Абдуқаюм Йўлдош. Виждон (ҳикоя)

I

Биламан, у бегона эшиклардан чўчийди. Осмону фалакда жойлашган, айвонидан қаралганда одамнинг кўнг­ли озиб кетадиган бир хонали бетон каталагимнинг на дерматин қопланган ва на рақам битилган ғарибона эшигини таниб олган; фақат шу ерга келгани-келган.

Соат мили ўн иккидан ошиб, йўлак сув қуйгандай жимиб қолган, ёқимсиз ғувиллаши асабимни қақшатадиган лифтнинг уни ўчган маҳал, балки, ундан ҳам кечроқ, муздай кўрпага ўраниб, кўзларимни катта-катта очган кўйи, сақичдай қуюқ зулмат бағрида бирон нимани илғаб олишга бўлган уринишларим беҳуда кетаётган палла яланг оёқларнинг мармар зиналарга оҳиста босилаётганини сезаман. Ўзимни чалғитишга қанчалик ҳаракат қилмай – қулоқларимга пахта тиқиб, бошимни ёстиққа буркаб олсам-да, чалакам-чатти биладиган дуоларимни пичирлаб такрорлай бош­ласам-да, қачонлардир бошимдан ўтказган шавқли онларимни тасаввуримда қайта жонлантириб ҳузурланмоқчи бўлсам-да – бари бесамар; эҳтиёткорона босилаётган қадам саслари яқинлаша-яқинлаша, ниҳоят, эшигимга келиб тақалганини ҳис қиламан, шу ҳис баробарида сесканиб кўз очган мубҳам ваҳимадан мажолсизланиб, тўхтаб қолгудай аҳволга тушади юрагим. Дастлаб бундай чоғлари амаллаб ўрнимдан турардим-у, шоша-пиша уйдаги бор чироқларни ёқиб чиқардим; сўнг бунга қаноат ҳосил қилмай магнитофонни чинқиртиб қўйиб, чароғон хона ўртасида ўтириб олган кўйи папирос тутунига кўмилганча ўзим билан ўзим шошқол ўйнашга тушиб кетардим. Лекин сув остида босим таъсиридан қутулиб бўлмаганидай, кўнгилга сирғалиб кириб улгурган қутқу илонини ситиб чиқаришга иложсиз эканимни англагач бу бенаф оворагарчилик ўз-ўзидан барҳам топди.

Биламан, у эшикка маҳкам қапишиб олган, ичкарида «тиқ» этган товуш чиқсаям эшитишга қодир; шу билан бирга, у жуда тоқатли, ҳали бирон марта бўлсин сабрсизлик кўрсатган эмас, мудом кутгани-кутган; бениҳоя боодоб ҳам, шаҳарда тунги ўн бирдан кейин туққан онанг келсаям эшикни очмасликка қонун йўл беришини билса керакки, ҳали бирон марта бўлсин қўнғироқ тугмасини босган эмас, бирон марта бўлсин эшикни тақиллатган эмас, гоҳи-гоҳидагина журъат қилиб эшикни тирнаб қўяди, шунда мушук гиламни тирнагандагига ўхшаш шитирлаш эшитилиб қолади, холос; лекин унинг бу қилиғида изчиллик йўқ, эшик тирнашлар оралиғи баъзан чорак соатга етмаса, баъзан бир-икки соатдан ҳам ошиб кетади.

Биламан, у нафақат бегона эшиклардан, бегона одамлардан ҳам чўчийди. Тасодифан подъезд эшиги очилиб-ёпилиб қолгудай бўлса ё тепадаги малласоч хонимнинг хушторларидан биронтаси ўтиб қолгудай бўлса, у баайни қип-яланғоч ҳолида номаҳрамлар кўзига тушиб қолиш эҳтимолидан ўтакаси ёрилган моҳпора ойимқиздай жон ҳалпида ўзини лифт ёнидаги ахлатлар ташланадиган бир қулоч қувурнинг орқасига олади. Худойим-эй, шунда мен энди унинг муздай, бадбўй ҳид анқиб турган қувурга қапишганча титраб-қалтираб туриши, оғир-оғир нафасини зўр бериб ичига ютишга уринаётганини шундоқ кўз олдимга келтираман-у, бадхоҳлик билан қувониб қўяман. Мени, айниқса, унинг шу ҳолатда ярим соат, ҳатто ортиқроқ фурсат ҳаракатсиз қотиб туриши завқлантиради, гўё ортимдан қувлаб келаётган, етай-етай деган рақибимни илгаритдан махсус тайёрланган тузоққа тушириб қўйиб, энди унинг аянчли питирлашини гердайиб кузатаётгандай лаззатланаман, лабларимни ялаб қўярканман, унсиз пичирлайман: «Ўл-а, бу кунингдан…»

