Ҳали олис ўша қутлуғ кун,
Парвозингни баланд ол, юрак!
Курашларда енгмоғим учун
Узоқ умр кўрмоғим керак.
Машраб БОБОЕВ
Касалхонада даволаниш учун ётганимда юрагимни кардиограмма қилишди. Уни кўздан кечирган докторлардан бири: “Сиз тик оёқда инфаркт ўтказиб юборгансиз. Мана бу чандиқлар инфарктнинг белгиси”, деса, иккинчиси: “Ҳеч қандай инфаркт ўтказмагансиз. Мен унинг аломатларини кўрмаяпман. Кардиограммадан кўриниб турибдики, юрагингиз тез ураркан, холос”, деб ташхис қўйди.
Аслида ҳар ким ўз юрагининг табиби. Шу боис ташхисни ҳам ўзи қўйгани дуруст.
Кутилмаганда кимдир зўр бериб, юрагимга мих қоқаётандай қаттиқ санчиб қолади. Унга оҳиста қўлимни қўяман. “Художоним, ўзинг асрагин”, – дейман шивирлаб.
Баъзан яхши воқеаларни эшитиб, юрагим ҳапқириб, тез-тез ура бошлайди. Баъзан ёмон, кўнгилсиз воқеалардан “хўмрайиб” қолади. Яна унга тасалли бераман; “Шошилма, ҳовлиқма, юракжон, ҳали қиладиган ишларимиз кўп”, дейман.
Дўстларим, танишларим, ўзларига яқин оладиган биродарларим кўпинча танбеҳ берадилар:
– Ҳар нарсага куйинавериш яхши эмас… Бўлар-бўлмас гап-сўзларни ҳам юракка олаверманг… Кўпам жиззаки бўлманг… Буларнинг ҳаммаси юракка оғирлик қилади… Юракка тош ортишнинг нима кераги бор?!
– Эҳ, Фазлиддин, Фазлиддин юрагингга раҳминг келмайдими? – дейди яна бир оғайним ҳолимга астойдил ачиниб. – Қўй, шу ўт-олов феълингни, нуқул тўғрилик, тўғрилик, адолат, деб ёнаверма! Ҳақиқатнинг йўли олис ва машаққатли, унинг манзилига етиш осон эмас. Адолат манзилига етиш учун одамга битта юрак камлик қилади.
Шундай пайтларда ўзимдан ҳам кўра, юрагимга жуда-жуда раҳмим келади. Юрагим озор чеккан воқеа-ҳодисалар, азобли лаҳзалар ёдимга тушаверади. Эслаган сайин яна юрагим сиқилаверади. Юракка ачинаман. Бу оғир ва машаққатли йўлни юрак жуда эрта танлаган бўлса нима қилай?
Олти ёшда эдим. Кеч куз маҳали. Бувим, онам эшикларни бекитиб, мени ҳовлига қоровул қилиб, ўзлари пахта теришга кетишарди. Ўшанда пахта сиёсати оғир даврлар эди.
Бир куни ҳовлида ўйнаб юрсам, очиқ дарвозамиздан беш-олти киши шахдам юриб кириб келди. Битта гавдалисининг бошида ҳарбийга ўхшаш шапка, елкасидаги пагонлари тўла катта юлдузлар. Бир пакана семиз одам: “Уйда ким бор”, деб сўради. Мен ҳаммалари пахта теришга кетганини айтдим. Шунда у:
– Бувинг билан онанг пахта ситадими, – деб савол берди.
– Ҳа, ситади, – дедим билағонлик қилиб.
– Ситган пахталарини нима қилади?
– Йиғилган кўрпачаларнинг орасига тиқиб қўяди…
– Бизга кўрсатасанми?
Битта деразамизнинг тавақаси яхши бекилмасди. Номига ёпиб қўйиларди. Шартта бориб деразани очдим ва ундан ошиб тушиб, ситилган пахталар бекитилган кўрпа-кўрпачалар йиғиб қўйилган жойни кўрсатдим. Ҳалиги одамлар орасидан битта озғин киши деразадан ошиб ичкарига кирди. Кўрпалар орасига қўлини тиқиб, бир неча сиқим ситилган момиқ пахтани олиб, чўнтакларига солди.
