Дераза ортидаги аёл
Ер энди кўклаётганди…
Янги келинчак ҳам битта туққандан кейин шу уй энди маники экан деб ишонаркан. Унгача егани поримай, кўнгли алағда юрармиш…
Тонгниям, тоғниям тумшуғи уюлгандай. Ойқорнинг ой суратлиғ қорининг қовоғидан ҳам қор ёғади. Ҳовлидаги дарахтлар ҳам ширдайишиб серрайганча бир-бирига қош чимиргандай. Эт бўлиб этдай, ёт бўлиб ётдай эмас. Бирови бировига гап қўшишдан тийилгандай. Гап қўшса, кимдандир гап эшитиб қоладигандай. Бойқадам ҳам не бир кундан бери ялоғини ҳиштаровлаганча шоша-пиша ялаб-юлқайдида, думни чотга қисиб, инига уриб кетади. Кўрингиси келмайди, чоғи. Бойқадам Олапарнинг кучукликдаги оти. Ғовдан кириб-чиқаётганларнинг бирови бировига тузук-қуруқ гап қўшмасаям, қулоқлар гапдан безор бўлгандай. Етти ётдай бегона қарашлар, қўл учида кўришишлар, тил учида сўрашишлар қиларини қилиб бўлгандай. Уй ичидан, деразадан ташқарига, тоққа қараб тик оёқда турган келинчакнинг ичига чироқ ёқса ёришмайди. Биров унга қаттиқ гапирмаган, бу ерга ўтир, бу ерда турма, деган бўлмаса. Қозонга солар мойини ўлчаб берган бўлмаса. Оловни катта ёқдинг деган бўлмаса. Олқинди тугагандан кейин янги совунга тегинасан деб кир ювганда тоғоранинг бошида турган бўлмаса. Ота эшиги томонларда эркаклар аёлларини сизлаши, бу ерда эса куёв келинни сизлаши эришдан эриш туюлиши, хотинини сизлаган эркакнинг овозини эшитган одам «нўхта қаттиқ урилибдику» демасаям, дегандек қилиб оғзини бир қийшайтириб қўйишини айтишган, илғаган. Тўйдан олдин келин бўлмиш куёв бўлмишнинг сан дейишигада кўнганди, келишишганди. Ҳар жойни қилма орзу, ҳар ерда бор тошу тарозу деган матал ўзининг тошини турмуш аталмиш тарозисининг оғзи ҳамиша очиқ ва тўлмайдиган паллаларига тенг қўйиб, посангиси тилини учма-уч, қошма-қош, қўлма-қўл қилиб тўғрилаб кетганди. Тавба, нимагадир сўнгги вақтларда қайнонаси отини айтишга ор қилиб «пушти куйган», «пешонаси ўйиқ», «уйи бузилган» деб атайдиган аёллар олдига келадиган бўлганми, ё авваллари кирди-чиқдига сер солмаганмиди?
Хаёлини хўрознинг бақ-бақлашию, товуқларнинг қақағлаши бузди. Аламини дераза токчасига тўшалган газетанинг бир чеккасини шариллатиб йиртишдан олди. Ғижимлаб хонанинг бир бурчагига отмоқчи бўлдию, отишга чоғланган қўл калта қайтиб, индамайгина калтачасининг чўнтагига солди. Товуқларнинг қақағлаши олдинлари парвойигаям келмасди, энди ёқмай қолган. Катта хотиндай юришиям, ўзини ақллидай кўрсатиб каллани бир томонга қийшайтириб туришиям, кўзи қизариб қарашиям. Бир қултум сувни оғзига олиб бўйнини чўзиб, тумшуқни ярим соат осмонга кўтариб, ҳаммага кўрсатиб, кўз-кўз қилиб ичишиям.
Очиқ деразалар орзуси
Отам одатдагидек ой оралатиб қўй сўйдирадилар. Қўй сўйилган кун, қассоб ишини қилиб бўлиб, кетарида қайта хабар олгани кўриниб, Энам ўтирган уйнинг эшигидан ташқарида турганча хайр-хўшлашган бўлади. Икки қўл қовушибгина кўксида, бош хиёл эгилгану икки кўзи дастурхондаги қассобга Энам терининг бир учи билан ёпиб қўйган, бир тишламини ўзлари еган нон бўлаги устини очадилар. Олиб чиқиб беришим билан қассоб аввал нонни ўпиб, кейин кўзига суртиб, қўйнига солганидан, димоғи чоғ бўлиб ғовимиздан ҳатлаши билан Энам келинлари – опамни чақиртирадилар. Келишларидаёқ ўнг қўлларини кўрпача устига қўйиб ёнларидан жой кўрсатадилар. Бу жойга опамдан бошқа ҳеч ким ўтирмаган. Ўтирмайдиям. Уй тўла хотин бўлгандаям. Секингина тайинлаган бўладилар:
– Ўғилтуғарини алоҳида олиб қўйинг, тутилмаган идишга солинг, балажон.
Тутилмаган идиш деб ҳали бирон мартаям ишлатилмаганига айтилади.
Айтганлари айтганларидан зиёд қилиб тайёрланиб, идишга солиниб, идиш тоза матога ўралиб, Энамнинг ёнига қўйилганидан кейин опам уйдаги ҳаммани – акаларим, опачаларим, укам, синглимни, кўзи бир бошқа, мўйловлари орасидаги оғзи бир бошқа кулиб турадиган пишаккача қўймай кўчага ҳайдайдилар. Иши борни ишига, иши йўққа йўқ ердаги ишни топиб ўша ёққа жўнатадилар. Уйда Энам ва мен қоламиз. Қишлоқда бир бесаранжомлик бўлганини опамнинг ҳаммага ёлғондакам ғазовот қилганларидан билса бўлади. Отам қассоб ҳақини олдиндан ўтказиб қўйганлар.
Хўроз нималигини билмай тухум қиладиган товуқлар на дунёга жар солиб қақағлашни, на қақағламасликни билмай, қулоч ёзолмай, наридан-бери этак силкаган бўлиб ғуртиллашиб қўядилар. Хўрозли катакларнинг товуқлари тухум қилиши билан аввал худди бир жойи оғриб ўзи туққандек хўроз дунёни бузади. Дунёнинг ишини дўндириб, менгариб қўйгандек, етти маҳаллага жар солади. Кейин товуқлар қўшилишади. Қайси бири туққанини ажратиб бўлмайди. Энамдан товуқлар тухум туққанда нима деб қақағлашади деб сўраганимда айтиб берганлар:
Бола туғдим боши йўқ,
Моховлардек қоши йўқ,
Эрга энди не дейман,
Кундош туққан, кундош ҳу-в,
Кундош қани?
Кундош қочган,
Кундош йўқ.
Кейин кулганлар. Энам ҳам эналаридан сўраганларида шундай деган эканлар. Қақағлашдан боши оғриганиданми, бошқаданми, ҳарқалай, уй эгасининг «бўлди энди билдик» дегандай биронта чўпними, таёқними отиши билан барининг овози ўчади. Хўроз чиқиб олган жойидан қўшнининг деворими, томданми ирғиб тушиб товуқларни бирма-бир тирқиратиб қувади. Хўроз остидан чиққан, тегишини олган товуқлар ўзларига қараган бўлиб қанотларини таннозланиблар кериб патлари ораларини битта-битта оролаган бўладилар. Бошни эгганча хўроз ортидан эргашадилар. Хўроз деганиям бир донагина топган қўнғизми, қуртигами йигирма жонни бақ-бақлаганча чақириб, лўкиллатиб, етиб келишлари билан топганини тумшуғига олиб, бир кўрсатган бўлиб, паққос туширади. Кейин тирноқлари қайрилиб кетган чангали билан ерни тирнайди, титади. Ғазаблар сочади.
Хўроз ўз оти билан хўроз. Хўроз дамма-дам устига чиққан товуқларнинг юриши салобатли бўлади. Ўзи томон шитоб билан келаётган хўрозни кўрган товуқ зоти борки, номига бўлсада, бир қочган, югуриклаган бўладию, кейин фойдаси йўқлигидан, қочса фойдасидан зарари кўплигини англаганиданми таппа ерга бағрини ташлаб, кўзларини юмиб, хўрозни устига чиқишини кутади, тайёрланади. Хўроз хуморидан чиққунча, бир тугургина қолган тожини чўқиб, тортиб қонини оқизмагунча, устидан тушиб, атрофида бир қанотини парпарак қилиб ёзиб, оёқлари остига тўшаб, атрофида икки-уч қур бақ-бақлаб айланмагунча кўзни очиш ҳам йўқ. Тек ётади. Мен мактабимиздаги ўқитувчи опаларнинг биридан «хўроз товуқни устига чиқиб нима қилади» деб сўраганимда, «дам солиб қўяди», деганлар. Ўша-ўша «дам солиш» деган гапни эшитганимда кўз олдимга катта хўрознинг кичкина товуқни қувалаб кетаётгани келаверади.
Очиқ деразаларнинг икки қулоғи кечаю кундуз кўчада. Болалар бир-бирини қувалаб токчасига, юзига, бетига тупроққа ботган яланг оёғини қўйганидан хурсанд. Оғзи-бурни тупроққа тўлганидан димоғи чоғ. Эрка болаларнинг токчада ўтириб, қўлида мойнонни – устига сарёғ суртилган нонни оёқларини осилтирганча, силкиллатганча кўнглига келган хиргойисини айтиши жон-жонига ёқиб кетади. Фақат одам боласининг қўлма-қўл қилиб кўтариб деразадан аввал оёғини чиқармасалар бўлди, шундай кунларни кўрмаса бўлди. Ошиқ-мошиқлари мой кўрмай ўтсаям рози. Хўроз товуқни қувалаб келиб ҳамма жойни булғаб, оёқ ости қилсаям, майли, кўрмасликка олади, гўрга. Сув нимани тоза қилмаган.
Деразаси йўқ деворгаям осон эмас
– Эскининг одамлари содда бўлганми, сотарида оларман сўраса-сўрамаса тухумни хўрози бор-йўқлигини айтиб сотарди. Хўрозсиз туққан товуқларнинг қадам босиши гапга кирмаган эрсакларнинг юришига ўхшайди. Номига қиз, номига келинчак, номига аёл, йўқдан кўра бор сондагиларгаям осон тутма, Жаркўчадан ичи тўкилиб ўтади. Қаерда қандай хато қилганини ўзгиналари яхшигина биладилар. Гап қувган гўрга йўлиқади, деган гапларни энди уларга айтиб ўтиришнинг ҳожати йўқ. Билмаганга олганлари йўлига, палитика, – дейди Мардон ярим кечаси арқонни қозиғи билан суғуриб, қозиқ чизган издан бориб, паст кўчадаги тегирмончининг мочасига кўз олайтирган, кечаси билан билганидан қайтмаган, қилғилигининг орқасидан мочанинг қўштепкиларидан оғзи, бурни бир аҳволга тушган ҳангисини бир бало қилиб ажратиб оларкан. – Сиз ҳам келинни эна-бала қилиб олиб келасиз чоғи деганча, кенайдиям. Кеча бозордан қайтарда йўлда йўлиқишганда кўз уриштиришган эканларда, баччағар. Барибир одам бўлмас экансан, садқайи таёқ кет.
Гап-сўзларни деворнинг орқасидан эшитган, Мардоннинг овозини танимаган, билмаган тўғрироқ одам катта олибсотар бозорчи, газетчилар тили билан айтганда чайқовчи совет товуқ фабрикасининг етти тийинлик бехўроз тухумини қандай қилиб хонаки тухум деб қиммат сотиш савдосини, яна келин танлашни ўргатяпти деб ўйлайди. Билган Мардонники қўзибди, дейди. Мардонники қўзимаган кун йўқ. Деразасиз деворларгаям осон тутмайдилар. Деразасиз деворларнинг қулоғи кўп бўлармиш. Бу гаплар Мардондан чиққанини ҳамма билади. Тушунганиям, тушунмаганиям биров-бировидан сўрашга ботинолмайди. Оти айтилган жойда йўқ ердан лип этиб чиқиб қолишидан оғизлари куйган.
Тентакнинг тили билан айтганда, Жаркўчанинг ўртасига йигирма чоғли хушторини эргаштириб тушган хўрознинг жар лабида зир югуриб, юрак ютиб тўдага қўшилган жўжахўрозни тўдага сиғдирмай қувгани Тентакка тегиб кетади. Хўрознинг важоҳатидан, кучидан, қудратидан ҳайиққанча дир-дир титраётган, узундан-узун оёқ остида, оёғичаям келмайдиган вужудини ушлашга ҳаракат қилганча қалтирасада, жўжахўрозлигидан қайтмаётган жонга ичи ачийди. Сўкатдай бўлиб муштдай нарсани кўролмай чўқиганига кўзи тушгач, оғзига келганини тўхтатмайди.