Вақт эса шувиллаб ўтади. Кўнгилни бир фурсат яйратган интиқом сафоси ўрнини иштибоҳ, ҳадик сафроси қайта эгаллай бошлайди; янтоқзор ичида юрилгандай қўрқа-писа қўйилган, тортинчоқ йигит илк бор суюклисининг қўлларини ўпгандаги сингари журъатсиз қадам сасларини эшитаман ва амин бўламанки, у яна келиб эшигимга қапишиб олади. Мен қўрқаман. Айни сонияларда қайлардадир –олис-олисларда, наинки хуш, ҳатто энг нохуш манзилларда ҳам пайдо бўлиб қолгим келаверади; кимлар биландир, наинки қадрдонларим, ҳатто ағёрларим билан ҳам давраларда ўтиришга ҳозирман, наинки ёқимли, ҳатто энг аҳмоқона мавзуларда бўлса-да тинмай гаплашаверсам-гаплашаверсам, тонггача оғзим тинмаса дейман; энг ифлос, энг оғир, чақиб ташлайдиган жисмоний юмушларни топширишса дейман, ишқилиб, шу лаънати қора қутидан қутулсам бас; ишқилиб, гапгами-ишгами алаҳсиб ваҳимали ўйлардан чалғисам бас; ишқилиб, ишлай-ишлай, итдай чарчаб, тилим бир қарич осилиб қолса-ю, ўйлашгаям мадорим етмай ётган жойимда ўликдай қотиб ухласам бас, туш кўрмасам бас, босинқирамасам бас… Лекин истак билан фаолият ўртасида улкан жар ястаниб ётибди, кўзларимни чирт юмиб, қаърига чорловчи бу жардан сакраб ўтиш ўрнига қимир этмай ётавераман, лоақал ёнбошимга ағдарилиб олишга юрагим дов бермайди; уйдаги ялдо зулматига изсиз-овозсиз сингиб кетишни истайман, у менинг хонада эканлигимни фаҳмламаслигини, фалокат босиб фаҳмлаб қолган тақдирда ҳам мени маст уйқуда экан деб ўйлашини хоҳлайман, шу хоҳиш измида ора-сира ёлғондакам хуррак отиб қўяман, айниқса, хуррагим билан бир сонияга тўғри келиб қолганида эшик тиқирлашининг дарҳол тўхташини кўриб қувониб ҳам қўяман, ўзимнинг ожизона топқирлигимдан ўзим мамнунлик туйиб, гўё сайёдимни яна бир бор катак қафасга қамаб қўйгандай тилимни чиқариб уни роса мазах қилгим, узун хивич билан кўтарилиб-тушаётган оч биқинларига туртиб-туртиб қўйгим келади…

Ў, ўзингни авраб-овутиш ўзгаларни авраб-овутиш сингари осон ва умрзоқ кечсайди!..

Мен қўрқаман, унинг кўзларидан қўрқаман. Эсимда, тунги ташрифлар энди-энди бошланган, мен ўзимни телбага, қорахаёлга йўйиб, аждодларим шажарасини тита-тита, ниҳоят, қай бир бобомнинг руҳий беморлар шифохонасида ўзини осиб қўйганини аниқлагач ўз ҳолатимни ворисликнинг қочиб қутулиб бўлмас, дори билан тузатиб бўлмас қисматига менгзаб юрган кезларим илк бор бу нигоҳга дуч келганманки, ўша лаҳзани эсласам, ҳали-ҳануз тирноқларим учигача музлаб кетади ва мен илтижо ила тавалло қилишга тушаман: «Илоё, қайта дуч келиб қолиш ваҳшатидан асрагайсан…»

