Икки бошли калхат сурати туширилган хос вагонни етаклаган паровоз бир нарсадан қуруққолгандек ҳансираб, Самарқанддан саҳар мардонлаб йўлга чиқди. Атрофни аччиқ-сассиқҳид босди. Хайрлашаётган баҳорнинг намтоб ҳавосига ўрлаган қора тутун ичра поезд юрар йўлини тусмоллаб борарди. Яна сон текканидан ўзида йўқ хурсанд, истеъфодаги полковник, суд ҳайъати раиси Александр Николаевич Соколов вагон-ресторанда. Игна ютган итдай ориқпоручик-прокурор ва ҳуқуқ илмидан бехабар юзлаб аскарлар орасидан танлаб олинган тўрт нафар зобит — ҳайъат аъзолари раиснинг қош-қовоғига қарайдилар. Ҳайъат базми жамшид устида. Қурдагилар Жиззахга юборилган. Шаҳарни тозалаш буюрилган.
Анчадан буён ишсиз юрган, қозонга қоровуллик қилиб қолган полковник яна қўл остига одам берганликлари, униям эсга олиб қолганликларини шу вақтгача сездирмай келган бўлсада, ичига икки томчи киргач жиловини бўш қўйди. Қўлидан ҳали кўп иш келишини, келгандаям катта ва довруқли ишлар келишини унутмаганликларини ҳар бир аъзога қайта-қайта уқтирди. Ҳазрати Олийларига таҳсинлар ўқиди.
Большой Михайловка станциясида сувхонасини сувга тўлдириб ҳаяллаган поезд яна йўлга тушди. Милютинскийда ўтинхонасига ўтин ғамлайди.
— Мени шахсан суд ҳайъатига бошчилик этиш учун таклиф қилдилар, — деди, худди бошқалар буни билмайдигандек. — Судда бу итларни чивиндек эзиб ташлайман. Жиззахнинг ҳар бир дарахтига буларнинг ҳаром жасадини биттадан осиб қўяман…
* * *
Ўйинни зўри ё бозорда, ё мозорда бўлади. Бу сафар ҳам шундай бўлди. Катта, зўр ўйинларни сопи ҳамиша ўзидан чиқарилган. Ҳали Жиззах Ўрдасида қирғин бўлмасдан олдин, Ўрданинг шундоқ биқинидаги бозорнинг икки қоровули “отасидан қолган мулк”ни бўлиша олмай жанжаллашганди. Бозорни кирди-чиқдисидан топадиган бир парча қаттиқ нон кўп кўринди. Худо урган шундай ношукрлик кунларни бирида ур калтак, сур калтак бошланди. Қоровуллар жанжал нимадан бошланганиниям, нимага Ўрда ўт ичида қолганиниям билишмади. Бозорда кунда ўн уриш, юз жанжал. Шулардан бири бўлса керак, дейишганди. Кейин билишдики, Ўрдадаги жанг катта жанглардан. Бозор кўрганлар бундай кунларда бировни ўйламайдилар. Бошни бирор панага тиққан маъқул, тирик қолса бўлди. Бошқанинг кўзи оқиб тушсаям киприги қилт этмайдиган бозор кўрган қоровуллар жангга ўзларича аралашдилар. Тўғрироғи бирови олдинроқҳаракат қилди. Пайтдан фойдаланди. Занг босган ва тўппончалиги қолмаган темирни адоватдаги қоровулнинг ҳовлисига кўмди-да, фалончиям қўзғолонда қатнашган, ҳовлисининг пистон жойида тўппончаси бор деб маъмурларга чақув етказди. Солдатлар келиб кўрсатилган жойни ковлашса, ҳақиқатан ҳам тўппонча чиқди.
Шаҳарга адоғсиз дабдабаю, асаса билан кириб келган суд ҳайъати бошламасига шу ишни кўриши, кўзини пишитиши, Оқ пошшо одамларининг гапини икки қиладиганларни кўзини мошдай очиб қўйиши керак эди. Ҳайъат кўрадиган ишларнинг гуноҳкорлари кўча, раста, бозорлардан тутиб келинган, оддий тирикчилик куйида куймаланиб юрган кишилар эди.
“Ўта муҳим жиноятчини” солдатлар қуршовида олиб кирдилар. Оқловчининг қорасиям кўринмади. Суд бошланди. Тўққиллатиб стол устига қўйилган бир энглик занг босган темирни тўппонча эканлигини фақат уни кўтариб юрганларгина илғашди. Сўров бошланди.