– Бир хўроз, яримта жўжахўроз минг-минг одам сиққан кўчага сиғишмасанг, санларгаям қийин экан. Одамзодгаям раҳмат-э, – дейди худди ўзи бошқа турлик соядек.
Бир қўтан хуштор маъқулу, битта кундош номаъқул эканда. Кўргилигинг ҳам куйгулик. Ҳа демай бировингнинг мазангни қозон кўрарканда бу туришда. Юқоридан топширилган ишни қилмай, мокиён ўрнига бир-бирингни қувиб юрсанг, пичоқ эртароқ пенсияга чиқаради, оғайни, деб хўрозгаям жўжа-хўрозгаям дарс берган бўлади.
Сани баланг, мани балам, мани эрим, сани эринг, демаган яхши кундошларниям, эр худди тунука чойнакнинг қопқоғию, бекитиб қўйса бўладигандек, чўнтакка солиб юрса ярашадигандек, бир кишилик кўрпачаю, устига чиқиб ўтирган хотин унга эгадек мани эримлаб кўчанинг ўртасида эр талашиб бир-бири билан партлашган ёмон кундошларниям кўпини кўрган Жаркўча ўз ишидан қолмайди.. кўчалигини унутмайди. Партлаш деб икки хўроз бир-бири билан урушиши, урганнинг чангалига рақибининг патими, бир парча терисими, бирор нарсаси илиниб, юлиб олишга, эрсак деб бу эрни қўйиб унисига, унисини қўйиб бунисига тегиб чиқадиган хотинлар айтилади.
Шамол етаклаган аёл
Ўзи қишлоғимизда иккита Боғдагул отлиқ аёл бор. Бири эскидан шу ерда туғилган. Патирни зўр қилади. Патир нони билан оти чиққан. Катталар Боғда келин, кичиклар Боғда янга, Боғда чеча дейишади. Қишлоқда ўзи шунақа. Бир одамни бир неча оти бўлади. Отини ўзи чиқаради. Иккинчисининг ҳали оти чиқмаган. Янги келин. Андижонлик. Жалойирдан. Туғли-тугли. Қишлоқ зоту будини билмаганни келин қилмайди. Қилгандаям келин ҳисобламайди.
Қишлоқда у билан олдинма-кетин тушган келинларнинг шошиб қўйгани учта, олди иккита, кўпи биттадан бўлсаям йўргак ўраган, бешик белаганидан бери уйидан ғурт-ғуртлаган ғурбат аримай қолган келинчак чамасида ота уйига етар пул йиққанидан Жаркўчага қандай чиққаниниям, қачон бу фикрга келганиниям, кимнинг гапига кирганиниям билмайди. Яна уй кийимида. Бўлмаса, Ўсмат қаердаю, Андижон қаерда. Энамнинг олдига қандай келиб қолганиниям.
Энам ҳамиша урчуқ йигирганлари учун йигирган юнгни қилқони чиққанидан олдиларига эски, айласи қолмаган дастурхон тўшалган бўлади. Устига егуликлар қўйилган дастурхон сал чеккароқда. Чой ичарда эски дастурхон олиниб, опам Энамнинг уст-бошларини қилқонлардан тозалаган бўладилар. Дастурхон ўртага тортилади. Энамнинг олдида қўйниларига қўшилиб тўшалган эски дастурхон, сал четроқда егуликлар қўйилган ва усти ёпиқлик бошқа дастурхонни кўрган келинчакнинг бу ҳолни аввал кўрмаганидан хаёли бир шошади. Энам урчуққа ҳазил қилгилари келганда «энди дастурхонингизни йиғиштирсак майлими, Қўлантоқ Мирзо» дейдилар. Қўлантоқ дегани яланғоч дегани. Этик пайтавасиз, туфли пайпоқсиз кийилганда қўлантоқ кийибди дейилади. Келинчак салом бериб кириб, келиб тўшанчи четига ётсирабгина, омонатгина ўтирган, ҳол-аҳвол сўрашиб нафасини ўнглаб бир кўнгилда гапирадиган гапи тугагандай, гап тополмай талмовсираб, бир кўнгилда гапни нимадан бошлашини билмай иккиланиб турганда Энам гап қўшадилар.
– Ёқмаса, ухлаб ётганда қорнига пичоқни тиқиб ол, санам қутуласан, уям. Кейин ҳеч нарса кўрмагандай юрасан, – дейдилар бетигаям қарамай, келинниям ҳуррасини учириб. – Биров зўрлаб эрга берган, олсанг ҳам оласан, олмасанг ҳам оласан деб уйлантирган бўлмаса…
Кейин орага Жаркўчадан энишдаги ўнг қўлдаги жарнинг чуқуридек охири кўринмас бир нарса Энам билан келиннинг ўртасида осилиб қолади. Соат ҳам бир жойда тўхтаб қолгандек тиқ-тиқ, тиқ-тиқлайди. Энам оғир ва катта дамсар уриб худди яхшилик қилмоқчи бўлган одамларини яхши кўриб уришганда ишлатадиган товушларида гапирадилар. Биламан. Энам насиҳат қилмоқчилар. Гап юқмайдиган ё ёқмаган одамига «ўзинг яхши биласан, ўзингдан қолар гап йўқ» деб қисқа қиладилар. Ҳунари жудаям ёқмаган, қилиғи ортиқ одамни сизлаб гапирадилар. Буни ҳамма билади.
Ўртадаги жарга кўприкни Энам ташлайдилар.
– Ўзларинг топишган бўлсанг. Неча йил ўқишда бирга ўқидинг. Синашта бўлдинг. Ниманг кам? Ниманг етмайди? Нимани бўлолмай тортишасанлар? Бунинг бари синов. Сабр берсин. Сабр сўра. Сабр қил. Худони эслаганни Худо эслайди. Ўқимишли бўлиб санлар шундай қилсаларинг, бошқалардан нима умид…
Кейин урчуқ неча минг марта боши айланиб келганча ўртада жимлик чўкади. Вақти-соати келганидан кейин Энам яна давом этадилар.
– Аёл зотики эркак билан тенг бўламан деб тирлашдими, бир гапдан қолмадими, Худонинг ургани шу бўлади. Эркакни Худо ўзи хоҳлаб, ўзи яхши кўриб, бировдан сўрамай, бировнинг кўнглига қарамай, ўзи истаганидай, бекаму кўст яратган, – дейдилар худди мактабда ўқитувчи районодан комиссия келиб, комиссиянинг олдида ўқувчиларга диктант айтаётгандек, секин ва ҳар бир ҳарфини дона-дона қилиб. – Аёл зотини Одам атонинг кўнглига қараб, кўнгли ярим бўлмасин, кўзи ноумид қолмасин, деб яратган. Заифа ўз оти билан заифа. Ожиза ўз оти билан ожиза. Эрнинг кўнглига қарамаган аёлнинг икки бети қора. Эр ҳамки эрдай бўлса, – дейдилар Энам куёви билан экаришиб келган келинчакка урчуқларини бошини айлантиришдан бир нафас ҳам тиндирмай. – Ортиқча гап ҳаммага юк. Энди борда, рўзғорингга эгалик қил. Қозон-товоғингга санқи ит-пишаклар эга чиқиб кетмасин. Айланишиб қўйса, қатрон қилиш керак.
Уй кийимидаги, қулоғи ғиппа бўғилгандай, кўзига нима кўринаётганини ўзиям билмаган, билмаётгандай, эшитаётганлариниям фаҳмламаётган келинчак Энамнинг олдида юзма-юз ўтирганини, бетма-бет турганини илкис англар, илғар экан, босинқираб уйқудан қўрқиб уйғонган одамдай сесканиб кетади.
Энам келинчакнинг турли йўллар турланиб-тусланиб имлаётган, кўринган қоранинг гапига эргашиб бораётган хаёлини бир жойга келтирмоқчи, хаёлини тозаламоқчилар, чоғи. Ҳар доим шундай бўлган. Аразлашиб келганларга биринчи мана шунақа чаппа-чуппа гапларни айтадилар. Энамни тушуниш учун тинчлик керак. Ҳар тарафлама тинчлик. Худди Ойқортоғнинг овозини эшитиш учун, чиройини кўриш учун, у билан жўра-жўра бўлиш учун тинч жойга чиқиб томоша қилгандек, тинч жой топиб, гапини эшитгандек. Албатта, одамлардан тинч жойни айтаяпман. Китоб тилида сокинлик дейдику, ана шу тинчлик керак. Товуқнинг катагига адашган итми, итдан қочган пишакми кириб қолгандай вағир-вуғур эмас.
Дераза ортидаги мусичалар
– Янги жойга келиб қўнган кўчат ҳам ўлдим деганда уч йилда ернинг сув у ҳавосига ўрганади. Одам ҳам кўчатдай гап. Худо хоҳласа, ҳам демай, икки бешикнинг ўртасида чарчаганингдан икки маманг икки чақалоқни оғзида қолиб, тарракдай ухлаб қолмасанг, келиб бетимга туф, дейсан, дейдилар худди болаликдан сирдош дугоналарига гапиргандай. Дугоналарига гапирадиган оҳанг, маром ва товушда. Дугоналари билан гаплашганларини кўп эшитганман. Руқия, Тошгул, Тошбийи, Ёқутой, Хадича, Қўйсин, Янглиш, Ҳикматой, Унсун, Хурсанд, Қорасоч, Сайрам… Ҳозир биттасиям қолмаган. Дугоналарига гапирадиган, гапирган товушларини билганимдан шундай ёзаяпман. Кейин, яна Энам дугонанинг катта-кичиги бўлмайди деганлар. Кўнгли кўнглини таниган, кўнгли кўнглига ўтирган, кўнгли кўнглини кўтарганни дугона дейдилар, деганлар билиб қўйиш учун бир марта дугона дегани нима деб сўраганимда.
– Отинг нима эди?
– Боғдагул.
– Чиройли отинг бор экан. Чиройлилигини қара. Китоб кўрган одам қўйган. Ўқимишли китоблардан олинган. Ҳидидан маълум. Ўғил туғаман десанг маҳсини ечма. Душман оёққа қарайди. Одамнинг иккита душмани бўлса, биттаси совуқ. Совуқ оёққа ёпишади. Оёқдан олган совуқ йиқитмай қўймайди. Маҳсиям келинликнинг давлати. Кийишга етган, етмаган бор. Кийиш буюрилган, буюрилмаган бор. Ўзингни ерга урма. Лозими динкайиб, жияксиз липаси билан кавушининг ораси бир қарич бўлиб очилиб, на мокию на бошқадай бўрваги ширдайгандан беўхшови йўқ. Уйим-жойим дейдиган хотин рўмол ўрашидан маълум. Сочи кўкрагининг ўртасига тушгандан жаннатнинг иси келади. Бомдоддан қолма. Бомдодни қўйма. Бомдодда кўрин. Бомдодга рухсат берган эгаси бошқа мушкулларингниям осон қилади. Ноумиднинг оти ўчсин, бетини тескари қилсин. Икки ракатли бомдод бутун дунёю дундаги ҳамма нарсалардан яхши деганлар пайғамбаримиз. Хат-саводинг бор. Кунни бекорига кеч қилмай китоб ўқи. Кунни томошага чиқармаган. Ўқигандан зиёди йўқ. Саҳар турганга нима етсин, балажон. Художонни ўзи ҳар тонг саҳар олди осмондан тушиб тонггача «тавба қилувчи борми – тавбасини қабул қиламан; истиғфор айтувчи борми – мағфират қиламан, гуноҳини кечираман; сўровчи борми – сўраганини бераман», деб турса. Бандаси ношукурлик қилмасин. Худонинг олдидаям уят. Ҳар куни эрталаб вақтли туриб, бет-қўлини ювгандан кейин хўжайини билан икки қўллаб кўришган аёлнинг гуноҳи қўллари орасида қум тўкилгандай тўкилиб кетади, деган машойихлар. Ман бир кўрсаводман. Раҳматли катта отангиз китоблардан ўқиб ўргатган гаплардан эсимда қолганини айтяпман… кунниям бетини қаро қилма. Одамга қўшилиб кўрган куниям сўроқ беради. Эр-хотин иноқ, апоқ-чапоқ рўзғорнинг итининг ҳам кўзи ёнади… Бесаҳат одам билан бешохнинг фарқи йўқ…
Бесаҳат дегани қулоғига гап кирмайдиган, тўғри гапни тушунмайдиган дегани, буни ўзимдан қўшяпман. Тушунмай қолманг деб. Ўрнига китобча гапларни қўшсам, Энам гапирмагандай бўлиб қолади, шунга. Энам, қани, балажон, ёзиқларимизни бир ўқиб берингчи, деганларида ўқиб берсам, Энамнинг гапи эмаслиги билиниб қолади, шунга.
