Аҳмад Аъзам. Ўзим билан ўзим (новелла)

1. ОДАМНИНГ ИСМИ

Нега фақат битта исмга қарамман: Аҳмад, деб чақирсалар, лаббай, деб чопиб бораман.
Мен шу Аҳмад деган исмга боғлиқман, сен ўзи кимсан, деб сўрасалар, Аҳмадман, дейман.
Қаерда неки иш қилсам, яхшиси ҳам, ёмони ҳам исмимга ўтади: Аҳмад ундоқ қилибди, Аҳмад бундоқ қилибди. Баъзи пайтлари эса одамлар менинг кимлигимни эмас, фақат Аҳмад деган исмнигина биладигандек, уларга ўзим эмас, фақат исмим керакдек, исмим менга тегишли ҳамма яхшию ёмон томонларни эгаллаб, ўзимга ҳеч нарса қолмаётгандек туюлади. Менинг эса дўстларим каби Солиҳ, Олим, Хуршид, Мурод бўлгим келади, кимсан, деб сўрашса, Солиҳман, Олимман, Хуршидман, Муродман – Дўстман деб айтишни истайман.
Наҳотки, умрим битта исмга боғланиб ўтиб кетади, деб эзиламан. Доим мен исмимга қарамман, аммо исмим биргина менга нисба эмас, у мендан бошқа одамларни ҳам ўзига қаратган. Бу исм мендан олдин ҳам бор эди, мендан кейин ҳам бўлаверади, одамлар менинг бор-йўқлигимга қарамай, болаларига Аҳмад деб исм қўяверадилар .
Бир куни дўппимни мундоқ бошдан олиб қўйиб, ўйлай бошладим: волидаи муҳтарама заминда яна қанча Аҳмад бор? Ўзбеклар билан бирга тожик, қозоқ, туркман, озарбайжон, қирғиз, қорақалпоқ, уйғур, татар, бошқирд, авар, дарғин, қалмиқ каби мамлакатимиздаги бошқа миллатларда ҳам Аҳмад деган қардошлар бисёр экан. Ахир, Ақмат, Ахмет, Амет, Амит, Амаджон деганларнинг бари битта — Аҳмад-да!
Хаёлан мамлакатлар сарҳадларидан ошиб, ўйлай бошласам, ер юзининг ҳамма мавзеларига Аҳмад деганлар сочилиб кетган экан.
Дунёда шунча кўп Аҳмад борлигидан кўнглим анча таскин топди.
Бирданига уларни кўргим келиб қолди. Йўқ, мамлакатма-мамлакат кезиб саёҳатга чиқмадим. Шу турган жойимдан Асқартоғнинг тепасига чиқиб, жумла-жаҳоннинг ҳамма мавзеларига товушимни етказиб: “Хрй Аҳмад!”— деб бир наъра қилган эдим, Аҳмад деганнинг бари, лаббай, деб чопиб келди.
Ўҳ-ҳў, шунча кўп аҳмадлар йиғилдики, Асқартоғнинг теграсига одам сиғмай кетди: қўлимни пешанамга қўйиб, ҳарчанд тикиламан, аҳмадларнинг адоғи кўринмайди! Оқ танли, сариқ танли, қора танли, қизил танли, бир хилларининг узоқ йўлда чопиб келганидан, афт-ангорини чанг босиб, қанақа танли эканини ҳам билиб бўлмайди.
Одам исмининг оҳанрабоси шунчалар зўр эканми, озодлик деб ҳибсга тушган нечов-нечов аҳмадлар чақириғимни эшитгач, кишанларни синдириб, турмаларни йиқиб, йўлдаги мамлакатларнинг чегараларини бузиб етиб келибдилар; ошини ошаб, ёшини яшаб, оёқдан мадори кетган кўп қарриқурри аҳмадлари узрларини етказишни навқирон аҳмадларга қайтақайта тайинлаб қолибдилар; мишиғини эплолмайдиган жужуқ, чурвақа аҳмадчалар ўз миллати тилида: “Манам бойаман” (масалан, форсчаси: “Манам ме-йавам”), деб йиғлаб эргашган экан, уларни катта аҳмадлар: “У ёқдан сенларга шунақа ҳуштак олиб келамизки, пуфласанглар, отларинг чалинади”, деб аврабдилар; Эрону Ироқда аҳмадлар бир-бири билан урушиб ётган экан, чақириғим етиб боргач, қуролларини ташлаб, бирга, униси йиқилса — буниси турғизиб, буниси йиқилса — униси турғизиб чопаверибдилар.
Мен Суринам деган мамлакатни Африкада деб юрсам, у Америкада бўлиб, ўша тупканинг тагида ҳам аҳмадлардан бор экан. Уругвай, Парагвай деган мамлакатлардан ҳам талай аҳмадлар келди. Аҳмадлар у ёқларда нима қилиб юрибди, деб ҳайрон бўлсам, уларнинг ота-боболари аввал Африкадан Андалузияга, у ердан Лотин Америкасига улоқиб бориб, ўша ерларда муқим туриб қолган экан. Кўп аҳмадлар тирикчилик ғамида Европада ҳам тентиб юрган эканлар, шулар ҳам сармоядорларнинг ишдан бўшатиб юборишларидан қўрқмай (у ёқларда мусофирларга бундан оғирроқ жазоларни ҳам тап тортмай қўллайверишади), ҳамма нарсани шу ҳолича ташлаб келаверибдилар.
Ҳа-я, Европа, Америка, Африкада Амадео, Амадей, Амаду деганлар ҳам йўлга отланишган экан, аҳмадлар фақат “Аҳмад” исмли одамларни чақирди, деб йўлдан қайтаришибди. “Бекор қилибсизлар, исми анча уйқаш экан, келишса бўларди”, деб афсусландим.
