Ботинкавой билан Туфлиой далабоғдаги бир уйнинг остонасида учрашиб қолдилар.
– Ҳалиям асфални ўйиб юрибсанми, пошнангдан аканг? – дея суқланиб гап отди Ботинкавой.
– Бор-е! – нозланиб, бурнини чўччайтирди Туфлиой.– Аъзойи баданингдан ачиган пайпоқнинг ҳийди келяпти. Нарироқ тур.
– Ҳў! Намунча осмонлайсан? Сен амрикони хиромлардан бўлсанг, бизам саламандирларданмиз. Хўжайним катта бир завўдни гулдиратиб турибди. Қасрдек идораси бор.
– Бекамнинг идорасини олдида сенларники бир чақа. Хона тугул ҳатто йўлакларимизгаям гилам тўшалган.
– Э-э, масалан, мен машинамизнинг ичидаям гиламни эзиб тураман. Шунийчун доим топ-тозаман… Хех-хех-хе, тунов куни бир зоти паст калиш лой илаштириб чиқса бўладими? Ачитиброқ сўкай десанг, хўжайиннинг қайнанасига қарашли нарса.
– Фу! Унақа бефаҳмлар навалом, – пистончасини ярқиратиб сузилди Туфлиой. – Айниқса, тўйга борсанг, атрофингни бир зумда калиш босади. Бири буришган, бири тиришган…
– Ҳа, биз шукур қилишимиз керак, – деб салмоқланди Ботинкавой. – Ҳарҳолда, обрўйимиз бор. Тунов куни зиёфатдан қайтаётганимизда, хўжайиннинг ўринбосари мени артиб қўйди.
– Вой! Шуям обрўми? Хи-хи-хи, хи-хи-хи… Агар бекам истаса, хўжайинингга мени ўптириши мумкин. Қолаверса, зиёфатдан гапириб, мақтанишингни қара. Нима, сениям тўрига ўтиргизиб, олдингга бедана кабоб қўйишдими?
– Энди-и ҳар кимнинг ўз ўрни бор-да, акаси бўйидан. Мана, ўзинг ҳам жойингни билиб турибсан-ку ахир.
Шу пайт дарвоза очилиб, ҳовлига сўлақмондай бир йигит кириб келди. Мажнунтол остидаги сўричага ўтириб, шумшайганича сигарет тутатди.
– Ана, ҳайдовчимиз ҳам келди, – деб ишора қилди Ботинкавой.
– Буям ўзимиздан, – дея ачинқираниб хўрсинди Туфлиой. – Бу шўрлик ҳам бизга ўхшаб доим ташқарида қолади.
1980 йил.