Абдураззоқ Обрўй. Бир калланинг минг ташвиши (ҳажвия)

Эрталаб Сотти Салимович ишга отланаркан, хотинига:
— Шляпамни буёққа бер, —  деди.
Хотини  шляпани узатаркан чимрилди.
— Бозордаги нарх-наводан ҳам хабар олинг, қандай экан?
— Унда, дўппини ҳам буёққа бер.
— Ўғлингизни жисмоний тарбия ўқитувчиси чақиртирган экан. Бирров мактабга ҳам кириб ўтинг…
— Ҳм-м, яхши. Амриқодан олиб келган спорт қалпоғимни бу ёққа узат-чи.
— Анови дўкондор бор-ку, – деди хотини пешонасини қашиб, – оти қурсин… Қодирбой, айтган нарсаларини топиб қўйдим. Хўжайинга айтинг, олдимга ўтсин, деб қўнғироқ қилган эди.
— Ў, гапингга борман, хотин, яш-шавор, ондатра телпагимни ҳам бер.
— Айтгандай, ёдимдан кўтарилай депти. Кеча адамлар келган эдилар. Бугун кечқурун худойи қилаётган эканлар. Куёвга айт, ўтсин, деган эдилар.
Сотти Салимович соатига ишора қилди:
— Мажлисим бор. Соат олтиларда тугатаман. Ҳа, майли, бирдан ўша ёққа ўта қоламан. Ҳойнаҳой, сен эртароқ борсанг керак. Салламни ўзинг олиб ўта қол!