Мамади бованинг кампири йиқилди-ю етмиш йилдан бери биринчи марта ўз кучи билан оёққа турмади. Туғилмаган одамлар биз билан ёнма-ён яшолмаганидек ўлганлар ҳам сафимиздан кетиши кўз устидаги қошдай пешонага битилган эди. Чолнинг бўғзига нимадир тиқилди. Кампир ўлса ҳоли не кечади? Ёлғиз ўғли Завқиддин шаҳардан бери келмаса.
— Ташлаб кетма, — деди чол унсиз.
Биров дўхтирни чақирди. Дўхтирнинг лақаби Капут эди. Орзипошша момони эринмай текширгач, даҳлизга чиқиб бош чайқади. Мамади бованинг назарида у шундай оғир дамда ҳам пичинг ва ҳазил аралаш «Гитлер капут» дегандай туюлиб, ғижини келди.
— Давлат шунча йил ўқитган… — Чол ҳовлига чиққанда, овозини кўтарди: — Нима, бир момойни сақлаб қололмайсанми? Йиқилган бўлса юмронқозиқ инига оёғи кириб йиқилибди.
— Гап инда эмас, бова, момомнинг юраги чарчаган. Йиқилмаганда ҳам барибир… кўпга бормасди. Энди, бу ёғи қаричилик. Бардам бўлинг.
Чол уйга кирди.
— Завқиддинлар келдими? — сўради кампир инқиллаб.
— Чақиртирдим, бугун етиб келса керак. Биласан-ку, унинг ишдан қўли тегмайди.
— Ишдан?
— Ҳа, ишидан жавоб сўраб келади-да.
Кампир сандиғига бошини зўрға буриб қаради. Кейин кучаниб-эмраниб кўрпача тагидан калит олди.
— Мана… сандиқники…
Мамади бова саволомуз боқди. Кампири шифтдан ўлим элчиси келадигандек жимгина кутарди.
— Нима қилай буни? — деди чол.
— Сандиқники, — такрорлади бемор. — Олиб қўйинг… Излаб ётманг дейман-да.
— Э, қизиқсан… Бунча ваҳима қиласан? Одамлар айиқнинг инига йиқилиб омон қолаяпти.
Орзипошша момо кўзларини чарчоқ-ла юмди. Кўрпанинг билинар-билинмас қимирлаши унинг ҳаётлигидан дарак берарди. Чол уҳ тортиб хаёлга чўмди. Кўрганлари бир фарзанд бўлди. Уям Мамади бова қамоқда эканлигида туғилди. Ёлғиз фарзандининг чақалоқлигини кўрмади ота. Эри юмшоқ пахтанинг қаттиқ қаҳрига учраб ҳибс этилган олис шўро йилларида шу кампир ўтин ёришга одам тополмай тезак йиғиб уй иситди, овқат қилди, кир ювди. Икки юзи қип-қизил, лорсиллаган хотин эди. Жуда кеч туғди. Одамлар эр-хотиннинг садоқатига, сабрига тасаннолар айтишди, ёшларга намуна қилиб кўрсатишди. Шулар туфайли ўнлаб оилалар сақлаб қолингандир, эҳтимол. Айримлар «Эри қамалган, нимасини мақтайсизлар» деб ўрлик қилса, катталар «Қамалганларнинг ҳаммасиям жиноятчи эмас, зиндон ҳам бир чоҳ кабидир» дейишар ва Мамади бованинг оиласини кўкларга кўтаришарди.
Аммо вақт ўтгандан кейин бобонинг боши эгилди.