Ўшанда эса қишлоқдан келиб тунаб қолган жарроҳ дўс­тим эрталабки чой устида бамайлихотир: «Бу шаҳарнинг мушуклари қизиқ экан, биттаси туни билан эшикни тирнаб чиқди-ю, бир марта миёвлашга ярамади-я…» – деганида рангим қув ўчиб, қўлимдаги санчқи ликопчага жаранг­лаб тушиб кетганди. Агарки, агарки руҳимни чатнаган ҳисоблаб юрган менгина эмас, соппа-соғ меҳмон ҳам пайқаган экан, унинг чиндан-да моддийлигига бундан ортиқ далил-дастак топиб бўлармикан… Аммо, таассуфки, руҳан соғломлигим хусусидаги ишонч руҳий сокинликка гаров бўлолмади. Мен яна тинчгина, мутлақ фаолиятсиз тарзда кутишда давом этдим. Мен ҳали имкониятлари мавҳум, балки, шуниси биландир янада сирли ва ваҳимали ҳарифимнинг (эзгу ниятлилар ярим кечаси бостириб келмаслар ахир!) кўринмас сарҳадни биринчи бўлиб босиб ўтишини истардим… Ҳар нечук, дўстим эътирофидан сўнг орадан икки-уч кунни ўтказиб, зим-зиё оқшомларнинг бирида юрак ютиб оёқ учида эшик ёнигача келдим. Не бир унсиз қасамлару далдалардан кейин нимагадир саратон тафтида қолгандай қизиб кетган эшик кўксига ўрнатилган қабариқ «кўзча»га қарадим-у, шу сонияда даҳшат ичида ўзимни орқага отдим – у тарафдан одам вужудининг етти қабатигача ўйиб кириб боришга қодир, қорачиғида лахча чўғ порлаган кўз менга қадалиб турарди…

Биламан, эҳтиёткорлигига қовушмаса-да, унинг бино­йидеккина ўжарлиги борки, баъзан бу ўжарлиги бемаъни қайсарликка айланиб кетади. Шундай пайтлари у менга дўппидеккина қишлоқдан энди келиб, улкан шаҳар ҳайбати, шовқин-суронидан ақли шошган бўлишига қарамасдан, тишини тишига босганча телбанома қатъият ила: «Мен сени забт этаман, забт этаман, шаҳар!» – дея бот-бот так­рорлаётган ёшлик йилларимни эслатгандай бўлади…