Лекин кунчиқар мамлакати — Япониядан бир Ямато деган одам, қулоғи сал чатоқроқ эшитар эканми, “Амат-о!”, деб чақиряпти” деб ўйлаб, келаверибди, бунга қувондим.
Бизнинг ~азирада ҳам Аҳмад деган подачи бир қўшнимиз бор эди, қарасам, шу ҳам юрибди. “Ҳў, Аҳ-мад ака, қишлоқнинг подасини беэга қолдирдингизми?”, деб ташвишлансам, у: “Шу пайтда пода кўзга кўринадими!”— дейди…
Хуллас, жумла-жаҳоннинг минг туман, миллион-миллион аҳмадлари бир жойга жам бўлди.
Кел-э, бу дунёда мендан ҳам бир хайрли иш қолсин, деб ўйладим-да, адашларимга қараб: “Бир-бирларинг билан танишиб олинглар”, дедим. Бу гапимни ўзимизнинг мамлакат аҳмадлари ҳамма хорижий аҳмадларга таржима қилиб бердилар — ялпи таълимнинг кучи шунда билинди.
Танишиш маросими, яширмаслик керак, бир оз кулгига ҳам сабаб бўлди, чунки қайси адашим кимга: “Менинг исмим — Аҳмад”, деса униси: “Мен ҳам Аҳмадман”, дейди, сўраган Аҳмад: “Ҳазиллашманг”, деб кулиб юборади.
Турфа миллат, турфа тилли, турфа шамойилли аҳмадлар дунёда шунча кўп Аҳмад борлигини бунгача ўйлаб хам кўришмаган экан, аввалига ишонмадилар, кейин эса роса қувондилар. “Шунча вақтдан бери бир-биримиздан бехабар юраверган экаимиз-да”, деб ўкинганлари ҳам бўлди.
Кейин Аҳмадлар бир-бирларидан ҳол-аҳвол сўрашга тушдилар; миллатинг нима, ҳукуматларинг қанака, маошинг қанча, қарамоғингда нечта жон бор, ишлаб топганинг рўзғорга етадими, етмаса — ёрдам берайлик, ахир бегона эмас, ўзимизнинг Аҳмадсан, топганингда қайтарарсан…
Бу ёғи энди ўз-ўзидан аён: душманинигдан бунақа ҳол-аҳвол сўрамайсан, ахир.
Ҳамма аҳмадлар дўстлашиб кетишди.
Шундоқ аҳил адашларимга қараб туриб, исмим Аҳмад эканидан, аҳмадларнинг кўплигидан, роса кўнглим кўтарилиб, бошим осмонга етди. Бундан буён Аҳмад исмимга минбаъд доғ туширмайман, ёмонотлига чиқсам, одамлар болаларига менинг исмимни қўйишни бас қилиб, тағин аҳмадлар камайиб кетмасин, деган ниятни ҳам кўнглимга маҳкам тугдим.
Кейин аҳмадлар ичида бўлай, дедим-да, Асқартоғдан тушиб, адашларимга аралашиб, ораларида адашиб кетдим.
Биз аҳмадлар бошқа-бошқа мамлакатларда яшасак ҳам, мақсадимиз — тинч, озод яшаш, шундан исмимиз битта, келинглар, бундан сўнг борди-келди қилайлик, оғир кунимизда бир-биримизга елкадош бўлайлик, яхши кунларда қувончимизни баҳам кўрайлик, деб гапни бир жойга қўйдик.
Ҳар бир Аҳмад ўзи яшаётган мамлакатда, агар у озод бўлса, озодлигини яна ҳам мустаҳкамлаш учун, озод бўлмаса, озодлик учун курашсин: замон нотинч, ҳар бир Аҳмад ўз элида тинчликни ўйласин, бошқа исмдаги одамларни ҳам аҳилликка ундасин, деб бир қарорга келднк.
Аҳмад деган-ном — дунёдаги жами аҳмадлар лашкарининг байроғи, бу байроқ ҳар қандай машаққатли дамларда ҳам баланд кўтарилиб турснн, деган таклиф бир овоздан қабул қилинди.
Ана шундай якдил, яктан руҳ билан хўшлашдик. Бир талай аҳмадлар, таъсирчанроқ эканми, хайрлашаётганда йиғлаб юбориб, бошқа аҳмадларнинг ҳам кўнглини бузди. Майли, нима бўпти, меҳр миллат, чегара билмас экан, шундай зўр йиғинда йиғламасак, қайсиқачон йиғлаб юрувдик, бунақа кўзёш яхшиликка, деб намли кўзларимизни ҳеч биримиз бекитмадик…
Мен энди Солиҳ, Олим, Хуршид, Муроднигина эмас, Шавкатни ҳам, Йўлдошни ҳам, Эркинни ҳам, Усмонни ҳам, Яшарни ҳам, Мирзони ҳам, Алишерни ҳам, хуллас, барча дўст таниш-билишларимни менга ўхшаб Асқартоғнинг тепасига чиқинглар-да, “Ҳой Солиҳ” ёки “Ҳой Олим!..” деб чақиришга ундамоқчиман.
Кимнингки исми Одам бўлса, шу ишга чорламоқчиман. Бу энди амалга ошмайдиган ҳавойи орзу эмас, ҳақиқат: агар Одам кўнглининг энг баланд чўққисидан туриб, кўкрагини улуғ ниятларга тў-ўлдириб: “ҲОЙ ОДАМ!”, деб жумла жаҳоннинг ҳамма овлоқ бурчакларигача товушини етказиб наъра қилса, минг-минг туман, миллион-миллион одам лаббай, деб чопиб келадилар.
Агар дунёдаги ҳамма одам ОДАМЛИК деган битта байроқ остида тўпланса, тасаввур қиласизми, ҲОЙ ОДАМ!..