Завқиддин билим ва шижоат бобида юзлаб тенгдошларини ортда қолдирадиган олов йигит эди. Ҳарбий хизматдан ҳам гул-гул очилиб қайтди. Институт эса… шаҳарда бир умр қолишига патта берди. У қишлоқда ишлолмаслигини маълум қилди. Бу ҳам етмагандек Луизага уйланди. Луиза тўладан келган, сутга чайилган каби опппоқ, бўяма бўлса-да, қора қош. Бироқ кўзлари мовий, сочлари сарғиштоб. Мамади бова ўриснинг қишлоқча гапиришини ўшанда кўрди, «эна» деди Орзипошшага. Ҳеч ким чол-кампирни айбситмади, шунда ҳам бошини хам қилди ота. Унингча, ёлғиз ўғил падарининг уйини ташлаб кетиши жиноят эди. Иш ота-онадан устун келибдими? Ўрис келин қишлоқда яшолмаса, нега тегди?
Лекин хафалигини бировга сездирмади. Болам шаҳарлик бўлди, деб тўйларда мақтанди. Мақтанди-ю ўғлидан ярим жудо бўлганини ўйлаб, ичи музлади.
Кампирига-ку тараф йўқ. Умр бўйи сирлилигича яшади шу муштипар. Давлат мулкини ўғирлади, деб Мамади бовага туҳмат қилишганида ҳам душманларни қарғамади. Шубҳага борган Мамади бова «Орзи, сен ҳам мени ўғри ҳисоблайсанми?» деб сўраганида, ҳайрат ва алам билан боққан эди. «Сизни ўғри десам, ҳатто хаёлимдан ўтказсам икки дунём куйсин», деганди у.
Бир пайтлар «Районда Американинг жосус аёли бор экан, қишлоқи ўзбек қиёфасида яшаб юрганмиш, «мақсад-бемақсад» бунёд этилган ҳарбий қисмнинг тагида қитъалараро учириладиган ракета бормиш, шуни пойларкан» каби мишмишлар болалаб қолганди. Қишлоқ эркаклари бир-бирига «Ўша жосус сенинг хотининг бўлиб чиқмасин» деб ҳазиллашиши авж олди. Кўпчилик Мамади бованинг сирли кампирини ҳазил нишонига айлантиришди. Агар Америка жосуси қишлоқ аёли қиёфасида бўлса, Орзипошша кампирдан бошқаси ўхшамас экан. Қайсидир тўйда кулги-мутойиба авжига чиққанида, колхоз раиснинг ўзи ҳам ҳазилга аралашди:
— Менинг хотиним, — деди у, — ўрис тилини билади, тан оламан, лекин орамизда англис тилидан хабардор аёлнинг эри ўтирибди-ёв. — Шундай деб у ҳаммани Мамади бовага қаратди. – Момом англисчани биладими, йўқми, тўғрисини айтинг.
— Англисчани деяпсанми? Қизиқмисан, ўзбекчани тузук билмайди-ку. Ўн гапирсам бир жавоб оламан. — Аммо Мамади бовага ҳазил ботиб кетди: — Раис бўлиб топган гапингни қара-ю!
— Райондан эшитиб келдим, сенинг калхўзингдан, дейишди. Момо бир замонлар Регистонга борганда бир туристга «сенкю» деганини эшитганлар оғизлари очилиб қолган, гувоҳлар тирик. Чақиртириб келайми?
Даврада кулги кўтарилди. Чоллардан бири:
— Бизнинг калхўздан бўлса, Мамадининг кампири эканлиги аниқ, — деди. — Чунки отаси ўқимишли инсон бўлган, Гермонда яшаб келган, деб эшитганман. Лекин «КГБ» икки дунёдаям тутолмайди, Орзипошша тилига, юриш-туришига шундай эҳтиёчилки, ортиқча гапирганини бир марта эшитмабман, бир марта-я! Шу кўйи ўлиб кетсам керак.
Ҳазил таги зилга айланмасин, деб раис гапни бошқа чолларга бурди, аммо Мамади бова ичидан зил кетди. Бир ойча ўзига келолмай юрди. Ўшанда хотинини зимдан кузатиб, «англисчани билади-ёв» дея гумонсирарди. Америка билан қаерда гаплашишини ўйлаб ўйига етолмас, тез-тез келиб юрадиган электрикдан — сариқ сочли ўрис йигитдан — гумонсирарди. «Балки у ўрис эмас, англисдир, мен фарқини сезармидим, бари бир хил бўлса!» — дерди шайтон кўнгли.
