Беш ойдирки, Роҳила каллаи саҳарлаб туради. Аввал кўрган узуқ-юлуқ тушини эсламоқчи бўлади. Лекин эслолмайди. Сўнг тўзғиган, оқ толалари кун сайин кўпайиб бораётган сочларини тузатади. Кейин ёнгинасида пишиллаб ухлаб ётган, юзлари кир-чир болаларига термулади-ю, юраги эзилиб кетади. Чуқур хўрсиниб, эрталабки нонуштага нима тайёрлаши кераклигини ўйлай бошлайди. Кеча эрталаб охирги қандни бўлашиб берган эди. Бугун-чи?.. Йиртиқ дастурхонга нима қўяди?..
Беш ойдирки, Роҳила мусаффо тонглар билан хайрлашган. Эҳ, олдинлари-чи… У ёшлигидан тонгларни севарди. Соф ва мусаффо ҳаво томир-томирларигача кезиб юрганини ҳис қиларди, вужуди яйрарди. Шундай дилбар тонгларни яратган табиат мўъжизасидан ҳайратланар, уни меҳр ва муҳаббат билан синчиклаб кузатарди. Айниқса, сутга чайилгандек оппоқ тонгларни дил-дилидан яхши кўришини таърифлаб бўлмасди…
Энди-чи? На завқ олади, на таъсирланади. На кулишини ва на йиғлашини билади, ўша касофат иш бўлди-ю, ҳамма нарсадан юраги безиб, тонглардан ҳайратланмай қўйди. Кўзига ҳамма нарса совуқ ва ёқимсиз кўринади…
* * *
Унинг ҳар тонг биринчи қиладиган иши – ҳавозага қистирилган чўлтоқ супургини олади. Шўр босган супани, дарвозахонани, йўлакларни чиннидай қилиб тозалайди. Бу иши унга болалигидан одат. Эсида: раҳматли бувиси Жанғил кампир ҳар тонг ўрнидан турғазиб қўлига супурги берарди ва: “Ёшлигидан ўргансин, бошига тушса қийналиб қолмайди”, дерди. Ёшлигидан ўрганган одатини тарк этгани йўқ. Ўзбекнинг эшиги доимо очиқ, биттанинг келиши, биттанинг кетиши бор. Нима бўлганда ҳам, ҳамма ёқ топ-тоза тургани яхши-да.
Эри Боймурод ҳам тозаликни яхши кўрарди. У ҳам гўзал тонгларни севарди. Энди эса…
Сўнгра у дастаси қийшиқ, эски челакни олиб, бир нимадан умидвор бўлиб айвонга боради. Сигир ҳам гўё “сени кутиб турувдим-а” дегандай эринибгина қарайди. Айвоннинг четида ётган бузоқ жонивор хўмраяди. Кеча оқшом болалари Туркманариқнинг бўйидан териб келган ўтдан бир сиқим сигирга ташлайди ва уни соға бошлайди. Челакнинг остидаги билинар-билинмас сувга узун ва ориқ бармоқларини намлаб олиб, чандир елинни умид билан тез-тез чўза бошлайди… Хайрият, берган сутига бир обгардон сув қўшса, ширчой бўлади. Болаларига тангадай-тангадай сарёғ солиб берса, ҳарқалай, тўқ сақлайди. Бунинг устига, кеча кенжасининг мазаси қочиб, дўхтирга борган эди: “Янга, иложи борича сут билан қатиқ ичиринг”, деб қолди. Бу ўлгурнинг у кундан бу кунга берадиган сути нимага ҳам етарди. Эрталаб болаларни авраса бўлгани. Энди кимга ҳам сут деб боради. Тунов куни ён қўшниси Арофатникига қизчаси Тулғанойни юборса, “Ўзимизга етмайди-ю”, деб тўнғиллаганмиш. Рост-да, уларга ҳам қийин. Бир ҳовлида ўн уч жон бир сигирдан умидвор. Ҳозир ҳеч ким ўзидан ортмайди. Бу ёқда хўжалик раҳбарлари оила бошига бир тоннадан шўра ва янтоқ чопиб бериш керак, деб оёқ тираб олган.
