Анвар Суюнов. Мажлисбоши (ҳикоя)

Овлоқ жойда тўнғиз тепага чиқади.
Халқ мақоли

I

Қиш. Кечагина қиличини қайраб турган аёз негадир бугун ортга чекиниб, қайларгадир ғойиб бўлди-ю, анчадан буён қичирлаган совуқда ҳурпайиб юрган одамларга илиқ ва намхуш ҳаво хуш келди. Кўчаларда чанғи етаклаган болакайлар ва қорбўрон ўйнаётган ёшу  қари учун бу – бир лаҳзалик туҳфага ўхшарди. Осмонда ўркач-ўркач бўлиб жануб томонга оқаётган булутлар рақси кишилар қалбига ўзгача бир дилгирлик бахш этади. Уларни кузатаётган киши бир муддат бўлса-да, инжа туйғулар таъсиридан маст бўлиб қолади. Энг пастлаб  учаётган ўша булутларнинг муздай шабгири бизнинг улкан ва ҳашамдор деразамизни ҳам ялаб ўтар, натижада ойналарда юпқа нам изи қолар эди. Аммо ичкаридагилар бунга умуман эътибор беришмайди, улар учун бунинг қизиғи ҳам йўқ…
Бинонинг учинчи қаватида жойлашган муҳташам мажлислар зали. Улкан деразаларга тортилган сариқ тусли ҳарир пардалар ортидан эринибгина мўралаётган офтоб кўринади. Ўтирганларнинг  сўлғин ва безовта нигоҳи кимнидир кутади. Гарчи чилла бўлишига қарамай ҳавонинг тасодифан исиб кетиши, мунтазам ёғаётган қорнинг тўхташи ҳам йиғилганларнинг кайфиятини кўтара олмади. Айни чоғда дераза ортидаги нимжўш ва сокин рутубат уларнинг ҳам руҳиятида кезаётгандек эди.
Бироқ олд қаторда ўтирган майда раҳбарлар ва бўлим бошлиқлари бир-бирлари билан бош тўқиштириб, ниманидир пичирлашади, баъзилари чуқур “уф” тортади, лунжлари шишиб, ранглари бўғриқади. Афтидан, улар шоир Ботир Баҳодирнинг тақдирини муҳокама қилмоқда, муҳими, ўртоқ Ғолиб Жобировичга жамоа номидан илтимоснома киритиш юзасидан баҳс юритмоқда.
Улар кўпчиликка таниш, касбининг қинғир-қийшиқ томонларининг ҳам уҳдасини олган дажжам раҳбарлар. Масалан, олдинги ўриндиқдаги Абдураҳмон Абдиберди, устоз мақоми бор. Фикримча, у узоқ йиллар раҳбарлик лавозимларида бўлганлиги учун шундай рутба олган. Қора костюм-шим, қизил бўйинбоғли киши Тоҳир Толмас. Кўркам савлати ва жамғарган мол-дунёсини ҳурмат белгиси деб билади. Кейингиси калта бўйли, миқтидан келган, говбош Каттабой Қултош. Бемисл лаганбардорлиги боисми ёки кўринганга фамилияси билан мурожаат қилаверганиданми Катта Улканович деган ном олган. Хўрмуз Қарнобий барчага таниш.  Безовталанишига қараганда йиғилишда катта раҳбарнинг нигоҳидан олисроқда бўлишни мўлжаллаяпти. Нимагадир у доимо бошлиқларнинг назаридан узоқроқ юришга уринади. Балким, бу – унинг қувлигидир!?
Ўша кунги воқеа ҳамманинг оғзида. Ҳарҳолда у унча-мунча одамнинг қаҳрига учрагани йўқ. Кимсан Ғолиб Жобировичга тик қаради-я! Ким билади, ўша пайт қаери билан ўйлади экан?. Балонинг ўқига кўндаланг чиқиб бўладими? Бир ҳамлада йўқ қиворади, ахир! Мана, унинг касрига яна бир дилсиёҳлик бўладигандек.
Афтидан кўпчиликнинг хаёлида ана шундай саволомуз фикрлар мавжуд эди.

