Қишнинг замҳарир, этни симмиллатадиган аёзли куни. Бепаён кенгликлар қўйнидаги яйдоқ сайҳонлик. Сайҳонлик мағрибида Калтепа қишлоғининг қора-қура уйлари элан-қаран кўриниб туради. Сой лаби бўйлаб турли-туман автоуловлар турнақатор бўлиб тизилиб олган. Бу ерда бедовлар пишқириғи қайнайди, қамчилар тарсиллайди, полвонларнинг урҳо-ури гувиллайди. Ўртада улоқ талаш, йўқ, улоқ эмас, шаън талаш, ор-номус талаш! Визиллаган қамчилар зарби-ю, арғумоқларнинг зарда билан кишнаши шундан дарак беради.
Ногаҳон галани ўмровдор тўриқ от ёриб ўтиб, чортоққа қараб қўйиб кетди… Баковуллар тўриққа шубҳа билдирди чоғи, совринини бермади. Ғала-ғовур бошланди; кимдир тўриқники ҳалол деди, кимдир эса…
– Ҳей, Раим ғўжал! Сен нима дейсан? – қичқирди ёши улуғ баковул. – Манов полвон чилвир ўрамадими?
Ҳакам хитобини баланд овозда уч-тўрт маротаба қайтарди. Тўдадан қорачадан келган, қисиқкўз полвон жийрон отда чиқиб келаверди… “Шертой ҳалол айирди, – деди чортоқ (баковуллар турадиган жой) қаршисига келиб – Солим (соврин) ини бераверингизлар”. Баковуллар бирваракайига тўриқникини ҳалолга чиқаришди.
Қадрли ўқувчи! Қипчоқ лаҳжасида ишлатиладиган ғўжал сўзи – ишкал, ишкалчи, ишбузар дегани. Биз кўрган, сиз гувоҳи бўлган юқоридаги кўпкари сюжетида мазкур сўз билан боғлиқ қизиқ ҳолат бор. Яъники, Раим полвон чиндан ҳам ғўжал – ишкал, ишкалчи ёки ишбузар бўлса, нега ҳакамлар ундан маслаҳат сўрашди? Нега унинг хулосасидан сўнг қатъий ҳукм эълон қилди? Ёки бу сўзнинг бошқа маънолари бормикин…
Адабиётдан маълум, сиз-у биз кўп учратадиган эссе жанридаги ушбуда Раим полвон билан боғлиқ ва айнан унинг “ғўжал”лиги борасида баъзи мулоҳазаларни ўқийсиз.
Ҳа-я, бундаги фикр, иқтибос, мақол ёки ташбеҳ полвонники…
Менким, Раим полвон Кўбайхон ўғли…
Одамнинг олғири олдинда деганидек, отнинг ҳам тентаги кўпкари қилади. Бу ўринда олғир деганимни нотўғри тушунманг! Бизда (Булунғурда) олғир деб шижоатли, уддабурон, қайтмас ва серғайрат кишиларга ҳам айтадилар.
Йилқининг юраги пуч – қўрқоқ бўлмаса, албатта, тўдаёрар бўлади. Тўдаёрар от – полвоннинг қаноти. Агар тагингиздаги чорпоя қомати катта, танаси бақувват бўлгани билан қўрқоқ бўлса, тўдага кирмаса, улоқ айира олмайсиз. Полвонлар бунақа отларни дабанг дейишади. Яна, жуссаси майда отларнинг ҳам катта уюрни ёриб чиқиши қийин. Бундайлар фақат қувма (отларни қизитиб олиш учун катта кўпкариларнинг аввалида бўлиб ўтадиган улоқ) да яхши чопади. Ингичка, яъни қоринсиз йилқилар ҳам улоққа ярамайди. Қарчиғайи энсизлари ҳам шундай. Чунки уларнинг устида эгар турмайди. Аниқки, бундай бедовда тўдага киришга полвоннинг юраги бетламайди, такага узанганида абзал оғиб кетади. Ўмрови тор чорпоялар ҳам яхши эмас. Улоқчи арғумоқнинг кўкраги кенг бўлиши шарт. Отнинг қуймичи кенгиш, олчоқ бўлиши керак. Бундай йилқилар суринмайди. Бели бақувват от – полвоннинг орзуси. Чунки шунақа айғир исталган тўдага қийналмай киради, яна, арғумоқ устида ўзингизни оромкурсида ўтиргандай сезасиз.
