– Ҳобил амаки оламдан ўтибди…
Совуқ хабар қишлоққа бир зумда тарқалди. Дўппи, чопон кийган кишилар Ҳобил амакининг уйига йиғила бошладилар. Минг йилдан бери одат шунақа. Кимдир чин дунёга сафар қилар экан, барча қилаётган ишини ташлаб, азадор хонадонга шошилишади. Иш кутиб туради. Бу ерда инсон омонатини топширган…
Қариндош-уруғлар шивир-шивир қилишиб, Ҳобил амакининг қирқ йилдан бери юз кўрмас бўлиб кетган акаси – Қобил теричига ҳам хабар беришга қарор қилдилар.
Қобил теричи Сталин ўлганидан кейин қамоқдан қайтгач, бир мартагина укасининг уйига келган ва шу бўйи бошқа қорасини кўрсатмаган, Ҳобил ҳам уни йўқлаб бормаган, бу аччиқ ҳақиқатни ҳамма билади. Оға-инининг орасидан не гап ўтгани эса қоронғу. Ҳатто қишлоқнинг қайси ғунажини кимнинг буқачасига кўзини сузаётганигача биламан, деб лоф урадиган уста Севин ҳам бу сиру саноатнинг тагига етолмай доғда эди. Буни Ҳобил амакидан сўрашга журъат топган пайтлари ҳам бўлган, бироқ “Товуққа ўхшаб гўнг титишни қачон бас қиласан, Севин” деган заҳаролуд, шивирлагандек паст товушда айтилган жумладан кейин, уста пилдирпис бўлиб қолган эди. Хуллас оға-ини қирқ йилдирки бир-бири билан гаплашмайди.
Бунинг устига теричи қамоқдан келган куни ҳол сўрашга келган ҳамқишлоқларининг оёғи узилиши билан, полуторкани олиб келиб унга лаш-лушларини, хотин ва бола-чақасини ортиб қишлоқдан йигирма чақиримлар наридаги қозоқлар овулига ёндош темирйўл стансиясига кўчиб кетди. Ҳозир у стансия кичикроқ шаҳарчага айланган, қозоқ ўтовлари чўнқайиб турадиган жойларда яхлит панеллардан тикланган, тўрт қаватли, негадир унда яшайдиган ўрис геологлар “Хрушевка” деб атайдиган уйлар қад кўтарган эди. Қобил теричи нафақага чиққанидан кейин ҳам қишлоққа қайтиб келмай, темир йўл ишчилари учун давлат пишиқ ғиштдан қуриб берган уйда яшайверди. Бу орада қозоқ чўпонларидан бошқа ҳеч кимга керак бўлмаган сап-сариқ саҳродан ермойи топилиб, бу овлоқ стансия гавжумлашиб қолди. Бу ерда геологлар шаҳарчаси қуриладиган бўлиб, теричининг катта ўғли Баҳриддин қурилишга ишга кирди. Кичиги Фахриддин эса “буравой”чиларга қўшилиб, ҳафталаб чўлда қолиб кетарди. Кейин иккаласига ҳам ян
ги қурилган “хрушевка”лардан уй беришди. Давлат ҳам бор пулини шу саҳрога тўкишга аҳд қилган эканми, уларнинг оладиган ойлиги ҳисобини эшитган теричининг бошидан қатирмоч телпаги тушиб кетар даражага етарди. Қобил теричи бирин-кетин, орадан олти ойни ўтказиб, иккала ўғлини уйлантириб қўйди. Тўғрисини айтганда, ўғиллар ўзларини ўзлари уйлантиришди десаям бўлади. Бу тўйларга ҳам, сарпо-суруқларга ҳам теричи бир сўлкавой сарфлагани йўқ. Буларнинг барчасини, янги уйдаги асбоб-анжомларигача ўғилларнинг ўзлари сотиб олишди. Тўйга қишлоқдан ҳеч ким келмади, ҳисоб. Фақатгина ёлғиз аммасидан қолган Ёдгор жиянини айтмаса… Ўғиллар фалончиниям айтайлик, дейишмади. Теричи ҳам ановиларга ҳам хабар беринглар, деб эмранмади. Тўй янги пайдо бўлаётган шаҳардаги ёш-яланглар, теричининг ошналари бўлган Рауф абзига ўхшаган қари темирйўлчилар билан ўтди. Ўғиллар қишлоқда амаки, амакиваччалари борлигини унутишган, Қобил теричи уларни унутолмаса-да, эслатмоққа
