Бу растада дунёнинг энг анвойи гуллари йиғилганми, дейсиз. Оппоқ нилуфарлардан тортиб, турфа рангдаги атиргулларгача, чиннигуллару лолалар, баргларига бармоқ теккизсангиз юмилиб оладиган уятчанггулларгача барқ уриб турибди. Эҳ-ҳе, санайман десансиз саноқдан адашасиз. Аҳли растанинг ўзи ҳам нозик дид, ширинсухан. Келган харидорни шундоқ қўйиб юбормайди. Эринмай тушунтириб, гулларининг таъриф-достонини келтиради. Хуллас, шаҳри азимда бу раста алоҳида бир олам.
Аммо растанинг машҳурлиги бу билан эмас. Фақат шу ерда бир ажиб гул сотилади. Номи – Қора афсун. Кўриниши нозик, эндигина очилган атиргул каби. Қизиғи, гул япроқларига тушган сув томчиларини қўйиб юбормаганидан қуёш нурларида бетакрор товланаётгандек туюлади! Бу гулнинг яна бир нарсаси бор – ўта инжиқ, ўстириш қийин. Экилган юзта қаламчадан биттаси гул очармиш.
Бугун азонда, ҳали растада харидор ва гулсеварлар кўринмасдан бир йигит пайдо бўлди. У гулларни томоша қилиб, қора афсунлар терилган пештахта ёнига келди. Сотувчи, элликдан ҳатлаб ўтган, қора афсун етиштириш бўйича мутахассис Қамар гулчи йигитни хушҳол қаршилади.
– Салом, Қамар ака сизмисиз? – сўради йигит.
– Ҳа, менман.
Йигит қора афсунларни узоқ кўздан кечириб, Қамар гулчига қаради.
– Бу гулингизга таъриф йўқ, аммо мендагисини кўрганингизда ҳайратдан ёқангизни ушлардингиз.
Қамар гулчи жилмайди.
– Қандай гул экан? Кўрсак бўладими?
Йигит қўлидаги юкхалтасини очиб, кимёгарларнинг тажрибахоналаридагина бўладиган узун шиша идишни олди. Унинг ичида қора афсунга ўхшаш гул бор эди. Қамар гулчи яхшилаб разм солиб, ўзининг гулини таниганидан таажжубга ботди. – “Ўзимнинг гулим…”
– Гулни қачон сотиб олгандингиз? – Қамар ака бу йигитга қачон гул сотганини эслолмади.
Энди йигит жилмайди.
– Буни сиздан сотиб олмаганман, ўзим етиштирганман.
Йигитнинг жавоби Қамар гулчига сурбетликдек кўриниб кетди.
Бир вақтлар олимлик заҳматини чеккан Қамар гулчи бундан йигирма йиллар олдин ўзини гулчиликка урдию тақдирини шунга боғлади. Қора афсун унинг кўп йиллик заҳматлари меваси эди. Минглаб гулларни чатиштириб, омадсиз, натижасиз тажрибалардан сўнг шу гулни ўстиришга муваффақ бўлган, гулнинг бор сир-синоати битта Яратгану ундан ўзгага маълум эмасди. Шунинг учун нафақат бу шаҳри азимда, балки курраи заминда қора афсун Қамар гулчининг иссиқхонасида ўсарди. Олимлар гулни кўп ўрганишган, ДНКю ирсиятини тит-питини чиқариб ташлашган, аммо гул ўз сирини хануз очмасди.
– Балки дўконингизга кирармиз, – таклиф қилди йигит.
Эрталабдан таъби бузилаётганидан Қамар гулчи асабийлашди. Бу йигит уни мазах қилаётган бўлмасин. Кўриниши ҳам ғалати. Ўзи анақароқмикин? Аммо, унинг жиддий тикилиб турган кўзларидан бўшашиб, Қамар гулчи уни дўконига таклиф қилди. Эшикдан кира солиб, чироқни ёқмоқчи бўлганида йигит шошиб:
– Кераги йўқ! Асло кераги йўқ!-деди.
