Ногаҳонда эшик тақиллаб, эр-хотин бир-бирига қараб олишди. Ахир, ҳеч кимни кутмаганларидан кейин кўнгилга хавотир оралайди-да! Ижара ҳақи яқинда тўланган, участка нозири билан ҳам аллақачон келишиб қўйилган. Қишлоқдан ташриф буюрадиганлар келган, десанг, улар телефон орқали аввал огоҳлантириб қўйишарди.
Аксига олиб, бу эшикнинг кўзчаси йўқ. Аввалгиси ҳарна яхши эди: эр-хотин аввал мўралаб, нотаниш-бетайинлар бўлса, нафас олмай туришарди. Келган одам минғирлаб-минғирлаб орқасига қайтарди.
– Очинг, нега қараб турибсиз? – деди Зоҳида, эшик яна тақиллагач.
Саид хоҳлаб-хоҳламай эшик томон юрди. Кейин дадилланган ҳолда, ўзича кулган бўлди: “Нимадан қўрқаман, бировнинг олдида тилим қисиқ жойим борми?” Аммо барибир эшикни очишга юраги бетламай турди. Бу орада эшик тақилламай қўйгани боис у секин ташқарига қулоқ тутди.
– Оббо, Зоҳида, очсанг-чи! – деган овози келди аёл кишининг. – Совқотиб кетдим.
Саид Зоҳидага норози қараб қўйди-да, ортига қайтди.
– Вой, Хосият-ку! – ёдига тушди Зоҳида кўнгли ёришиб. – Мактабдаги синфдошим. Бугун бораман, девди-я!.. Ҳозир, ҳози-и-и-р!
Эшик очилиб, Хосият гуриллаб ичкарига кирди.
– Бунча подъездларинг совуқ, – деди у Зоҳида билан кўришаркан. – Қалайсан? Яхшимисан? Эшикни очишинг ҳам қийин бўлди. Намунча!.. Тўхта, эринг уйдами?
– Ҳа, уйда, ичкарида, – деб ётоққа имо қилди Зоҳида. Кейин кулди: – Нега анграйиб қолдинг? Ёки шу совуқда у кишини кўчага чиқариб юборайми? Киргин, пальтонгни менга бер.
– Уйда бўлса, яхши, – деди қувноқ овозда Хосият. – Чиқариб юбориш шарт эмас. Танишамиз, гаплашамиз. Кўрай-чи, дугонам ишончли қўллардамикан?
Бу гапларни эшитган Саид ноилож ётоқдан чиқиб, Хосият билан кўришган бўлди. Хосият кўҳликкина экан. Қошларини эринмай терган, ингичка лабларини қимтиб туради.
Ҳол-аҳвол сўрашдилар. Кейин меҳмонхонага киришди.
Зоҳида дастурхон тузагунча Саид Хосият билан рўпарама-рўпара ўтирди.
– Дугонамни илиб кетган сиз экансиз-да! – ҳазиломуз деди Хосият. – Қанча-қанча йигитларга чап бериб, сизга қолганда бўйин эгибди-да!
– Ҳа, шунақа, – деб қўйди Саид.
– Биз Зоҳида билан битта партада ўтирганмиз, – гапни илиб кетди Хосият. – Нуқул ундан кўчирардим. Яхши ўқирди-да! Энг аълочи бўлган. Шунинг учун ёнидан жилмасдим. Кўчираверардим-кўчираверардим, аммо барибир аблаҳ ўқитувчилар билишарди. Мен қўл кўтарсам, жеркиб беришарди. Айниқса, химиядан Аблаев бор эди. “Формулани сен ўзинг ечсанг, доскага чиқараман”, дерди.
– Яхши эди раҳматли, – деди қўлида чой билан қайтиб кирган Зоҳида.
– Э, яхши эмиш! Яхши бўлса, дарсга маст бўлиб келармиди!
Саид ҳайрон бўлиб хотинига қаради.
– Бир марта ичган, – Зоҳидадан олдин жавоб берди Хосият. – Бешта қизидан кейин ўғли туғилганди-да! Роса болажон эди. Қувониб кетиб, эрталабгача ювган… Директор ҳайдаб юборди. Хосият, дастурхонга қара, ол, еб ўтир.
Хосият эшик томонга аланглаб сўради:
– Айтгандай, болаларинг қани?
Зоҳида ҳам, Саид ҳам нима деярларини билмай қолишди. Иккаласи учун энг ёмон савол шу! Боя сўрашаётганида ҳам Хосият, “болалар яхшими?” деганида сездиришмаганди. Энди яна сўраб ўтирибди.
Хосият мулзам тортиб, аввал Зоҳидага, сўнг Саидга қаради.
– Энди, – деди Зоҳида паст овозда.
– Ҳа, ҳали ёшмиз, ўн гулимиздан бириям очилмаган, – деди Хосият уларни хижолатдан қутқариш учун. – Вой, ёшсизлар, демоқчи эдим. Менинг эса ўн гулимнинг ҳаммаси очилиб бўлган. Гапим тўғрими, Саид ака? – шундай деб Хосият кулиб юборди.