II

Воқеа бундай бўлган эди.
Кейинги пайтларда негадир идорада умумий мажлислар тез-тез ўтказиладиган бўлди. Ана шундай йиғинларда бошлиқ ўринбосари Ғолиб Жобирович соатлаб маъруза қилиш одатини чиқарди. Баъзан чошгоҳда бошланадиган одатий машваратлар пешингача давом этар, гоҳида ходимларнинг иш куни шу билан якунланар эди. Бора-бора йиғинлар идоранинг эҳтиёжи деб баҳоланди-ю, Ғолиб Жобирович маънавият, маърифат, касб одобидан дарс бера бошлади. Ўша сабоқларнинг сўнггисида тузсиз ҳангомаларга тоқат қилолмайдиган Ботир Баҳодир Ғолиб Жобировичга:
– Майлими, савол берсам? – деди.
Даврадагилар ҳайратга тушди. Ҳамма унинг оғзини пойлади. Икки йиллик фаолияти давомида ҳурматсизлик нелигини билмаган Ғолиб Жобирович сўроқ эгасига “кутиб туринг” ишорасини қилиб:
– Умуман, адабиётимизда илк бор маънавият сўзини ким ишлатган? – деб жамоатга юзланди.
Залнинг турли жойларидан  жавоб бериш истагидаги қўллар ҳаволади. Бошлиқ интиқларга парво қилмасдан тирноқ кавлаб ўтирган Шойимқул Шодиевга “сиз” ишорасини қилди. У кутилмаган буйруқдан каловаланиб, шундай сўз бошлади:
– Ҳим, маънавият асли арабча… Ҳа-ҳа, шундай! Бу – арабий ибора. Бизда ишлатилиши араб истилосидан кейинги даврлар адабиёти билан боғлиқ. Яъни, VII-IX асрларда яратилган тарихий асарларни ўқиб, бунга амин бўламиз. Наршаҳийнинг “Бухоро тарихи” китобида бир қатор арабча сўзларнинг муомалага киритилганлигини кўрганман…
Ғолиб Жобирович унинг сўзини узиб:
– Бу нима дегани, нега гапни айлантирасиз, менга аниқ жавоб керак, қисқа ва лўнда гапиринг! – деди.
Шойимқул Шодиев фикрининг давоми бўғзида қолиб, серрайиб туриб қолди.
Мажлисбоши тағин бир-икки кишини тинглади. Важоҳатидан залга жимлик чўкди. У сукунатни ғалаба деб билди чоғи, ияк кериб яна ваъзга киришди:
– Сизлар, адабиёт ўқимай қўйгансизлар, агар китоб кўрганларингизда тўғри жавоб айтган бўлар эдингизлар.   Гапнинг индоллосини ўзим айтиб қўя қолай. Ўзбек адабиётида илк бор маънавият сўзини Жалолиддин Румий қўллаган. Бу далил ҳазратнинг “Ичимдаги ичимда” китобида бор!
–  Ий-ий, – Кулгудан ўзини базўр тийиб, кафти билан оғзини бекитиб сўзланди, четда ўтирган Нортожи Ҳамроқул – Румий ҳазратлари куллиёти форсийда эмас-ми?! – Таъкидини биров эшитмади ҳисоби. Бироқ, бурчакда парда попугини ўйнаб ўтирган Садриддин Соли нимкулгу қиёфада қовоқ учириб қўйди…   
– Ҳурматли ходимлар! – Жобировичнинг нутқи иродга кишти келди шекилли, ҳеч бир истиҳоласиз давом этди – Шу китобни ҳаммангиз ўқиб чиқишингизни тавсия қиламан, ичи ғиж-ғиж маъно. Умуман олганда, сизлар адабиётдан узоқлашиб кетганга ўхшайсизлар! Бу асарга тишингиз ботмасаям керак. Шу боис, замонавий адабиёт намуналарини, ҳеч бўлмаса, варақлаб кўринглар. Мисол учун енгилроғидан, Абдулла Қаҳҳорнинг “Ўтган кунлар” романидан бошласаларингиз ҳам бўлаверади.
Мен!..
Яқиндаям икки марта ўқиб чиқдим!
Нортожи Ҳамроқулнинг кўзлари бақрайиб, дами ичига тушиб кетди. Садриддин Соли ҳайрат эгасига билинар-билинмас қўл силкиди. Қошларини кериб, чап лунжини шишириб, бош чайқаб кулди.  
Шу дамда Ғолиб Жобирович жамики билмларини намойиш қила кетди. Кун тушликдан оққанлиги сабаб қатнашчилар тобора ҳорғинлашиб, ҳашаматли иморат ичида уларнинг руҳиятига ўхшаш аллақандай ланж ҳаво оқими сузмоқда эди. Айни пайтда хонани безаб турган нақшинкор қандиллар ҳам йиғилганларнинг кўзига шифтга ёпишиб олган улкан мўри-малахга ўхшаб кўринарди. Икки соат давомида тик туравериб чарчаган Ботир Баҳодир мажлис бошқарувчининг сўзини кесди:
– Муҳтарам Ғолиб Жобирович, шу топда қайсидир бир адибнинг ажойиб бир ҳикояси эсимга тушиб кетди. Рухсат берсангиз, мазмунини айтиб берсам!
Аҳли мажлис қалқиб тушди. Негаки, бу, йиғилишни номаълум вақтга чўзиб юбориши аниқ-да. Шундоғам эрталаб нонушта қилмаганларнинг чеҳрасидан суви қочиб бораётир. Кўпчиликнинг нигоҳи Ботир Баҳодирга қадалганлигини, сўз бермаса обрўсига доғ чапланишини англаган Ғолиб Жобирович иложсиз изн берди. Шоир келтирган ҳикоянинг мазмуни мана бундай:
Эмишки, бундан юз йилларча бурун, курраи заминда қирғинбарот авж олиб, ғарбликлар самолёт ясаб, дунёвий илм сирларини инкишоф этаётган чоғда тошкентлик сернуфуз қори-домлалар тарёк уриб, масжидга қайси оёқ билан кирмоқ тўғрилиги хусусида узун қиш кечалари баҳслашиб чиққанмиш.
Шоир ҳикояни нуқтадон ровийлардек сўзлар эдики, йиғинчиларнинг аксари маҳлиё боқар, айримлар таажжубланар, яна бир-икки киши бебезовта эди. Жумлаларни чертиб-чертиб гапириши, гоҳо беихтиёр кимларгадир юзланиши кўпчиликнинг қиёфасида сўз билан ифодалаб бўлмас саросима зоҳир қила бошлади. Қишлоқ хўжалик техникумини битириб, бир амаллаб котибликдан иш бошлаган, кейинги икки йил ичида амал пиллапояларидан жадал кўтарилиб, ҳозирда пичоғи мой устига чиққан Нурлибой Ўрлибоев бошини беркитгани жой топа олмасди. Назарида уни ҳамма кузатаётгандек эди. Ботир Баҳодирнинг оташин нутқини баланд овозда таъкидлаётганидан ғижинар, оҳори тўкилмаган италянча туфлисининг ҳеч кимникига ўхшамайдиган тугмачаларидан кўз узмас, шу аснода Ғолиб Жобирович билан нигоҳлари тўқнашиб кетишидан чўчиб, бир нуқтага тикилиб туриш учун дераза тирқишини топганидан мамнун кўринарди. Шу тобда унинг хаёлида янги-янги  таклифлар ғужғон ўйнаб, имкон қадар ўзини ҳимоя қилиш режасини ўйламоқда эди. Кутилмаганда  унинг тизгинсиз хаёллари “саволни савол билан даф этиш” ҳақидаги фикр атрофида тўпланди-ю, ҳеч кимда йўқ туфлисининг тилларанг тугмачаларига маҳлиё бўлиб қолди.
Ботир Баҳодир эса ҳикоясини охирлатиб қолган, шу боис, гап орасида чуқур-чуқур, узун-узун нафас олар эди.
У сўзини тугатгач кўпчилик сесканиб кетди. Айримлар шубҳасиз юрак қўлтиқлади. Тор доирадаги мажлисда жавоб беришини ўйлайвериб қон босими ўйноқлаётганлар кўп эди.
Зал сув қуйгандек жимжит, фақатгина кондиционердан чиқаётган ҳавонинг парда тутқичини ўйнатаётгандаги пириллаган товуши эшитилади. Ғолиб Жобирович энди пишиб етилаётган анор  туси  янглиғ юзини бир муддат микрофонга буриб, учиб турган қобоқлари орасида қисилиб бораётган кўзларини Ботир Баҳодирнинг алланечук ҳолатга тушган юзига қадади.
– Хўп, сизда ана шундай ноёб таклифлар бор экан, уларнинг барчасини ёзма тарзда қабулимга олиб киринг, – деди қатъий оҳангда – Келаси мажлисларда ёнимда ўтирасиз, ходимлар билан биргаликда муҳокама қиламиз.
Шоир  ҳеч нарса демади.
Мажлисбоши Ботир Баҳодирнинг ҳикоясини обдон мақтади. Аҳли машварат замонга муносиб бўлиши кераклигини, шунда ташкилотимиз юксак мавқега кўтарилишини, бунинг учун Ботир Баҳодир каби кўп ўқиш зарурлигини ҳеч бир тутлиқмасдан, залнинг қайсидир бурчагидаги нуқтага тикилиб таъкидлади. Орада шоирнинг феълидаги жўмардлик, дангалчилик ва довюраклик хусусида ҳам, оғринмасдан, илиқ мисоллар келтирди. Кетар чоғида бир-икки мулоҳазасини ўртага ташлаб, кейинги йиғинда шулар ҳақида сўз боришини эълон қилди. Табиийки, барча тайёргарлик кўриб келиши шарт.

