Салоҳиддин Мамажонов. Ҳамза диндор бўлганми? (1990)

Бу мавзу — ҳамзашуносликда атайин бир четга суриб қўйилган масаладир. Тўғрироғи, тадқиқотчилар Ҳамзанинг динга бўлган муносабатига деярли бир томонлама ёндошдилар. Яъни Ҳамза диннинг ашаддий душмани эди ва бутун ижоди давомида динга қарши фаол кураш олиб борди, дейилган фикр-ақида оммага қайта-қайта сингдирилди. Бу сохта, уйдирма ҳукмномага кўра Ҳамзанинг диний руҳдаги ғазаллари, шеърлари ва насрий асарлари, мақолалари, таржимаи ҳолига доир барча ҳужжатлар, далиллар замонага мослаштирилди, унинг мажмуаларига, ҳатто «Мукаммал асарлар тўплами»га ҳам киритилмади. Унинг «Енгил адабиёт», «Ўқиш китоби», «Қироат китоби»дан ўрин олган «ҳамд» — «сано»лар ҳам юлиб олинди ва Ҳамза ўқувчиларга «силлиқланиб» тавсия этилди. Албатта, бу ерда ҳамма классик ёзувчилар, тўғрироғи, инқилобдан аввал ўтган ижодкорларга нисбатан қўлланиб келинган адолатсиз мезон ва бу мезонни келтириб чиқарган мафкурамиздаги «синфийлик» деган тор, бир томонлама қараш сабабчидир. Оқибатда ислом маданияти билан боғлиқ бўлган қадриятлар бир чеккага суриб қўйилди, очиғини айтганда, оёқости қилинди. Исломдаги ижтимоий-иқтисодий, ҳуқуқий, ахлоқий қонун-қоидалар асил моҳият эътибори билан умумбашарий мазмунга эга ва улар жамиятни тартибга солиш, бошқариш, инсонни маънавий баркамол қилишга хизмат этганлиги кўр-кўрона инкор қилинди, шунингдек дунёда мавжуд динлар меҳварида турган умумбашарий қонун-қоидалар бутун инсоният томонидан асрлар давомида йиғилган, тўпланган, синовдан ўтган ахлоқий мезонлар эканлиги атайлаб тан олинмади.

Бироқ Октябр инқилобидан кейин 1918 йил 23 январда ёш Совет ҳукуматининг Ленин томонидан имзо чекилган «Черковни давлатдан ва мактабни черковдан ажратиш ҳақида»ги декрети янги ҳаёт қурувчиларининг бошида турган одамлар томонидан нотўғри тушунилди. Атеистик тарғибот ўрнига черковлар, масжидлар, мадрасалар бузиб ташланди, руҳонийлар қувғин ва таъқиб этилди. 20-йилларда авж олган хурофотга қарши кураш компанияси Совет ҳукуматига қарши курашга қўшилган мутаассиб руҳонийларгина эмас, балки диний эътиқоди бор барча одамларга нисбатан ҳам қўлланди.

Ҳамза ҳам шу оқимга тушиб қолган эди. У бадиий асарлари билан ҳам, ижтимоий фаолияти орқали ҳам хурофотга қарши кескин курашди. Ҳамза номаълум шахсга ёзган мактубларида (1923 йил, 19 март ва 25 сентябр) қўпорувчилар бошида турган мутаваллини тилга олиш билан бирга «Ўзбекистонда бўлғон 300 дан ортуқ мазоратни битиришни» мақсад қилиб қўйганини айтади. Кейинги мактубида «хурофот билан кураш иши юз фоиз бажарилди», «хурофот курашини бир бошим билан ҳеч бир томондан ёрдамсиз» бажардим, дейди. Албатта, халқ энг муқаддас ҳисоблаб келган мозорга шаккоклик қилган одамдан қаҳрланиши турган гап (бу мозорларнинг баъзиларидан ёш Совет ҳукуматига, халққа қарши фитна, иғво, хурофот уяси сифатида фойдаланилганига шубҳа йўқ).

