Бугун эрталаб бетимни юваётиб бирдан ишга боргим келмай қолди, ўзи ҳар куни шундай бўламан, кеч ётаман-да, кейин эрталаб туришим қийин, эй, худо, яна шу ишга боришим керак, а, деб жойимдан қўзғалгим келмайди ишёқмасликдан эмас, ҳар куни бориб, ҳар куни бир хил иш қилишдан кўнглим қолган, лекин, бари бир, тураман, чой-пойимни ичиб, отланаман, шунга, яъни ишга боргим келмаслигига, лекин, бари бир, ишга боришга ўрганиб кетганман. Ҳар куни шу аҳвол, ишга борганимдан кейин, нимадир бўлса, кимдир бўшаса, кимдир янги келса, жилла қурса, ҳамкасбларнинг бирови тўй қилса ё… хуллас, доимги ишимизда жиндай ўзгариш бўлса, ишхонанинг ҳамишалик ҳаётига сал бошқача мазмун киргандек туюлади-да, яна ҳаммаси ўша-ўша изига тушиб кетаверади. Бадга уриб қолган, боргим келмайди, ё тангрим, наҳотки бир умр бир хилда яшаб ўтиб кетаверсам, дейман-да, шу умримдаги бир хилликни қандай ўзгартиришни билмай қийналиб боравераман.
Бугун эса бетимга совуқ сув тегдию бирдан ишга боргим келмай қолди. Ишга бормаганимда ҳам, бир кун-икки кун, боринг-ки, бир ҳафта бормасман, лекин бари бир, бошқа борадиган жойим, қиладиган бошқа юмушим йўқ, бари бир, бораман, лекин худди шу бугун орқамдан милтиқ тирашса ҳам, бормайман, тўпга солиб, ишхонага қаратиб отсалар ҳам, тушмай, ҳавода бир айланиб келиб, бари бир, уйга қайтиб тушаман, дедим.
Бемалол ўтириб, чойни хотиржам қайтаришимдан шошмаётганимни хотиним ҳам сезди шекилли:
– Тинчликми? – деди.
– Тинчлик, – дедим.
– Сизга нима бўлди? – деди у.
– Ҳеч нарса? – дедим. – Ишга боргим келмаяпти. Хотиним менга қандайдир бегона қаради-да:
– Нимага бундай қиляпсиз? – деди.
– Нима қилибман? – дедим. – Шу, бугун боргим йўқ. Бўзчининг мокисиманми, бораман-келаман, бораман-келаман, бугун бормай-чи, -дедим.
– Бормасангиз бормассиз, лекин… ҳайронман сизга, – деб у бир хавотирли гап қилди.
– Ўзи ҳар куни боргим келмайди, бугун эса бормайман, бор гап шу, нимасига ҳайрон бўласан? – дедим.
– Бормайман деганингизга эмас, ўзингизга ҳайронман, – деди хотиним.
– Э-э, қўйсанг-чи, ўзим ўша ўзим-да, – дедим.
Хотиним менга ғалати қараб қўйди.
“Қизиқ, одам бир кун ишга бормайман деса, бошқача кўринар экан-да, кел, эрталабдан кўнглини хира қилмай”, деб ўйладим.
Хотиним ишга кетди, болаларим мен тургунча ўқишига жўнаган, уйда бир ўзим қолдим. Зерикиб уйдан чиқдим, ҳовли, ҳамма нарса жой-жойида турган бўлса-да, кўзимга бўм-бўш кўринди, бостирма тагидаги машинам ҳам тўрт ғилдирагини ерга тираб, маънисиз жим қотган, кечаси бостирма ёғочида тунайдиган бемаъни мусичалар томига, орқа ойнасига шапалоқ-шапалоқ қилиб ўтириб ташлаган, ҳозир калитини бурасам, ҳар кунгидагидек гурилламайдигандек туюлди.
Енгил шабада сезилади, сўридаги токнинг қуруқ хазонлари титрайди, ҳаво чалакам-чатти хира булут, на очиқ, на бузуқ.
Дарвоза эшигини очиб, қарадим, ҳеч ким йўқ, маҳалладаги катталар ишга, кичкиналар ўқишига кетган, кўчага, ҳў, ҳали, тушдан кейин жон киради, ҳозир сўрашадиган ҳам одам кўринмайди.
Ўйланиб турган эдим, уй томондан зинг-зинг этган бир товуш келди, хаёл билан аввал англамадим, кейин билсам – телефон! Югурдим Фахриддин экан.
– Ў-ў, ака, бир сўраб қўяй деб, телефон қилсам, ишхонада йўқсиз, -деди.
– Бугун ўзимга бир дам берай дегандим, – дедим.
– Сал товушингиз бошқача, нима бўлди ўзи? – деди Фахриддин.
– Йўғ-э, ҳеч гап, – дедим.
– Одам хавотир олади, ака, билиб қўяй деган эдим, – деди Фахриддин.
– Тинчлик, тинчлик, раҳмат сўраганингизга, – дедим Фахриддинга.
Одамохун, яхши йигит шу Фахриддин, кўнгил сўраб туради доим. Одамнинг шунақа укалари, дўстлари бори яхши-да, ўзингни ёлғиз билмайсан. Хуршид, Мурод, Назар, Иброҳим, Фарҳод, Нормурод, Нажмиддин ака, Эркин – ҳаммаси шунақа, кўнгил яқин одамларим. Одамнинг мингта таниши бўлади, юзтаси билан сўрашиб юради, лекин ҳақиқий дўсти унча кўп эмас, беш-олтита, борингки, ўнта.
Худди шуни ўйлаб турган эдим, кўнглимдагини сезгандек Рустам ака сим қоқди.
– Ҳа, қалай? Тинчликми? Ишда йўқсиз? Одам соғиниб қолар экан, мундай гаплашиб турайлик, – деди.
Унга ҳам, ҳа, бугун шунақа-шунақа, деб тушунтирдим.
– Ўйлайверманг, одам ўзига ҳам қараши керак, – деди Рустам ака.
– Ўйлаганим йўқ, – дедим.
Рустам аканинг гап оҳангида нимадир бордек туюлди, лекин парво қилмадим, у киши ўзи шунақа – доим меҳрибон, одамни авайлагиси келади, шунчаки айтяпти-да деб ўйладим. Лекин сал ўтмай телефон яна жиринглади Фарҳод экан.
