Кўчадан болаларнинг қийқириғи эшитилиши билан хотинимнинг пешонаси тиришди:
— Уф, яна келишди.
Унинг бу сўзидан дами чиқиб кетган пуфакдек бўшашиб кетдим.
— Эшикни очмай қўя қоламиз. Қўнғироғини жиринглатиб, уйда эмас эканлар деб, қайтиб кетаверишади, — деди хотиним қовоғидан қор ёғиб.
— Эсинг жойидами? — дедим мен елкамга тўнимни ташлаб. — Бизни одам деб келишаяпти ахир.
Хотиним тўнғиллади:
— На вақтида ётишга қўйишади, на дам олиш куни ҳордиқ чиқаришга.
Аммамнинг маҳалласидан квартира олганимизга ярим йил бўлиб қолди. Шундан бери борди-келдининг кети уизлмайди. Аммамиз янги уй қуришган. Ҳозирча ҳаммоми йўқ. Шунинг учун ювингани бизникига кунора келиб туришни канда қилишмайди.
Эшикни очгунимча йўлакда меҳмонларнинг ғўнғир-ғўнғир овози эштилиб қолди.
— Нима бало, дарров ухлаб қолишдими? — Бу аммамнинг товуши.
— Ие, келинглар, келинглар, — дедим уйқусираган кўзларимни ишқалаб эшикни очарканман, кейин бошқа гап тополмай сўрадим:
— Тинчликми?
— Кеча ҳашарчилар билан бўлиб тоза чарчаган эканмиз. Бир ваннага тушайлик деб келаётганимиз.
— Ажаб қипсиз-да аммажон, қани ичкарига киринг.
Бу орада аммамнинг неваралари шовқин-сурон кўтариб кириб келишди. Кароватларда тинчгина ухлаб ётган болаларим чўчиб уйғонишди. Ичкаридан пешонасини тириштириб хотиним чиқди.
— Ҳа, келинпошша, намунча шу пайтдан ётиб олмасангиз. Кун йилдай-я, — деди аммам кўришар экан.
— Кеча чарчаб қолибмиз, — деди хотиним ясама илжайиб. — Бугун зўрға ишга бориб келдик.
— Ёш нарсага чарчашга нима бор. “Дом”да иш йўқ бўлса. Қани, менга тоза сочиқ беринг. Бир ювиниб чиқай. Чиққунимча аччиққина чой дамлаб қўйинг.
Аммам билан бир маҳаллада эканимизга дастлабига роса хурсанд бўлдик. Негаки, бир-биримизникига чиқиб турамиз. Лекин масаланинг бошқа тарафи ҳам бор экан. Эр-хотин шанба куни ҳам ишлаймиз. Ҳар ҳафтанинг ўрталарида аммамизникидан хушхабар келади: бу якшанба меҳмон кутамиз, келиб қарашворинглар. Бошқа бир якшанба ҳашарга чақиришади. Томорқани чопамиз. Хуллас, ҳар якшанба хўроз қичқирмасданоқ аммамизникига йўл оламиз. “Бугун мактаб йўқ-ку, бир пас ётай”, деган болаларимизнинг қулоғидан чўзиб турғазамиз. Аммамнинг жаҳли ёмон, вақтида боришимиз керак.
Аммам ваннахонага кириб кетганига бир соатдан ошди. Жимлик.
— Қаранг, ухлаб қолдиларми, юраклари ёмон эди, — дейди хотиним чимирилиб.
— Сен турганда мен қарайманми, фаросатдан ҳам бор-да.
— Аммажон, — дейди у овозини юмшатиб, — яхши ювинаяпсизми? Юрагингиздан одам қўрқади, кўп ўтирманг.
— Вой, отдек бўлиб кетганман, — дейди аммам ичкаридан, — ўн соат ўтирсам ҳам ҳеч бало қилмайди, келин.
Ярим соатдан кейин аммам ваннахонадан чиқди.
— Вой, во-ей, ваннани чиқаргандан ўргилиб кетай-ей! Қани, чойингизни олиб келинг. Кейин невараларимни бир ювинтириб юборинг-чи.
Бу гапни эшитиб хотинимнинг қовоқ-тумшуғи баттар осилиб кетди. Ваннахона эшиги қулфини шарақлатиб ёпиб олди. Бироздан кейин у билан кириб кетган кир-чир болалар худди инкубатордан чиққандек топ-тоза бўлиб хонада пайдо бўлишди. Хотиним терлаб-пишиб кетибди.
— Келин, — дейди аммам унга. — Аввал келганимда чит кўйлак ташлаб кетгандим. Дазмоллаб қўйган бўлсангиз беринг, кийиб олай.
— Вой аммажон, ҳали вақтим бўлгани йўқ.
— Ёш нарсага бирпаслик иш-ку. “Дом”да нима иш бор, ахир.
Хотиним индамай қўя қолди. Якшанба сизникига боришдан бўшамасам нима қилай, деёлмади. Ниҳоят меҳмонлар кетишга шайланишди.
— Қола қолинг, аммажон, — деймиз уйқусизликдан бир эснаб олгач. — Вақт алламаҳал бўлиб қолди.
Аммам ўз сўзида туриб олди.
— Бу чурвақалар билан бу ерда ётиб бўлармиди. Ҳа, айтгандай, кейинги якшанба эртароқ боринглар. Дарахтларни буташ керак.
Меҳмонлар кетишгач, хотиним бошлади:
— Аммамнинг бузоғисиз-а, нима десалар, хўп деяверасиз.
— Аммамнинг бузоғи? Ҳа, яхши эслатдингиз, эртароқ борсак, сигирлари бузоқлаган, сут ҳам ичиб келамиз.
Хотиним тўнғиллай-тўнғиллай ваннахонага кириб кетди.