Қамар гулчи таажжубга ботди. Шунда унинг кўзлари заиф ёруғликни сезиб қолди. Худди дўконнинг олис бир бурчида шам ёқиб қолдирилгандек туюларди. Қамар гулчи ҳайрон бўлиб, у ёқ-бу ёққа аланглади. Йўқ, тополмади. Кутилмаганда унинг кўзлари йигитнинг қўлидаги шиша идишга тушдию ҳайратдан оғзи ланг очилиб қолди. Идиш ичидаги гул заиф шуъла тараётган, шиша эса уни хийла ёрқинлаштириб бераётган эди! Қамар гулчи нафас олишни ҳам унутиб, гулга бақрайиб қолди. Ё, алҳазар! Тушими ёки ўнги? Ҳеч замонда гул ҳам шуъла таратадими? Шунда Қамар гулчининг калласига ўй келди: “Сунъий гул-ку!”.
У бўшашиб, енгил нафас ола бошлади.
– Одамни роса қўрқитдингиз. Гулингизнинг сунъий экани хаёлимга ҳам келмабди.
– Асло сунъий эмас, табиий.
– Табиий?! Бўлиши мумкин эмас!
Нотаниш киши шишани кўтариб, гулни Қамар гулчига тутқизди. У худди чўғ ушлаётгандек қўрқув ва ҳадик билан гулбандидан аста тутди. Бир муддат журъати етмай тургач, қўрқа-пуса гул косачасини аввал ушлаб, сўнг эзиб кўрди. Эзилган жойдан сув чиқса-да у ишонар-ишонмаслигини билолмай қолди. Гул табиий, ростакам эди.
– Сизга бир таклифим бор, – деб қолди дабдурустдан ғалати нотаниш.
– Қулоғим сизда, – ҳаяжонини базўр босишга уринарди Қамар гулчи.
– Гулчиликда беназирсиз, кейин, – гарчи ўзлари бўлсалар-да суҳбатга махфийлик тусини бергандек овозини пасайтирди, – сиз анча ишончли одамсиз. Сиздақаларни кундузи чироқ ёқиб топиб бўлмайди.
Қамар гулчи яна ҳаяжонланаётгани, бунинг устига асабийлашаётганини сезди. Унинг пешонасида йириклашаётган тер томчилари гулнинг энди хийла кучайган ёғдусида йилтирай бошлади.
– Қандай таклиф эди?
– Шу гулларни, – йигит қўлидаги шиша идишга ишора қилди, – ўзингиз экиб, кўпайтирасиз…
– Ўзим?!
– Ҳа.
– Уйимда-я?!
– Албатта.
Қамар гулчи енгининг орти билан пешонасидаги терни сидириб ташлади. Энди текис нафас олиб, ўзини анча босиб олганидан мияси равон ишларди. Гулни экса бозори янада чаққон бўлади. Харидорлар фақат ундан гул харид қиладилар. Бу ёғи энди оддий арифметика… У энтикди.
– Қандай келишамиз? – сўради Қамар гулчи.
– Элликка эллик! Маъқулми?
– Маъқул! Ҳалиги… сарф-ҳаражати… – чайналди Қамар гулчи. – Қора афсунни етиштиришнинг ўзи бўладими! Ҳар хил дорилари, ҳар соатда сув пуркаб тургани одам ёллаш…
– Буёғидан хотирингиз жам бўлсин. Бу гулни етиштириш осон. Ажриқдан ҳам бардошли, ҳамма ерда ўсаверади.
– Йўғ-э! – Қамар гулчи ишонқирамагандек қуёш кўтарилиб қолганидан ёғдуси сўнгандек кўринаётган гулга қараб олди. – Жа унақамасдир…
– Аввал экиб кўринг! Кейин гаплашамиз. Келиша оламизми?
Худди кетиб қолиб, бошқа гулчилар билан келишиб оладигандек Қамар гулчи шошиб қолди.
