Адҳам яхши лавозимда ишлайди. Хизмат машинасида юради. Обрўси баланд. Ҳузурига ўнлаб одамлар бирор масала бўйича ёрдам, маслаҳат сўраб келади. Ҳеч кимни ноумид қайтармайди.
Дам олиш кунлари кўча-кўйда пиёда, қаддини баланд тутиб юришни ёқтиради. Ишдан қайтаётганида машинасидан гузарга етмаёқ тушиб қолади. Дўсту биродарларини кўриб, хотиржам ҳол-аҳвол сўрашади. Кейин кўнглининг бир чеккасида “Амални менга ҳеч ким умрбод боғлаб бериб қўймаган. Бир кун ёшим сабаб ёки тақдир тақозоси билан пастроқ лавозимга ўтсам, кимлардир, ҳа амалидан тушибди-да, пиёда қолипти”, демасин деган ўй кечади. Хуллас, ўз оёғи билан кетаётганда кўчанинг нариги бетида унга эгилиб салом берадиганлар ҳам, қачонлардир яхшилик қилгани учун югуриб келиб, икки қўллаб кўришадиганлар ҳам бисёр. Кимга қандай яхшилик қилганини у аслида эсламайди.
Адҳам ана шунақа: одамларга меҳр, вазифасига садоқат билан қарайди. Албатта, бошқаларни ҳурмат қилганидек ўзининг ҳам обрўсини жон-жаҳди билан ҳимоя қилади, баъзан бу йўлда ўжар бўлиб кетади.
Ана шу киши бир кун бошлиқ хонасига ариза кўтариб кирди. Бошлиқ оппоқ қоғоздаги дона-дона ёзувларни ўқиб кўриб, анчагача жим қолди.
— Ҳа-а, — деди ниҳоят шишали қалин кўзойнагини пешонасига кўтариб. — Начора, илмий ишингизни ёқлашингиз яхши. Лекин ўрнингизга вақтинчалик кимни қўямиз?
Икки бўлим мудири бор эди: Собир билан Ғайрат. Айтди. Бошлиқ пухта одам эди.
— Майли, — деди ниҳоят. — Биронтасини қўярмиз, лекин битта гапни сир сақласак, сиз диссертация ёқлашга кетаётганингизни ҳеч кимга айтмаймиз. Бу — ишга фойда. Ҳар ҳолда бу менинг шахсий фикрим.
Адҳам таклифни бош ирғаб маъқуллади. Ахир, унга ҳам яхши-да: ҳеч ким уни безовта қилмайди, ишдан бўшаган — тамом. Хизматда бўлиб, неча йиллардан бери ёзиб тугаллай олмаётган илмий ишини ниҳоят хотиржам битиради.
Рухсат теккан кун Адҳам ўзининг ўрнига қўйилган Ғайратга: “Ҳаёт шунақа, ўсиш, улғайишда. Мабодо керак бўлиб қолсам қўнғироқ қилаверинг”, деди барибир кўнгли тўлмай. Чунки кўп йиллардан бери бирга ишлашади. Қадрдондек бўлиб қолишган.
Ҳар куни ишга бориб-келиб юрган одам учун бир хонага кирволиб, ҳадеб ёзиб-чизиб ўтириш осон эмас экан. Гарчи аввалига кўнгли жимжитликни, ҳеч ким безовта қилмаслигини тусаган бўлса-да, кейинчалик Адҳамга алам қила бошлади: “Наҳотки ўрнимга қолган Ғайрат бир оғиз яхши юрибсизми, деб сўрамаса. Наҳотки, ишхонадагилар мени унутиб юборишди?“ Ичидан қайнаб чиқаётган аламни аранг тийиб, қабулхона рақамини терди. Котиба қиз зийрак эди. Дарров таниди:
— Вой, Адҳам ака, бу сизми!? — деди суюниб. — Яхши юрибсизми. Зерикмаяпсизми?