2. ЖИМ ЎТИРГАН ОДАМ

Уйимдаги ҳамма нарса нимагадир қулоқ тутган: гўё ҳозир бирови туйқусдан тилга кирадию бошқалари уни тинглайдигандек. Балки, улар деразадан тушаётган ойнинг нурини кўпдан буён баҳамжиҳат тинглашаётгандир. Балки, шу жимликнинг ўзи уларнинг сўзлашув тилидир, бу тилни мен билмасман. Ҳар қалай, ойлаб, йиллаб кунбўйи бир уйда бақамти қоладиган нарсаларнинг бир-бири билан мулоқотга киришмаслиги мумкин эмас. Балки нарсалар ўз-ўзи-ча бизнинг етти ухлаб тушимизга кирмаган ўйларини турар…
Деразадан осмонга қарайман: юлдузлар чечак отган. Чечаклар бир-бирларига гул чангини узатиб яшайдилар — шундай тиллашадилар: юлдузлар ҳам бир-бирига нур йўллаб гурунглашмайдими? Йўқса, нега бунча жимиллайдилар? Уйга толаман. Мен ҳам гўё жим ўтирибман. Кўнглимдаги сўзлар осмондаги юлдузларча кўп. Улар бир жойда тек турмай, тўпланиб-тарқалиб юрибди. Тўпланганларида кўнглим ёришиб кетади, тарқалганда — хира тортади.
Сўзлар безовта тиллашаётир — мени тиллашаётир.
Нима деб ўйлайсиз, одамнинг кўнглидаги сўзлар луғат китобига тўплаб босилган ўлик ҳарфлар йиғиндисими? Иўқ, улар — тирик, тирик нарсалар жим туролмайди.
Мана, шу тирик сўзлар кўнглимда гангир-гунгур мулоқот қилаётир — кўнглим ёришиб-хира тортиб турибди.
— Эй, сен,— дейман ўзимга-ўзим.
— Ҳа, мен,— деб жавоб қиламан ўзим.
— Менинг ким?
— Мен-да. Исмимни биласан.
— Исмингни змас, кимлигингни сўраяпман,
— Ким бўлардим, одамман-да.
— Одамлигингни эмас, кимлигингни сўраяпман.
Одамликдан бошқа яна ким ҳам бўлардим, деб ўйлайман. Агар бу саволни ўзимдан-ўзим эмас, биров сўраганда, нима деб жавоб қилардим. Бу саволни биров берганда, жавобимни кутиб ўтирмай, йўқ, сен одам эмассан, дейиши ҳам мумкин. Ахир, одам бўлиш осонми!
— Кимлигингни билмай туриб қандай яшаяпсан?— дейман яна ўзимга-ўзим.
— Қандай яшаяпман?—деб яна ажабланаман ўзим.— Хўш, қандай яшаяпман? Ҳалол яшаяпман, ўзганинг ҳақини емайман, бировга ёмонлик қилмайман, сидқидилдан ишлайман, нонимни беминнат топаман. Бундан ортиқ яна қандай яшашим керак?
— Бу иш қумурсқанинг ҳам қўлидан келади,— дейман ўзимга-ўзим.— Одам яшаш учун ўзининг кимлигини билиши керак.
Яна ўзим ўйлайман, жуда кўп китоб ўқийсан-да, ошна, каллангга кимқайдаги китобий саволлар келади, дейман-у, лекин шу яшашимдан бошқа яна қандай яшашим керак экан, деб бошим қотади. Агар бундан ҳам ортиқроғи бўлса, шу кунгача яшаганимни нима қиламан, ахир, умримнинг шунча қисмини бекор ўтказган бўламан-ку! Э-э, биз яшаётган эканмиз, умрни фаромуш ўтказибмиз, деб ўчириб ташлаб, яшашни бошқаттан бошлай олмайман-ку. Отилган ўқ яна қайтиб милтиқдан чиқадими?
Яна ўзим ўйлайман: шундай яшайверганим яхши эмасми, кимдан камлигим бор?..
— Ҳа-а,—деб киноя қиламан ўзимга-ўзим,—кимлигингни билишдан қўрқяпсанми?
— Йўғ-э,— дейман ўзим ғашланиб.— Нега қўрқар эканман. Одам ўзининг кимлигини билишдан ҳам қўрқадими?
— Қўрқяпсан,— дейман ўзимга-ўзим, худди кимлигимни биламан-у, жўрттага айтмаётгандек.— Анча доносан, кимлигингни донолигинг билан яширасан.
Назаримда, кўнглимга бошқа бир одам кириб олиб, мени майна қилаётгандек, фаҳмим етмайдиган саволлар бериб, мени атай довдиратаётгандек.
Қизиқ, деб ўйлайман яна ўзим, исмим, тилим, миллатим, туғилган жойим, тотувгина оилам бўлса, қандай яшаётганим ўзимга беш қўлдек аён, бошқа биров, мени яхши билмайдиган киши шахсим ҳақида ҳар хил хаёлларга бориши мумкиндир, аммо ҳозир бегона билан эмас, ўзим билан ўзим гаплашаяпман-ку, нимани яширардиму нима манфаат топардим бундан?