— Тўппонча сеникими?
Собиққоровул тўппонча деган нарсани иккинчи бор яқиндан кўраётганидан қўрқиб кетди. Бир марта уйидан ушлаб кетишаётганда қўлига тутқазиб қўйишганди.
— Тўппонча меники эмас.
Тўппончани ундоғига, бундоғига айлантириб кўришди. Бир зобитни чақириб, уни ишлаш-ишламаслигини текшириб кўришни буюрдилар. Зобит шошиб қолди. Тўппончани ишламаслигига ақли етмайдиганлар қандай суд ўтказаётганлигига ҳайрон бўлганлар ивир-шивири залда бир ўрмалаб олди. Орадан бир соатдан ортиқ вақт ўтди. Ҳайъат бетоқатланди. Яна бир зобитни гап нимадалигини билишга жўнатдилар. Сукунат.
Тўппончанинг овози чиқмаётганлигидан бандининг бетига қон югургандек бўлди. Тетикланди. Шунда, шунда бирдан осмону ерни ларзага солиб ўқ овози янграб кетди. Назарида худди тўп оғзига уни боғлаб отишгандек бандининг ҳуши қолмади. Ташқарида, қаердадир, қандайдир қуролдан отилган дайди ўқ бехато келиб шакар томирига урилгандек, тик бўй йиқилди. Ҳайъат аъзолари масала ҳал дегандек бир-бирларига ройиш бериб қарадилар. Раис икки соатдан буён ниманидир расмини солиб ўтирган, китоб деса китобга, супра деса супрага ўхшамайдиган бесўнақай икки бетли жилдни бир-бирига қарсиллатиб уриб, стол устидаги кумуш қўнғироқчани каштасини келтириб чалганча суд якунланганини билдирди.
* * *
Раис қачондир, нимадандир, жуда қаттиққўрқиб юзи шу ҳолатда қотиб қолганлиги, киприк қоқмаслиги, мудом бақрайиб туриши, томоққиришидан заҳар томиши билан ном чиқарган эди. Прокурор саводсизлигини эгнидагиҳашамдор формаси бекитиб туради деб ўйлайдиганлардан бўлиб, зобитларни нақшинкор хумларга ўхшатганлар хато қилмасди.
Сўроқ пайтида раис бандилардан бир-икки оғиз гап сўраган бўлиб, бошини аввал ўнг томонга, кейин чап томонга буриб, навбатни ҳайъат аъзоларига ҳавола этар, бироқ уларда ҳам гапириш истаги топилмасди. Рўйхатга белги, чизиқ чизиш билан овора эдилар. Прокурор ва ҳимоячининг гапларидан сўнг қўлларидаги қалам билан бандига ўтир ишорасини қилишар, сўроқ навбати бошқасига келарди. Шу зайлда бир кунда режага асосан юз одамнинг ишини кўриш вазифаси зиммаларига юкланганди.
Савол-сўровни қаттиғи саводсизда бўлади. Гўштга етган итдай навбат прокурорга тегиши билан кўзойнаги ва сап-сариққоши оралатиб аввал рўйхатга, кейин бандига бошдан-оёқ тик бўйин қараб, қурбақани авраётган илондек бўйнини беўхшов чўзиб-чўзиб қўланса-палағда товуш билан ишини бошларди. Одатда банди прокурорнинг саволига тушунмас, қайта сўрашга журъат қилолмас, қайта сўраш мумкинлигини ўйлаб кўрмаган ҳам ёки жавоб берса-да прокурорнинг найранг тўрига ўз ихтиёри билан бўлмаса-да, қатъиятсизлиги, гўлу овсарлиги ортидан илиниб қолардики, гапираётган гапи ўзига зарар келтираётганлигини фаҳмламасди.
Аммо таржимон прокурорнинг айёрлигини пайқаб қолиб, саволларга шарҳ бериб, авом тушунадиган тилга ўгира бошлайди. Шу тариқа уч-тўрт банди прокурор чангалидан қутилишга эришди.
Прокурор билди. Энди таржимоннинг кўзига қаттиқ тикилиб, саволларини дона-дона талаффуз қилар, лекин таржимон диққат қаратмас, ишига собит турарди…
Прокурор кўрдики ов бароридан келмаяпти. Таржимонга ташланди.