Эҳтиёткорлик… эҳтиёткорлик ва бошқа шу тахлит ҳислар кейинроқ пайдо бўлмадими? Қайсидир бир эскириб қолган назарий тушунчани китобда ёзилган тарзда эмас, ўзим тушунганимча, ўз сўзларим билан ифодалашга уринганимда институт аудиториясидан учиб кетишимга бир баҳя қолганда пайдо бўлмадими бу эҳтиёткорлик? Ўз соҳаларида «алиф»ни «калтак» деёлмаганлари ҳолда доимо қўш қўли кўксида, қаддини камалакдай эгиб юрадиган бир-икки ҳамкурс падарқусурлар «имтиёзли диплом» олганларида пайдо бўлмадими бу алам? Энди мустақил иш бошлаган кезларим технологик жараёнда сарф бўладиган спиртни аниқ ҳисоб-китоблар орқали чиқариб, бурни қип-қизил бошлиғим талаб қилганидан кўра тўрт баробар кам ёзганлигим учун ариза ёзишга мажбур этишмоқчи бўлганларида («ўз ихтиёрим билан…» албатта), демак, мана шу олишим керак бўлган ошёндан маҳрум этишиб, яна умумётоқларда, ижара хоналарда сарсон-саргардон этишмоқчи бўлганларида уйғонмадими бу мутелик? Ишга вақтида, иложи бўлса эртароқ бориб, кутилмаган даҳмазалар кўрсатмасдангина эл қатори тинчгина ишлаб ёки ўзингни ишлаётгандай кўрсатиб вақтида, иложи бўлса кечроқ қайтиш амал пиллапоясидан секин-аста, бироқ узлуксиз кўтарила боришнинг гарови эканлигини, ўлчамлари олдиндан маълум қолипларга сиғмаган ҳар қандай «чиқиш»лар бошлиқлар кўнглида нохуш таассурот қолдириши мумкинлигини анг­лаганимда пайдо бўлмадими ҳар бир қадам олдидан чор тарафни синчиклаб кузатиб олишдек ажабтовур ақидам? Кўнгил қўйганим, учрашувлар чоғи тирноғимни теккизишгаям журъат қилолмаганим, пок ҳолимда бир ёстиққа бош қўймоқчи бўлганим қизнинг оппоқ бўйнида кўкариб қолган, қонталаш тиш изларини кўрганимда, ижикилай-­ижикилай сўраб-сўраб охири беҳаёларча айтилган: «Бошқа жойлардаям бор, кўрсатайми?» – деган машъум жумлани эшитганимда пайдо бўлмадими бу ишончсизликка омихта қўрқув? Бир намозшом вокзалда этагимга ёпишиб олганча икки гапнинг бирида Худони ўртага қўйиб қасамлар ичган, бор-будини шилиб кетган ўғриларни гўрдан олиб гўрга солган оғзи тўла кумуш тиш мўйсафид ярим тундами, тонг саҳардами бор пулларимга қўшиб жами ҳужжатларимни ҳам супуриб кетганида пайдо бўлмадими бу ҳадик? Қаҳратон қишнинг куппа-кундузи бекат ёнида тойиб йиқилиб чаккамни темирга уриб олган, қора қонимга бўялиб ётган чоғим у ёқдан-бу ёққа тинмай ўтиб турган йўловчилардан биронтаси келиб қўлтиғимдан олишга ярамаганида пайдо бўлмадими бу нафрат? Оламжаҳон пулга машина кира қилиб қорни гумбаздай шишиб кетган тоғамни янги ТошМИга олиб борганимда биткўз аблаҳ врач: «Жой йўқ!» – деб йўлланмани қўлимга қайтариб берган, кейин эса ходимасини ортимдан элчиликка йўллаб, бир ўрин фалон пул туришини маълум қилганида пайдо бўлмадими одамлардан жирканиш ҳисси? Мен учун даҳшатли даражада кўп бўлган бу сармояни амаллаб топиб бергач, баъзан биттагина қора буханка сотиб олишгаям чақа тополмасдан икки кунлаб оч юрганимда кассада пули ачиб ётган бир танишим: «Соққа йўқ эди-да, узр энди», – деб эшикни юзимга ёпганида кўзларимда шашқатор оққан алам, ожизлик ёшлари инсон қавмига ишонч, муҳаббатнинг сўнгги чечакларини ювиб, манфур худбинликнинг ёввойи ўтларини суғориб кетмадими? Тиқилинч автобусда қишлоқдан келгани кўриниб турган жувоннинг сумкасига қўл солаётган ўғрининг қўлини шаппа ушлаганимда унинг шериклари шовқин-сурон кўтаришиб менинг ўзимни ўғрига чиқаришгач, оқибат бир йилга озодликдан шартли маҳрум этилганимда бошланмадими қатиқниям пуфлаб ичишдек одатим? Ниҳоят, шиллиққуртдай ўз қобиғимга ўралиб олиб, барча алоқаларни узган ҳолда ўтказган охирги уч йилим ҳаётимнинг энг сокин, энг ташвишсиз, энг осойишта, моддий муҳтожликларсиз ўтказган йилларим бўлмадими ахир?!. Ҳа, шундай эди, шундай эди, шундай бўлиб қолардиям, менга берилган озгина умрнинг қолганиниям шундай фароғат оғушида ўтказган бўлардим, агар йўқ жойдан манави бало лоп этиб чиқиб қолмаганида…

Дарвоқе, унинг ўжарлиги ҳақида.

Эшикка икки марта дерматин қоплатдим, бири кўкиш, бири қизил; уч-тўрт марта дўкондан қўлимга илинган рақамларни олиб келиб қоқиб қўйдим; бир гал эса ётоқхонадан ҳам кар, ҳам гунг танишимни ярим кечаси бошлаб келдим-да, атай овозимни қаттиқроқ чиқариб айтдимки, хўп, жўра, мана, уй алмашишгаям келишиб олдик, мен эртан кундузи юкларимни олиб кетаман, сен энди бу ерда маза қилиб яшайвер… Шундан кейин беш-олти кун бир кечага фалон пул тўланадиган иркит каталакларда ётиб юрдим. Назаримда, энди ундан қутулгандай эдим.

