Ойдай аёл эди Ойжамол. Ёши олтмишга яқинлашиб қолганида ҳам яхши сақланган эди. Сип-силлиқ, оппоқ кулча юзлари, атрофларига эндигина билинар-билинмас ажин туша бошлаган шаҳло кўзлари доимо кулиб турарди. Келинчаклик даврининг гаштига тўймай тамшаниб қолган, умр бўйи жудоликда, ёлғизликда яшаётган бу аёлнинг иродаси дугоналарининг ҳавасини келтирарди. Аммо Ойжамол ёлғиз қолганида, айниқса, ярми бедор ўтган, ўзининг дилидаги таъбири билан айтганда «пўчоққа чиқиб кетган» чала тунларда қанчалик жиддий, қанчалик хаёлчан бўлишини бир ўзигина билади, холос. Биронта дугонаси:
— Ҳай, Ойжамол, кеча телевизорда ажойиб кино бўлди, кўрдингизми? — деб сўрагудай бўлса, бирор нарса сабаб бўлиб кўролмай қолганини айтади.
Аслида кино уруш ҳақида бўлгани учун телевизорни атайлаб ўчириб қўйганини айтмайди. Ўчириб қўядию бир хил бўлиб кетади. Хаёл уни ўтмишга қайтаради: болалиги ўтган боғ кўчалар, ота маскани — чоғроқ қўрғонча, боғидаги кенг-кенг ишкомлар, бақалари тинмай вақиллаб турган ҳовуз, ҳовуз лабида супа, у ерда ўзидек жамалак соч дугоналари билан боғ қўришиб, ўсма қўйишиб, ашула айтишиб ўтирган кезлари — ажиб тароватли ёз кунлари ва ҳоказо… У замонлар энди фақат аҳён-аҳёнда тушларида кўринади. Балки урушда йўқ бўлиб кетган Жамолиддин қайтиб келару, аммо болалик… боғ кўчалар… Йўқ, асло…
У Жамолиддин билан кечган нурдай кўз қамаштирувчи кунларини, оҳулардай тез ўтган чопқир тунларини эслайди. Жамолиддин ҳам ўша боғ кўчалик йигитлардан эди. Улар бир мактабда ўқиган, бир кўчада ўсган, вақт-соати етиб, бир-бирларига кўнгил қўйган эдилар. Афсуски, уларнинг қувончлари — келин-куёвлик давру давронлари кўпга бормади. Улар ҳали чиллалик эканидаёқ уруш бошланиб, кўп қатори Жамолиддин ҳам эгнига шинел кийиб, қўлига қурол олиб, жангга кетди. Ойжамолга Жамолиддиндан икки ёдгорлик қолди. Бири — никоҳ оқшомидан бир кун илгари у тақиб қўйган узук бўлса, иккинчиси — бўйида энди пайдо бўла бошлаган мурғак жоннинг ёқимтой жонсараклиги эди. Биринчи эсдалик ҳамон унинг бармоғида. Аммо иккинчиси… Юз-кўзлари отасини, тиниқ оқлиги онасини эслатадиган пахтадай ўғил бир ёшга етиб-етмай қизамиқдан нобуд бўлди. Жамолиддин бўлса ҳали ўғилчаси дунёга келмасиданоқ, минг тўққиз юз қирқ иккинчи йилнинг февралида Киев учун олиб борилган жанглардан бирида шаҳид бўлган эди. Аммо бу ҳақдаги хабар Ойжамолга урушдан кейин, минг тўққиз юз қирқ еттинчи йилнинг саратонида гармселдай етиб келди. Хабар бўлганида ҳам бемаъни: «… дом-дараксиз йўқолди…»
Шундан кейин Ойжамолни ширин сўзлар билан юпатувчилар, «дўстона» маслаҳат берувчилар аввалгидан ҳам кўпайиб кетди. Биров:
— Илойим ёлғон бўлсин! — деди.
Яна биров:
— Асир тушиб кетгандир, — деди.
Бошқа биров эрга тегишини маслаҳат берди. Хуллас, бу бировлар бир неча кун ичида бечоранинг ҳам бошини, ҳам энсасини қотириб юборишди. Ойжамол бўлса ҳеч кимнинг маслаҳатигаю насиҳатига қулоқ солмай, ўла-ўлгунча Жамолиддинни деб яшашга қарор қилди. Уни бундай қароридан ҳеч ким қайириб «йўлга» сололмади. Дугоналари, ҳеш-ақраболари уни асло кўндиролмадилар. У не-не «яхши жойлардан чиққан» номзодларни рад этди. Уларнинг бирортасини Жамолиддинга сал-пал бўлса ҳам ўхшатолмади.
— Ахир, юрагим «жиз» этмаса нима қилай? — дер эди ўртада турган далолатчиларга.
Унинг юз-кўзларидаги қувноқлик фақат мана шу кўнгилга урган далолатчилар кўпайиб кетгандагина йўқолар эди. Шундан кейин бир мунча муддат қулоғи тинчиб юрар, бироқ тиниб-тинчимас савобталаблар яна миясини ачитишни бошлар эдилар.
Ойжамолнинг ҳовлиси бузилиб, унга ҳам бир хонали квартира тегди. Лекин у квартирани олганидан эмас, қулоғи тинчиганидан хурсанд бўлди. Энди бу ерда аввалги маҳалладаги каби бекорчи қўшнилари йўқ. Ҳеч ким эрга тег, деб маслаҳат бермайди, насиҳат қилмайди.
Ойжамол яшайдиган уйда биз қўшни бўлиб қолдик. Бир неча йил қўшничилик қилдик. Қўшничилигимизнинг дастлабки кунларидаёқ у менга:
— Айланай, кўнглингизга қаттиқ ботса ҳам бир гапни айтиб қўяй, — деди майин, синиқ овозда.
— Айтинг, айтинг, — дедим мен ҳайрон бўлиб.
— Шу десангиз, менга насиҳат қилган, маслаҳат берган одамни умримда ёмон кўраман.
У сўзини тугатмасиданоқ мен гапни илиб кетдим:
— Худди менинг ўзим экансиз, она, — дедим мен. — Мен ҳам маслаҳат берган, насиҳат қилган одамни ўлгудай ёмон кўраман. Ўзим ҳам ҳеч кимга ақл ўргатмайман. Чунки ҳамманинг ҳам ўз ақли, фаросати бор. Ҳар ким ҳам кўнгли буюрган ишни қилаверсин. Менинг одамлар билан нима ишим бор?
Бу гап қўшнимга жуда маъқул бўлди. Шундай қилиб биз бир неча йил, тўғрироғи, ўн етти йил қўшничилик қилдик.
Ойжамол етмиш етти ёшида тўсатдан оғриб, ётиб қолди. Аҳволи оғир бўлиб, қаровчиси йўқлигидан акаси билан жияни келиб олиб кетишди. Бир неча кундан кейин улар келдилар.
— Ойжамол онамнинг аҳволи қандай? — деб сўраган эдим, акаси:
— Вафот этди, — деди.
«Во ажаб… Шундай чиройли кампир ҳам ўладими?» — деб ўйлабман ногаҳон.
Бечора Жамолиддиннинг расмини доим ёнида олиб юрар экан. Уни бағрига босганча жон берибди.