– Нега ишга бормадингиз? – деди. – Нима қилиб қўйдингиз ўзи?
– Ҳеч нарса қилганим йўқ, ишга чиқмадим, шу холос, – дедим.
– Буни айтмаяпман, – деди Фарҳод .
– Нимани бўлмаса? – дедим.
– Бир гап юрибди, ҳайрон бўлдим? Ҳа, майли, олдимда одамлар бор, ўзим телефон қиламан, – деб Фарҳод гўшакни қўйиб қўйди.
Фарҳод ҳам қизиқ, бир гапни бошлайди-да, узиб қўяди, кейин ишга чалғиб, эсидан чиқиб кетади, топиб, боя нимани айтмоқчи эдингиз, деб сўрасангиз, “Қачон? Қайси гап эди ўзи?.. Э-э, ҳа, у-ми, ҳал бўлди”, дейди. Бирон ишингизга ўзи жон куйдириб ёрдам бермоқчи бўлса ҳам, қайтақайта эсига солмасангиз, унутиб қўяди, кейин “Мингта ишим бор, калла қоладими, нега айтиб турмадингиз?”, деб дўқ уради.
Фарҳод қанақа гапни айтмоқчи экан, деб ўйлаб, яна ўзимни бирон нарса билан чалғитсамми, деб турган эдим, телефон жиринглади, Фарҳод, ҳозир нима дедим, деб сўрайди, деб ўйлаб, гўшакни олсам, бошқа одам овози сал танишроқ.
– Салом, ў-ў! Мени танияпсанми ўзи? – деб сенлади.
– Танигандайман, – дедим дудмол қилиб.
– Унда, айт, қани, кимман? – деди.
Ноқулай бўлдим, эзмаланмай, ўзи айта қолса ўларми экан.
– Ҳа, жўра, бунақа қипсан? Сен билан жўрамиз деб, юрардим, ҳайрон бўлдим, бунақа одам эмас эдинг-ку…
Бу валдирвоқи билан қачон жўра киришган эканман деб, энсам қотиб туриб, бирдан эсладим – Бутунбой, синфдошим.
– Э-э, Бутунбой! Қайдан телефон қиляпсан? – дедим.
Танигинг ҳам келмади-я? – деди Бутунбой. – Шу ерда, “Чинобод”даман, ҳақ берсамми, деб ишингга телефон қилсам, йўқ экансан. Бир оғиз айтсанг бўларди, ўлар жойда эмасман, маслаҳатлашардик.
Бутунбой азалдан шунақа: мактабдалигимизда ҳам нима қилмайлик, менга олдин айтмабсизлар, деб аразлар эди, тўққизинчи синфда Карим Маърифатни яхши кўриб қолган экан, шу Бутунбойнинг қулоғига етибди, танаффусда уч-тўртовимиз бошқа нарсаларни гапириб ўтирганда, бирдан Каримга: “Нега менга айтмадинг?”, деб тумрайди, Карим қулоғича қизариб кетиб: “Нега айтишим керак? Сенинг қизими у?”, деди, Бутунбой эса астойдил йиғламсираб, “Ахир, жўрамиз-ку, Маърифат ҳам биз билан битта синфда ўқиса, бир оғиз маслаҳат солсанг ўлар жойда эмасман-ку, одамни бунақа четга суриб қўйиш яхши эмас-да”, деди. Бутунбойга ҳамма жўра, ҳамма қиладиган ишини олдин унга айтиши керак, лекин у туманда турса, икки йилдан бери кўришганимиз йўқ, нима қилиб қўйибману унга нима деб маслаҳат соламан?
Ҳай, аразлама, мен ҳеч нарса қилганим йўқ, шошма, деб тушунтиргуним-ча, “Ҳа-а, айтгинг келмаяпти, сенга мен одам эмасман-да, а”, деб у гўшакни қўйиб қўйди.
Бутунбойни аразлатиш ҳам, кўнглини олиш ҳам осон, эрта ё индин “Чинобод”га борсам, ҳаммаси жойига тушади, лекин унгача етган гапнинг ўзи нима экан, ишхонага телефон қилиб сўрасамми, деб чоғланиб турган эдим, телефоннинг ўзи жиринглади. Хуршид экан.
– Ўй, менга қаранг, яна нима қилиб қўйдингиз? – деди у дабдурустдан.
Хуршид ўзи шунақа, мен билан тутун қайтариб гаплашади, жуда қалинмиз, мендан икки ёш кичкинаю лекин акасиниб, мендан доим хавотирда, мен-ку, унга зарарим тегадиган бир нарса қилмайман, лекин нуқул: “Ҳеч тинч юрмайсиз, одамни жуда қийнаб юборасиз-да”, дейди, тўғри йўлда кетаётган бўлсам ҳам, ишқилиб, тўғри юринг-да, деяверади. Машина олаётганимни айтганимда, “Энди одамни тоза тамом қилар экансиз-да”, деди, “Машина оладиган мен-ку, нега сиз тамом бўласиз?”, десам, у: “Ҳайдашни билмайсиз-ку!”, деди, мен: “Ола солиб ҳайдаб кетавермайман, ахир, ўрганаман, мактабида ўқияпман-ку!”, дедим. “Пиёда юришингиз шунча ташвиш эди, энди буёғи юрак оғриғи экан-да”, деди у. Хафа бўлдим, “Ў, жўра, қачон нима қилиб сизнинг юрагингизни оғритдим?”, дедим. У бўлса уф тортиб, “Шу кетишингизда сиз бир куни бир нима қилиб қўясиз, унгача мен юрагимни чангаллаб кутиб ўтиришим керак”, деди.
– Ҳеч нима қилиб қўйганим йўқ, Хуршид, – дедим. – Нега бу ҳаммаларинг сўрайсизлар?
– Яна кимлар телефон қилди? – деб сўради Хуршид.
– Ўнтаси! – деб зарда қилдим. – Ҳаммаси нима қилиб қўйдингиз дейди!
– Ана, айтмадимми? – деди Хуршид. – Бир нарса қилиб қўйгансизки, буни битта мен айтмаяпман.
– Хўп, Хуршид, мен нима қилиб қўйганимни билмайман, сизлар билсангиз айтинг: нима қилиб қўйибман ўзи?
