Анвар Суюнов. Мударрис (очерк)

Тошкент Иқтисодиёт университетининг катта маърузалар зали.
Бичими қадимги Римнинг Колезейини эслатувчи аудиториядаги зинама-зина ўриндиқларда тизилиб олган талабалар энишдаги битиктахта ёзувларига кўз тикишган. Теваракда пашша ғўнғилласа эшитилгудек. Баҳайбат деразалардан тушаётган қуёш нурлари битиктахта ёзиқларини йилтиллатиб, ялтиратиб ўтади. Унда кўҳна иқтисодиёт фанининг замонавий уфқларидан сўзловчи формулалар, шакллар, теоремалар битилган.
Жуссаси жимитдеккина келадиган домла алланималарни шарҳлаб, гоҳ хонанинг у бошига-гоҳ бу бошига бориб келади. Баъзан бўрни олиб ажи-бужи ифодалар билан тўлиб ётган битиктахтанинг шапалоқдек очиқ жойларига яна қандайдир тенгламаларни ёза кетади. У ҳар бир жумлани дона-дона, чертиб-чертиб гапиради. Мулойим ва қизиқарли мулоҳазалари тепаликда ўтирган иқтисод ишқибозларининг ҳам ҳаёлида аллақандай янги фикрларни уйғотиб юборади. Шу кез улардан бири бўғизидан отилиб чиқаёзган сўроқни ўртага ташлашга жаҳд қилади-ю, аммо домланинг бир маромдаги сеҳрли маърузасига маҳлиё бўлиб, ўзини тийиб туради…
– Иқтисод – тежаш, дегани дейди мударрис сўзини хотималаётиб, минбар ортидаги ўриндиққа чўкар экан – Яъни, пулни, маблағни, вақтни ва ҳакозо…   Мана бу, кимўзар замонда бу жабҳада камбилимли киши, шубҳасиз, ютқазажак!
Ҳа, шундай!
Ушбу ҳикмат атоқли олим, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган фан арбоби, иқтисод фанлари доктори Мухтор Расуловнинг “Ижтимоий-руҳий менежмент” китобининг мағизи. Юқоридаги лавҳа эса, бу йил тўқсонни бўйлаётган, айни шу ёшда ҳам ҳормай-толмай  мударрислик қилаётган домланинг кундалик маърузасидан бир кўриниш.
Сиз, тўқсонни уриб қўйган кишининг ярим ёшидан ҳам кичик ҳамкасблари билан тенгма-тенг от сураётганига ишонмассиз. Очиғи, “бўлмаган гап” деб ўйлашингиз ҳам мумкин.
Бироқ умрида неки ғалаба-ю ютуқларга эришган бўлса, барчасини меҳнат кучи билан забт этиб келган киши қариганда ҳам серҳаракат мўйсафид бўлса керак, менимча. Рости ҳам шундай. Сал кам тўқсон йиллик ҳаёти илму-урфоннинг заҳмати билан ўтган Мухтор Расуловнинг кечмиши сўзимизга исбот бўла олади.
Гапнинг хонаси келган экан, домланинг суронли йилларидан то фараҳбаҳш бугунги кунигача бўлган умр йўлларига бир қур назар ташлаб ўтсак.
Бежизга эскилар “Ҳаётни кексалардан ўрганинг!” дейишмаган-ку.   

