Байрам куни болалар жуда эрта туришади. Галдаги байрамда ҳам худди шундай бўлди. Тез-тез ювиниб, бир-биримизни байрам билан табрикладик.
— Дада, бувимникига борамизми? — деди қизчам.
— Ҳа, борамиз.
— Ур-ре-ей, довучча еймиз!
— Бу йил довучча йўқ, — дедим мен. — Ўрикларни совуқ уриб кетган.
— Нега совуқ уриб кетган?
— Ахир, ўрик гуллаганда қор ёғди, совуқ бўлди, кўрдинг-ку.
— Нега қор ёғди?
— Шунақа бўлиб қолди-да, — дедим мен.
Ахир, ёш болага нима ҳам деб бўлади? Қандай тушунтириш керак.
Қизимнинг маъюсланиб қолганини кўриб, юпата бошладим.
— Шунақа бўлади, қизим, хафа бўлма. Баъзида ўрик гуллаганда ҳам қор ёғар экан. Энди довуччани янаги йилда еймиз. Яқинда гилос пишади, олча пишади, кейин олма. Ўшалардан еймиз.
Хуллас, қизим гапимга ишонди. Бундан ўзим ҳам хурсанд бўлдим. Хурсанд бўлдиму ота ҳовлимиздаги бир туп ўрик ҳақида ўйлай бошладим.
Ҳар йили 9 май куни довуччахўрлик қилиш менга одат бўлиб қолган. Аслида довучча ейиш апрел ойида бошланади. Лекин 9-майдагисининг лаззати бўлакча. Бу урушда омон қолган ўрикнинг довуччаси. Ҳа, уруш вақтида фақат одамлар эмас, балки қанча-қанча жониворлар ҳам, дарахтлар ҳам қурбон бўлганини кўрганман. Бундай қурбонлар фақат уруш бўлган ерларда эмас, мамлакат ичкарисида ҳам, яъни бизнинг томонларда, Тошкентда ҳам бўлган. Бу бир тарих. Бу тарихнинг энг қизиқ ва энг маъюслантирувчи жойини, ўзим кўрган қисмини гапириб берай. Яъни бир туп ўрикнинг бошидан ўтганларини бир бошдан қисқача ҳикоя қилай:
… Уни акам эккан эди. Ўшанда у менинг бўйим билан баробар эди. Орадан кўп ўтмай уруш бошланди. Кўпчиликка келган тўй эмасми, акам ҳам урушга кетди. Кетдию кейинги йили унинг ўриги гуллаб, биринчи нишона берди.
Онам нишона қилган, сарғая бошлаган ўрик доналарига қараб:
— Болагинам ўзи эккан ўрикдан жилла бўлмаса бир донасини емай кетди-я, — деб йиғлади. Кейин бизни ўрикка яқинлаштирмади.
— Мевали дарахтнинг биринчи ҳосилини уни эккан одам ейиши керак, — деди онам. — Сизлар кейин ейсизлар. Мен ҳеч бўлмаса бир донасини акангга атаб олиб қўяй. Уни туршак қилиб қўйсам, аканг келиб ейди.
Биз онамнинг гапларига итоат этиб, ўрикка яқинлашмадик. Кейинчалик у пишганида онам икки донасини узиб олиб, туршак бўлсин деб том бошига қўйиб қўйди.
— Ана энди, қолганларини еяверинглар, — деди бизларга.
Шу тариқа акам эккан ўрикнинг ҳосили йилдан-йилга кўпая борди. Бир куни сингилчам шу ўрик шохига арғимчоқ солиб беришимни илтимос қилди. Мен уни бошқа дарахтга солайлик, ўрик ҳали ёш, шохи синиб тушиши мумкин, деб кўндира олмадим. Айтганини қилдирадиган эрка синглим икки оёғини бир этикка тиқиб туриб олди. Ноилож ўрикнинг бир шохига арғимчоқ солиб, синглимни учирдим. Кўп ўтмай унинг арғимчоқ солинган шохи синди. Кейин уни укаларим ёрдамида кўтариб тагига тиргович қўйдим. Синган жойини лой билан суваб қўйдим. Уни кўргач онам роса қақшаб йиғлади.