– Майли, майли, мен рози! Келишдик.
Йигит юкхалтасидан қоғоз қути олиб, Қамар гулчига узатди.
– Бунда гулнинг пиёз тугунаклари. Шулардан кўпайтирасиз.
Қамар гулчи қутини қўшқўллаб олди. Йигит хайрлашаркан:
– Ўзим сиздан хабар олиб тураман, -деди.
– Хўп бўлади, – худди бошлиғи қаршисидаги лаганбардор ходимдек тавозеъланди Қамар гулчи.
Қамар гулчи бугунги ишларини ҳам унутди. Дўкондаги шогирдларига ҳамма юмушларни ташлаб, қутини қўлтиғига қисганича уйига шошди.
Қамар гулчи уйига келасолиб, иссиқхонасига кириб кетди.
Иссиқхонанинг катта қисмида қора афсун ўстирилганидан эрталаб сув пуркаб чиқилган гуллар анча кўтарилиб қолган куз қуёшида олмосдек жилваланиб, кўзни қувнатади. Осмон тоқига етгунича неча-неча оғиш бурчакларини забт этаётган қуёш нурларида гуляпроқ устидаги биргина томчи турфа жилоланади. Ақл бовар қилмайди!
Қамар гулчи, одатдагидек, гуллари жозибаси ва анвойи ҳуснидан завқ олишни унутиб, қутидаги тугунакларни экишга жой қидира кетди. Маъқул ерни топгач, ҳаммасини тупроққа кўмди. Сўнгги тугунакни эккач, негадир қўлсоатига қаради…
Эртаси эрталаб, не кўз билан кўрсинки, тугунакларнинг бари ниш урган. Энг қизиғи, айримларида чинбарглари ҳам бор. Қамар гулчи кўзларига ишонолмасди. Ахир, бу гулнинг униб чиқишига уч кун, нозиккина барг чиқариши икки ҳафталарсиз бўлмасди. Қизиқ, ҳам ғалати… Лекин бу ҳали ҳаммаси эмасди. Қора афсун бир ойда зўрға бир қарич бўлса, буниси уч кунда шунча бўлиб турибди. Бир ҳафта деганда росмана гул бутасини берди. Қамар гулчи энди ўзгача интиқлик билан гулнинг очилишини, унинг шуълаланишини кутарди. У дўконига бормай қўйган, уззукун иссиқхонасида эди.
Ниҳоят, ўн уч кун деганда гулнинг ғунчаси очилди. Қизиғи, гул кундузи, қуёшни кўрганида эмас, тунда, ой кўкда сузиб юрган маҳалда очилганди. Ўша туни, негадир Қамар гулчининг уйқуси келавермади. Ташқарига чиққиси келди. Чиқдию ҳайрат ва қўрқувдан тахта бўлиб қолди. Иссиқхона ойналаридан заиф ёруғлик ташқарига сизиб турарди. Кўзлари бақрайиб, ўлик тусига кирган Қамар гулчининг ярим очиқ қотган лабларидан биргина, узуқ-юлуқ сўз чиқди:
– Г-г-гуллабди…
Икки дақиқалар ҳаракатсиз қотган Қамар гулчининг оёқларига жон қайтгандек, хаста одамдек иссиқхона томон аста қадамлади. Қўрқа-писа иссиқхона эшигини очиб, ичкарига кирди.
Ичкарида, бир неча қатор пайкаллардаги гуллар… “ёнмоқда” эди! Хийла ўзига келиб қолган Қамар гулчи аста юриб, ёнидаги гулга ҳадик билан қўл теккизиб кўрди. Гул аста тебраниб қўйди.
– Алдамабди! – деди у енгил сўлиш олиб.
Қаторлашиб, живир-живир шуъла таратаётган гулларни назаридан қайта-қайта ўтказаркан, у пичирлади: “Менга етадигани йўқ!..”.
