I
Бу тиллабурамашох алқор қўчқорини Нур тоғларида тоққа алоқадор кимсалар биларди. Хусусан, биринчи галда тоғ бегилари, кейин овчилар, чўпону чўлиқлар, йилқичилар, баъзи ўтинчилар у ҳақда турли афсоналару эртаксимон гапларни тўқиб юришарди. Тиллабурамашох бу макондаги энг катта сурувнинг етакчиси эди. У жуда ақлли, шуурли, зийрак, тезфаҳм, идрокли сардор эди. Сурувини ҳар қандай бало-қазолардан йироқ тутар, хавф-хатарлардан омон сақларди. Бурни-қаншари бегона, ёт ҳидларни тез туяр, шамолми ёки оддий елми, ташувчи сизимларни барҳақ сезарди. Унинг кўзлари ҳам тун қушлариникидек ўткир эди. Айтайлик, бирор овчи сурувни олислардан дурбин билан кузатаётган бўлса, уни ҳам бир нигоҳ ила илғарди. У илондан қўрқмасди, унинг инига тумшуғини тиқарди ва илашиб чиққан илонни ерди. Кўзларининг ўткирлиги шундан, дейишади тоғнинг қўлбола табиблари.
О, қулоқлар… қулоқларичи, илон судралиб юрганида чиқарадиган силлиқ тўлқинсимон товушларни ҳам эшитарди. Албатта, булар Тиллабурамашохни огоҳлантиргувчи, ҳаёт тарзини таъмин этгувчи табиий зарурият. Булардан ҳам муҳими, тағин унинг чопқир оёқлари, қаттиқ туёқлари эди. Ана шу оёқлари ҳар қандай ёвдан қутқариб кетарди: тўрт оёқли ёвидан ҳам, икки оёқли ёвидан ҳам. Бироқ бу тиллабурама шохи… У – барча ёвларини чорлагувчи, ўзига оҳанрабодек тортгувчи, ҳатто қушларни ҳам қиё боқтиргувчи бир мўъжизавий матоҳ. Гап шундаки, бурамашохининг гугурт қутиси жой бўлгудек ички бурама белги жойи тилла суви юритилгандек ярақлаб турарди. У кундузику кундузи, ҳатто тунда ҳам шуълаланарди.
Сардорнинг бу шохини Нур тоғлари қўриқхонасининг тоғ бегилари кеч пайқади. Тўғрироғи, қўчқорча, ростакамига бу макондаги барча сурув қўчқорларини олишувларда енгиб, етакчиликни олгандан кейин кўзга ташланиб қолди. Унга илоҳий тус ҳам берилди: шохида «Аллоҳ» деган ёзув бор экан. Бу рост эди. Шундан сўнг у Тиллабурамашох номини олди. Қўриқхона маъмурларию тоғ бегилари унга алоҳида диққат-эътибор қаратиб, ҳушёрлик билан қўриқлай бошладилар.
II
Мана, Тиллабурамашох бир ойдан ошдики, мамлакат бош қароргоҳининг ноёб қушлар, баъзи жониворлар боқиладиган дарё бўйидаги қўриқхонасида. У жуда хомуш. Юраги қоп-қоронғу. Ҳеч нарса татимайди. Қўриқхонанинг ички қўрахонасидан ўз ихтиёри билан ташга чиқмайди. Уни кўпинча махсус яшил кийим кийиб олган, ўттиз ёшлар чамасидаги бўртиқ холли мутахассис йигит – мол дўхтири қўрадан ҳайдаб чиқади. У Тиллабурамашохнинг қўриқхонани айланиб юришини истайди. Ям-яшил бўлиб ўсиб ётган ўт-ўланлардан ейишини хоҳлайди. Эл бошининг хурсанд бўлишини, уни кўргани келган меҳмонларининг хурсанд бўлишини истайди. Қайда, Тиллабурамашох ўтларни чимдигандек бўладию, аммо астойдил емайди.