Йигирма йилча муқаддам қитъалараро учириладиган ракетанинг қаерда жойлашгани жосус туфайли халқ орасида ёйилиб кетгач, аллақаёққа кўчириб кетишди. «Стакан» деб аталмиш қудуғига биров иккита тухум ташлаган экан, тубига ўн дақиқада етиб борибди. Шундай катта ракетани ахтарган аёл юмронқозиқ инига қоқилиб, ўлим тўшагида ётибдими? Балки сўнгги нафаси яқинлашганини сезиб, сирларини айтиб кетар? Чол барибир сўраёлмайди. «Тўғрисини айт, шўро даврида Американинг жосуси эдингми?» деб сўрасинми? Мана, энди доллар-доллар деган гаплар чиқиб қолди. Оддий шу қишлоқ аёли хуфиялик қилган бўлса, Пентагоннинг пулларини нимага сарф қилган? Битта сигир сотиб олиш учун тийинлаб йиққан вақтлари бўлдики ўша замонларда.
— Тентакман, — пичирлади чол, — қариганда одамнинг мияси суйилиб қолади шекилли? Бояқиш ғийбатчи, сергап, вайсақи бўлмагани учун айбдорми? Америка келиб-келиб шу муштипардан фойдаланадими?
Кечаси машинанинг овози эшитилди. Мамади бова деразадан мўралаганди, чироқлар кўзини қамаштириб юборди. Ўғли келган эди. У онам ухлаб ётибди, деб ўйлаб отаси билан шивирлаб сўзлаша бошлади. Ўзи билан шаҳардаги энг машҳур шифокорни ҳам олиб келган экан, беморнинг уйғонишини кутмай дарров текшира бошлади.
Ўғли бундоқ қараса отаси қўлида калит ушлаб турибди.
— Ота, калит ниманики? — имлади Завқиддин.
— Эҳ, бирон жойга илиб қўймоқчийдим-а. Боягина энанг берганди, сандиғининг калити… Тоза тушкунликка тушиб қолган…
Шу пайт Орзипошша момо:
— Ўғли-и-м… — деб чўзиб овоз берди.
Ҳамма унинг бошида уймалашди. Шифокор сўзсиз-сўроқсиз иш билан банд эди. Бир неча дақиқадан сўнг Капутнинг гапларини бунинг-да оғзидан эшитажагига Мамади бованинг имони комил бўлди. Ҳақиқатан эски гап такрорланди. Мамади бова ўнта кампири ўлиб ўрганиб қолгандек хотиржам эшитди.
— Ўғлим, — деди яна Орзипошша момо.
У ҳозирча тирик ҳисобланса-да, бу охирги сўзи эди. Тонг отди. Жанозага тайёрлана бошладилар. Юз-кўзларга қайғули тус берилди, эшик-деразалар артилди, йигитлар ўтинларни бир четга тахлашди. Тадоригни кўриб, Орзипошша момонинг қулаганини, ўлими яқинлигини эшитмаганлар ҳам тушуниб олаверишди.
Луиза болалари билан қорасини кўрсатганида кампирнинг жони ҳали узилмаган эди. Завқиддин пичир-пичир қилиб олгач, шаҳарга — ишга жўнади. Ҳарқалай «Энам ўлса чақирасизлар», демади. Шу куни ўрис келинга битта ҳам иш топилмади. У худди шаҳарлик бўлиб туғилганига пушаймон еяётгандек нуқул узун-узун бармоқларига тикилар, сарғиштоб сочини йиғиштирар, дам-бадам лабини тишларди. Шу ўтириши нафақат қишлоққа, бутун Марказий Осиёга ярашмай турарди. Тезаклар тахланган тандирхонага қараб-қараб қўйганида кўзларида қўрқув зоҳир бўлишигина самимий эди унинг.