– Ўсмат ота ҳамманиям келин қилавермайди. Тақдирда нима бўлишини эгасининг ўзи ёзган. Андижондай жойдан келин бўлиб тушган бўлсанг, юрагингда вужур, ўт борки бир йигитнинг этагини ушлаб келибсан. Ҳамма аёл ҳам узоққа тушолмайди. Отангнинг уйи қаерда, гап қаерда. Итинг адашмаган бўлса керак. Андижондан ёмон одам чиқмаган. Одамнинг оти бир ёмонга чиқмасин, бузуққа чиқмасин. Эрдан чиққан аёлникига ҳар иккисиниям кўзи жизиллаб қараб туради. Эрдан чиққан аёлни бошига Пухордаги қарғаям келиб тезаклаб кетармиш деган эскилар. Элнинг яхшисидан ямони кўп кунларда эҳтиёт бўл, ямонга қўшилма. Қайнатанг, қайнананг бор демаган тўйларга борма. Борсам майлими деб сўрамаям. Ўзлари, ўз билгича бор деганда бор. Бормасанг, яна яхши. Дунёнинг аёли бир ерга йиғилгандаям бир пал шолини сувдан чиқаролмаган. Чиқара олмайдиям. Ювуқсиз оғизларнинг гапларига эргашма. Ўсмат отанинг келини деган отинг бор. Тортишгандан ямони йўқ. Тортишганга дунё ҳамиша тор. Тортишган ҳамиша ютқазади. Тортишув гуноҳдан бошқасига тортмайди. Пайғамбаримиз ҳам тортишган одамни қиёмат куни шафоат қилмайман, деганлар. Художоннинг одамлар ичида энг ёмон кўрган одамлари тортишган одам. Худонинг кунини Бисмилло билан бошламаган, кеч бўлганда бошини ёстиққа Биру Борсан деб топширмаганни бешох дейдилар. Хоҳ эркак, хоҳ аёл бўлсин ювуқсизнинг кўзи тушган жойдан барака кўтарилмаса, палакатнинг кўнгли жойига тушмасмиш. Эрта тур, ишларингни эрта кунда саранжомла. Биров қилиб бергандай бўлади. Зериксанг, Энамнинг олдига борсам майлими, деб уйдагиларингдан сўраб, олдимга кел. Одам одамга бегона эмас. Сан ҳам мани болам. Эрингга айт, урчуқ олиб берсин, ўзим сенга йигиришни ўргатаман. Кўз кўзга меҳмон.
Энамнинг келинчакка айтган гаплари ҳангини – юкини кўтара олмаган урчуқ ипи чирт этиб узилиб кетади. Ғириллаб айланиб турган урчуқ олача устига тап этиб тушади, осилган нарсани оғирлигини кўтаролмай узилган арқондай. Думалаб эшик олдига боради. Ирғиб туриб, олиб келиб бераман. Энам кўнгилларига келганча узунликдаги ипни шарт узиб келинчакнинг олдига ташлайдилар.
– Маҳсини кийишингдан олдин ўнг оёғингни шиллагига (тўпиғ усти) бойлаб қўй. Ётганингдаям ечма. Қўшилганингдаям. Бегона кўзга кўрсатма. Хўжайининг сўраса Энам берган дегин. – Кейин ўнг қўл кўрсаткич бармоқларини тилларига бир теккизиб намлаб, урчуқдан чуваланган ипга теккизиб намлаб, ҳанжаладан тушган ипнинг учини бошма-бош қилиб бош ва кўрсаткич бармоқлари ўртасига олиб товлаган, улаган бўладилар. Ипнинг улатқисини одам зоти тополмайди. Яна ўзини Энамни қўлида кўрган урчуқ ўпкаси тўлиб, кўкси тўлишиб, ҳишмаланиб қайта бошдан айланишни бошлайди. Қани энди уни хурсанд бўлаётганини жонзотлар, жонлиқлар кўрса, билса. Гувуллагандан гувуллайди, гуриллагандан гуриллайди, гуврангандан гувранади. Урчуқ айланиши билан баробар Энамнинг бошида айланган гап-сўзлар тилларига чиқади.
– Аёлки рўзғордаги супур-сидирини, куйдир-туширини «эримнинг хизматини қиляпман» деб ўйладими, тос теввасидан ургани шу бўлади. Ўзининг вазифаси нималигини билмагани шу. Хотинлик, бошида эри бор хотинлик, жўжалик хотинликдан улуғ мартаба йўқ. Етти қават осмоннинг устидаям шу гап, етти қават ернинг остидаям шу гап. Қул хизматга боради, хон вазифасини ўтайди. Хотин ҳам. Ҳаммага ризқиниям, вазифасиниям Художоннинг ўзи беради. Худонинг даргойидан кенг жойни тополмайсан. Қисинма. Худонинг даргойи кўнгилда. Яхшиликни ўйла. Яхшиликни кўпайтир. Қолгани бари эрта кўклам кўкариб, ёзи бўйи шамол билан ўйнашиб, турамо келиши билан қуриган баргдай қақшаб, умаланиб йўқ бўлиб кетадигандай нарсалар. Санам, манам. Яхшилик ўлмайди. Гумонда бўлма. Бу бош нималарни кўрмаган. Очарчилик, йўқчилик, қимматчилик, қаҳатчилик, отинг ўчсин урушнинг қайси бирини айтасан. Бири ётиб, бири турган… эски ғар бўлсаям, бой хотинининг гапи маъқул, сийдиги турмасаям, амалдорнинг ўғли тўрда, пулдорнинг пишаги кийик овига чиққан, соғни уриб овуш, этикни бузиб ковуш қилган кунларни биз кўрдик, силар кўрманглар. Душмангаям раво кўрмайман. Кўрдик. Кўрмаганимизни ками қолмади. Бу дунёнинг овушталик қиладиган жойи йўқ. Ҳеч ким арпа экиб, буғдой ўрмаган.
Урчуқнинг гуриллаб айланиши хонага вақтинча эга чиқади.
Овуш – эс-ҳушдан озиш, айрилиш. Хаёлнинг кирди-чиқди бўлиб қолиши. Овушта – икки одамнинг бошқа билмайдиган ўртадаги олди-бердиси ёки сири.
– Одамнинг боши тошдан қаттиқ деганлар бир нарсани билмай гапирмаганлар. Худога бир ёққанларинг бор экан, еганларинг олдинда, емаганларинг орқаларингда. Юрт тинч. Тишларинг путунлигида ниятни катта қилинглар. Неча бир қишлоқ одам бир тишлам нон деб ўлиб кетди… Кўмарга одам топилмай. Одам деган бундай ношукур бўлмайди арзимаган нарсага кўчага чиқиб. Эрга теккан аёлнинг қайта бош очиқ бўлишидан ўзи асрасин. Қайтиб келган деган гапдан совуғи йўқ. Худойи худованда келинлик желагинг кўзингга ёмон кўриниб қолмасин, кампирлик қасавасига етказсин. Очиқ бошга не бир дайди, бетаҳорат хаёллар эга чиқсам демайди. Энамнинг кўзи орқасига қараб кетмасин десанг, айтганларим эсингдан чиқмасин. Зарари манга. Чиққан қиз чиғдан ташқарида. Уйингдагиларингниям қизим қайтиб келсин деб кўзи учиб ўтиргани йўқдир. Қайтиб келган қиз ҳеч зотга мартаба эмас. Худо хоҳласа, невараларни етаклаб борар кунинг ҳам ўпкаси тўлиб навбат кутиб турибди. Худди ота-онангдек. Ота уйнинг дарвозаси ости неваралар сояси елкасини босса ўзини ерга отиб-отиб ўйнаркан. Соясига шунча. Чангини чиқариб ўйнашгандаги хурсанчилигини қўявер. Ҳали бир кунларни кўрасанки, ўшанда мани эсларсан, ўшанда ҳаммагинасини олдингга олиб келиб кўрсатади. Дўст ким, душман ким. Ўшанда кимнинг кимлигини бет-кўзи тугул нафас олишидан биласан. Одам ўзига ўзи душманлик қилмаса бировнинг душманлиги ҳеч ерга бормайди. Йўл бошида ҳаммаям шошади, ҳаммаям тўғри йўлни кўрсатолмайди. Худодан ортиқ чевар йўқ. Илонниям ини бузилмасин, қушни қўноғидан айирмасин. Ерда бузилган бир ватаннинг юки етти осмонни фаришталарига қўшиб бесаранжом қиларкан. Бу гаплар катта машойихларнинг гапи. Бизага ўхшаган мурри кампирлардан нимаям гап чиқарди. Этагинг болага тўлсин. Қишлоқнинг юзини ерга қаратма. Эшитган қулоққа ёмон. Фалон қишлоққа фалон жойдан келин тушган экан, одамлари ноаҳил экан, бир мусофирни сиғдиришмапти, деган сассиқ гап ҳаммагаям уят, – дейдиларда, ёнларида, бир четда ўроғлиқ турган идишни ўнг қўллари билан келин томон суриб қўядилар. Ханжаладан чиқиб келаётган ипни товлаш учун урчуқни кўтарган чап қўллари баландда бўлади. Товланишдаги ипнинг маромга келганидан чиқарган овози, инчкиргани эшитилгач, нафаси билингач, ипни урчуқ белига ўраб бўлиб, дов-даскаларини этакларига олиб, эски дастурхонга ўраб бўлиб келинчакни ўзларига яқин келишга имлайдилар. Хонада ўзи уччовимиз. Мен энг яхши кўрган жойим Энамнинг елкаларига ташланган отамнинг эски чопонлари остида ўйнаб ўтирган бўламан.
– Тугунда ўғилтуғар. Ҳеч кимга кўрсатмай уйингга олиб бориб е, – дейдилар деразани ташқари томонидаги токчасига келиб Энамни томоша қилиб, гапини эшитай деб калласини бир томонга қийшайтирганча қулоғини ўнглаб қараётган мусича ҳам эшитмасин дегандек шивирлабгина. – Худо хоҳласа, ўғилчали бўлганингда идишни чочаласи (сочала) билан қайтарасан. Унгача идишни цанга бердим, – деганча аввал икки кўзларини бир вақтнинг ўзида чирт юмиб, лаблариниям жиппа ёпганча бошлариниям хиёл эккан бўладилар. Кичкина қизлар ҳам бир бекитиқчи иш қилсалар ва дугонасига ҳеч ким билмасин демоқчи бўлсалар, шундай қиладилар, агар билсангиз.
– Анавини бу ёққа торт, – деганча четда турган дастурхонни кўрсатган бўладилар. – Қутлик уйдан қуруқ чиқма. Нонга қара…
Келинчакнинг кўзларидан ёш тирқираб жўнайди. Тили калимага келмайди. Силкиниб-силкиниб, ўксиниб-ўксиниб, бўғилиб-бўғилиб, ҳуққуллаб-ҳуққуллаб, титраниб-титраниб, яйраб-яйраб йиғлайди. Овоз чиқариб юборай-юборай дейдию, уялади, чоғи. Икки қўли Энамнинг «икки бешикнинг, ўртасида чарчаганингдан икки маманг икки чақалоқнинг оғзида қолиб» деганларида шошгандан икки кўксини маҳкам чангаллаганча қолиб кетган, қўйвориш ҳам эсидан чиққан.
– Бисмилло деб эшик ҳатлада, сўрамасларидан олдин, Энамни кўргим келувди, бориб-келдим дегин. Мендан ўтганни кечиринглар деда, индамай ишингни қилиб кетавер. Жаркўча болаларинг қучоғини тўлдириб чангитишини кутиб ётибди, агар билсанг, кўзи осмонга қараб. Қирққа киргандаям қирчиллама қиздай бўлиб юрмайсанми! Бу юриш нима? Этананг оқиб. Тур энди, жўна… сен яхши одамнинг боласисан. Сендан яхши хотин чиқади. Нафас олишингдан белгили. Ўзингни ўтга-чўққа урма. Биров сал хафа қилса, Энамга айтаман де, мен рухсат бердим. Қишлоқни уятга қўйма. Уйига қайтиб бориб бирорта барака топган келин бўлса, мана, ман эшитган бўлардим. Ана сой ҳам, – дейдилар деразадан Каттасойни кўз қирлари билан кўрсатганча. Энамнинг хаёли Каттасойга энганда қушлар ҳам жим турадилар. Тек турадилар. Каттасой хаёли Энасойгача кетади. Эдил билан диллашиб, Ёйиққача ёйилади, ёзилади. Энасой бошланадиган Тангри тоғ қорларидан айланиб тушиб Ойқорнинг ой суратлиғ қорларига келиб дамсар уриб ўзига келмагунча ҳеч ким гап қўшмайди. Қуш ҳам, қузғун ҳам. Хаёлларнинг икки чеккаси, ундай десам тушунмайсиз, хаёллари юрган, юриб бораётган йўлнинг икки чеккасини узун-узун, баланд бўйли, оппоқ, худди Жаркўчанинг икки чеккасида тик ўсган тераклардек қадим ва таниш хаёллар кутиб олган – кузатган бўлади. Худди меҳмон кутгандек, кузатгандек. Меҳмон хаёллар бўлак. Эскидан эски, қадимдан қадим, қондош, қариндош, отдош, отадош хаёллар ўз ўринларини билади.