— Сиз, Мирзо Абдухолиқзода, менимча саволларимни нотўғри таржима қилаяпсиз. Бир оғиз гапимни достон қилиб етказишни нима зарурияти бор. Гапимга гап қўшмай айнан таржима қилишингизни талаб қиламан!
— Прокурор жаноблари сиз адабий тилда гапиряпсиз, агар мен гапингизни айнан ва сўзма-сўз таржима қиладиган бўлсам, қишлоқ одами сизга нима деб жавоб қилади. Агар саволингизни очиқроқ, аниқроқ баён қилсангиз, менинг шарҳ бериб ўтиришимга ҳожат қолмасди.
— Бу ёғи сизнинг ишингиз эмас! Вазифангиз айнан таржима қилиш, тушундингизми? Сиз менга йўл кўрсатманг! Мен ўз ишимни яхши биламан.
— Кечирасиз, жаноб прокурор, менинг вазифам саволингизни бандига тушунтириб бериш, токи у саволга тушуниб жавоб берсин, зеро, бу ерда инсоннинг тақдири, ҳаёт-мамоти ҳақида гап кетаяпти.
— Такрор айтаман, саволимга илова қилманг, мен нима десам, айнан таржима қилинг, сизни бу ерга таржима қилиш учун олиб келганлар, — деганча қаҳр билан столга мушт солди.
Ҳайъат, бандию соқчилар, текинидан қуриққолгандек йиғилган томошабинлар бир чўчиб тушди.
Таржимон суд раисига мурожаат этди:
— Раис жаноблари, мени ҳарбий суд мажлиси таржимонлигидан озод қилишингизни сўрайман. Мен прокурор талабини бажара олмайман ва виждоним олдида гуноҳкор бўлишни истамайман.
Суд танаффус эълон қилади. Кейин маслаҳат хонасига прокурорни чорлади.
— Александр Николаевич, таржимоннинг хатти-ҳаракати жонимга тегди.
— Бу ерда ҳиссиётга берилмаслик керак, азизим, Василий Петрович, маълумотингиз, унвонингиз вазифангизга тўғри келмаслиги важидан Тошкентда озмунча одам билан сану манга бориб сизни сўрамаганмидим. Мана, кўриб турибмиз, тажрибангиз ҳам ҳаминқадар…
— Александр Николаевич, ўзингиз биласиз бунча одамни айбдор деб топиш учун началник охранканинг бир протоколи камлик қилади. Биргина гувоҳимиз бор. Лекин, унинг “танимайман” дейиши ҳам асоссизга ўхшаяпти. Шунинг учун мен юристча гаплар билан уларни бошини гангитиб, ўз тилидан илинтирмоқчи бўляпман. Таржимон эса ишимга халал бераяпти, агар у халақит бермаганда қанчасини тумшуғидан илинтирардим. Бунинг ўрнига русчани ҳам яхши гапира олмайдиган чаласавод таржимон топганимизда яхши бўларди.
— Василий Петрович, жуда соддасиз-да, нима Тошкент қароридан хабарингиз йўқми? “Бу итларнинг ҳеч бирига омонлик йўқ” деган гапни эшитмаганмисиз?
— Қандай хабарим бўлмасин. Юристлик маҳоратингни ишга сол деган эдингиз, шунга амал қилиб…
— Яхши, тайинлаганимдек, чалкаш саволлар билан чалғитинг, гапга олинг. Прокурор деган номингиз бор. Русчани тушунмайдиган маҳаллийларга эътибор қаратмайман. Сиз ҳам шундоққилинг, бироқ русчани биладиган адвокатлар ва томошабинлар чатоқ. Улар қанақа одамлигини билиб бўлмайди, демакки, ишониб ҳам. Мабодо масала қандай ҳал бўлаётганининг исини олсалар ҳукумат шаънига бўлмағур овозалар тарқатадилар. Албатта, ҳукумат бундайлардан қўрқмайди, лекин ҳарбий судимизнинг нозик жиҳатлари бор. Тушунгандирсиз? Қанчалик оғир бўлмасин, таржимондан кечирим сўрайсиз. Бу шахсий иш эмас, умум иши. Умумга фойда келтириш учун шахсийнинг баҳридан ўтиш керак. Шу ишингиз билан очилган пардани ёпган бўласиз, — деди дўлтабўридай ёвуз босиқлик билан.
