Бунча кўп киряпман ернинг тушига.
Ҳалима АҲМАД
Жалил бобонинг хотираси лип-лип ёниб-ўчадиган эски чироққа ўхшаб қолган. Бир “пуф”га муҳтож. Бобо тўқсон олтини тўлдириб, тўқсон еттига ўтган таваллуд кунини фарзандлари келиб, бирга нишонлашдилар. Ҳали ҳаёт бўлган, шарти кетиб-парти қолган бир-икки дўстлари, таниш-билишлари ҳам келиб, уни қутлашди.
Жалил бобо бу қутловчилардан айримларининг исмларини эсдан чиқарган, айримларини эса танимайди. Эслаш учун ўша одамга узоқ термилиб туради. Қиёфаси оз-моз таниш бўлса ҳам, лекин исмини билмайди. Бобонинг анграйиб турганини кўрган айрим таниш-билишлари аста шивирлаб, ўзини таништириб “мен фалончиман”, дейди. Жалил бобо чуқур ўйга толиб, уни танигач, ҳол-аҳвол сўрашади. Танимаса, “Ҳа, яхши”, деб қўя қолади.
Таваллуд кунини нишонлаш унга анча малол келади. Увадага ўхшаб қолган умрининг нимасини нишонлайди? Лекин фарзандлари, хотини ҳоли-жонига қўймайди. Асосан келинлари, набиралари ва беш-ўнта танишлари, шогирдлари хурсандчилик қилишади. Бир хил мазмундаги қадаҳ сўзлари янграйди. Бобога юз ёш тилашади. Ҳатто мусиқа қўйиб, рақсга тушишади. Ўзидан қирқ ёш кичик (биринчи хотини қазо қилганидан сўнг котибасига уйланган) хотини тинимсиз ғимирлайди. Кечаси билан ухламай пиширган пишириқларини чумолидай дастурхонга ташийди. Меҳмонларнинг кўнглини олай, деб жонсарак. Бу қўли очиқ, юзидан кулги аримайдиган бу аёл катта-кичикка бирдай меҳрибон, ҳаммани сизлайди, кўнглига йўл топади. Эҳтимол очиқ кўнгиллиги боис, унга уйланган бўлса керак. Бобо хотинларидан ёлчиди. Биринчи хотини Санобар ҳам раҳматли яхши аёл эди. Унга икки ўғил, икки қиз туғиб берди. Оиланинг борини ошириб, йўғини яшириб яшади. Кутилмаганда кичик ўғли хорижга ишлагани кетди-ю, бедарак йўқолди. Бу оғир дардни кўтаролмаган шўрлик она бир ёмон касалга йўлиқди-ю, қайтиб тузалмади. Ҳатто Исроилга ҳам олиб боришди. Яҳудий дўхтирлар ҳам касали анча ўтиб кетибди, деб даволай олмади. Ажал бўйнига ип боғлагандай, хотинини нариги дунёга етаклаб кетди. Гўё Санобарни касал сабаб бўлиб, Азроил олиб кетгандай эди…
Яхши хотин билан кечган умр эркакка гул ҳаёт бағишлайди. Ёмон хотин билан яшаш умрни хазонга айлантиради. Эҳтимол унинг узоқ умр кўришига сабаб оқила аёллар учрагани бўлса керак.
Ҳаёт шафқатсиз экан. Тўқсон йиллигида қатнашган айрим дўстлари, оғайнилари, таниш-билишлари, қариндошлари аллақачон тутдай тўкилдилар.
Давранинг тўрида мункайиб, лаблари осилиб, омонат ҳайкалдай қотиб ўтирган Жалил бобо хира тортиб бораётган кўзларини бир нуқтага тикиб хаёл суради. Хаёллари тентак шамолдай тўзийди.