уринган тилни кесишга тайёр, ҳам босқон, ҳам сандоннинг орасида қолиб, бир сиқимгина бўлиб юрган кампирнинг эса дарди ичида…
…Қобил теричи йигирманчи йилнинг сунбуласини ҳеч қачон эсидан чиқармайди… Қирқим пайти эди. Бунақа пайтда чўпон-чўлиққа мардикор қирқимчилар ёрдамга келишади. Садриддин теричининг беш мингдан ортиқ қўй-қўзисининг жунини тўрт чўпон билан етти чўлиқ, ана боринг теричининг икки ўғли – йигирмани уриб қўйган Қобил билан ўн олти яшар ўспирин Ҳобилларни қўшса ўн уч киши бир ҳафтада қирқиб тугата олмайди-ку. Бу йил қирқим маҳалидан бир ҳафта-ўн кун олдин келадиган Садриддин теричи ҳа деганда кўринавермагач, Қобил чўпонларга қўйларни дарё бўйига ҳайдашни айтди.
– Отам негадир кечикди. Қўйларни ўзимиз ювиб турайлик-чи. Ҳали-замон келиб қолар.
Беш минг қўйни дарёда чўмилтиришга икки кун кетди. Қўйни чўмилтирмасдан қирқиб бўлмайди. Ёз бўйи чангда, хас-хашак орасида юрган жониворнинг узун жунларига тупроғу чўп-чор илашиб қолиб узун қайчи – қирқликнинг тиғини жун орасига ўтказмайди. Натижада ҳам қирқимчига, ҳам қўйнинг ўзига азоб бўлади. Қўйни чўмилтиришнинг қанчалик машаққат эканлигини айтиш шарт эмас…
Чўлиқлар бир сурув қўйни дарёнинг саёзроқ соҳилига тақаб келадилар. Иштончанг бўлиб олган чўпонлар эса бирин-кетин қўйларнинг орқа оёғидан тортиб сувга туширишади ва қўйни чалқанча қилиб қулоқлари ва олд оёқларини жуфт ушлаганча (қўйнинг қулоғига сув кирмаслиги керак) сувга ботириб олаверадилар. Офтоб тиғида муздек сувга тушиб олиб қўй чўмилтириш олдинига серзавқ туюлади. Чўпонлар қийқиришиб, бир-бирларига сув сочиб қўй ювадилар. Бир қўйни чиқариб юбориб, иккинчисини ушлаб келтиргунларича бир-икки ёшроқ чўпонлар дарёнинг чуқурроқ жойларига шўнғийдилар, атрофга сув сачратиб сузиб келадилар. Аммо вақт ўтган сари қўйларни ушлаш қийинлашиб боради. Чунки дарёдан чиққан қўйлар жунидан оққан сув қирғоқни шалаббо, сирғанчиқ қилиб ташлайди. Соатлаб сувда ҳаракат қилиш, уларни очқатиб, тинкасини қуритиб ташлайди. Чарсроқ тўқли ва қўчқорларни бўйсундириб дарёга олиб тушишнинг энди ўзи бўлмайди. Кун охирига бориб бечора қирқимчию чўпонлар
нинг аҳволини кўрса ҳатто маймунлар ҳам ҳўнграб юборар даражага келади. Сирғанчиқ қирғоқда йиқилавериб, бунинг устига туёқлар ва шохларнинг зарбларидан моматалоқ бўлмаган жойи қолмаган бечоралар, бир косадан шўрвани зўрға ичиб шундоққина ухлаб қолаверадилар.
Садриддин теричи қўйлар ювиб бўлинган куни тунда келди. Қобил қирқимчилар билан капада ухлаб ётган, Ҳобил эса чўлиқлар билан бирга сурув ётган жойда гулхан ёқиб ўтирарди. Отасининг келганини у кўрди. Кўрдию, отасининг олдига эмас, ухлаб ётган акасини уйғотиш учун чопди.
