, — деди аёл йигитнинг ёнига қайтиб. — Ҳар куни уйқудан олдин ичасиз.
— Мен сизга қандай миннатдорчилик билдирсам экан? — деди йигит каловланиб. — Баҳоси неча сўм?
— Уйқудан олдин дорини ичаётганингизда, ҳамма нарсани унутинг, — деди аёл. — Кўз ўнгингизда фақат суйган аёлингиз намоён бўлади.
— Хўп, — деди йигит. — Баҳосини айтинг.
— Уруш қатнашчиларига текинга берилади, — деди аёл қатъиятлик билан. — Эсингизда бўлсин, фақат бир марта берилади.
Йигит ўжарлик қилиб: “Бепул олмайман”, — деб туриб олди. Шундан сўнг аёл оғзига келган арзимас баҳони айтишга мажбур бўлди.
Бир ҳафтадан сўнг дорихона эшиги ёнида “муҳаббат дориси”ни сотиб олган йигит пайдо бўлди. Қўлида чиройли гулдаста. Йигит ҳаяжонини босишга уриниб, ичкарига кирди ва пештахта ортида унга “муҳаббат дориси”ни тақдим этган лобар аёл ўрнида юзларини ажин қоплаган, сочлари оқариб кетган кекса хотинга кўзи тушди. Аёл бошини эгиб, нимадир тикибми, ўқибми ўтирганча, лоақал йигитга разм ҳам солмади.
— Кечирасиз, онахон, бир ҳафта илгари келганимда, бир ёш аёл бор эди. У — бугун келмадими?
— Йўқ, — деди аёл бош кўтармай. — У энди келмайди.
— Бўшаб кетдими? — деди йигит астойдил куюниб. — Манзилини билмайсизми?
— Йўқ! — деди аёл яна бош кўтармай.
— Агар у келса, илтимос, манови гулдастани унга беринг. Бир ҳафта мобайнида “муҳаббат дориси”ни ичиб бўлгандан сўнг… хотинимни эмас, фақат уни ўйладим. Унга айтинг, ўзимни жуда яхши ҳис қилаяпман. Унга… уни яхши кўришимни ва излаётганимни айтинг. Айтасизми?
— Айтаман, — деди аёл титроқ овозда. — Албатта айтаман!..