Анвар Обиджон. Гулихоннинг гулзорчаси (ҳикоя)

Гулихон ойнаванд айвонда нонушта қилиб бўлиб, ташқига чиқди-ю, тўғри гулзорча томонга чопқиллади. Бу – ўз-ўзининг гулзорчаси. Бувиси эрта баҳорда ариқча ёқасидаги ернинг супрадеккина жойини кетмонда юмшатиб берди. Гулихон гул уруғларини сепиб, ёғоч сопли қуштирноқда уларни тупроққа аралаштирди. Мана, кунлар зувиллаб ўтиб, печакгул-у сапсарлар, чиннигул-у қистакўзлар рангго-ранг бўлиб очилди. Узоқдан қарасанг, атлас рўмолчанинг ўзгинаси.
Гулихон гулзорчасининг чиройидан кўз узолмай, завқи тошиб турганда, “виз-з” этган товуш эшитилди. Қаёқдандир учиб келган дурбинкўз асалари сурнайчаларни эслатувчи печакгуллардан бирига қўниб, ичига шўнғиди. Бундан Гулихоннинг зардаси қайнади:
– Ҳей, Ғизғизқори, нима қиляпсан? Киш!
Ўзи тўғрисида “Ғизғизқори – оғзи тўла дори”, деган матал борлигини кичкиналигидаёқ билиб олган асалари: “Ие! Нега мени ҳайдамоқчи бўляпсан?”, – деб сўраган эди, Гулихон: “Бу гулларни мен экканман, уларга тегма!” – дея ўшқириб берди.
– Ҳе атта-а-нг! – деб бош тебратди, оғзи ширалашиб турган Ғизғизқори. – Ўзинг эккан гулларга ўзинг ёмонлик тилаяпсан-а.
Ғизғизқорининг тушутиришига қараганда, асалари гулга қўнган чоғда ғунчадаги чанглар оғзи-ю оёғига ёпишиб қоларкан, кейин бошқа гулларга қўниб, бу чангларни уларга юқтирар экан. Агар чечаклардаги чанглар бир-бирига юқтирилмаса, ғунчалар нимжонлашиб, очилмасданоқ тўкилиб тушаркан.
Ғизғизқорини билмасдан хафа қилиб қўйганини англаб етган Гулихон ўзича пушаймонланиб турганида, яна бир гала асаларилар “возира-вузур” учиб келишиб, бири биридан гўзал гулларни ачом-ачом қилишга тутиндилар.
– Ҳей, ошналар! – дея шерикларига сўз қотди Ғизғизқори. – Гулихон билан танишиб қўйинглар. Бу гулларни шу қиз экканакан.
Асаларилар Гулихонга бирин-кетин салом бера бошлашди:
– Сало-о-м, Гулихон!
– Сало-о-м, яхши қиз!
– Танишганимдан ниҳо-о-ятда хурсандман, Гулихон!
Охирида энг митти асалари қанотини кўксига босиб, чучукланди:
– Аччаломалайтим…
– Гулзорчамга хуш келибсизлар! – дея асалариларга қувноқланиб боқди Гулихон. – Майли, гулларимга қўниб, мазза қилиб ўйнайверинглар.
– Биз капалак эмасмиз, биз гулдан гулга қўниб ўйнамаймиз, – деб, яна гап уқтирди Ғизғизқори. – Чечакларнинг тубида ширин тотқилар бор. Биз ўша тотқиларни симирволиб, асалга айлантирамиз.
Бу гапдан Гулихоннинг лаби чўпиллаб, чеҳраси очилди.
– Вой! Қани ўша асаллар? Чапира-чуп, чапира-чуп қилиб ялагим келяпти.
Ғизғизқори: “Ялагинг келаётган бўлса, эгамиздан сўраб кўр”, деб манзилни айтди. Маҳалланинг этагида яшовчи Турдибек ота асалариларга ёғоч уйча қуриб берган экан. Асаларилар асалларни ўша уйчага элтиб тўплашаркан.
Эртаси куни Гулихон яна гулзорчасига чиқди. Ариқчадан сув очиб, гулларни суғораётганида, “виз-з, виз-з” қилганларича тағин ўша асаларилар келиб қолишди:
– Сало-о-м, яхши қиз!
– Қайтиб кўришганимиздан ниҳо-о-ятда хурсандман, Гулихон!
– Аччаломалайтим…
Кеча Гулихон роппа-роса тўрт ёшга тўлган кун эди. Ғизғизқоридан дарагини билиб олганидан сўнг, туғилган кунига Турдибек отанинг асалидан совға қилишларини сўради. Дадаси: “Хўп бўлади, опош қизим”, деди-ю, бир коса асал олиб келди. Буни асалариларга айтиб мақтаниши биланоқ, Ғизғизқори: “Хўш, асалимиз сенга ёқдими?” дея шошиб савол берган эди, атрофидаги асаларилар қандай жавоб бўлишини кутиб, Гулихоннинг оғзига ҳаяжонланиб тикилишди. Гулихоннинг: “Шунақаям ширин эканки, мазаси ҳалиям танглайимда турибди”, деганини эшитиб, шодликдан “Ҳаюв-в!” деб юборишди. Кейин чечакларга ёпишиб, тотқиларни талашиб-тортишиб сўриб олишгач, яхши кайфиятда уйларига қайта бошлашди:
– Хайр, Гулихон!
– Кўришгунча омон бўл, қизалоқ!
– Яччи қол, Гуллий…
Гулихон асаларилар билан қўл силкитиб хайрлашаётиб: “Ўртоқларинг бугун роса хурсанд кўринишяптими?” – деб сўради Ғизғизқоридан.
– Асалимизни мақтаб, баримизни қувонтириб юбординг, – деди Ғизғизқори. – Ота-бувамиздан қолган одатимиз бор – доимо бошқаларга фойдаси тегадиган иш қилишга уринамиз. Қилган ишимиз ўзгаларга ёқса, суюнгандан суюниб кетамиз. Шунақа оқкўнгиллигимиз учун ҳамма бизни яхши кўради.
Ғизғизқорининг бу сўзлари Гулихоннинг дилига чуқур ўрнашиб қолди-ю, ўша кундан бошлаб хулқ-атвори анча ўзгарди. Энди у бирон-бир юмушга қўл ураётиб, бу ишимдан бошқаларга наф борми, қилган ишим бировларга ёқармикин, дея ичида ўйлаб қўядиган, ойисининг қўлдошига айланиб уй супураётганида, идиш юваётганида ёки товуқларга дон сочаётганида юраги яшнаб-яшнаб кетадиган бўлди.

2007-йил