Энди яхши отнинг қулунини-да таърифлаб ўтай. Келажакда тўда ёраман дейдиган от боласи лаблари чўзинчоқ (пастга осилиб тушган), оёқлари узун, қуймичи кенг, қулоқларининг ораси очиқ, тўшдор, сағриси япалоқ ва бўртиқ, ўмрови баланд бўлади. Агар қулуннинг олд оёқлари ораси – ўмровининг энишига бир мушт сиғса ундан ҳақиқий арғумоқ кутса арзийди.
Менким, Раим полвон Кўбай чавандоз ўғли – қарийб йигирма беш йил майдонларда от суриб, менман деган бедовларнинг жиловини қайирган, отдан отни фаҳмлайдиган синчи сифатида шуниям илдириб ўтай, отнинг зўри қорабайир бўлади!
Қорабайирнинг-да тозаси улоқ чопади. Ҳар учраган чорпоя арғумоқ эмас, яъники, ҳозир бизнинг улоқларда кўп учрайдиган йилқилар қорабайирга бир-икки қорин узоқлашгани, зоти бузилганлари! Асл қорабайир мен боя айтганимдай бўлади. Бундай отлар бугун Зоминнинг отбозларида, Бахмалнинг қирғизларида бор. Масалан, Зоминлик Султонхон эшоннинг йилқилари, Ургутлик Зайниддин аканинг “Тайсон”, Жиззахдаги “45”, “Рембо”, Бахмалдаги “Торнадо”, “Оқёл”, Ғаллаоролдаги “Кўккаптар” лақабли улоқчи отлар қорабайирнинг тозалари. Илгарилари бизнинг Оқтошда ҳам асл қорабайирлар бўларди. Болалигимда қишлоғимиз этагидаги Калтасойда, Ғўбдинтоғнинг лалми адирларида шундай уюрлар ўтлаб юрарди. Отамнинг улар орасида тўрт-бешта (аниқ сонини билмайман) бияси, қулунлари бўларди. Эсимни таниб, ёшим ўндан ўтганларда ҳам уюрдан хабар олгани борардик. Кейинчалик замон ўзгариб, одамларнинг отга қизиқиши сусайиб кетди. Кўпкари бўлмагандан кейин улоқчи отга ҳожат қоладими?. Нафақат бизнинг, атрофимиздаги барча отбозларнинг ҳам йилқига нисбатан шашти тушди. Эсласам, ўша пайтлар бир килограмм арпа сал кам бир кило гўшт нархида эди. Орадан бир неча йил ўтиб, одамлар ўзини ўнглаб олди, эл кўпкарини қўмсай бошлади. Аммо бизда қорабайирлардан туёқ изи қолган эди… Шукрки, Зомин ва Бахмалликлар ана шундай кезларда ҳам зот сақлаб қолган экан.
Қорабайир дегани ҳам онасининг қорнидан туша солиб улоқ чопиб кетавермайди.