Аввалига йигирма мингдан зиёд эркак зоти сўроқ-сўровсиз ўққа дучор қилинган, кейин ўқни ҳам ҳайф ҳисоблаб совун суртилган дорларга тортилгани сабаб шаҳар ва шаҳар атрофи бўри талаган қўрадек ҳувиллаб қолди. Кундуз куни ҳам қидириб қари чол ва норасида гўдаклардан ўзга эркак зоти топилмас бўлди. Қочгандан қирилган кўп бўлди. Эгасиз экинзорлар ер билан битта бўлиб ётар, ишлашга қурби етганларнинг илингани ўлдирилган, қочгани бедарак, ушлангани турмада, суд бўлгани Сибир, “омади чопгани” мардикорликка олиниб, учи-қири йўқўрмонзорларнинг гадой топмас, борса келмас хилватларига жўнатилган эди. Шаҳарни ушланган жойидан вагонларга урилган дайди-дуйди, оч-яланғоч, соч-соқоли битлаб, ҳа демай етиб келадиган мужикларга бўшатиш лозим.
Жиззах шаҳри, Боғдон ва Сангзор вулусларида қариялару ёши қайтганлар, аёллару болалардан бўлак қўзғолонда иштирок этганлигини гумон қилиш мумкин бўлган тирик зот қолмади. Тирик қолганлари қўзғолон иштирокчиларини зудлик билан тутиб беришлари ҳақида буйруқ берилди. Мабодо уч кунда буйруқ бажарилмайдиган бўлса, аҳоли уй-жойидан мосуво бўлиб, чўлу биёбонга бадарға этилиши олдиндан тузилган режага асосан маълум қилинди.
1916 йил 7 август. Соат ўн икки. Фармон ўқиб берилди. Унга кўра аҳоли биёбонга сургун қилиниши керак. Кун қизигандан қизиди. Саллотлар ва отлиқ казаклар қиличу найзаларини яланғочлаб, милтиқларини ўқталиб, нотавонларни тўрт томонга ҳайдаб шаҳар четидаги дала, Учтепага тўпладилар. Оч саллотлар аҳолининг охирги бурда нонини қўлидан юлқиб, шу жойнинг ўзида кавш қайтарар, бир бурда нони бор одам гуноҳкор саналган кун эди.
Эгасидан ихлоси қайтган итдек бўйни эгилган ҳардамхаёл улус отлиқлар олдига тушди. Бадбахт далага юзланган гўдаклар, аёллар ва кексаларнинг оҳу воҳи оламни бузди. Ташналик азобидан лаблари гезариб судралаётган минглаб қари-қартанг, аёлу гўдакларни осмондан офтоб, ерда тош куйдиради. Олдинда гиёҳҳам унмайдиган, ўз оти ўзи билан Бадбахт дала. Орқада милтиқ ва қилич ўйнатган саллоту, отлиқ. Мадорсиз, йиқилганни қўндоғ ва тепкини зўри ўзига келтириб қўяр, отлиғининг оғзидан “собаки” тушмас, саллоти “сукина дети” деганча бет-кўзинг демасди.
Асаднинг димиққан ойи ярми сенга, ярми менга дегандек қиличини тик кўтариб чиқди.
* * *
Поездлар жанубдан шимолга сургун этилганларни, шимолдан жанубга янги ер эгаларини пешма-пеш ташийди. Шимолга кетаётган вагонлардан чакиллаб қон, заҳардек ялтираб зардоб томади. Зардоблар темир изларни тешиб юборгудек бўлади. Поездларнинг қилиғи шамолга ёқмайди. Уни таг-туги билан азот кўтариб ургиси, айниқса энг бошида келаётган, қора тутуни билан дунёни булғаётган қозонқоринни ёмон кўради. Ичи дардга тўлиб кетади. Дарди чанг тўзон бўлиб осмонга ўрлайди. Тентираб тўрт томонга чопади. Дардларини дарё тушунади. Дарё дарё бўлиб бунчалик хўрланмаганди. Ҳушини эсхонасидан чиқарган нарса Каттатоғнинг қадим арчаларини ғорат этилиши, Ўсмат Ота, Навқа Ота, Боғмазор Ота мозоротлари устигача устаниб келган арчазорни бир бошидан кесилиб сувга отилиши эди.