– Хўп, ана, билар экансан, айт кимлигимни, – дейман зарда билан ўзим.
– Қани, айт-чи, Ватанингни севасанми?
– Албатта, севаман.
– Халқингни севасанми?
– Албатта, севаман.
Э-ҳа, гап бу ёқда экан-ку, деб енгил тин олиб, бурро-бурро жавоб қиламан.
– Хўш,— дейман яна ўзимга-ўзим. – Қани, энди бу саволимга ўйлаб жавоб бер: Ватанингни, халқинг-ни қандай севасан?
– Ия, бу қанақаси бўлди? Севамаи, вассалом! Кўнглимда Ватанимга, халқимга бўлган улкан муҳаббатни авайлаб юрибман.
– Хўп, ана энди кимлигингга яқинлашяпмиз, – дейман ўзимга-ўзим.
Устимдан қанақадир бешафқат ҳукм бўлаётгандек юрагим орзиқиб кетади.
– Уйингни, оилангни яхши кўрасан-а?
– Х,а.
– Шунинг учун тинмай елиб-югурасан. Ишқилиб, уйимда камчилик бўлмасин, болаларим бошқалардан кам бўлмасин, деб қўлингдан келганини қиласан. Хотинингга биров ола қараса, муштумингни тугасан, болангни қўшнининг боласи урса, отланиб чиқасан, Биронта безори уйингга тош отса, аламингни олмагунча тинчимайсан. Тўғрими?
– Тўғри.
– Нима учун Ватан, халқинг учун шундай елиб-югурмайсан.
– …
– Буларга бўлган муҳаббатни кўнглингда авайлаб юришингдан кимга наф? Ахир бунақа бефойда ётган муҳаббатнинг тириклиги қоладими? Муҳаббат меҳроб эмаски, унга сиғиниб, шу билан бурчингни ўтаб юраверсанг. Тирик туйғу курашиши керак. Курашмайдиган муҳаббат — ўлик муҳаббат.
– Ватан дегани ҳам аслида – курашаётган муҳаббат, ана шу муҳаббат бирлаштирган кишилар халқ бўлади. Сен, сен учун ҳам биров курашиши керакми?
Аслини олганда, ўзим билан ўзим бунақа гаплашмаслигим керак эди. Гаплашсам ҳам аввалданоқ бошқа, ўзимга тушунарлироқ мавзудан бошлашим лозим эди. Масалан, ўзимдан-ўзим, қани, ошна, шу вақтгача нималарга эришдинг, деб сўрасам, қўлга киритган нарсаларимни бир-бир санаб берар эдим.
– Хўп, хўп, энди гапни кўп чўзмай, кимлигимни айтиб қўя қол, – дедим зардам қайнаб ўзим.
Шунда фақат савол бераётган ўзимни эмас, саволга тутилаётган ўзимни ҳам кўрдим, иккови ҳам – битта ўзим, лекин…
– Сенми? – дедим ўзимга-ўзим. – Сен – кўнглига ганжинани кўмма қилиб, қаерга кўмгани эсидан чиқиб кетган қашшоқсан. Шу халқнинг бир бўлаги эмас, қаторнинг ичига кириб олиб, қатор қаёққа етакласа, шу ёққа оғадиган, ўзини қатор билан паналаб, тирикчнлик ташвишида ғимирсиб юрган жўн-гина бир… майли… одамсан…
Мулзам бўлиб қолдим: ўзимга ўзим шунақа айбларни қўяманми-а?!
– Ўйлаяпсанми? – деб сўрадим яна ўзимдан-ўзим.
– Ўйлаяпман, – деб жавоб бердим ўзим…
– Ўйла, ўйла, – дедим ўзимга-ўзим. – Лекин, муҳаббат қуруқ ўй ҳам эмас.
– Тушуняпман, – дедим ўзим.
– Тушунаётган бўлсанг, яшай бошлабсан, – дейман яна ўзимга-ўзим. -Майли, яхшилаб ўйлаб ол, фақат қолган умрингни ўй ўйлаш билан ўтказиб юборма. Амалсиз ўй ҳам — ўлик…
Ана шунақа, ўзим билан ўзим гаплашиб ўтирибман.
Уйимдаги ҳамма нарса бекордан-бекорга шундай турмагандир…
Деразадан ой нури уйимга бекорга тушмаётгандир…
Осмондаги юлдузлар бекорга жимилламаётгандир…
Кўнглимдаги сўзларнинг безовталиги бежиз эмасдир, ахир…
Четдан қараган одам менинг ҳозир ўзим билан ўзим гаплашиб, ўйларимнинг бешафқат товушини эшитиб ўтирганимни билмайди. Кўзини бир нуқтага тикиб жимгина ўтирган одамнинг кўнглидан нималар кечаётганини четдан қараган одам эшитмайди.
Лекин эшитиши керак. Жим турган одамнинг ҳаммаси ҳам жим турмаган бўлади. Одамнинг ўзи билан ўзи ёлғиз қолгандаги жимликда бошқалар ҳам эшитиши жуда зарур бўлган тирик сўзлар тилла-шади.
Кўнглим ёришиб — хира тортиб турибди: СИЗ КИМСИЗ?..