Тиллабурамашох ўй-хаёлида фақат туғилиб ўсган ота макони, она юрти – Ватани. Ҳа, фақат ўша – Нур тоғлари. Кўкка бўй чўзган баҳайбат, тик балиқсимон беш чўққи. Илонўтди дарасидан бошланиб, Қизилқум чўлларигача чўзилиб кетган юксак тизмалар, бу тизмалар дара-камарлар ораларидаги қора дарахтзору бутазорлар, бел бўйи майсалар, булоқлар бошларидаги қовғалар, пастга қараб йўналган ирмоқларнинг икки қирғоғи бўйлаб ўсиб ётган майда қизил гулли совунўтлар, қирқбўғинлар… Тўғри, қароргоҳнинг қўриқхонасида ҳам ҳамма нарса бор. Бўз ҳам, майса ҳам. Ҳар куни беда-йўнғичқа боғламлари ташлашади, хас-хашак, қандайдир бегона ис келадиган ем-емак. Дарё сувининг бир арнаси қўриқхона оралаб оқиб ўтади. Уларда ширмойи балиқлар сузишади. Ариқ бўйлари серўт. Аммо туғилган ватани озодлик, эркинлик… уларни фақат тутқунликда англар экансан. Ўҳў.. ўҳ… у юксак тоғлар… у тоғларнинг еллари, насимлари, шабадалари, шамоллари, ҳатто бўрон-тўфон, қору қуюнлари…
Ўҳҳ… Катта газа эпкинлари… газа ётоқлари… Газадан олис-олислар ҳам кўриниб турарди. Бу ердан кавшанган кўйи кўз нурлари етгунчалик жойларни кузатиб ётиш – оромижон. Тиллабурамашох узоқларда чайқалиб ётган марваридранг кўлни томоша қилишни ёқтирарди. Оҳ, у тунлар… серюлдуз тунлар… сумбула сувидек ярқироқ кечалар… осмонни тўлдирган ой ёруғлари… кўз олдингдаги жилва-шуълалар… нур чизимлари… сим-сим ўйин-нозлар…
Ватанида фақат унинг қавмларигина яшамасди. Теварак тўла жонзот… Кўриниб, кўринмайдиган хилқат, ҳайрат. Кўкда, деярли доимий бир жуфт бургут бир маромда қанот қоқади. Гўё эринибгина парвоз қилади. Аммо бирор ўлжани кўрганда, шиддат билан пастга шўнғийди. Қанотлари тебратган ҳаводан алқорлар илкис ҳуркиб кетади. Тўда-тўда тирсиллаган тўнғизлар ҳурқуллашиб-пурқиллашиб, камарлардаги булоқларнинг бўй-ботқоқ ирмоқ ерларини тумшуқлари билан илма-тешик қилишади. Жайралар сихларини тикрайтириб, гиёҳларнинг, ўт-алафларнинг томир-илдизларини тимирскилаб, ковлаш билан овора. Қўшоёқ, тоғ сичқон-каламушлари у бутанинг тагидан бу бутанинг тагига, бу бутанинг тагидан у бутанинг тагига югургилаб юришади.
Газадан бир жуфт тулкининг макони яққол кўзга ташланиб туради, ота-онаси қайларгадир кетиши билан, болалари инлари олдига чиқиб олишиб, ўйнагани-ўйнаган. Бир-бирини юлқишгани-юлқишган.
Ўҳ-ҳ… ўҳ… ўҳ… эркин ҳаёт, мароқли ҳаёт, жозибали, ишқбоз ҳаёт… осойишта ҳаёт… Тўғри, ҳамма вақт ҳам шундай эмас, аммо ҳамиша эркинлик, ҳамиша озодлик, ҳамиша ғир-ғир шаббода, газа эпкинлари ҳамишалик…
Тиллабурамашох бўғриқиб кетди, ётган жойидан туриб керишди, силкинди. Ётоқ-қўрадан чиқиб, арна томон юрди. Сув ичгандек бўлди. Арнага тикилиб қолди. Кўз олдига Оқбулоқ келди.
Оқбулоқ Ота Арчанинг сояси етгудек ёйилмасидан қайнаб чиқади. Унинг суви кўз ёшидек тип-тиниқ. Тиллабурамашох сурувни кўпинча оқ булоққа бошлаб келади. Улар чўққилардан, қоялардан ёнбағирларга аста-аста тушишади, тошлоқ қияликларни оралаб, бир сўқмоқдан турнадай тизилишиб, булоқ томон сардорнинг ортидан эргашишади. Булоққа яқинлашавергач, қоровулликни ҳам унутишмайди. Сардор қатордаги бирор аъзосига ишора беради. У шу кез сафдан чиқиб, Ота Арчанинг тепа тарафидаги ўмровли қоянинг устига чиқиб олиб, атрофни олазарак кузата бошлайди. Сурув мириқиб сув ичиб олгач, ўзларига соя-салқиндан жой танлайди. Соя бир бет бўлгунча ҳузурланиб ором олишади. Ўҳ-ўҳ-ўҳ… улар қаёқда қолди. Суруви қани? Шаҳлокўз маликалари қаерда? Диркиллаган қўзичоқларичи? Қани оқ булоғи? Ўзи нима бўлди?