Садриддин теричи йилида уч марта, эрта баҳорда, тўл бошланган пайтларда келиб, қўзиларнинг сўйиладиган ва қолдириладиган қисмларга ажратар, тайёр териларини тузлаб, капага босар, бунинг устига қўшни чорвадор бойлардан ҳам минглаб қоракўл териларни сотиб олар ва уларни араваларга юклаб Бухорога олиб кетарди. Шунинг учун ҳам уни Садриддин теричи дейишарди. Кейинги сафар орадан бир ойни ўтказиб баҳорги қирқимга келарди. У шу ерда ўн кунча туриб, жунларни саралаб қанорларга жойлатар, қўшниларнинг ҳам жунларини сотиб олиб яна араваларга юклаганча Бухорога кетарди. Тирамойи қирқимда ҳам шундай қиларди. Айтишларича теричининг Бухорода катта ҳовлиси, хотинлари бор эмиш. Бироқ Қобил бунга ишониш, ишонмаслигини ўзи ҳам билмасди. Чунки отаси уни бирор марта ҳам Бухорога олиб борган эмас.
Ҳобил йилида аттиги уч мартагина кўрадиган теричидан ҳайиқар, ёввойиларча қандайдир туйғу уни отасига яқинлашишга қўймасди. Шунинг учун ҳам у акасига яқинроқ эди. У чопиб бориб акасини уйғотди ва отасининг келганини унга билдирди. Қобил инқиллаб ўрнидан турди-да оти қозиғини қоқаётган теричининг ёнига қараб юрди.
– Қобил, буёққа юр, гап бор, – деди отаси эгардан хуржунни олиб унга узатаркан.
Хуржун оғиргина экан. Қобил уни елкасига ташлаб отасининг ортидан эргашди. Улар нарироқдаги чайлага киришди.
– Мен кетяпман, ўғлим, – деди у бироз сукутдан кейин оғир тин олиб. – Амир енгилди. Ўрислар Бухорони кунпаякун қилиб ташладилар. Энди бу ерларга ҳам келишлари мумкин. Мен Амирнинг ортидан Афғонга кетяпман. Эрта пешинда карвонга қўшилиб оламан. – Садриддин теричининг овози олдингидек ўктам эмас эди. У хуржунда чоғроқ сопол кўзачани чиқариб Қобилга узатди. – Бунда мингта тилла танга бор. Яшириб қўй. Эртага тонгда қўйларни Помуқ томонга ҳайда. Ўша ердан Бешим Дурдини топ. Қўйларнинг ҳаммасини унга сотасан. Бешим Дурди инсофли, дангал одам. Мени яхши танийди. Пулни Бухоро тилла тангаларида тўласин. Беш минг танга бўлади.Уни ҳам шу кўзачага солиб, то яхши замонлар келгунча овлоқ жойга кўмиб қўй. Худо хохласа бир-икки йилда ўрис балосидан қутуламиз. Шунда Амир билан қайтиб келаман. Шунда сени ҳам, укангни ҳам уйлантираман. Бу пулларни шунга ишлатамиз. Ҳатто онанг ҳам билмасин. Тушундингми?
– Тушундим, – деди Қобил ғамгин.
– Агар мен келмасам, Ҳобилни сен уйлантирасан. Укангга оталик киласан. Мен сенга ишонаман. Агар ўлиб кетадиган бўлсам, буни васият ўрнида кўрасан. Тиллани уканг билан тенг бўлиб оласан. Укангнинг хақига хиёнат қилмасликка онт ичасан.
– Онт ичаман, ота, агар укамнинг ҳақига хиёнат қилсам, Худо урсин!
– Майли, ўғлим. Сен эсли-ҳушли йигитсан. Сенга ишонаман.
Садриддин теричи ўғлини қаттиқ бағрига босиб хайрлашди. Кейин намланган киприкларини кўр-сатмаслик учун терс ўгирилиб отини қозиқдан бўшатди ва узангига оёқ қўйди.
Қобил қоронғуликка сингиб бораётган отасининг шарпаси ортидан узоқ термулиб қолди.
Қобил ҳаммасини отаси айтгандек қилди. Буни на онаси билди, на укаси.
