Равшан ишхонасида ўралашиб, қолиб кетди. Қўл телефонининг соатига қараса, еттидан ошибди. Оқ халатини ечиб, қора чарм курткасини илдам кийди. Қишнинг қисқа куни эмасми, аллақачон қоронғи тушган, қуруқ совуқ этни жунжитар, лекин симёғочларга ўрнатилган кийик кўз мисол узунчоқ лампалар атрофни чароғон этиб турарди. Автомашиналарнинг тинимсиз оқими, ишдан қайтаётган одамлар тафти гўёки атрофга файз ва илиқлик бағишларди.
Машинасига энди ўтираётганди, ортидан кимдир чақирди. Зум ўтмай, рўпарасида қадди-қомати тик, қирра бурун, 40-45 ёшлардаги аёл пайдо бўлди. Унинг чеҳраси дарахтларнинг ҳали батамом тушиб улгурмаган барглари тўсиб турган неон чироқлари нурида аниқ кўринмас, лекин кўзойнагининг ялтироқ бандлари атрофга гўё шуъла таратарди.
— Укажон, мени кечирасиз-да энди, — деб гап бошлади дабдурустдан, — аптекангизни қулфлаётган экансиз. Шу десангиз, шоколадхўр набирамнинг тиши оғриб қолса бўладими? Дўхтирдан ўлгудек қўрқади, вой-дод, бормайман дейди.
Равшаннинг энсаси қотди. Ҳеч нарсадан ҳеч нарса йўқ аёл шунча гапни тахлаб ташладия. Бунинг устига бугун туғилган куни. Хотини икки-уч марта телефон қилди.
— Опажон, бунақа дори бизда йўқ. Аптекани яқинда очганмиз. Эрта тушдан кейин келинг, топиб қўяман, — деди бепарво машинаси кабинасига жойлашиб оларкан.
Равшан аёл шунга ҳам раҳмат айтади-да нари кетади деб ўйлаганди. Йўқ, ундай бўлмади:
— Укажон, қанийди бу тиш оғриғи қурғур эртагача болажонимни тинч қўйса, — деди илтижоли оҳангда. — Дарднинг оғир-енгили бўлмас экан. Ўзи ширингина ўғил бола: сочлари жингалак, кўзлари қоп-қора. Ҳўнг-ҳўнг йиғлаганидан кейин чидаб бўлмас экан.
“Намунча ёпишқоқ бу аёл, — ўйлади йигит ғижиниб. — Худди мен унга мажбурдай гапиради. Иш вақти аллақачон тугаган бўлса. Йўқ десам ҳам қўймайдия”.
Кўз олдига меҳмонлар — ака, укалари, хона тўрида ҳаммаёққа файз бағишлаб ўтирган онаси келди. Аёл эса ҳамон унга боқиб турар, бор гапни айтдим, зорим бору зўрим йўқ, деяётгандай эди. Бирдан -Равшаннинг юрагида унга нисбатан меҳр уйғонди:
“Чорасиз қолган бўлса ҳам бирон таниш дорихонага қўнғироқ қилиб беринг, деб очиқдан-очиқ айтмаяпти, шунга шама қилаяпти, холос. Маданиятли аёлга ўхшайди”.
Равшан машинанинг орқа эшигини очди:
— Ўтиринг.
— Қаёққа, — аёл кўзларини катта-катта очиб ҳайрон бўлди.
— Дорихонага, — деди йигит бу гал юмшоқроқ оҳангда. — Ўзингиз айтаяпсиз-ку, дори ҳозир керак деб.
У “ҳозир” сўзини чўзиб айтди.
Аёл бир оз ерга қараганича ийманиб турди, сўнг жимгина орқа ўриндиққа чўкди.
Беш-олти чақиримдан кейин яшил чироқли “Навбатчи дорихона” деган ёзув рўпарасида тўхташди. Аёл шоша-пиша эшикни очаётганди, Равшан ортига ўгирилиб: “Ўтираверинг, — деди қандайдир беписанд, — мен ўзим…”.
Аёл барибир ташқарига чиқди, қалин палтосининг ён чўнтагидан бир даста пул олиб, йигит ортидан эргашди.
— Сиздан илтимос қиламан. Жойингизда ўтиринг! — Бу гал Равшаннинг овози қаттиқроқ чиқди, шекилли, аёл кўча ўртасига келганида тўхтаб қолди. Ажабки, у бу дағал муомаладан сира хафа бўлмаган, аксинча, гўё ушбу гап оҳангида ўзига яқин кишисининг меҳрибонлиги йўғрилган эди.