Ўша куни, яъни бундан бир ойлар чамаси олдин сурув Бешқоя ёнида ёйилиб юрарди. Юрти гуллаб-яшнаган пайт, ям-яшиллик салтанати. Беқиёс қиёқлар, гиёҳлар, ғунчалар, кўплари очилган, япроқлари таранглашган, қишдан омон-эсон чиқиб олган сурув ютоққан… Пешинга яқин газада уч отлиқ пайдо бўлди. Тиллабурамашох иккитасини таниди, улар кийимидан маълум, доимо меҳрибон кўзлар билан қаровчи ўзларининг қадрдон қоровуллари эди. Бироқ учинчиси бегона, ўнг қошининг бир ёнида бўртиб турган қоп-қора холи бор нотаниш йигит…
Тиллабурамашох юраги аллатасин бўлиб кетди. Унинг шууридан нимадир сизиб ўтди. Нимадир юз берадигандек… Сурувни бошлаб Бешқоянинг терс томонига йўналди. Аммо кўп ўтмай бир тоғ бегининг ёлғиз ўзи унинг қаршисида пайдо бўлди. Нимадир «ширт» этди. Тиллабурамашохнинг этига чиппа ёпишди. У қадрдон қоровулдан буни асло кутмаганди. Кейин… кўзини очганда бўртиқ холли йигит ва яна икки-уч фасон бўйдор кишилар унинг устида турарди. Тиллабурамашохни ўша куни-тундаёқ панжарали машинада ушбу даргоҳга келтиришди.
III
Элбоши Тиллабурамашохни ёқтириб қолди. Уни қўриқхонага сайр этишга таклиф қилишганда, Тиллабурамашох шохидан шуъла таратиб, қўриқхона девори бўйлаб, аста-аста юриб турарди. Атайлаб қилгандек, кўргазма намойишига чиққандек там-там юрарди. Ё раб! Унинг қомати… кўрки… таранг, сулув оёқлари… тик боқувчи қора, шаҳло кўзлари… қорамтир малла ранг ичида қордек оқ ўмрови, текис, силлиқ бадани… айниқса, Тиллабурамашохи… шуъладор «Аллоҳ» чизгилари…
– О, красавес! – у бутун ҳайратини бир сўзда жамлаб, хитоб қилди ва иш бошқармаси бошлиғига юзланиб шундай деди: – Биласанми, унга бу ерда нима етишмайди, чўққи… тоғ чўққиси… скала… Қуринглар, келган меҳмонларим уни қоя устида кўкрак кериб, қуёшга қараб турганлигини кўрсин. Нур таралаётган тиллашохини кўриб, мафтун бўлсин! «Аллоҳ» сўзини нурда ўқисин. Биз Аллоҳнинг суйган фарзандлари эканлигимизни, улар бу дунёдаги энг бахтли фуқаро эканликларини билсинлар!
Кўп ўтмай, қўриқхона бўйлаб, тоғ томонга қараган маълум бир масофада чўққи-қоя қуриш ишлари бошланиб кетди.
Тиллабурамашохнинг ичи эса ёришмасди. Кун-тун ватанини ўйларди, унда шамолдай эркин-эмин кезиб юрганликларини бир зум бўлмасин эсидан чиқаролмасди. У озод хилқат эди. Оиласи – суруви ҳам озод ва эркин эди. Улар жам бўлиб, Аллоҳ берган эркинлик нашъаларини суришарди. Бу уларнинг оддий ҳаёт тарзига айланганди. Бу дунёда ватанингдан, озодлигингдан, эркинлигингдан қиммат нарса йўқ экан. Тоғ бегилари аҳён-аҳёнда катта дарага барча катта-кичик сурувни йиғишиб, саноқ ўтказишар эди. Ўҳў… бу тўпландилар, тўс-тўполонлар, олишувлар, бир-бирига шох ташлашувлар… Уларни ҳатто Бургутли қоянинг олмос кўз бургутлари, Шовуллоқ шаршарасининг кўк каптарлари ҳам томоша қилишарди. Какликлар «қақи-бақ… қақи-бақ…»ларини тўхтатишарди. Тоштўрғайлар думпарларини ликиллатишиб, алқорлар устида у ёнга, бу ёнга учишиб томоша қилишарди. Бу макондаги тўнғизлар бу пайтларда оёқ остларида қолиб кетмасликлари учун ўзларини холи жойларга олишарди.
Ўҳ-ўҳ… Мутлақ ғолиб бўлган куни. Бу лаҳзаларни эсидан чиқариш мумкинми? Йўқ! Йўқ! Асло! Айниқса, сурув сардорлиги учун шиддатли кураш пайтларини… Бу вақтларда бир-бирини аяш йўқ! Ғолиблик, етакчилик, сардорлик йўли – шафқатсизлик йўлига айланади. Зўравон – етакчи! Куч-қувват – етакчилик! Бу курашда ҳатто ҳалокат юз беради. Фожиа оддий ҳолатга айланади. Табиатнинг бешафқат, изчил ҳукми азалий, абадий!