“Ўрда”нинг олмахонлари

Кузнинг файзиёб кунлари эди. Теваракда пишиқчиликни эслатувчи дилгир бир ҳаво сузади. Газета, журнал, телевидение, радиода серҳосил далалардан пайдар-пай хабарлар бериб борилади. Турли-туман ташвишлар гирдобидаги шаҳар аҳли ҳадсиз хирмонларнинг бўй-бастини шу билан тасаввур қилади.
Мен ҳам ишхонада бу йилги пахта терими хусусида бирор нима қоралашга чоғланиб туриб эдим. Нимадир бўлди-ю хаёлим қочиб, ҳовлимизда деразани бўйлаб турган дов-дарахтларга нигоҳим тушди. Ғўддалари жигарранг тус ола бошлаган арчаларга кузакнинг нуқси ура бошлабди: ора-сира қорайиб турган шохчалари шундан дарак беради. Онда-сонда сийрак буталар орасида қиш қушлари ҳам кўзга чалинади. Шу пайт бўйдор арчалардан бирининг қорамтил танасида аллақандай жонивор думини хода қилиб ўйноқлаб ўтиб қолса бўладими!? Тикилиб разм солдим. Очиғи, сўзларимга кўпчилик ишонқирамаслиги мумкин. Лекин Тошкентнинг марказида, Ўзбекистон миллий телерадиокомпаниясининг арчазорлари орасида думи қизғиш, қўнғир тусли олмахон ўйноқлаб юрарди. У гоҳ дарахтнинг ярим белигача кўтарилар, кейин қайтиб тушиб кўм-кўк ажриқларни оралаб бошқасига тирмашиб кетар эди. Сўнг ёнига яна бири қўшилди. Икков анчагача қувалашмачоқ ўйнади. Шу пайт хонамдаги телефон қаттиқ жиринглаб, шимол жониворларининг рақсини бузди:
– Анварбо-ой! – деган хитоб келди гўшакнинг у томонидан.
Сўроқловчи журналист акамиз Хусан Эрматов экан. Наридан-бери ҳол-аҳвол сўрашдик.
– Бир таклиф бор эди – деди гурунг охирида – Иқтисод университетида тўқсонни қоралаётган ажойиб домламиз бор, шу киши ҳақида бирор нима ёзсанг-чи?
– Мундайроқ одам бўлса керак, шекилли – дедим, акани қитиқлаброқ – Сиздан “ортиб қолган”ига қараганда.
– Ҳей, ёзсанг ёзаман де!.. – деди жайдарича қилиб – Бўлмаса, ишим бошимдан ошиб-тошиб ётса ҳам ўзим киришаман.
Одатдагидек хайрлашдик. Шаҳд билан дераза томон бурилдим. Олмахонлар қаергадир ғойиб бўлибди.
Шу-шу бўлди-ю, ваъда ёдимдан кўтарилиб, икки кунни ўтказиб юборибман.

