Қобил Қултўраевич ширкат раҳбари бўлдию қабулига келувчилар навбат пойламайдиган бўлишди.
Яқинда унинг қабулида бўлиб, бунга амин бўлдим. Ўйлаган эдимки, бошлиқнинг олдига кириш амри-маҳол бўлса керак. Йўқ, бошлиқ қабулхонасига кирсам, ҳаммаёқ жим-жит.
“Ҳе, қойил-е, ишим битадиган бўлди”, деб ичкарига кирдим.
Хонада бошлиқдан бошқа ҳеч ким йўқ. Икки қулоғида телефон гўшаги. Саломимга бошини қимирлатиб алик олди ва кираверишдаги ўриндиққа ўтиришимни имо билан билдирди. У кимдандир олаётган топшириғини иккинчи телефон орқали бошқа кишига етказарди.
Суҳбати тугаса мақсадимни айтаман, деб тургандим, учинчи телефон жиринглаб қолди. “Бир дақиқа” деди кўрсатгич бармоғини лабларига босиб, “гаплашиб олай” дегандек. Телефон орқали кимдир нарх-наволар ҳақида сўради чоғи, у “Пресстиж” газетасидан нарх-наволар ҳақидаги саҳифани очиб, деярли ярим соат маълумот ўқиб берди. Шу орада қўлидаги “сотка”си жиринглаб колди. “Ақи… ўзим телефон қиламан”, деди ва “сотка”ни ўчирди. Билмадим, телефон қилган хотини ёки қизидир?! Исми Ақида ёки Ақиқа бўлса керак. Ана шу хаёллар билан телефондаги суҳбат тугаганлигини сезмай колибман.
— Мени маъзур тутасиз, — дедим ниятимни билдириш мақсадида.
— Амакижон, ҳозир бир дақиқа. Уйга биров телефон қилиб олай, кейин хотиржам гаплашаверамиз.
Дарҳақиқат, “Ақи” деб мурожаат қилгани хотини экан. У билан чорак соат тушликка қанақа овқат қилиш кераклиги ҳақида музокара олиб борди. “Сотка”ни энди ўчирган эдики, бешта телефондан қизили жиринглаб қолди.
— Кечирасиз, — деди қизил телефон гўшагини кўтариб. — Эшитаман, хўжайин!!! — У хўжайини билан тик турган ҳолда “Хўп бўлади!” деб анчагача гаплашди.
Унинг телефонлардан бўшаши қийин шекилли, деган хаёл билан секин ўрнимдан тургандим, чап қўлини кўксига қўйиб, “кўриб турибсиз-ку!” дегандек гўёки мендан кечирим сўраган бўлди.
Уйга қайтиб, “Нима қилсам экан-а?”, дея ўйлаб туриб, бирдан кўзим телефонга тушиб қолди. “Қани ўша бошлиққа телефон қилай-чи, балки омадим келиб колар”, деб ширкатга, Қобил Қултўраевичга телефон қилдим. Натижа ёмон бўлмади. У телефон гўшагини кўтарди. Мен қаерда яшашим, нима мақсадда қўнғироқ қилаётганимни айтдим. “Барча талабларингизни ёзиб олдим. Албатта, бажарилади!”, — деди у телефон гўшагини қўяр экан.
Бир пасда муаммолар ҳал бўлди. Юрган эканмизда, телефон турганда оёққа азоб бериб. Ҳей, садағанг кетай…