– Ўй, қизиқ одамсиз-да? Ўзи кечаси билан юрагим санчиб чиқди, эрталаб дўхтирга ҳам ўтдим, асабийлашгансиз, дейди, асабим бузилганининг сабабини тополмадим, гап бу ёқда экан-да, одамни қийнашни қачон бас қиласиз? – деди Хуршид.
– Хуршид, жон дўстим, ҳеч нарса қилиб қўйганим йўқ, уйимда бир кун тинчгина ўтираман деган эдим, бўлгани шу, сизлар бўлса…
– Сизлар, сизлар эмиш, – деб Хуршид гапимни бўлди, – сизга фақат ўзингиз бўлса, одамни аяшни билмайсиз…
Хуршид аччиқ қилиб гўшакни қўйиб қўйди.
Бунинг иддаосини қаранг! Тавба, нима қилиб қўйган эканман? “Нима қилдингиз?” ҳам эмас, ҳаммаси “Нима қилиб қўйдингиз?” дейди-я! Худди мен оғир бир жиноят қилган ё бир бегуноҳни билиб ўлдириб қўйгандек! Бугун ишга бормаганимга осмон узилиб ерга тушмагандир, ахир? Ўзи ишхонада қиладиган айтарли ишим ҳам йўқ, бир ойлик ишни бир ҳафтада, қаттиқ ўтирсам, икки-уч кунда саранжомлаб, бемалол юраман, юзтанинг биттаси ходимман, ҳафта-ўн кун бор-йўқлигим ҳам билинмайди, ҳайронман, ё бирон гап чиқдимикан, деб телефонга қўлимни узатган эдим, ҳали гўшагини ушламасимдан ўзи жиринглаб юборди, юрагим ўйнаб кўтарсам, янаХуршид!
– Ўв, – деди Хуршид боягидан сал мулойимроқ.
– Х,а, Хуршид? – дедим.
– Шу, жўра, аччиғим чиқиб, қаттиқ гапирибман, узр. Мана, яна дори ичиб олдим, – деди. – Энди жўраларни ўзгартирадиган ёшда эмасмиз, у ёшлигимизда олдимизда вақт кўп, жўраларни бемалол янгиласа бўларди. Бу ёғига сараланиб қолдик, боримиз шу, бир-биримизни авайлашимиз керак. Дўстлик ҳам умрга ўхшайди, орқага қайтмайди, тўғрими?
– Тўғри! – дедим таъсирланиб.
– Тўғри бўлса, жўраларнинг кўнглига ҳам қаранг-да, – деди Хуршид. -Мен сизга керакманми ўзи?
– Х,а, кераксиз, – дедим.
– Унда сиз ҳам менга кераксиз, кўп қийнаманг, – деди Хуршид.
– Хуршид, жон оғайни, нима қилдим ўзи сизни қийнаб қўйган? – деб ялиндим унга. – Мундай тушунтиринг, нима гап ўзи?
– Оббо, яна қайтадан бошлаяпсизми? Қўйинг шуни,- деб Хуршид яна хуноб бўлди. – Ахир, сиз бир нима қилиб қўйсангиз, мен шунчаки ўзимни авайлаб ўтиролмайман, биласиз-ку, илтимос…
Хуршид яна бир оз дард қилди, уни аяб, ҳам бари бир, ундан бошқа гап ололмаслигимни билиб, нима қилиб қўйганимни сўрамадим.
Гўшагини қўйишим билан яна телефон жиринглади, бунга ҳам бир гап бўлган шекилли деб ўйлаб, яна кўтардим. Укам экан. Кўнглим сезганидек, бу ҳам сўрашмаёқ:
– Ака , нима қилиб қўйдингиз ўзи? – деб шу гапни бошлади. – Бизни ўйлаш сизда сира йўқ экан-да шу. Отамиз нима деб васият қилганлар сизга? Шу укаларингга қара, қарамасанг, ҳаммаси ҳар хил йўлга кириб кетади, деб бизни сизга топшириб кетганлар, ахир! Сизнинг эса қилиб юрганингиз тескари, сизга қараб юришимиз керак…
– Ҳеч нарса қилиб қўйганим йўқ, мени эшитсанг-чи, – деган эдим, гапимни кесди.
– Йўқ, эшитмайман! Сиз мени эшитинг, – деди. – Доим шунақасиз, мен бунақа қилсам, укаларимга нима бўлади дейиш йўқ, ўз билганингиздан қолмайсиз. Худди сизга ука бўлганимизга биз айбдордек.
Жаҳлим чиқиб кетди:
– Ўв, менга қара! – дедим.
– Қарамайман! Шу вақтгача қарадим, етади, – деди укам.
– Қарамасанг қарама! – дедим. – Нима, отаммисан, нуқул ақл ўргатасан, мен сенга ёш бола эмасман-ку! Нега тушунмайсан? Мен ҳеч нима қилиб қўйганим йўқ! Жимгина ўтирибман, аҳмоқ!
– Э-э, ўзингиз… – Укам мени ҳам “Аҳмоқ” демоқчи эди, ўзини тутиб қолди. – Мен куйинганимдан айтяпман, одамларнинг оғзи бор, фалончининг акаси шунақа қилиб қўйибди, деган гап яхшими? Мен нима деган одам бўламан,ахир?
– Ҳеч нарса, укам, одамларга бу билан бир қориндан талашиб тушганмиз, лекин ака-ука эмасмиз, дейсан, бўладими? – деб узиб олдим укамни.
– Сизчалик тил билмаймиз, майли, ака, сиз доно, биз аҳмоқ, – деб укам аразлаб гўшакни қўйиб қўйди.
Ҳамманинг укаси шунақамикан, худди мен олдин туғилиб, унга тегишлигини ўзимники қилиб олгандек гапиради-я! Баъзан алам қилади, баъзан эса, укам-да, жони ачиганидан гапиради, деб шайтонга ҳай бераман. Фақат ҳозиргиси жуда ошиб тушди, майли, ўзига келиб қолар, укам-да, арази неча кунга борарди. Лекин ўзи нима қилиб қўйган эканман? Ё ишхонада бирон гап чиқдимикан?
Ишхонага сим қоққан эдим, гўшакни Нажмиддин ака олди, саломлашганимдан кейин сўрадим:
– Нажмиддин ака, ишхонада нима гап?
– Ишхона жойида, укажон, ўзингиз-чи? – деди Нажмиддин ака.
