Абдураҳим Маҳсумов. Хўп бўлади (ҳажвия)

Идорамизга яқинда ишга келган Ваққосбойни “жуда хушбичим йигит” дейишади. Гаплари бирам мулойим. Айниқса, дастлабки келган кезларида унинг ҳар бир сўзи ҳаммамизга асалдай ёқиб тушди.
“Ука, мана бу ишларни қилиб қўйинг”, десангиз “хўп бўлади”, “анави ишларни қилиб юборинг”, десангиз “хўп бўлади” деб жавоб беради. Ана гапу мана гaп. Ҳеч вақт “йўқ” демайди.
— Ваққосбой, иш тугади, уйга кетамиз!
— Хўп бўлади!
Аммо, “Хўп бўлади”нинг тагида кўп гап бор экан.
— Ука, сизга муҳим бир топшириқ бор, — деди бир куни бошлиғимиз унга.
— Хўп бўлади, — қуллуқ қилди у. Лекин бир ҳафта ўтди ҳамки, топшириқ бажарилмади.
— Сизнинг хизматингизга муҳтожмиз. Эртадан қолдирманг!
— Хўп бўлади, — деди яна Ваққосбой. Шундан кейин ҳам икки-уч топшириқни “Хўп бўлади!” деб бажармади. Бундан бошлиғимизнинг сабр-косаси тўлди чоғи, йиғилишда унга танбеҳ берди.
— Ишни ўз вақтида бажармаганингиз учун сизга “ҳайфсан” эълон қиламан, — деди бошлиқ.
— Хўп бўлади, — деб юборганини Ваққосбойнинг ўзи билмай қолди.
— Яна шуни айтиб қўяй, — деди бошлиқ — Халқда “хўп бўладини еб бўлади”, деган гап бор. Аммо бизнинг соҳамизда “хўп бўлади” дедингизми, бажаришингиз керак! Булмаса, “хўп”га қўшилиб ўзингиз ҳам йўқ бўлиб кетасиз.
— Хўп бўлади, — деди Ваққосбой беихтиёр.