Тиллабурамашох ўша куни бир кўз бўлиб қолган сардор билан жангга тушди. Унинг бир кўзи кўрмасада, жуда бақувват эди. Жангари эди. У сардорликни Тиллабурамашохга топширишни хаёлига келтирмасди. Олишув узоқ давом этди. Энг даҳшатлиси, шохлар шохга оралаб, кириб қолди. Бурамашохларни бир-биридан ажратиб олиш жуда оғир эди. Бир-бирини итаришар, ортга-олдга тислантиришарди. Бу жангда ғолиб аниқланмаслиги ҳам мумкин. Чунки ҳар иккисининг ҳам йиқилиши, ё жангни ташлаб қочишга имкони йўқ. Ҳолдан тойишса, шохлар шохга тиралишиб, тин олиб туришаверарди.
Тиллабурамашох бу ҳолдан қандай чиқиб кетиш йўлини топа олмади. Аммо тажрибали бир кўз сардор иложини топди. У тумшуғини ерга тираб олди, бўлажак сардорнинг куч-қувватига тан бергандек, тек турди. Тиллабурамашох «Аллоҳ» ёзуви муҳрланган шохини ёнлатиб, рақиби шохидан чиқариб олди. Чиқариб олдию ортига бир тисланиб, сардорнинг биқинига шох урди!
Тиллабурамашох ғолиб эди! Мағрур керилди. Ватани салтанатининг энди ягона ҳукмдорига айланди. Энди барча алқорлар, улар сурувлари унга тобе-тобун эди ахир!
Мана, энди озодликдан, эркинликдан маҳрум. Ватандан маҳрум. Бўртиқ холли йигит унга кўз-қулоқ. Икки марта кўпчилик бўлиб, йиқитишиб, баданига наштар ҳам уриб кетди. Холли йигитни кўргани кўзи йўқ. Уни ватанидан жудо қилган шу. Қани, энди туёқлари остига олса, эзғилаб ташласа… Ўҳ-ўҳ… ўҳ…
Ниҳоят, қоя-чўққи ҳам битди.
Қоя-чўққи жуда ҳашаматли. Албатта, ватанидаги чўққиларга, қояларга ўхшамайди. Аммо.. бирдан Тиллабурамашохнинг хаёли тобга келди, шууридан олис бир кечинма ялт этиб ўтди. Ўшанда илиқ, юмшоқ ёз тонгларидан бири эди. Тиллабурамашох ҳар бир тонг қуёшини тик юксак қоя зирвада ўзи кутиб оларди. Сўнг аста-секин сурувнинг қўрқмасларидан битта-иккитаси ортидан эргашади.
Ўшанда у қояда якка турарди. Унинг бадани нурлардан роҳатижонланиб, кумушланади. «Аллоҳ» ёзуви чўғланарди. Тиллабурамашох пастга – камарнинг қуюқ сояларига синчковлик билан тикилди. Қандайдир ўта жим-житлик. Жим-житлик… сукунат… Қоядан азот кўриниб турадиган, энлаб ўсган сершох қора дўлана тагида нимадир ғимирлагандай… Сирли ваҳм… Ортига бурилмоқчи эди… «қарс-с!» Зарб! Ўқ ярим одим адашди. Сардорни зарб учириб юборди. У ҳавода муаллақ пастга шўнғиди. Учиб бораётиб , тошдек тушадиган ерини нигоҳлади. «Ё Аллоҳ!..» Тиллабурамашох бир ўмбалоқ ошиб, зил шохлари тўбасини тикка пастка қаратди. Улгурди. Тўба-шох ерга урилди!
Узун бутли овчи «ҳай-ҳай»лаб, югуриб келгунча жони омон қолган Тиллабурамашох ўзини ўнглаб олдию камар этаги бўйлаб одам бўйи ўсиб ётган қуюқ пиданаларни оралаб йўқолди.
Ҳа, шундай бўлган эди.
Ўша Ватанидаги чўққи-зирвалардан пастроқ қурилган қоя. Уни битириб, ишловчилар қорасини кўрсатмай кетишди. Тиллабурамашох қизғиш-қиррадор қоя тошлари ёнига бориб, ёнлаб ишқаланди. У ер, бу ерларини шохи билан туртиб кўрди.
Аста-секин қоя-чўққи сари қадам ташлай бошлади. Ҳар қалай қўриқхонанинг сим тўсиқ, деворларидан яхшида. Узоқларга қарайсан, узоқларни кўрасан, Эҳтимол, унинг устидан ватани ҳам кўриниб қолар, ҳеч бўлмаса Бешқоя чўққилари… Тиллабурамашохнинг чўққилари ҳар қандай жойдан ҳам кўринади. Ахир, у дунёдаги энг баланд, ҳаводор, шамолдор, тик чўққилар. Ўҳ-ўҳ… ватани чўққилари. Улар устида қоя ёриқларидан унгувчи йўсин-моҳлар, улар тоти… ўҳ… ўҳ… Айниқса, қалп-қалтис қоятошлар орасидан сизилиб чиқиб, қотиб қолган мўмиёлар… қоп-қора ялтироқ, силлиқ дориворлар… ўқлардан яраланганда жон ато этгувчи малҳамлар… тириклик малҳамлари… ўҳ-ўҳ… ўҳ…
Ватан соғинчи, эркинлик соғинчи. Тиллабурамашохни ҳушдан кетказаёзди.
