Ҳе, чўзмай кет! Чўзмай ҳар бало бўлгур! Илоё, чўзмай чўзилгур! Нима қилардинг чўзиб-чўзиб, нима қилардинг чўзишга ўргатиб? Охир-оқибат ўзинг ҳам чўзилдинг, чўздириш касалига йўлиққан чўзмачи бошлиқни ҳам ўлик илондай чўздинг. Шу чўзилганича чўзилиб ётибди чўзилгур!
Чўзиш ҳам касаллик, чўздириш ҳам. Биров қоғозга ўраб чўзади, биров конвертга солиб чўзади. Биров совға усулида, бошқа биров тўёна қилиб чўзади. Яна биров билдириб чўзади, бошқаси сездирмай чўзади. Биттаси узун-узун қилиб, биттаси қисқа-қисқа, яна биттаси лўнда-лўнда қилиб чўзади. Аввалига муштдай-муштдай, кейинига ғиштдай-ғиштдай чўзади. Бирови бутун чўзади, бошқаси лағмондай чўзиб-чўзиб чўзади. Биттаси ётиб чўзади, биттаси сотиб чўзади. Бири ёнбошлаб, бири ачомлашиб чўзади. Бириси панада чўзса, бири ваннада чўзади…
Энди чўздиришнинг ҳам усуллари мўл, йўллари бениҳоя сероб. Бу шундай даҳшатли русумки, чўзмасанг ўзинг мажбур бўласан чўзишга. Истасанг-истамасанг чўздиришади. Энг ёмони чўзганингни ўзинг ҳам билмай қоласан. Ошхонада чўзасан, божхонада чўзасан, касалхонада чўзасан, дорихонада чўзасан. Бозорда чўзасан, етмай қолса наҳорда чўзасан. Гоҳ бездириб, гоҳ бездирмай чўзасан. Ортиб қолсаям, етмай қолсаям чўзасан, ҳолинг етмасада чўзасан. Баъзан уйқусираб, баъзан босинқираб, баъзида уйғоқ ҳолда кўриб-билиб чўзасан. Гоҳ ошна-оғайни ёрдамида, гоҳ таниш-билиш кўмагида чўзасан…
Қачон қутиламиз чўз-чўз офатидан, қачон чўздириш касали барҳам топади? Наҳотки, чўз-чўзнинг зиёни ўзимизга тегаётганлигини билмасак, наҳотки, чўз-чўз туфайли ҳаром-ҳариш кўчаларда чўзилиб юрганимизни сезмасак? Катта-кичик чўз-чўзлар, майда-йирик чўздиришлар диллар бойлигини емиради, талон-тарож қилади.
Келинг, ақл-фаросатни йиғайлик, тезроқ чўз-чўз касалидан фориғ бўлайлик. Авлодларимизга бундай ярамас иллатни мерос қолдирмайлик. Чўз, ҳо чўзни чўздирмайлик, пок виждонни тўздирмайлик, инсоф уйин буздирмайлик.