– Йўғ-ей, унча… эмас, – деди Саид нима деярини билмай.
Хосият ҳам, Зоҳида ҳам кулиб юборишди.
Яна бироз ўтиргач, Саид секин ўрнидан туриб, ётоққа кириб кетди. Дугоналар эса анчагача суҳбатлашиб ўтиришди…
Эртаси куни Саид Хосият ҳақида эшитиб, бақрайиб қолди. Жаҳли ҳам чиқди.
– Сен ҳали… ҳали оқпадар қизлар билан дугона бўлиб юрибсанми? – деб сўради.
– Дугонам эмас, ўзи айтди-ку, битта партада ўтирганмиз, – ўзини оқлаган бўлди Зоҳида. – Анча вақт йўқолиб кетганди, энди пайдо бўлибди. Буларнинг оиласи ўшандаёқ кўчиб кетишганди.
– Нега… нега отаси оқ қилган? – қизиқди Саид.
– Бир йигит билан қочиб кетган. Анча вақт ўшаникида яшаган. Эҳе, неча йиллар бўлди бунга.
– Энди шаҳарга келибдими? Сени қандай топибди?
Зоҳида нима деярини билмади, чайналиб қолди. Саид эса, бир гап бордек, қошларини чимириб, ундан жавоб кутди. Диққат бўла бошлади.
– Сен мендан сир яширадиган бўлдингми, тушунмадим?
– Йўқ, нега яшираман? Кеча туғруқхонага борганди, мени кўриб қолди. Шу ерда ишлашимни эшитиб, қувониб кетди. Аввалига нима учун борганини айтмади…
– Кейин-чи?
– Кейин… боламни олдирмоқчиман, деди. Кеча…
Саид бир зум карахт бўлиб қолди. Қаршисида турган инсон хотиними ё бошқа аёлми, англай олмади. Кўзлари пир-пир уча бошлади.
– Сен… сен ҳали шундай…
– Тўхтанг, мен унинг гапини айтдим, холос.
– Йўқ, сен ўзинг тирноққа зор бўла туриб, шундай ишлар билан шуғулланасанми ҳали? – Саид бу сўроқни шунчалик сокинлик билан бердики, Зоҳиданинг лаблари титраб кетди.
– Мен бундай иш қилмайман, – деди у киприкларини пирпиратиб. – Болангни аборт қилдиргунча менга бер, дедим.
– Алдама, – овозини баландлатди Саид.
– Алдаганим йўқ, – астойдил гапирди Зоҳида. – Фақат… сизга қандай айтишни билмай тургандим.
Саид асабийлашиб хонада у ёқдан-бу ёққа юра бошлади:
– Мен сенга ўзи тушунолмаяпман. Отаси оқ қилган қизни бизникига таклиф қилсанг, тағин унинг туғилажак боласини асраб олмоқчи бўлсанг… Бошимизга урамизми?! Ким билади, қаердан орттирган уни. Шунча йил туғруқхонада ишлаб, битта чақалоқ тополмай, кунинг шунга қолдими? Ахир, сенга неча марта айтдим, ҳатто битта аёлга пул ҳам бергандик. Туққанидан кейин кўнмади, дединг. Меҳрибонлик уйига ҳам бордик, хўп, майли, бу бошқа масала… Мана энди оқпадар дугонангнинг найрангига учиб ўтирибсан. Нималар бўляпти, Зоҳида?
– Агар сиз ўша пайтда бўлганингизда… – хўрсиниб қўйди Зоҳида. – Ўзимни тутиб туролмадим, ахир! “Боламни олдираман”, дейди-ю, менга ўхшаган болага зор аёл бу гапга чидаб туролармиди!
Хона бўйлаб юришдан тўхтаган Саид хотинига қараб қолди. У Зоҳидани тушунади, унинг дардини, ҳис-туйғуларини жуда яхши англайди. Неча йиллардан буён хотинига елкадош-ку! Аммо ҳозирги вазиятда… Аёл – аёл-да! Эртани ўйламайди. Эртага анови бетайин Хосият буларнинг бошига ташвиш келтирмайди, деб ким кафолат беради?!. Қолаверса, яна ўша гап: боланинг зуваласи қандай пишгани номаълум-ку! Номаҳрамдан қандай зурриёд дунёга келиши аён-ку!
Саид хотинига шу ҳақда айтди.
– Майли, ўша бола керак эмас ҳам дейлик, – деди Зоҳида босиқлик билан. – Кейин бир умр пушаймон бўлмаймизми? Ахир, Хосият аборт қилишини била туриб, индамай турсак, гуноҳга ботмаймизми?.. Болада нима айб?
Саид бу гапларни эшитиб, ичи музлаб кетди. Ўйга ботди…
Чироқни ўчириб ухлагани ётганларида ҳам у мижжа қоқмай ётарди. Алламаҳалда кўзи илинди.
