Боборавшан Ғозиддинов. Меҳрибон (ҳикоя)

Аммам Маҳбуда Нуриддинхон қизи хотирасига

Кечагина баҳорнинг нафаси уфуриб турган табиат яна қовоқ-тумшуғини осилтириб олди. Оқшомга яқин жимирлаб ёға бош­лаган ёмғир қорга айланди. Туни билан ёғиб чиққан қор тонгда тиниб, изғирин шамол бутун борлиқни забтига олди. Собир молхонага борадиган йўлнинг қорини кураб, сигирга ем-хашак ташлаб қайтгунча совуқда тарашадек қотди. Қўли қип-қизил бўлиб ачиша бошлади. У кафтига қуҳ-қуҳлаб уйга қайтаркан: “Февраль аросатга ўхшайдия, кечагина баҳор эди. Бугун яна қиш”, деб хаёлидан ўтаказди. Кейин тандир бошида этигини эчиб, калиш кийди. Уст-бошини қоқиб уйга кирди. Қараса, хона тўрида аммаси – Меҳри опа ўтирибди. Собир остона ҳадлаши билан аммаси ўрнидан туриб қучоғини кенг очди. Собир салом бериб аммаси билан кўришди. Меҳри опа жиянини бағрига босиб, уни ёш боладай эркалаб:
– Оғажонимдан, суянган товим, ишонган боғим! Меҳрибоним!!! – деди. Улар аҳволлашиб бўлар-бўлмас Собир аммасини саволга тутди.
– Ким билан келдингиз?
– Менга жин урармиди, ўзим келабердим, – деди Меҳри опа.
– Шу совуқда сизга зарилми, амма? Бир оғиз телефон қилсангиз мошин билан олиб келардим.
– Иссиғиям-совуғиям ўзимизники. Чидаймизда энди. Худонинг берган куни.
Собирнинг кўксида бир нарса чирс этиб узилгандай бўлди. Аммасининг: “Иссиғиям-совуғиям ўзимизники”, деган гапи жон-жонидан ўтиб кетди. Демак аммасини кимдир ҳафа қилган. Меҳри опа эса бировга айтиб-айтмай тугунини кўтариб кўчага чиққану Собирнинг уйигача бўлган бир ярим чақиримлик йўлни пою-пиёда босиб ўтган. Бу йўлни шунчаки юриб ўтса ҳам майли эди, келгунча неча жойда тўхтаб, йиғлайвериб буғилиб қолган нафасини ростлаб, кейин яна қишлоқ бошидаги тутқаторда кўз ёшларни артиб, юзини ариқдаги совуқ сувга чайиб келиб ўтирибди. Энди на бировга арз қилади ва на тақдиридан нолийди. Ҳамма дардини кўз ёшига қўшиб кўчага ташлаб келгану ҳеч бир ҳасрати қолмагандай кулиб-қувониб гурунг бериб ўтираверади. Сиз аҳволини билиш илинжида қанча қийноқ-қистовга олсангиз ҳам барибир, Худонинг берган куни, бировдан олдин, бировдан кейин бўлиб юрибмиз, дейишдан нари ўтмайди.
Дарвоқе, Меҳри опа турмушдан ажрашгач бошқа оила қилмади. Яқинлари қанчалик қистовга олмасин, бир гапда туриб олди: “Эркак зоти шу бўладиган бўлса, қайтиб эр қилмаганим бўлсин!”
Ўшандан буён у Собирнинг ота-онаси ва укаси билан бир уйда яшайди. Ҳозир Меҳри опани хафа қилган ҳам улардан бири. Ким бўлса ҳам билиб-билмай аммасининг дилини қаттиқ оғритган. Мана энди у бир ҳафта нари-берисида Собирнинг уйида яшайди. Шу вақт мобайнида Собирнинг болаларини ювиб-тарайди, келинига насиҳат қилади, уй юмушларига қарашади. Бошқа пайт қорасини кўрсатмайдиган қўшни аёллар ҳам кунора гурунг ахтариб Меҳри опани йўқлайди. Уларни кузатиб қўйган Меҳри опа Собир билан тонготар гурунг қилади. Ниҳоят, қайсидир куни Собирнинг укаси ё отаси машинада келиб сигнал чалади. Меҳри опа эса боладай қувониб тугун-тоғарасини кўтариб жўнайди. Кейин Собирнинг уйи кўнгли каби ҳувиллаб қолади. Тағин у ҳар сафар ўзига-ўзи ваъда бериб: “Энди аммамни кўрсам ҳамма гапни айтиб, азоб еб юришингизга мен айбдорман, дейман. Кейин мени урушса ҳам, умрбод юзимга қарамай кетса ҳам майли, барига чидайман”, дейди.

