“Текширувчилар келишди…”
Котиб келтирган бу совуқ хабар раиснинг юрагини ёрмаган бўлса-да, ўрнидан қўзғалишга мажбур этди. У тоғликларга хос полвон келбатини кўтарар экан, курси бечора залворли юкдан озод бўлганини сезиб, секингина ғижирлаб қўйди. Раис комиссияга пешвоз чиқди. Бошдан оёқ қора либосга бурканган, қора папкали кўримсизгина киши оппоқ “Газ-31” олдида ғўддайиб турарди. Раис ярмидан келадиган пакана бу одам билан қўл олишар экан, обдон энгашишга тўғри келди. Тафтишчи бирор камчиликка кўз тушишига умидвор бўлиб, атрофга аланглаб қарар, “Бўйим паст бўлса-да, мансабим баланд” дегандай, дам-бадам кўкрагини кериб қўярди.
Раис бир қўлини кўксига қўйиб, иккинчи қўли билан меҳмонни қабулхонасига таклиф қилди.
Бирин-кетин хонага кирдик.
— Нега келганимни билмайсиз, албатта?
Меҳмон муғомбирона жилмайди. Сўнг юзига жиддий тус бериб, папкасидан икки энлик қоғоз чиқарди-да, раисга узатди. Раис кўзойнагини тақди, шикоят хатига узоқ тикилиб, пешонаси тиришди:
— Бу хўжаликда тинчлик йўқ экан-да, кеча-кундуз ишлайсан, эвазига туҳмат оласан. Битта ярамас “ёзувчи” ҳақ, бизлар порахўр, юлғич бўлдикми?
Ғазабини сиғдира олмаган раис бир тафтишчига, бир менга қараб давом этди:
— Бунақаси кетмайди. Ҳозироқ “ёзувчи”нинг уйга борамиз, гапи бўлса юзимизга айтсин.
Раиснинг жаҳл устида чиқарган қарори менга маъқул бўлмади.
— У бир туҳматчи қаллоб бўлса, нега унинг уйига бош уриб борамиз, — дедим.
У аламли жилмайди:
— Гапингиз ҳақ, лекин орани очмасак бўлмайди.
Раис гапида туриб олди, унга тафтишчи ҳам қўшилди. Хуллас, учовлон “ёзувчи”нинг уйига жўнадик. Тоғ ҳавоси салқин, қушларнинг чуғур-чуғури қулоққа хуш ёқади. Кўнгил баҳра олиб, яйрайсан киши. Хаёл билан “ёзувчи”нинг уйига етиб борганимизни билмай ҳам қолибмиз. Ҳамма раҳбарларни зир титратган “ёзувчи” тафтишчидан-да пастроқ, “касби”га зид равишда истараси иссиқ, кулганда кўзлари ўйнаб турадиган киши экан. У бизларни кўриб, шошиб қолди. Ҳар биримиз билан эски қадрдонлардай қучоқлашиб кўришди. Сўнг тавозе билан ичкарига таклиф этди. Ҳовли ниҳоятда кенг экан. Айниқса, боғ “ёзувчи”нинг тор феълига раддия мисол ястаниб ётарди. У бизни тўғри боққа бошлади.
Боғнинг ичидан бориб, серсоя ёнғоқ дарахти тагидаги супага чиқдик. Сал ўтмай дастурхон ёзилди. “Ёзувчи” дастурхонни боғнинг неъматлари билан тўлдирди. Сўнг ўғлини чақирди. Кўзлари отасининг кўзларидай чақнаб турган йигитча хизматга камарбаста бўлди. “Ёзувчи” ўғлига гапирмасдан, исмини айтиб, бир имо қилиб қўяр, ўғли эса бир зумда отанинг кўнглидагини муҳайё қиларди. Бир ишора билан думбаси лорсиллаган қўчқор, сал ўтмай, қозон-товоқ келтирилди. Бечора қўчқор, сўйилишидан бехабар, боғдаги майсаларни юлқилашга тушди. Олдимиздан оқаётган муздек ариқ суви ичида бир яшик ароқ пайдо бўлди. Қўчқор кўз олдимизда бўғизланди. У мард ҳайвон экан, ҳатто овоз чиқармади.