IV
У қочиб борарди. Кўзларига ишонмасди. Бироқ қочқинга айланганлиги ҳақрост эди. Таралиб оқаётган дарёдан ўтиб олди. Узоқдан яққол кўриниб турган қорли тоғни қоралаб, у томонга югуриб кетарди. Оёқларига ишонарди. Гарчи қўриқхонада улар толғинроққа айланган бўлсада, мустаҳкам эди. Бора-бора толғинликлардан асар ҳам қолмади. Чигиллар буткул ёзилиб кетди. У олазарак бўлиб югурарди. Нохушлик келтирадиган ҳеч бир нарса назаридан четда қолмасди. У аввал қир-адир қишлоқларини ёнда қолдириб ўтди. Баъзи қишлоқ итлари уни кўриб қолди. Орқасидан қувгандек бўлди, етиб бўпти. Акиллаб-акиллаб қолиб кетишди. У қаршисида турган оппоқ тоғ томон югургилаб кетарди. Шунга етиб олса бўлди. Кейин ўзи билади… Ватанини топади. Озодликнинг орти – Ватан. Ватанини топса, эркинлик ҳаёти ўша ерда. Эркинлик ҳамма жойда ҳам татийвермайди. У ватанда татийди. Ўҳ-ўҳ… Эркинлик – Ватанда татийди фақат! Ана шу эркинлик деб, озодлик деб, Ватан деб, оила-сурувини деб, қўриқхона деворларига яқинроқ қилиб қурилиб қўйилган тик қоя-чўққидан «Ё, Аллоҳ!» – дея ташга сакраб учди! «Аллоҳ!» деб, эркин ҳаётга учди, Ватани томон учди! Мана, муродига етди. Тиллабурамашох озод. У, мана, қорли қояларга тирмашиб чиқмоқда. Гуртикларни ўмганлаб ёриб бормоқда. Кўчки сурилишларини четлаб ўтмоқда. У бир қояга чиқиб олди. Толиқди, аммо чарчагани йўқ! Тин олди! Олис-олисларга боқди. Поёнсиз тоғ… тизмалар… тизмалар… ўркач-ўркач қоялар… арчалар… арчазорлар, Тиллабурамашох кўрмаган қандайдир дарахтлар, буталар, қиррадор-қиррадор тошлар, ўйдим-чуқурликлар, жарлар, ўпқонсимон унгурлар, жоналар… Ватани қаёқда? Унинг ватани қайси томонда? Шундай очиқ ҳавода ҳам нега Бешқояси кўринмайди? У ҳамма жойдан кўриниши керак эдику… Қани у? Унинг жон-жаҳони Макони қаерда? Аллоҳ!.. мадад бер!..
Тиллабурамашох тин олиб турган қоянинг ортидан қуёш нурлари осмон юзини ёрита бошлади. Ўҳ-ўҳ… ўҳ… Унинг шуури бирдан ёришиб кетди. Ахир, ватанида ҳам қуёш осмонга шу тарафдан кўтарилар эдику. Демак, унинг ватани бу тоғларнинг ортида эмас, этаклаб кетган томонда, қуёш ботиши томонда, Кунботарда.
Тиллабурамашох шитоб билан қоядан тушди. Югургилаб кетди. Тизмаларни қиялаб югургиларди. Қуёш бир оқтерак бўйи кўтарилганда, мороллар сурувига дуч келди. Улар қулоқларини дик қилганча, бу бегона шохдорга ҳайрат билан тикилишди. Тиллабурамашох уларни ёнлаб ўтиб кетди. Шу кетишда қанча юрганини билмайди, аммо кун пешиндан ўтиб қолганда узоқдан бир жуфт қизил бўрини кўриб қолди. Ҳа-ҳа, қизил бўри. Хайрият, уларни Тиллабурамашох биринчи бўлиб кўрди.