* * *
Ўшанда Собир ўн яшар бола, аммаси Меҳри опа эса бўй етган қиз эди. Улар тун-кун бир-биридан айрилмас, аммаси уй юмушларини бажараётганда ҳам, пахта теримига чиққанда ҳам жиянини етаклаб юрарди. Оқшомлари эса Собирнинг дарсларини бирга тайёрлашар ва жиянини эртак айтиб ухлатар эди. Собир бирор шўхлик қилиб, ота-онасидан дакки ейдиган бўлса ҳам аммаси уни ҳимоя қиларди. Шу сабаб Собир ота-онасидан ҳам кўпроқ аммасини яхши кўради.
Ўша йили баҳорнинг адоғида Меҳри опани қўшни маҳаллага узатиб кетишди. Тўйдан сўнг орадан бирор ҳафта ўтиб-ўтмай аммасини соғиниб хар-хаша қилган эди, онаси Собирни олиб аммасининг уйига борди. Шу куни онаси уйларига қайтмоқчи бўлди, Собир эса аммам билан ётаман деб туриб олди. Меҳри опа ҳам жиянининг ёнини олиб:
– Чеча, ташлаб кетсангиз ҳам бўлаберади. Узоқ жой бўлмаса, кетаман деб қолса обориб ташлаймиз, – деди.
Ноилож қолган она, ўғлини қолдириб якка ўзи ортига қайтди. Бундан қувонган болакай куни билан аммасининг изидан қолмади. Кечки пайт ишдан қайтган поччаси Турсинбой ака Собирни кўриб:
– Меҳмон бола ҳали кетмадими? Ярим кечаси туриб олиб энамни соғиндим, деб жанжал қилмайдими? – деди. Меҳри опа эса:
– Йўқ, – деди. Бу жавобдан қониқмаган поччаси Собирга юзланиб:
– Кечаси сийиб қўймайсанми? – деб сўради. Собир уялиб бошини эгди ва йўқ дегандай ишора қилди. Турсунбой ака индамай нари кетди. Зум ўтмай Меҳри опани чақириб нимадир деди. Сўнг Собирнинг ёнига қайтган аммаси:
– Оғажон, сени жеззанг уйга обориб қўяди. Эсли-хушли боладай ўзинг тез-тез юриб бор, жеззанг ишдан чарчаб келган, хўпми? – деди. Собир ноилож рози бўлди. Шу-шу бўлдию Собир поччасини ёмон кўриб қолди. Бўлмаса, у Собирга бирор ёмон гап айтгани йўқ. Лекин бари бир Собир поччаси ҳақида ўйласа кўз олдига эртакдаги ёмон одамнинг қиёфаси келарди.

Тўйдан кейин уч ой ўтар-ўтамас Меҳри опа шом қоронғисида уйларига қайтиб келди. Унинг йиғлайвериб кўзлари қизариб шишган, ўзи ҳам бир аҳволда эди. Меҳри опа уйга кириши билан янгасининг бўйнига осилиб уввос тортиб юборди. У ўзини тутолмай йиғларкан: “Чеча, бу дўзахда яшолмайман… Энам тирик бўлганда бунча хўрланмасдим… Уйини елкамнинг чуқури кўрсин”, дерди. Янгаси эса уни юпатишга уринарди. Меҳри опа тағин баттар йиғи-сиғи қиларкан: “Чеча, қайтиб у уйга бормайман”, деди. Собир аммаси аввалгидай уйларида яшашини эшитиб, болаларча соддалик билан севинди. У бобоси ва отаси ўтирган хонага югуриб кирар экан:
– Ота-ота, суюнчи беринг, – деди.
– Ҳа, нима гап? – деди отаси умидвор қараб.
– Аммам энди уйимиздан кетмаскан. Ҳар доим биз билан яшаркан!
– Тилим бор деб валдирайверасанми, тирранча, – деб отаси Собирнинг юзига тарсаки тортиб юборди. Кейин қилган ишидан афсуслангандай юзи аянчли тус олиб:
– Бор йўқол, кўзимга кўринма, – деди.