– Мен ҳам жойимда, яъни уйимдаман, ўтирибман, – дедим. – Ҳаммаси телефон қилиб нима қилиб қўйдингиз, деб сўрайди, ҳайронман.
– Мен ҳам ҳайрон ўтирибман, – деди Нажмиддин ака, – бир нима қилиб қўядиган одам эмас эдингиз, деб.
– Ўзи нима қилиб қўйган эканман, сўранг-чи? Ё борайми ўзим? – дедим.
-Йўқ, келиб юрманг, шу ердамиз-ку, сиз бир нима қилиб қўйсангиз, шундай қараб ўтирмасмиз? – деди Нажмиддин ака.
– Нима қилиб қўйганман ўзи? Ҳамма сўрайди, ҳеч ким бир гап айтмайди-я, – дедим.
– Майли, – деди Нажмиддин ака майинлик билан, – кўп ўйланманг, балки ўтиб кетар.
Ана холос! “Ўтиб кетар”, дегани нимаси? Нажмиддин ака босиқ-вазмин, унча-мунчага очилавермайдиган одам, менга таскин бериб гапиряптими, бир нарса қилиб қўйганга ўхшайман. Ё шу яқин-ўртада биронтанинг кўнглини оғритдиммикан? Тўғри, тилим ёмон, гоҳида ҳазилимнинг таги зил чиқади, ўзим ҳам билмай қоламан. Уч-тўрт ой олдин ишхонага келган бир танишим кўпчиликка гап бермай, ўзиникини маъқуллаб ўтирган экан, мен кириб: “Нима баҳс ўзи?”, десам, у “Булар мен билан баҳслашади-я, ахир, ҳар куни йигирма тўрт соат ухламай илм қиламан, биламан буни”, деди, тилим қичиб, “Бу одам билан баҳслашманглар, ҳар куни йигирма тўрт соат ухламай илм қиладиган одамдан ҳар гап чиқиб кетиши мумкин”, деган эдим, ҳамма кулиб юборди, ўзи ҳам, сал ранги ўзгарди-ю, қўшилиб кулди, лекин уч кундан кейин азза-базза хонамга бостириб кириб, “Нега мени ўша куни кўпчиликнинг олдида ерга урдингиз?”, деди, “Э-э, қўйсангиз-чи, қанақа ерга уриш, ҳазил-ку?”, десам, у: “Йигирма тўрт соат ухламай илм қиладиган одамдан ҳар гап чиқиб кетиши деганингиз ҳазил эмас?”, деди, “Бўлмаса, нима?”, десам, “Сиз мени жинни дедингиз!”, деди, “Қўйсангиз-чи, шуни ҳам кўнгилга оласизми? Ҳай, кулишдик-да, кулмасак, бу дунёда зерикиб кетамиз-ку”, десам, “Сиз одамнинг устидан куляпсиз-ку”, деди, “Хўп, оғайни, тегиб кетган бўлса, узр, кечиринг”, десам, “Сиз аввал одамни ўлдириб, кейин, узр, ўлдириб қўйибман, деяр экансиз-да, а? Йўқ, узрингизми пишириб енг!”, деди, “Хўп-э, нима қилай бўлмаса? Ўша одамла“ни тўплаб, “Оғайнилар, бу одам жинни эмас экан”, деб айтайми”, десам, Мана, шу гапингиз билан ҳам одамни майна қиляпсиз”, дейди! Хуллас, у десам, бу деб, кайфиятни бир тийин қилди, “Э-э, ҳар куни йигирма тўрт соат ухламай илм қиладиган одам жинни бўлмай, нима бўлади, боринг, бир тўйиб ухланг, тузалиб кетасиз”, дедим. Ўзи яхши одам, қуюқ сўрашиб юрардик, лекин шу билан орамиз бузилиб қолди, энди мени кўрса, ола қарайди. Лекин кейинги кунлари бошқа яна бировга ёмон гапирганимни эслолмайман. Булар ҳам нима қилиб қўйдингиз деб, бошқа одамга бир нима қилиб қўйганимни эмас, ўзим нима қилиб қўйганимни сўрашяпти. Бировга бир нима қилиб қўйганимда, албатта, нега фалончига бир нима қилиб қўйдингиз, деб отини ҳам тутган бўлар эдилар. Демак, ўзим бир нима қилиб қўйганман. Ўзим билмай нима қилиб қўйган бўлишим мумкин, ахир? Буларнинг сўрови худди нега бундай ўз жонингга қасд қилдинг деганга ўхшаб кетади-я, астағфируллоҳ! Шу ўйлайман денг, ўйимнинг тубига етолмайман. Ё ишхонадаги ҳужжатларни чалкаштириб юбордиммикан? Йўғ-э, унда бошқача гап бўларди. Ё биронтаси бирон туҳмат ўйладимикан, а? Йўқ, нимамга туҳмат қиларди, мен катта амалдор бўлсамки, биронтаси жойимга кўз олайтирса, ўзимнинг ҳам бировни ағдариб, унинг жойига чиқиш ниятим йўқ. Ё ўзим билмай бирон ғийбат гап айтиб юбордиммикан? Эслолмайман, ўзи шунақа гапларга умуман аралашмайман. Ё нохосдан биронта жўрамни сотиб қўйибманмикан? Мумкин эмас, чунки жўраларимдан биронтаси сотадиган иш қилмайди. Ё… қизиқ, каттароқ бир нарса, масалан, Ватанни сотадиган бирон хуфия нарсага аралашиб қолдимми, ўзим билмай? Эсинг жойидами, дейман, ўзимга ўзим, ўзинг ким бўлдинг-у, сенинг ватанни сотишга уринишинг нима бўлади, чумоли чумолига осмонни сотмоқчидек кулгили-ку бу. Ё биронтаси шунақа деб ёзиб юбордимикан? Э-э, йўқ, ҳозир бунақа ёзадиганлар ҳам, бунақани ўқийдиганлар ҳам йўқолиб кетди-ку, дейман яна. Яна нима қилиб қўйган бўлишим мумкин? Хавотирга тушиб, хаёлнинг мингта кўчасига кириб чиқаман, нима қилиб қўйганимни билолмайман, лекин буларнинг сўрашига қараганда, аниқ бир нима қилиб қўйганман, дейман, жавоб тополмайман.