Орадан йиллар ўтди. Амир қочганидан кейин ҳам ҳаёт тўхтаб қолгани йўқ. Садриддин теричининг ҳовлида йигирма-ўттизтача қўйни қамаб боқиш одати бор эди. У сурувдан қўй келтириб сўйдирмас, меҳмон келганда қўрадаги қўйлардан сўйиларди. Шунинг учун ҳам бу қўйлар семизгина бўлиши лозим эди. Қобил энди шу қўйларнинг изига тушиб боқиб юрадиган бўл-ди.
Бухорони олган ўриснинг ҳукми бу ерларга ҳали етиб келмаган, бироқ ўғрию қароқчининг куни туғиб қолган паллалар бошланганди. Кимдан, қаердан эшитган, билмайди, бир куни иккита башарасини жун босган қароқчилар келиб унинг бўғзига ханжар тиради. Отасидан қолган тиллани чиқариб беришни буюрди.
– Отамдан ҳеч қанақа тилла қолмаган, – изиллади йигит. – Тиллам бўлса шундоқ юрармидим?!
Йигитнинг сўзлари ишончли чиқди. Устида шарти кетиб, парти қолган, ямоқлари кўплигидан асли қандай матодан тикилганини англаб бўлмайдиган даражадаги яктак-иштон. Оёғидаги кавушнинг йиртиғидан қорайиб, ёрилиб кетган бармоқлари чиқиб турарди. Олдига солиб ҳайдаб юрган қўйлари ҳам рамақижон. Ҳайтовур қароқчилар унга ишонишди.
– Берди энағар бизни чув туширибди-да. Бу болада тилла тугул, уйида бир бурда нони ҳам бўлмаса керак. Юр кетдик, – деди норғулроқ қароқчи ва улар ортига ўгирилиб от суриб кетдилар.
Қобил Берди кимлигини яхши биларди. У ўзларининг чўпони. Помуққа бирга қўй ҳайдаб боргандилар. Бир-икки марта “Бундоқ юргунча ўша тиллаларни ишлатиб, бойвачча бўлиб юрмайсанми?” деган илмоқли гап қилганди.
– Ўша куни тунда отам келиб, барчасини олиб кетганлар. Уйда тиллам бўлганда ўзим билардим, – деганди ўшанда Қобил.
Демак аблаҳ Берди унга ишонмаган экан-да. Бироқ қароқчилар ишонишди. Қайтиб безовта қилишмади.
Орадан етти йил ўтиб, ниҳоят Шўро ҳукумати бу овлоқ саҳрога ҳам етиб келди. Берди қишлоқ шўросига раис бўлди. Босмачи, қароқчи деганлари йўқолиб кетди. Одамлар енгил нафас олиб, уёқ-буёққа чиқадиган, Бухорою Қаршининг бозорларига бориб келадиган бўлишди. Қишлоқда анчадан бери бўлмаётган тўйлар бошланди.
– Қобилжон, – деди онаси бир куни, – ёшинг йигирма еттидан ошди, уканг ҳам йигирма учга кирди. Энди сизлар ҳам уйлансаларинг, мен ҳам келин олиб невара кўрсам…
– Майли, эна, – деди Қобил, энасига мулойим жилмайиб қараркан, – кимни келин қилмоқчисиз?
– Шу, Бердининг икки қизи бўйга етиб қолган. Ўзимнинг қўлимда ўсган, десамам бўлади. Тунов кун Гулжон чиқиб шунга шама қилгандек бўлувди. Нима дейсан?
Отаси бадар кетгандан бери Қобил шу хонадоннинг хўжаси. Онаси бирон иш қиладиган бўлса, албатта катта ўғлига маслаҳат солади. Қобил ҳеч қачон ножўя маслаҳат бермаган. Бу сафар эса Қобилдан садо чиқмади. Чунки Бердининг нима ишлар қилиб юрганини онаси ҳам, укаси ҳам билмайди. Уларга Бердининг қароқчиларни унга йўллаганини уларга айтгани йўқ. Берди ҳамон тилладан умидини узмаган кўринади, лаънати.
– Эна, шу гапингиз бўлмайдиганга ўхшаяпти. Берди яхши одам эмас.
