Автобусгами, трамвайгами, метрогами чиқиб олсам бас, кўзим тўрт бўлиб, бўш жой қидираман. Албатта ўтириб олишим керак. Бўлмаса иш чатоқ. Кимдир оёғимни босади, кимдир тирсагини қорнимга тирайди, кимдир туртиб юборади. Хуллас, йўл азоби — гўр азоби. Ўтириб олгач, кўнглим жойига тушади. Чўнтагимдан газет олиб ўқишга ёки кўзимни чирт юмиб олиб хаёл суришга тушаман. Биттаси хотира мустаҳкамлаш йўлини ўргатган. Мана бунақа: Раъно деб, бир дейман, кейин Раъно деб икки… шу тартибда ўттиз уч марта санайман. Санаб бўлгач, Дилбарга ўтаман. Ундан сўнг Санамга, Шаҳлога. Бу усул жуда фойдали экан. Мия бир тартибда ишлашга ўрганиб, хотира пишиб борар экан.
Кунларнинг бирида, бир автобусга чиқиб қолибман. Бахтни қаранг, бўш жой бор экан. Дарҳол ўтириб олдим. Қўлимда ўқийдиган ҳеч вақо йўқ. Хотира пишитиш машқини бошлаб юбордим. Кўзни юмиб, санамларни санай бошладим. Саноққа берилиб, кўз қурғур сағал илинибди. Елкам аралаш бўйнимга бир нарса “ширқ” этиб тушди. Кўзим очилиб, хаёлим қочиб кетди. Қаршимда бир чол, қўлида ҳасса:
— Энангни уйими бу, хуррак отиб ухлайсан?! Қариларга жой берсанг ўласанми?! — деди жаҳл билан.
Шундан буён автобусгами, трамвайгами, метрогами чиқсам, дарров ўша воқеа эсимга тушади. Хотирам пишган-да.