Йилқини отбоз от қилади! Асл арғумоқлар одамнинг юрагидан сизиб чиқаётган меҳр билан яралади. Ҳаммаям от сақлаб, кўпкариларда кўкрак кериб юра олмайди. Бундай бахт от илмининг пирларига насиб қилади. Аслида йилқини тўғри парвариш қилиш, феъл-атворини ўзгартириш катта илм. Масалан, бир хил отлар кўп йиллар ҳар қандай уюрни ёриб, эгаси чўтлаган солимни олиб келган. Лекин бошқа бировнинг қўлига тушиб, тўданинг яқинига йўлай олмай қолган. Бахмалнинг Мирзаэсагисидан Амириддиннинг “Олаоёқтўриқ”и тақдири шундай бўлди. Той пайти қарови яхшилиги учун майда улоқларда тўданинг олди эди. Кейин уни Узоқбой раис сотиб олди-ю икки йилда “Одамхўр” деган лақаб орттирди. Чунки, йилқининг қаровида тартиб йўқолди, ҳар ким дуч келганда миниб, ўтли-ўтсиз жойларга ташлаб кетаверди. Тойнинг тўқидан оч маҳали кўп эди. Натижада от баджаҳл бўлиб қолди. Камига раиснинг болалари қизиқ-қизиқ билан ҳали ғўнонга чиқмаси бияларга “чоптирди”. Ана ундан кейин тўриқ одам зотини яқинига йўлатмай қўйди. Шундаям эгаси зўрлик билан бир-икки йил боқиб, катта кўпкариларга солди. У тўдада илкис олдини кўтариб ёнверидаги полвонларнинг устига ташланиб қолар, кетидагиларга туёқ сермар эди. Менинг ҳам бошимни бир-икки марта ғажиган. Ҳалиям телпагим пишиқ эди, тиши қаттиқ ботмаган.
Хуллас, уни ҳеч ким минмайдиган бўлди ва эгаси қази қилиб қутулди.
Кўпкари – кўпнинг ўйини
Биродарлар, кўпкари – кўпники, тўғрироғи, элибойники!
Баъзида кўнглининг тубига тугиб қўйганлар улоқ беради, баъзида “Бу – ота-боболаримиздан қолган удум”, деганлар шундай тўй қилади, ёхуд тирноқнинг қадрини бошидан ўтказганлар: “Ё, Оллоҳ! Қулундай ўғил тортиқ қилибсан, чупронида полвонлар той-туя талашсин, овозасини кўп йиллар гапириб юришсин!” деб катта издиҳом уюштиради. Ана шу уч сабаб билан майдонларда отлар тўпланади. Бизга ўхшаганлар бирор тўбичоқ топилса ҳам тўдага уради ўзини. Эй, бунда полвонман деган одам пул учун ёки бирор солимнинг илинжида узангига оёқ солмайди. Чавандозни бундай кезларда отнинг жини, кўпкарининг ҳовири кўтаради. Пишқириб турган бедовлар галаси ичида, тарсиллаб турган қамчилар остида “ҳай-ҳай”лаб таканинг бир пойчасидан тортиб, шеригидан “қўштақим қилайлик” деган эланишни эшитганда тўқсон икки томири яйраб кетади чавандознинг…
Қўштақим – такани шерикчилик билан ёки келишиб ташлаш дегани. Бу – яхши усул эмас! Чунки, полвонлар тўдада тил бириктириб кетаверса улоқлиги қоладими улоқнинг!?
Бир хил кўпкариларда тўй эгаси катта солим айтилганда така ўрнига майдароқ тана ташлайди. Тананинг бундайроғиям йўқ деганда 150-170 кило атрофида бўлади. Энди ўйлаб кўринг, сал кам 200 кило юкни ердан узиб оладиган полвон қандай бўлиши керагу тагидаги арғумоқ қанақа бўлиши лозим. Эҳ-ҳе, тана кўтараман, деганларнинг нечтасини кўрдик!.. Ана шундай пайтлари узангидошлар бир-бирини суяйди; бирор билаги бақувват шеригига ёрдамлашади. Бахмалнинг Жўмжўмидан Муродилла шунақа. Унча-мунча танани ердан дангал узиб, тақимлай олади, агар унга ўрамат (ҳеч нарсага кучи етмайдиган) отлиқлар ҳалақит бермаса. Шунинг учун Бахмаллик полвонлар буқа ташланган маҳали Муродилланинг атрофини ўраб туришади. Имкон қадар бегона полвонларни тўдага киргизишмайди. Ўрни келганда ўзимиздан Тангир полвон билан боғлиқ бир ҳодисани эслаб ўтсам.