– Чигитларини нима қилади, – деб сўради у.
– Молларга берамиз, – дедим хурсанд бўлиб. Лекин икки кўзим милисами, ҳарбийми кийимидаги одамда эди. Унинг важоҳати қўрқинчли эди.
Улар кетиш олдидан отамнинг исмини сўрашди. Бу саволга ҳам дарҳол жавоб бердим. Пахтани чўнтакларига солган киши этиги қўнжидан букланган дафтар олиб, нимадир деб ёзди. Кейин билсам отамнинг исмини ёзган экан.
Қош қорайганда бувим билан онам пахта теримидан ҳориб-толиб келишди. Икковларининг елкаларида икки фартук ўт. Улар қўл-юзларини ювмасдан, бўлган воқеани оқизмай-томизмай, хурсанд бўлиб гапириб бердим. Ҳатто ўша семиз амаки бир дона конфет берганлигини ҳам мақтаниб айтдим. Икковларининг ҳам ранги ўзгарди. Бувим индамади. Онам оғзига келган “яхши” сўзлар билан роса таъзиримни берди. Шунда нотўғри иш қилганимни тушундим. Энди кеч бўлган эди…
Отам ўша оқшом ишдан қайтмади. Айтишларича, у кишини совхоз идорасига чақириб, ўша жойдан милицияга бериб юборишибди. Ўн беш кундан сўнг ранг-рўйи бир аҳволда уйга кириб келди. Отам озиб-тўзиб кетганди.
Отамни кўриб, югуриб бориб салом бердим. Ҳар доим саломимга алик олиб, “Фазлиддинжон эркатойим, ақллигим” деб эркалайдиган отам, бу гал индамай келди-да, зарб билан бир тарсаки урди. Тарсаки шу қадар қаттиқ эдики, супанинг пастига учиб кетдим. Отам индамай уйга кирди. Бу тўғрилик учун олган биринчи юксак мукофотим эди…
Ўшанда қўрқув исканжасида қолган жажжи юрагимнинг аҳволи нима кечганини билмайман. У ҳам менга қўшилиб тарсаки зарбидан йиғлагандир, қўрқувдан дир-дир титрагандир. Ҳар қалай хурсанд бўлмаган бўлса керак…
Бувим билан онам даладан териб келиб, ситиб қўйган бир ҳовуч пахта “жиноят” бўлса, мен унинг сирини очдим – тўғрисини айтдим. Агар ўша бир сиқим пахта ҳақиқатга муҳтож бўлган бўлса, мен ўша ҳақиқатни рўй-рост гапирдим. Лекин бундан жажжи юрагим қанчалар озор чекканлигини, унга озор берганимни мен нодон тушунмаганман. Нега тарсаки еганимни ҳам англаб етмаганман. Ўшанда шўрлик отамни ўн беш кунга қамашганини ҳам билмаганман.
Мактабда ўқиб юрган кезларимда юрагим тарихида бундан ҳам даҳшатли воқеа рўй берди. Чунки юрак кутилмаган тўқнашувлар ва оғир синовларга, ҳар қадамда рўй берадиган тасодифий воқеа-ҳодисаларга тайёр туриши кераклигини мен – ёш бола қаердан ҳам билай?..
Бобом мулла Жўра қишлоғимизнинг номдор домласи эди. Ўқитувчим Фарида Шагаеванинг эри совхозимизнинг парткоми эди. Шўро замонида мулла билан партком мутлақо чиқишмасди. Ўқитувчим баъзан менга: “Ҳа, мулланинг боласи. Билиб қўй, бобонг ёлғончи, Худо билан қўрқитмасин, Худо йўқ!”, – деб дўқ урарди. Мен ўқитувчининг бу гапларига унча парво қилмасдим, бу гапларнинг моҳиятини ҳам унчалик тушуниб етмасдим-да. Лекин Худо борлигини, Худойим ҳамма нарсани кўриб турганини бобом қайта-қайта тушунтирган эди…
Бобом менга араб алифбоси ҳарфларини уйда ўргатарди. Бир кун нима бўлди-ю, ўша арабча алифбо ҳарфлари ёзилган варақни ўқитувчим – Шагаева “Ўқиш китоби”м орасидан топиб олди. У мени бақир-чақир қилиб доскага чиқарди.
