Эски шаҳарнинг эски бир ҳовлисида тураман.
Дўппидек ҳовлича, ёзув-чизувим билан унга сиғмай, тепага – болохонага чиқиб олганман; деразадан фақат томлар, томлар орасидан бошини чиқарган дарахтлару онда-сонда учиб ўтган қушлар кўринади; офтоб нури тўғри мен ёзадиган қоғозларга тушади, кўзимни қамаштиради; шовқин йўқ, ҳаммаёқ осойишта – сенга нима етишмайди, истаганингча тўйиб-тўйиб ёзмайсанми, дейман ўзимга.
Лекин ҳеч кўнглим тўлмайди, нимагадир бўм-бўш; болохонага чиқиб олган бўлсам-да, пастда рўзғоримдан баландда эмасман, турмуш ташвишлари худди қўрдан учган қурумдек келиб қоғозларим тушаверади -ёзганларимда майда-чуйда кўп, баландлик йўқ.
Осмон тоза, офтоб ҳамишагидек чарақлаган бир кун эди, деразадан қараб шуларни ўйлаб ўтирга эдим, бирдан томлар кўзимга бошқача кўриниб кетди: ҳаммаси туташ, бир-бирига кифтини тираб, пастда яшаётган оилаларнинг аҳил ё аразлашганига қарамай, келишувчилик билан ястаниб, қуёшнинг нурида биргалашиб исинаётгандек туюлди: мисоли эрта кўкламда офтоб-шувоққа ёнбошлаб, ундан-бундан иноққина гурунг қурган, олтовлон ола бўлмаган оға-инилардек… Бир-бирининг шу дунёда борлигидан, қаторлари камаймаганидан қувониб, шу қувончларини ҳангомалашиб ўтирган, ҳали ҳам забардаст, ҳали ҳам чорпаҳил чоллардек… Хуллас, бир-бирини кўрс юзи яшнаб кетадиган одамлардек…
Дарахтлар ҳам томлар орасидан бўйнини чўзиб, шамолда аланглаганча, бир-биридан ҳол-аҳвол сўраётгандек кўринди.
Яна биридан бирига нур ўтаётган қувватсимларнинг томлар бошини қовуштириши; кечаси ҳовлиларнинг бирида чироқ ўчса, ҳаммаси зимистон ичида коладн; ёруғ оқиб келса, баравар бўлашиб олади…
Ҳозир ҳаммасининг тепасида чарақлаётган битта куёш, баланд-баландларда кўкиш товланаётган ягона осмон!
Томлар бир-бирига соя ташламайди, осмонни, қуёшни бир-биридан қизғанмайди; бўғотларда жой талашиб чирқиллашаётган чумчуқларнинг кунчковлигига бепарво. Гўё томлар аҳил, атроф тинч бўлиб, ташвишланадиган каттароқ гап топилмаганидан зериккан чумчуқларга майда-чуйдадан бошқа ташвиш қолмагандек…
Юксаклардан ўтиб қолган катта қушлар томларга соқчи, осмоннинг кўкрагига расм чизаётган қалдирғочлар – хабаркаш…
Бу кўринишда…
Эҳ! Аитиб беролмайман.
Шу ўтирган жойимда, болохонам, ҳовлим, қоғозларим билан бирга, ўзим ҳам шу кўринишнинг бир бўлаги эканман; кўриб турибман, кўрганларимни уқяпман: ҳали бу ҳаммаси эмас, кўз олдимдаги кўриниш тасаввуримга сиғмаётган жуда катта, чексиз-чегарасиз манзаранинг бир бўлаги, бир парчаси, холос, деб ўйлаяпман.
Бу – тириклик, мен ҳам унинг ичида тирикман: шулар бўлмаса, мен бўлармидим!
Ғалати бўлиб кетдим.
Мен бу манзаранинг ўртасида ўтирибман, агар ҳозир болохонам томига чиқиб, чор-атрофга назар солсам, ҳаммаёқда шу манзаранинг парчаларини кўрар, худди ҳадсиз-ҳудудсиз, яшноқ гиламнинг ўртасида, унинг рангларидан кўзи қамашиб, унинг чексизлигидан ақли шошиб қолган чумолидек, анқайиб тураверар эдим.
Кўнглим орзиқиб, қани эди-я, шуларни ёзсам, деб ўйладим. Ичимдаги шу туйғуларни қоғозга туширсам: ёзганларимни ўқиганлар уларда шу томларни, дарахтларни, осмонни, офтобни ва шу устивор кенг-ликка қараб қувониб ўтирган ўзимни ҳам кўришса, ўқиётиб менга ўхшаб қувонишса…
Э, шоир эмасман-да! Агар шоир бўлганимдами!