«Деразадан қараб тураман»
Уйимизнинг илони, оқ илон тўққиз балорли уй шифтининг ўртасида ўралиб хурракни отаётган бўлади. Оти, зоти, ини йўқланганидан бир билтанглаб қўяди. Ҳар замон, ҳар замон бир ўнг, бир чап кўзини очиб, орада тилиниям бир чиқариб, тишларига чархлаб, оғзи-бурнини, хаёлларига берилиб кетиб оғзини икки чеккасидан чиқиб кетган сўлакларини артган бўлади. Энам рухсат берганларида биз итолиш кураш тушамиз. Хаёлда бўлсаям. Мазза қиламиз. Неччи марта йиқитган бўлсам ҳам, бошидаги қўндирилгандек пўпили, тожи жойидан қимирламайди. Энам хаёлга эҳтиёт бўлинг, балажон, деганлар. Одамни одамга, жонлиқни жонлиққа дўст қиладиган ҳам, душман қиладиган ҳам хаёл. Эс-ҳушини йиғиб олган хаёлга нима етсин…
Боя айтганимдек, мен энг яхши кўрган жойимда – Энамнинг елкаларига ташланган отамнинг эски чопонлари остида ухлаб қолсам ҳам, Энам кимга нима деганлари калламга ўтиб қолаверади. Келинчак уялмасин деб мен чопоннинг ичига кириб кетаман. Ухлаяпти, эшитмаяпти деб ўйласин, кўчада кўрганда уялмасин дейман.
Энамнинг тилидан, одамлардан эшитиб, ўзимдан ҳам салгина қўшиб ёзиб тўлдирганларим ҳозирча қирқ дафтарга яқинлашган. Онда-сонда Энам «ёзиғимиз неча дафтар бўпти, балажон», деб сўраб қоладилар. Мен саноғини айтаман. Кейин Энам, «ҳаа», дейдилар «а»ни чўзиброқ, шу вақт орасида хаёлларини тартибга келтириб олган бўладиларда, таваллога тушадилар: «Худога шукур, ўзидан бегона қилмасин», дейдилар. Дафтар, ёзиқ тўлиқ дафтар сони маълум бир сонга, саноққа етганда, етса бир нарса бўлишдан Энам туюнганлару, дафтар сони ўша сонга етиш кунидан нимагадир қўрқаман. Шунинг учун дафтарларнинг ҳар бирининг икки-уч варағини очиқ қолдираман. Тўлган ҳисобланмаслиги учун. Лекин Энамга ёлғон гапириш мумкин эмас. Бошқаларгаям. Бир кун дафтарларни нимага охиригача тўлиқ тўлдирмаслигимни сўраганларида, тўлдиргим келмаслигини айтгандим, қучоқларига олиб бошимни ҳидлаб узоқ вақт йиғлаганлар. «Қўрқманг, балажон, қўрқманг, мен ҳамиша деразадан, орқангиздан қараб тураман, балажонимдан айланай, энасини ўлмасин деган балажонимга ўлай, ишдан қочманг, қандай хоҳласангиз, шундай тўлдиринг», деганлар.
Энам шеър эшитгилари келганда «Отажон, бир ота-боволани шеъридан айтиб беринг» дейдилар. Бу сафар мен Энамнинг шеър эшитгилари келганини, тусаганларини илғаб қоламан. Энамнинг кўзларига қарайман. Кўзлар аллақачон менга қараб турган бўлади. Хаёлимда «Гулбоғ»ними дейман. Энамнинг оғизлари икки ёнга ёйилиб, кўзлари қуёшга қарагандагидек қисилиблар, ёшланиблар кетади. Икки томчи ёш ияклари остига эниб келиб бир-бирига қараганча тўхтайди. Ялт-ялт. «Гулбоғ» – бу Алишер Навоий бовони шеърларидан тузилган шеър. Гулбоғ отини Энам икковимиз ўйлаб топганмиз. Шеърлардан боғланган гулбоғ дегани. Шеърларни шошмай, дона-дона қилиб ўқийман. Сиз ҳам шундай ўқинг бўлмаса тушунмайсиз.
Халққа зеби торак айла ани,
Ўқиғонға муборак айла ани.
Етти афлокни анга ёр эт,
Етти иқлим элин харидор эт!
Кимгаким қилдим вафо, ваҳ ким, жафо подош эди,
Олам аҳлида вафо мавжуд эмас беиштибоҳ.
Орзу қилдим вафо аҳлин кўрай деб, топмадим,
Хоҳ зоҳид, хоҳ фосиқ, хоҳ сайид, хоҳ шоҳ.
Агарчи мен ямон, сен яхшидурсен, муътарифдурмен,
Ўзин яхши тасаввур айлаган мендин ямон эрмас.
Эй Навоий, махлас истар бўлсанг эл тил-оғзидин,
Назмидин ҳам тилни тийғил, насридин ҳам юм оғиз.
Мазлумга бахшойиш кўргузки, золимдан осойиш кўргайсен.
Чин сўзким, эрга улуғ ҳунардур.
«Гулбоғ»ни ўқиб бўлишим билан хаёлимга кўчада болалар айтиб юрадиган шеър лип этиб келди.
Мир Алишер Навоий,
Кампирларнинг бовойи.
Энам ярқ этиб менга қарайдилар, мен хаёлимдан ўтган гапдан уялиб, ўзимни Энамнинг қучоғига отаман. Биз бирдек уяламиз. Биз ачом-ачом ўйнаймиз. Кейин «Аламо-аламо» ўйнаймиз. У ўйинни бошқа сафар айтиб берарман. Эсимдан чиқай депти: подош – йўлдош, эваз, мукофот, бадал; беиштибоҳ – шубҳасиз, шаксиз; махлас – қутулмоқ дегани. Мардон ўргатган. Кейин ўзимам тўғрими-йўқми деб катта китобларга солиштириб кўрганман. Муътарифнинг маъносини топганимча йўқ. Топсам ёзиб қўяман.
Эсимга ярим кечаси бир нарса келиб қолиб, туриб ёзиб қўйишимдан олдин бет-қўлимни ювиб келганимга Энам қараб ётганлар чоғи, эртаси куни икковимиз қолганимизда «Балажон, ярим кечаси ёзгингиз келганда бет-қўлни ювмай ёзаверинг, кўнгилдан чиққан нарса ҳамиша таҳоратлик» деганлар. Мен кўзим билан Энамга айтаётган гаплари авваллари айтган гап-сўзларига салгина ўхшамаётганлигини, ўхшамаганлигидан нима дейишни билмай хаёлдан ўтганини айтсам, уят бўлишидан уялиб юзларига қараб қолганимдан, билдирмоқчи бўлганимдан Энам хижолат бўладилар, кўзлари билан гапим тўғри эканлигини билдирдилар.
– Катта отангиз айтганлар, – дейдилар, ҳар бир нарсани айтар вақти бўлишини гапларининг товушларидан билдирганча, кўзлари ёшловланиб. – Катта отангизнинг омонат гапини эгасига етказдим, балажон.
– Катта отам мени билармидилар, – дейман шошганимдан…
Биз қучоқлашдик. Энамни янаям яхши кўриб кетдим. Энамнинг қалт-қалт титраётган қучоқларидан турсам, учиб кетаётгандек, учиб кетишлари мумкиндек титрашлари, мусича болалари учишдан олдин титрашидек титрашлари, севинчдан қалтирашлари тингунча маҳкам қучоқлаб ётдим, ётаман. Энамнинг тилларидан Худо тушмайди.
– Ҳа, борингга шукур, Художон. Ўзинг Биру Борсан. Ўзинг яккаю ягонасан. Ўзинг паноҳингда асра. Ўзингдан ўзгага қайрилмайдиган қил. Тишини путун қил, Художон! Кўзини путун қил, Художон! Кўзини тўқ қил, Художон! Дўстга зор, душманга муҳтож қилма, Художон! Жумлайи мўмин қаторида кам қилма, Художон! Тиладим сандан. Товонига тиконингни йўлатма. Тиладим сандан, Художон! Мана, мани жоним…
Ҳа, Художон! Баламнинг балаларини, жўраларининг балалари қўшилишиб гўримни устида ўйнатар кунларингдан мен мустарингни бегона қилма! Тиладим. Эс энган балаларнинг садағаси кетай…
Кейин Энам ўйинга андармон бўлиб, ўйинни кўпроқ ўйнаб қўйиб, асосий иши эсидан чиқиб, бирдан эсига тушиб қолганидан шошгандай жиддий тортадилар. Қачонлардир Эналар томонидан болаларга айтилган, ҳозир айтилиб, яна неча-неча замонлар такрорланаверадиган тус, маром ва оҳангда сўраган бўладилар.
– Туянгиз нечта бўлди, балажон?
– Ҳозирча 22 та. Катта-кичик.
– Яшанг. Ғайрат қилинг, балажон. Туянинг катта-кичиги бўлмайди.
Сиз бу гапларни тушунмайсиз. Туя дегани оят дегани. Нечта туя бўлди дегани, нечта оятни кўзни юмиб, адашмай, шариллатиб айтиб бера оласиз, дегани, билдингиз.
Кейин қўлларини дуога очганча кўзларига ҳеч нарса кўринмайди: Художонга шукур, балажонимни қоғоз-қаламга жўра қилган… қаватига ўзингни деган, ўзинг назар қилган, ўзингдан тонмайдиган, арқонингни ушлаган, исонафасли, султон кўнгилли, бек феълли йўлдошлар бер… ўзинг яккаю ягонасан…
Энамнинг гапларидан пўстакнинг юнги тикка бўлиб кетади. Бошимиз устида исириқ тутатгандагидай оппоқ ғубор ичидан атрофимизда сон-саноқсиз назарлар қараб турганини, ҳавасда, яхши кўз билан қараб турганини илғайман. Қолганини ёзиш мумкин эмас.
У ёзиқларни ёзишим мумкину, ўқишга беришим мумкин эмас. Энам кўнгилларида айтганлар. Худо хоҳласа, вақти келганда ўқишга бераман.
Мардон тентакнинг тожик ошнаси Барҳаёт тентакнинг тили билан айтангда, «мумкин йўқ». Ҳар бир гапини «шумо акун манба бинет» деб бошлайдиган Барҳаёт «бииз ҳам энди акун дунёба бе ҳеччи даромда буромдаги бўлмайлукда» деганча менга тожик тилини ўргатишни ваъда берган. Биз қўл ташлашганмиз. Мардон ўртани узган. Бу келишида бир хуржун қилиб китоб келтиришга ваъда берган.
Энамнинг «политика»си
Келинчак катта гуноҳ қилиб қўйган ва гуноҳини ишонган одамига бир мартага айтмаса бўлмайдиган оҳангда калтачасининг киссасидан бир нечта сариқ бир сўмлик, икки-учта яшил учсўмлик ва бир сиқим тангаларни чиқариб, қўллари қалтираб дастурхон четига қўйган бўлади.
