Мен Абдулла Қодирийни кўрганману кўрдим, деб айтолмайман. Бунга Ҳаким Назир айбдор.
Марғилон бозорининг бешик растаси шинам чойхона бўлар эди. Домлам Обиджон ака билан битта нон, бир ҳовуч майиз олиб, энди чой чақирган эдик, домла:
— Ана, у ёққа қара…—деб қолдилар шивирлаб,— Абдулла Қодирий ўлтирибди.
Мен қарадим иккита соддагина, дўппили киши шахмат суришяпти. Шу ўйинга жуда берилган пайтим, газетада чиққан чигил масалаларни ечиб, гросмейстерларнинг ўйинларини таҳлил қилардим. Ҳалигиларнинг тахтасига қарасам — жуда қизиқ вазият!… Алёхин би-лан Капабланканинг машҳур партияси-ку бу!
— Наригиси ютади — дедим.
— Ўшаниси Қодирий-да,—деди Обиджон ака.
Менинг фикри-зикрим тахтадаги вазиятда эди,— шу вазиятда буюк Капабланка тахтдан йиқилган.
Қодирийни кўрдиму кўрдим, деб айтолмайман.
Бунинг Ҳаким Назирга нима даҳли бор, дерсиз? Ҳакнм ака «Ленин учқуни»да ишлардилар. Шу газетада чиққан хабарларим учун қалам ҳақи ўрнига (пул болани бузади, деган бўлсалар керак) у киши менга шахмат юборганлар. Доналари жажжи, йилтироқ, тахтаси сирланган. Бунақасини кўрмаган эдим, Қўлтиғимда олиб юриб, шу ўйинга ружу қўйдим. Болалик зкан-да…
Болалик ҳам қолди. Шахмат ҳам қолди. Қодирий эса умрим, касбим, тақдирим…
Бундай бўлишини ким билиб ўтирибди дейсиз!
1992 йил.