Лекин шоирларга ўхшаб ҳаяжонланиб кетдим. Ҳаяжонимни ёзмоқчи бўлдим, майли-да, шеър бўлмаса ҳам, кўнглимга яраша:
агар тўрт деворни битта томга жуфтлаб, оламга кириб-чиқиладиган эшик очилса уй бўлади;
уйнинг деразаларидан осмон оқиб киради, агар уйлар бирлашиб, бетма-бет турса кўча, кўчалар бир-бирига уланса, – қишлоқ бўлади; қишлоқнинг йўллари бошқа қишлоқларга оқиб чиқади;
агар қишлоқлар қўшилиб, томлар бир-бирига кифтини тутса, чорраҳаларда бошини бошига тираб кўчалар гурунглашиб ётса — шаҳар бўлади; шаҳарнинг уйлари офтобга қараб ўсаверади, йўлларидан яна-яна қиш лоқлар оқиб келаверади;
агар шаҳарлар, қишлоқлар, далалар, қирлар, яйловлар, саҳролар, чўллар, тоғлар, дарёлар уйлари, дарахтлари, ўт-ўлани, сувлари, тупроғи, тоши, шамоллари, жонзотлари ва одамлари билан битта қуёш, ягона осмон остида бирлашиб кетса – Ватан бўлади — ка-атта!
Бу тирик ҳақиқатни ўзимча шундай англадим: Ватан кўз олдимга келди, рўйирост кўринди, уни бағрида ўзимни ҳам кўрдим: кичкинагина ҳовлимнинг устида қўндирилган каптархонадек болохонада ўтириб-учиб, Ватанимнинг поёнсиз суратини ойна-кўнглимга сиғдиришга уриниб турган ҳолимда унга қўшилиб-бирлашиб кетган эканман.
Мен Ватаним берган бошпанада яшаб, у берган неъматлардан жон, ҳавосидан нафас олиб ўтирган эканман.
Зувалам ҳам унинг тупроғидан, қариб-чурисам ҳам шу тупроққа қайтаман!
Ҳатто шу гапларни ёзаётган қоғозларим ҳам Ватанники — унинг ўрмонларида ўсган оғочларда олинган экан. Мен эсам шу пайтгача бу қоғозларга ким қайдаги майда-чуйдаларни тўкиб…
Энди шукронамни шеърга солмоқчи бўлдим.
“Ўҳ-ҳў, қанчалар бепоён экансам, Ватан!”—деб ёздим, қуруқ гап бўлиб қолди; Ватанга қуруқ гап айтиб бўлмас экан.
“Каъбамсан, Ватан!” — деб ёздим, лекин ўзим Ватанимнинг қоқ бағрида — пойтахтида ўтирибман, чор-атрофим — Ватан, унга букилиб сажда эмас, етиб-югуриб хизмат қилишим керак, деб ўйладим.
“Эрка ўғлингман, Ватан”, деб ёздим, аммо ёшим кирққа бориб ҳам, ҳалиям боладай эркалик қилиб юрсам, ярашмас-ов, деган андишага бордим.
“Ватан, сен — уйлар бир-бирини суяйдиган, йўллар бир-бирини улайдиган, қўшиқлар бир-бирини тинглайдиган, сувлар бир-бирини излайдиган, мақсадлар бир-бирини сизлайдиган бузрук маъвосан, лекин юрагимга сиғасан”, деб ёздим, тузукка ўхшади, аммо шеър бўлмади.
“Ватан — мен сенинг…” деб ёзаётиб шартта тўхтаб қолдим: боядан бери Ватанни таърифлайман деб, нуқул ўзимни тиқиштиряпман экан; худди Ватан ҳаммамизники эмас, битта меникидек.
Кейин “Ватан — онамиз”, деб ёздим, лекин қишлоқдаги онамнинг ҳолидан хабар ололмаганимга икки ой бўлгани эсимга тушиб қолди, онасига бепарво одам, қандай қилиб Ватан—она ҳақида оғиз тўлди-риб гапираман, деб ўйладим.
Бошқа ёзолмадим, ўйлайвердим, ўйлаганим сари Ватан катталашиб, ўзим кичрайиб боравердим…
Қарасам, қоғозга термилганча, қаламни қийнаб, фақат бир сўзни шивирлаб ётибман: “Ватан”, “Ватан”, “ Ватан…”
Шу сўзни товушимни чиқариб, баралла айтиб юбордим.
Аитдиму…
Бирдан дераза кенгайиб, осмон ёнимга келди, ўзим қуёшнинг ёнидан жой олдим…
Ўша ёқдан туриб Ватанга қарадим: томлар томларга, йўллар йўлларга улашган, қишлоқлар қўл ушлашган, тоғлар оқ қалпоқли бошини кўкка тираб, ҳа, шунақа баландмиз, деб туришибди, ўрмонлар нафасида тозаланган ҳаволарни шамоллар одамларга ташиб кетяпти, шамолларнинг шаффоф оқимларида қушлар чўмилиб юрибди, одамлар бир-бирларига қараб бош ирғашяпти, саломлашишяпти шекилли, яхши нарсаларни маъқуллашяпти шекилли, — буларнинг ҳаммаси кўнглимда бўляпти экан!
Алқисса, шундай: одам Ватанни англаши учун доим уйида ўтиравермай, сал баландроқ жойга, осмонга бўлмаса ҳам, ҳеч қурса, уйининг томига чиқиб чор-атрофга узоқ-узоқ тикилиши кифоя.
Аввал ўзига қараб…
Агар унинг кўнгли ойна бўлса…
Бу ойна тоза бўлса…
Шоирлик қилолмаганимга шу таскин бўлди.
Энди билмадим: ёзишимнинг буёғи қандай бўлар экан?
Бу туйғу ярим давлатми ё бутунми?