Неваралар бувижоннинг бошида бир қатор тизилишиб ўтирдилар. Каттасининг бўйи анча чўзилиб қолгани боис Орзипошша момо «Нега бу тик турибди?» деб ажабланиб қараб қўйди.
Жон узилар чоғида Мамади бова ҳам бошида эди. Кампири бояқиш яна сандиққа кўз ташлагандек туюлди. Сўнг бир нима деди ва барча тирикларга насиб этадиган қисматга — ўлимга юз тутди. Юрак уриши тўхтади, шу билан бирга лаблар пирпираши, киприклар қалтираши, кўкиш томирлардан билиниб-билинмай оқаётган қон — барчаси абадий қотди. Шаҳарлик неваралар овоз чиқариб йиғлашни билмасдилар, қўшни хотинлар бошлаб беришди:
— Шундай яхши энамиз бор эди-я!.. Увв… увв…
Қанчалик ғалати бўлмасин, одамнинг кулгиси қистарди. Кўпчиликнинг назарида, ёшини яшаб бўлган кампир вафот этган бўлса, бунинг мотамлик сиёғи қолмаган эди.
Мамади бова «Мен гўр кавлаб кела қолай» деган каби индамай эшикка юрди. Шунда кўзлари ўз-ўзидан девордаги михга қадалди: кампир берган калит жонсиз осилиб ётарди. Шунда кампирининг бутун сир-асрори сандиқда яширинганини тушуниб, калитни юлиб олди ва чўнтагига беркитди. «Аввал мен очаман!..»
Чол умри мобайнида неча-неча одамни гўрга қўйишда иштирок этганди, кампириникига рухсат беришмади. Келганларнинг таъзиясини қабул қилиб, чоллар билан дарвозада ўтириш керак эмиш. Билади, кўзи қизариб кетган. Овоз чиқариб йиғлашга уялиб, нуқул ерга қарайди.
Урф-одатга кўра марҳуманинг буюмларини аёлларга тарқатиш керак эди. Ҳадеганда сандиқнинг калити топилмагач, аёллар Мамади бованинг ҳузурига боришди.
— Момом сандиқнинг калитини берган экан, қаерга қўйгансиз?
— Бугун шартми шу? — жеркиб берди чол хотинларни. — Ўзимнинг ҳам баъзи нарсаларим бор, худойида очаман, эртага.
Тунда тахмонни тушириб, калитни буради. Сандиқ қулфи жағидан айирилган каби ўлимтик ҳолга тушди. Қопқоқ кўтарилди. Чойнак-пиёлалар, ялтироқ клёнкалар ичидаги рўмоллар ва кўйлаклик матолар, майиз, ёнғоқ. Мамади бова гумончил хаёлларидан дили эзилиб, нарсаларни бир-бири кўздан кечирди. Ҳаммаси кампири ҳақида сўзларди. Биронтасига сирнинг бир мисқоли ҳам юқмаганди. Энг тагида соат турган экан. Сифатсиз қоғоз қутидаги девор соати, картони майишган. Уни ҳам қўлга олиб бир нафас маъносиз тикилиб қолди. Ичини очди. Батарейкасиз, яп-янги, арзон хитой соати эди. Эндигина жойига қўймоқчи эди, сандиқ бурчагида ётган конвертни кўриб қотиб қолди. Сарғайиб кетган мактуб анча йиллардан бери сақланаётганга ўхшарди. Шарт қўлга олди-ю қўйнига тиқди. У барчасини ёлғиз ўзи билишни истарди. Бир амаллаб кўзойнагини топди ва лампага яқинроқ сурилиб, ҳижжалаб ўқишга тушди:
«Худо менга фарзанд бермади, — деб бошланарди мактуб, — биттаю битта бола сўрадим. Шўрим қисиб эрим ҳам қамалди-кетди. Ўғри бўлгандан кейин бир кун келиб қамалиши кундай равшан эди. Қайси ўғри қўлга тушмаган? Қайси ўғри қамалмай қолибди?