– Йўлга деб йиққан эдим, уйдагилар кўриб қолса хафа бўлишади… энди менга керак мас… мен ҳеч ёққа кетмайман…
– Мен бундан безорман, – дейдилар, пул зотини назарда тутиб. Хафа бўлмасин деб келиннинг бетига бир қарарканлар. – Ана, пўстакнинг тагига ташла…
Келинчак пўстакни кўтарганда бели боғлиқли пуллар хотиржам ётган, боғланмаган пуллар пўстакни кўтаргандаги ҳавосига қўшилиб сочилиб кетади. Келинчакнинг хаёли баттар қочади. Уларни Энамни кўргани келган одамлар бекитиқча ташлаб кетишган. Мардоннинг эшагига айтишича, нима иш қилаётганини ўзиям билмайдиган, кўрсатмаган ҳунари, қилмаган номаъқулчилиги, емаган тезаги қолмаган, ўлар олди мулла минган эшакдай ювош тортиб, камига амри маъруфлаб қоладиган райкому партком дейсизми, ҳам ғару ғам пешгир прокурору, бир кунда беш маҳал ёлғон ишлатмаса, қўйи қисир қоладиган мелисанинг шапкаси каттасию, эл кўрмасликка олса, эрдан чиққану, есиру, тул қолганнинг барига хўжайинчилик қиладиган колхоз раиси, Самарқанднинг Катта бозорида йўқолган нарсани Ўсматда туриб топиб берадиган атоқли ўғрилардан, то унча-мунча одам ҳазиллашиб бўлмайдиган, олдини кесиб ўтолмайдиган киссавурлардан дейсизми баридан бор. Энамдан хабар олиб, хайрлашиб чиқиб кетишаётганда оёқ кийимларини кийган киши бўлиб билдирмайгина эшик оғзидаги пўстакни кўтариб, остига ташлаб қўйишади. Пулларга фақат қишлоқнинг тентаги отлиқ Мардон тегина олади. Уям ўзига эмас. Ўшандаям бирон шўрни шўр қисган кунида, муртарга ёрдам қилмаса бўлмайдиган бўлиб қолганда. Энам Мардонни яхши кўриб кетганларида: «Ҳа, Девонателпак, қийналмай юрибсанми, хасу хус, шоху бешох, қурту қумурсқа, қуш-қузғуннинг ичида қаерга келиб қолганингни, оёқ қўйгани жой тополмай, нима қиларингни билмай?» – дейдилар. Девонателпакнинг телпаги тугул хуши бошидан айрилгулик бўлиб хурсанд бўлади. Яратганнинг ярлақаганидан қадим ўтганлар аҳли бир оғиз, бир овоздан деганларидек пайғамбарлик тожи билан улуғланган ва элчилик мансаби билан қардошларидан ажратиб сараланган Абут Турк жужуқларининг, кунчиқардан кунботаргача ёйилган ва етти юз етмиш етти лаҳжада, шевада, тильда, давлатда сўзлашган болаларини, ота тил назми жаддида бир катта заҳмат, бир беқиёс машаққат, бир қора меҳнат, бир улуғ алам тортиб тирикманини бошини бир туғ, бир алам, бир байроқ остига жам қилган, мамлакатни якқалам – бирлаштирган, ота тилини тиллар ботқоғидан азот кўтариб, ювиб-тараб елкалаб чиққан, сўнмас, сўлмас, сарғаймас сўз чамани яратган, ҳар бир сатри туркнинг зеби торакига – бош устидаги тожнинг безагига айланиб кетган, етти қат осмон дўсту ёр, етти иқлим эли харидор, ўқуғонга муборак этилган бир нафасида етмиш олам исини, бўйини, атрини, ҳидини, тароватини туюнтирганга туюнтирган, туюнганни мутаассир, туюнмаганни талмовсиратган эрсада, кийиниш ва ейишда элдан бир туки зиёд бўлмаган Турк бедодини темурий шаҳзода, ўтар даврон шоҳи эканлигидан туюнган Ҳусайн Бойқаро эл олдида ўз отидан тушиб отга болалик дўстини, кўкалдошини, отадошини чиқариб, жиловини тутиб, жиловдорлик қилиб Ҳирийни, оқар сувлар бўйларини бош-аёқ яёқ айлантиргандан кейин уйига кела сола бўсағанинг ўртасида тизза чўкканча ўз бошидан ўзи тупроқ сочган Алишер Навоий қилган ишни қилади. Бировга қарамайди. Биров қарамайди. Биров қаролмайди. Сиқимлаб, чангаллаб қуйганидан кўнгли тўлмайди, чоғи, қўшҳовучлайди. Бош-аёқ тупроққа ботади. Қошу киприк, юзу яноққа эга чиққан тупроқ гардининг юки ва димоғига урилган қадим таниш ҳидидан ўзига келади. Нафас олади. Кўзларини очади. Ҳар бир тупроқ зарраси субҳони ўрикнинг туршагидек келадиган ва қақшаб қуриган бош чаноқларидек, баъзиларининг кўзи-қоши, оғзи-бурни бордек кўринганча; ер билан неча йил ейишган ва тозаланиб охир-оқибатда пешонасига шамол эга чиққан, ҳар замонда бир кўз, бир қаншарини ҳуштак қилиб чалиб қўйиладиган қоқбошларнинг ҳозирча шамол эга чиқмаган бошга бош урганларидан оғзилари қулоқда хурсанддан хурсанд ерга қайта бош қўядилар. Қайта бош қўйиб жой-жойларини топиб тингунларича, тупроқ суратига киргунларичаям қувончи ичига сиғмай сакрашгани қанча, мийиғида кулгани, бундай кунларни санайвериб, саноқдан адашиб кетиб, йўқ қўлни йўқ қўлтиққа ургани нечов.
Мардоннинг шу туриши бир қараганда қўли юпқароқ рўзғорнинг устига эски жанда ташлаб қўйилган ер баровар келин тандирига, бир қараганда қўшқўранинг устига кигиз ташланган чағатига, бир қараганда чегарачи аскарларнинг соқчилик ўринларида биров пайқамасин деб япроқли япроқли, ҳашталали тўрларни бошларига ташлагандек кўринади. Фақат тўр тупроқдан тўқилган, япроқлар ўрнида чаноқлар осилишгандек, селкиллашгандек, солланишгандек, саломлашгандек. Йўқ қўлларнинг бир-бирларига «беш ташла» дегандек. Биров қарамайди. Биров қаролмайди. Қарашни хаёлигаям келтирмайди. Адашиб қараб қўйганнинг ҳоли хом тортади. Орқаси хом ташлайди. Хом узилади. Билмай кўзи тушиб қолганники бўлак. Қўшқўра деб чўпонлар даштда, тоғда қўйни боқиб келгандан кейин кечқурун дам оладиган вақтинчалик қўра, турар жойларига, чағат деб уларнинг нарса қоралари бир жойга тўпланиб, устига эгаликлигини билдирувчи бирон ёпинчи ташланган уюмга айтилади. Бегона одам ҳам сўроқсиз ёпинчи кўтариб фақат сув ва нонга тегиши мумкин. Бу чўпонларнинг қонуни.
– Эртага бир кун биров сендан неча эр қилувдинг, нечта уй солувдинг, гиламинг нечта, нечта тиллонг борлигини сўрамайди. Сўраса, нечта баланг бор деб сўрайди. Нимага тортишасанлар? Энди рўзғорни тортинглар. Хушу хурсанд ишингни қилиб юрмайсанми ўзингниям, бошқаларниям кўзини қувонтириб. Бир кун жанжал чиққан жойдан қирқ кун барака кўтарилади, деган машойихлар. Жалойирниям юзини ерга қаратма. Уч балани етти эрдан туққанлардан узоқ юр. Сохторлардан ўрганган ҳунарингни бошқа кўрмай. Тирноқ ўстириб қилинган иш ҳаром. Кипригу тирноқ ўстириш ўликка товун. Ўликка буюрилган. Ҳали ҳаммамиз ҳам ётамиз, тирноқ бир қарич, киприк чаппага қайрилиб. Шошмаган ҳаммасини ўз вақтида кўради. Бу юришларинг ўликларнинг олдидаям уят.
Энам ҳам, келинчак ҳам гап кимга тегаётганини бирдай биладилар. Мен ҳам. Келинчакнинг эгилган боши янаям хам бўлади. Келинчакнинг кўзида «у ерга борганимни Энага ким айтди экан», деган хаёл ўтади. Энамнинг ярим эртак, ярим матал, ярми тошойна, ярми музойна, бир чеккаси тузойна гаплари давом этади: қайтанга бир қиз бир йигитнинг ёқтириб бир катта шаҳарда бир катта дарахтнинг соясида ўтиришганда йигитнинг қулоғини тортиб ўйнаган қиздек хуш-хурсанд юрмайсанми, дейдилар, Энам китоб ўқиётгандек, бироқ кўзларини юмганча ип йигирганларича. Келинчакнинг хаёли Энанинг эналигига паққос тан беради. Боя йўлда келаётганда катта толнинг остида ерга тўкилган сап-сариқ гулларини босиб ўтаётганда, Тошкентда ўқишда юрганда бир қиз бир йигитни ёқтириб қолганини, гуллар устида бораётган қиз йигитнинг ҳазиллашиб қулоғини тортганини эслаб, аввал энтикиб, ютиниб, кейин «бўлган бўлса бўптида энди» деганча ўзидан ўзи ғашиққани кўз ўнгидан ўтаркан Энамнинг олдида ҳар нарсани ўйлайвермаслик кераклигига ақли етиб қолади.
– Аёлнинг рўзғорига меҳри ўчоқ бошини тоза тутишида, итнинг ялоғига қарашида билинади. Қўқиган жойга фаришта қўнмайди, дерди энамиз, эслайди у. – Итининг ялоғини тоза тутмаганнинг ўчоқбошиям гўрам бўлмайди. Машойихлар бекорга олқиндига кун қолмай, совуннинг қадрига етмайсан демаган, балажон. Бизаки, саксовулдан совун қилиб кир ювдик, силар кўрманглар.
– Дош пиширишни биласанми?
Келин билмаслигидан бош эгади.
Энам ўргатган бўладилар.
– Қозондаги сув исиб кетмай ун солинади. Шопириб турасан. Дошга туз солмайдилар. Туз солса, итнинг кўзи кўр бўлади. Дош итниям, эгасиниям обрўйи. Совуқ тушганда ҳар куни дош қилиб бер. Ичига иссиқ киради. Ўзинг ҳам икки кун иссиқ овқат емай кўрчи? Изингдан мўлтиратма. Уйга кирсанг, уйга, айвонга чиқсанг, айвонга, ошхонага кирсанг икки кўзи изингда қолади шўрликнинг. Итни мунча хўрламайдилар. Меҳр кўрмаган меҳр беролмайди. Овора бўлма. Художондан меҳрибон йўқ. Даргойидан жон бериб қўйибди. Одамниям, бошқаниям жонини ўзидан бошқа ололмайди. Ҳолики одамнинг жони экан, шохда пирпираб турган баргнинг узилишигаям амри етмаса, ерга бош қўймайди. Художон хоҳласагина одам боласи хоҳлайди. Ниятни яхши қилиш керак. Ортиқчасини кўтаролмайсан. Шу гапларни айтмаган энаниям, қайнананиям тезроқ кўтарсинда. Ювиндига ўрганган итда оқибат бўлмайди. Ювиндига ўрганган итни ит демайдилар. Ювиндихўр ҳамма жойда ювиндихўр. Кимнинг ювиндиси мойлироқ бўлса, ўшанинг ялоғини ялаб кетаверади. Кечаги эгани талашдан ҳам тоймайди.
Урчуқ ўзида йўқ, девшиганча бетини ердан кўтармай айлангани айланган.
Гапирилган гаплар сал ичкарига киришини кутиб, юққанига ишонгиси келган Энам яна давом этади.
– Мой томса, ялагудек тоза бўлмаганни ўчоғбоши демайдилар. Юз очар кунинг ўчоғбошига қайнананг олиб борувдими?
– Ҳа.
– Ўчоғбошига салом бериб, оловга мой ташлавдингми?
– Ҳа.
– Цанга энди ўзим қарайман деганмидинг?
– Ҳа.
Урчуқ айланаверади. Келинчакнинг нафас олишигина эшитилади. Энам худди келинчакнинг тандирхонасига кирганлару, орқасидан эргашиб келаётганга ўша жойдаги нарсаларни кўрсатиб гапиргандай давом этадилар.
– Қозонингни қопқоғининг аҳволига қара. Шўрликни икки бирдай ит яласа тўяди. Кўсовнинг турадиган жойи шуми? Тандирнинг оғзига бир нарса ташлаб, ёпиб қўядилар…
Урчуқ айланаверади, айланаверади.
Келиннинг кўз ўнгида тандирхона, ундаги ўчоқ, қозон, қозон қопқоғи, тандир, тандир остидаги бир қучоқ ғўзапоя, тандир кўсов кўринади, қаторлашади. Боя чиқарида кўсовга кўзи тушган, ётқизиб қўймоқчи бўлгандию, «ҳе, бор-э, манга нима» деган хаёлга қўшилган оёғи тортмаганди. Айтилаётган овоз узоқ-узоқлардан келгандай давом этади.
– Одам деган ўчоқнинг пешонасига оёқ қўйиб овқат қилмайди. Қозондаги бечорани ҳалоллиги қоладими? Ковушни кириб чиқмаган жойи қолмаган бўлса. Уят. Ўт-оловнинг олдидаям уят. Тошниям, кесакниям кўнгли бор. Ҳалики, ўту сув экан. Кўнглини кўп оғритаверсанг, қозонинг бир қусиб берса, эшитган оғзини ушлаб кулганда биласан, нима гаплигини.
Урчуқ айланаверади. Инчкираверади.
– Ундан кўра қозонингга қўй боқтирмайсанми? Қўй боқишни ҳавас қилмайсанми? Хушу хурсанд қозон қўй боқади, агар билсанг. Эгамнинг қўйи кўп бўлсин, ёғ-мойдан бизгаям тегсин деб. Ҳалолдан топилганга тўйган, ҳамиша тоза тутилган қозон қўй боқади.