Ҳамза. 1917 йил

Ҳамзанинг инқилобдан кейинги ижтимоий фаолияти ва бадиий ижоди ҳақидаги баҳсни ҳозирча қўя туриб, унинг ёшлиги, йигитлиги, ғазаллари, умуман Октябр инқилобигача бўлган даврда динга эътиқодига разм солайлик.

Ҳамза руҳоний муҳитда ва руҳоний оилада вояга етди: эски мактабни битирди, ўзи ёзганидек, «1899 йилдан 1906 йилгача мадрасада эски усул билан дарс ўқишда давом этди». 1907—1908 йилларда илоҳиётга доир кўп китобларни, маълумотларни, ислом дини таълимотини, қонун-қоидалари, талабларини яхши ўзлаштирди. 1907 йилда отасини ҳажга жўнатгани Қашқарга келар экан, у ерда «Вақт», «Боқчасарой» газеталарини биринчи бор ўқишга муяссар бўлади ва ўзининг ёзишича, «шундан бошлаб кундан-кун эски хурофотларни, мадраса ўқишларини» текширишга киришади. Мадрасада ўқиган пайтларидагина эмас, балки ундан кейин, тахминан 1915 йилларда дин тарихи ва бошқа ҳар турли китобларни, жумладан «Ҳавожин диния», «Адиби аввал», «Адиби соний», «Муъомалот», «Бадр ул-ҳисоб», «Шифоҳия», «Истифтоҳ», «Истиқмол», «Тарихи муқаддас», «Намунаи ахлоқ», «Тажвид», «Муншаот», «Адабиёт» китобларини тилга олади. 1908 йилда ва 1909 йилнинг бошларида Наманганда таҳсил олган пайтларида айниқса араб тилини чуқур ўрганишга уринади, бу тилдаги китобларни кўп мутолаа қилади, ҳатто отасига араб тилида мактублар ёзади (1909 йилда араб тилини янада чуқурроқ ўрганиш мақсадида Бухорюда ҳам бироз таҳсил олган эди). Ҳамзанинг Намангандан отасига юборган мактубларида «Шарҳи мулло»дан дарс олаётганини айтиб, «Каломулло» каби еттита китобни бериб юборишини илтимос қилади. Ҳамза шундай мактубларидан бирида: «Бир бедона кафш сотиб олган эдим, рамазон келиб қолди, яна сотиб юбордим. Ифторлик ва саҳарликка харжладим», дейди. Ҳамзанинг Намангандан ёзган мактубларидан англашиладики, у ерга ота-онасининг розилигисиз, нимадандир аразлаб кетган ва ҳар сафар отасидан кечирим, узр сўраган. Бир мактубида (булар тожикча бўлиб, таржимаси келтирилмоқда) «зероки ҳадиси шарифда «Оллоҳ таолога ризо бўлади ул иборатданким, ота-она рози бўлса». «Бу ҳадиси шарифда айтганидай, йўлимнинг берк бўлиши жанобларининг рози бўлмаганликлари саргардон бўлишимнинг сабаби бўлса керак», дейди. Шу мактубда етти йилдан буён Мадинада истиқомат қилаётган Абдулло Тошкандий билан танишганини ва у ўз ёнидан ўша ерга олиб кетмоқчи бўлганини айтиб: «Банда камоли хурсандликдан сабр-тоқат ва оромим йўқ», деб қўшиб қўяди. Тошкентга қилган бир саёҳатида (1908 йил) ўнлаб ҳожилар билан танишиб суҳбат қуради, Мунаввар қори Абдулмажидхон ўғлини эса «пир, устози олий муаллим», деб тарифлайди. Бу йилларда Ҳамзада ҳаж қилиш, чет элларга саёҳатга бориш иштиёқи қатъийлашиб қолган эди.