Армон ҳам улуғлик белгиси

Тасодифан идорамиздаги кутубхонага йўлим тушди.
Ногоҳон, турли-туман китоблар пештахтасидаги “Алангали йилларим” номли рисола кўзимга чалинди. Қўлимга олдим: Муаллифи – Мухтор Расулов; иқтисодчи олим. Рисола – иккинчи жаҳон уруши майдонларидан эсдаликлар.
Китобни варақлар эканман, ғарбий Москва ва шарқий Европанинг қаҳратон аёзларида олов кечиб, ўлим қопқасидан неча бор омон чиққан мурғак ўспириннинг хаёлллари, азоблари, ажал ўқига тикма-тик келган лаҳзаларидаги хотиралари кўз олдимда номаён бўлди.
Ўз уйида ўзганинг чўмичидан сув ичиб турган йигитчанинг ватан ҳақидаги тасаввурлари, юрт соғинчи, қуёшли Фарғонани қайта кўраманмикан деган алағда ўйлари бари-бариси мужассам эди унда. “Алангали йилларим”дан ўқиймиз:
– 1940 йилнинг 4-октябрь куни сафарга чиқдигу Россия томон йўл олдик. Онамнинг айтишича, “энди оғзим ошга текканда” мени олиб кетишлари оғир ботарди жуда.
Шу билан бирга, эндигина мамлакатимизнинг Финландия билан бўлган уруши тамомлангани, унда ҳалок бўлган ва яраланганлар тўғрисидаги хабарлар таъсирида яшардик. Германия ва Япониянинг хуруж қилиши хавфи ҳам мавжуд эди ўша маҳаллар. Шу сабабдан ҳарбийга чақирилишим уйда асло хурсандчилик туғдирмаган. Йиғи-сиғи ҳам бўлиб ўтди. Лекин бошқа йўл ёки бунинг олдини оладиган чора йўқ эди. Бундан ташқари эл қатори хизматни адо этишим мажбурий. Зарур бўлса, Ватан мудофааси учун жанг қилиш бурчим эди.
Ана шу ўй, ана шу хаёл билан вагон деразаси орқали ташқаридан нигоҳимни узолмай бораман.
Мўъжазгина рисоланинг таъсир кучи бўлдими, ишқилиб, Хусан Эрматов тавсия қилган киши шу эмасмикан деган ўй билан Иқтисодиёт университетига йўл олдим. Танишувимиз сиз юқорида ўқиган кичик сюжетдан бошланди.
Кети кўринмайдиган узун коридорда домланинг маърузаси тугашини кутдим. Ниҳоят бир даста китоб-қоғозини қўлтиқлаб чиқиб келди. Йўл-йўлакай танишув қабилидаги ҳангомамиз бошланди:
– Мен ҳақимда ёзмоқчимисиз?! – деди синчиков назар билан, муддаомни билгач – Балки, илму амалда янгилик қилаётган ёшларимизни чиқарганингиз маъқулроқмикин…
– Йўқ – дедим ўжарлигим тутиб, ҳамсуҳбатимнинг бу тарзда муомала қилиши сал ранжитгандай бўлди мени – Мен айнан сиз тўғрингизда ёзгани келдим!
– Шунақа денг! – домланинг теран нигоҳи қизишиб кетганлигимни пайқади, шекилли, оҳиста, кулимсираб давом этди – Гапни нимадан бошлаймиз?
Очиғи, аввалги муомаладан сўнг орамизда бу тахлит ҳангома бўлади деб хаёлимга келтирмаган эдим. Дафатанги таклифдан гурунг ўзанини қандай мавзуда бошлашдан эсанкираб қолдим.
– Домла, мана сал кам юз ёшга кирибсиз, армонингиз борми? – Шошганимдан оғзимга келган жумла шу бўлди.
Қаҳрамонимиз дид билан безатилган шинамгина хонанинг деразасидан ташқаридаги кузакнинг вазмин ва теран манзарасига тикилиб қолди. У ерда шаддод ва ўйноқи талаба қизларнинг қиқир-қиқири, бир-бирлари билан алланималар хусусида баҳслашаётгани, улуғвор ва кекса чинорнинг оҳиста-оҳиста хазон ташлаши кўзга ташланар эди.
– Анави болаларни кўряпсизми? – деди бир пасдан сўнг ёнига имлаб – Шу ёшдалигимда армондан асар ҳам йўқ эди менда.
– Энди-чи?..