Эрталаб нонушта пайтида у ботиниб-ботинолмай хотинига яна шу ҳақда гап очди:
– Кечаги гапларингни роса ўйлаб кўрдим, Зоҳида. Фақат битта масалани яхшилаб мулоҳаза қил: бу Хосиятинг шу ерда экан, кейин боласини пеш қилиб, бизга ҳаловат бермайди. Нима дейсан, тўғрими?
Зоҳида жавоб ўйлаб тополмай, елкасини қисди.
– Менга қара, ўзи эри бормикан?
– Мен ҳам сўрадим, – жавоб берди Зоҳида. – Нуқул гапни айлантирди. Эри ҳақида ҳеч нима демади. Иккита қизи бор экан. Қариндошлар қишлоққа олиб кетишган, деди… Ишқилиб ўзига айтиб қўйманг.
– Э, нима, мен у билан гурунглашармидим!.. Хўп, дастурхонга фотиҳа ўқийлик… Сен мен билан бирга кетасанми?
– Альфия холадан хабар олайми, девдим. Зерикиб қолгандир. Айтгандай, бугун навбатчиман, эсингизда-я?
– Ҳа-ҳа. Холанинг чой-нонига ҳам секин назар сол… Бўпти, мен кетдим.
Саид ишга бора-боргунча нима қилиш мумкинлигини ўйлаб кетди. Унинг кўнгли аллақандай ғаш, Хосиятнинг боласини олдирмоқчи бўлгани, Зоҳиданинг ўша болани асраб олиш ҳақидаги таклифи Саиднинг хаёлини берк кўчага киритиб қўйган эди. Тўғри, Зоҳиданинг гапида жон бор, бироқ кейин ўша бола Саид билан Зоҳиданинг фарзандига айланади, бир умр ёнларида бўлади. Тайини йўқ зурриёд!
Икки кун мобайнида Саид ана шу ўйлардан халос бўлолмади. Ҳамкасбларининг гапига ҳам тузук-қуруқ жавоб бермади. Аслида, жилла қурса, Маҳкамга кўнглини ёрмоқчи, маслаҳат олмоқчи эди. Ботинолмади. Зоҳидага ҳам ҳеч нима демади. Ҳаммасини вақт ҳукмига ташлади. Шу боис Хосият ҳақида ҳам хотинидан сўрамади, Зоҳида ҳам шу ўй-хаёлларда шекилли, лом-мим демасди.
Учинчи куни ишдан қайтганида Альфия хола, Хосият ва Зоҳида суҳбатлашиб ўтиришганининг устидан чиқди. Саиднинг кайфияти бузилса-да, сездирмасликка ҳаракат қилди. Альфия хола уни роса алқаб гапирди.
– Барака топгин, Саиджон. Умринг узоқ бўлсин. Хайрият, сизлар борсизлар. Неча марта касал бўлдим, неча ўлимдан қолдим. Билмадим, ҳолим нима кечарди… Ишларинг яхшими, болам? Савоб иш қиласизлар, қанчалаб касалларга даво берасизлар.
– Раҳмат, яхши, – деди Саид. – Ишимиз шу-да, Альфия хола.
– Даромад ҳам бўлаётгандир? – ҳиринглаб кулди Хосият.
Саид индамади. Бир пиёла чой ичгач, уларни холи қолдирди. Хиёл ўтмай, ортидан Зоҳида чиқди.
– Альфия хола нима дейди? – дея сўради шунчаки йўлига Саид.
– Иккаласи роса тил топишиб олишди, Хосият ҳам роса қотиради-да, – деди Зоҳида.
– Менга қара, ҳалиги гапни… Ҳеч ким билан маслаҳатлашмаймизми? Ҳар ҳолда, қари билганни пари билмайди, дейдилар.
– Менга қолса, қишлоқдагилар билмагани маъқул, яна ўзингиз ҳал қилинг. Ваҳима қилиб юборишади-да!
– Бунинг нима деяпти?
– Ким?
– Дугонанг-да!
– Бугун келди, боя. Гап очмаяпти. Менгаям сўраш ноқулай. Тилим бормаяпти.
– Яхши… Бўпти, борақол, ноқулай бўлмасин…
Кўп ўтмай, Хосият Саид ва Зоҳидани ҳайрон қолдирди: у кўч-кўронини кўтариб келиб, Альфия холаникига жойлашибди.
“Бечорагина экан, раҳмим келди, – дебди Альфия хола Зоҳидага. – Роса йиғлаб-сиқтади. Ҳеч кими йўқ етимман, деди. Ўзи ижарага қўядиган одатим йўқ, аммо, тўғриси, бу қизга ачиндим. Сизларни кўп гапирди, шундай экан, ишонмай бўларканми? Ҳарна, иссиқ-совуғимга қараб туради, қачонгача сизларни безовта қиламан. Болаларим тирик бўлса экан, тараллабедод яшасам”.