Юқоридагилардан кўринадики, Ҳамза Исломнинг талаб ва ақидаларига, Оллоҳга, муқаддас китобларга, пайғамбарлар, қиёмат, тақдирнинг илоҳийлигига эътиқодда бўлган калима келтириш, намоз ўқиш, рўза тутиш, закот бериш, ҳаж қилишга ишонган, ҳатто хутба ҳайитлар, жума намозлари тўғрисида махсус мақолалар ёзган. Тўғри, мақолаларининг асил моҳияти жаҳолатни, қолоқликни, разолатни, хор-зорликни қоралаш, меҳнаткаш инсонни бахт-саодатли қилиш, юртни тараққий эттириш учун куюнишдан иборат. Бироқ бу мақсадга Ислом ақидаларидан воз кечиш орқали эмас, балки унинг ёрдамида эришиш мумкин, деган фикрда собит туради. «Бидъатми, мажусиятми?» мақоласининг (1914 йил) бутун мазмуни-йўналишини унинг сўнггидаги «бидъат ва мажусият одатларини йўқ қилмак учун ёлғуз икки калима сўзни яхши тушунмак лозим: ўқимак ва ўқитмак». Мақоланинг аввалроғида, ҳаракат қилинмаса, «Ислом фақат исми бор, жисми йўқ бир ҳолға келиб қолур», деган эди. «Фақирлик нимадан ҳосил ўлур?» (1914 йил) мақоласида шу 1914 йилда гадойлар сони юзга қирқ фоиз ташкил этишини алам билан кўрсатиб, бунинг илдизи «ваҳшат, ғафлат ва жаҳолатда» деб айтади. Албатта, мақолада худо «таолонинг буюрган беш вақт саждасидан бўйин тортган мард йигитлар»ни танқид қилади ва «Оҳ, қани исломият аҳкоми? » деб савол ҳам ташлайди. Ҳамза «Ийди қурбон» (1914 йил) мақоласида «Эй, қардошлар!», «Инсоф қилинг… Етимларга эҳсон қилинг», «Сизга хўр кўринсада жаноби ҳақға азиздирлар, биласизми » деб худони ўртага қўйиб, камбағалларга ёрдам беришга чақиради. Ҳамза мазкур мақолани «Садои Туркистон» газетасида қурбон ҳайити арафаларида чиқишини орзу қилади ва мақола қўлёзмасида газета муҳарририга қарата ёзган мактубида «бу мақолаи дил сўзим миллат ва ислом байрамларидаги зилли разолатдин, фисқу сафоҳатдин иборатдир», деган аламли сўзлар бор.

Ҳамза. 1915 йил

Ҳамзанинг «Жумъа қандоқ кун?» («Кенгаш» ойномасининг 1-сонида) ва «Хутбадан мурод нима?» («Ҳуррият» ойномасининг 2-сонида) мақолалари унинг диний маросимларга бўлган ижобий муносабатини англашда муҳим ҳужжатдир. Иккаласи ҳам 1917 йилда ёзилган. (Кейингиси «Кенгаш»нинг иккинчи сонида босилиши керак эди, Ҳамза ойномадан ишдан кетиши туфайли «Ҳуррият»да босилди). «Жумъа қандоқ кун?» бош мақола тарзида берилди. Аввало шуни таъкидлаш керакки, Ҳамза шу давргача ёзган ғазал, шеърлари, «Миллий ашулалар учун миллий шеърлар мажмуаси»да, «Енгил адабиёт», «Ўқиш китоби», « Қироат китоби», «Янги саодат» каби насрий асарлари ва публицистик мақолаларида миллатни яхлит идрок этди, синфий айирмачилик йўлидан бормади. Унинг ўз ибораси билан айтганда, ҳаммани «ўз халқини бир кўзда кўриш»га даъват этди, динни, мусулмончиликни оёқости қилганларни «ўз орамиздан чиққан дин хоинларининг хиёнатлари», деган ибора билан танқид қилди. «Сариқ гул» тўпламига кирган бир шеърида «Бирлашсун эмди бошимиз, маслакда қари-ёшимиз», «Қалбга билимнинг йўлини очайлик» номли тугалланмаган мақоласида (ундаги «Шўрои ислом» иборасидан 1917 йилда ёзилган бўлиши мумкин) «албатта, давлат иттифоқдадир», деб таъкидлайди.