“Одам узоқ умр кўрса, яшайвериб зерикиб кетаркан. Ўз вақтида ёруғ дунёни тарк этган ҳам яхши экан, – ўйлай бошлади у. – Аввал, ота-онамдан айрилдим, кейин Санобар юрагимни поралаб мени ташлаб кетди. Ўғлим бедарак йўқолди. Жўраларим, яқин дўстларим бир-бир ёғоч отга миндилар, бениҳоя ҳалол ва диёнатли устозим жигаримни эзиб кетди. Шу ёшимгача қатнашган жанозаларимнинг саноғи йўқ. Ўлим ҳақ. Ундан ҳеч ким қочиб қутулган эмас. Азроил барибир қармоғига мени илинтиради…”
У оғирлашиб бораётган бошини аста кўтариб, яна даврадагиларга зенг солиб мўралайди. Уларнинг орасида Азроил йўқмикин, деб ҳадиксирайди.
Сўнгги пайтларда уни гўё Азроил изидан тушиб, таъқиб этаётгандай эди. Қачонлардир ўқиган эди: У тақводорларнинг, дин йўлида ҳалол-пок юрганларнинг жонини осонгина оларкан. Гуноҳ ботқоғига ботганларнинг эса, жонини олишда қийноққа соларкан. Лекин жони Азроилга нишон бўлган одам ундан асло қочиб қутулолмас экан. Баъзан тушларига кириб қўрқитади. Баъзан турли қиёфаларда намоён бўлар экан. Биринчи хотини Санобар ҳам ўлими олдидан, “Ана Азроил келди, ҳозир жонимни олади”, деб алаҳсирарди. Ўшанда у Азроилнинг совуқ номини эшитиб, эти жунжикиб, қўрққан эди… Лекин Азроил мутлақо сездирмай келади. Шу пайтгача бандаликни бажо келтирган бирор одам Азроилнинг шарпасини сезмаган ва кўрмаган. Кўрган бўлса ҳам тили калимага келмаган. Қуръони Каримда айтилган ушбу сўзлардан собиқ коммунист бобомиз мутлақо бехабар эди: “Ҳар қаердаки бўлмагил, ҳатто баланд, мустаҳкам чўққиларда бўлсанг ҳам, ўлим сенга етиб келса, унинг чангалидан қутулолмайсан”.
Жалил бобо – бир пайтлар Жалил Жабборович эди. Амалдор эди. Катта бир даргоҳнинг ҳайбатли раҳбари эди. Ҳайҳотдай қабулхонаси бор эди. Қабулхонада гулдай очилиб, Наимахон ўтирарди. Ўзи шахсан бош-қош бўлиб, Наимахонни узатиб, тўйда табрик нутқи сўзлади, тўрт қатор шеър ҳам айтди… Бир кам дунё экан, Наимахоннинг турмуши бўлмади. Ўн икки йил турмуш қуриб, фарзанд кўрмади. Айб ўзида экан. Худо бермаганидан кейин қийин…
Хотини қазо қилганидан сўнг Наимахонга уйланди. Фарзандларидан бир-иккиси андак норози бўлди. Айниқса, қизлар… Наимахон ҳам ширин тил эмасми, фарзандлари билан гўё туғди-битти бўлиб кетди. Ўртада оналари Санобар бўлмагандай, гўё уларни Наимахон туққандай…
Энди Жалил бобонинг ҳамдарди, суянчиғи ана шу шўрпешона Наимахон эди.
Кундузни амаллаб ўтказган қария учун кечаси азоб лаҳзалари бошланади. Баъзан ярим кечада, баъзан бир-икки соат ухлаганидан сўнг уйқуси қочади. Кимдир эшикними, деразаними оҳиста чертаётгандай бўлади. Унинг хаёлига дарҳол Азроил келади. Яна ажал шарпаси бўлса керак, деб юрагига ғулғула тушади.
У кундуз куни ўтириб-туриб, юриб, қийналган пайтларида, “Художон, бу азоблардан қутқариб, тезроқ жонимни олгин”, деб илтижо қилади. Лекин кечаси илтижоларим Яратганга етиб борди шекилли, Азроил деразани чертаяпти, деб баъзан тақдирга тан беради. Кўпдан буён Наимахондан “ўлимлигим тайёрми”, деб сўрамоқчи бўлади-ю тили бормайди. Нимадир томоғига тиқилиб, саволи бўғзида тошдай қотиб қолади.
