Баҳриддин телефонини ўчирди-ю, пешонаси тиришди.
– Нима гап адаси, ким экан? – сўради ўғилчасини чўмилтириб келиб кийинтираётган хотини.
– Қишлоқдан… Манзилимизни сўради… – худди ўзи билан ўзи гаплашаётгандек минғирлади Баҳриддин. Унинг тушкун кайфияти айни дам хотинига ҳам юқди.
– Ким?..
– Эши почча.
– А?!… Нима дейди? – таққа ҳаракатидан тўхтади аёл.
– Қарздир-да, мазаси йўқ дейишаётувди…
Хотини ирғишлаб ўзига бўйсунмаётган ўғилчасини зарда билан силтаб олди:
– Нафи тегмайдиган хешнинг, зарари ҳам тегмаса…
* * *
Якшанбалиги боис Баҳриддин оёғини узатиб телевизор кўрди. Уйда тимирскиланиб у ёқ-бу ёққа юрди, газета титкилади. Тушга яқин кутилган меҳмон ҳам келиб қолди.
– Айланайин, эрталабдан эсган шамол қаерники десам, чимликларники экан-да! – Поччасига сир бой бермай тиржайган кўйи остонада қаршилади у. – Буйтиб одамни илҳақ қилдингиз-ай, жезза…
Баҳриддин қишлоғи шевасида гапириб, шаҳарда ўзгармаганини намойиш қилган бўлди. Оғиргина сумкани учинчи қаватга чиқаргунича терга ботган почча ҳам, қишлоқдан келтираётган нарсаларини қўйиб, қучоғини очди:
– Ўзимам телепон қилмасдан бораверай девдим-а, – деди соддалик билан. – Шу, холанг қўймади-да. Шаҳарда одат бўлак дейди.
– Нега холамнинг ўзини олиб келмадингиз, бир айланиб кетардилар.
Почча хотини ва бирорта боласини олакелмаганига ичидан астойдил ачинди.
– Эй-й, у рўзғордан бўшарканми, Баҳриддинжон…
– Ттт-ти, тт-ти, – поччаси келтирган сумкага имо қилиб танглайини қоқди Баҳриддин. – Булар нимангиз-а энди, жезза, овора бўлиб. Ўзингиз келавермайсизми бундоқ?
Почча негадир ҳайронлангандек бўлди.
– Овораси бўларканми?.. Туршак, чакки дегандай, қишлоқнинг неъматлари-да ахир…
* * *
Баҳриддиннинг хотини ҳам почча билан кўришиб-сўрашгач, улар меҳмонхонага ўтишди. Келин дастурхон ёзди, чой келтирди.
Поччани шаҳарга мос безатилган хонанинг салобати босар, қариндошнинг ўзига тўқ яшаётганига суюнса-да, ҳурмати бу қадар ошиб кетганидан аллатовур бўларди. Зум ўтмай дастурхонни “қишлоқнинг неъматлари” ҳам эгаллай бошлади. Бундан кўнгли ёришди поччанинг, хижолати пича ариди. Устма-уст териб қўйилган телевизор, мусиқий марказга ўхшаш нарсаларни, хонанинг бир ёнини тўлалигича эгаллаган сервант тўла чинни-биллур буюмлару, ўзлари ҳозир ўтирган диван-креслони яна бир қур ҳавас билан кузатиб чиқаркан, яйраб сўз қотди:
– Баҳриддин, сиз шаҳарликларга жуда мазза-да! Ҳамма нарса тўкин-сочин, шароитлар зўр. Холанг айниқса чироқ ўчиб безор қилган паллалари кўп айтади: “Шу уй-жойни сотсаг-у, бизам шаҳардан шартта битта дўм олиб…”
Пастга қараб олма арчиётган бўлса-да, поччасига зимдан эътибор бериб ўтирган Баҳриддин, у бошлаган гапнинг борар ерини тусмоллади.
– Э-э-йй, жезза, сизлар шунақа дейсизлар-да, – гапини кесди ҳаялламай. – Биз эса сизларга ҳавас қиламиз. Сиз уйдаги бу ашқол-дашқолларга қараманг, жезза. Сиз…
У нимадир қидиргандай атрофига аланглади-ю, ниҳоят қўлидаги ярим арчилган олмани поччасига нуқиб кўрсатди:
– Сиз масалан, манави келтирган олмангизни айтинг. Экиб қўйсангиз уч йилда ҳосилга кирадиган нарса. Ўзингизники, истаганингизча қоқиб еявермайсизми. Бизда бунинг донаси фалон сўм ҳозир. Масалан, мана бу келтирган тарвузингизни олайлик, ё қовунингизни айтинг, а? Бекорчиликдан ҳам шуларнинг ерини чопиб, суғориб қўяверасиз-да, тўғрими. Бозорга чиқарсангиз пул! Эб-ей-эб-ей, бизда-чи, сўраманг буни қанчадан олишимизни…
Баҳриддин “меҳмон иззати учун дастурхонга қўйилган” ширинликлар-у, бошқа ноз-неъматларнинг нархини чамалаб чиқишдан ҳам эринмади. Машинаси йўқлиги, хотини иккаласи ишга бориб келишнинг ўзига қанча йўлкира сарфлаётганликларини роса куйиниб гапирди. Поччаси “Унчалик ношукур бўлма…” деб кўнглини кўтармоқчи эди, аксинча, йигитнинг баттар яраси тирналишига сабабчи бўлиб қолди, шўрлик.