Саиднинг ичидан зил кетди. У вақти келиб кампирнинг уйи ўзларига қолиши мумкинлиги ҳақида ҳам ўйлаган эди. Афтидан, Хосият ҳам шу ҳақда фараз қилиб кўрган. Аммо нима учун Альфия хола яхшилаб синаб кўрмай туриб, уни уйига қўйди экан? Пишиққина эди-ку кампир! Начора, зўрдан зўр, пишиқдан пишиқ чиқар экан.
– Бу дугонанг ҳали кўп ташвиш келтирмаса эди, – деб қўйди Саид хомуш тортиб.
Хосиятнинг аслида қаерда ишлашини ҳам билиб бўлмайди. Баъзида кундузи ҳам “Зоҳида, шу ердамисан?” деб кириб келаверади. Альфия холанинг инжиқликлари ҳақида гапириб, нолигани-нолиган. Зоҳида бола ҳақида гап очган экан, “ахир, келишдик-ку, шу бола сизларники”, деб ўзининг қорнига шапатилаб қўйганмиш.
– Ие, Саид ака, сиз ҳам ичасизми? – деб кулди Хосият бошқа куни қаҳ-қаҳ уриб.
Саид бироз ширакайф бўлиб келган эди. Бош ирғаб қўйди. Назарида Хосият унга кўз қисиб қўйгандек, таманно қилгандек туюлиб кетди. Туюлдими ёки у ростдан ҳам шундай қилдими, онг-шуурига сиғдиролмади.
– Вой, бу кампир роса чатоқ-да, – деб ўгирилди Хосият Зоҳидага. – Шунча алдаб сўрасам ҳам уйнинг ҳужжатларини кўрсатмаяпти. Мен шохида юрсам, у баргида юраркан. Эрта-индин ўладиган одам савоб иш қилиб кетса бўлмасмикан-а, тавба?!
Саид кўз остидан хотинига қаради, Зоҳида эса Хосиятга билдирмай эрининг қўлини қисиб қўйди. Ўзингизни босинг, дегани эди бу.
– Ичи тўла гап, – сўзида давом этди Хосият. – Болалигини эшитавериб-ку, қулоқ-чаккаларим оғриб кетди. Кейин тўйини тўрт соат гапиради. Урушда ўлган эри-ку, алоҳида мавзу. Гўё бу дунёда улардан бошқа севишганлар бўлмаган.
– Альфия хола – яхши кампир, – деб қўйди Саид.
Хосият унга норози боқди-да, ўрнидан турди:
– Хўп, энди мен бора қолай. Яхшилаб овқатлантирмасам, кўнгли оғрийди. Ахир, яхши кампирларга яхшилаб қараш керак, акс ҳолда уйидан ҳайдаб юборса, қаерга бораман?..
Кейинроқ Саид хотинидан Хосиятнинг Альфия холага васийликми, алламбало бўлиш учун ҳужжатлар тўғирлаб юрганини эшитди. Индамай қўл силтаб қўйди.
– Яна битта хабар бор, – деди Зоҳида кулгичлари ўйнаб. – Айтайми?
– Айт-да, – Саид ҳам кулимсиради.
– Бир аёл чақалоғини ташлаб кетмоқчи. Ўзим кўрдим: қизалоқ экан. Бирам ширин, бирам ширин.
Саид шошиб қолди. “Йўғ-ей”, – деди фақат. Ўша чақалоқни ўзи ҳам кўргиси келди. Худди ўзининг боласидек юраги ҳаприқди. “Энди Хосиятнинг боласини олмаймиз, хайрият”, – деди ичида. Бу гапни тилига чиқара олмади. Шунга қарамай, ҳушёр Зоҳида Саиднинг кўнглидагини ўқиган эди.
– Агар ўша қизалоқни олсак, Хосиятга нима дейман? Бошим қотиб қолди.
– Э, Хосият билан нима ишинг бор? Ғирт товламачи-ку у! Кўз очиб-юмгунча нақ бурнингнинг тагига келиб олди-я, айёр! Боласиям ўзига ўхшаган бўлади-да!
– Нима бўлгандаям Хосиятга айтиб қўйганман-ку!
– Менга қара, ҳар ҳолда туғруқхонангдаги ўша чақалоқ тайинли онадан туғилган бўлса керак?
– Тўғри, аммо…
– Юр, кетдик, – деди кутилмаганда Саид.
Зоҳида савол аломати билан унга ҳайрон бўлиб тикилди.
– Айланиб келамиз, Зоҳида.
Кеч тушган бўлса-да, эр-хотин роса сайр қилишди. Театр, кинодан кўра, ҳар иккисига ҳам кўча айланиш маъқул эди. Совуқдан жунжиккан Зоҳида талабалик давридаги каби Саидни маҳкам қўлтиқлаб олган эди.
– Менга қаранг, ё бошқа ижара уй топамизми? – деди Зоҳида.
