Ҳаммасини соч-cоқолини олдиргани келган қадрдони Абдураҳим монтёр қўзғаб кетди.
– Уста, қўлингиз гул-да, бир зумда одамни онадан қайта туғилгандек қилиб қўясиз-а, – деди аввалига мақтаб. Сўнг дераза тарафни кўрсатиб гапини улади. – Мана, баҳор яқин, ҳамма ёққа яшил тус уриб қолди, қараб кўз қувонади. Сиз ана шундай ажойиб фаслда туғилгансиз, ҳадемай қирққа кирасиз. Аммо кўрганлар йигирма бешда деб ўйлашади. Феъли кенг, кулағон одам қаримаскан-да. Энди бу йил даврани кенгроқ оласиз… қирқ ёш-а, қирқ ёш… қирчиллама йигит ёши…
Монтёрнинг гапи устанинг кўнглига ғулғула солди. У кетгач пастаккина дўкони гўё торлик қилиб бот-бот ташқарига чиққиси келаверди. Олдинига андишага борди… ҳали кунлар росмана исимаган, мижозлар нозик бўлади. Лекин кўнгил қурғур талпинаверди. Ахийри бир курсини кўтариб чиқиб ариқ бўйидаги тол соясига қўйди, ёнига асбоблар солинган эски чамадончасини келтирди. Нима, тор дўконда дам-бадам деразага тикилиб, димиқиб ўтираверадими? Кўчада ишласа, уни отаси уришармиди? Абдураҳим зап эслатди-да. Аммо шундоқ ҳам бари кўнгилда бор гаплар эди… баҳорга интиқлиги-ю, туғилган кун баҳона ёру биродарларини жамлаб гурунглашиш нияти ҳам… Бироқ айни шу баҳорда қирққа кириши хаёлидан кўтарилган экан. Қирқ ёш, қирчиллама йигит ёши… Ҳа, у ҳали йигитлардек бардам, чаққон, бақувват…
Оқшом Абдураҳим монтёр яна келди. Бу маҳал дўконда устанинг ичакузар аскияларига ишқибоз, ҳангоматалаб уч-тўрт жўралари йиғилган эди. Устанинг қўли бўшади-ю, дўкон бурчагидаги тахта сўрига жам бўлишиб қарта ўйнай бошлашди. Абдураҳим монтёр тағин боягидек ёқимли гаплар қилиб, даврадагиларнинг кўнглини кўтариб ҳазилга куч бериб ўтирди. Бошқалар ҳам унга қўшилди. Аммо улар кутганидек бугун уста ҳазилларга кескин-кескин жавоблар қилмади. Гапга чечан, ҳар қандай сўзамолни даканг хўроздек бир чўқишда қочирадиган, сал гапга тиззасига урганча “ваҳ-ваҳ-а”лаб куладиган одамнинг бирдан сипо тортишидан ҳамма ҳайрон бўлди. Уста на юракдан чиқариб кулар, на ўзи бир оғиз кулгили гап айтарди. Қарта ўйинининг пири бўлатуриб кетма-кет ютқазарди. Жўралари охири сабабини сўрашди.
– Баҳор-да, баҳор! Сезмаяпсизларми?.. – деди-ю, даврадан четлаб дераза олдига бориб ташқарига термулиб қолди. Барибир ҳеч ким ҳеч нарса тушунмади.
Эртасига уста барвақт уйғонди. Ҳовлидаги дарахтлар оралаб, уларнинг бутоқларида бўртиб қолган куртакларига тикилиб узоқ айланиб юрди. Оқаришиб келаётган тонг осмони ҳам куртаклардай кўм-кўк эди. Шу пайт тоғ ортидан оҳиста қуёш мўралай бошлади. Қуёш ҳам гўё кўм-кўкликларга маҳлиё бўлиб чиқаётгандек туюлди унга. Қушларнинг бутоқлардаги тонгги чуғур-чуғури-ю, нозик-ниҳол капалакларнинг учишлари кўзига жозибали кўриниб кетди. Баҳорнинг бу гўзал манзаралари эрталабданоқ кўзларига қўниб, кўнглига кириб олди. Чойни ҳам паришонхотирлик билан ичди. Дўконга чиққач, қўли ишга бормади. Ҳадеб кечагидек деразадан ташқарига қарагиси келар, эшик очилса хурсанд бўлиб, ёпилганда қовоғи осилар, нималардир унга тинчлик бермасди…
Устанинг тушгача ишлашга ҳам сабри чидамади. Токайгача ёнгинасида чирой очиб турган баҳорга томошабин бўлсин! Шартта дўконни қулфлаб, ҳовлига ўтди. Ўғлининг мактабдан қайтишига ҳам тоқат қилмай, унинг чала қолган варрагини битирди. Буни кўриб хотини тил учида пичинг қилди.