Адҳам бу кетма-кет саволлар учун ҳам шукур қилди. Котибанинг фаросати бор-да, деб ўйлади. Агар “Қаерда ишлаяпсиз?” деб сўраганида нима дердим?
— Мени ҳеч ким сўрамадими?.. — Адҳамнинг овози титраб чиқди.
Симнинг нариги томонидан котибанинг қўнғироқдек овози келди:
— Сўрашди, кўп одамлар сўради. Бошлиғимиз Ғайрат Самадовичга айтсам қўйинг, ишдан кетган одамни безовта қилиш яхшимас, деб номерингизни айтмадилар. Шунга мен ҳам…
Адҳамнинг нафаси ичига тушиб кетди. “Ана холос, — ўйлади хафа бўлиб. — Ўзинг пиширган ошни ўзинг айланиб ҳам, ўргилиб ҳам ичавер энди”.
Стол устидаги уюм-уюм китобу, илмий журналларга бир назар ташлади-да кўчага чиқди. Кузнинг изғиринли шамоли этини жунжитди. Курткасининг ёқасини кўтариб, айвонли шапкасини бостириб олди. Кўчадаги баланд-баланд тераклару, ўрикларнинг қизғиш барглари йўлкада гилам бўлиб тўкилиб ётар, бу ҳам етмагандек узилиб тушаётган шилдироқ япроқлар боши узра сочилиб борарди. Умрнинг қанчалик ғаниматлиги, одамларнинг турли-туманлиги, яшашдан мақсад ҳақида кўп нарсаларни хаёлидан ўтказди. Ўз вазифасида туриб, амалга оширган ишлари, кўпчиликка теккан фойдасидан таскин топди. Мана энди насиб этса, илмий ишини ёқлаяпти…
Оқшом уйига қайтди. Йўлак зинапоясидан учинчи қаватга чиқиб бораркан, эшиги тагида оёқ кийимларининг кўплигига кўзи тушди. Эшикни аёли очди ва ичкарига кирган Адҳамнинг қулоғига аста пичирлади: “Укангиз синфдошларингизни бошлаб келибди, хотинлари билан. Гап ўйнамоқчи экансизлар-ку. Сизни соғинишибди, шунинг учун гапни бизникидан бошлашар эмиш”. Адҳамнинг танасида оромли қувват пайдо бўлди, чеҳраси ёришди.
Ниҳоят диссертациясини ёқлади. Эртасига бошқарма бошлиғига ишга тушишга рухсат сўраб, ариза кўтариб борди. У киши оппоқ, лекин қуюқ сочларини бармоқлари билан юқори тараб, жилмайди:
— Сиз энди аввалги ишингизга қайтмайсиз. Ўрнингиз юқорироқ — мана бу ерда. — Бошлиқ чарм креслоси қўл тутқичини аста чертиб қўйди. — Ахир бўлар менинг шунча ишлаганим. Энди навбат сиз — ёшларга.
Шу куни уйига қайтаётганди, қўл телефони жиринглаб қолди. Собир экан.
— Бўш юриш жонингизга теккандир ахир, — деди одатдагидек шанғиллаб. — Идорамизда сизбоп бир иш топилар. Балки бошлиқлик, — деди кейинги сўзларини пичирлаб.
Собир айтолмадики, калондимоғ, ишдан кўра ўзини кўпроқ ўйлайдиган Ғайрат Самадовични бўшатишди, ўрнига ўзим бошлиқ бўлдим, деб.
Эртасига янги иш жойи томон борди.
— Келдингизми? — деди бошқарма бошлиғи жилмайиб. — Сизга ишонамиз, Адҳамжон.
Шундай деб ўрнидан туриб, Адҳамни табриклади.
Унинг эса олам жаҳони ёруғлашди.
«Ўзбекистон адабиёти ва санъати» газетаси, 2014 йил 7-сон