Қўчқорнинг гўшти раиснинг таклифи билан оз-оздан қовурилиб, дастурхонга иссиқ-иссиқ тортиладиган бўлди. Раис соқийлик қилди. Ароқ нимкосаларга сузилди. Мен узримни айтдим. Раис мени тушуниб, зўрламади. Дастурхон раиснинг сўзи билан очилди. У ароқ тўла пиёлаларга кўз югуртириб:
— Оғайнилар, шу дастурхон атрофида ўтирганлар ўртасида меҳр-оқибат иплари узилмасин. Шу хонадонга Худо бахту иқбол берсин. Тўйларида хизмат қилайлик, ҳеч ким дўстлар ўртасига ғов бўлмасин, — дея қадаҳ сўзи айтди.
Шундан сўнг қадаҳлар жанги бошланиб кетди. Тоғнинг мусаффо ҳавоси, қушлар сайроғи, яқинимиздан айқириб оқаётган дарё шовқинидан мен ҳам маст бўлдим, ҳисоб. Айниқса, пешма-пеш тортилаётган қўчқор гўштидан ҳузур қилдим.
Раиснинг эски дарди қўзғаб, бошига тушган оғир мусибатни эслади. Эслади-ю, юрак-бағри эзилиб кетди, ёш бола каби йиғлашга тушди. Кўнглим бузилди. Ичимдан нимадир узилиб, томоғимга тиқилгандай бўлди. “Ёзувчи”нинг ҳам кўнгли тўлиб турган экан, чайқала-чайқала ўрнидан турди-да, раиснинг салобатли гавдасини бағрига босиб, юзларидан ўпиб-ўпиб йиғлади. Улар қўлтиқлашиб дарё бўйига боришди. Бир-бирларини қучоқлашиб йиғладилар, кейин дарёда чўмила-чўмила ўзларига келдилар.
Бу ҳолат қайта-қайта такрорланди.
Дастурхон бошида бадқовоқ тафтишчи билан танҳо қолдим. У бирдан бармоғини бигиз қилиб менга ўшқира кетди.
— Сенлар шундай раисни қадрига етмайсанлар, қўлларингдан “ёзувчи”ликдан бўлак ҳеч бало келмайди…
У мени “ёзувчи” билан адаштирди чоғи…
— Сенларга фақат еб-ичиш бўлса…
Еган овқатим томоғимга қайтди. Ғазабдан туриб кетай деганимда, раис билан “ёзувчи” қайтиб келишди. Хайрият, тафтишчи чалғиди. Йўқса зиёфат нима билан тугаши номаълум эди.
Дастурхонга яна қовурилган гўшт тортилди. “Ёзувчи” менинг ёнимга ўтирди.
— Сиз нега ичмаяпсиз, нима мендан хафамисиз?
— Йўқ… Йўқ…
— Олинг гўштдан.
Ноилож овқатдан тотинган бўлдим. Кутилмаганда у:
— Кўрдингизми, буларингиз қўрққанидан оёғимга бош уриб келди… Сиз гувоҳсиз, — деса бўладими.
Ёзувчининг дўриллаб айтган бу сўзларини раис ҳам, тафтишчи ҳам эшитди. Аммо ўзларини эшитмаганга олишди.
Қуёш уфққа оғаётганда ўрнимиздан қўзғалдик. “Ёзувчи”нинг эса биздан ажралгиси келмасди. Кетишимиз олдидан у ёғли лаблари билан ҳаммамизни бир-бир ўпиб чиқди…
Эртаси куни раиснинг қабулига кирдим, кайфияти аъло.
— “Ёзувчи”ни бопладик, — дедим ғолибона тиржайиб. — Битта қўчқор, бир яшик ароқ. Роса тушди, энди ёзаверсин. Ёзса, яна борамиз.
Раис индамади. Демак, ҳа-ҳу демай яна зиёфат…