* * *
Келинлик уйидан қайтиб келган Меҳри опани кимдир алмаштириб кетганга ўхшарди. Зеро, у Собирнинг дарсларига ёрдам бермас, эртак ҳам айтмасди. Аксинча, иложи борича Собирни эртароқ ухлатиб, юзини ёстиққа босиб пиққиллаб йиғлайди. Мабода Собир уйғониб кетса, уни бағрига босиб: “Сениям қўрқитиб юбордим-ми? Бўлди, энди йиғламайман, ухла”, дейдию тағин кўз ёшини тиёлмайди. Собир суяги қотмаган бармоқларни мушт қилиб тугади. Сўнг ўзини аммаси айтиб берган эртак қаҳрамонидай ҳис этиб, хаёлан поччасининг адабини бериб қўяди.
Ўша тунда ҳам Собир одатдагидай аммаси йиғлагани учун ухлай олмай ётган эди. Хонага Собирнинг онаси – Шодия хола кириб келди. Уни кўрган Меҳри опа ўрнидан турар-турмас кўзини артди.
– Кўз ёш билан иш битмайди, эгачи. Агар кўз ёш бир нарсани ҳал қилганда энангиз тирилиб келарди, – деди Шодия хола.
– Чин айтасиз, чеча. Кўз ёшдан фойда йўқ. Эртага кетаман. Сизларниям зиқ қилиб юбордим. Нима бўлсаям пешонамдан кўриб яшайбераман, – деди Меҳри опа.
– Ҳай-ҳай, кенжа қиз, сира ундай деманг! Шундайгаям акангиз билан отангизнинг оччуви чиғиб ўтирибди. Неча кундан бермағон бир келиб хабар олмади, бизнинг қадримиз шунчаликмиди, деб. Минг қилсаям қизимиз ерда ётган тошмаску, ҳеч бўлмаса келиб айбини айтиб кетсин эди, дейишаяпти. Ростиям шуда, кенжа қиз! Ҳозир отангиз айтибди, агар уч кунда келиб хабар олса-олди, бўлмаса, бориб ўзим жавобини олиб келаманда, тенгги чиққан жойга бериб юбораман, бир марта кўнглига қарадик бўлди, деб.
– Чечажон, келади, деб айтинг. Куёвингиз ёмонмас, энаси билан синглиси эговлаб адо қилди. Шулардан қочиб бу кишиям…
– Майли, келса бўлди. Бизгаям сизнинг бахтингиз керак.
Меҳри опа янгасини кузатиб қўйгач Собирнинг папкасидан дафтар-ручка олиб, нимадир ёзишга тутинди. Собир бир кўзини хиёл очиб, аммасини кузатиб ёта-ёта ухлаб қолди.
Тонгда Собирни уйғотган аммаси унинг бўйнига аллақандай туморни тақиб:
– Оғажон, бугун бизнинг уйга бориб кел. Жеззанг уйда бўлса керак. Мана шу туморни жеззангга бер. Бошқа бировга ушлатма, хўпми? Мени яхши кўрасан, а? – деди. Собир аммасининг топшириғини диққат билан эшитиб, ҳа деб бош чайқади.