Уйда у ёққа юраман, бу ёққа юраман, ўйлайман: нима қилиб қўйган эканман, бундан кўра ҳар кунги ўрганганим ишга борсам яхши эмасмиди, дейман. Бугун, кеча, ўтган куни, бир ҳафтада, бир ой, икки ой олдин қилган ишларимни бир-бир эслайман, ёмони тугул, аксига олиб, яхшила–и ҳам эсимга келмайди, шу ўртада бирон бир тузук иш қилмабман, шу ишга бориб келаверганимдан бошқа нарсани тополмайман. Ё илгарироқ бир нарса қилиб қўйганим келиб-келиб энди очилдимикан? Илгари нима қилиб қўйган бўлишим мумкин? Ҳамма қатори яшаб келяпман, бировдан пастроқ, бировдан баландроқ, ишқилиб, шохим йўқ… Ҳа, энди, бу дунёда юз фоиз бегуноҳ одамнинг ўзи бўлмайди, ўтмишини кавласа, табиий, у-бу гуноҳи топилади, бошқалардан яширгани билан, ўзи билади, кўпи майда-чуйда, вақт ўтиб, эскириб кетган, айтиб, бошқаларнинг вақтини олишга ҳам арзимайди. Лекин бу яқинларимнинг эътиборига арзийдиган бир нима қилиб қўйганман, шекилли, ҳаммаси нима қилиб қўйдингиз, деяпти. Нима қилиб қўйган бўлишим мумкин ўзи?
Бир ишхонага бориб нима қилиб қўйганимни сўрагим келади, бир сўрашни кўз олдимга келтириб, юрагим орқага тортиб кетади: борсам, ҳаммаси ўртага олиб, нима қилиб қўйдингиз ўзи, деб сўраса, нима қилиб қўйганимни билмасам, менинг нима қилиб қўйганим уларга аён, ўзимга эса ноаён бўлса, ишхонада нима қиламан, дейман.
Бир вақти дарвозанинг эшиги қарсиллаб кетди, ўзи шунақа, мойланмаган, очиб-ёпганда қарсиллайди, хотиним ишдан қайтиб келди. Ранги бир ҳол, менга ташвиш билан қарайди денг.
– Ҳа, тинчликми, жавоб олдингми? – деб сўрадим.
– Йўқ, қандай ўтираман? Ҳамма сўрайди, эрингиз нима қилиб қўйган экан деб, эзилиб кетдим, – деди.
– Эй, жоним, мана, ўзим ҳам ўйлаб ўтирибман, нима қилиб қўйган эканман, деб,- дедим.
– Укангиз ҳам телефон қилди, – деди хотиним.
– Қўявер, менинг ҳам бошимни қотирди, – дедим.
– Қишлоқдаги укангиз, уйга тушолмапти, доим телефон банд, деди.
– Э, ҳа, тинчликмикан?
– Акам нима қилиб қўйдилар ўзи, деб мендан сўрайди, – деди хотиним. Ҳайронлигимдан каллам ишламаётгандек туюлди.
– Кимдан эшитибди? – дедим талмовсираб. – Йўғ-э, ҳеч нима қилиб қўймаган бўлсам, нимани ҳам эшитарди?
– Йўлдан телефон қиляпман, деди, ҳали-замон келиб қолса ҳам керак, -деди хотиним, бемалол жойлашиб.
Ҳозир бу ҳам бошлайди, деб ўйлаган эдим, яна телефон жиринглади.
– Сен ол, мени йўқ, деб айт, – дедим хотинимга. Хотиним телефонни олгани заҳоти сўрашиб кетди:
– Ҳа, раҳмат! Ўзингиз яхшимисиз, болаларингиз яхшими? Ҳа… ҳа, уйдалар…
Мен: “Йўқ, де!”, деб шивирладим, қўлимни силкитдим. Хотиним эса: “Ҳозир”, деб кафти билан гўшакни ёпди-да, менга:
– Қандай йўқ, дейман, Мурод ака-ку! – деди.
– Ҳа, Мурод бўлса, бер гўшакни, – дедим.
Мурод менга кўп ҳам телефон қилавермайди, жуда ишлик одам, кейин, ҳамма дўстинг билан ҳар куни гаплашавермайсан-ку, узоқдан ҳам қалин дўст бўлиб юраверасан, онда-сонда учрашиб қолганинг ҳам етади, кўнгил узилмаса бўлди-да.
– Қандай, ёмон йўқми? – деди Мурод, гап оҳангидан сездимки, унга ҳам етиб борган.
– Ёмон йўқ, Мурод ака, – дедим, дўстим бўлса ҳам, раҳбар одамга унча ботинолмайман, учрашганда Муроднинг отини айтаман, телефонда эса, шу қути расмийроқми, ака деб юбораман.
– Ёмон йўққа ўхшамайди-ку, – деди Мурод. – Шу пайтгача бир нима қилиб қўймаган эдингиз-ку?
– Мурод ака, ўзим ҳам бошим қотиб ўтирибман, нима қилиб қўйган эканман деб, – дедим ростдан ҳам бошим қотиб.
Мурод чуқур нафас олди, унинг ҳатто мўйловини силаб ўтириши ҳам кўз олдимга келди.
– Ҳай, қаранг-да, жўра, бирон ёрдам керак бўлса, котибамга тайинлаб қўйдим, айтсангиз, дарров улайди, – деди Мурод.
– Йўғ-э, раҳмат, сиз овора бўладиган ҳеч нарса йўқ, – дедим.
– Тортинманг, – деди Мурод, – Бир дўстнинг керагига ярамасак, нимага яшаб юрибмиз ўзи. Ўйлайверманг, биз ҳам сизни шундай ташлаб қўймаймиз…
Муроднинг гапидан ҳам таъсирландим, ҳам кўнглимдаги ғулғула кучайди: нима, бирон кулфатга учрадимми, нега худди мен чорасиз қолгандек, ёрдам қўлини чўзяпти, нима қилиб қўйганман ўзи, а? Ўзимнинг аҳволим бу, яна хотиним ҳам менга ҳамдард қарайди.
– Менга бундай термилиб ўтиришингдан нима наф? Ишингга борсанг-чи? – дедим унга.
– Сизни шу аҳволда ташлаб-а? Бормайман, – деди хотиним.
– Э, бор, – дедим. – Аҳволимга ҳеч нарса бўлгани йўқ. Тушлик қилиб ол-да, ишхонангга бор.