Энаси унинг феълини билгани учун, нега деб сўраб ўтирмади.
– Бўлмаса, ўзинг айт, кимникига борай?
– Эрназар полвонникига боринг. Унинг ҳам бўйга етган икки қизи бор эди, шекилли.
– Қизлари борликка борку-я, бироқ…
– Нима бироқ, эна?
– Полвони қурғурнинг димоғи баланд. Бизга берармикан…
– Беради. Мен эртага Бухорога кетаман. Қайтиб келганимдан кейин борасиз.
Шу куни тунда Қобил тандирхонага кўмилган кўзадан йигирмата тилла тангани олиб белига тугди ва Бухорога кетди. Уч кундан ўтиб, сарпою суруқ, новвоту ҳолвага тўлдирилган икки қопни елкалаб қайтиб келди. Кейинги чоршанбада Ҳидоят кампир оҳори тўкилмаган адрас кўйлаги устидан бахмал нимчани кийиб, манглайчаси устидан бухори шол рўмол ташлаганча амиркони маҳси ковушда, дастурхон ўралган тоғорасини қанд-қурсга тўлатиб Эрназар полвоннинг уйига йўл олди.
Орадан ой ўтмай, Эрназар полвон қўш куёвли, Ҳидоят кампир қўш келинли, Қобил билан Ҳобил эса бир-бирига божа бўлди. Қобил укасини уйлантирганида отасига берган ваъдасини бажариб, елкасидан тоғ ағдарилгандек туюлди.
Орадан яна бир неча йил ўтди. Берди шўро қанчалик ҳаракат қилмасин, барибир Қобилни қулоқ қилиб Сибирга сургун қилишнинг иложини топа олмади. Бу орада Ҳидоят кампир оламдан ўтди. Қобил икки ўғил кўриб уларни Баҳриддин ва Фахриддин деб номлади. Ҳобилнинг эса негадир хотини юкли бўлавермади. Югурмаган табибу азайимхони, боқтирмаган дўхтири қолмади. Шу пайтларда Қобил яна тандирхонадаги кўзадан беш танга олиб укасига тутқазди. Бухорою Самарқандларга бориб даволатишни маслаҳат берди. Укаси хотинини олиб сафарга чиққан кун кечқурун унинг ҳовлисини мелиса босди.
Хотини ва болаларини бурчакка дилдиратиб қўйиб, хонадаги лаш-лушларни ўртага уйганча титкилаб нималарни излашга тушишди. Кейин молхона, ўтинхона, тандирхонани ҳам титкилашди. Тузук-қуруқ нарса топишолмади шекилли, отасининг қирқ йилдан бери отилмаган, алмисоқдан қолган пилтамилтиғига ёпишиб олишди, худди босмачини қўлга туширгандек, уни қуроли билан отга ўнғариб олиб кетишди.
Терговда эса босмачиларни эмас, Садриддин теричидан қолган тиллаларни сўрашди. Ёшгина нўғай терговчи йигит уни ҳар сафар терговга чақирганида “Ҳа, теричи, келдингми, балки бугун айтиб берарсан, тиллаларни қаерга яширганингни!” – дерди. Ҳар қанча азоб беришса-да, барига чидади. Тилланинг қаердалигини айтмади.
Бир ҳафта Косондаги мелисахонанинг тор ва зах зиндонида ётди. Шунда уни йўқлаб аввал хотини катта ўғли Баҳриддинни эргаштириб келган бўлса, иккинчисида қаердан хабар топган, билмайди, Ҳобил билан келди. Ҳобилнинг келгани яхши бўлган экан. У отасининг васиятини бажаришга имкон топди. Бор-йўғи ўн дақиқалик учрашувда у Ҳобилни қучоқлаганча шивирлади:
– Тандирхонанинг остонасини кавла. Топганингни олиб бошқа жойга яшир. Отам уни тенг бўлиб олинглар деганди. Яхши замонларда учрашсак, ярмини берарсан. Бўлмаса болаларимга ишлат. Улар хор-зор бўлиб юришмасин.
– Хўп, оға, – деди Ҳобил йиғламсираб. – Илойим омонликда учрашайлик. Шунда ҳаммасини ўзингизга қайтариб бераман.