«Жумъа қандоқ кун?» мақоласи, афтидан, феврал инқилобидан кейин ёзилган. Чунки унда «Истибдод, зулм ва монелар кўтарилди», «Мана, биз бу вақтда ўзимизнинг ҳуқуқимизга хўжа бўла оламиз», деган сўзлар бор. Ҳамза шу вазиятни назарга олиб жумъа кунини катта, доимий миллий байрамга айлантириш ва бу байрамга инсонпарварлик, адолатпарварлик мазмунини чуқур сингдиришни назарда тутади. Ҳамза «Лекин нодон овом халқ орасига бир бидъатни нақадар ижро қилмоқ осон бўлса, диний бир амални таратмоқ минг-минг чандон ортуқ мушкул ва машаққатдур. Мушкул ва машаққат, деб турамизми? Йўқ, билгонимиз билмагонимизга тушунтирамиз, ташвиқ қиламиз» ва «Диний ва миллий улуғ муборак бу байрамимиз оз фурсатда расм-одатга киритамиз», дейди. Хўш, Ҳамза нега жумъа номозини бунчалик астойдил ҳимоя қилди? Уни «дини исломимиз торафидан буюрулгон ҳар биримизнинг энг биринчи муҳим бурчимиздир», деб таъкидлади? Унга амал қилмай қимор ўйнаш, фисқ-фасод билан шуғулланишни «дин буйруқларига бутун хиёнат ва жиноятдур», деб қоралади? Ҳамза халқнинг «катта жомеларига жамоат бўлуб» намоз ўқимоқдан мақсад бу ерда «диний ва миллий камчиликлар» хусусида, халқнинг аҳволи, тақдири, бугунги ва эртаси тўғрисида фикрлашиш, баҳслашишдан, зиллат ва жаҳолатдан қутилиш йўлларини ахтармоқ, айниқса бева-бечоралар, мажруҳларни «тарбия қилмоқ йўлларин изламоқ», «ўқув-ўқитув усулларин замонга мувофиқ таҳсил қилмоқ чораларини ахтармоқ»дир, дейди. Ҳар ҳафтада бўладиган бу йиғиннинг эътиборини «дин ва миллат учун керак бўлган зарурият»га тортишни орзу қилади. Одамларнинг ўзаро гина-кудуратни унутиб, бир-бирини излаш, бир-биридан хабар олиш, касаллар ва бечораларга ёрдам бериш, айниқса «жамияти хайрияга» кўмак беришга чорлайди. «Бугунги қадрлик кунлар» (1917 й.) мақоласида ҳам миллат ва ислом тўғрисида куюниб сўзлайди. Ҳамза «Ислом миллатига на хизмат қилдинг?» деган савол берилганда қизариб қолмаслик учун «уламоми, бойми, гадоми, ёшми, қарими — келсун, бу хизматга отилсун», дейди. «Хутбадан мурод нима?» мақоласида Ҳамза хутбани араб ёки форс тилида эмас, балки туркий тилда ўқилиши масаласини кўтаради. У тўппадан-тўгри «туркий тили макруҳ» деган асоссиз хитобларга сукут этамизми?» деб савол қўяди. Шоир феврал инқилоби берган имкониятдан фойдаланиб, ўзбек тилининг жамиятдаги қонуний ҳақ-ҳуқуқини тиклашга уринишдан ташқари, катта йиғинлардаги нутқ, ваъзлар туркий тилда бўлса, одамларнинг бир-бири билан «иттифоқ ва иттиҳода бўлуви»га катта ёрдам беражагини ҳам ўйлайди.

Ҳамза илк ижодининг маҳсули бўлган «Девон»ида ва 1914 —1915 йилларда нашр этилган «Енгил адабиёт», «Ўқиш китоби», «Қироат китоби»да диний йўналиш салмоқли ўринни эгаллайди. «Девон»даги диний йўналишни шоирнинг классик ғазалчилик анъанаси йўлидан бориши билан ҳосил бўлган нарсадир, деб изоҳлаш у қадар тўғри бўлмаса керак. Албатта, мавзу, тимсол, ғоя ва шаклда анъанавийлик муҳри ётади. Бироқ «Девон»даги диний қатлам, дарсликлардаги диний чизиқлар ва айниқса ахлоқий-фалсафий маънодаги «Қироат китоби»даги диний мушоҳадалар Ҳамзанинг шу даврлардаги дунёқараши, ҳаётни, турмушн идрок этиш йўсини-даражаси, мақсад-амали ва буларни ифодалаш тарзидаги ўзига хослиги билан туғилгандир. Унинг сиёсий, ижтимоий, илмий, фалсафий мушоҳадалари билан бадиий тафаккуридаги муштараклик, ягоналикнинг боиси ҳам шунда. Ўзгача бўлиши ҳам мумкин эмас эди.