Воқеа саксонинчи йилларда Қозоғистоннинг Еттисойида бўлиб ўтган. Ўшанда қозоқ биродарларимиздан бири ўн йил худодан тирноқ сўраб, ўнинчи йили туғилган ўғилининг шарафига жуда катта кўпкари беради. Майдонга Қозоғистоннинг ички ўлкаларидан, Жиззах, Тошкент, Самарқанд ва ҳатто тожик ва туркман отлиқлар узанги эшиб бораверади. Улоқ киши кўрмаган, довруғи тиллардан тушмайдиган сайилга айланади. Айтишларича, солимнинг энг кичиги бир жуфт эчки бўлган экан. Яна айтадиларки, солимни жуфт айттирган экан ўшанда тўй эгаси. Масалан: биринчи товоқ – бир жуфт қўй, иккинчи товоқ – бир жуфт туркмани гилам.., еттинчи тавоқ – бир жуфт той ва ҳакозо… Кўпкари одамнинг ақлини олар даражада қизиб кетади. Бу ерда бир-бирини қамчилаган полвонлар, рақибига туёқ сермаётган сержаҳл арғумоқлар, уларни бутун вужуди кўз бўлиб томоша қилаётган ишқибозлар жам эди. Соврин каттаравергани сайин давра қизиб, чавандозу бедовларнинг томирида қони кўпириб бораверади. Ана шундай ур-тўполон уюрдан кутилмаганда жуфт тойнинг буқасини тақимига олиб ўзимизнинг Тангир полвон сибжирилиб чиқади. Эҳ-ҳе, ўшанда биздан борган томошаталабларнинг “Тангир, бедовнинг ем еган жойига ур! Бўш келма,Тангир!”, деб бақиравериб томоқлари битиб қолган. Булунғурликлар буқани ўзлари елкалаб кетаётгандек терга тушиб кетади. Узоқ ур-сурлардан кейин Тангир полвон сомонни дангал ишғол қилади. Лекин қозоқ полвонлар хусумат қилибми баковулларга: “Унинг солими ҳаром”, деб туриб олади. Буқа қайтадан ташланади. Бу сафар ҳам Тангир полвон тўда суриб келади. Улар энди очиқчасига зўрликка ўтади, яна солимини “ҳаром”га чиқаришади. Тана учинчи бор майдон кўради. Тақдирни қарангки, яна Тангир полвоннинг билагидан кучлироғи топилмайди. Полвон учинчи марта буқани судраб келиб, баковулларга: “Кўзларингиз кўз эмас, пўстакнинг йиртиғи экан…”, деб зарда билан отига қамчи бериб ўтиб кетади. Ўшанда қозоқларнинг ёши улуғларидан бир-иккиси ортидан от қўйиб: “Жон бўтам! Оти қозоқни иснодга қўйма”, деб эланиб келади ва полвоннинг солимини бериб, устига зарбоф чопон ташлайди.
Тағин эски чавандозлар ҳам элдан уялганидан кўпкари беради. Умрбўйи эгар устида элма-эл, улоқма-улоқ юрган одам қариган чоғида кўпкари бермаса кўнгли жойига тушмаса керак, менимча. Элдан йиғиб олганини қайтадан тўй устида сочмаса полвонлик номи қоладими чавандознинг!? Раҳматли отамнинг шундай нияти бор эди. Худо кунидан қисган экан кўра олмай кетди невараларининг хатнасини. Отам ҳақидаги хотираларимнинг аксарияти отга қизиққанлигим учунми йилқи билан боғлиқ. Гап келганда отам – Кўбай полвонни эслашимнинг сабаби шуки, у киши катта тўдаларда қадами сийраклашиб қолган кезлари бир-бир ташлаб турарди. Солимларини уйга келганида неваралари (тўнғич акамнинг ўғиллари)га атаб: “Булар – тиргакларим! Шуларга суянаман-да”, деб суйгич эди. Орқасидан “Элдан йиққан бутун умрлик қарзимни суннатида сочаман”, дея қўшиб қўяр эди. Ўйлаб кўрсам, шундай ўй билан умр суриб ўтиш ҳам мардлик экан. Илло, Яратган ана шундай хаёлда юрган тақимизўрларни ниятига етказсин!