Қозоннинг қўй боқиши дегани кечқурун овқат сузилиб, еб бўлингандан кейин ўчоғу қозоннинг иссиғи кетайми-кетмайми деганда мағласакдай саноқсиз чўғчалар худди қўй боққанда, қўй ёйилганда бир қатор бўлиб таралгандай, йўқ, ундай десам тушунмайсиз, турналар бир қатор бўлиб учиб ўтганда, турнақатор тизилишиб арқон тортишгандагидек қозон остидан қозон қулоқлари томон ўрлайдилар. Бир отарининг орқасидан яна бир қатори. У қатор орқасидан яна бир отари. Рўзғорнинг ўчоғини сув сепиб, тупроқ ташлаб ўчирмайдилар. Бехосият. Ўзи, ўзбилгича ўчиши керак. Эга хабардор бўлиб туриш керак. Эгалик ўчоғнинг давлатиям, ҳурматиям шунда. Буям аслида Энамнинг гапи. Қозон қўй боққан кун оталар болаларга сўрамасалар ҳам, суюнчи берадилар. «Қозонлари қўй боқибди, бориб суюнчисини олинглар» дейди она болаларгаям, отагаям эшиттириб. Оталарнинг чеҳраси ёришгандан ёришиб кетади. Мағласак деб энг кичкина чумолига айтилади.
Ўша кеч оталар ҳамиша гап эшитадиган оналарга яхши қарайдилар. Дўғлагандай, силтагандай гапиришга ўрганиб қолган оғиз гап тополмайди. Оналар эрлардан бир оғиз илиқ гап эшитмасада, кўнгилдан кўнгилга ўтган сезимлардан кейинги ҳаяжоннинг зўридан янги келинчаклардек нима қиларини билмай пайпасланиб қоладилар. Оналар ич-ичларидан хурсанд бўладилар. Шу кунга довур қозонга ҳаром туширилмаганига, ҳамиша ювилган, қаралганига, рўзғорда ҳамма нарса ҳалол ва тоза эканлигига қўй боққан қозон иқрорлиқ беради. Қозоннинг қўй боқиши шу кунгача бўлиб ўтган борлиқ ёмон гапларни олдига солиб ҳайдаб кетади.
Шунга ўхшаш кунларда эрлар икки кун яхши гапирсалар, учинчи кун хотинларни хавотир босади. «Ё бирор жойи оғриган айтолмаяпти, ё бирортани топган нами бор, шунга яхши гапираяпти» дегандек. Қачонки сохта ғазоватда бўлсаям эшитадиганини яхшилаб эшитгандан кейин яна боп-боягидек кўнгли тўлиб ишини қилиб кетаверадилар.
Урчуқ бир нафас тинмайди. Энам эндиги айтар гапларини саранжомлаб олдилар чоғи давом этадилар.
– Ердаги бирор жонивор, бирор қимирлаган қушу қузғун йўқки сану мандай уммати бўлмаса. Гап уларнинг тилини билишда, балажон. Чумолигаям озор бермайдилар. Эрта бир кун ҳақини сўрайди эгасининг олдида. Художон меҳнатни, сабрни увол қилмайди. Алағда бўлма. Ҳуснингга нон ботириб егудексан. Қаро уйга кирсанг, чироқ керакмас. Бу ҳуснлар баҳоси бир вақтлар юрт сўраган. Эҳтиёт бўл. Ҳусннинг яна бир отини куйдирги деганлар. Ямон куйдиради. Эркакка аёлидан ортиқ душман йўқ, дўст ҳам. Бўлар-бўлмасга эрни чалкаштирмайдилар. Эркаги бор уйдан беимоннинг нафаси қайтади. Эрсаклардан узоқ юр. Оғриғи қолсаям, одати қолмайди ундайларнинг. Балаям қарасанг бала, қарамасанг бало. Ўғил балани тўқчилик, қиз балани йўқчилик бузади. Отанинг, эркакнинг тарбиясини кўрмаган тешанинг сопига понаям бўлмайди. Ипга соя бермайдиганлар шулардан чиқади. Юракка эрта кундан кўртугун туширма. Кейин кеч бўлади. Умрни зоя қилманг, балажон.
Энамнинг қайта-қайта балажон дегани баробарида шу вақтгача хам бўлиб ўтирган боши ярқ этиб қаддини кўтаради. Аъзойи бадани кучга, ғайратга тўлиб кетади. Бировни ёмон кўриш деган нарсаларни билмайдиган болалардек нафас олади. Энамга елка тутади. Энам чап елкасига ўнг қўлларини қўядилар…
Энам энди келинчакка дугоналардек, янги тушган келинга яхшилик тилаб қишлоқнинг пасту баландини ўргатмоқчи бўлган дугонадек гап қўшадилар.
– Чаккидан қурт чекишни биласанми?
– Йўқ.
– Ёз келсин, ўзим ўргатаман. Боғдагул келиннинг қўли теккан деб бир талош бўлсин, ўшанда кўрасан қиёматни. Жерикман дегани борки, эшигингнинг олдига қандай келганини билмай қолсин. Отингни яримта айтиб чақирсалар, қарама. Одамни отини яримта қилиб айтиш беимоннинг ҳунарларидан. Ювган кирим яхши оқарсин десанг, уч қайта юв. Эринма. Уч сув кўрмаган кир яхши ювилмаган майитдай елкаси тиришиб ётади, ҳидиям ўзига ёқмай.
Турмуш аччиғу ширини билан турмуш. Отини бекорга турмуш қўймаган. Турмушни мушт деб қўйибдилар. Туришдан туриш турмушдан Худо асрасин. Турмушни пасту баландига чидаганга чиқарган. Турмуш одамман деганни сиқиб сувини олиб, пўласини чиқариб, тўппасини қолдирмагунча муштини бегона қилмаган. Муштнинг остида ким туролган, ким туролмаган. Мушт ҳам ўлгур ўзингники, бегона эмас. Аҳмоқлик Худонинг қарғиши, ношукурлик хорликка йўлиқтирмай қўймайди, – деганча ўзларига ўзлари гап қўшиб катта дамсар урадилар. Энам ўзларига ўзлари гап қўшганда ёнларида бировнинг ўтириши мумкин эмас. Мендан бошқа, албатта.
Келинчак чиқиб кетарда «Яхши билмайман», дейди. Энам: қайнанангга айт, ўргатсин. Ўргатганимдай қилиб ўргатсин. Куни кеча қачон балалик бўларканман, деб ҳу-ҳулаб, бетининг ёши беш томиб, кўзи кўчага сув сепиб юрувди, бугун катта хотин бўлиб қоптиларми? Туққани ўзи битта бола. Бировнинг баласини сарсон қилишдан уялмадиларми? Дунё – қайтар дунё. Ҳаммаси олдингдан қайтади. Қайтмагани қолмайди. Беайб Парвардигор. Ҳаммаям… айбдор керак бўлса, аввал ўзидан қидирсин. Ўзининг ёқасини ҳидлагани маъқул. Энам ўргатгандай қилиб ўргатар экансиз, десанг ўзи тушунади. Тушунмайгина қолсин…
Биламан, бу гаплар келиннинг қайнонаси ҳақида. Бу гапларни келин қайнонасига айтолмайди. Лекин хабар топганини кўзлар кўзга тушганда қайнона деган илғасин деб айтяптилар. Энам Мардонча айтганда, Мардоннинг тили билан айтилганда «политика» қиляптилар. Қайнонаям уйида ўтиргани билан гапларни эшитгандан зиёд билиб турибди. Уйи тугул ҳовлисигаям сиғаётгани йўқ. Келинининг ғовимизга бурилганини аллақачон унга етказишган. Энам бир киши билан гаплашаётганда гап устига бостириб келишга ҳеч кимнинг ҳадди сиғмайди. Гапларни ўғринча эшитмоқчи бўлган хаёли бузуқни Жаркўча рангидан билади. Оёғини оёғидан ўтказмай қўяди. Оёғи остидаги ер бир қочган билади гап нимадалигини.
Келинчак уйда бешикка белаб келган боласи уйғониб йиғлаётгандек ўрнидан туради. Ҳали чапу ўнги йўлга тушиб кетмаган келинлик калишиниям ўнги-чапига қарамай илдирганча жўнайди. Қўйнида янги сурпга ўралган идиш. Қулоғида Энамнинг гаплари. Эсимдан чиқмай бирор жойга ёзиб қўяй деган хаёлда бўлади. «Аёл киши эрталаб туриб, юз-қўлини ювиб, эрига икки қўллаб салом берса, эр ҳам икки қўллаб салом олса, шу вақтгача қилган гуноҳлари қўллар орасидан гувуллаб тўкилади…»
Дераза ортидаги эркак
Келинчак Ойқортоғнинг булбуллари китоб ўқишидан олдин туради. Қўл-бетини ювиб, ҳовлию бўсағани супуришга чоғланади. Ҳар турлик уйқусираган қушлар дарахт шохларида қўнишибгина ота ҳовли юзини тозалашдаги ғайрат шарпасини кўришни истаганлари билан кўзлари кўрмайди, супургининг бир маромда бориб-келиши овозидан уйқулари қочади. Аввалига аллалагандай бўлган бўлсаям. Келинлик маҳси-кавушининг тановарига – босганда чиқарган овозига маст бўладилар. Келинчак келин бўлиб тушганда, ҳовлига кирарда, катта бўсағада оловдан айланган, куёвнинг ортидан изма-из босиб айланган ўринларга кулиб-кулиб қарайди. Биров кўрадиям деган хаёлгаям бормай куёвининг орқасидан эргашган изларини оёқ учида бир-бир, бирма-бир босиб айланади. Қизиқ, ўшандаги излар ҳалиям ўчиб кетмаган экан. Шунча ўтиб қайтиб кўрмаганини қаранг.
Келиннинг кўзига бўсаға бўзаламидан бошқаси, бўлаги кўринмайди. Бўсаға бўзаламанинг ўша келин келганда Жаркўчадан ажралиб ҳовлига кирадиган йўлакдан кейин, дарвозадан киргандаги келиннинг оёғига бош берган, бошига кўтарган, елка тутган неча бир йиллик бўзалам, ўша олов айланганда ерга қараганда, бошқача кўринган кафтдеккина келадиган бир парчасини илкис илғаган келинчакнинг ҳам димоғи чоғ бўлиб кетади. Бўзалам янгидан бўзлаётган, бўзланаётганди. Дугоналар топишгандек ўтира солиб ўша бир парча бошқача, бўзаламлардан айрича ўсган, баландроқ, ўсиқроқ кўкални, майсанинг бошини силаган бўлади. Кўрган кўз келинчак эсдан оғибди, тентак бўлиб қопти демасин деган хаёл келгандан майсанинг орасида йўқ тошу хасларни битталаб тергандай бўлади. Елкалари узра Энанинг гаплари сирдош дугонадай эргашгани эргашган. Сочларига осилишиб олгандай ҳам. «Хотин – эрнинг жойнамози». Одам бир вақтлар бўлиб ўтган бирор гапни эслаб, эслаган гапидан ўзи уялиб кетишини ўшанда билган. Қизариб кетган юздаги табассумининг, жилмайишининг чиройлилиги ўзига кўриниб кетиб, ўзидан ўзиям уялиб кетади.
Табассум таҳоратни бузмаган. Табассум улашади. Табассум – садақа.