3. КЎЗГУДАН ҚАРАГАН ОДАМ

Одам ҳар куни неча марталаб кўзгуга қарайди: сочини тараш учун, кийимининг ярашган-ярашмаганини кўриш учун, кўпинча эса кўзгудаги аксига анчайин маънисиз кўз тикади. Кўзгуга нима учун тикилгани эсида йўқ, бошқа нарсаларни ўйлаб тураверади…
Эркаклар соқол олаётганларида ҳам албатта кўзгуга қарайдилар, ҳатто жаллод ҳам ўз юзига кўзгусиз тиғ текизолмайди.
Аёллар эса кўзгусиз ўзларига оро беролмайди лар – улар кўзгу ёнидагина ўзларининг ороланиб бораётганликларига ишонадилар. Албатта, улар эркакларнинг суқ билан термилишига ҳам ишонадилар, лекин эркакларнинг кўзида улар кўзгудагидек акс этмайдилар — кўзгу беҳаё эмас, гап ҳам отмайди.
Чиройли-чиройли қизлар чиройларидан ўзлари ҳам баҳра олиш учун кўзгуга қарайдилар.
Ёш-ёш йигитлар келишимли, хушбичим қоматларини кўзгуга солиб, ундан қизларнинг кўнглини қидирадилар.
Агар уйга кираверишда тошойна турган бўлса, одам ўтганида ҳам, қайтганида ҳам унга бир қур кўз югуртиради.
Кўчага чиқаётган одам кўчадагиларга қандай кўринишини олдиндан билиб, юзига шунга мос тус бериш учун кўзгуга қарайди. Тусини ўзгартирмаслик учун одам ҳатто кўчада кетаётганда ҳам дўконлар ойнасида лип этган аксини назардан қочирмайди.
Эркагу аёл — одам умри қандай ўтаётганини кўзгудан кузатиб яшайди. Агар ойна кашф этилмай, дунёдаги ҳамма сувлар лойқа бўлиб, одамнинг юзи ҳеч бир нарсада акс этмаса, одам ўзининг юзидаги ўзгаришларни кўрмас, илдиз отаётган ажинларини пайқамас, сочининг оқи кўпайиб бораётганини қаддининг эгилаётганини пайхас қилмас — ёши қайтаётганини билмас эди.
Одамнинг ёши қайтгани сайин кўзгуга эл бўлиши шундан.
Одам кўзгуда ўзининг ҳамма аъзосини: сочи, пе-шанаси, қошлари, бурни, лаблари, ёноқлари, ияги, бақбақаси, бўйни, кўкрагини, кийимларини; қадди-бастини, бошмоқларини ҳам кўради, у ёнбошини, бу ёнбошини ҳам кўзгуга солади.
Қорин қўя бошлаган одам ҳатто қорнини ҳам кўзгуга рўпара қилиб, э, падарига лаънат, ҳалитдан семириб кетяпман, дейди.
Лекин одам кўзгуда ўзини кўрмайди. Кўзгуга қараган одам ўзининг ҳамма жойини кўриб туради, лекин – ўзининг кўзларига тўғри боқолмайди. Борди-ю, кўзгудаги кўзларига тўқнаш келиб қолса, билдирмай, билмагандек, гўё бу тўқнашув тасодифдек, секин кўзларини олиб қочади.
Мен бир куни ўзимни кўришга аҳд қилиб, кўзгудаги кўзларимга тўғри тикилдим. Тикилдиму… шу онда сесканиб кетдим: кўзгудаги кўзлар меники эмас эди, уларнинг боқиши ўткир, шафқатсиз, сенга бир мартагина берилган ҳаётни бунча абгор қил-динг, деб қаттиқ қадалиб турар эди.
Кўзгудаги кўзлар менинг кўзларимга акс эди. Улар – мен йигит ёшига кираётганимда ҳали мана бундоқ яшаймиз, деб умидвор қилганимга ишонган, энди эса ҳаётим ҳеч қандоқ эмаслигини кўриб туриб, мени фош қилишга пайт пойлаб келаётган, ҳозир шундай пайтни қўлга киритган кўзлар эди.
Кўзгудаги кўзлардан кўзларимни олиб қочдим.
Кўзгудаги кўзлардан кўзларимни яширдим.
Фақат… ичимдаги бир истак уларга қара, қара уларга, деб турар эди.
… ва бу истак тобора кучайиб борар эди.
Чекинишга йўл йўққа ўхшайди. Нимадир қилиш керак!