– Овқат ўтадими шу топда? – деди хотиним.
– Бўлмаса ўша ерда тамадди қиларсан, – дедим.
– Ўзи нима қилиб қўйдингиз? – деди хотиним.
– Икковлашиб ўйласак ҳам тополмаймиз, – дедим.
– Уйда ўзингиз ўтираверасизми шундай? – деди хотиним.
Хотинимни бир амаллаб ишига қайтариб юбордим. Уйда яна бир ўзим, жойимда ўтиролмайман, тинмай у ёқ-бу ёққа юраман, лекин телефондан узоқ кетмайман. Шу япалоқ қути, жим, аммо истаган пайтида жиринглаб юбориши мумкин. Албатта, бир яқиним сим қоқиб, нима қилиб қўйганимни сўрайди. Мен эса, ахир, нима қилиб қўйган эканман, деб унинг ўзидан сўрайман. Ишқилиб, энди телефон қилмасинлар-да, деб ўйланаман, аммо жим турса, торс ёрилиб кетай дейман. Балки биронтаси ниҳоят нима қилиб қўйганимни айтиб қолар дейман.
Назар телефон қилди, у ҳеч қачон кўп гапирмайди, “Ҳа, ака, яхшимисиз? Ўзим шундай”, дейди. Гапни мен гапираман, у индамай эшитади.
– Назар, жўра, одам доим бир хилда яшайвермайди-ку, тўғрими? -дейман. – Бугун ишга бормадим, лекин ҳамма нима қилиб қўйдингиз, деб безор қилиб юборди. Гап ишга бормаганимда эмасга ўхшайди.
– Э-э, мен нима дейишим мумкин? – дейди Назар. – Қачон нима қилиб қўйган бўлсангиз, ўзингиз тўғрилаб кетгансиз-ку. Мен, қани бу, ака нима қилиб қўйган экан, деб телефон қилаётганим…
Ана холос! Энг суянганларимдан бири Назар бўлса-да, бу ҳам менга шунақа деб турса!
Эркин телефон қилди:
– Салом! А, а? Нима эди? Ҳа, бу, жўра, Мурод бир гап айтди, биласиз-ку, чап қулоқ унча эшитмайди. Гўшакни шу қулоққа тутган эканман, шошилиш-да, жўра, ёмон эшитдим, сизни бир нима қилиб қўйибди, деди. А, а? Оббо, шошманг, жўра, телефон яна шу қулоқда экан. Ҳа, мана, гапиринг!
– Ҳеч нима қилиб қўйганим йўқ, Эркин, – дедим.
– Энди яхши эшитяпман, – деди Эркин. – Нимага ҳеч нима қилиб қўйганингиз йўқ? Мурод шунақа деяпти-ку, Хуршиддан ҳам сўрадим, Усмон телефон қилди менга, укангиз билан гаплашдим. Нега ҳеч нима қилиб қўймагансиз?
– Рост, ҳеч нима қилиб қўйганим йўқ, Эркин, – дедим хунобим ошиб.
– Энди, шу, жўра, қарияпмиз шекилли-да, – деб Эркин хахолаб кулди. -Нима қилиб қўйганингизни ўзингиз билмасангиз, биз билмасак, бу ёғи ғалати бўлди-ку! Қиззиталоқ, бу ёқда қулоқдан олиб турса. Ўзи кўришмаганимизга қанча бўлди?
– Уч ой, – дедим тахминлаб.
– Уч ой? – деди Эркин ҳайрон бўлиб. – Иброҳимникида ўтирганимизга уч ой ой бўлдими-эй? Куннинг тез ўтишини!
– Ҳа, кун тез ўтяпти, умр ҳам, – дедим.
– Э, бу яхши эмас, бир шаҳарда туриб уч ойдан бери кўришмасак, – деди Эркин куйиниб. – Учрашиб турайлик-эй!
– Албатта, – дедим Эркинга.
Ростдан, шу топда ҳар куни-кунора кўришадиган жўраларимни ҳам, онда-сонда учрашадиган дўстларимни ҳам кўргим келиб қолди. Кунда ё ойда кўришамиз, саломлашамиз, ҳол-аҳвол сўраймиз, кўришиб турайлик, бир чойхона қилайлик, деймиз, лекин гапимиз қисқа, чала, йўл-йўлакай, аммо бошимизга бир дард тушса дарров бирлашамиз, фақат шу бирлашиш кунини кутиб яшашимиз керакми, дейман, мана, охирги жамулжам тўпланганимиз Шавкатнинг жанозасида эди, бошимиз бирикиб, битта йиғини ичдан йиғладик, “Шавкат ҳаммамизни яна бирлаштириб кетди-я”, дедик, бир-биримизнинг оқарган сочларимизга, майда ўрмалаган ажинларимизга, дарддан мўлтайиб қолган кўзларимизга зимдан тикилиб, яна биттамизни йўқотиб қўйишдан хавотирга тушдик, шу қўрқув бизни ўша кунлари жуда яқин қилиб қўйди, лекин яна ҳар биримиз ўз уйимиз, ишимиз, ташвишимизга тарқалиб кетдик…
– Эркин, ҳаётнинг урушидан эсон-омон ўтиб келаётган етти-саккиз жўра эканмиз, қаранг, ҳаммангиз мендан нима қилиб қўйдингиз, деб ташвишдасиз, лекин мен нима қилиб қўйганимни билмайман, – дедим.
– Нима қилиб қўйганингизни билмайман-у, – деди Эркин. – Лекин гапни оласиз. “Ҳаёт урушидан эсон-омон ўтиб келаётган етти-саккиз жўра…” Зўр!