Шоирнинг Намангандан падари бузрукворига ёзган мактубларидан қуйидаги парчаларга диққат қилайлик: «Нима қилайки, худои таоло мен бечорани бу қадар бахтсиз ва иқболсиз қилиб яратган экан. Ҳеч кимга ёқмайман ва ҳеч ким яхши ҳам кўрмайди. Хусусан жанобларига истарам асло иссиқ товланмайди. Шундан гумон қиламанки, мен нима ёмон иш қилган эканманки, доимо мен бечоранинг бўлишимни хоҳлашмайди. Худои таоло ихтиёрни менга берганда ёки бандаи дуосини тез ижобат қилганда, бундай ҳаётдан ўлимни афзал кўрар эдим. Нима илож қилайки, қудрат қалами билан жанг қилиб бўлмас экан». Иккинчи мисол: «Илло, ўша вақтларда банда ёшлик қилган эканман. Умид қиламанки, албатта, бандани авф этгайсиз. Худои таборак бандаларига қандай кулфат ва қандай роҳат бермоқчи бўлса, аввало ўша пургуноҳ банданинг дилига ўша нарсанинг ишқу муҳаббатини солар экан ва ҳеч нарса уни йўлдан тўхтата олмас экан. Бас, шундай экан, банданинг қандай ихтиёри бўладики, худои азза ва жалла ўзининг фазлу карами билан унинг кўнглига ўзининг муборак каъбасини ва мутабаррик пайғамбарининг равзасини (қабрини) кўришни бу юзи қора ва пургуноҳ бандасининг дилига солган бўлса».

Ана шу руҳ, ана шу кайфият ва туйгу Ҳамзанинг ғазаллари, мухаммас, мусаддасларидаги «Мунофиқлар аро йўқ менчалик ҳеч рў сияҳ ҳаргиз. Дилимда тавба, тилда айтурам ҳамду сано, ёраб», «Банимдек оси умматни паямбар йўқлагайларму?», «Кечгаймусан, худоё, бу хаста зор, тавба. Ўтган гуноҳларимга қилсам ҳазор, тавба», «Худойим, не қилармиз, келмагай ҳеч иш қўлимиздин, ўзига ёлборурмизда, фалакнинг гардиши шундоғ» каби мисраларга ҳамоҳангдир. Ҳаж қилиш орзуси шеърларида ҳам ифодаланган:

Сизи хотирингиз худо барчани
Насиб айласун бормоқа Каъбани,
Қабул айласин лутф ила тавбани,
Тавоб айлашайлик боруб равзани,
Будур муддао, ё ҳаётан наби.

Ёки:

Илоҳи, тавба қилдим, даргаҳингдан кўп хижолатман.
Гуноҳим кечмасанг шармандаи рўзи қиёматман,
Етургил Каъбага муҳтожи муштоқи зиёратман,
Қаро юзни бориб бир сурмасам бесабру тоқатман,
Гуноҳим лойига бўғзигача ботган фалокатман,
Йўлим оч бормоқа, ё раб, қабул айлаб бу оҳимни.

Ҳамза жума байрами, хатна, рамазон тўғрисида публицистик мақолаларида олға сурган ғояни «Биз ва жумъа байрамимиз», «Рамазон» каби шеърий асарларида ҳам ифодалайди: «Иттифоқ, иттиҳод ўлгайди барпо жумъадан», «Хутбалар туркий ўқилса, англаса ёшу қари» мисраларидаги ҳатто сўз бирикмалари ҳам айнан.