* * *
Собир муҳим топшириқ олган аскардай олд-ортига қарамай югуриб борарди. У аввал ўзларининг кўчасидан бориб катта йўлга, ундан сал юриб канал бўйлаб кетган тошлоқ кўчага бурилди. Бу кўчадан одам кам юрар, аммо у қўшни маҳаллага олиб борадиган ягона яқин йўл эди. Собир тошлоқ кўчада тез-тез кетиб бораркан кеча аммаси билан онаси ўртасида бўлган гурунг ёдига тушди. Кейин нима учун аммаси бу туморни жеззасига бериб юборганига қизиқиб тўхтади. Собир биров кўриб қолишидан чўчиб тол панасига ўтди. Кейин бўйнидан туморни олиб, унинг чокини сўтди. Туморнинг ичига икки варақ қоғоз қатлаб солинган эди. Қоғознинг тўрт бети ҳам қизил ва кўк ручкада безаб ёзилган экан. Собир канал бўйида ўтириб олиб уни ўқий бошлади: “Соғинчли хат!..”
Собир мактубни хатм қиларкан бу сатрларни аммаси ёзганига ишонгиси келмасди. Айни дамда поччасидай ёвуз одамга бундай ширин сўзларни ёзган аммаси ҳам ўша эртаклардаги каби қиёфаси ўзгарадиган жодугардай кўрина бошлади. Собир ўзини алданган ва хўрлангандай ҳис этиб, алам билан:
– Йўқ, аммам фақат мени яхши кўради, соғинади, – деди. Кейин хатни яна аввалгидай қатлади ва ўйлаб ўтирмасдан мактубни майдалаб йиртди. Сўнг уни тол тагига кўмиб ташламоқчи бўлди. Аммо қачондир аммаси келиб хатни топиб олишидан чўчиб, нима қиларини билмай ўйланди. Тағин нима бўлса-бўлар дегандай қоғоз қийқимларини каналга қарата улоқтирди. Сўнг “жиноят” изини йўқотиш учун “тумор”нинг латтаси ва ипини бириктириб тошга ўраб уни ҳам қоғознинг изидан отиб юборди. Аммаси шубҳага бормаслиги учун яна бироз кўчада санғиб юрдию уйига қайтди. Унинг келганини кўрган Меҳри опа Собирни бир четга тортиб гапга тутди:
– Туморни обориб бердингми? Жеззангнинг қўлига тутқаздингми? Нима деди?.. ҳеч нарса демадими? Майли. Сен-чи, туморни очиб кўраркансиз, дедингми?.. Ҳа, яхши! – деди ва Меҳри опанинг тунд қиёфаси очилиб, шунча вақтдан буён биринчи марта жилмайди.

* * *
Айтилган муддат яқинлашгани сари Меҳри опанинг кўнглини қўрқув эгаллай бошлади. Энди у тез-тез Собирни саволга тутар ва ўша кунги гапларни такрор сўрарди. Собир эса “тумор”ни эгасига етказиб берганини такрорлашдан чарчамасди.

Кўп вақт ўтмай Меҳри опанинг келинлик уйини тўлдириб турган кўрпа-тўшак ва бошқа буюмларнинг ярмини олиб келишди. Уларни Собир ва аммаси ётадиган ўша хонага жойлаштиришди. Нарсаларнинг кўплигидан тахлаган кўрпалар хонанинг ягона деразасини тўсиб, зимистон қилиб қўйди. Энди бу хонага кундуз кунлари ҳам чироқ ёқиб кирилар, ҳали оҳори кетмаган буюмлар чироқнинг хира ёғдусида қандайдир сирли, жозибадор бўлиб кўринсада, уларга қараган киши кўнглида изтиробли ачиниш ҳиссини уйғотарди. Меҳри опа дунёга сиғмай кетган чоғда шу хонага қамалиб олиб, кўрпаю ёстиққа юзини босиб йиғлар, куни билан у ердан чиқмай ўзи учун азиз бўлган нарсаларга термулиб ўтирарди. Унинг бу нигоҳида кимнидир интизор кутаётгани шундоқ билиниб турар, ана шу илинж, умид Меҳри опани ҳаёт билан боғлаб турган эди.
Меҳри опа уларни қанчалик асраб-авайламасин буюмлар зах ва қоронғи хонадан бирма-бир чиқиб тўзиб кетди. Бешавқат йиллар Меҳри опа учун азизу мукаррам бўлган бу буюмларнинг оҳорига қўшиб баракасини ҳам учирди. Энди бу буюмларга уйнинг исталган бурчагида дуч келиш мумкин эди. Аммо Меҳри опанинг кўзидаги ўша ишонч, умид ҳали-ҳамон сўнмаган ва кимнидир интиқ кутарди. Бу айниқса, ҳозиргидай яқинларидан ҳафа бўлиб Собирнинг уйига келган чоғларида аниқ сезилади. Айни чоғда Собир аммасининг кўзига қараб ўша саволларни ўқийди: “Туморни обориб бердингми? Жеззангнинг қўлига тутқаздингми?? Нима деди?!!”

«Ёшлик» журнали, 2018 йил, 5-сон