Бир оздан сўнг йигит кичкинагина пеницилин шишасида аллақандай суюқлик кўтариб қайтди. Бу вақтда аёл нима қилишини билмай, машина олдида турар, бироз уялиш ва ҳадик акс этган чеҳрасида ёқимтойлик жилваланарди.
— Мана, — деди Равшан дорини унга узатаркан. — Ҳамонки, неварангиз дўхтирдан қўрқар экан, пахтага шу дорини шимдириб, тиши кавагига қўйинг. Вақтинчалик бўлсаям оғриқни босади. Эртага барибир -стоматологга бориш керак.
Аёл ҳаяжонланганидан жилмайиб тез-тез гапирди:
— Укажон, борингизга шукур. Қандай раҳмат айтишни ҳам билмаяпман сизга.
Равшан ярим соатча вақти кетганига ачиниб турар, лекин яхши гап барибир яхши-да, бу сўзлардан ийиб, беихтиёр аёлга қаради, унинг лаби устида мошдек қора ҳол чеҳрасига жуда ярашиб тушганди.
Ўн беш дақиқадан сўнг машина бояги жойига етиб келди. Аёл шофёрнинг ёнидаги ўриндиққа индамай бир даста пул ташлаб, эшикни очди. Буни кўз қири билан кўриб қолган Равшаннинг астойдил жаҳли чиқиб, пулни аёл қўлига тутқазди:
— Савоб иш пуллик бўлмайди, опажон. Дори эса кичкинтойга мендан малҳам.
У уйи томон аста бораркан, юрагини аллақандай туйғулар қамраб олганди. “Умрингда кўрмаган аёлга бунча хушомад? Нима, у икки туғиб бир қолганингми? Тағин текинга шунча хизмат”. “Ҳой инсон, ярим соат вақтинг кетса кетибди-да, шунга осмон узилиб ерга тушибдими? Одамга савоб ҳам керак. Буёғини айтсанг, дунёда пулга сотилмайдиган нарсалар ҳам бор”.
* * *
Чиндан ҳам уйи тўла меҳмон экан. Тўқсонга чиқиб қолган бўлса-да ҳамон тетик, очиқ чеҳрали онаси қалин кўрпачадан туриб, ўғлига қучоқ очди:
— Вой, болам-ей! Ишингни намунча яхши кўрмасанг. Туғилган кунингда ҳам эртароқ келмайсан-а!..
Равшан жилмайиб кўрпачага чўкди. Онахон шу кунларга етказганига шукроналар айтиб, дуо қилди. Анча вақт суҳбатлашиб ўтиришди. Онахон чиройли кўзойнагини қўлига олиб, меҳмонларга тушунтира бошлади:
— Мана шу кўзойнакни Равшаним совға қилган. Қаранг, худди тилла суви юритилгандек. Енгилгина. Нозикроқ жойларга меҳмонга борганда тақаман-да буни. Бошқа пайт банди пластмассалигини ишлатаман. Шу денг, уч кун аввал меҳмондорчиликдан келиб, қутичасига жойламоқчийдим. Ялтироқ темирли бандини қаттиқроқ тортиб юбордим, шекилли, синиб кетди. Нима қилишимни билмайман, денг. Нега деганда, уч кундан кейин набирам қиз узатаётган, шунга меҳмонга боришим керак эди.
— Дарров менга телефон қилмабсиз-да, онажон, — Равшаннинг сабри чидамай деди. — Биласиз, “Оптика”ларда танишларим кўп.
Онахон беозоргина қўл силтади:
— Э, шунга ҳам сени овора қиламанми! Маҳалламиздаги дўконга кенжа набирамни жўнатгандим, бир пасда қайтиб келди. Нима, тузатиб бўлмадими, десам кулади. “Мана тайёр. Бир хотин бандини янги қўйиб берди. Ойнасини ҳам артиб, тиниқ кўрадиган қилиб бердим, дейди. Пул берса, “Табаррук онахонники экан, ўзиям қиммат туради. Бундай кўзойнакларни шулар тақади”, деб олмабди. Дуо қилсам бўлди экан. Тавба, бу қанақа меҳрибон аёл экан, десам, лабида холи бор чиройли хотин, дейди набирам.
Меҳмонлар чеҳрасида ажабланиш ила мамнунлик пайдо бўлди: “Дунёда яхши одамлар кўп”. Равшан ўй суриб қолди. У ҳозиргина машинамдан тушиб қолган, ялтироқ бандли кўзойнак таққан, лабида чиройли холи бор аёл ўша эмасмикан, деб ўйларди.
Туғилган кунида уйига кеч қайтган бўлса ҳам вужудида қилган яхшилигидан ҳузурбахш ором ҳис этди.
«Ўзбекистон адабиёти ва санъати» газетаси, 2014 йил 7-сон