Шоирнинг «Ўлсун» радифли мусаддасидаги «Кезиб Қашқар, Хўтан, Кашмиру Ҳиндистону Афғонни, Адан, Бейруту Измир, Шому Ҳайфо, арзи Эронни, Мадина, Маккаю Жадда, Руму Истамбул, Хуросонни…» мисраларидан ҳаж қилиш ва саёҳат этиш орзусини амалга оширгани кўриниб турибди.

Ҳамзанинг баъзи ғазал, мухаммас, мусаддаслари бевосита диний мавзуда бўлса, қатор шеърларида диний оҳанг иштирок эта ди. Буларда худо, набийлар, анбиёлар, жаннат, қиёмат, меърож, «қалам қудратига чора йўқлиги», «бу — бир бевафо жаҳонга меҳр қўймаслик» ҳақида, «илоҳнинг маърифат қилиши», гуноҳкор бандасини «ҳақиқат йўлига солиши» ҳақида сўзлайди. Диний шахслар исмлари, диний афсоналар тилга олинади: Одам ато, Муҳаммад, Ҳаво, Юсуфи Канъон, Зулайҳо, Мосиҳо, Сулаймон, Ҳизр, Адҳам девона, Азроил, Карбало, Каъба, Айюб, Мустафо, Расул, Ёқуб, Набий, Али, Нуҳ ва ҳоказо. Шоирнинг «Ё илоҳо, сангадур ҳамду сано» мисраси билан бошланувчи ғазалида 254 та сўз ишлатилган, шундан 96 таси диний сўзлардир (Илоҳо, қодиро, кулҳу валлоҳу аҳад, шаҳодат, руҳ, раббано, ломакон, худо, ламязал, аршу аъло, нури пок, анбиё, авлиё, кофир, Ҳотами кулли расулдир Аҳмадо, холиқ, фано, имон, жаннатул аъло, осий, шайтон, маҳшар, гуноҳ, яратдинг…). «Худовандо, санга йиғлаб қиларман арзи додимни» мисраси билан бошланувчи мусаддасида ҳам етмишдан ортиқ диний сўзлар учрайди. Бу сўзларнинг аксарияти юқоридаги ғазалдаги сўзлар — тушунчалар такрори эмас (осий банда, шафиғ, дарёйи раҳмат, асҳоби муртазо, шайх, ибодат, қиёмат, ҳол, дўзах, тавба, карам, ишқ, кишти кори маъсиятдин (гуноҳдан иборат ишлар), ёвм ул-жазо (қиёмат куни) ва бошқалар)…

Ҳамзанинг худога ҳамд-сано ўқишининг остида ҳам меҳнаткаш инсон тақдири тўғрисида қайғуриши — унинг мушкулини осон қилиш учун худодан мадад кутиши, ҳақиқатни қидириши, маърифатга интилиши ётади. Отасига юборган мактубларидан бирида: «Шояд жанобларининг дуолари шарофати билан бу бечорага худойи таборак карамидан ато қилиб ўз орзусига етказса ва илм самарасидан насиби рўзи қилса», дейди. Бир ғазалида «Бошида посбони йўқ, деб етим аҳлини қақшатма, онинг ҳеч бўлмаса йўқдин бино қилган худоси бор», дейди. «Наврўз» номли тугалланмаган яна бир шеърида очиқ бундай ёзади:

Ҳамд ўқийлик сидқи дил бирла худога барчамиз.
Ҳам дуруд айтиб Муҳаммад Мустафога барчамиз,
Дин ривожичун очайлик қўл дуога барчамиз,
Шояд ул еткурса етсак муддаога барчамиз…