– Ҳали ҳаёт аталмиш сирли жумоқнинг мағизини яхши англамай туриб армияга кетдим – дейди домла қовоқларида нам салқиб, узоқ ва сермашаққат болалигини ёдга олар экан – Эсимни таниб, одамни одамдан фарқлайдиган дамларим инсон қадри чивиннинг қанотича тош босмайдиган пайтларга тўғри келган. Уруш, одамкушлик, бешафқат замон… Бари-бариси бугун ҳам кўзимни юмсам қаршимдаги киноленталардек айланаверади. Россиянинг сирли ва қаҳратон ўрмонлари, Европанинг қирмизи балчиқзорлари, Югославия, Чехия, Полшанинг тутунга бурканган қорамтил осмонларида менинг дилбар болалагим қолиб кетган.
Армон деганини шундай тушунман.
Яна, мен урушга кетаётганимда Тошкентнинг қадим манзараларини эслатувчи Қичқириқ, Чувалачи, Арпапоя, Пиёнбозор, Дархон, Ўқчи мавзеларида ота-боболаримиз турмушининг руҳиятини берадиган ҳолатлар бор эди. Ана шулар ўспирин хотирамда муҳрланиб қолган. Қайтганимда эса… Ҳувиллаган уйлар, вайронага ўхшаш тус олган шаҳар, эзилиб адо бўлган одамлар қарши олган мени…
– Кейин-чи? – Суҳбатимиз ўзанига тушганлигини сезиб, домлани чалғитмасликка ҳаракат қилдим.
– Асаблари чарчаган, беш йиллик қирғин-баротда “ана кетдим, мана кетдим” деган ҳадик билан фалакдан тушмаган йигит, одамкушлик бўҳрони тугагач Тошкентга келдим – деб давом этади – Ҳа, айтганча урушда учувчи бўлганман. Биласиз-ми, жанг майдонида ердагидан кўра тепадагиларга қийин. Ҳар лаҳзангиз, ҳар бир парвоз ғанимат. Беш йиллик қирпичоқ замонда ҳаво разведкачиси эдим. Ҳарбий буйруқларга биноан Болтиқбўйи ҳудудлари, Кафказ ва умуман Германиягача бўлган жангларнинг ҳолатини тепадан туриб суратга олганман. Масалан, ғалабадан бир-икки кун аввал бомбардимон қилинган Берлин осмонида шаҳарнинг шу туришини суратга туширганман. Ана шу фотоэсдаликлар бугун қалбимни ситиб кетаётган армонларимни ёдга солади. Баъзан уларни кўрсам эзилиб кетаман.
Начора, бу – тақдир!
Сўнг, Тошкентдан иш топдим. Уй-жой, бола-чақа қилдим. Бир пайтнинг ўзида ҳам ишлаб, ҳам ўқидим. Таҳсилни тугатаётиб, кутилмаганда илмнинг фусункор олами ўзига жалб этди мени. Дастлаб Тошкент давлат долифунуни (ҳозирги ЎзМУ)да савдо иқтисоди соҳасига ўзимни урдим. Мамлакатимиз таълим системасида илк бор “Иқтисод фани бўйича докторлар кенгаши” тузилишига бош-қош бўлдим. Турли хорижий ўлкаларнинг савдо иқтисодини ўрганиб чиқдим. Ўзимизникини уларга солиштирдим. Ўша пайтлар юқори ташкилотларга турли назарий ва амалий таклифлар киритдим. Аммо… Уларнинг ҳеч қайси бири амалга тадбиқ этилмаган. Лойиҳа лойиҳалигича, таклиф таклифлигича қолиб кетаверган. Лекин таажжубни қарангки, Танзания, Никарагуа, Полша ва ҳакозо… чет давлатларга маъруза ўқигани олиб боришганида тепадагилар томонидан худди ўша лойиҳа ва таклифларимдан қисман айтишим сўралар эди. Бу – эллигинчи йиллардан то саксоннинг яримларига қадарли бўлган воқеалар.
Ким билсин, ўша пайтлардаги кўзимнинг нури ҳаржланган қат-қат ҳужжатлар бугун қайсидир архивларда ёки бирор дунё бехабар йигитнинг бобосидан қолган ғаладонларда сақланиб ётгандир… Шулар ҳам яна бир армоним. Қани энди белимда қувват, билагимда куч, кўзимда нур бўлса-ю ўша “ихтиро”ларимни қайта тиклай олсам…
Йиллар қоматингизга кучини кўрсатиб, пешонангизга ажин солиб бораверар экан, армон деганларининг қати кенгайиб бораверади. Чунки, ҳаёт қонунияти шундай. Армон ҳам улуғликнинг бир белгиси.