Хайрлашар чоғида кўнглини кўтариш учун «Бўйимда бор» деб алдадим. Аслида мен — шум хотинда режа бор эди, ёлғон бир тадбир ўйлагандим. Эҳ, бу ёлғоним неча йилда очилар экан, ўттиз йилдами, қирқ йилдами? Ишқилиб, мен ҳам, эрим ҳам ўлиб кетганимиздан сўнг очилсин, деб хат ёзиб қўйишга аҳд қилдим. Қиёматгача ёлғончи бўлишдан Худо асрайди, хатимни бир кун келиб барибир биров ўқийди.
Рўзғор ҳам азобдан иборат бўлиб қолди. Ер чопаман, гўнг тозалайман, ўтин йўқ, сой бўйига тушиб, тезак тераман. Қайишадиган одамлар ҳам бор, умридан барака топгурлар чин дилдан ёрдамлашади. Лекин биз пахта одамимиз, буларнинг бари пахтадан кейинги тирликлар. Азоб десам, азоб эмас фарзандсизлик олдида. Шундай қилиб, ўйлаган тадбирим бола асраб олиш эди. Эрим қамалгач, ўзимни оғироёқ кўрсатиб юрдим. Гўёки эрим қамоққа тушганда бир ойлик ҳомилам бўлган, етти ойлик қилиб «туғиб олдим». Шаҳардаги болалар уйидан чақалоқ олиб келганимни энамга ҳам сездирмадим. Айтдим-ку мен шумман деб. Умидим яна Яратгандан. Ишқилиб ўғлим бизларга ўхшасин-да! Йиллар ўтди, бўйи ўсган сайин асраб олган одамларга тортди, юзим ёруғ бўлди. Отасининг олдига, қамоқхонага олиб борганимда бечора суюнарди, «Мен ҳам отаман» деб кўкрагига урарди.
Гуноҳларимни Ўзинг авф эт! Мен бир осий бандангман. Ўлганимдан кейин шу хатни топиб ҳақиқатни билсинлар… 1970 йил…»
Мамади бова сихга тортилгандек қимирламай ўтирарди. Кўзидан бир томчи ёш думалаб сарғайган қоғозга бодраб тушди.
«Буни бахтсизлик деса бўлади, — дерди ички овози, — буни қиёмат деса ярашади… Вой Орзипошша-ей… Шунча йил билмабман-а? Менинг ҳеч кимим йўқ экан-ку бу дунёда! Сезгандим-а бу бола нега бизникиларга уйланмади, шаҳардан бери келмайди деб! Қон тортмас экан-да, қон тортмас…»
Ота-онасидан хабар олмайдиган жамики фарзандлар аслида қони бегона ташландиқлар бўлиб туюлди бобога. Лабларида аччиқ кулги ўйнади. Марҳум кампирини тузукроқ сўколмади, лаънатлаёлмади. Бироқ мактубни ғижимлаб ташлар экан:
— Бунақа хотин бўгунча талоғингни сўрамайсанми, Орзи? — деди. — Американинг жосуси бўп чиққанингда мингдан-минг рози эдим-а… аттанг…
Чошгоҳда хотинлар сандиқни титкилаб кўришиб элга тарқатиладиган буюм топишолмади, бари янги, кийилмаган нарсалар эди. Мамади бовага калитни тутқазишганди, ўрнидан зўрға турди-да, ҳассага суяниб, нариги хонага чиқиб кетди. Кайвонилар бир-бири билан кўз уриштиришди. Улар чолнинг ҳасса тутганини илк марта кўриб туришлари эди, аразлашини ҳам кутмагандилар, албатта.
Калит Луизага топширилди. Луиза Швейцариядаги пўлат сандиқнинг калити бўлганида, эҳтимол, камоли эҳтиром ила олган бўлармиди, аммо ҳозир унинг-да асаблари чарчаб, неча кундирки шаҳардаги чала қолган ишларида эди хаёли.