4. ЎЗИГА ТЕРМИЛИБ ЎТИРГАН ОДАМ

Тепамда биров ўтирибди. Бошимда, юзини юзимга яқин тутиб, меига диққат билан тикилиб ўтирибди.
Кўзлари ҳамдард, хайрхоҳ— узоқ вақт мени соғинган, ниҳоят менга етишиб, лекин мени уйғотишдан аяб ўтирган қадрдонимнинг кўзлари.
Юзим — уйқу билан ёпилган китоб. Китобимни ўқимай турсин, деб ухлаб ётибман.
Ойнинг нури дераза пардаларидан сизиб ўтади, юзимга гардларини сепади, тепамда ўтирган бировнинг кўзларида титрайди.
Ойда ёришган юз доим шафқатталаб бўлишини, юмуқ кўзларга ҳеч ким озор беролмаслигини билиб, кўзларимни очмай ётибман.
Бировнинг шафқатини ҳимоя билиб ухлаб ётибман.
Мени қандайдир мулойим ваҳм босган, қандайдир шодланиб сесканаман.
Ваҳм кўнглимга ҳузур билан ястаниб, ой ёруғида хира товланаётгандек…
Ваҳмни бемалол силаса ҳам бўлар экан-ку, ваҳм билан бемалол тиллашса ҳам бўлар экан-ку, деган ўйларни ўйлайман.
Ваҳмнинг оғуши илиққа ўхшайди.
Нега шу пайтгача мени ваҳима босарди, деб ўйлайман яна.
Ваҳм менга яхшилик цилишга келгандек.
Ваҳмга нималардан қўрқишимни, нега юзимни очмаётганимни айтиб берсамми, дейман. Айтиб берсам, қўрқувларнинг энг каттасини ўзимга эл қилсам, бошқалари мени даф қилишга ботинолмас, деб ўйлайман яна.
Ухлаётган бўлсам ҳам бош учимда менинг юзимдан ўзини ўқимоқчи бўлган бировни кўриб ётибман, унинг ҳеч қанақа БИРОВ эмас, ЎЗИМ эканлигимни билиб ётибман.
Балки ухламаётгандирман?., Балки бу туш эмасдир?..
Бунча ўзимга термиламан, менга нима бўлди экан?..