– Мулланинг боласи мулла бўлади. Нега арабчани ўрганасан? Бобонг халқ душмани! Уни турмада чиритаман, – деб қулоғимдан чўзиб, ура бошлади. Бир маҳал қулоғимдан қон оқди. Ўқитувчи шошиб қолди… Қонни кўриб мен ҳам қўрқиб кетдим.
Ўша кечаси иссиғим кўтарилиб, алаҳсираб чиқдим. Танам билан бирга юрагим ҳам қўшилиб ёнди.
Эртаси куни бобом мени Карманадаги докторга олиб борди. Доктор эса милицияга юборди. Бўлган воқеани терговчи ёзиб олди. Орадан бир ҳафтача ўтиб, ўша жаҳлдор ўқитувчи, унинг партком эри ва яна икки-уч киши синфимизда мажлис қилишди. Мажлисдан олдин ўқитувчимиз, бутун синфни менга қарши “қуроллантир”ди.
Мажлис бошланди. Мени доскага чиқаришди. Милиция кийимидаги киши савол бера бошлади. Мен юрагим дукиллаб жавоб қайтара бошладим. Шунда ўқувчилар кутилмаганда бутун синфни бошларига кўтариб, бақироқ ўқитувчи ўргатган “сўз”ларни бор овозда тўтиқушдай такрорлашди:
– Фазлиддин туҳматчи! Фазлиддин туҳматчи! Туҳматчи!..
Мен нима дейишимни билмай доска ёнида тошдай қотиб турардим. Ноҳақликка, жаҳолатга дуч келган юрагим ҳам тош қотган эди. Уряптими-йўқми, сезилмасди. Ҳаётимдаги энг оғир ва унутилмас бу даҳшатли воқеа муштдайгина юрагимни жароҳатлади.
“Туҳматчи!” деб жар солаётган синфдошларимнинг кўзларига умидвор бўлиб, жовдираб қарардим. Улар эса кўзларини олиб қочишарди. Бир нарса аниқ эсимдаки, мен мағрур турардим. Мени мардона тутиб турган нарса мағрур юрагим эди. Ўшанда ҳақсизликни кўриб, аввал юрак йиғлади, қон бўлиб йиғлади. Кейин мен йиғладим. Юрагим бу ҳаммаси ўйин эканлигини, ўқитувчим синфдошларимни қўрқитиб шайтоннинг ишини қилаётганини юрагим яққол сезиб турарди. У кўксимда туриб мени ҳимоя қилар, тасалли берарди. Ўшанда юрагимнинг даъвати билан овозимни баланд кўтариб: “Мен туҳматчи эмасман. Улар туҳматчи! Бу гапларни уларга ўқитувчи ўргатди!” – дедим ва чидолмай йиғлаб юбордим.
Кейин бобом бечорани кўп овора қилишди. Гоҳ у, гоҳ бу идорага қатнайвериб ҳолдан тойган бобом шўрлик; “Худога солдим. Уларнинг жазосини Худойим берсин”, деб астойдил хафа бўлди… Бир кеча уйғониб кетсам, бобом жойнамоз устида ўтириб, Худога қайта-қайта илтижолар қилиб йиғлаётган экан.