Ғалабани ҳам нишонлаб турайлик, шунда бир-биримизнинг нима қилиб қўйганимизни билиб турамиз. Бўпти жўра…
Бўпти-ку-я, жўра, лекин мен ҳар куни ишга бориб келишдан, турмушнинг оқимида умрим бир зайлда қалқиб ўтиб кетишидан салгина ториққан эдим, холос. Ҳеч шикоят қиладиган жойим йўқ, лекин худди бировнинг умрини ўзимга вазифа қилиб олгандекман, ҳаётим ҳам ишхонага ўхшайди, бировнинг тартиби билан яшаётгандекман, бир тўхтаб, шошма-чи, бу ҳар куни ишга бориб-келиш билан қаёққа боряпман-у, ким бўлиб етаман ўша манзилга деб бир кунгина ўйласам, деган эдим, ўзи битта, лекин тумонат саволнинг ичида қолдим. Ҳеч нима қилиб қўйганим йўқ, бир нима қилиб қўйган бўлсам ҳам, ўзим ўйлаб тополмаяпман шуни, жўраларимга бу дунёда борлигимдан бошқа бирон наф келтирмаган бўлсам-да, керак эканманки, ҳаммаси ташвишланиб сўраяпти, лекин балки ўзлари билмас-у, аммо нима қилиб қўйганимни сезиб тургандек, эҳтимолки, сезиб келаётгандек, билгилари келяпти нима қилиб қўйганимни.
Укам ҳам келди қишлоқдан катта сумкасини кўтариб, лекин кириши биланоқ нима қилиб қўйганимни сўрамади, аввал қучоқлаб, икки юзимга юзларини салгина тегизди, кейин “Ассалому алайкум, ака, яхшимисиз?” деб синиқ жилмайди, худди ўн йил кўришмагандек ғалати бўлиб кетдим: укам-укам деб юраверибман, бу ҳам тўрт боланинг отаси бўлиб, сочларига оқ оралаб кетибди-я!
Укам ўтиргандан кейин:
– Қани, омин! – деб фотиҳага қўл очди. Омин қилдик.
– Болаларинг яхшими, келин қалай, ўзинг яхши юрибсанми, қийналмаяпсанми? – дедим. – Бу сочинг ҳам оқариб қолибди-я?
– Ҳа, энди, қирққа боряпмиз, ака, – деб укам яна жилмайди. – Кейин, зотимиз ҳам шунақа шекилли. Бўлмаса, ҳаёт ёмон эмас, кунимиз ўтиб турибди-ку. Жиянларингиз ҳам яхши, бобомга мен бораман, мени олиб борасиз, деб талашиб қолди ҳаммаси.
– Қалай, қишлоқда нима гап? – деб ичимни тимдалаётган мақсадга ўзим ўтдим.
– Қишлоқ, худога шукр, тинч, – деб укам ўрнидан турди-да, сумкасини олиб, ошхонага ўтди.
– Эй, шунча юкни кўтариб нима қилардинг, – дедим.
– Майли, ўзингизнинг уйдан, – деди укам.
– Ташвиш қипсан-да, – дедим. – Мундоқ ўтир, гаплашайлик. Нима гап ўзи, нега шунча йўлдан келиб юрибсан? Нима дейишяпти қишлоқда?
– Э-э, кимнинг ким билан нима иши бор, ака, – деди укам, – ҳамма ўзининг ташвиши билан. Ўтган куни Абдуалим ака, синфдошингиз, қизини узатган эди, Ҳамроқул ака билан қуда бўлди, тўйда тўрт-бештаси мендан “Акангиз нега бунақа қилиб қўйибди?”, деб сўради.
Анграйиб қолдим.
– Ўтган куни?!
– Ҳа, ўтган куни, – деб укам менга ҳайрон қаради. – Нима эди?
– Мен ишга, мана, бугун бормадим-ку? – дедим.
– Ишга бормаганингизни мен бугун эшитдим, – деди укам, – лекин нима қилиб қўйганингизнинг гапи анчадан бери юрибди. Холмурод аканинг ўтганига қанча бўлди, бир ярим ойми, икки ойми, ишқилиб, ўшанда Ризо бўлам ҳам: “Аканг нима қилиб қўйган ўзи, бу акангдан сўрасам, тайинли гап айтмайди”, деди. Акамни биласиз-ку, бунақа бўлса, билганини ҳам билмадим, дейди.
– Қизиғ-у, ҳеч нима қилиб қўймаган бўлсам, акам нимани биладию Ризо бўламга нимани айтади? – дедим.
– Олдинги бозорда Султонов маст юрган экан, у ҳам “Аканг нима қилиб қўйган ўзи?”, деб ёпишиб олди, “Сизга ўхшаб кўп ичиб бозоржойда ағнаб қолибди”, деб қутулдим. Опам ҳам қишлоққа келиб, “Бу аканг бир нима қилиб қўйган, кўнглим сезган эди”, деб доимги дийдиёсини бошлади, йиғлаб акамникига борибди, акам мени чақириб, “Бу ерда ваҳиманинг уясини ясагунча, бир бориб, нимага бундай қилиб қўйганининг хабарини билиб келсанг-чи”, деди. Бунга ҳам икки ҳафта бўлди-ёв. Ҳаммаси гапираверганга ўзимнинг ҳам кўнглим тинчимади. Эрталаб Жиззахга ҳам тушиб ўтдим, ўзи ишда экан, келинга ҳам хавотир қилманглар, ўзим Тошкентга бориб келаман, дедим.
– Нима, Жиззахга ҳам борибдими нима қилиб қўйганим? – деб ҳайронлигим ўн чандон ошди.
– Жиззахдагилар эшитмай қоладими? Бошқа ёқдагилар ҳам эшитган бўлиши керак, – деди укам хотиржам.
– Қайси бошқа ёқдагилар? – деб сўрадим ҳовлиқиб.
– Ҳа, энди, бунақа гап ётмайди, ҳамма ёққа кетади-да, – деди укам.
Нима бўляпти ўзи, а? Нима қилиб қўйганман, яна бу нима қилиб қўйганим қачон, қандай қилиб қишлоққа, яна ўзим бехабар, бехабарлигимни ҳам билмасимдан бир-ярим-икки ой олдин, балки ундан ҳам олдинроқ ҳамма ёққа қандай қилиб тарқалган, буни мен қандай қилиб билмай қолганман, ахир, ҳамма ана шу тарқалиб кетган нарса менинг бир нима қилиб қўйганим-ку, шу пайтгача нима қилиб қўйганимдан қандай қилиб ўзим бехабар юрганман? Сира ақлга сиғмайдиган ана шуларни ўйлайман деб умуман каллам ишламай қолди.
– Ака, ҳали бозор қайтмади, а? – деб сўради укам.
– Ҳали қайтмайди. Нима эди? – дедим.
– Эртага эрта қайтаман. Жиянларингизга у-бу олай, – деб укам рухсат сўради, – кечқурун ўтирармиз. Бу акам ҳам келса керак, боя телефон қилувдим.