5. ТАНАСИДАН КЎНГЛИ ҚОЛГАН ОДАМ

Унинг ҳамма хоҳиш-истакларини бажариш менга қонун эди.
Уни деб ўлиб-тирилардим.
Ҳар куни эрталабдан уни парваришлашга киришар эдим: соқолини олар, тишини тозалар, юзига хушбўй атирлар сепиб қўяр эдим: устаранинг тиғи теккан жойига зарарли нарсалар тошмасин, деб ҳам ўйлардим-да;
ҳар ҳафта ҳаммомга туширар, буғхонада обдан терлатиб, уқалаб қўяр эдим;
ҳар куни камида уч маҳал овқатлантирар, қурбим етганича унга ёқадиган таомлардан сайлар эдим; энди чамалаб кўрсам, шу вақтгача еган овқатлари кирқ туянинг белини синдириб, яна ортилмай ҳам қолар экан;
топганимча яхши-яхши либосларга ў,ардим, совуқда қалин, иссиқда енгил кийинтирар, изғирин юзига тегмасин, деб қишда пўстинининг ёқасини кўтариб қўяр, бошини офтоб урмасин деб саратонларда соя-салқин йўлкалардан етаклар эдим;
ўзини салгина ёмон ҳис қилса ташвишга тушар, инжиқланаверса, дўхтирларга қаратар, дардини аритадиган дорилардан топиб келардим;
чарчаса, дам берардим, кунига камида етти соат ухлатардим, сайр қилдирардим, яна…
Энди мен майда гап одам эмасман, унинг айтса бўладиган хоҳишларидан ташқари, айтиш ноқулай талай-талай майлларини ҳам қондирардимки, ҳаммасини санайверсам миннат қиляпти, деб ўйлашингиз мумкин.
Гапнинг лўндаси, ўзимни унга бағишлаган эдим.
Бир куни доимгидек уни папалаб кетаётганимда, бирданига олдимдан тўсиқ чиқиб қолди.
— Қани, энди мен билан бир сакра, бу тўсиқдан ошиб ўтайлик,— дедим. У тўсиқни кўриб чекинди, аниқ — қўрқди!
— Сакра, ахир, сени келиб-келиб тўсиқдан чекинасан, деб шунча парвариш қилдимми,— дедим унга эзилиб.
У эса тўсиққа қараб шалвираб қолди.
Охири, бор-э, асли номард экансан, сенга умрини бағишлаган мен — аҳмоқ, дедим-да, бир сакраб тўсикдан ошиб ўтдим.
Танамнинг қуруқ ўзи қолаверди, йўлнинг нариги ёғига фақат ўзим кетавердим…