– Ўлақолсин, кап-катта одам, қирққа кирганда айнишини…
Уста бу гапни эшитмаганга олди.
– Сен ўзи менга текканингда ўн олтидамидинг ёки ўн еттидами? – дея гапни чалғитиб, хотинига ўтли бир қараш қилди.
– Талмовсираманг, – деди хотини мулойим жилмайиб.
– Бор, уйдан ўнинчи ғалтак ипни опчиқ.
– Э, сизни қаран-гу ёш бола бўлиб… – Хотини зинғиллаб кириб ғалтакни олиб чиқди. Уста варракка ипни улади-да, катта кўчага чиқиб учирди. Бирпасда атрофини болалар қуршаб олди. Кўча зумда уста ва унга қўшилиб чопиб юрган болаларнинг қийқириғига тўлиб кетди. Варрак ҳар шох ташлаганда эса, қийқириқлар оламни бузай дерди.
Уста шу куни бир тўп болалар қуршовида борлиқни унутганча кечгача чопиб юрди. У ўзини гўё шўх-шаддод, беташвиш болалигига қайтгандек сезарди. Соч-соқолини олдиргани келганлар дўкон олдида кута-кута ноилож қайтиб кетишарди. Уста эса на вақт ўтаётганини, на мижозларини пайқар, вужуди гўё осмоннинг бир четини эгаллаб учиб юрган варрак ва баҳорий кайфиятга асир тушган учқур хаёллар билан банд эди. Ёшлигида бир пайтлар туғён урган, ҳозир анчайин унутилган беғубор туйғулар қалбида қайта меҳмон бўлар, хаёлот сеҳри уни ҳаёт ташвишларидан фориғ этиб, сирли бир оламга етакларди…
Кун бўйи варрак кетидан югургани етмагандек кечроқ кўчада маҳалла болалари ўйнаётган футболга кўзи куйди. Олдинига бир оз томоша қилди, сўнг чидолмай ўйинга қўшилди. Қоронғи киргунча тўп ортидан маза қилиб югурди, дарвозага тўп кирганда ҳаммадан кўп қувонди.
Кеч кирди. Дўконга бирин-кетин ҳамқишлоқлари кела бошлади. Булар орасида боя келган ва устанинг ўйинқароқлигини кўриб жаҳли чиқиб қайтиб кетган мижозлар ҳам бор эди. Улар йўқотган вақтларига ачиниб, ичларида зил кетиб ўтирсалар-да, буни ташларига чиқармас, фақат устага варрак ҳақида, тўп ўйини ҳақида пичинг қилишар ва бу билан ўзларича устани боплаб чимдиб олдим, деб ўйлашиб, сал хуморидан чиққандек бўлишар, бироқ уста кинояларга парво қилмай, ҳамма гапни кулгига олганича уларга чала-чулпа жавоб берар, хаёлида эса ҳамон жонланган болалик хотиралари, кўм-кўк баҳор ҳукмрон эди. Устани бу аҳволда кўрганлар унинг қўлидаги устаранинг нўноқ тиғига рўпара келишдан ҳайиқиб секин-аста дўконни тарк этишди. Бироқ уста буларга ҳам парво қилмади.
Эртасига қишлоқда ғалати гаплар кезиб қолди.
– Уста жинни-пинни бўлганга ўхшайди, кеча куни билан болаларга қўшилиб варрак ўйнабди. Ярашмаган қилиқ: уй-жойли, таг-тугли одам. Эсиз…
– Буниси камлик қилгандек, кўча чангитиб ҳаллослаганча тўп тепиб юрганига ўласанми?