Дами ичига тушди поччанинг. Кўнгли оғримади, кўнгли ғижимланган қоғоздай хижил бўлди поччанинг. Айтган гапига минг пушаймонлар еди. Анойи одам, бу ёқларда нарх-навонинг бунчалик кўтарилиб кетганини қаердан ҳам билибди.
Пича фурсатдан бери кўзга ташланмаётган келин дастурхонга ўртачароқ товоқда палов келтириб қўйди. Почча ҳар қанча қишлоқи бўлмасин, чойхона-пойхонага чиқиб юрган одам эмасми, чойхонанинг паловини дарров таниди. Чойхонада шунақа, палов серсабзи бўлиб, устига саримсоқ ва қази босиб қўйилади. Ҳойнаҳой буларнинг уйида гуруч, ёғ деганлари ҳам тахчил чиқар? Чин, сувгача сотиб олгандан кейин, шаҳарда яшашнинг ҳам ўзи бўлмаса керак, чин. Бечора келини, аҳволини сездирмай деб пастдаги тамаддихонадан овқат келтирибди, шекилли.
Келини товоқни дастурхонга қўйиб, синиққина табассум қилди:
– Олинг почча, дастурхонга қараб ўтиринг. Ўз уйингиздагидай бемалол… – сўнгра ўғилчасини етаклаб нариги хонага чиқиб кетди.
Баҳриддин ҳам поччани ошга уннай бошлади, лекин…
Почча уч-тўрт яшар болакай онаси етовида чиқиб кетган эшикка тикилиб қолди… Шугина гўдакда бор виждон, поччада йўқми? Шугина гўдак ошдан мен ҳам ей демади, шугина гўдак ҳалитдан бери дастурхондаги бирор қанд-қурсга узанмади. Шугина гўдак… Қариндошнинг рўзғори бекорга бунчалик чарчамайди. Сир беришни истамаяпти, ишида бир ишкаллик чиққанга ўхшайди бунинг. Поччанинг ичидан ич-қириндиси кетди. “Эй, меҳмонга келмай ҳар бало бўл, Эшим говкалла! Етмай ётган ҳолинг бормиди, ўлармидинг шунча вақтдан бери хеш бўлиб бир хабар олсанг… Ўлармидинг хотиндай чакки кўтариб юргунча, бир қўйни сўйиб, айириб келсанг…”
Почча алам билан нон кавшади. Еганлари заҳри-заққум бўлди, ичган чойи ичакларида шалдур-шулдур қилди. Қайнукаси шаҳар шароити-ю нархи-навосидан нолишдан чарчамади, почча ичида ўзини сўкишдан чарчамади. Ўртада овқат мустар қолди… Баҳриддин сезмагандек поччасини ошга уннаб қўяр, унинг тобора тўнаётган рангига қараб “Касаллиги чинга ўхшайди, – дея ўйларди, – қарз қайтарадиган ҳоли йўқ бунинг, сўраб қолса, Худо урди!”.
Ниҳоят почча сафари қариб, қайнукасидан кетишга рухсат сўради. Баҳриддин ётиб кетасиз деб ҳарчанд қисталанг қилмасин, унамади. Қайнукасини бағрига босиб хайрлашаркан, ўпкаси тўлди. Остонагача кузатишга чиққан келинига, унинг қўлидан сиқиб турган маъюсгина гўдагига қараб эса баттар ичи куйди. Сумкасини ҳам олишни унутиб, жўнаб кетди.
* * *
Қулоғи том битган почча, шаҳарнинг гердайган, ҳиссиз бетон уйлари оралаб гандираклаб кетиб бораркан, бўғзига аччиқдан-аччиқ нарса тиқиларди.
“– Эшим говкалла, ҳе, одамгарчилигинга лаънат сени, мол!“, – сўкарди ўзини.
“– Нармат серри, ўғлинг шаҳарда бу кунда яшайди-ю, ота бўлиб бош кўтариб юрганингга ўлайми, эшшак!”, – сўкарди божасини.
“– Тағинам гўдакнинг тантилигини қара, ҳамма дарди ичида, барибир сир бой бермади-я. Аҳволи жа бунақа эмасди-ку, нима бўлди экан бунинг ишига…”
Айни пайтда эса Баҳриддин билан хотини ўзга бир кайфиятда эдилар.
– Гап билан пишириб юбордим, нимага келганини унутиб, яна сумкасиниям ташлаб кетибди, бу тўнка, – тиззасига уриб куларди қайнукаси.
Почча автобус бекатига яқинлашганида, ортига бурилиб, бошқа уйларникидан ажралиб, ялтиллаб турган кўкиш, олди ойнабанд айвонга яна бир марта қаради:
– “Беш кунда жумабозор, кўр ғунажинни сотаман-у, пулини келтираман. Қариндош деган шундай кунда ярамаса, тўнғиз қўпсин!”.
“Ёшлик” журнали, 2014 йил, 7-сон