Қаёқда дейсиз…

II

Босаверсанг, қурбақаям вақиллаб юборади. Не-не машаққатлар, не-не қурбонлар эвазига келган тинч турмушимни иложи борича ҳимоя қилмаслик оғзимдаги ошни индамасдан олдириб қўявериш билан баробар туюлди. Ўйлай-ўйлай охири бир «Оқ мусаллас» шишасини синдириб, ҳовончада туйдим-да, ётар олдидан йўлакка сепиб чиқдим…

Оқшом эшик одатдагидан кўра кўпроқ қитирладиёв; агар янглиш эшитмаган бўлсам, бу ожизона қитир-қитирга оёқ остида шиша синиқларининг ғичирлаши ҳам жўр бўлиб турди. Тонг саҳарда шиша кукунини супуриб олаё­тиб шундоққина эшик ёнида бўғотдан узилаётган томчи янглиғ ёинки танбур шаклидаги бир томчи қонни кўрдим ва рақибимнинг ахиллес товонини топганимдан қувониб кетиб шиша сепишни канда қилмайдиган бўлдим. Энди, унинг нозик жойини топиб олганимдан сўнг, ўзимга ўзимнинг ишончим ортиши билан бирга, тўғриси, «қарши юриш»имнинг оқибат натижаси қандай бўлиши ҳатто мени қизиқтириб қолди. Шунда мен шиша тўпонига кучли кислота аралаштирдим… Ў, оқшом унинг оёғи куйган товуқдай питирлаши, яланг оёқлар остида шиша синиқларининг ғижирлашини эшитиш керак эди, эшитиш!.. Тонг-саҳар эса одатдаги бир томчи қон атрофидаги бир-икки қарич жойнинг қорайиброқ қолганини кўрдим-у, сўнгги уч ой ичида биринчи маротаба кўнглимда ўзимдан ўзим фахр туйдим, елкамдан тоғ ағдарилгандай бўлди. «Билиб қўй, биз ҳам унчалик ерда қолганлардан эмасмиз, ўзимизга яраша ақлимиз бор, бозор кўрганларданмиз, сенга ўхшаганлар олдида қўл қовуштириб туриш давридан аллақачонлар ўтганмиз; дейлик, бундан уч-тўрт йил бурун келсанг бошқа гап эди…»

Энди аниқ ишончим комил, у қаршилик кўрсатиш нима эканини билмасди, барисига индамай чидагани-чидаган, шу қилиғи билан у сабий болалик чоғларимни ё бўлмаса ҳамқишлоғим Санги девонани эслатарди. Бешикдаги чақалоқдан тортиб мункиллаб қолган чол-кампирларгача, ҳамма-ҳаммага бамисоли ҳазрати Хизрни кўраётгандай беадад бир ҳайрат билан термиладиган ўзбековуллик шўрлик девона ўзига тош отиб қочган болаларниям «бор бўлинг­лар-э!» деб алқарди. Айтишларича, унинг энг сўнгги сўзлари ҳам шу алқаши бўлган экан…

Хуллас, рақибим сирлилик ва мавҳумликнинг жимжимадор либосларидан айрилиб, қошимда яланғоч ҳолида намоён бўла бошлади, намоён бўлганда ҳам баҳайбат Геркулеслар олдида ботиқ кўкраги, ингичка билаклари, пачоққина гавдасидан номусларда ўлаётган уятчан ўспириндай. Назаримда, у кундан-кунга жисман янада майдалашиб бораётгандай эди. Мен буни қон томчисининг ҳам, қорайиб қоладиган оёқ ўрнининг ҳам тобора кичрайиб бораётганидан тахмин қилардим.