Жомбойлик Ғайрат полвон яқинда шунақа тўй берди. Баҳорнинг боши, қишнинг кети билан Ғўбдинтоғнинг пастқам адирларида жуда катта сайил қилдики, таърифи кунчиқарда Андижоннинг полвонлари, кунботарда Бухоронинг чавандозлари оғзида кетди. Чорпоя сони минглар бўлди-ёв. Баковуллар келишиб, сомонни иккита қиладиган бўлди. Агар шундай қилмаса боши-кети кўринмайдиган галани сиғдириш қийин эди-да. Ўша куни “Тўққиз” чопилди.
“Тўққиз” деганимиз кўпкарининг “хўроз”и бўлади. Бунда сомон икки жойга қурилиб, полвон бир ҳамлада такани у сомондан бунисига олиб келиши лозим. Бу – жуда катта машаққат ва кучли билак талаб қилади. Таканинг бориб-қайтишига товоқ тикилади. Ҳар бир товоққа алоҳида солим айтилади. Масалан, биринчиси – бир эчки, иккинчиси – бир қўй…, тўққизинчиси – бир туя ва ҳакозо… Ўша куни шогирд-укам Зоҳид полвон бахмаллик Бойаҳмаднинг “Оқёл” лақабли оти билан “Тўққиз”ни олди.
“Полвон қамчи ўйнат, баковул зот айт!”
Гоҳида давраларда “Отнинг зўри қанақа бўлади?”, деб сўраб қолишади. Аслини олганда от ҳам одамдай гап. У сезади, тушунади, илғайди, фаҳмлайди, севинади, ва ҳатто ўксийди ҳам. Майдонларда тўрт-беш йил улоқ олиб чиқиб юрган йилқига жилов шарт эмас; тўдага кириб такани тақимга олсангиз бўлди, галани ёриб, чортоққа қараб уради ўзини. Чунки у ана шу ишнинг ҳадисини олган; тўдани яхши тушунади.
Бир йили Раҳмон акам Бодбод қишлоғидан бир тўриқ сотиб олди. Давраларга мен ёки укам – Илҳом миниб борардик. Жониворнинг қизиқ қилиқлари бор эди. Агар кўпкарида ташлай олмасам, уйга етиб келгунча қулоқлари шалпайиб, тоби қочганга ўхшаб оёғини судраб келарди. Айвонда кузатиб ўтирган дадам “Ҳа, ўғлим отингнинг мазаси йўқ, бир жуфт калиш бўлсаям айира олмадингми?”, деб ҳазил аралаш гап қотарди. Отимнинг авзойидан биларди бесолим қайтганимни. Агар бирор жонлиққа ташласам борми бечора тўриғим қора терга ботиб қолган бўлсаям кўчамиз бошида узун-узун кишнаб, туёқларини дупурлатиб босиб келарди. Э-э, у пайтлари эгар устида чалқайиб, узангига оёқ тираб юришимни кўринг эди… Ич-ичимдан тўриғимни суйиб кетардим. Бўйнига шапатлаб қўярдим. Жонивор қулоқларини диккайтириб, пишқириб ўйноқларди. Менимча, ана шу ҳаётимнинг энг ширин дақиқалари эди… Тасаввур қилинг, ўн беш-ўн олти ёшли бола бошига кулоҳ, оёғига этик илдириб, урҳо-урлар қайнаб ётган тўдадан зот айириб қишлоғига кўкрак кўтариб келса. Эндигина қовурчини қотган ўғлининг ғалабасини юрагининг туби билан ҳис қилиб, мийиғида кулиб турган ота “Баркалла, ўғлим!”, деб елкасига қоқиб қўйса…
Бундан ортиқ бахт борми одам учун!
