Бундан бир неча йил олдин, аниқроғи, собиқ диктатор Пиночет Лондонда ҳибсга олинган куни бўкиб ўлган қашқа сигир хитойи бодомгул чойнакдан чорак аср бирга чой ичиб келаётган эр-хотиннинг ўртасига бугун туйқус совуқчилик туширди. Нонушта маҳали тарғил говмушнинг сути камлигидан гап чиқиб, хотин ўша қашқани эслаб қолди:
– Ҳайт, эсизгина қашқа-я. Сути пақирдан тошиб кетарди. Манглайидаги оппоқ ой кўрган одамнинг ҳавасини келтирарди.
– Эслов апаратинг унча яхшимас, хотин, – қаймоққа нон ботираётиб, салмоқланди Бердимат. – Менимча, пешанасидаги қашқаси ойгамас, кўпроқ ўроққа ўхшарди-ёв.
– Вой, ҳар куни соғиб юриб, мен биламанми, сиз биласизми? Худди расмчи атайлаб чизгандек, тўрт кунлик ойнинг ўзгинасийди.
– Кариллама! Кўзойнакни деразадан ажратолмайсан-у, ойни ўроқдан фарқлармидинг!
Оддий ғиди-биди росмана жанжалга айланиб, охири Бердимат шартта ўрнидан турди-ю, бодомгул чойнакни кўтарган куйи сўриток остидаги супадан айвонга кўчди, ҳануз вағиллаётган хотинининг дамини кесиш мақсадида токчадаги транзисторни ишга солиб, товушини баландлатди. «Кечаю кундуз» деб аталувчи радиостанцияга бас келолмаслигини англаган хотин, ниҳоят, жағини тийди.
Транзистор бор овозда шанғиллар, энг бачкана журналист сифатида донг таратган Суробхўжа эса, студиядаги меҳмонлари билан гурунглашишда давом этарди:
– Зилзилахон! Мана, сиз ёшгина актриса бўптуриб, бир саҳнадасиз, бир кинодасиз. Телеэкранларниям бўшатмайсиз. Рўзғорга қарашга вақт қоладими, деган савол туғиляпти-ку?
– Очиғини айтсам, рўзғоргаям, боламгаям, асосан, ойим қарайдилар. Чунки, мен шанба демасдан, бозор демасдан, эрталабдан кечгача…
Шу пайт студиядаги телефоннинг жиринглагани эшитилиб, Суробхўжа: «Узр, Зилзилахон, қани, вафодор мухлисларимиз нима демоқчийкин», дея меҳмонининг сўзини бўлди.
– Алёв! Алёв! – овоз келди телефондан.
– Гапираверинг, – деди Суробхўжа. – Сизни ҳозир эфирда минглаб шинавандаларимиз тинглашяпти.
– Мен Бешёғочдан қўнғироқ қиляпман. Отим Патийдин. Ёшим эллик бирда… Айтмоқчи бўлган гапим шуки, суюкли артисимиз Зилзилахон рўзғоргаям, боламгаям ойим қарайдила-а-р, деворди. Фаҳмладимки, боши очиқ. У ёғини сўрасангиз, мана, каминаям уч ярим йилдан бери сип-силлиқ тулман. Агар Зилзилахон хўп десалар, Бешёғочдаги сомсахонада учрашиб…
– Патийдин ака! Патийдин ака! – ҳаяжонли овозда шоша-пиша суҳбатга суқулди Зилзилахон. – Мени кечиринг. Эримнинг ишиям доим тиғизлигини айтиш эсимдан чиқибди.
Буни эшитиб, Бердимат мийиғида кулди: «Тагинг паст бўлмаса, ловуллаб турган артискани, келиб-келиб, сомсахонага бошлармидинг». Транзистордан қулоқ узмай, чойни майдаҳўплам қилиб ўтирган Бердиматнинг ҳали пиёласи бўшамасидан, студиядаги Суробхўжа иккинчи меҳмонни ҳам эзғилашга ўтди. Таниқли олима ўзининг кейинги изланишлари юзасидан ҳисоб бериб турганида, яна телефон жиринглади.
– Алёв! Алёв!
– Қулоғимиз сизда, азиз мухлис, – чинғиллади Суробхўжа. – Олдин, кимлигингизни билиб олсак…
– Ие! Овозимдан танимадингми? Патийдинман.
– Энди танидим. Демак, ёшингиз эллик бирда?
