Саид Анвар. Ишдан кетиш (ҳажвия)

Бу воқеа мактаб боғи билан ошхонани туташтирувчи чорраҳада рўй берди.
Директор ўринбосари Олимжон олдинда, биз эса орқада ошхона томондан келардик. Боғ томондан қоровулимиз Соли бува аравасига ўт юклаб чиқиб қолди.
— Ҳа, бобой, — ковлаётган чўпини тишидан олиб, оғзидаги гўшт қолдиғини йўлга туфлаб олгач, Олимжон заҳарханда қилди. — Уйгами? Бу ўтларни бизнинг ҳовлидаги мол-қўйлар емасмикан, а?
Ўзи ошхонадан жиндай-жиндай томоқ хўллаб, аския қилиб чиқаётгандик. Олимжоннинг гапи унча кулгили бўлмаса-да, “хо-хо”ладик, раҳбаримиз, ҳурматларини жойига қўйиш керак.
Бобой тишсиз оғзини очиб, кулгимизга қўшилди: уям мактабда ишлайди-да.
— Биздаям мол-қўй бор, аммо уни мактабнинг боғидаги ўт-ўлан билан боқмаймиз, — деди Олимжон жиддий.
— Энди, ўғлим, бегона ўт… Тураверса ёғин-сочинда чириб, йўқ бўлиб кетади, — деди Соли бува гуноҳкордай.
— Чириб кетмайди, мактабниям ейман-ичаман деган қўйлари бор, — деди Олимжон.
Директоримиз Дада¬хон ака бундан икки ойларча бурун ёрдамчи хўжалик ташкил қилиш ташаббуси билан чиққанди. Раҳбар бир нарсани бил¬маса бир нарсани бошла-майди, деб фикрларини маъқул¬лагандик. Ўқитув¬чилар¬дан, ўқувчилардан оз-оздан пул тўпладик. Дадахон аканинг ўзлари бориб икки бош қўй, тўртта қўзичоғи билан олиб келди, ёрдамчи хўжалик ташкил бўлди.
Э, бобой буларни қаёқдан ҳам билсин! У киши ёрдамчи хўжаликнинг тақдимот маросими куни қоровул сифа¬тида иш бошлаганди.
Олимжон ана шу ёр¬дам¬чи хўжалигимиздаги қўйларни назарда тутиб, гап қилганди, биз унинг гапини маъқуллаб, “Тўғ¬ри, тўғри”, дедик, бош қимирлатдик.
— Бунинг отини, — Олим¬жон ҳар сўзини ур¬ғулаб давом этди, — таш¬мачилик, дейдилар, бобой!
Соли буванинг кулиб турган юзи жойида қотди. Олимжонга хўмрайиб тикилди. Сўнг:
— Ҳали сенлар тўғри-ю, мен ўғри, муттаҳам, ташмачи бўлиб қолдимми? Э, ўргулдим сенлардан! Ишламаганим бўлсин, кетдим! — деди-да, аравасидаги ўтни олди¬мизга ағдариб, шартта орти¬га бурилиб, биздан узоқлашди.
— Кетса, кетар, — дедик ўринбосаримизни қўллаб-қувватлаб. — Қишлоқда қоровул бўламан деб юрганлар сон мингта.
Аммо бува кутилмаганда ёрдамчи хўжалигимиз — қўйхона томон юрди. Унинг эшигини очиб, ичкарига кирди. Кейин… Қўйларни олдига солиб ҳайдаганча ишдан… кета бошлади!
Анграйиб қолдик. Кейин Олимжон раҳбарлигида йўлини тўсиб:
— Бу нима қилганингиз? Қўйларни қаёққа олиб кетяпсиз? Нима ҳақингиз бор? — дедик.
Аммо миясини еган чол саволларимизга жавоб бериш ўрнига:
— Қоч! Йўлимни тўсма! Сенлар тўғри, мен ўғри! — дея қўлидаги хипчин билан бизларни савалаб қолишига сал қолди.
Соли бува кетди. Қўй-қўзиларни олдига солиб ҳайдаганча ишдан кетди!
Биз эса елка қисиб, лаб буриб, ўз таажжубимизни бир-биримиз билан ўртоқлаша бошладик.
Энг ажабланарлиси, тумандаги йиғилишдан қайтган директоримиз Дадахон ака воқеани эшитиб, бир сўз демади. Боши билан имо қилиб, Олимжонни хонасига бошлаб кириб кетди. Улар ўртасида қандай гаплар ўтгани бизга қоронғу. Аммо муаммонинг ўта зукколик ва тадбиркорлик билан ҳал этилганига эртасига ҳаммамиз гувоҳ бўлдик: икки бош қўй, тўртта қўзичоқ, ранглари бошқачароқ бўлса-да, ёрдамчи хўжалигимиз биносида кавш қайтариб турарди, тепаларида эса янги қоровулимиз…