“Ўйчининг ўйи битгунча…”

Ҳар қандай ҳолатда гурунг авж пардасини топса, гап гапга қовушаверади. Суҳбатимиз ҳам шу тарзга кирган эди. Кекса мударрис бир маромда, оҳиста сўзлар мен унинг қувончу аламларга тўла ҳаётининг айрим саҳифаларини эшитиб  маҳлиё бўлиб ўтирар эдим. Ташқарида дарсга шошаётган болаларнинг чуғур-чуғури, сабоққа чорлаётган қўнғироқнинг баланд ва зириллаган овози эшитилар эди.
– Замонлар орасидаги тафовут қандай, сизнингча? – дейман қизиқсиниб.
Домла ўйга чўмиб,  вазминлик билан сўз бошлайди. Аввал стол устидаги тилларанг чойнакдан чой қуйиб, ҳафсала билан симиради.
– Тафовутми? –  беихтиёр саволни такрорлайди – Бу нарса даврлар орасида бўладиган ҳодиса. Мана, масалан ўз замонасида Ер шарининг ярмида ҳавасга арзирли соҳибқирон Амир Темур даври ва бизнинг кунлар орасида осмон билан ерчалик фарқ бор. Дейлик, ўша замонларда Самарқандга келин бўлиб тушган Хонзодабегим отауйи (Хоразм)га бир йилда бир марта, ошиб борса икки бор бориб келган. Бундан ортиғи бўлмаган.
Бугун-чи! Агар океан ортига қиз узатсангиз ҳам кўришмоқликнинг қийин томони йўқ.
Фикрингизни тўғри фаҳмлаган бўлсам, бундан эллик-олтмиш йил бурунги билан ҳозирги кун ўртасидаги фарқни сўраяпсиз. Мен бу ўринда инсон қадри борасидаги тафовутдан бўлак нарсанинг барчасини нисбий деб биламан. Боиси, ўша даврдаги ўрнатилган ва ўрнатилмаган тартиб-қоидалар, сиёсий ва ижтимоий қарашлар кўкайимга оғир ботган. Арзимас иш учун соатлаб, ҳатто ойлаб, йиллаб куттирган ҳолатлар бўлган. Юқорида таъкидлаб ўтганим, иш билан боғлиқ баъзи некбинликларнинг тагида, аслида инсон қадрини турли тоифаларга бўлиш деган қарашлар ётарди. Бизда, яъни Ўзбекистонда иқтисодни иттифоқ доирасидаги бошқа республикалардан юқорига олиб чиқувчи ҳар қандай янгиликларнинг қадамига чеклов қўйилган эди. Шу ўринда фикримни янада ойдинлаштирсам. Айтайлик, ўша таклифларим (бу ўринда ўзини мақтайдиган одам экан деб ўйламанг) амалиётга тадбиқ этилса, ўзбеклар иқтисоди бошқларникидан олдинлаб кетар эди. Бу асосий бошқарувдагиларга ёқмас эди-да.
Энди-чи! Коса даврон айланиб, замонамиз жилови ўз илигимизга тегди. Ҳозирги ўзбек боласи юрт тараққиётига дахлдор истаган кашфиётини амалга ошириши, болаларга ўргатиши, эли ичида бемалол ташвиқ этиши мумкин. Биров унинг олидга чиқиб: “Ҳей, бола! Нима қилаяпсан?” деб ўдағайламайди. Ўрни келганда мана бу ҳангомани ҳам илдириб ўтсам.
Ўзбекистон эркини қўлга олган кезлари етмиш ёшли чол эдим. Шу ёшга киргунимча боя айтганимдай илм йўлида жуда кўп  тазийқ ва қаршиликларга дуч келганман. Олишиб, тортишиб, қўйинг-ки, кимларгадир ароқ қуйиб беришгача бориб баъзи янгиликларни оммалаштиришга эришганман. Ва, талабаларимга ўз ихтироларимни гапириб ҳузур қилганман. Одам чинакамига ишласа, касбини севса, юмушига шўнғиб кета олса қаримас экан. Тўқсон биринчи йилдан кейинги жараёнлар кечагидек ёдимда. Кутилмаганда янги уфқни қарши олган мамлакатимизда янгиланишлар даври бошланди. Республикамизда президентимиз ташаббуси ва раҳнамолигида тараққиётнинг бозор иқтисодиёти йўли танланди. Шу боис, иқтисодиёт назариясида ҳам қалқиш юзага келди. Юксалишнинг бу йўлини назарий такомилига етказадиган, ўрганувчи қавмга етказиб, тушунтириб берадиган дасрликлар, қўлланмалар зарур эди. Етмишни бўйлаб турган чол, отимни қамчиладим-у узоқ йиллар мобайнида заҳа еб ётган фикр, мулоҳазаларимни қоғозга тушира бошладим. Натижада, иқтисодиёт назариясига “Ривожланган мамлакатлар бозор тажрибаси”, “Бозорни ижтимоий тартиблаштириш” каби янги фанларни, “Бозор иқтисодиёти асослари”, “Ижтимоий-руҳий менежмент” сингари дарсликларни олиб кирдим. Ҳозир шу ишларни уддалаб қолганлигимдан хурсандман. Ахир айтишади-ку, “Ўйчининг ўйи битгунча, тавакалчининг иши битади” деб.