Жалил бобо дераза ғичирлаганда баъзан Азроил жонимни олгани келди, деб хурсанд ҳам бўлади. Бўлади-ю, энди ҳамма-ҳаммасидан, ташвишлардан, уқубат ва азоблардан батамом қутуламан, деб турганида ичида гўё бир нотаниш майин, меҳрибон овоз пайдо бўлиб, яна жиччагина яшасанг, нима қилибди, борасан-да ўша қулфсиз уйга, деб ниятидан қайтармоқчи бўлади. Ҳозиргина Азроилнинг “келишидан” умидвор бўлиб жонини топширишга рози ўтирган Жалил бобонинг юрагида яшаш истаги хира шамдай нур сочади. Хаста ҳаёт нафаси уфура бошлайди. Ўлим яна ёдига тушса, сесканиб кетади. Азроилдан қўрқади. Қўрқади-ю яшаш завқи юрагини қамрайди…
Бир гал Жалил бобонинг тушига Азроил кирди. У қоп-қора кийимда экан. Жалил бобо нима қилишини билмай, қўрқиб кўрпага бурканиб олди. Азроил секин кўрпани кўтариб, унга қаттиқ тикилди. Азроилнинг кўзларини кўрмаган Жалил бобо жон ҳолатда бор кучи билан бўйнидан ушлаб, уни бўға бошлади. Азроилнинг бўйни йўқ эмиш. Лекин бўғган сари гўё нафаси қайтиб, чуқур-чуқур нафас олармиш. У хаёлида ҳозир Азроилни ўлдираман, деб жаҳд билан уни бўғармиш. Бўғармиш-у лекин қўлидан сирғалиб Азроил чиқиб кетармиш. Бу ажал “ўйини” чўзилган сари Жалил бобонинг ҳоли қуриб борармиш.
У нафаси қайтиб, юраги ўйнаб уйғонди. Уйғонди-ю, “Наима!” деб қичқирди. Лекин товуши чиқмади. Чуқур-чуқур ҳансираб нафас ола бошлади…
Баъзан ўлим ҳақида гап кетганида фарзандларига термилиб аста шивирлайди:
– Ўлимдан-ку қўрқмайман. Лекин сизларни ёлғизлатиб ташлаб кетгим келмайди-да, жон болаларим! Худо етказса, набираларимнинг тўйини кўрсам дейман.
– Кўрасиз, отажон! Худо хоҳласа, ҳали кўрасиз… – Болалари унинг кўнглини кўтаради, юпатган бўлади.
Тонгда шундоқ дераза ортидаги ўрик дарахтидан булбулнинг завқли хониши эшитилади. Булбулнинг ўтли нолаларини эшитиб, кўнгли тинчиб, Азроил бугун ҳам кечикди, деб ўзига таскин-тасалли беради Жалил бобо. У бир қирғоғи жўшқин ҳаёт, иккинчи қирғоғи ўлим нафаси уфуриб турган умр дарёсининг ўртасида қолган эди. Қайси қирғоққа қараб сузишни билмай гаранг. Яшашни қанчалар севса, ажалдан ўлардай қўрқади. Жон ширин, деган гап тўғри экан. Ана шу ширингина, азизгина, пахтадай юмшоққина жонини Азроилга топширгиси келмаяпти-да!.. Бир кинода эшитганди: “Ёки ҳаётга ёки ўлимга интил”.
Ҳикояга батафсил кирмаган яна бир қаҳрамонимиз бор. У Жалил бобонинг келини – бедарак кетган кичик ўғлининг хотини. Бечора келин уч боласи билан бир вақтлари ўзи Наимахонга олиб берган каталакдек бир хона уйда яшайди. У ҳам Азроилни Жалил бободан кам кутаётгани йўқ. Азроил ўз вазифасини тезроқ бажарганда эди, у қайнотасининг уйига кўчиб ўтарди. Ва ўттиз ёшдан ошаётган ўғлини тезроқ уйлантирган бўларди…
Лекин Азроил ҳеч қачон кечикмаган ва кечикмайди ҳам. У умрнинг вақти-соати етишини кутяпти…
«Шарқ юлдузи» журнали, 2018 йил, 10-сон