Икки кунлик хонаки меҳмондорчиликлардан сўнг, дўстим мени район марказига сайрга олиб чиқди. Боғдаги чойхона айвонида чанқовбосди қилиб ўтирганимизда пакана, тепакал киши соққадек ғилдираб келиб, биз билан қуюқ кўришди. Ўттизинчи йилларда русум бўлган жулдур папкасини сўри четига қўйиб, узатилган чойни шошиб-шошиб хўриллатишга тушди. Бу орада мен билан чала-пула танишиб олишга ҳам улгурди.
– Қоратепаданман денг? Оғайнилар кўп у ёқда, телефонлашиб турамиз. Молиядаги Дарраевнинг қайнанаси бир тандирфурушга тегиб кетганини айтишувди. Қалай энди келин-куёвлар?
Дарраевнинг сўққабош қайнанаси бизнинг маҳаллада туради. Ишга ўтиб кетаётганимда унинг ҳовлисидан нотаниш чол чиқиб келаётганини кўргандек бўлувдим. «Ҳа, яхши яшашяпти», деб қўяқолдим.
– Кампирларки шунақа қиптурса, Шаҳлога ўхшаганлардан ўпкаламасак ҳам бўлар, Шукурвой, – дея дўстимга юзланди тепакал.
– Қайси Шаҳло? Нима қипти?
– Универмагдаги новча қиз бор-ку. Бугун тунда эрини ёмон калтаклабди-да. Ўртоқ Қопқоновнинг хотинига қуда томондан чатишлиги қутуртирганми дейман? Бўлмаса, ўшандай мўмин эрни нега шунақа азоблайди?
– Эрини танимас эканман, – деди Шукурвой.
– Танийсан, эслолмаяпсан, – бўш пиёлани узатаётиб ишонч билан бош силкиди тепакал. – Холдор кўсанинг жияни-да…
– Э, Холдор тоғанинг жияними?
– Шу Холдор кўсагаям қийин бўлди. Ўзи одамга бир фалокат ёпишса, қаторлашиб келади. Сариқ бўлиб ётган келини, дорилар ҳомилага таъсир қилиб, тўртинчи числода чала туғиб қўювди, ўн иккинчи числода куёви мотоциклдан йиқилиб, оёғини пачоқлади. Бундан бир соат бурун ўзининг молхонаси ёниб кетганмиш. Яхшиям, новвоси занжирни узиб қочибди, бўлмаса уч юз килолик кабобни кўрардинг.
– Районларингда ўт ўчирувчилар борми ўзи? – дея гапга аралашдим мен.
– Қўнғироқ қилишса, телефон ишламабди, – ўрнида жавоб қайтарди тепакал. – Ҳозир келаётиб тагига етсам, бир трактор ўн учинчи километрдаги симёғочни уриб, кабелни узворган экан. Трактор қайси ташкилотга қарашлилигини ҳозирча аниқлолмадик. Территория «Қизилгўр» колхозиники, менимча трактор ҳам…
Тепакал нон бурдасини қаймоққа булаб, лунжига тиққач, қўшимча қилди:
– Ҳатто Исроилдек ингичкабел давлатдаям телефон кабеллари тўлиқ ер остида экан…
Кейин гапни чирпиратиб келиб, ўзимиздаги яҳудийларга тақади.
– Ҳайим сартарошнинг бешинчида ўқийдиган шахматчи ўғли район мусобақасида биринчи ўринни олибди. Райижроқўм раиснинг кап-катта неварасини қаторасига уч марта мот қилворибди-я. Ўйнашмагин арбоб билан деганларидек, санстанциядагилар кеча Ҳайимнинг сартарошхонасини муҳрлаб кетишди…
Чойхона ичкарисидан осма соатнинг даранглаши эшитилди.
– Ие, вақт бўпқолди, шекилли, – дея шошилинч ўрнидан қўзғалди тепакал. – Хўп, насиб қилса, тушдан кейин бир гурунглашармиз.
У папкани қўлтиққа уриб, пешайвон пиллапояси сари юрди. Пастга тушгач, милиция формасидаги йигитни йўлакда тўхтатиб, нима ҳақдадир гаплаша бошлади.
– Ким бу? – деб сўрадим мен.
– Тайёрлов идорасининг бухгалтери Тошвой ака,– деди Шукур. – Билмаган, қизиқмаган нарсаси йўқ. Лақабиям ТошвойТАГ.
Шукур гапни тугатиб-тугатмай, ТошвойТАГ пастдан овоз қилди:
– Шукурвой, мана, учаскавойдан билиб олдик. Ҳалиги симёғочни ҳақиқатанам «Қизилгўр»нинг трактори пачоқлаган экан…
ЎзТАГ тезкорликда ТошвойТАГдан ҳали анча орқадалигини фаҳмладим.
1980 йил.