Кўп вақт ўтмай биз Жалойир қишлоғига кўчиб кетдик. Ўша даҳрий ўқитувчидан ҳам, унинг ашаддий коммунист эридан ҳам қутулдик…
Орадан йигирма йилча вақт ўтиб, бир куни “Тошкент – Бухоро” поездида Навоийга кетаётсам, купе эшиги очилиб бир йигит кирди. У мен билан тўрт йил бирга ўқиган синфдошим эканлигини айтиб, ўзини Бахтиёр, деб таништирди. Анча жойгача суҳбатлашиб кетдик. Гап орасида Бахтиёр ўша ўқитувчимиз Фарида Шагаеванинг руҳий азобдан телба бўлиб қолганини, бобом яшаган уйнинг атрофида кўп марта айланиб юрганини кўрганини айтиб берди. Унинг ашаддий коммунист эрини асранди ўғли чопиб ўлдирганини ҳам гап орасида қистириб ўтди. Бу совуқ хабарлардан асло хурсанд бўлганим йўқ. Аксинча, уларнинг аянчли тақдирларига ачиндим. “Художон, борлигингга шукур…” Юрагим бу гал ҳам ҳақ бўлиб чиқди…
Отам раҳматли бироз жаҳлдор эди. Отам қанчалар жаҳлдор бўлса, раҳматли онам шунчалар кўнгли бўш эди. Жаҳлдор юрак билан раҳмдил юракнинг тил топиб яшаши осон эмасди. Отамнинг қўли, онамнинг тили узун эди. Бундай мураккаб шароитда ҳар икки юракнинг мустаҳкам боғловчилари, ашаддий қўриқчилари ва жанжал бўлиб қолганида даволовчи малҳамлари биз, ўнта фарзанд эдик. Уларга қўшилиб, бизнинг юракларимиз ҳам озор чекарди, қийналарди, бир-биримизга сездирмай, кўрпага ўраниб йиғлардик. Буларнинг барчасига ночор яшашимиз камбағаллигимиз сабаб эди… Камбағалнинг юраги ҳамиша ярим бўларкан, доим кўнгли ўксиб яшаркан. Сабри тоғларга тенг экан. Камбағалнинг ўзи оч, юпун бўлса ҳам ҳамиша кўзи тўқ юраркан. Онам менга кўпроқ меҳрибон эди. “Фазлиддинжон катта ўқишларга киради, катта одам бўлади”, деб кўнглимни кўтарарди. Онажоним ният қилгандай одам бўлдимми, йўқми билмайман. Лекин у кишига андак ёрдамим тега бошлаганда, онам шўрлик оламдан ўтди…
Отамнинг костюми иккита бўлмай, олтмишга ҳам кирмай оламдан ўтди. Ўшанда юрак қон ютиб зор-зор йиғлади. Кўз ўнгимда улкан тоғ қулагандай эди… Орадан тўққиз йил ўтиб, онажоним ҳам қандли диабет касалидан вафот этди. Юрак тобутни бўзлаб-бўзлаб, йиғлаб-йиғлаб кўтарди. Гўё юрак бўм-бўш ҳувуллаб қолгандай эди. Ота-онам яшаган уйга боришга юрак энди шошмайди. Ҳовлида юракни ўзига боғлаб турадиган меҳр-муҳаббат ришталари узилгандай эди.
Жигарларим – укам, бироз ўтиб синглим юракни чексиз аламларга тўлдириб, жароҳатлаб бизларни ташлаб кетди. Юрак яна парча-парча бўлди, чок-чокидан ситилди…
Ўқишга киролмадим. Бир балл етмади. Шу бир баллни деб юрагим зил кетди, жуда-жуда озор чекди. Дунё кўзимга зулматдай кўринди… Қишлоққа қайтмадим. Заводга ишга кирдим. Ҳаётимда навбатдаги сарсон-саргардонлик ва уқубат йиллари бошланди. Юрагим ҳам галдаги ташвишлар гирдобига шўнғиди. У ҳам менга қўшилиб озор чекаётган эди…
Ёлғиз ўғлимни бир ёш уч ойлигида бармоғини каламуш тишлади. Каламушлар ин қурган Ун заводининг омонат уйида яшардик. Ҳаётдаги каламушлар етмаганидек, уйимиз ҳам тўла каламуш эди. Бу аблаҳ каламушлар фарзандимнинг эмас, гўё менинг юрагимни тишлаб кетди. Унинг тикондай ўткир тишлари боламнинг бармоқларига эмас, менинг юрагимга санчилди. Юрагимдан дарё-дарё қон оқди. Боламнинг новдадай чиройли бармоқлари тузалгунча юрагим қон ичида қолди. Бу ноҳақликка чидай олмаган юрагим боламни каламуш тишлагани ҳақида докторлар хулосаси ёзилган маълумотномани олиб, ариза билан турли катта-кичик идораларга мурожаат қилдим. Ҳеч қандай натижа бўлмади. Айрим катта эшиклар ортида ўтирган тош юрак амалдорлар қабул ҳам қилмади. Балки уларда юрак бўлмаса керак.