6. КУНГЛИНИ КЎТАРГАН ОДАМ

Ивирсиқ уйимизга кирсак, бетартиб ётган нарсалар ўзимизга жой қолдирмагандек, тор туюлади. Шунинг учун вақт-вақти билан уй кўтарамиз. Уйдаги нарсаларни ташқарига олиб чиқиб, кўрпа-ёстиқларни офтобга ёямиз, уйни супуриб-сидириб, шамоллатиб тозалаймиз-да, нарсаларни жой-жойига тахлаймиз: ивирсиб ётган уй кенг, баҳаво, одам кирса, баҳридили очиладиган, энг муҳими — излаган нарсангиз топиладиган тартибли бир гўшага айланади. Тўғрими?
Мен бир куни шу тарзда кўнглимни кўтармоқчи бўлдим. Ивирсиб кетган экан, зарур пайти излаган туйғумни тополмайман; бу туйғу йўқлигидан эмас, кўнглимнинг тартибсизлигидан; унда ҳамма туйғуларим аралашқуралаш сочилиб-босилиб ётган экан.
Бир куни телевизорга қараб ўтирган ўғлим: “Дада, сиз ҳам отларни яхши кўрасизми?”, деб сўраб қолди. Ўйламасдан. “Ҳа, ўғлим”, деб юбордиму уялиб кетдим: кўнглимдан ҳарчанд изламайин, отларни яхши кўришимни тополмайман. Бу туйғу болалигимдан бери бор, кўнглимда эди, гўдаклигимда хивични от қилиб чопганман, сал каттарганимдан кейин кўпкари бўлган жойдан қолмаганман, ўн саккиз ёшларимда отчопардаги пойгадан завқланиб, кўнглим юмшаб кетган; отлар шу қадар чиройли чопган эди. Лекин, мана, бугунга келиб, бу туйғуни тополмаяпман…
Бир мактабда ёзувчилар билан учрашув бўлди, менга ҳам сўз беришди. Сўзни тарихни чуқур ўрганиш кераклигидан бошладим. “Тарих — тарихда қолиб кетган ўтмиш эмас, у бизнинг юрагимизда яшайди, бугун биз яшаётган кунлар ҳам авлодларимиз умрида давом этади, ота-боболаримиз ҳаётини унутиб қўйсак, келгусида бизни ҳам эсдан чиқаришади, изсиз ўчиб кетамиз”, дедим. Шундай дедиму юра-гим шув-в этиб кетди: кўнглимга назар солсам, ўзимнинг тарихни яхши кўришим йўқ! Бир вақтлар тарихни шундай севардимки, ётиб олиб, қулоғимни ерга боссам, тарихдаги отларнинг дупурини эшитгандек бўлар эдим. Бу туйғу кўнглимнинг қай бир бурчагида, қанақадир лаш-луш кечинмалар тагида қолиб кетган шекилли, шундай зарур пайтда излаб тополмайман. Мулзам бўлиб минбардан тушдим…
Яна бир куни мени атай йўқлаб, тўлиб-тошиб синфдош дўстим уйга келди. Дарвозани очишим билан мени қучоқлаб олди. Мен ҳам уни қучоғимга олдиму эсанкираб туравердим: яна ўша аҳвол, синфдошимга бўлган дўстлигимни тополмайман. Дўстим, қўлида бир дунё бозорлик, кўнгли меҳрга лиммо-лим тўлиб, кўзи ёшланиб менга боқади; бечоранинг мени кўрмаганига ўн беш йил бўлибди, ахир! Мен эса нима қилишимни билмайман, нуқул: “Эй сени қараю… Жуда қувонтирдинг мени”, дейману кўнглимда қувонч йўқ. “Бекорга келмагандир, шаҳарга иши тушган, бирон илтимоси бор-ов?”, деган хаёлларга ҳам бораман. Лекин, йўқ, ҳеч қанақа илтимос-пилтимоси йўқ; ишидан икки кунга жавоб теккан экан, “Шу-у, жўражонимни бир кўрмасам, кўнглимнинг хусури босилмайдиганга ўхшайди”, деб келаверибди. Кечаси алла-паллагача гурунглашиб ётдик; унинг кўнглига ҳаяжон сиғмайди, мени уйқу босади, мен ҳам унга қўшилиб жўшай дейман, аммо ўша жўшқин дўстлигимизни қаерга қўйганимни тополмайман, билмайман.
Яна бир куни шу ерда — шаҳардаги дўстларим билан бўлган бир гурунгда гап биринчи муҳаббатга келиб тақалди. Дўстларимнинг мендан бошқа барида бу туйғу йўқолмаган экан, гурунг қизигандан қизиди, уларнинг бари ўша ўн олти, ўн етти, ўн саккиз ёшига бир-бир қайтиб чиқишди. Биринчи муҳаббат менинг ҳам эсимда экан-у, аммо туйғунинг ўзи йўқолиб қолибди. Бўлмаса, бир қизни иккинчи синфдали-гимдан тортиб то мактабни битиргунча яхши кўрганман, ҳар куни, ишонасизми, ҳар куни унинг отини айтиб ухлаганман, уйғонганимдан кейин ҳам тилимга келган сўз — унинг оти бўлган. У қиз менга мойил бўлганми, йўқми, билмайман-у, лекин ўзим уни жуда қаттиқ яхши кўрганман. Ўша ширин азобларимнинг ҳаммасини эслайман, лекин кўнглимда қилт этган туйғу йўқ. Кейин эсласам, биринчи севгимдан совиб, энди нима кераги бор, деб кўнглимнинг бир гадойтопмас бурчагига тиқиб қўйган эканман, мана, тополмайман.
Бир куни эски ёзувимизга бўлган севгимни тополмай қолдим. Дўстимнинг ўғли мактабида арабча ҳам ўқир экан, ҳарфларни ажи-бужи ёзишини кў-риб, ғайратим жўш уриб кетди, унга ҳуснихатнинг қанақа бўлишини кўрсатиб қўймоқчи бўлдим. Аммо отимни ёзиш ҳам эсимдан чиқиб кетган экан. Йўқса, бир вақтлар қамишқаламни қия йўниб, Навоийнинг “Ашрақат мин акси шамсил…” деб бошланадиган ғазалларини қанчақанча кўчирганман, ҳуснихатим яхши чиққанидан қанчалар қувонганман. Энди эса кўнглимда эски ёзувга меҳр тугул, ўзи ҳам йўқолиб қолибди.
Эътибор бермасангиз, не-не туйғуларингиз йўқолиб кетаверар экан, эътибор берсангиз, нималарни йўқотганингиз келаверар экан: аввал ҳафта-ўн кунда, кейин кунда бирон бир туйғумни бефойда излайдиган бўлиб қолдим.
Ана шундан кейин кўнглимни, худди уй кўтаргандек, саранжом-саришта қилишга бел боғладим.Ўзи ҳам кўнглимда минг хил майда-чуйда туйғулар уюлиб кетган экан, уларнинг керагини керакка ажратгунча бўларим бўлди. Уларни шамоллатиш учун офтобга ёйганимда кўпи қуриб, уваланиб кетди.
Лекин уларнинг тагидан — кўнглимнинг тубидан шунака туйғуларим топилаётирки!.. Шунчалар бадав-лат эканимни ўзим билмай, қашшоқ-бенаво юраверган эканман.
Кўнгил кўтаришим тўхтагани йўқ, ҳали иш кўп, лекин хозирданоқ кўнглимга кирсам, яйраб кетаман — шунақа саришта, шунақа баҳаво, шунака кенг…

7. ОҚИБ БОРАЁТГАН ОДАМ

Аллегро

Мен бир куйнинг тўлқинларида оқиб келяпман келяпман келяпман қалқиб қалқиб кетяпман кетяпман кетлпман бу куй мени қайси қайси қайси қирғоғига қачон қачон қачон ташлаб кетади билмайман билмайман билмайман фақат бу куйни ўзим чаляпман чаляпман чал…