Бахт – ўздадир

Халқимизда “Ҳаракатда – баракот” нақли бор. Суҳбатдошимдан беназир мулоҳазалар ва ўтмишидан ҳикоялар тинглаб, ушбу ҳақиқатнинг ҳаётий исботини кўргандай бўлдим.  Оддий ўқитувчи Мухтор Расуловга иқтисод фанлари доктори, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган фан арбоби рутбаларининг  берилишида, аслида тинимсиз меҳнат ва одам қадрига инсоний муносабатнинг инкиъоси мужассам эди. Ич-ичимда “Бор бўлинг, домла! Ибрат асли шу эмас-ми?!” қабилидаги ҳайқириқ кўтарилиб келади. Мавзудан чалғимаслик учун ўзимни босиб:
–  “Ҳар замонга –  бир замон” деган шарқ парадокси рост экан-да, – деб луқма ташлайман.
– Ҳақ гап – дейди домла алланималар тўғрисида ўй суриб олгач – Эскилар бежизга ҳаётни чархпалакка менгзамашган. Бугунги кун ва яқин тарихимиз ҳам буни исботлаб турибди. Кеча ўрис тилини эплолмай, давраларда мустар бўлиб юрган йигит туртиниб-суртиниб катта бўлиб қолибман-у орадан қанча сувлар оқиб ўтиб кетибди. Айни чоғда эса, мункиллаган мўйсафидман. Шу кез илмнинг олий рутбаларини, устоз деган улуғ шарафни кўтариб юриш асосий юмушимга ўхшаб қолган. Гоҳида эриш туюлади бу. Шу сабаб университет маъмурларидан ҳафтасига бир-икки соат дарс беришларини сўрадим. Илтимосимга йўқ дейишмади. Қимирлаб турибман. Бахт – шу, назаримда.
Оилавий тўкинликка изоҳ сўрайман домланинг бахт ҳақидаги қарашларини билгач.
– Ўзбекнинг азалий орзуси-ку бу! – қаҳрамонимиз чеҳрасида хуррамлик балқади – Бу борада ҳеч ҳам нолимайман. Момо янгангиз билан турмуш қурганимизга олтмиш етти йил бўлибди. Олтмиш етти йил турмуш аравасини бирга тортдик, омочга қўшилган қўшҳўкиз каби. Мана шу умр мобайнида тўрт ўғил, саккиз невара, саккиз эварани камолотга етказдик.
– Яна бир, одамларда кам учрайдиган бахтли томонимни айтайми? – дейди Мухтор бобо табассум билан.
– Яширманг-да, уни! – қизиқсиниб сўрайман.
– Бу йил тўнғич неварамнинг каттакони шу университетга ўқишга кирган. Толеимни қаранг-ки, биринчи эварамга ҳам сабоқ бериш саодати насиб қилиб турибди.

Яна олмахонлар ҳақида

Гурунгимиз қош қорайиб, муҳташам Иқтисодиёт университетининг мармар саҳнли ҳовлисига шом тушгунча давом этди. Бу орада ҳали мен эшитмаган кўплаб ҳикматомуз мақолларни, ҳаётий чигалликларни ечишда асқотадиган синалган тажрибаларни билиб олдим. Икков университетнинг катта дарвозасига қадар бирга келдик. Йўл-йўлакай анча-мунча масалалар юзасидан фикр юритдик.
– Яқинда ишхонамизнинг арчазорида олмахонни учратдим – дедим беихтиёр йўлак четидаги арчаларни кўриб.
–  “Мустақиллик майдони” метро бекатидан “Сайилгоҳ” кўчасига қараб юришдаги дарахтлар орасида кўп дуч келганман – домла гапимни давом эттириб кетди – Биласизми, бу ниманинг белгиси?
Билмасам деган маънода елка қисдим, тасодифий сўроқдан таажжубланиб.
– Куни тинч, туни осойишта жойларда олмахонлар дикир-дикир ўйнайди-да! – деди домла енгил кулгу билан.
Очиғи, шунча вақтдан бери ўрмон жониворининг табиатини ўйлаб кўрмаганлигимдан тарра бўлиб кетдим.
Кекса мураббий хайрлашиб, дарвоза оғзидаги уловга ўтириб жўнаб кетди.
Хаёлимда эса, “Кўп яшанг, домла! Ҳали сиздан ўрганадиганларимиз бор” деган фикр пайдо бўлди.
Ҳақиқатдан ҳам шундай эмас-ми?!