Уйдаги моллар эса оч…
У турар экан, катта-катта кўзларини унга қадаган сигирга аламзадалик билан қаради. Сўнгра сал юмшаб, ўйлай бошлади: “Ҳозир шунақа кунларга қолдик, жонивор. Мана, сен ҳам ҳадемай қуритасан. Кейин ҳолимиз не кечади? Мен билан сен борга ҳам, йўққа ҳам чидаймиз. Болаларимиз-чи?.. Ана шуларга қийин. Улар тушунармиди буни. Айб уларда ҳам эмас. Ҳаммамиз ҳам болаликда шунақа бўламиз…
Мана, олти ойдан бери хўжайинимиз йўқ. Уни қамашди. Тепада Худо бор, унинг заррача ҳам айби йўқ эди. Бир оғиз гапга қамашди-қўйди. Энди ҳаммамизга оғир бўлди. Ахир, ҳовлида бир эркакнинг бўлгани яхши-да.
Ҳозирги кунда бошингга оғиp кун тушмасин. Оғайнингни ҳам, дўстингни ҳам катта-кичиги сендан юз ўгирар экан. Ўшандан буён бу уйда одам борми-йўқми, деб ҳеч ким сўраб келмади. Ана шундай пайтда билинади-да, одамзотнинг қадри. Пичоқ ур – қон чиқмайди. У бечора ҳеч кимга ёмонлик қилган банда эмас. Энди бир оғиз гaп қайтарганига номардлар шу кўйга солишди-да уни. Номи ёмонотлиқ бўлди. Лекин худойим ҳаммасини кўриб турибди. Ёмонларнинг албатта жазосини беради.
Сен жониворда ҳам нима айб. Емишингни ўз вақтида беролмасак, етаклаб боқишга ҳам жой йўқ. Кўп хўрсинаверма, жонивор, ҳаммамиз ҳам мусофирмиз. Бирор кун қорнинг тўядиган вақт келар, ўшанда челак-челак сут берарсан. Ишқилиб, хўжайин тезроқ қайтсин-да. Болалар ҳам у кишини жуда coғинган…”
Бузоқча чўзиб маъради. Сигир боласига ўгирилди. Роҳила эса бир тутам ўт олиб бузоқчага берди. Сўнг қўлидаги челакни айвонча четидаги илгакли симга илдириб, “Товуқлар қypғyp тухум қўйгандир”, деган хаёлда товуқхона томон юрди.
– Э, қақилламай қақодонинг тешилгурлар-ей!
Унинг овоз чиқариб койинишлари бекор кетди. Бешта товуқдан зўрға биттаси туғибди. Ҳафсаласи пир бўлди. “Бекорга қақиллашади, – товуқхона четидаги кундага ўтириб, ўйлай бошлади у. – Қуруққа томоқ қоқишади. Шу товуқлар ҳам одамни алдайди-я. Уч кундан буён битта тухумга шунча қақ-қақ. Тавба, булар ҳам Худонинг бир маҳлуқи-да. Шу ўлгурларда ҳам нафс бор. Ризқини териб ейди. Қани, энди одамзот шундай бўлса. Йўқ! Унда “Сен ёмонсан, сен бошлиқни сўкдинг”, деб кимни қамашади? Ўшанда ким бўйруқ қилади-ю, ким бажаради? Шундай яратганига ҳам шукр, бўлмаса, бир-бирининг кўзларини чўқиб оларди бу одамлар… Энди шу кунларда муштдай-муштдай тухумларингни тўтиё қилманглар. Кўриб турибсизлар, хўжайинимиз кетгандан буён аҳволимиз оғирлашиб қолди. Айниқса, болаларга қийин. Сизлар бола туғиб кўрмагансизлар-да, билмайсизлар, қақажонлар. Тунов куни Марзияга муаллими “Агар форма олмасанг, дарсга келма”, дебди. Пул йўқ, қаердан оламиз. Бечора беш кундан бери йиғлайди, мактабга бормайди. Ахир, битта менинг кетмон чопганим нимага ҳам етарди?