Саид хотинидан бу таклифни кутмаган эди. Наҳотки азбаройи Хосиятни деб шу қарорга келган бўлса? Зоҳидага шу ҳақда айтди.
– У топаман, деса, сени ишхонангдан ҳам топиб олаверади, – деди қўшимча қилиб. – Сениям безорингни чиқариб юборганга ўхшайди. Энди ундан қутулиш қийин, Зоҳида.
Зоҳида бирданига юришдан тўхтади:
– Аммо у боласини олдирадиган бўлса, гуноҳи менинг бўйнимда бўлади.
– Қўйсанг-чи, нега бунча куйинаверасан? – дакки берди Саид. – Сен, яхшиси, ўша қизчани ўйла. Балки эртага ишхонангга борарман, менга кўрсатарсан уни.
– Ҳали эмас, – деди Зоҳида. – Навбатчилигимда борарсиз, кечқурун ҳеч ким бўлмайди. Айримлар гап-сўз қилиб юрмасин. Аёлларни биласиз-ку!
Хосият ҳақида ҳам гаплашишди. “Бир сўкиб берсам, остонамиздан бошқа ҳатлаб ўтмас”, деди Саид. Зоҳида бош чайқади. Хосиятнинг анойи эмаслигини айтди. Саид жиддий ўйланиб қолди: ростдан ҳам мана шу Хосиятни деб кўчиб кетишадими? Ижарама-ижара юриш жонига теккан, ахир!
Зоҳиданинг навбатчилиги куни Саид кечқурун бориб, қизалоқни кўрди. Ҳатто қўлларига олиб эркалади. Чақалоқдан қандайдир муаттар ҳид келаётгандек, боши айланиб кетди. У Зоҳидага қараб, баттар тўлқинланарди. “Болам, болажоним”, дерди Зоҳида қувончдан кўз ёшларини тия олмай. Аммо ҳалиям қизалоқнинг ойиси узил-кесил қарорга келмаётганмиш. Агар ҳозирдан шундай қилаётган бўлса, эртага бир-икки ой, борингки, беш-олти йил ўтиб, боласини сўраб келса, нима бўлади?
– Тилхат олсак бўлди-да, тўғрими? – шундай деб Зоҳида нажот кўзи билан эрига қаради.
– Билмасам, – деди Саиднинг руҳи тушиб.
У алламаҳалда ортига қайтди. Йўл бўйлаб негадир йиғлагиси келди. Шунча йиллардан буён боласи йўқлиги учунми, боз устига бола асраб олишда ҳам тўсиқлар учраётганиданми, ўзини омадсиз, чорасиз сезди. Фарзандлари йўқлиги учун ҳам бу эр-хотин кўпчиликка қўшилолмайди, бошқаларнинг олдида айбсиз айбдор – тиллари қисиқ. Юракларини ҳовучлаб туради: “Ишқилиб болаларни сўраб, мулзам қилишмасин”. Қачонгача? Қачонгача, ахир! Табибларга, шифо масканларига, таниқли врачларга ҳам боришди. Айб кимда – бирови эрда, дейди, иккинчиси хотинда, дейди.
Ажралиш ҳақида гап бўлиши мумкин эмас. Саид билан Зоҳида бир-бирларига шунчалик ўрганиб қолишганки, уларнинг руҳияти ҳам, вужуди ҳам жипслашиб кетган, гўё. Агар Саид Зоҳидани ташлаб кетса, Зоҳида бир ҳафтагина яшаши мумкиндек туюлади. Туюлади эмас, шундай бўлади ҳам. Саид бунга ишонади. Ўзи-чи? Ўзи ҳам шу! Аммо бу билан кимнинг ҳам иши бўларди!.. Одамларни сендан кўра, сенинг боланг, аниқроғи, сенинг болалик бўлганинг қизиқтиради. Боланг бўлса, сени тинч қўядилар, акс ҳолда гап-сўз учун сабаб, важ излайверадилар. Ўзларича ачинадилар, афсус чекадилар, ҳатто шундай қисматга дучор қилмаслиги учун ёқаларини ушлайдилар, шукр қиладилар.
“Майли, бизнинг ҳам фарзандларимиз бўлар ”, – деди алам билан Саид ўзига ўзи.
Шу топда унинг ижара уйга қайтгиси келмасди. Зоҳиданинг олдида яна озроқ қолса бўларкан. Уни ҳам оғир хаёлларга ташлаб келди. Далда бериш керак эди аслида. Эр-хотин шунинг учун эр-хотин-да! Бири тушкунликка тушса, иккинчиси юпатмоғи керак, ёки аксинча. Бироқ ўзинг бир оғиз юпанчга муҳтож бўлиб турганингда бошқага қандай таскин бера оласан?