Юрак даъвати билан ўша даврда “нажот қалъаси” бўлган Москвага хат йўлладим. Қисқа вақт ичида ҳақ қарор топди. Биргина хат сабаб биз билан омонат баракда яшаётган кўплаб оилалар янги уйли бўлишди. Хат ёзганим учун нозик идоралардан анча-мунча танбеҳ эшитдим…
Бир гал юрагим жуда оғир туҳмат гирдобида қолди. “Устоз, устоз” деб юрган битта муттаҳам очиқ-ойдин, кўзларимга тик қараб туҳмат қилди. Туҳматдан юрагим гангиб қолди. Туҳмат ёмон экан; нима қилишимни билмайман. Ҳар сафар юрагимда ишонч билан терговчи ҳузурига борганман. Менга қўшилиб юрагим бўзлайди. Терговчи инсофли экан. Ишни адолат билан кўриб чиқди. Адолат қарор топди. Туҳматчига ҳукм ўқилди. Юрагим озодликка чиқди. Бу худойимнинг чексиз марҳамати эди. Ҳар гал фотиҳа ўқилганда юрагимга қўшилиб; “Қуруқ туҳмат балосидан ўзинг асрагин”, деб доимо Яратгандан сўрайман…
Юрагимга бу озорлар етмаганидек, ўта бюрократ ва ашаддий бир порахўр Раҳбарга ўринбосар бўлдим. Юрагим қайта қийноққа тушди. Соҳадан анча йироқ, ҳамма нарсани пул билан ўлчайдиган бу маймунсифат раҳбар ҳам юрагимни нишонга олди. Унинг бемаъни иш услуби, қўпол хатти-ҳаракатлари, таҳликали юриш-туриши, ҳатто минбарни ушлаб сўзлаши Сталинни эслатарди. Ичимда “Сталин ўлмаган”, дердим. Фақат унинг мўйлови йўқ эди. У мажлисларда қассобнинг итидай қутуриб кетарди. Қутурганда ҳўлу қуруқ баробар ёнарди. У, асосан, ходимларнинг юракларига зарба берарди. Унинг зулмидан қанча-қанча яхши, самимий, покиза юраклар озор чекди. Айрим софдил юракларга инфаркт чангал солди.
У қамалганидан сўнг аён бўлдики, ходимларни қўрқитиб, атрофдагиларнинг юракларига таҳдид солиб, давлатнинг катта маблағини аждарҳодек ютаётган экан. Уни ҳалол, пок ва меҳнаткаш юракларнинг қарғиши урди…
Биз ҳозир юрак билан анча босилиб, бир-биримизга мослашиб оляпмиз. Ҳаяжонланмасдан, бақир-чақир қилмасдан гаплашишни машқ қиляпмиз. Баъзан у менга, мен унга “ақл” бўламиз. Аҳён-аҳёнда юрагим санчиб қолади. Шунда унга чин юракдан илтижо қиламан, ёлвораман. “Юрагим оғримасин, озор чекмасин”, деб Худойимдан сўрайман.
Бир сафар уни чалғитиш учун андак суҳбатлашдик.
– Нега хомушсан?
– Атрофда бўлаётган айрим воқеа-ҳодисаларни, баъзи одамлар хатти-ҳаракатида рўй бераётган кўнгилсиз ҳолатларни таҳлил қилолмаяпман. Гўё кучим етмай, гангиб қоляпман, шекилли?
– Бирор жойинг оғрияптими? Очиқ айт. Ахир сен тўғрилик ва адолат йўлини танлагансан-ку! Гапир, шунда енгил тортасан.
– Биласанми, тўғрисини айтсам, вужудим титраяпти.