Биринчи бўлиб кўришда гап кўп. Қочиш йўлини бир дақиқада шууринг билан белгилаб оласан, шунга қараб, қисматингни ҳам ҳал қилишинг мумкин. Бўрилар ҳам уни кўрди. Хатарли қува-қув бошланди. Ҳаёт-мамот лаҳзалари… Тиллабурамашох бўриларни кўп кўрган. Бўрилар ўз ватанида ҳам кам эмас. Фақат бу бўриларнинг ранглари қизғиш экан. Жуссалари ҳам ватани бўриларидан кичикроқ. Тиллабурамашох ҳатто бирининг, яъни она бўрининг қорни қаппайганлигини – бўғоз эканлигини ҳам илғади. Бироқ улар чаққонгина, шувиллаб орқасидан қолмайдиганлардан, шекилли. Тиллабурамашох жон-жаҳд билан қочишга тушди. Бўрилар икки ёндан келарди. Уни ўртага олмоқни мўлжаллар эди. Бу усулда сардор икки-уч марта ватани бўрилари билан тирашиб кўрган. Шу боис у тўлғама усулида, яъни гоҳ ўнга, гоҳ чапга ўзни ташлаб, қочиш усулини танлади. Бу йўсинда анчагача қочди.
Аммо бўрилар ортидан қолмасди. Тиллабурамашох кескин бурилди, йўлни тикка пастлик – шағаллик энишга йўналтирди. У бамисоли бир бурама лойқа шиддатли сел оқимидай оқиб кетди. Бўрилар бундай ҳолатни кутмаганди. Она бўри бир қояча устида итолғиқушдай ҳолсизланиб туриб қолди. Аммо арлони қувишда давом этди. Одатда бўри зоти тик энимга тик югуролмайди. Ўмбалоқ ошиб кетиши ҳеч гап эмас. Тиллабурамашох бундан усталик билан фойдаланган эди.
Йўқ, арлони бўри, энди ёлғиз бўлсада, ўлжани осонликча қўйиб юбормоқни истамасди. У қувиб борарди. Пала-партиш тошларни оралаб, сакраб-сакраб қуварди. Тиллабурамашохнинг чақмоқ шуурида арлони бўри бўртиқ холли йигитга айланди. Холли йигит қуварди. Икки оёқлаб қуварди. Қорачиқдай бўртиқ холи қоп-қорайиб кетган эди. Қош-кўзи орасидан баттар бўртиб чиқиб кетган эди у. У қуварди, изидан қолай демасди.
Тиллабурамашох йўлни энди қиялатиб югуриб, юқорилай бошлади. У олдинда кўринган чўққи ёнидаги газани мўлжалга олди. Газани ошиб олса бўлди, нарёғи яна эниш бўлиши керак…
Газа… мана, газа… Газага чиқди! Ўҳ-ҳ…-ҳ… Олди қоя эди! Шу асно арлони ҳам етиб келди! Тиллабурамашох унинг анча толиқиб қолганлигини сезди. Фурсат ғанимат! Бошқа илож йўқ! Тиллабурамашох забт билан орқага бурилди, «Ё, Аллоҳ!» – у бўрига ташланди! Бақувват шохлар чақмоқдай қарсиллади, Шохлардан ўт чиқиб кетди. У бўрини қоятошга тираб, сиқди! Сиқди! Бўрининг кўзлари оқиб кетгандай бўлди! Тиллабурамашох шохларини лаҳзада ажратдию, тўғридаги қоянинг энг пастқам кемтиги – тангисини кўзлаб чиқди ва… чақмоқдай ўзини қаршисидаги эниш тарафга ташлади…
Тиллабурамашох қорни бўйи келадиган дарё қаршисидан чиқиб қолганда тун эди. Қандайдир кенгайиб кетган осмон… тўла юлдуз… юлдуз… Дарё тўла юлдуз… шарақлаб-шарақлаб тебраниб ётган юлдуз… У энди ўзига келган, ёвларидан қутулиб кетганини билар, аллақандай кўнгли хотиржам тортганди. Чанқагани эсига тушди. Тамшанди. Олазарак бўлиб сув ичди. Дарёнинг иккинчи қирғоғи тарафларда – олис-олисларда тизма тоғлар нигоҳларини чулғади. Сувга тушиб, ўмганлаб-ўмганлаб қирғоққа чиқди. Силкинди. Танасига қандайдир куч йиғилгандай бўлди. Югургилаб кетди. Қанча югургилади… Ногаҳон саҳродан чиқиб қолди. Ҳа, тоғ тизмалари бўйлаб қаршисида поёнсиз саҳро ётарди. Қаердадир адашганди. Ҳали тоғларда кўкиш туманлар элас-элас кўзга ташланарди. Бироқ ватани чўққиларига ўхшаш чўққилар, туманлар орасида қалқиб тургандек туюлди унга. Демак, саҳрони кесиб ўтиб, тоғларни қоралаб бормоқ керак бўлади. Саҳро ўт-алафларидан чирт-чирт узиб еди. Аллақандай, чоғроқ тошдай жонзотга дуч келди. У тўнтарилиб ётар, тўрт оёғини тинимсиз қимирлатар, аммо улар ҳавода муаллақ тебранарди, холос. Бирдан унга тикилиб қолди. Илкис, бир шарпа орқасида тургандай, ваҳимада жонивор устидан сакраб ўтиб кетди. Беихтиёр унинг бир орқа туёғи ҳалиги жонзотга тегиб кетди. У ўнгланиб олди… Бу саҳро ўртасида тўнтарилиб ётган Она тошбақа эди.