Меҳрибонлик уйидан бола олмоқчи бўлганларида… Ўшанда муассаса раҳбарини учратганларида ҳаммаси яхши тугар эди – тадбирга кетган экан. Зоҳидани ҳамма болалар қуршаб олишган, у ўзини йўқотиб, барини бирма-бир қучоқлар, кўз ёшларини тия олмасди. “Ҳаммангизни олиб кетаман, ҳаммангизни”, дерди титраб. Кейин эса бирдан мазаси қочди. Зоҳидага руҳий сиқилиш мумкин эмас эди. Саид уни уйга олиб кетди. Зоҳида бир ҳафтача кўрпа-тўшак қилиб ётди. Кечаси-ю кундузи алаҳсираб чиқди. Ижара уйнинг эгаси ҳам қўрқиб кетганди ўшанда. “Олиб борманг унақа жойларга, кўрмаяпсизми, хотинингиз кўтаролмайди”, – деган эди Саидни уришиб.
Бир ҳафтадан кейин ҳам Зоҳиданинг боши оғриб юрди. Сал-пал ўзига келгач, “Борайлик”, – деди эрига. Саид у-буни баҳона қилиб, бошқа кунга қолдираверди. Бир куни эса чидай олмай, ўшқириб берди, “бормаймиз, бошқа жойдан топамиз”, – деди. Зоҳида етимхонани гапирмайдиган бўлди.
Ҳа, Зоҳидани авайлаши шарт. Саид шу ҳақда ўйларкан, уйга киргач, унга қўнғироқ қилиш ҳақида ўйлади. Ишқилиб ухлаб қолмаган бўлсин. “Навбатчи ҳамшира Зоҳида Салимова унча-мунчага ухламайди”, – деди овоз чиқариб.
Уйга киргач, Саид эринибгина уст-бошини алмаштирди. Кейин хотинининг рақамини терди. Зоҳида дарҳол қўнғироққа жавоб берди. “Ухламадингизми ҳалиям?” – деб сўради. “Сени яхши кўраман”, – деди Саид. Зоҳида кулди. Хайрли тун тилади.
Саид ўринга чўзилар-чўзилмас, эшик тақиллади. “Хосият, – деб ўйлади у дарҳол. – Унга нима керак?”
Индамай ётаверди. Эшик яна тақиллади. “Зоҳида, оч, Альфия холанинг мазаси қочиб қолди”, – деган овози эшитилди Хосиятнинг.
Саид сакраб ўрнидан туриб, эшикни очди. Ташқарида юпунгина ўранган Хосият турарди.
– Нима бўлди? – деди Саид оёғига пойафзал иларкан.
– Ҳозиргина ухлаб қолди, дори бердим. Хириллаб юборди, Саид ака. Бирорта тинчлантирувчи дорингиз йўқми? – Хосият таклифни кутмай, ўзини ичкарига урди. Саиднинг димоғига гуп этиб ароқ ҳиди урилди.
– Кўрай-чи, бўлиши керак, – деди Саид, кейин даҳлиздан ичкарига кириб, дорилар қутисини кавлади. – Фақат бошоғриқ дори бор экан.
Хосият унинг ортидан кирди:
– Бераверинг, бўлади. Бу бош нималарни кўрмаган. Ичим ёняпти, Саид ака. Боя кампир билан бирга овқатлангандик. Билмадим, бирор масаллиқ айниган эканми, кўнглим беҳузур бўляпти. Майлими, шу ерда беш дақиқа ўтириб, ўзимга келиб олсам?
Саид нима деярини билмади.
– Беринг дорини. Совуқ чой ҳам бор экан, – Хосият дорини оғзига ташлаб, банкадаги чойни кўтарди. Ўзига келгандек бўлди. – Зоҳида қани, ухлаяптими?
Саид ётоқ томонга қаради-да, “ҳа” дегандек бош ирғади.
– Тавба, мен нима ташвишдаман-у, у эса ухлаш билан овора, – Хосият оромкурсида ўтирганича бошини орқасига ташлади. Кўзларини юмган кўйи анчагача жим ўтирди, кейин эса кулди: – Нега алдайсиз, Саид ака, хотинингиз бугун навбатчи-ку! Шунчалик қўрқасизми Зоҳидадан?
Саид қовоғини уйиб индамади.
– Мен ухлашим керак, эртага ишга бораман, – деди кейин.
– Ҳайдаб чиқаряпман, денг? Яхши. Зоҳида менга қанчалик ялинганини биласизми? Мен боламни олдирмоқчи эдим. Менга бер, деб илтимос қилди. Сиз эса бир илтифот кўрсатишни билмайсиз. Мендан хафа бўлманг, мен очиғини гапиришни яхши кўраман. Тўғри, салгина мастман, нима қилай, шунақаман-да! Анови кампир билан оз-оздан ичдик. Тўғри, мен сал кўпроқ ичдим. Кейин ухлаб қолибман. Турсам, аллақачон овқатини еб бўлибди очофат. Қисқаси, мен бир иш қилгандим-да, лекин бу ҳақда сизга айтмайман… Мана энди кампир ухлаб ётибди. Мен эса зерикиб кетдим… Зўрсиз-а, Саид ака, Зоҳида шу ерда эмиш! Кошки сизга алдаш ярашса! Сиз бир мулойим, қўй оғзидан чўп олмаган одамсиз. Ҳатто алдашни ҳам билмайсиз. Биттаси бор эди менда, худди сиздай. Биринчи оиласига қайтди… Вой, ичим ёниб кетяпти. Нима бўлди менга?..