«Яшил гул» тўпламида ҳам «Дин хизматига кирсак, бўлсак миллат қурбони», деган жумла бор! «Енгил адабиёт» китоби биринчи синф талабаларига мўлжалланган бўлса-да, қирқ беш дарсдан бештасини худо таърифига бағишлаган, қолган дарсларда ҳам тезтез худо мавзуига қайтиб турган. Шуни айтиш керакки, бу анъанавий «ҳамд-сано» талаби бўйича ёзилмаган. «Ўқиш китоби»нинг биринчи дарси ва «Қироат китоби»нинг кичик кириш қисми шундай анъанавий «ҳамд-сано» йўлида ёзилган. Ҳамза «Миллий ашулалар учун миллий шеърлар»нинг иккинчи бўлими «Оқ гул» тўпламининг бошланишида биринчи тўплами муносабати билан китобхонлардан мактублар олганини ва буларда «Бисм, ҳамд, наът» ёзилмаганини танқид қилганини айтиб, «лекин бу рисола мўътабар бир китоб ўлмай, бори миллий ашулалардангина иборат бўлиб, доимо қориларнинг чўнтакларида юрадурган бир рисола бўлгани учун (бисм, ҳ., н.) ёзилмаган эди», деб кечирим сўрайди. «Енгил адабиёт»да «худо бирдир», унга ишонмаганлар «кофирдир», у «бизга берган қуръонни», унинг амрига бўйсинмаганлар қиёматда «кетар дўзах қаърига», «динга бўлинг қурбонлар» дейди ва сўнг асосий ниятини айтади: «Илм — жаннат эшиги», «Жаҳл — дўзах эшиги». «Ўқиш китоби»да эса «Қуръон» ва «Ҳадис»даги ота-онага ҳурмат, улар олдидаги бурч хусусидаги ўгитлар руҳига суянади. «Ким ато ҳам онога хизмат қилур, Ўлмасдан жойини жаннат қилур». Айниқса «Қироат китоби»да ахлоқ-одоб тўғрисида сўзлар экан, «Қуръон», «Ҳадис»лардан кўплаб далил келтиради. Масалан, «Золимни ҳақига худойи таолло ўз каломида «Мен таҳқиқи золим қадамларни бандам демасман» ёки «Жаноби пайгамбаримиз: «Ёлғончи мани умматим эмас», — дедилар». Ҳамза «Янги саодат» насрий асарининг «Хотима»сида лирик чекиниш қилиб, бутун айбни худога қўйиш эътиқодини қоралайди ва «Худо золим эмас, бировга беруб бировга бермай қўймас. Худойи таборак ва таолло саодат — илмда, разолат — жаҳлда, ҳар бир иш банданинг ўз ҳаракатига мувофиқ, деб ўз каломида такрор хабар бергани бор», дейди.

Ҳамзанинг тасаввуфга муносабати масаласига келсак, шоир ижодида унинг айрим рангларинигина кўриш мумкин. Ҳамза инсон ҳаётдаги, жамиятдаги ўз ўрни, вазифасини англаши, ўзлигини таниши ва баркамолликка интилиши тўғрисида қайғуради. Худди шу нуқтада у тасаввуфнинг айрим томирларига туташиб кетади. Унинг шеърларида учровчи тасаввуфга доир айрим тимсоллар, жумладан зоҳир — ботин, сабр — шукр, фано — бақо каби антитеза жуфт образлар аслида «Қуръон»дан келиб киргандир. Дарвоқе, Ҳамза шеърларида бир ерда тасаввуфнинг йирик вакилларидан бири Мансур ал-Халложнинг исми учрайди. Шунда ҳам унинг тақдирини тимсол воситаси сифатида ишлатади: «Пилаи майдин суниб кетмоғи ул Мансур каби, Дора таклиф этмоқ эркан мақсади тахмирда» (Май пиёласини узатиб кетишдан мақсади Мансур ҳукм этилганидек дорга таклиф қилиш экан). Мансур ал-Халложда «Қуръон»дан олинган ва айниқса жуфт тимсоллар кўп учраркан. Ҳамзада тасаввуфнинг тўрт босқичидан, яъни шариат, тариқат, маърифат, ҳақиқат босқичларидан биринчиси бўлмиш «шариат» мавжуд. Чунки бунинг асосида Исломнинг бешта қонуни ётади: калима келтириш, беш вақт номоз ўқиш, рўза тутиш, ҳаж қилиш, закот бериш. Тасаввуфчилар учун бу тариқат босқичига тайёргарлик зинасидир. Ҳамза ўзи ҳам шу «шариат» қоидаларига амал қилди ва бошқаларни ҳам шунга даъват этди. Ҳатто «Қироат китоби»нинг биринчи мақоласи бўлмиш «Илм» бобида «Илмсиз кишини ибодатида, саховатида, рўза, ҳаж, закотида, касб, ҳунар, тижоратида, зуҳд, тақво, риёзатида савобидан нуқсу зарари кўп бўлур», дейдики, бунда «шариат» талабларининг асосийси мавжуддир.