V
Эрта турган бош тоғ беги Ражаббой соя-салқинда алқорлардан хабар олиб келмоқчи бўлиб, тоғлар тўрига – Бургутли қоялари томон йўл олди. Отининг жиловини салқи қўйиб, теваракни қўш кўзлаб дурбини билан кузатиб борди. У сой бўйлаб, ота-боболари экиб кетган, бугунда юз йилдан ёши ошиб кетган ёнғоқлар оралаб кетар экан, ғоят мамнун эди. Бунақа хуш ҳаво тоғ ер юзида битта бўлса керак, дея ўз-ўзига жилмайиб қўйди. Алқорлар ҳам қай жойни ватан қилишни билар эканда, саҳро-чўлларда яшай олмайди. Жуда баланд, масалан, уч минг метрдан ошган тоғларда ҳам яшай олмайди. Улар учун денгиз сатҳидан икки, икки ярим минг метр баланд ерлар асл жойлар ҳисобланади. Бекорга ёввойи қўй, дейилмас эканда. Қўйларга ҳам бу тоғлар энг қулай жой, ахир.
Шундай хаёллар билан кетар экан, ора-чора сойнинг икки бетида маза қилиб ўтлаб юрган алқорларни кўрди. Қозоқмозор деб аталмиш жойга етганда отидан тушиб, уни бир учқатга боғлаб, «булк-булк» қилиб, қайнаб чиқаётган чашма бўйига келиб ҳовучлаб сув ичди. Сўнг ён томондаги бир қоя устига чиқиб борди ва бу қулай жойдан алқорлар сурувини кузата бошлади.
Ё, фалак! Қичқириб юборди Ражаббой, дурбин ойнаклари ёнида Тиллабурамашох турарди! Йўқ, дурбин адаштираяпти, кўзлари алдаяпти, бўлиши мумкин эмас… Тиллабурамашох!
Чўнтагини пайпаслаб, қўлрўмолини топди. У билан дурбин ойнакларини артди, кейин кўзларини артди. Қаради. Тиллабурамашох! Тағин қаради, Тиллабурамашох!..
Отига чопди. Ета солиб, унга сакраб минди. Сурув томон от қўйди. Бир камарчани жадаллаб кесиб ўтиб, алқорларни бетлади. Катта сурув бу ердан азот кўриниб турар эди. Худди ўзи – Бурамашох! Ўзи! Уни қандай танимаслик мумкин… Лекин бу ерда қандай пайдо бўлди? Пойтахтга олиб кетишган эдику?..
Ражаббой ҳамон ҳайрат, ҳаяжонда эди. Қандай ўй-хаёллар қилишни ҳам билмай қолди. Саволлари кўп, жавоблари йўқ. Мобил… Уйда қолибди. Қўл телефонидан кўп фойдаланмайди. Бу тоғларда ким билан ҳам гаплашади. Шаҳар-пашарга тушса бошқа гап. У отнинг жиловини уйи томон бурди.
Ўша куни шомдаёқ пойтахтдан бўртиқ холли йигит ёрдамчиси билан етиб келди. Унинг ранглари ўчиб кетган. Қоши орасидан холи янада бўртиб чиққандай. Унинг айтиб беришича, ўлган ўлган, қолган қолган.
Тиллабурамашох лаънати меъморнинг айби билан қўриқхона деворига яқин қуриб қўйилган қоя-чўққидан чегара оша сакраб ошиб қочиб кетганидан буён уйқу-пуйқини билмайди. Тиллабурамашохни изламаган жойи, дараклатмаган қулоғи қолмабди. Ахир уни Катта жуда яхши кўриб қолганди. Агар билиб қолса, отади, ҳа, нақ отади! Лекин Тиллабурамашохнинг ўз макони – бу тоғларга йўналганини ҳеч кимса хаёлига ҳам келтирмаган эди. Ахир, бу ҳайвонку… шунча узоқ йўлдан – Мағрибий Тёншондан Туркистон тизмалари орқали Нур тоғларига… Йўқ, йўқ, бу ҳайвон эмас, бекорга шоҳида «Аллоҳ» сўзи тамғаланмаган. Ражаббой, Вақтида телефон қилиб, хабар берганинг учун минг-минг ташаккур. Мени кўп ёмон нарсалардан асраб қолдинг. У бир тоғдан олиб, бир боғдан олиб, Ражаббой ҳовлисидаги супага қалин тўшак солдириб, уйқуга кетди.