Энди, сизлардан бир нарса олиш учун бир нарса бериш керак. Доннинг ҳам қолганини экдик. Нима қиламиз? Хўжайинимиз қайтгунча тақдирга тан бериб яшайвераймиз-да…
Ўзларинг ҳам биласизлар-ку, ўша куни ҳовлида донлаб юрган эдиларинг. Ер ўлчовчилар келиб қолди. Ҳалиги дароз ҳисобчи таноб чўпини у ёқдан – бу ёққа ташлаб чиқди. Икки таноб ер зиёд экан. Улар бир-бирларига “Нима қиламиз?” деб қараб туришганди, совхознинг парткоми келиб қолди. Ҳисобчи бола бидирлаб ҳаммасини унга тушунтирди. Партком ҳовлининг ичини ўзича чамалаб, кейин юқорида экилган буғдойзорга ишора қилиб: “Ҳув, ўша ерни бузинглар, ўрнига пахта экасизлар”, деди. “Ака, бешта болам бор. Уларнинг ризқини қирқманг. Келгуси йил экмаймиз, давлатга берамиз”, деди Боймурод гапга аралашиб. “Шунча ортиқча ерни эгаллаб олибсиз, яна гапингизни қаранг. Ўроқ солинглар”, деб буйруқ берди партком ер ўлчовчиларга.
Шунда Боймурод ҳовлида ўйнаб юрган болаларини буғдойзорнинг четига қатор қилди. “Буғдойнинг эгаси шулар!” деб туриб олди. Болалар эса изиллаб йиғлашарди. Менинг ҳам юракларим қон бўлди.
– Ҳали шунақа қилиб енгмоқчимисан ё қўрқитмоқчимисан, аҳмоқ! – бақирди партком.
Боймурод ҳам тўлиб турган эканми:
– Ўзинг аҳмоқсан! Сизлар ҳам биласизлар кимни сиқишни, – деди жаҳл билан.
Бўлган гап шу. Шу ерда акт тузишди. Кечқурун мелиса келиб олиб кетди. Карманада ўн беш кун ётди. Сўнг Каттақўрғон турмасига олиб кетишди. Бориб кўролмадик ҳам бечорани. Майли, ярми қолди. Начора, кутамиз. Ёмонларнинг жазосини худо берар… Кўп ҳам туғмасдан юрманглар, ҳеч бўлмаса, кун ора туғиб туринглар. Бир шамолланглар…”
У товуқхонани очиб товуқларни чиқариб юборди. Ўзини енгил ҳис қилди. Ғyccacи бироз тарқагандай бўлди…
* * *
Ранглари синиқиб қолган Роҳила болаларига ширчой қилиб ичирди. Катта қизи Марзияга укаларини қолдириб, далага жўнаш тараддудига тушди.
– Она, қачон форма олиб берасиз, бугун ҳам мактабдан қоламанми? – деб йиғлади қизи.
– Йиғлама, келаётган бозорда товуқлардан сотамиз. Ўша пулдан олиб бераман. Укаларингдан эҳтиёт бўл. Ҳовлининг у ер-бу ерларидан ўт юлиб сигирга беринглар. Укаларинг йиғласа, саватдаги қотган нондан ивитиб бергин.
У ишга кетатуриб: “Э, лаҳадга тиқай сенларни. Қаро ерга бориб қақилла! Кишт-е”, дея супа юзидаги йиртиқ ковушни олиб, янги экилган буғдойларни титкилаётган товуқларга қараб ирғитди.
“Ёшлик” журнали, 2016 йил, 8-сон