– Эҳтиёт бўл, ука…
Бундан буёғига эшик олдида кўзини лўқ қилиб ўтирган мелиса гапиртиришга қўймади. Ҳобилни турткилай-турткилай ташқарига чиқариб юборди. Шундан кейин яна учрашишга имкон бўлмади. Уни суд-пуд ҳам қилиб ўтирмай, тўппа-тўғри ўн беш йилни босишди-да, Сибирга жўнатиб юборишди. “Отилмай қолганингга шукр қил, босмачи,” деб писанда ҳам қилиб қўйди унинг ишини ёпаётган терговчи…
Орадан икки йил ўтди. Акаси бадар кетди. Ортидан бир парча қоғоз ҳам келмади. Ҳобил акасининг отилиб кетганига шубҳа қилмай қўйди. Қирқинчи йилнинг кеч кузида ҳеч қандай даво-муолажаларнинг фойдаси бўлмагач Ҳобил хотинини ҳайдаб солди. Унга қўшилиб янгаси ва икки жияни Эрназар полвонникига кетадиган бўлганида ҳам парво қилмади. Ҳайҳотдек ҳовлида бир ўзи қолди. Унинг уйига негадир Берди серқатнов бўлиб қолди. Ҳар келганида стансиядаги темирйўлчи ўрислардан олган бир шишани кўтариб келарди. Иккаласи анчагача шакаргуфторлик қилишарди. Шундай улфатчиликларнинг бирида Берди қишлоқдаги мактабда хўжалик мудирлиги бўш эканлигини айтиб шу ишга ўтишга ундади.
– Сени ёшлигингдан биламан. Хат-саводинг чакки эмас. Чўт қоқишни ҳам эплайсан. Кел, қолганига ўзим ёрдам бераман…
Ҳобил мактаб хўжалик мудирлигини эгаллаган бўлса-да кунини Шўро идорасида ўтказадиган бўлди. Албатта иш куни Ҳобилникида ичкиликли зиёфат билан якунланадиган бўлганидан кейин, мактабнинг директори Шўронинг ошнаси бўлган Ҳобилнинг пишагини пишт дейишга ботина олмас, бунга сари унинг ўз ҳомийси Бердига ихлоси ошиб борарди.
Бу орада эса туну-кун акаси кетида судралиб, ўн бешини элликка етказган қўйларни сотиб, сўйиб баракасини учира бошлаганига чидай олмаган Эрназар полвон қизларининг юкларига қўшиб, қолган йигирма беш қўйни олиб кетди.
– Сен ҳаромхўр, майли хотининг туғмас экан, қўйдинг. Бунга индамадим. Нега энди шу норасидаларнинг ризқини еб ётибсан? Инсофинг борми ўзи?!
Ҳобил аллақандай совуқ, тиржайганча индамай тураверди. Полвон сўкинганча чиқиб кетди. Орадан бир ой ҳам ўтмай, Ҳобил Бердининг ўтириб қолган қизига уйланди. Энди улфатлар қайнота-куёв бўлиб олганларидан кейин янада қадрдонлашиб кетгандилар. Навбатдаги шакаргуфторликда Берди айёрлик билан унинг қўйнига қўл солиб кўра бошлади.
– Сен ёш эдинг, биласанми, йўқми, ҳў, пошшо қочган йили отангнинг беш минг қўйини Помуққа элтиб Бешим Дурдига сотиб келгандик. Бир хум тилла бўлганди. Шуни Қобил исини чиқармай кетди. Жуда-а писмиқдан келган экан аканг.
– Нега исини чиқармас экан? Чиқарди, – деди кайфдан яйраб ўтирган Ҳобил қайнотасига ўзининг давлатманд одам эканлигини кўрсатганча мақтаниб қўйди. – Косонда қамоқда ётганларида боргандим. Ўша тилланинг жойини айтдилар. Олиб бошқа жойга яшириб қўйдим.
Бердининг кўзлари катта-катта бўлиб кетди. Демак лаънати Қобил писмиқ шу пайтгача ҳаммани алдаб юрган экан-да! Вой ҳароми-эй! Ҳатто органни ҳам чув туширибди-да!