Растада янги гул пайдо бўлди. Одамлар ҳайратда эди – ё алҳазар, шунақаси ҳам бўларканми?! Ғалати гулни кўришга иштиёқмандлар кўп, Қамар гулчининг дўконидан энди одамларнинг оёғи узилмай қолганди.
Биринчи кунги даромаддан Қамар гулчи энтикаёзди. Қанча гул етиштираётганини анови нусха қаердан ҳам биларди! Ўзи гулнинг тугунакларини кўпайтиради, ўстиради. Иссиқхонасидаги барча “қора афсун”ларни суғуриб, янгисини экади… Хуллас, Қамар гулчи миясида турфа ўй-хаёллар ўйнар, режалар тузиларди.
Иссиқхонада ҳам ишлар анча юришиб қолди. Уч ой деганда гуллайдиган қора афсуннинг ўрнига Қамар гулчи ўн уч кунда етиладиган “ёнаргул”ни экиб, яхшигина даромад қила бошлади. “Қора афсун”лар тез-тез авлод алмашаётган “ёнаргул”лар ёнида ожиз, кўримсиз кўринарди.
Орадан бир ойлар ўтиб, йигит гулрастасига келиб, Қамар гулчининг дўконига кирди. Қамар гулчи уни кўриб, нохушланди, аммо кўнглидагини сиртига чиқармаслик учун зўрма-зўраки, жилмайди.
– Келинг… келинг…
– Келдим. Сизни бир кўриб кетай дегандим.
– Жуда яхши қилибсиз-да, – ҳожати бўлмаса-да Қамар гулчи елкасидаги оқ сочиқ билан пешонасини артиб олди.
– Тирикчилик ўтиб турибдими, ака?
– Ўтиб турибди, – Қамар гулчининг юрагига негадир ғулғула тушди.
– Ака, келишувдик, эсингизда бўлса…
– Эсимда, эсимда, ҳаммасини тахт қилиб қўйганман, – Қамар гулчи ўзи ўтирадиган жойдан елим халтага ўралган нарсани дарров топиб, йигитга узатди.
– Мана, даромаднинг ярми.
Йигит қўлида елим халтадаги нарсани салмоқлаб кўрди.
– Кам эмасми, ака? – кулимсиради у.
Қамар гулчи росмана терлаб кетганидан пешонасини оғритгудек артди.
– Ҳ-ҳаммаси…
Йигит яна салмоқлаб олгач, елим халтани Қамар гулчининг қўлига тутқизди.
– Ўзингизга буюрсин ака, ҳали мени кўп эслайсиз! Йигит мийиғида кулиб қўйди.
– Сиз мени тушунмадингиз, ука…
Йигит беэътибор остона ҳатлаб дўкондан чиқиб кетди.
Негадир Қамар гулчининг юраги ғашланди. У дўконидаги ҳамма юмушларни ташлаб, уйига шошди. Келиб, иссиқхонага кириб кетди. Орадан бир ой ўтибди, аммо “ёнаргул”лардан олган бирорта ҳам тугунак ўсиб чиқмади. Ахир, анави йигит берган тугунакларнинг бари унганди-ку. Нега уники ўсмайди? Шунда йигитнинг дўконидан кетиш олдидан айтган гаплари ёдига тушди: “Ҳали мени кўп эслайсиз”.
Қамар гулчи сесканиб кетди. У бу ғалати башоратомуз сўзларда ўзи учун нохуш нарсаларни англай бошлаганди.