Бир неча кундирки, хотинининг саҳар мардондан маҳси-калишда ташқарига чиқиб кетишидан, ишларини қилиб бўлиб, қайтиб келиб кўзига тик қараб салом бериб икки қўллаб кўришишидан, кун бўйи тандирхонадан, ўчоқ бошидан чиқмаслигидан, итнинг ялоғини қайта-қайта ювишидан, уйқудан олдин елкадаги сочни, бўйнига етмаётган сочни қайта-қайта бўйнига ўрамоқчи бўлаётган, калталик қилиб етмаганидан ўролмагач сочининг учига қаричини улаб кўксининг устига қўяётганидан хавотирга тушган, дераза ортидан, уй ичидан, пардани сал суриб қараб турган эрнинг ранги-қути ўчади. Бу туришда хотини ўзини-ўзи бир нарса қилиб қўймаса гўрга эди. Ўзини бир нарса қилиб қўйган келинчакларнинг эрини қамаб қўйишларини эшитган, кўрган. Айниқса, хотини ўзини бир нарса қилишдан олдин ёзиб кетган хатлари топилгандан кейин. Кетганнинг йил оши ўтган бўлсаям, терговга фарқи йўқ экан. Тиззаси дераза токчасига тўшалган газетага тегиб кетиб, газетага қўшилиб тушган икки буклоғлик хатга кўзи тушаркан сесканиб кетди. Очиб кўрганди, совуқ тер босди. Ёзиқ таниш. Талабаликдан таниш. Бир вақтлардаги ўлдим-куйдимига сув сепган ёзиқлар. Энди бира тўла жинжай қилади чоғи… Аввал ўпка оғизга келиб тиқилди. На бир ютум ҳаво ичкарига киради, на чиқади. Кейин кўз кетди. На кўз кўради, на кўрганини илғайди. Кейин қўл-оёқ бирдан бировникидай ўзи билан ўзи бўлди, ўзига ўзи термилди қолди. Ўтиришгаям, юришгаям, ютунишгаям ақли етмади… Худди ҳолини ҳамма кўриб тургандек, улардан бекинаман, панага ўтаман, юраман деб кўрувди, оёқ-оёқдан ўтмади. Ўткизмади. Икки тиззасининг пасти илон сирғалиб тегиб ўтгандай, муз чўртта қирқиб кетгандай бўлди. Қотди қолди. Бирда Айдаркўлда чўмилишда шундай бўлувди. Икки оёқ орасидан ўтган илонни ўшанда кўргандиям. Ҳозир эса ҳеч нарса кўринмаган бўлсада, қулоқлари остида хавотир вишиллаб наппар уриб ўтгандек. Йўқ, вишиллаб тургандек. Кетмаётгандек. Кетишни хаёлигаям келтирмаётгандек. Ўнг қўлидаги хатнинг бир четини чап қўли билан ушламоқчи бўлиб хатга узанганди, қўлларининг бесўнақайлиги, узундан-узунлигини, чап қўлининг билакдан нарёғини эҳ-ҳе қаерлардан қайрилиб келаётгани, ҳали бери қоғозга етиб келиши гумондай, қўлни ўзи эмас бошқа биров бошқараётгандай икки кўзи бақрайди қолди. Эсидан ажралаётганини илкис илғади. Қўрқувнинг кучини шунда сезди. Эси борида ўнг қўлини йиғиштириб олмоқчи бўлганди, бунисиям бесуровдан бесуров бир нарсадек, бировникидек, қўлнинг қайрилиши кераклиги ҳақидаги хабар қўлнинг устида кетаётгандек, хабар сояси милтиллаб қўл учига етиб боргандан кейин бесуровланиб орқага бир қарагандек, қўл букилиб ўзини эплай олмай тоққа бориб урилгандек. Қўлнинг, бармоқларнинг учи тирноғининг тошга қарсиллаб урилиб оғриганиниям билди. Жони ачиб оғриди. Қизиқ. Оғриқ ҳам қолар олди, босилар олди, сўнар олди «энди оғриқниям сезмайсан, бу охирги оғриқ» дегандек бўлдиям, чоғи. Умр узиламан дегандаям. На оёқ, на қўл, на тил, на кўз, на хаёл аввалдан унга тегишли эмаслигига, бериб қўйилган омонат эканлигига бир қатимгина қолган ақли иқрорланди. Туюнди. Кўпи кетиб ози қолгандай туюлди… намози бузилиб, таҳорати синмаган сўпидай серрайди. Бўйнига солинган арқонни шу вақтгача «энг катта душманим» деб юрган одам келиб олганидан, бўшатганидан: хўрозчақандлар оёқлардаги, пашмаклар қўлларидаги тушовларни кўзлари жизиллабгина, жилтиллабгина, жиртиллабгина ечганларидан кейин ҳам қилт этишга, қимирлашга мажоли қолмаган, дордан омон қайтган на ўлигу на тирикдай зинғрайди.
Дераза ортидаги ҳаёт
Худо меҳрибон бўлди… деразани илкис ва овозсиз очган шамол бетига совуқ урди. Қўйворди. Аввал кўз кўрди. Кейин ёзиқларни ўқишга ақли етди. Хаёли илғади. Кўзи ўтди. Пўст ташлаган илондай енгил тортди.
Хотини қаердандир кўчириб олган ёзиқ. «Эрта туриб бет-қўлни ювиб, эрига икки қўллаб салом берганниям…» Хатни яна бош-оёқ қайта ўқиб, жойига, дераза токчасига тўшалган газета остига, қўйганча бир муддат серрайиб, кейин нимага бундай турганига ўзи ҳайрон бўлди.
Келинчакнинг тош териб ўтириши, икки тиззани ички бетларини бир-бирига зич теккизиб, қучоқлангандагидек жипс қўштиззани букилган оёқлар бир ёнга, бўксадан юқориси бир ёнга салгина ташланган ўтириши куёв бўлмишнинг хонумонини куйдириб юборади. Дераза ортидаги ҳаёт кўзига жаз этиб уриладида, бўз боладек беҳуш қилади-қўяди. Ҳовлига ошиқади. Талабаликнинг телбалиги қайтиб келгандек бўлади. Худди келин келганда олов айлангандан кейин келинни азот кўтариб айвонга олиб боргандагидек кўтариб жўнайди. Бу сафар энди шипирги–пипиргиси билан қўшиб. Бу сафар энди айвонгача эмас. Бу сафар энди нақд ўзларига ажратилган хонагача. Бу сафар энди чимилдиқ тортилган хонагача. Бу сафар энди пардаларни ўзи зич ёпади. Кунни томошадай эмас, байрамдай ўтказишни бошлайдилар. Кечаниям. Келин-куёв аввал «ойна кўрсатар» ўйнайдилар, кейин «келиннинг қўйнига тухум солар», хўрози бор товуқнинг тухумини, албатта, кейин «кампир қўрқитар», кейиндан кейин маҳси ечар дегандек… маҳсисини ечолмаган, ечишга қўрқибгина турган келиннинг кўнглини олиш йўлида «ширин чой» тутиб, «соч сийпатар»дан кейин ҳам маҳсини ечишга кўндириш осонми… яна тўпиғи устида Эна берган ип боғлоқлиқ оёққа кийилган маҳсини… Аёлнинг чиройлисини жанданинг ичида кўр… Кўр.
Ой ёруғида, эгаси бекасини кўтариб бораётган қўшсояга кўзи тушган итнинг ўтакаси ёрилади. Итлигига бориб, нима бўлаётганига ақли етмай шошган Олапар вовуллашиниям, вовулламасиниям, ялтоқланиш ё қочишиниям билмайди. Бойқадам бўлгилари келиб кетади. Вов деб қўйса балога қоладигандек, демаса, итлиги қаерда қоладигандек. Итлик ҳурмати қаерда қоладигандек. Шунча йил ит бўлиб, не бир ит кунини кўриб бунақасини кўрмаганди. Ҳовлининг у бошидан бу бошига бирда икки оёқлаб ирғиб-ирғиб, бирда тўрт оёқлаб сакраб-сакраб югуради. Тутагандан ичи тутайди. Ёнгандан кўзи ёнади. Итнинг кўзлари ёнганини ҳамма кўради. Фақат икки қўли билан бетини, йиғлаётган кўзларини ёпиб олган, куёв қўлида кўтариб борилаётган келинчак кўрмайди. Итнинг ҳансирашидан кўзининг ёнганини кўрганлардан зиёд кўргандай бўлади. Қўлларини бетидан олишга уялади. Ҳовлидаги дарахт шохларини қўноқ қилган бир гала товуқнинг ўртасига кириб олган хўроз бошлиқ мокиёнлару, қишлоқнинг хўрозли катаклардаги кун ёришмаса кўзи кўрмайдиган, шабкўр товуқлар Олапарнинг ўпкаси оғзига тиқилган югур-югуридан бесаранжом бўлиб ғурт-ғуртлашади. Хўрозсиз катакларнинг дами чиқмайди. Қўшнининг хўрозидан бўлсаям дон еб юрган товуқларнинг овози дадил чиқади. Қишлоқнинг тили узунлари Боғдагулнинг «Маҳсили келин» отини олганидан энсалари қотади: – Нима биза маҳси киймай шиппак кийган эканмизми, деганча ғуртиллашади…
Боғда гуллар орасида
Ер энди кўкланаётганди…
Девонателпакка бир вақтлар беҳиштда беғам, беташвиш Одам тилаб олган тумори Ҳавонинг гули гулшан орасида, боғда гуллар орасида қувалаб, боғдаги гуллар билан адаштириб қўйиб, бетма-бет бўлишганда қўли қўлига тегиши билан янада юқорига кўтарилишган, ўзларига аён бўлмаган куч уларни янада баландга сокин шиддат билан ирғитган, ўйнатган, қувнагандаги қўл ушлашган одамзоднинг кулгиларининг жаранги, бутоқлар ирингандаги шивири, ҳали гулчангини ҳеч ким эммаган бокира ғунчалар шамолга илакишиб чалган қўнғироғи, майсалар қўшқарсаги, паққос очилган гулларнинг чатишгандан бериги хушу хурсанд ҳайқириғи эшитилиб кетганидан тентирайди, довдирайди, нафас олишда кўзига бошқа жой, нафас чиқаришда бир бошқа жой кўринаётганидан… саждага боради…
Яхшиям Художон одамзодни кеч тушгандан товуққа ўхшатиб икки кўзини шапақ қилиб қўймаган. Қорашом қўнгандан етган жойида товуқдай чўнқайиб ўтирарди, қачон кун ёришаркин деб. Жондорман деганиям танлаб, танлаб дегандай. Ўзиниям кўп уринтирмай. Ўтгандан ҳам, қайтгандан ҳам тепки еб дегандай. Ўзинг меҳрибонсан, беадад. Меҳрингни бегона қилма. Кўнгли шапақларингга раҳминг келсин. Сен раҳмлисан…
… шу кетгандан, шу кўчгандан дунёни бир айланиб келади. Кимсан тус Амир Темурнинг ихлоси, хос буйруғи билан Турк Пири мақбараси учун ясалган ҳашаматлидан ҳашаматли минг шамлик шамдонни ёқмоққа чоғланади. Қаҳрабодан ясалган шамдоннинг уялмай-нетмай Парижга олиб кетилгани, устига-устак кимдир уялмай сотгани, кимдир уялмай сотиб олгани, Лувр отлиқ музейда сақланаётганига бирда ғашиқса, бирда ғашиққанидан кулади. Олиб кетилмаганда нима бўларидан туюнгандек аъзойи бадани сесканиб кетади. Худонинг амрисиз қушнинг томоғидан бир томчи сув ўтмаслигини англаб туриб, шу хаёлларга борганига ўзидан ўзи уялади. Кирар нафаси куйдириб, чиқар нафаси кулдириб дегандай. Бошини чироқ ёқилган шамдонга уриб олган кўрдай икки қўлини икки ёнга кўтарганча бошига урилган нарсани ушлаш пайида пайпасланади. Ўзини шамдонга қўшилиб соллангандай сезади. Ёқилган пилик олови тафтида исинган бўлади. Қўллари оловдан, олов қўлларидан қувват олган бўлади. Энди гуллайман деганда бирда совуқ урган, бирда дўл савалаган, бирда тентак шамол битта қўймай тўккан, бирда ўзидан ясалган сопни ўзиники ўз бошига болта кўтариб келган, гуллашдан ҳам безор бўлганидан гуллаш ҳам эсидан чиқиб кетган, ўтган йилдан қолган ва ўймоқдан сал катта бўлиб иссиқнинг зўридан пишарга етмай шохида сарғайганча тош қотиб қолган мевасига не бир ҳасратда қараган беҳининг янги баргларидай рангпарланади. Ўзига ўзи қўшиқ айтиб ўзининг кўнглини ўзи чоғ қилади.
Худонинг раҳмати, файзи ҳама инсонда яксардир,
Ва лекин тарбият бирла етишмак шарти акбардир.
Беланчак осган ой оғзининг бир чеккаси билан кулибгина қўяди. Ой беланчаги Ойқорнинг ой суратлиқ минг-минг йиллик қори билан тенг турганидан қўшбеланчакдек кўринади…
Жаркўчанинг димоғи чоғ, хурсандчилиги ҳеч бир ерга сиғмайди. Бир қўлида папалаб тозаланган бир тугун юнгни кўтарган, бир қўлида қайнонаси ювуқсизнинг кўзи тушмасин деб бир парча сурпга ўраб берган урчуқни тўғри кўтардимми, чаппа кўтардимми деган ўйда қайта-қайта урчуқ бошини кўкрагига босиб-босиб текшириб бораётган келиннинг йўлига чиққанларнинг путини осмондан келтиришдан тоймайди. Тановарли маҳси-кавуш изларини янги изчалар босганигача, қаватида пилдирашиб из қолдиришларигача асраб қўйишига ўзига ўзи сўз беради. Қўйнига яширади… кўкайгинасига беркитади… ювуқсизлар назари ҳеч қачон тушмайдиган кўнглига кўмибгина қўяди…
Жаркўча елкасини босиб ўтган ҳар бир изнинг дарду дунёсини билади. Яхшисиниям, ёмониниям. Қизалоқлигида, етишмовчиликдан қизалоғи отасига мўлтираб айтолмай, отаси қизига мугтариб дами ичида ироқи дўппига етишолмай ўтиб кетган болалигини эслаб, қўмсаб, ўксиниб, болалари бир-бирининг қўлини ушлаганча етаклашиб, қизларининг бошидаги ироқи дўппиларга қараб-қараб, атрофида бир нарса ғилтиллаб айланган кўзини болаларидан яширибгина эргаштириб, етаклаб, бети кулсада, ичи тўкилиб бораётган, ота уйига меҳмонга келаётган хотинларнинг хаёлинигина кўтара олмайди. Ўзини оёқлар остига таппа ташлайди.