Ҳарҳолда кетиш олдидан келин қайнотасининг иззатини жойига қўйди. Қўшниларнинг ичидан доимий қаровчи топди, якшанба кунлари хабар олгани келишларига ваъда берди. Охирида:
— Ота, — деди мовий кўзлари намланиб, — биламан, биз билан шаҳарга кетмайсиз, лекин… лекин нега бегоналарга қарагандек… биздан хафасиз… Ахир ўғлингиз ҳам, мен ҳам ишимизни ташлолмаймиз, невараларингизнинг келажаги учун ҳам шаҳарда яшашимиз керак. Қишлоқдан қатнайлик десак, юз километрдан зиёд. Ҳар куни икки юздан ортиқ йўл босишнинг ўзи бўлмайди, катта йўлгача ўн беш километр ўнқир-чўнқир…
— Одамнинг қадри километрлаб ўлчанмайди, — деди Мамади бова.
Бошқа ҳеч нима демади. Кайфияти йўқлигини жудоликнинг таъсири деб ўйлашди.
Кун ўтган сайин қуриб бораверди. Дардини на Завқиддинга, на оқсоқолларга айтди. Маъракаларга келган чоллар «Орзипошшани мозоротнинг боғ томонига қўйишибди, дўнглик тўлиб қолганмиш» деганларини эшитган эди. Демак, янги ўлик унинг ёнидан жой олади.
Момонинг «қирқи»дан кейин Мамади бова бутунлай ётиб қолди. Капутни чақириб келишганди, текшириб бўлгач, қишлоқ аҳлига қараб, қўлларини «икс» қилди ва паст овозда: «Гитлер капут», деб ўрнидан турди. Этагини қоқди.
Куни битгани эл-улусга маълум бўлиб, ёш-қари видолашгани тез-тез келавердилар. Чол сўнгги кучини тўплаб:
— Мени Орзипошшанинг ёнига қўйманглар, бошқа жойга кўминглар, — деди-ю бандаликни бажо келтирди.
Луиза маъракалардан чарчади. Бириники зўрға хотима топганда иккинчисиники бошланди. Бироқ ичида аллақандай хотиржамлик ҳукм сурар, эридан ўрганган савоб отлиқ ишларни қилгиси, қишлоқликлар олдида юзи ёруғ бўлгиси келарди. Кўринмас занжирлардан халос бўлган инсонларгина шундай бахтиёр ва савобчил бўладилар.
Мамади бованинг худойиси куни уй тўрига бир нотаниш кампир келиб ўтирди. Уни фақат етмишдан ошганлару ғийбатчи хотинларгина танидилар. Бир замонлар Орзипошша момо ишлаган колхозда бу ҳам ишлаб кетган экан.
Аёллар тарқай бошлагач, у ҳам йўлга отланди. Эшикка етиб, секингина хонадон келинини суриштирди.
— Мен, — деди Луиза.
— Қизим, қайнонангнинг худойисига келдим десам қайнотангникига кепман. Бу ерлардан кўчиб кетганмиз, эшитмабман, йўл узоқ. Энди-и, сенга бир илтимос бор, кулмайсан, болам. Бурунги замонда қайнонангга бир хат бергандим, сақлаб қўйинг деганман. Қайнонанг сирни қаттиқ сақлайди. Беш йиллар аввал раҳматлини учратганимда сандиқда ётибди, деганди. Шуни олиб берсанг. Менинг ҳам пойманам тўлган. Хатни ўғлимга қолдириб кетсам, девдим. Битта-ю битта ўғлим бор, асранди бўлса ҳам жуда ҳам меҳрибон, худди мен туққандекман… Уни… уни асраб олганимда, чолим қамоқда эди. «Бўйимда бор», деб чолимни алдаганман. Ҳатто энамга ҳам айтмаганман чақалоқни аслида асраб олганимни…
Келин ҳарчанд уринмасин, мактубни ҳеч қаерда тополмади. Меҳмон кампир эса йўлда қон босими ошиб ўлди. Сир сирлигича қолиб, абадиятга муҳрлаб қўйилди.