Эрталаб Ражаббойнинг тоғ бегилари Тиллабурамашох сурувининг Алқорқамоқ сайҳонида эканлиги хабарини етказишди. Алқорқамоқ сайҳонлигини табиий тошқўрғон, деса бўлади. Тошқўрғон теварагининг уч тарафи баланд қиррадор қоялар билан қуршалган, бир тарафи эса таги кўринмас зов, тошжарлик. Зовга туташиб кетган биргина тошдарвозаси бор. Алқорлар шу дарвозадан кирадида, ўзларини нақ қамоқхонага тиқишади. Алқорларнинг бу жойга тез-тез кириб, ёйилиш сабаби, сайҳонлик ичи ўт-ўланга тўла. Шувоқ дейсизми, буғдойиқми, туятовонми, кийикўтми, какрами, зирами, ўлмасўтми, сигирқуйруқми, андизми… ҳаммаси топилади. Бундан ташқари, учқат, қорабодом, сўўз, ирғай, итбурун, қизилча сингари дарахтлар, буталар ҳам қалингина. Буларнинг япроқларини алқорлар икки олд оёғини дарахт таналарига тираб олиб, «чирт-чирт» узиб, роса маза қилишади.
Бугун ҳам сурув маза қилиб ёйилмоқда. Кун чошгоҳга яқинлаб қолган. Тиллабурамашох ўз Ватанида, эркин, озод, унинг етиб келганига ҳам ҳафта бўлиб қолди. У тағин шаҳлокўз сулувлари қуршовида, бир қанча қўзичоқлари сакраб-сакраб ўйнайди, диркиллайди, диконглашади. Қўчқорчалари бир-бирига калла ташлашади.
Ражаббой бўртиқ холли йигит, ёрдамчиси ва икки қоравули билан тошдарвоза олдида пайдо бўлишганда, Тиллабурамашох бир учқат шохларига осилиб, ковшанмоқда эди. Унинг кўзлари «ялт» этиб, бўртиқ холли йигитга тушди. Юраги жизиллаб кетди. Ўша кимса… ёнида шотири… қоровуллар… Сардор учқатдан оёқларини зудлик билан пастга туширди. Жон ҳолатда сурувига қараб, маъради. Сурув зум ўтмасдан уни ўраб олди. Тиллабурамашох уларни зов тарафга суриб кетди. Сурув зовни ёнлаб тўхтатди. Тек қотди. Ҳаммасининг кўзлари тошдарвоза олдига қадалди. Қулоқлари таранг-динг. Бирортаси қилт этмайди, ҳавода пашша учса билинади.
Ражаббой шерикларига нимадир дедида, ўзи ўлжани ухлатадиган ўқ-дорили остин-устинли қўшоғиз милтиғини орқасига яшириб сурув томон юрди. Аста… оҳиста… аста… оҳиста… Тиллабурамашохнинг… кўзлари сеҳрлангандек… холлида… икки оёқли бўрида… Тоғ бегида эмас, ўшанда… Ражаббой… аста… оҳиста… аста… «Шип-п!..» Тамом! Тиллабурамашохнинг олдинги икки оёғи букилиб кетди, тентираб-тентираб, бўксаси билан бир тошга тиралиб, йиқилди. Сурув тум-тарақай бўлиб, ҳар ёнга сочилиб қочди. Бўртиқ холли йигит қандайдир чаққонлик билан бир зумда, Ражаббойга ҳам қарамай Бурамашох ёнига етиб келди. Келдию унинг шохларидан маҳкам ушлаб олди. Ушлаганда ҳам «Аллоҳ» тамғасининг устидан беркитиб ушлаб олди. Ушлаган қўли бир «жиз» этгандай бўлдию… Бу етмагандай бўйнига ўтирди. Ўҳ-ҳ… Бу ёғи лаҳзада содир бўлди. Тиллабурамашох зарб билан сакраб турди. Турдию… зов томон отилди. Холли йигит нима бўлаётганини ҳам англамай, Тиллабурамашохнинг шохларидан қўлларини ҳам ололмай, у билан тубсиз зов-тошжарга учди.
* * *
Бургутли қояда юз берган бу воқеаларни кузатиб турган жуфт бургут ҳавога кўтарилди. Сўнг ваҳмкор зов тепасида кенг доира ясаб, уча бошлашди…
Тоғ бегилари жон ҳолатда дара-камарларни бу ерга айланиб келганларида, холли йигит қонга беланиб ётарди. Аммо Тиллабурамашох йўқ эди…
Ражаббой мўмиёли чўққига бир нигоҳ ташлаб қўйди…
2017 йил октябр
«Ёшлик» журнали, 2019 йил, 4-сон