– Шунақа дегин, Ҳобилвой! – деди у энди ялтоқланганча илжайиб. – Омадим чопиб қолди, десанг-чи, куёв!
Берди ўрнидан чайқалганча туриб, уйига кетганида тонг оқара бошлаган эди. Орадан ҳафта ўтказиб келди ва яна қайнота-куёв шиша устида машваратни бошладилар.
– Бухорода Мўрдахай деган жуҳуд танишим бор, – деди у чайналиб. – Занғар жуда зўр заргар. Беш-ўн танга берсанг унга олиб борардим. Хотинингга зирак ясатардинг, кейин қолганини пул қилиб, сигир-бузоқ, беш-олти қўй қилиб қўйсанг, нимаси ёмон? Анави ўпкаси йўқ полвон бор-будингни шилиб кетганидан кейин қўранг чангиб ётибди-ку, куёв.
Қайнотасининг гапи Ҳобилга жўяли туюлди. Ўзи кундузлари ишда бўлса, хотини эрталабдан кечгача хурракни тортиб ухлайди. Кейин кечкурунлари отаси билан ўзига чала-чулпа бир нарсани пишириб беради ва яна ўзини кўрпага уради. Пировардида бўрдоқига боқилган қўйдек семириб кетди. Агар уйда мол-ҳол бўлганида ишга куймалашармиди…
Берди эртаси куни тонгда стансияга бориб, темирйўлчи танишлари ёрдамида Бухорога кетаётган қизил вагонли поездга илашиб олди ва шу кетганича уч кундан кейин аллақандай ваҳима билан қайтиб келди: “Уруш бошланибди!”
Унга бериб юборган йигирма тангасининг аҳволи билан қизиқишга Ҳобилнинг вақти бўлмади. Бир ҳафтадан кейин ўзи, орадан уч ойни ўтказиб Берди ҳам урушга кетди. Кўзадаги тилла тангалар эса энди Ҳобилнинг ҳовлисида кўмилганча ўз вақтини кутиб ётаверди…
Қобил Сибир совуқларида қарийб ўн олти йил арра тортди. Дарахт кесди. Бир неча бор оёқ-қўлини совуққа олдирди. Бир марта устига дарахт юмалаб тўртта қовурғасини мажақлади. Бунча азоблардан кейин одам боласининг тирик қолиши гумон, агар тирик қолганда ҳам бир умр майиб-мажруҳ бўлиб кун кечириши лозим эди. Бироқ, Қобилни нимадир ҳаётга боғлаб тургандек, негадир ҳар сафар у омон қолар, тезда тузалиб яна арра тортаверарди. Сталин ўлганида у эллик уч ёшда эди. Бироқ уни кўрганлар камида етмишни қоралаган чол деб ўйлашарди. Муттасил машаққат остида ўтган йиллар унинг жисмига ўз муҳрини босган бўлса-да, бироқ руҳини тушира олмаган эди. Уни озод қилганларида қанот чиқариб учгудек бўлиб юртга ошиқди. Шунча йиллик машаққатдан кейин одамга ўхшаб яшашни шунчалик истар эдики…
– Қанақа тилла? – деди Ҳобил акасининг саволига кўзларини лўқ қилганча жавоб қайтарар экан, – Тандирхонадан ҳеч қанақа тилла чиқмади.
– Отамнинг руҳини чирқиратма, ука. Унинг ярми менинг ҳақим. Шуни берсанг бўлди.
– Қизиқ гапларни гапирасиз-а, ака. Айтяпман-ку, тандирхонадан тилла чиқмади, деб.
Ҳобил ширакайф эди. Урушдан келганидан бери эрталабдан отиб олиш одатини чиқарганди. Ҳеч қаерда тузук-қуруқ ишламайдиган киши ҳар куни икки шишага пулни қаердан топади, буни ҳамқишлоқлар тушуна олмасдилар. Ойда, икки ойда бир марта Бухорога тушиб келадиган одатини айтмаса, ҳамиша уйида бўларди.
Қобил теричи укасининг мастона кўзларидаги сурбетликни кўриб ғазаби тошди. Бироқ у билан ади-бади айтишишни ўзига эп кўрмади. Худо ўзига инсоф берса, топиб боради, деган хаёл ўтиб, лаш-лушини полуторкага ортганча қишлоқдан чиқиб кетди ва шу-шу қайтиб келмади.