Дераза ортидаги юлдузлар
Қадим ва сокин эски таниш қорашом энади. Оқшомга ҳали бор. Юлдузлар сирларимни айтсамми, айтмасамми, деб икки ўйда турган дугоналардек туюлади. Юлдузлар кўзидаги ёшда юлдуз кўринадими, ўзиникидами, айрит қилолмайди. Хаёли хаёлига гап қўшдими, эригами униям билмайди: қоронғисини чиройлилигини қаранг. Боя Ойқорга салом берувди. Тоғ саломига жавоб қайтаргандай, жавобни илғагандай бўлганидан сесканиб кетди. Боя шамол тоққа қараб эсаётганди, энди тоғдан эсаяпти. Шамол тоғдан эсганда яхши бўларди, деб ўшанда хаёлидан ўтказгандия. Дарров қайтиб келибти. Тоғ томон бир бориб келган таниш шамол рўмолидан чиқиб пешонасига тушган сочини ўйнаб эрининг бету кўзига урганидан, эрнинг икки қўли бандлигидан бир тутам сочни тишлаб олганиданми, иссиқ нафаслар учрашганиданми ичи ёришиб кетди. Кўз ўнгидан Олапарнинг хурсандлигидан ҳаллослаб, оғзи очилиб, бир қарич бўлиб чиқиб, ақли шошганидан йиғиштиролмай қолган тили, чақнагандан чақнаган кўзлари ўтади. Ҳали мағзини чақа олмаган бўлсада, икки елкасида Энанинг гаплари: итнинг нияти ҳамиша яхши. Ит эгамнинг боласи кўп бўлсин, бири бўлмаса, бири нон опчиқиб беради, қанча кўп бўлса, шунча яхши, қўлларидан нон олиб ейман дер экан… эгарнинг қошига қараб эгар устидагининг қўтир итини сизлашга қолган кунни кўрсатмасин…
Бир неча кундирки, кўзтаниш юлдуз аввал ўнг қошини учириб, кейин чап кўзини қисиб, ўртада тилини бир чиқариб қўяди. Бир гапни айтмоқчи чоғи. Қизлар яхши кўрган йигитларига хат олиб бориб беришимни айтмоқчи бўлишганларида шундай қиладилар. Юлдуз ўғил бола юлдузми, қиз бола юлдузми билмайманда, жавоб қайтарай десам. Юлдузларниям кимлигини отидан билса бўлади. Унинг учун биринчи юлдузнинг ўзини таниш керак. Лекин Мардон барини билади. Юлдузларнинг борар-келар йўлигача, қайсиси қайсисига дўст, қайсиси душманлигигача. Менга қорашомдан кейин кўчага чиқиш мумкин эмас. Энам хафа бўладилар. Ҳозирча фақат Зуҳра, Муштарий ва Эгизакларни танийман. Энам Зуҳрани Зувро дейдилар. Зуҳрадан совуқ шамол эсса ёмон эмиш. Совуқ шамол элнинг ёзиғи кўпайиб, золимнинг қўлида қолишидан белги эмиш.
Насиб бўлса, ҳадемай далаю даштга қизғалдоқ эга чиқади. Ўшанда болалар «ўғилми қиз» ўйини ўйнайдилар. Қизғалдоқ ғунчасини олиб баҳслашганда, биров бошқасидан «ўғилми-қиз?» деб сўрайди. Топарман айтарини айтади. Айтарман ғунчани пешонасига уради. Ғунча қарс этади. Қип-қизил чиқса, «қиз» чиққан, оппоқ чиқса, «ўғил» чиққан бўлади. Боғдагул янга «ўғилми-қиз» ўйинини билармиканлар? Билсалар ўйнаймиз, билмасалар, ўргатаман. Томларнинг чеккалариниям қизғалдоқ босишига оз қолди. «Ўғилми-қиз»ни кўп ўйнаганни пешонасидан билиб олса бўлади. Аввалига ҳиндиларнинг келинчагидай пешонасининг ўртаси қизариб, кейин бир неча вақт қорайиб қора, кўкариб кўк эмас, бўзарганча пешонага эга чиқади. Билмаган куя тегизиб олибди деб ўйлайди. Билган «ҳа, энди бу йил қайси кўп бўларкин: улми-қизми» деб ҳазиллашади.
Таниш-нотаниш, катта-кичик юлдузлар дераза ортида тизилишганча мўралашади. Зуҳро бир тароқ ўзининг, бир тароқ дугоналарининг сочини тарайди. Бетма-бет тикка турғизиб қўйганча Ойни ойна қилиб олган бўлади. Юрагида ғужури бор дугоналардан биронтаси бирон узоқроқ жойга тушади, чоғи. Муштарий ўша-ўша: хат-қалам юритади. Элнинг оғзидан эшитганини бир бўлак, кўрганини бир бошқа, ўзидан қўшганини бир қўш. Эгизаклар бежағимлигини қўймайди. Қулоғига гап кирмайди. Минг гапирганинг билан унисидан кириб, бунисидан чиқиб кетади. Бир-бири билан итолиш ўйнагани-ўйнаган. Кундузлариям бир кўзлари деразада. Хабар кутиб, хабар пойлаб. Юлдузлар ҳамма балони билади. Уларни бир жойда туради деб ўйламанг тағин.
Юлдузларнинг бежағимлиги тингач, Ойқор узра Ой келинчакдек бош-оёқ оққа ўранган, энг чиройли канизакларини ияртиб томошага чиққан бўлади. Бўй етган қизларнинг энг даҳшати, энг чиройлиси дугоналаридан бир қадам олдинда юргандай юради. Сузилмайман десаям, ўзидан ўзи сузилиб кетаётгандай. Сузилмайман десаям сузилиб кетаверадиган чиройли қизларгаям қийинлигини Ойқор қаердан билсин.
Ер энди кўкланганди… кўкланади… бор бўйига бўзалам тортади… тоғу тош, қиру ўр, тўру гўр демай бўз аламини тортади… Вақту соат шошмайгина, буюрилганидай, йўриғидан адашмай мол ораламайдиган, одам оёғи ойда-йилда бир тегадиган, бироқ борар жойлари бўлмиш Ўсмат ота қаватидаги пасту баландларнинг чаккаларига чечаклар тақади. Бу сафар бойчечакларни укам, Исажон ва Муҳиддин отлиқ икки жўрам, йўғ-э, аволарим билан бирга кўрганман. Бири Риштондан, бири зоминлик. Чечаклар бизни, биз чечакларни кўрганимиздан хурсанд бўламиз. Жўраларим таниш бойчечаклар энсаларини қитиғлаб қўйишади. Лекин юлмаганмиз. Энамга бойчечак келганини айтишим керак. Ўтган йили айтганимда «ҳар бандасининг гул вақтиям ғанимат» деб Каттасойга қарагандилар… Бу йил нима деркинлар?
Каттароқ гуллари ёйилиб, кичик гулчалари уялиб қарайдиган, ости кўринадиган ҳилбадан отлиқ матодан кўйлак кийган, киши димоғини чоғ қиладиган атир сепган келинчак Энам ўтирадиган уйга кириши билан кўчада кийиб келган беқасам минсагини илгичга осади. Уйни атир иси тутиб кетади. Келинчак энди Энамнинг Энамлигини билиб гаплашади. Эски қўшиқларни ёзиб олишни одат қилган. Энам бир айтган қўшиқларини қайта айтмайдилар. Юраклари кўтармайди. Қайта айтаман деганлари билан айтолмайдилар. Эсларидан чиқиб кетади. Келинчак ёзишга улгурмай қолади. Мен ўзи бир нарсани, хушимга келса, бир эшитганда ёдлаб оламан. Хато иш қилиб қўйгандек жовдираб қолган келинчакка ёрдам бераман. Энам хаёллари билан менинг айтганларининг тўғри, нотўғрилигига сер солиб ўтирадилар.
Сув келар – оқар кетар,
Тоғ-тошни йиқар кетар.
Дунё бир деразадир,
Ҳар кетган боқар кетар.
Соя бермас қоядан,
Жилдираган жар яхши.
Беном ўтган сирридан,
От чиқарган қир яхши.
Қирқ кўзли деразадан
Қарар ямон, ҳам яхши.
Қирқ қуруқ насиҳатдан
Бир силқиган дард яхши.
Келинчак сирри, силқиган деганларни ангнимас, эшитмаган экан. Энам менга қарайдилар – мен тушунтираман… Сиррини эркак – аёли бўлмайди. Такасалтанг, қўлини совуқ сувга урмайдиган, оғирнинг остидан, енгилнинг устидан юрадиган дегани…
Вақт бемаҳал бўлди. Энди ухлашим керак. Энам менга қараб-қараб қўяяптилар. Хўроздан олдин туришим керак. Қичқирмасидан олдин. Бўлмаса, куни билан оёқ остида ўралашганча бақрайиб қарайверади. Мен сени уйғотганман дегандай. Эрталаб Энамнинг ҳассаларини қўлларига беришим керак. Эшиккача олиб боришим керак. Эшик ортида опам кутиб турган бўладилар. Қўлларида отам Самарқанддан олиб келган, пласмассадан ясалган енгил, ичида илиқ сув тўла чўвва, ёнларида қулоқларига қўшиб бетиниям қайта-қайта ювган, мўйловларгача таралган, одоб билан чўнқайиб ўтирган пишагимиз бўлади. Бет-қўлни ювмай бировнинг бетига қараш, салом бериш мумкин эмаслигини билади чоғи. Бет ювмасдан тоғнинг бетигаям қарамайдилар. Мен Энамни бомдодга уйғотадиган, бири Катта отамнинг отасидан қолган саданинг шохида, бири қишлоқ оралаб ўтадиган Туркариқ ёқаларидаги тераклардан туриб, бири қўйиб бири сайраган, бири бирига гап қўшгандай булбулларнинг овозидан уйғонаман, керак бўлса. Хўрознинг эмас. Қишлоқнинг катта мулласиям ана шу булбулларнинг овозини бошқаларникидан айрит қилишини Энамга айтганларида илиб олганман. Одамлар бомдод йўлига тушишлари билан тиниб, мачитдан чиқиб, уй-уйларига қайтиб, ғовларидан ошишлари билан яна сайрашни бошлайдилар. Буни ўзим кузатганман. Бугун одамларнинг оғзидан эшитган, кўнгилга ўтирган, ичимни ичидан келиб хаёлимни бир чеккасида ўтириб олган, бир пал бўлиб гуллаб турган боғдаги гуллар ичида бошқача кўриниб, бошқача қараб турган гулдек, ҳар замон ҳар замон «бизларни қачон дафтарга ёзиб қўясан» дегандек, уйқуси келмаётган, бошини кўтариб қараб-қараб қўяётган гап-сўзларни эрталабгача эсимдан чиқиб кетмасин деб ичимда такрорлайман. Барибир бўлмайди. Эринаётганимни Энам билиб қоладигандек, аслида, Энамни безовта қилмай деган хаёл ҳам бўладию, бу баҳона хаёл эканлигини кимдир бир йўталиб бекор қилгандек, кейин томоқ қириб меҳнатдан қочмаслигим кераклигини эслатгандек бўлгани учун ирғиб туриб ёзиб қўяман.
Отадан ортиқ содиқ қул, онадан зиёд чин чўри бўлмас.
Тушунмасанг, бир зиён, тушунсанг икки зиён.
Тўлган ойни қўл билан кўрсатиб бўлмайди.
Тупроқ одам танлайди.
Дарахтлар дуога қўл кўтарадилар.
Бировни йиғлатган ит улумай қолмайди.
Улиган итга бутун нон ташлайдилар.
Ёмон ит оёғидан қарийди…
Тоғлари элларига муносиб тушубтур,
Тенг бўлмагунча, тўш бўлмас.
Золим ўлмагунча тўғрига сон йўқ.
Чоғига қарамаганни чатанига оғир тушади.
Бир жон бўлса, унинг ғамини ема…
Кўкай кўклам тусайди.
Кўкай кўкалам истайди.
Кўкайда кўк алам пирпирайди.
– Уни-муни қўйинг, туянгиз нечта бўлди? Шундан гапиринг…
Жиззах – Тошкент.
2019 йил, январь-август.
«Ёшлик» журнали, 2019 йил, 8-сон