– Мастсиз, бора қолинг.
– Саид ака, нима десангиз, денг, мен мана шу креслода ётаман, туришга мадорим йўқ.
– Хосият, – асаби қайнаб деди Саид, унинг кўзлари ачишар, уйқуси келаётганди. – Яхши эмас.
– Кетайми? – Хосият зўрға ўрнидан турди ва гандираклаб шартта Саидни қучоқлаб олди. – Агар ҳозир бақирсам, бутун қўни-қўшни йиғилади.
Саиднинг унга бир мушт туширгиси келди. Ўзини зўрға босди. Хосиятнинг қўлларини бўйнидан олмоқчи эди, у баттар қучоқлади.
– Менга нима бердингиз, Саид ака? – деди Хосият унинг нақ қулоқлари тагига шивирлаб. – Заҳар эмасми?.. Майли, сиз менга заҳар берсангиз ҳам розиман.
– Бас қилинг, – дўқ урди Саид. – Бу уйни наҳсга ботирманг.
– Саид ака, жоним, – Хосият шунчалик эҳтирос билан гапирдики, Саиднинг ҳислари жўш уриб кетди. У ҳеч нима гапиролмади. Худдики тили танглайига ёпишиб қолгандек эди. Хосиятни итариб ташлашга на куч, на-да… хоҳиш қолган эди унда. Кўзларини юмиб олди. Токи манови тавиядан қутилмагунча кўзларини очмасликка қарор қилди. “Нима бўлса бўлар”, – деди. Ана шунда… ана шунда оний лаҳзаларда кўз ўнгида аввал Зоҳида, сўнг икки соатча бурун қўлига олган чақалоқ намоён бўлди. Бу пайтда Хосият унинг сочларини силаб, ўпа бошлаган эди. Саид кўзларини очиб, уни ғайритабиий куч билан итариб юборди. Хосият орқаси билан тисарилиб бориб, оромкурсига ўтириб қолди. У Саидга шу қадар қаҳр билан қарадики, кўзларида совуқ ўт ялтираб кетди. Саид бу нигоҳга дош беролмай, кўзларини олиб қочди. У қўрқиб ҳам кетган эди. “Оқпадарларнинг кўзи шунақа бўларкан-да”, – деди ичида.
– Яхши, сиз кетмасангиз, мен кетаман, – деди Саид овози титраб.
– Қаёққа? – заҳарханда қилди Хосият. – Зоҳиданинг олдигами? Қўрқоқ! Малъун!
Саид бошқа хонага ўтиб, тезда курткасини кийди ва даҳлизга чиқди.
– Тўхтанг, Саид ака, менга ёрдам беринг, ичим ёняпти, – деди Хосият.
– Менга деса, ўлмайсанми! – Саид шундай деб эшикни тарақлатиб ёпганча чиқиб кетди.
У катта кўчагача хотинининг ҳузурига боришни ўйлаб чиққан эди, кейин чўнтакларини пайпаслаб, ёнида пули йўқлиги ёдига тушди. Бошқа шимида қолиб кетибди. Телефониниям олмабди. Шунга қарамай, у йўловчи машина ўтишини кута бошлади. Аксига олиб, бирорта улов кўринмасди. “Хосият уйдаги бор пулни ўмариб кетса-я”, – деб ўйлади бирдан. Нима қилиш керак? Милицияга айтгани маъқулмикан? Қаерда ўзи мелисахона?..
Йўлда машина кўринавермагач, Саид узоқ ўйлаб, изига қайтди. У совуқдан жунжикиб ҳам кетган эди. Ҳозир ичкарига киради-ю, Хосиятнинг ёқасидан олиб, эшикдан чиқариб юборади. Бақирса, бақираверсин. Бир амаллаб уни чиқариш керак, вассалом!
Саид важоҳат билан уйга кирди. Даҳлиздан ичкарига ҳатлади-ю хонадаги оромкурсида Хосиятни бир аҳволда кўриб, капалаги учиб кетди. Хосиятнинг жағи қийшайган, қўллари шалвираб тушган, кўзлари ярим очиқ ҳолда эди. “Наҳотки, ўлган бўлса?!” – деб ўйлади Саид ранги оқариб. Кейин ботиниб-ботинмай, Хосиятни секин туртди. Хосиятнинг боши чап томонга оғиб тушди.
Саид жойида ўтириб қолди. У айни дамда нима қилиш кераклигини сира-сира идрок қила олмасди. Хосиятга қарашга-ку, юраги бетламади. Ўйлаб-ўйлаб, Зоҳидага қўнғироқ қилмоқчи бўлди. Уни кўз олдига келтирди. Кейин шаштидан қайтди. Зоҳида Саиддан беш баттар қўрқиб кетади. Зоҳида Хосиятдан кўра унинг қорнидаги боласини ўйлаб, ич-этини ейди.