Кунлар, ойлар, йиллар ўтаверди. Ҳаёт борган сари оғирлашиб борар эди. Уйимиздан ниманики бозорга чиқариб сотиш мумкин бўлса сотдик. Навбат дарахтларга келди. Акам эккан ўрикдан бошқа ҳамма дарахтларни кесиб, ўтин қилиб сотдик. Охири навбат акам эккан дарахтга келди.
— Буни кесмайман, — деди онам. — Буни болам эккан. Очликдан ўлсам ҳам сотмаймиз.
Онам шундай дейиши билан кўча эшигимиз тарақлаб очилди. Сочлари паришон ҳолда ёйилган Назми опа деган қўшнимиз телбаларча югуриб ҳовлимизга кириб келди.
— Суюнчи беринглар! Уруш тамом бўлибди! — деди ҳайқирган ва титроқ овозда.
Онам билан икковлари йиғлашиб қучоқлашдилар. Биз ҳам қувончдан йиғлаб юбордик. Уйимиздаги энг кичик одам, ҳали олти ёшга тўлмаган Насиба синглим қандайдир ёввойи товуш билан қийқириб юборди. У ҳам қора кунлар кетиб, йиллаб кутилган бахтли дақиқа етиб келганига тушунган бўлса керак.
Мен эсини йўқотган телбалардай кўчага отилдим. Ё тавба! Қиёмат ҳам кўчада, аломат ҳам. Ҳар қадамда одамлар бир-бирини йиғлаб табриклашаяпти. Аёллар, бўйига етган қизлар бир-бирлари билан қучоқлашиб, ўпишиб йиғлашиб туришибди. Уларнинг ранглари ҳам бир зумда ўзгариб қолибди. Юзларига қизиллик югурган, қандайдир бошқача, чиройли бўлиб қолишибди.
Кутилмаганда жонланиб қолган гавжум йўллардан ўтиб Навоий кўчасига чиқдим. Ана тантанаю мана тантана! Кўчага одам сиғмайди. Айниқса, қизлар шу кунга атаб асраб қўйган энг сара кийимларини, атлас кўйлакларини, зарбобу бахмал нимчаларини кийиб, энг қимматбаҳо дуру гавҳарларини тақиб чиқишибди. Ҳаммаёқда ўйин-кулги, гўзаллик.
Мен ҳам намойишга қўшилиб кетдим. Кейин алламаҳалгача кўчада юрдим. Очликни мутлақо эсимдан чиқариб юбордим. Ғалаба байрамининг завқи, келажак ҳақидаги ширин хаёллар, режалар билан қорним тўйиб қолган эди.
Қош қораяр-қораймас уйга кириб келдим. Кириб келдиму ҳанг-манг бўлиб қолдим. Уй ўртасидаги каттакон дастурхон устида тўрт йил мобайнида бирор марта ҳам кўринмаган ноз-неъматлар — арпа унидан қилинган кулчалар, қоп-қора қатламаю бўғирсоқлар, жийдаю туршаклар… Бизнинг кўчамиздаги барча қўшни аёллар дастурхон атрофида давра қуриб, гурунглашиб ўтиришибди. Остонада туриб ҳаммага салом бердим. Бир-биримизни табрикладик.
Нима учун аёллар бошқа хонадонга тўпланмай тўппа-тўғри топган-тутганларини бизнинг дастурхонимизга тўкди экан. Буни кейинроқ билдим. Аввало, кўчамиздаги ҳамма аёлларга нисбатан онамнинг ёши каттароқ. Иккинчидан, бизнинг оиламиз урушнинг заҳрини бошқаларга нисбатан кўпроқ тотган, бирин-сирин беш кишини йўқотганмиз. Отам вафот этган, икки акам уруш қурбони бўлган, келинойим жиянимни олиб кўчиб кетган. Шу сабабларга кўра аёлларнинг байрам дастурхони бизнинг уйда безатилган экан.
… Шу тариқа акам эккан ўрик омон қолди. Лекин акам ўзи йўқ. Бугунги кунда у эккан ўрик ҳам йўқ. У аллақачон қуриб битган, яъни ўлган. У ўсган ердан сал нарида унинг данагидан чиққан ўрик яшнаб турибди. Бу ўша ўрикнинг зурёди. Зурёд қолгани яхши экан.