Ҳамза инқилоб кунларигача ёзган шеърлари, драматик асарларида шариат қоидалари ва диннинг миллатни ривожлантиришдаги ўрнига ижобий баҳо бериб келди. Тўғрироғи, илгор шариат пешволари, уламолар ва жоҳил, қолоқ руҳонийлар, дин пешволари мавжуд деган позицияда турди. Шунинг учун «хоин динчилар» деган ибораларни ишлатди. «Заҳарли ҳаёт ёхуд ишқ қурбонлари» асарида Марямхон «Шариатда жабр ҳаром!», «Шариатда адолат бор», «Исломият ўлдими?!» дейди. «Истибдод қурбонлари»да Санобар «ҳақиқий уламо бўлса эди», ундайлар «гўрда ё онасининг қорнида», дейди. Ҳамза чет эл сафаридан кейин ва инқилоб арафаларида ижтимоий ҳаётда юз бераётган ўзгаришларнинг таъсирида воқеликка янада теран кўз билан қарай бошлайди. «Топмадим» (1917 й.) радифли ғазалида «Осиёсин, Овропасин — босдим ушбу куррани, ҳеч миллатни бизимдек тахти зиллат топмадим», «Бу на дунё, бу на ҳилқат, бу на дин, бу на ҳаёт, ваҳший ҳайвон оламинда бўйла бадбахт топмадим», «Курраи инсида кездим нафси сиҳҳат топмадим», деб ёзади. Шоир энди «пора олиб, диндан кечиб», халқни алдаганларни кўриб қаҳр-ғазаби ошади, уларга бўлган ишончи сароб бўлиб чиққач, уларда «миллият ҳисси йўқ» экан, «уламою шайху эшону бою имому қози, мингбошилар, ҳаммаси эркан бир дому каман ичра», деган хулосага келади. Инқилобдан кейин эса босмачиларга қўшилган мулла-эшонлар гуруҳини кўрган Ҳамза барча шеърлари пиесаларида, нутқларида мулла, эшонларни шафқатсиз танқид қилиш-қоралашга ўтди: «Мулла, эшонлар қутурди, дин, шариатнинг исмидан «ғозийлик» деган ёлгонга адашган эрлар сотилди». Энди Ҳамза фаол атеистга айланиб: «дўзахни писанд этмади куфринда Ниёзий», домлага караб: «Охиратга сафар қилиш учун камарни боғла», паранжига мурожаат этиб, «Маккага сафар қил», деди. Жуда кўп драматик асарларига, албатта, мулла, эшон образи киритилди (камдан — камининг исми — шарифи бор), ҳаммаси бир хилда салбий персонажлардир («Эл қузғунлари»да эшон, имом, муфти, аълам образлари ҳам қора бўёқда чизилган). «Жаҳон сармоясининг энг охирги кунлари» асарида дин вакилларининг рамзий тимсоли сифатида «Руҳоний» иштирок этади. Асар охирида Руҳоний «Динсиз дунё обод» бўлмайди деган фикрни айтганда Аркон Генерал, Подшоҳ, Зулм билан бирга қўлга олиниб ҳайдаб кетилаётган шу Руҳонийга қараб: «Сизни ўзингиз яратқон жаҳаннамга олиб борур», дейди.

Инқилобдан кейин динга ишонувчиларга, муносабатда йўл қўйилган жиддий хато — дўст-душманни ажратмасдан ҳаммасини янги жамиятнинг душмани билиш ва қувғин, қатоғон қилиш ҳам, тузумимиз ҳам, мафкурамиз ҳам, ахлоқимиз ҳам адабиёт ва маданиятимизга кўп кулфатлар келтирди.

Салоҳиддин Мамажонов, филология фанлари доктори, Ўзбекистон ФА мухбир аъзоси

«Гулистон» журнали, 1990 йил, 12-сон