Юрак шундай деб, чуқур уҳ тортди ва узоқ жим бўлиб қолди. У гўё тўхтаб қолгандай эди. Қўрқиб кетиб, унга секин бармоғимни теккиздим. Юрак яна тилга кирди:
– Биласанми, менга кўпроқ айрим одамларнинг бойликка ҳаддан зиёд муккасидан кетаётгани, нафс ва жаҳолат қурбонига айланаётгани, пок ва ҳалол юракларга озор етказаётгани азоб беради. Баъзиларнинг бойлик қулига айланиб бораётганидан ташвишдаман. Бундай очкўз юракларни кўрмасам, дейман. Наҳотки, пок, ҳалол юраклар сафи камайиб кетса, деб жуда қўрқаман. Бойлик туфайли ота-бола, қон-қариндош ўртасида низолар авж оляпти. Баъзан нопок юраклар тоза юракларни топтаяпти, бадном қиляпти, эзиб ташлаяпти. Бойлик кимнинг қўлида тўпланса, куч ҳам, зулм ҳам унинг ҳукмида бўлади. Одам қанча кучли, иродали бўлмасин, бойлик олдида ожиз кимсага айланади. Бойлик одамни мансабга кўтаради, керак бўлса тупроққа ҳам қоради… Бойлик – аждарҳонинг оғзидаги олов, бойлик – илоннинг заҳри; ози даволайди, кўпи ҳалок қилади…
Шу сўзларни айтиб юрак тез-тез ура бошлади. Унинг толиққанини сезиб, тинчлантиришга уриндим.
– Кўп ташвиш чекма, ҳадеб куйинаверма. Сен ваҳима қилганингдек барча ҳалол юраклар нопок йўллардан юрмайди, бойликнинг бандасига айланмайди. Қони тоза, имони мустаҳкам юракларни сотиб олиб бўлмайди. Яхши фидойи ва пок юраклар бор экан, ҳалоллик, адолат ҳамиша тантана қилаверади…
Юрак меъёрида ура бошлади ва қисқа гапирди.
– Биламан, дунё яхшиларнинг меҳр-муҳаббати билан барҳаёт! Яхши юраклар сафи кенгаяверсин!
Савол бериб, юракни бошқа безовта қилмадим…
Энди сўзни мухтасар қилиш лозим. Қийналган юракни яна азобга қўйиш инсофдан эмас. Бу воқеа-ҳодисалар шижоат ва жасорат билан меҳнат қилиб келаётган фидойи юрак ҳаётидан олинган айрим жонли хотиралар, холос. Энди юрак фаолияти билан боғлиқ қисқа метражли ёки бир лаҳзалик воқеаларга батафсил тўхталиб ўтирмаймиз. Бундай кўнгилсиз ишлар сочимдан-да сероб…
Ўйлаб қарасам, юракнинг жўшқин ва мароқли ҳаёти, унутилмас яхши кунлари, бетакрор байрамлари, қувонч ва изтироблари ҳақида “Минг бир кеча” эртакларидай жилд-жилд китоб ёзиш мумкин экан. Юрак чидаб берса бас!
Ана шунақа гаплар. Болаликдан тўғриликка ўрганган, адолат йўлини танлаган юракни энди ўзгартириб бўладими? Асло!
Баъзан юрагимда заҳматкаш отнинг дупур-дупури эшитилади. Баъзан ҳайбатли арслоннинг ўкириши қулоқларни қоматга келтиради. Гоҳ юрагимда булбул нола қилса, гоҳ бургут улкан қанотларини ёзиб учишга шайланади.
Юрагим, юракжоним, ҳали сен билан қиладиган ишларимиз жуда кў-ўп. Сен суянч тоғим, мўл ҳосилга тўла боғим, қайнаб турган булоғим бўл!..
Юракжон, сенга ташхис қўйишга шошилмайлик. Сен ўз аҳволингни ўзинг жуда яхши биласан. Юракни танлаган йўлидан қайтариб бўлмайди. Мен сенга ишонаман. Юрак алдамайди.
«Ёшлик» журнали, 2018 йил, 12-сон