Мен энди аниқ билардим, рақибимни тамомила мағлуб этиш учун маълум фурсат керак, холос. Бироқ менда бу жараённи тезлатиш истаги уйғониб улгурганди. Кечалари ўринда ғужанак бўлиб олиб хўб азобларда ўтказган уч ойлик умрим учун муносиб, ҳатто орттириброқ интиқом олиш ­васвасаси мени қутқуга сола бошлади. Эҳҳе, бу қутқу етагида не-не кароматлар кўрсатмадим… Пойлаб турардим-турардим-да, тўсатдан эшикни зарб билан оча сола дарҳол қайтиб ёпиб олардим, шу орада ҳар нечук тобора енгиллашиб, вазнини йўқотиб бораётгани эшик зарбиданоқ сезилиб қолаётган гавда зинапоянинг темир панжарасига коптокдек бориб урилганини-ю, жон аччиғида инграб юборганини эшитиб қолардим; шиша тўпонига игна, олмосдан тортиб сўндирилмаган оҳаккача – сувга аралаштириб, албатта – сола бошладим; бир оқшом эса буралиб-чирмалиб ётган уч-тўрт қулоч симни йўлакка ташлаб қўйдим-да, у эшикка қапишганини сезган заҳотим симни токка улаб юбордим. Ў, шунда у шўрликнинг «гуп» этиб ерга ўтириб қолгани, сўнг ўрнидан отилиб тура сола, ҳар қандай эҳтиёткорликни йиғиштириб қўйиб, жон ҳалпида зиналарни тапиллатиб босганча ташқарига отилиб чиқиб кетганини эшитиб қотиб-қотиб кулдим; атай кеч қолиб келган кунларим чекиб турган папиросимни билмаган киши бўлиб қувур ортига отардим, кейин лабимга янги папиросни қистириб бирданига уч-тўрт гугурт чўпини ёқардим-да, буларниям ёниб турган ҳолида қувур ортига отардим; бир тун гугурт чўпларига қўшиб ҳали ғўр ўсмирлик чоғларим ёзиб юрган аҳмоқона, бачкана шиғирларга тўла учта дафтаримни ҳам ёқиб отиб юборган эдим, йўлакни куйган гўшт ҳиди тутиб кетди; кейинги оқшом эса уч йилдан бери йиғилиб қолган, ўқиб-ўқилмаган қариндош-уруғлар, таниш-билишларнинг хатларини ёқиб отган эдим, куйган гўшт иси хонага ҳам сизиб кирди; ундан кейинги тун кўзимни чирт юмдим-да, уч литрлик идишда олиб келган кучли кислотани сепиб юбордим қувур ортига…

Биламан, мен уни синдирдим, мен уни енгдим. Сангтарош қулочга сиғмас харсангни йўна-йўна миттигина атиргул ясагани сингари, мен уни муштдайгина итоаткор жисмга айлантирмоқчи, кейин уни ҳамёнимга жойлаб, чўнтагимда олиб юрмоқчи, керак бўлиб қолганда эса дўст-душманлар ўртасида ҳамёнимдан чиқара сола кўзкўзламоқчи бўлиб тургандим. Ўзимча «мақсадимга етдимов» деб ўйлаган оқшомларнинг бирида уйга атай кечикиб келдим. Эшик ёнида гўёки калитни излаган бўлиб бир оз тараддудланиб туриб қолдим, ўзим бўлса сездирмасдан қўйнимдаги қопқонни оляпман. Кислота унинг кўзларини кўр қилгани равшан, энди тўғридан-тўғри устига бостириб бораверсам ҳам бўлар деб ўйлаётган ҳам эдимки, бирдан чиқинди қувурнинг тунука қопқоғи даранглаб очилгани ва кимдир бир нима ташлаб юборганини эшитдим. Нарса залворлигина, шекилли, қувур деворларига урила-урила қуйига гумбурлаб эниб кетди.

Мен ўгирилдим. Қувур ёнида ҳам, ортида ҳам ҳеч ким йўқ эди.

Наҳотки, ундан қутулганим рост бўлса?..

Аммо… аммо у нимага ўзини сассиқ қувурга ташлади? Нимага?..

Энди биламан, у ўйларимнинг барини ўқиб тураркан, худди ўзиники сингари…

Бу ҳодиса пайшанба оқшоми рўй берди.

Жума оқшоми эса…

1989