Бранислав Нушич. Муҳаббат дардининг давоси (ҳажвия)

Дўстим Перо бир қизни севиб қолибди. Қаранг, туппа-тузук юрган одам бирдан севиб қолган эмиш. Бунга қарши эмасман, аммо унинг оқибати менга қимматга тушишини билардим.

Худди кутилганидек дўстим Перо олдимга телбаларча югуриб келиб, қўлимни қисди-да: “Хуллас, фалон-писмадон”, – деди.

Унинг гапларини эшитар эканман, хавотирлана бошладим, чунки Перонинг векселларига мен қўл қўяман. Ошиқ-маъшуқалар эса векселларга пул тўлаш кунини осонгина унутиб қўйишлари табиий. Шунинг учун улар ўрнига менинг тўлашимга тўғри келади – унинг ойлиги камлигидан, унда ҳар бир ошиқ учун зарур бўлган – шимини дазмоллатиб олиш, уст-бошнинг кўкрагига қадаладиган атиргулни сотиб олиш, дастрўмолчаларига атир сепиш ва бошқа шу кабилар учун ҳатто ўн пара[1] ҳам пул топилмайди.

Шу сабабли мен уни муҳаббат асоратидан қутқариб қолиш йўлини ахтаришга киришдим. Яъни ишқ дардини даволаш учун малҳам суриштира бошладим. Баъзилар муҳаббат таъсирида Перонинг танасида ҳосил бўлган иссиқни тушириш учун ханталлар қўллашни; бошқалар – юракни ёғ босиб, бамайлихотир бўлиши учун юмалоқ котлетга ерқалампирини қўшиб едиришни, ундан сўнг кўпроқ пиво ичиришни; учинчилари эса – бошни даволашни оёқдан бошлаш лозим деб, ҳар кеча оёқни совуқ сувда ушлаб туришни тавсия этдилар.

Ҳамманинг айтганини қилиб кўрдик, фойда бермади. Перо барча синовлардан “мувафаққиятли” ўтди – севги-муҳаббат ҳақида “фалон-писмадон”ларини сира қолдирмади.

Унинг баттар ўжарлиги тутиб, ўша қизга уйланмаса, пичандек қуриб, чивиндай бўлиб қолмагунига қадар бирор нарса тановул қилмаслигини айтди.

– Шунда, дўстим, – қалтираган овозда қўшиб қўйди у, – сен мени бурга сингари эзиб ўлдирсанг, катта ёрдам қилган бўласан.

Унинг айтганларига рози бўлдим, яъни у ҳақиқатан ҳам қуриб қоладиган бўлса, мен уни бурга сингари эзиб ўлдираман, дея сўз бердим.

Энг ёмони, ошиқлик касали тобора зўрайиб бораверди. Мен бундан қаттиқ хавотирда эдим. Ҳар бир ошиғу беқарор сингари у бошида кунига бир маротаба чуқур хўрсиниб қўяр эди. Бир-икки кун ўтгач, худди табиб тавсия қилгандек, кунига уч маротаба, яъни эрталаб, тушлик ва кечки таомдан бир соат олдин чуқур хўрсинадиган бўлди. Бир неча кундан сўнг хўрсинишлари ҳиқичоққа айланди.

– Дўстим… ҳиқ… у ҳақида ҳиқ… суриш… ҳиқ… тир… ҳиқ… у ким… ҳиқ… ўзи, – хуллас, бечора шундай сўзлайдиган бўлиб қолди. Унинг сўзлари ва билдирмоқчи бўлган фикрларини мен бошқаларга таржима қилиб берадиган бўлдим. “Сен мендан ким совчиликка боради, деб сўрамоқчимисан?” – десам, “Ҳиқ… ҳа…” – дейди.

Хуллас, энди уни биринчи галда ҳиқичоқдан даволаш керак эди. Бунинг учун одамлар билан маслаҳатлашдим, уларнинг айтганларига амал қилдик. Э, нималарни қилиб кўрмадик? Қандни сиркага эритиб бердим, кетма-кетига беш пиёла сув ичириб ҳам, черков дуоларидан ўқитиб ҳам кўрдим, лекин ўлгур сира кетмади.

Бировлар ҳиқичоқнинг энг яхши давоси – яхшилаб қўрқитиш эканини айтишди. Қўрқитдим… Фойдаси бўлмади. Қўлда катта пичоқ билан бир неча маротаба Перонинг хонасига югуриб кирдим – ёрдам бермади. Унинг ҳиқичоғи тутиши билан уй эгаси бўлган аёлнинг кўйлагини кийиб, ижара пулини талаб қила бошладим. Перо эса ижара пулидан беш ойлик қарз эди.

– Қачон ижара пулини тўлайсан, қачон? – деб неча маротаба қўрқитмоқчи бўлдим, у қўрқмади, аҳвол эскича қолаверди.

Бир-икки маротаба ҳовлида яшириниб олиб, овозим борича: “Суд ижрочиси келди!” – деб бақирдим, уни жин ҳам урмади. Ўзим ҳам ҳайронман, чунки бундан чўчимайдиган одамнинг ўзи йўқ.

Хуллас, ўйлай-ўйлаб қўрқитишнинг бир чорасини топгандек бўлдим. Аввал уйимга кетдим-да, бир соатдан сўнг қайтиб келиб, Перога хотиржам ва совуққонлик билан дедим:

– Биласанми, севиб қолган қизинг ҳақида суриштириб кўрдим. Қизни жуда мақташди, лекин унинг сеп-сидирғаси йўқ эканини ҳам айтишди.

Бу гапларимдан дўстим қаттиқ қўрқиб кетиб, ранглари ўчди, лекин шу заҳотиёқ ҳиқичоқдан ҳам, муҳаббат дардидан ҳам бирваракайига қутулди-қўйди.

Рус тилидан Муҳсин Ғаниев таржимаси
«Жаҳон адабиёти», 2014 йил, 10-сон

___________________

[1] Пара – ўша давр Сербияда истеъмолда бўлган майда пул.