“Хосиятни йўқотиш керак”, – деган қарорга келди Саид. Шундан сўнг бор журъатини йиғди-да, унинг жасадини судраб, эшиккача олиб борди. Даҳлизда қолдириб, аввал ташқарини қараб келди. Кейин судраб чиқарди ва Альфия холанинг эшиги олдида суяб, тезда ортига қайтди. Остонадан кира солиб, эшикни ёпиб қулфлади. Қалт-қалт титраганча ташқарига қулоқ тутиб турди. Подъездда ўлик сукунат ҳукмрон эди. Шундан сўнг ётоққа кириб, диванга чўзилди. Устига кўрпа тортди. Гарчанд уй иссиқ бўлса-да, Саид ҳануз қалтирарди. “Мени қамашади, – деб ўйларди у. – Зоҳидага нима бўлади? Зоҳида ким билан яшайди?..”
Саид тонггача гоҳ эшик олдида ташқарига қулоқ тутди, гоҳ ётоққа қайтиб, ўзини ухлаганга солиб ётди. Эрта азонда, ниҳоят эшик тақиллагач, юраги қаттиқ ура кетди. Эшикни очишдан аввал ваннахонага кириб, юз-қўлини ювар экан, ойнага қараб, кўзлари қип-қизариб кетганини кўрди. Сўнг ҳаяжонини зўрға босиб, эшикни очди. Ташқарида милиция ходимлари, тиббий назоратчилар куймаланишарди. Хосиятнинг жасади ҳануз эшикка тиралганча ётарди. Саид ҳеч гапдан хабари йўқлигини айтар экан, ҳаяжони кучайди. Бахтига терговчилардан бири таниш чиқиб қолди.
– Ҳа, дўхтир, худди ўлик кўрмагандек қўрқиб кетдингиз? – деди у.
– Ахир… шундоқ эшигинг қаршисида ётгандан кейин… – деб минғирлади Саид.
– Кампирга нима бўлган, ҳайронман, у – беҳуш. Оғзидан кўпик келган, – ҳайрон қолдирди терговчи. – Кечаси бақир-чақир бўлмадими, эшитмадингизми мабодо?
– Эшигимизни роса тақиллатишди, очмадим, – деди Саид кўзларини олиб қочиб. – Кеча кеч келиб, ухлаб ётгандим. Бирорта маст-аласт деб ўйладим.
Терговчи Хосиятнинг жасадига қараб, бош қашлаганча деди:
– Буни танирдим, ахлоқ милициясида кўрганман… Мабодо кампир қўшмачилик қилмасмиди?
Саид бош чайқади…
Альфия холани ҳам, Хосиятнинг жасадини ҳам олиб кетишди. Саид хотини ишдан қайтгунча уйдан чиқиб кетишга ошиқди. Эшикни қулфлаб-қулфламай ишга югурди…
Маҳкам уни кўриб, ҳайрон бўлди. Нима гаплигини сўради. Саид эса уни тинч қўйишини илтимос қилди. Кейин хонасида беморларни қабул қилар экан, телефонидан кўз узмади. Негадир Зоҳида қўнғироқ қилмади. Сабри чидамаган Саиднинг ўзи унга сим қоқди. Зоҳида ухлаётган экан, шекилли, телефон гўшагини анча кейин кўтарди. Саид унинг ҳеч нимадан хабари йўқлигини билиб, кўнгли сал таскин топди.
Тушдан кейин эса у жавоб олиб, уйга кетди. Барибир қўли ишга бормаяпти, нима қилади ўтириб? Кўз ўнгидан Хосиятнинг ярим очиқ кўзлари кетмасди. Ҳаммаси ҳақида Зоҳидага айтиб бермоқчи бўлар, кейин яна бу фикридан қайтарди. Барибир Зоҳида Саиднинг айби йўқлигини тушунармикан? Эҳтимол, уни хиёнат қилганликда айблар?!.
Зоҳида эшикни очар экан, Саид унинг жиққа ёш кўзларини кўриб шалвираб қолди.
– Тинчликми? – деди зўрға ичкарига кираркан.
– Нималар бўлганини биласизми?.. – ўпкаси тўлиб турган Зоҳида ҳўнграб юборди. – Хосият… Хосият Альфия холанинг овқатига… маргимуш солган экан. Билмасдан ўзиям еган, шекилли, ўлиб қолибди. Альфия холани эса зўрға сақлаб қолишибди.
Азбаройи асаббузарлик, уйқусизлик туфайли руҳи ва вужуди толиққан Саид бу хабардан хафа бўлишни ҳам, қувонишни ҳам билмай даҳлизда ўтириб қолди…
Хиёл ўтмай, эшик тақиллади…
“Ёшлик” журнали, 2014 йил, 1-сон