Неча бир босқинда арчалар элни асраганди. Пана бўлганди. Бир туп тизза бўйи арчани биров кесолмасди. Бир арчада қирқ йигитнинг ризқи бўлади деганча эл арчани асрар, арча тоғни безар, шодликлар булоқ бўлиб, қўшиғи дарёга оқарди. Каттатоғнинг бир шохидан энган сувга Самарқанду Бухоро, бир шохига кунчиқиш бетдагилар тирикчилиги қараб қолган. Поездман дегани шақилдоқ илондек билтанглаб келдию ҳаммани ранги ўчди. Эга, эга бўлмаса нега?
Дарёўз онаси, ўз болаларини оқизиб кетаётганидан, қутқара олмаётганидан, қутқаришга кучи етмаслигидан қирғоқларга бош уриб югуради. Аламини кимдан олишга, ҳасратини кимга айтишга ақли етмай қўлига илинганни олиб чопади. Қирғоқлар этагини тошга тўлдириб ортидан эргашади. Шамол бир дарё бетида, бир қирғоқларда ялангоёқ изиллайди. Кўз кўрган еридан ажраган, камига етти бўлакка нимталанган, йўргакдек ғўлаланган арчаларнинг дарди бу дунёга сиғмайди. Ғўлалар сув юзида, пўртаналарда айланишар экан, бир-бирига бош қўйишиб гоҳ гирдобда уймаланиб қолишади, гоҳ шариллоқларда юракларини ҳовучлаб, кўзларини чирт юмиб олишади. Ҳали дарёдан чангакда томоғидан тортиб чиқарилиб, қуритилиб поездларнинг ўчоғига ўтин бўлариям бор. Ўшанда уларнинг оҳини биров эшитмайди. Эшитган тушунмайди.
Зорланган Сангзор бўлади. Зорлангандан Сангзор зорланади.
Шундай кунларни бирида темир йўлнинг икки чеккасини, сассиқ шпаллар орасини ёриб қизғалдоқлар бош чиқаради. Бир-бирини қўлидан маҳкам ушлаган қизғалдоқлар. Худди вагонлардан чакиллаб томган қонларнинг изсиз йўқолиб кетмаганлигини таъкидлагандек қад ростлайдилар. Шамол уларни танийди. Кела-кела юзларини силайди. Сувсаб қолган бўлса керак деб шошганча булутни қувиб, олдига солиб келади. Тошлар такбир айтадилар. Шунда икки тоғдан ўзига ёқа ясаб олган Темир қопқани Илонўти тарафдан келган паравознинг ҳамма ёқни жийитиб ўтиши бузади. Кўзи ачиб, нафаси тиқилган дара ёқа тутамлаганча донг қотади. Қизғалдоқзор тик туриб қарши олади. Қўрқмайди. Бу бошлар темир изларга қўйилиш учун яратилмаганлигини билдириб қўймоқчи бўлади. Хаёл қилади. Хаёлида борлиқ алвондан-алвон эмиш. Ҳатто Бадбахтдалаям. Кўпни кўрган шамол яна ўнг эсишидан умидвор бўлади. Ҳуриллаб, ям-яшил арчаларни қадимгидек пирпиратгиси келади. Дунёларни тентираб-тентираб, айланиб-айланиб келаркан йўлма-йўл саболар сочини маҳкам ўриб юпатади, шаббода кўнглини ёритади. Муштипардек ҳилпиллабгина турган маҳзун кўнглини кўтаради, гармселни ҳовурдан туширади, сурон солишга силласи етмай қолган тўзонларга тўзим тилайди, довулга айланмоқ орзусидагиларга қувват бўлади, камонларга ўқ бўлиш ғайрати билан ўсаётган новдаларни силаб-сийпаб ўтади.
Янги Ой — Сунбула элга тинч, ўзига нотинч бўлганча, аҳли аҳрорга сир улашиб ёсин тортади. Катта юлдузлар азалий ўринларида итоат билдириб, ҳурмат ва сукут билан бўйин эгадилар. Йўқолган юлдузлар ўрни ўпирилиб тушган эгасиз очиқ гўрдек мунғаяди. Чархи фалак, оғма фалак, отига ярашиғ йўлида давом этади. Юлдузларнинг ўтиш йўлидаги тўғри кўтарилиш ҳисобини топиш ҳамманиям қўлидан келавермайди. Чўмич юлдуз тўнкариклиққозонда юлдуз шопириб тураверади…