Бедовларнинг белидан болдир ошириб, қамчининг қулоғини тишлаб тўдага кирибманки, отамнинг юз-хотири билан яшайман. Ишқилиб, икки энлик жойнамоз бўлсаям, дадамнинг қаршисига “Бу – отнинг ҳақи-да”, деб ёруғ юз билан борсам бўлди деб кўп ўйлардим болалигимда. Улоқдан қуруқ қайтган пайтларим отамнинг: “Улоқ айғирларнинг олишувига ўхшайди. Енгилган жонивор куч тўплаб яна жанггга киришгани мисол, полвон ҳам бир кўпкаридан ҳеч несиз қайтса, иккинчисига кучлироқ, эътиборлироқ тайёрланиши керак” деган юпатгич гапи бўларди. Аслида ўша кезлар умримнинг энг ғалабали, шукуҳли дамлари ялов кўтариб ўтаётганлигини сезмаган эканман. Гоҳи-гоҳида қишлоқдаги тўй-ю маъракаларда мен ҳақимда орқаворотдан “Кўбай чавандознинг Раим ўғли тойга ташлабди, ёки пайдар-пай уч келибди сомонга” деган серзавқ ҳангомаларни эшитиб қолардим. Томирларимда аллақандай жўшқин ва фараҳли ҳислар гупуриб кетарди. Очиғи, ўзимдан-ўзим ғурурланиб қўярдим. Бундай давраларда отамнинг даврадошларига ярим табассум билан “Буям худонинг иши-да. Яратган толеини баланд қилсин” деган ташаккур монанд таъкидларини кўп эшитганман. Отамнинг ўша пайтлардаги масрур қиёфаси бир умрга хаёлимда муҳрланиб қолган… Ҳар гал у кишини эсласам ана шу нимтабассуми кўз ўнгимдан кетмайди. Кейин, мана бу сатрларини хотирлайман:
Полвон қамчи ўйнат,
баковул зот айт!
Айт, тўйчибобонинг давлатидан,
Сермастланган бўталоқнинг савлатидан,
Ларза солиб гижинглаган Ғиркўк отнинг
Бу майдонга туёқ урган – дастхатидан!
Айт, баковул Қур келди – сурур келди,
Тақимизўр полвон билан ғурур келди,
Кўпкаридашт буғ кўтарган лаҳза бу чоғ,
Майда одам хаёлига путур келди.
Чалқайиб керилган бунда бўз йигит,
Узанги эшмоқда зот айт, баковул!
Қирмиз юз, бодомкўз, рўмоли тивит,
Санамжон кутмоқда, зот айт баковул!
Туёқлар тарсиллар, юрак гурсиллар,
Гурсиллар тоғларнинг қозондараси!
Ҳей, сиз назаркарда баковул эллар
Бир имо кутмоқда отлар галаси.
Айтинг, момоларнинг қалбидан ўйиб,
Олис келажакка мерос сўзларни.
Шу сўзлар шаънига сағана қўйиб,
Гўдак авлодлар ҳам эслар сизларни.
Эсланар номингиз қалблар тубида
Ёд этар шаҳарлар, эслайди овул.
Симдай ботган қамчиларнинг зарбида
Пишқирар бедовлар, зот айт баковул!
Симиллаган қаҳратоннинг забтин кесиб айт,
Қўчқор, буқа, той, туяни эшиб-эшиб айт,
Бу даврада улоқ бўлсин орият, номус,
Ҳайқир, эй баковул! Жондан кечиб айт.