III

Бу гал ҳавонинг исиши ҳам, кондиционердан таралаётган илиқ шамол ҳам қатнашчиларнинг, айниқса майда бошлиқларнинг кўнглига  ҳарорат олиб кира олмади. Боиси,  ўша йиғиндан кейин ҳеч қандай ҳодиса содир бўлмади-да!. Бир чеккада эса, кушхонага келган қўчқордай Ботир Баҳодир ҳадиксираб ўтиради. Унинг  тақдири хусусида баҳслашаётган гуруҳ бир тўхтамга келишгани йўқ. Чорак соат ўтгандан сўнг муҳташам залнинг алоҳида эшиклари очилиб, Ғолиб Жобировичнинг музлаган айронтўрвага ўхшаш қиёфаси кўринди. Унинг қабоқларига қиров қўнган, гапларида  эса хотиржамлик бор эди. Ажабланарлиси, бугун у ҳеч қандай воқеани хотирламади. Маънвият ва касб одобини эсламади ҳам. Гапни ташкилотнинг эртанги режаларидан бошлади. Қўлидаги тахлам-тахлам қоғоздан бир-икки сатр ўқиди-да, иштирокчиларга юзланди:
– Келгусида муассасамиз олдида турган улкан режаларни амалга ошириш учун нималар қилмоғимиз керак?
Ҳаял ўтмасдан назарга илиниш истагидаги ташаббуслар оқими вужудга келиб, йиғилганларнинг ўзаро савол-жавобидан ҳашаматли зал улкан ари уясига ўхшаб қолди. Бунда ким ялов олади-ю, ким назарга тушади?. Буни англаш қийин эди. Фақатгина Ботир Баҳодир ва яна саноқли кишилар вазиятни беҳафсала кузатар эди.
Мен эса шоирнинг мулоҳазаларидан сўнг ҳосил бўлган тизгинсиз ўйлар гирдобида эдим. Дераза ортида сузиб юрган хира булут қуйқалари вужудимни босиб кетаётганга ўхшарди. Қишнинг ҳовиридан сесканиб ёпиб қўйилган ойналар хонадаги бўғиқ ва қўланса ҳиднинг ташқарига чиқишига йўл қўймас эди. Нафасимни қисаётган ҳаво ва фикрларимни тўплаш азобидан халос бўлишни ўйлайвериб, мажлис тугаганлигини англамай қолибман.    
Учинчи қаватдан пастгача бўлган пиллапоялар  димиқиб кетган ва сабрсиз ходимлар билан тўлиб кетди. Кутилмаганда бинонинг асосий фоесидаги эълонлар пештахтасининг атрофи ундан-да гавжумлашди. Одамлар туртиниб-суртиниб ниманидир кўришга ошиқарди. Чамаси қирқ дақиқалар ўтиб пештахта атрофи бўшаб қолди. Навбат менга етганлиги боис, битиктахтадаги ёзувларга назар солдим. Унда мана бу сўзлар ёзилган эди:

БУЙРУҚ:  № 105  
Хизмат вазифасига маъсулиятсизлиги учун ташкилотнинг етакчи мутахассиси Бўриев Ботир Баҳодирович эгаллаб турган лавозимидан четлатилсин.

ИЛОВА:
Компаниянинг ходимлар бўлимидан тушган шикоятлар.
Узоқ вақт бир жойда қимирламай ўтираверганимданми ёки бошқа бир сабабми беҳузур бўлиб ташқарига чиқдим. Қуёш чарақлаб турганлигига қарамай сузиб юрган муздай эпкин этимни жунжиктириб юборди.
Узоқда, шафақ ортидан кўтариладиган кўпқаватли уйлар биқинидаги кенг кўчада бир киши хаёлчан қадам ташлаб кетиб борарди. Онда-сонда орқасига бурилиб қўяр, сўнг яна жадал юриб кетарди.
У шу кетишда ҳайбатли қояларни эслатадиган осмонўпар иморатлар орасида кўздан ғойиб бўлди.
Назаримда, у  Ботир Баҳодир эди…