– Нимасини айтасиз, оқшом дўконига келган етти мижознинг бештасини ярадор қилиб жўнатибди. Яхшиямки қолганлар қочиб қопти. Ҳадеб кулармиш… Баҳор, ҳаммаёқ кўм-кўк деб барчага бир гапни айтармиш…
– Ё тавба, ростдан ақли жойида эмас, шекилли…
– Дўхтирга кўрсатса бўлармиди? Ҳар ҳолда кўпчиликнинг иши тушадиган одам. Тағин бирор нарса бўлиб бирортани…
– Инс-жинс текканми дейман, ҳеч бўлмаса мулла-пуллага ўқитворганда…
Хуллас, турли оғиздан чиққан бу хилдаги миш-мишлар эртасига бутун қишлоққа овоза бўлди. Эшитганлар афсус билан бош чайқар, бошқаларга айтганда ҳар ким ўзидан ниманидир қўшарди. Энди дўконга мижозларнинг келиши камайди. Фақат устанинг табиатини биладиган Абдураҳим монтёр ва унга ўхшаш яқин ёру дўстларигина келарди, холос. Уларнинг ҳам кўпчилиги соч-соқолини қаерлардадир олдириб, бу ерга қуруқ суҳбат-у қартавозлик қилишга бош суқарди. Шу ойда ойлик режасининг ярми базўр бажарилди. Маиший хизмат кўрсатиш корхонаси директори мажлисда ҳар доим оғзидан қўймай мақтайдиган устанинг бу ишидан аввалига ҳайрон бўлиб унга узоқ тикилди, кейин юзидаги ҳайратни қувиб дўқ қилди, қизишиб кетиб бақирганча ойнинг охирида бериладиган мукофот пулидан ҳам маҳрум қилиб юборди.
Ҳар гал туман марказидаги йиғиндан оғзининг таноби қочиб, бир халта майда-чуйда кўтарганча дарвозадан бақириб-чақириб келадиган уста бу сафар йўнилган таёқдек сўппайиб кириб келди. Гап-сўзсиз уйга кириб, бармоқ тишлаганча хомуш тортиб, касал одамдек чўзилиб ётиб олди. Эрининг йўлини пойлаб тушгача ҳам қозон осмай ўтирган хотини рўзғор камчиликларидан нолиб тўнғиллаганича ҳовлига чиқиб кетди. Ўғли, футбол тўпи олиб келмабсиз, деб тўмтайди. Қизчаси ҳам айтиб юборган дафтарнинг жанжалини бошлади. Уста даст кўтарилиб ҳовлига чиқди, хотинига ёвқараш қилди, ўғлининг минг илтижо билан ялинганига ҳам қарамай варракни парчалаб тандирга тиқди-да, ёқиб юборди. Толдан “попук соч” қилиб беринг, дегувчи қизларини уришди. Дўкон олдида ўралашиб юрган болаларни сўкиб, ҳайдаб солди.
Шу кундан бошлаб баҳор ҳақида, қирлар, қирлардаги лолалар ҳақида ҳеч ким унинг гапларини бошқа эшитмади. Энди у режани бажариш, ойликни бут қилиш ва мукофотга илиниш, оиланинг тўқлигини таъминлаш учун қишлоқдаги мижозларига кўз тикиб ўтирмас, якшанба кунлари саҳар туриб, эскириб кетган оқ халати-ю асбобларини эски чамадонига жойлаб, қўлбола стулни орқасига орқалаб киши билмас сўқмоқ оралаб туман марказидаги бозорга равона бўларди. У ерда эса кун бўйи оёқда туриб ишлар, қош қорайганда ҳориб-чарчаб қайтарди. Дам олиш кунлари тўйиб-тўйиб ухлаш ҳам, бола-чақасининг олдида кўрпачага ёнбошлаб оёқни узатиб ҳордиқ чиқариш ҳам, энди унга узоқда қолган ширин бир тушга ўхшарди.
Атрофда эса ҳамон баҳор эди… толлар ҳам, қирлар ҳам, боғлардаги гул ташлаган дарахтлар ҳам кўм-кўк… ғуборсиз осмонда қуёш кун сайин кўпроқ жилмайиб турар, болалар қувонганларича шўх чопқиллаб юришар, баъзан устанинг дўкони олдида тўпланишиб варрак энг баланд учган кунни бир-бирларига тинмай сўзлашарди. Бу гапларни табиийки, уста ҳам эшитар, болалардек ўша кунни у ҳам қўмсарди. Лекин жиддий, камгап бўлиб қолган устага на болалар бир оғиз гапиришга ботинар, на юрак ютиб уста уларга кўнгил очарди. Футболчи болалар ҳам баъзан дўкон рўпарасида тўпларини кўз-кўз қилиб ўтиб қолишарди. Уста эса эндигина асл ҳолига келаётган мижозларини қайта чўчитиб юбормаслик учун гўзал табиатга ҳам, шўх-шодон болаларга ҳам пинҳоний бир ҳавас билан суқланганча термулар, аммо буни бошқаларга сездирмас эди…
“Ёшлик” журнали, 2013 йил, 4-сон.