Ҳов, ана тоғлардан кўчган кўчкидек
Бир уюр келади, бамисли довул.
Жийрон, тўриқ, буврил – камон ўқидек
Учиб келаётир, зот айт баковул!
Далалар қўйнида кезар бир товуш:
“Ҳалойиқ эшитинг! Той тикдим” деган
“Тўйчибобонинг борини тўкдим” деган
“Олакўз, ғирромингни сўкдим” деган
“Ол! Шунга, мен бир гилам ўтдим” деган
Ол-э, чавандозлар! Баковулинг солим айтди…
Отдек орзуси бўлсин одамнинг…
Отнинг турли-тумани бўлгани каби полвонларнинг ҳам турфа феъллиси бор. Масалан, биров тоза чопади, бошқаси олакўзроқ бўлади. “Тўрқовоқнинг кадиси бор, ҳар бир ишнинг ҳадиси бор” деганларидай улоқ чопаман деган кишининг ўз йўли, услуби, керак бўлса, муғомбирлиги бўлади. Синчиклаб кузатадиган томошаталаб тез фаҳмлайди буни. Вазият талаб қилганда бу хусусда, янаям аниқроғи, ўзимнинг ва бир-икки яқин биладиган узангидошларимнинг феъл-атворини гапириб берай. Масалан, Жўмжўмлик Муродилла тўдада от айлантиришни яхши билади. Бу, мана бундай бўлади: Улоқ ҳакамлар томонидан ерга ташлангач, эпчилроқ полвонлардан бири жуссаси катта отни уюр ичкарисига олиб кириб, така устида абжирлик билан айлантираверади. Натижада бошқа отлар кейинга тисралиб, улоқ очиқ майдонда қолади. Ана шу кезда от айлантираётган чавандознинг шериги устамонлик билан айланаётган айғирнинг бўйни остидан қўл узатиб, такани суғуриб олади.
Бир хил чавандозлар отни айёрроқ қилиб тарбиялайди. Мисол учун, ҳамқишлоғим Собир чавандознинг илгари бир Бўз лақабли тўбичоғи бўларди. Танаси унча ҳавас қиларли, чопиши ҳам тез эмас эди. Лекин ўта муғомбир эди. Бир куни тўдага иккаламиз бирга тушиб қолдик. У такани ердан узиб тақимига олди, мен тортқилай бошладим. Сурилиб-сурилиб, галадан чиқиб кетдик; мен қўймайман, у бермайди. Тортишиб-тортишиб, майдонда анча қувишдик. Чортоққа етавергандан кейин учиб бораётган оти бирдан тақа-тақ тўхтаса бўладими!.. Менинг айғирим нима бўлаётганлигини тушуниб ҳам улгурмади, катта тезлик билан ўтиб кетдик. Ишонасизми, таканинг пойчасини тутиб келган қўлим икки жойидан чиқиб кетди. У бамайлихотир, сомонга дангал ташлади.