Укам бозорга кетди, мен билан ўтиришга кўнгли бормади шекилли, ҳар қалай, аядими, ё бошқа мен билишим мумкин бўлмаган бир нарсани биладими, ишқилиб, доим очиқ гаплашадиган укам унча очилмади, гапирганида ҳам мендан кўзини олиб қочиб ўтирди.
Яна телефон билан ёлғиз қолдим, уйимдан ташқаридаги дунёнинг хабарсими шу қутига уланган, у ёқда мендан бошқа, лекин ичида менинг нима қилиб қўйганим ҳам қалқибқалқиб тарқалиб бораётган ҳаёт ҳаракатда, уйда телефонга термилиб ўтирганим билан у ёқда бир нима қилиб қўйган бошқа ўзим шу нима қилиб қўйганини билолмай ҳамма жўраларимдан, мени билган-билмаган одамлардан нима қилиб қўйганини сўраб-суриштириб юргандек, ҳатто унга менинг мутлақо алоқам йўқдек ҳам туюлиб, керак бўлса, нима қилиб қўйганини ўзи билиб олсин, деб қўл силташгача ҳам бордим. Лекин жўраларга, ака-уканг, қариндош-уруғинг, ҳамқишлоғу ҳамшаҳарларингга қўл силтай олмаганингдек, ўзингга ҳам қўл силтай олмайсан, ҳализамон ўз болаларим мактабдан нима қилиб қўйганимнинг гапини кўтариб келса, уларга ҳам жавоб беришим керак. Бошқалар, ҳатто ака-ука, опа-сингилларим ҳам ўз ҳаётини менсиз, менинг қилганқилмаган ишларимсиз яшайверади, лекин оилам, болаларим менсиз яшамайди-ку, ўзимдан ҳар қанча қочмай, буларни ўзимдан халос қилиб кетолмайман. Менинг нима қилиб қўйганим, биринчи ўринда, буларга тегишли-ку! “Дада, бир нима қилганингизда нега бизни ўйламадингиз? Сиз билан фахрланиб юрибмиз-ку, сиз бўлсангиз бунақа қилиб қўйибсиз”, деб айтишса! Айтадилар ҳам, чунки иккаласини ҳам фик–ли қилиб ўстиряпман, ўзим “Менинг сизларга берадиган бойлигим шу ўқиш, илм”, деганман, ўзим берган бойлик-ақлдан келиб чиқиб нима қилиб қўйганимнинг саволини албатта ўзимдан сўрайдилар. Лекин болаларим ҳам сўрайдиган нима қилиб қўйганман ўзи?
Бу ўртада Нормурод, Усмон, Аҳмад, Саид сим қоқди, яна беш-олти узоқроқ оғайниларим, ҳатто “Ўзимизнинг Жонқовул нима қилиб қўйибди?”, деб Маҳмуд ака ҳам сўради, Иброҳим ишга бормаганимни гўшанишинлик деб маъқуллади, нима қилиб қўйганимни маъқулламади, бари бир, нималигини у ҳам айтмади, Орзиқул ҳақирлик мақомининг юкини тушунтирди, ўғлим мактабдан келиб, ракеткасини олди-да, теннисга кетди, салом бериб, кейин индамаганидан билдимки, ҳамма гапдан хабари бор, ичида қийналиб юрибди, қизим, дугонаси айтиб кетди, тушдан кейинги машғулотга қолибди, хотиним ишдан уч марта “Оч ўтирманг тағин”, деб сўраб қўйди…
Уйга қамалиб, худди қудуқ қазаётгандек, тобора чуқурлаб бораётгандек, ўйлайман, тубига етолмайман, лекин нима қилиб қўйганимнинг ўйи тумонатнинг хаёлида кезиб юрибди, биляпманки, улар фақат нимадир қилиб қўйганимни билади, холос, лекин айнан нима қилиб қўйганимни ҳеч қайси билмайди, уларнинг хаёлида шундай бир ташвишнинг ўзигина бор, агар аниқ билганларида мендан ташвишланиб сўрамас, нима қилиб қўйган бўлса, ўзи жавоб беради-да, деб қўл силтаб қўя қолган бўлар эдилар. Шундан келиб чиқиб биламанки, нима қилиб қўйган бўлсам ҳам, ўзим билишим керак, нима қилиб қўйган эканман деб, зўр бериб ўзимни кавлайман.
Туғилиб, эсимни танибманки, эсимда қолган қилгуликларимни бир-бир эслашга уринаман, лекин нима қилиб қўйганимни ўзим ҳам аниқ билолмайман. Ё жуда зўр бир одамнинг ўрнига туғилиб, у қилиши керак катта-катта ишларнинг ўрнига майда-чуйда юмушларни бажариб юрганмиканман? Университетга зўрға илинганимда, ҳам мен бечора кирдим-эй, деб хурсанд бўлиб, ҳам ўзимга ўхшаган бир бечоранинг ўрнига ўтдим шекилли, деб эзилиб, кейин ўзимни оқлаш учун нуқул бешга ўқиганман. Лекин менинг ўрнимга ўтиши мумкин бўлган ўша бечора мен ўтган тўсиқдан ўта олмаган-ку, ўрнига мен туғилган ўша зўр одам ўзи туғилганда ҳам мен дуч келган тўсиқлардан ўта олмай, мендай ҳам одам бўлмаслиги, катта ишларни қилиш тугул, зўрға кун кўриб юриши ҳам мумкин эди-ку! Ёшлигида қанақа ёрқин умидлар туғдирган одамларнинг қанчаси девор кавагида қолиб кетган! Хўп, бировнинг ўрнига туғилиб, унинг вазифасини бажариб юрган бўлсам-да, ака-ука, опа-сингилларим ўзимники, жўраларим ўша туғилмаган бировга эмас, ўзимга жўра-ку, тўғрими? Ҳаммаси мендан бошқа бировнинг эмас, менинг ўзимнинг нима қилиб қўйганимни сўраяпти, шунга жавобни туғилмаган, туғилиши ҳам номаълум бўлган ўша бировдан эмас, мендан сўраяпти, мен эса нима қилиб қўйганимни ўзимдан билолмай ўйда ўтирибман, шу нима қилиб қўйганимни билолмай ўйда ўтирганим балки нима қилиб қўйганимнинг ўзидир?
2001 йил