Қамар гулчи бу тун жуда ғалати туш кўрибди. Тушида “ёнаргул”лар “қора афсун”ларни шафқатсизларча ғажиб, ютиб юбораётганмиш. Кейин, “ёнаргул”лар катталашиб, шунақа шуъла таратишни бошлашибдики, кўзлар кўрмай қолармиш…
Қамар гулчи уйғониб кетганида аъзойи бадани жиққа терга ботганди. Нотинч кўнгли уни негадир иссиқхонага бошларди. У дарров ўрнидан турдию чала-чулпа кийиниб, иссиқхонасига шошди. Кетаркан, ғалати нарсани сезиб қолди. Ҳовлиси анча ёришгандек эди. У осмонга қаради. Ой йўқ, зим-зимистон тун. Бирдан Қамар гулчининг юраги орқага тортиб кетиб, жонҳолатда иссиқхона томонга қарадию оёқлари ҳолсизланди. Ёруғлик иссиқхонадан келарди. Қамар гулчи жонҳолатда иссиқхона эшигини очдию қўрқув ва ҳайратдан қотиб қолди. Бу сафар ёнаргуллар эмас, уларнинг ёнидаги икки жўякдаги қора афсунлар шуъла таратарди! Қамар гулчи оғир ютиниб, ичкарига кираркан, кўраётганлари руё ёҳуд чин эканлигини билмасди. Бу қанақаси?! Ўзининг гулларига нима жин урди? Улар нега ёғду таратаяпти? Қамар гулчи шуълаланиб турган қора афсунларнинг бирини қўрқа-писа ушлаб кўрди. Гул тебранди. Назарида, иссиқхона янада ёришиб кетгандек бўлди.
Иссиқхонасидаги синоатга Қамар гулчининг ақли етмасди. Қандай қилиб қора афсунлари ёғду таратадиган бўлиб қолди?! Уларга нима жин урди? Негадир Қамар гулчининг кўнгли жуда хира, нотинч эди бу тун.
Жойига минг машаққат ва минг турлик ўй-хаёллар билан қайтган Қамар гулчининг тонггача уйқуси келмади. У ёққа ағанарди – бўлмасди, бу ёққа ағанарди, –фойдасиз. Тонгга яқин, кутилмаганда унинг калласида лоп этиб бир ўй ёнди-ўчди: қора афсунлар ёнаргуллардан чангланиб қолган! Қамар гулчининг вужудини муздек тер қопладию эти жимирлаб кетди. Мулоҳазаю андак тафаккурдан сўнг қўрқуви икки қатла ошганидан яна иссиқхонасига қайтдию ёнаргулларни суғура кетди. Унинг авзойи ғалати, хатти-ҳаракатлари телбанамо эди. Ниҳоят, ҳамма ёнаргулларни суғуриб, бир уюм қилгач, енгил тортгандек, бўшашиб ерга ўтириб қолди. Иссиқхона ҳам анча қоронғу торганди. Буни Қамар гулчининг ўзи ҳам сездию қаттиқ ва асабий қимтилган лаблари бўшашиб, юзида табассум зуҳур қилди. Ёнаргуллар уюми устида анчагача ҳузурланиб ўтирган Қамар гулчи елкасидан улкан тоғ ағдарилгандек енгил тортиб, ўрнидан турди. Қоронғу иссиқхонадан ўзига аранг йўл топиб, ташқарига чиқди.
Қамар гулчи энди ёнаргул балосини унутгандек бўлди. У одатдагидек дўконига чиқар, қора афсунларию бошқа анвойи гулларини сотишда давом этарди.
Аммо…
Кунлардан бир кун, аниқроғи, ёнаргуллар шафқатсизларча уюм қилинган кундан бир ҳафталар ўтгач, Қамар гулчи ғалати тушдан уйғониб кетди. Тушида яна ўша ёнаргулларни кўрибди. “Ёнаргул”лар шунақа шуъла таратарканларки, кўзлар қамашармиш… У дарров ўрнидан туриб, телбаларча иссиқхонасига чопибди. Иссиқхонаси одатдагидан-да ёруғ, ҳатто чароғон кўринибди. Анчадан бери иссиқхона тунлари қоронғу бўларди. Қамар гулчи эшикни очдию ҳайратдан тахта бўлиб қолди: иссиқхонадаги ҳамма қора афсунлар шуъла таратарди! Бамисли ёнаргуллардек. Қамар гулчи бўшашиб ўтириб қолди. У ўзини иложсиз сезар, гулларнинг ёғдуси эса тобора кучайиб бораётгандек эди…
“Ёшлик” журнали, 2013 йил, 1-сон.