Менинг билагим маҳкам. Унча-мунча такани ердан узиб сомонгача кўтариб кета оламан. Тортишганда, кўпчилик доғда қолади. Шу сабабми, полвонлар имкон қадар тўдада менга чап беришга ҳаракат қилади. Бир сафар бундай бўлди. Тўқсонинчи йилларнинг бошида, Тожикистоннинг Қирқарча мавзесига улоқ чопгани бордик. Улар бизнинг, биз уларнинг зўрини билмаймиз. Қўниқдан чиқиб, отларни совутиб олгунимизча қуёш одамбўйи кўтарилди. Қизиқ, у томонларда улоқ эрта чопилар экан, ҳаш-паш дегунча Қур тикилиб, кўпкари бошланиб кетди. Офтоб тиккага келди ҳамки, бизникилардан ҳеч ким зот айира олгани йўқ… Қишнинг офтобёр куни эди, ма йдон балчиққа беланиб қолди. Отларнинг аҳволига қараб бўлмайди. Шериклар билан келишиб, номига бўлсаям бирор солимга ташлашга қарор қилдик. У пайтлари Булунғурнинг донгдор отларидан “Миллион”ни мен чопардим. Давра шундай бўлдики, шу арғумоқдан бошқаси тўдага ярамай қолди. Кўпкарининг охирларида худога таваккал қилиб, тойнинг улоғига эгилдим. Тожик биродарларимиз бегона билиб, отимниям-мениям савалаб, қисувга олиб ётибди. Ичимдаги ҳовир, томиримдаги аламзадалик гупуриб, ҳеч қанадай зарбани ҳис қилганим йўқ. Юмшаб қолган таканинг пойчасини қўлимга эшиб, узангининг остидан ўтқазиб, отни ниқтайвердим. Жонивор тўлқинларни менсимай илдамлаётган кемадай тўдани суриб бораверди. Гапнинг лофи деб билманг-у “Миллион” худдики шоқоллар орасидаги арслондай у ёқдан-бу ёққа, бу ёқдан-у ёққа пишқириб илғорлайди. Одам барибир одам-да, бечора ҳайвоннинг олдини бир нечта отлиқ бўлиб тўсиб, чортоқ томоннинг йўлини беркитиб олган. Камига, юганни ечиб, жиловсиз қолдирган мени. Шу ҳолатда чамаси икки соат сурдаклашиб юрдик. Баковуллар ҳам, томошаталаблар ҳам зерикиб кетди. Орага икки отлиқ қўшимча ҳакам жўнатишибди. Улар келиб, менинг чилвир ўрамасдан, югансиз отда икки соатдан бери така бермай келаётганимни катталарига етказишибди. Бир маҳал Қур томондан: “Булунғурлик Раим полвоннинг тойи ҳалол!” деган хитобни эшитдим. Такани ташлашимни ҳам-ташламаслигимни ҳам билмайман. Хитоб уч-тўрт бор қайталанди. Сўнг ёнимдагилар қисувни бўшатишди… Той меники бўлди.
Илгарилари, катта зотларга давогар чиқиб юрган пайтларим жуда гажир феълим бор эди. Бир хил тўдакаш – катта зотларни тўда бўлиб ўмарадиган полвонларни кўрсам “якка олиб чиқинглар”, деб қайсарлик қилардим. Агар уларнинг солимини баковуллар маъқуллайдиган бўлса, тортишиб бўлса ҳам такани қайтадан ташлатардим. Шу сабабми эл орасида “Раим ғўжал” деган номим бор. Рости, бундан уялмайман. Чунки, тўйчининг йиллаб йиққан мол-дунёсини хўжакўрсинлик билан тақимлаб кетиш ноинсофнинг иши. Раҳматли отам шундай дегич эди.
Боя айтганимдай отга қизиққан, кўпкарининг ҳовирини туйган одам кўкайида бир мартага бўлсаям улоқ бергиси бўлади. Катта тўю томоша қилиб, элни дастурхон устига чўккалатгиси келади. Дадам раҳматли бир умр шундай орзу билан ўтди. Бироқ… Тақдирнинг ҳукми билан одамнинг орзуси ҳар доим ҳам бақамти келавермас экан. Акамнинг болалари хатнага бўй бериб қолган пайтлари тасодифан қазонинг ишини бажарди. Ўша йиллари тангри тойчоқдай ўғил берса, отамнинг ниятини рўёбга чиқараман – невараларига кўпкари бераман, деб кўнглимга тугиб қўйган эдим. Лекин оллоҳнинг иродасига қарши борган ёки шак келтирган жойим бормикан ҳанузгача ўша ўй ўйлигича қолиб келаяпти…
Ноумид – шайтон, дейдилар. Агар уйимнинг тўрида ўғил чақалоқнинг йиғиси янграса, албатта, булунғурлик Раим полвонникига от қўйиб келаверасизлар…