– Эсингда боракан-ку, ука… Айтмоқчиманки, эски китобларни элакдан ўтказиб турган опамиз, гапдан гап чиқиб, Барно деган фарзандим менинг йўлимдан боряпти-и, деворди. Аммо-лекин, бир масалада аниқлик киритилмади. Яъни, Барнохон уйли-жойли жувонми, ё бўлмаса, боши очиқми? Шуни билволайлик.
– Ҳа-а-а, мухлисимиз ниҳо-о-ятда тиришқоқ чиқиб қолди, – сўзни олифталантирди Суробхўжа. – Жавобни олима опамиздан эшитамиз шекилли?
Олима босиқ жавоб қилди:
– Чамаси, Патийдинжон нотўғри англаганга ўхшайдилар. Барно бу – ўртанча ўғлим.
– Нима-а?! – транзисторнинг карнайини зириллатди Патийдин. – Ўғил болагаям шунақа от қўядими? Қанақа хотинсиз?
Бердимат бу гал бангинамо ҳиринглаганича, қўлидаги бўш пиёлани завқ билан дастурхонга ғилдиратди. Эшиттиришга бўлган қизиқиши ортиб, токчадаги транзисторни хонтахтага олди. Патийдин радиостанцияни ҳали-бери тинч қўймаслигини кўнгли яққол сезиб турарди. Суробхўжанинг навбатдаги суҳбатдоши эркаклигини билиб, Бердиматнинг эндигина ҳафсаласи совиётганда, студиядаги телефоннинг жиринглаши уни дарҳол ҳушёр торттирди.
– Алёв! Алёв!
– Яна нима гап, Патийдин ака? – «вафодор мухлиси»ни бу сафар бехато таниди Суробхўжа.
– Ана шу режиссёр оғайнимиз оиладаги муҳит ижодкорга жуда муҳимлигини гапириб туриб, кейинги хотиним билан касбдош бўлганимиз учун у мени доим тўғри тушунади-и, деворди. Ажрашган хотини қаерда яшашини билсак бўлармикин?
– Бўлмайди! – Суробхўжа сўз беришини кутиб ўтирмай, жиззакиланди кинорежиссёр.
– Нимага бўлмасакан? – жириллади Патийдин. – Сабаб?
– Сабаби шуки, сен исқирт одамсан!
– Ўзинг исқиртсан! Хотинни қўйишга қўйвориб, энди рашк қиляпсанми, махов?
– Оғзингнинг капотини ёп, итпашша!
– Ҳов! Зўр бўлсанг, Бешёғочдаги сомсахонанинг олдига ке. Биттага битта чиқиб…
Бердимат хохолашни бошлаган чоғда, студиядаги микрофон «шиқ» этиб ўчиб, табобат оламига доир реклама янгради. Бу ёқдан реклама тугади-ю, у ёқдан телефон жиринглади.
– Алёв! Алёв!
– Бўлди-да, Патийдин ака, – тажангланди Суробхўжа.– Тинч қўйинг бизни!
– Гапни кўпайтирма, – дўқ урди Патийдин. – Мухлисни безитсанг, устингдан хўжайинингга ёзиб…
– Ҳа хўп… Нима демоқчисиз?
– Айтмоқчиманки, ҳозир берган рекламангда бир сексапатўлик чиқиб, фарзандга муҳтож одамларга бола кўришда ёрдам берама-а-н, деворди. Яхши тушунмадим, ука, бу сексапатўлигинг бола кўришни хоҳлайдиган сўққабошларга хотин топиб бераман демоқчими?
Хотингадо Патийдиннинг ашаддий ишқибозига айланиб улгурган Бердимат бошу елкасини копток-копток қилиб ирғишлатган асно, қийқириб кула кетди. Айвон ёнидаги йўлакдан томорқага ўтиб бораётган хотин, бирон жойи йиртилиб-нетмаганмикан деган хавотирда, кўйлагининг ён-верини пайпаслаб кўрди, сўнг эрига кеканглаб боқиб, сўради:
– Ҳа? Намунча оғзингизнинг иштонбоғи қочмаса?
– Йўқ сигирнинг қашқасини талашганимиз наша қиляпти, – кулгисини тийишга қийналиб, ҳиқичоқ тутган тарзда жавоб қайтарди Бердимат. – Аразни йиғиштир, хотин. Борингга шукур.
– Уришишгаям устасиз, ярашишгаям…
Бердимат хотинининг ортидан кўзини мушукникидек йилтиратганича мўйлов силаб тикиларкан, тиржайиб мутойиба қилди:
– Тезда ярашмас эдим-у, ипирисқи Патийдин шуниям эшитиб қолмасин дедим-да.
Бердиматнинг қорнини яна шайтон қитиқлаб, бўғзида кулги булоқланди.
2001 йил.