Ҳобил орадан бир неча йил ўтиб қаттиқ касал бўлиб қолди. Мўрдахай заргарнинг жияни бўлган машҳур дўхтир уни даволаб оёққа турғизди, бироқ, уйига жавоб бераётганида айтган бир гапи Ҳобилнинг кейинги ҳаётини буткул ўзгартириб юборди.
– Агар яна бир қултум ичсангиз, ўласиз. Сизга ҳеч ким ёрдам бера олмайди.
Шу-шу Ҳобил ичкиликни оғзига олмай кетди. Кейин нураб кетган уйини тузатди. Ўғилларини уйли- жойли қилди. Ўзига нафақа тўғрилади. Соқол қўйиб, қишлоқнинг маъракаларига қатнайдиган бўлгач, уни Ҳобил амаки деб атайдиган бўлишди. Бироқ, бирон марта бўлсин акасини йўқлаб бормади.
Қобил теричи тўқсондан ошиб қолган бўлса ҳам бардам, тетик чол эди. Эрталаб бомдодни ўқиб, кейин ўз хонасига кирди. Кўрпачага ёнбошлаганча кўзи илинибди. Укаси, ўша кайфдан кўзлари қисилиб турган, сурбет ҳолда эмас, йўқ, ўша, отаси бир хум тиллани олиб келганида уни уйғотган ўн олти яшар ўспирин ҳолида экан. У қўлидаги кўзачани унинг олдига қўйиб, “ака, олинг буларнинг барчаси сизники” дермиш. Теричининг кўзлари бирдан очилиб кетди.
– Астағфурулло, – деди у кўзларини кафтининг орқаси билан ишқаларкан.
Ҳеч бунақа, намоздан кейин мизғийдиган одати йўқ эди. Кейин ўрнидан туриб мўъжаз ҳовличани айланди. Гулларга қараган бўлди. Шу пайт ошхонага ёндош уйдан невара келини чиқиб келди.
– Бува, чойингизни киритайми?
– Майли.
Қобил теричи худди биров кириб келадигандек дарвозага интиқ термулди. Кейин эса бир-бир босиб ўз хонасига кирди. Келини олиб келиб қайтариб қўйган чойдан бир пиёласини эрмак қилиб ўтирди. Бироздан сўнг хабар олишга келган келинига “Мени безовта қилманглар, бироз дам олмоқчиман” деди ва ёнбошлади.
Ишга кетадиганлар ишга, ўқишга кетадиганлар ўқишга кетиб, ҳовли бир зумда сув сепилгандек жимиб қолгач, келин бир тоғора кирни чайиш учун ҳаммомга йўл олганида дарвоза тақиллади. Келин қўлидаги мағзава юқини кир чойшабга арта-арта дарвоза томон йўналди.
– Қобил амакининг уйлари шуми? – сўрарди дўппи-чопон кийиб, белини боғлаган йигит.
Келин шунча тикилмасин, барибир уни танимади.
– Ҳа, шу эди. Тинчликми?
– Ҳм, шу… бобомни бериб қўйдик. Ҳобил бобомни. Шуни Қобил амакига айтсангиз.
Келин аввалига унинг гапини англамади. Кейин Қобил бобонинг қишлоқда Ҳобил деган укаси борлигини, нимагадир икковлари юз кўрмас бўлиб кетганларини эшитганини эслади.
– Ҳозир, бувамни чақираман.
Келин дарвозани очиқ қолдириб, Қобил теричининг хонасига қараб югурди. Хонанинг эшиги қия очиқ. Ундан ёнбошлаганча, дарвоза томонга кўз тикиб ётган Қобил бобо кўриниб турарди.
– Бува, бува!
Келин чорловига у жавоб бермади. Келин ичкарига кириб, ҳамон бир нуқтага тикилиб турган теричининг қуруқшаган қўлидан ушлади. Панжа муздек эди. Келин ўлимнинг мудҳиш шарпасини сезиб, бирдан қўлларини тортиб олди. Қобил теричининг боши шилқиллаб болишга тушди. Теричи аллақачон омонатини топшириб бўлган эди.