Абдуқаюм Йўлдош. Ота ўғил (ҳикоя)

Сочини ой сайин устарада тақир олдирадиган, ҳиссиз сарғимтил кўзлари одамга иштонини ҳўллаб қўйган боладек боқадиган, ёз-қиш ёрилиб юрадиган, қуруқшаб кетаверадиган лабларини дам-бадам ялаб олаверишдай ўхшовсиз одати бор, шу кунга довур фақир киши панада қабилида бир четда, бор-йўқлигини билдирмасдангина юрадиган, тенгдошлари орасида на ақли ва на жасурлиги билан ажралиб турадиган ўн-ўн бир ёшлардаги Қобилжон исмли болакай дим ёз оқшомларининг бирида ўнинчи синфни битирган Ўғилой опаси билан кинога бориб келди-ю, эртаси куни тўсатдан, ўзи ҳам кутмаган ҳолда, бир юмалаб қаҳрамонга айланди-қолди.

Ҳаммаси нонушта маҳали бошланди. Том ёнбошидаги кунчувоққа солинган жойда ўтирган эркаклар Ўғилой ҳозиргина тандирдан узиб келтирган қайноқ нонларни косадаги сариёққа булаб, гап-сўзсиз туширмоқда эдилар. «Ҳормангларов», – деди кўчадан ўтиб бораётган Пиримқул найнов девордан бўйлаб. Андаккина қурумсоқлиги боис орқаворатдан «қаттиқ» лақабини олган Жобир ота хушламайгина бош ирғади, сўнг, оғзи тўла нон, гапиришнинг эвини қилолмай ўлганининг кунидан дастурхонни кўрсатиб «келинг» ишорасини қилди. Найнов ҳам ортиқча мулозаматни кутиб ўтирмасдан эшикни очиб кириб келаверди.

Мезбонларнинг қўл чайишга сув тутмаганини сезмаганга олган меҳмон сал эгилинқираганча ҳамма билан қўшқўллаб кўришиб чиқди, ҳол-аҳвол сўрашинди, айниқса, отанинг қўлини алоҳида бир эҳтиром билан юмшоқ кафтлари орасида узоқ ушлаб турди, шошилмасдан тўрга ўтди; отанинг фотиҳа ўқишини сабр билан бош эгиб кутиб ўтирди, бармоқларини хокисорлик ила юзига сийпади, сўнг дастурхон атрофидаги катта-кичик барисидан қайтадан ҳол-аҳвол – бу сафар батафсилроқ – сўраб чиқди, негадир Қобилга кўз қисиб: «Маладес, ота ўғил!» – деб қўйди ва алоҳа тил учида айтилган «олинг-олинг»ларга жавобан: «Ўзларингизам олиб ўтирингизлар», – деди-да, нонга баҳузур қўл узатди.

Албатта, бу ташрифдан Жобир отанинг боши осмонга етди деб бўлмайди. Айниқса, чақирилмаган қўноқнинг шапалоқдай-шапалоқдай нон бўлакларини олиб, сариёққа ҳафсала билан булаб-булаб олаётганини кўрганида ичидан қиринди ўтиб, иштаҳаси ғиппа бўғилди. «Тезроқ бўлинг­лар-э, – болаларига ғудранди ота «қизим, сенга айтаман» қабилида. – Ишга кеч қоласлар».

Падарларининг нашъаси учганини илғаган болалар қўлларини дастурхон четига арта бошлашди, бир-иккитаси орқароққа сурилишди. Пиримқул найнов хўриллатиб чой ичаркан, носвой чеккан одамдай бир нима деб ғўлдиради.

– А? – деди энсаси қотиб Жобир ота.

Найнов шоша-пиша икки-уч бор ютинди.

– Жобир ота дейман, шу кичкинтойингиз, Қобилингизни айтаман, ёмон зўр бола бўпти-да, а?

Ота меҳмонга шубҳаланиброқ тикилди. Умуман, Жобир ота фарзандлари ҳақида мақтов эшитса бас, мойдек эриб кетаверар, баъзи қитмирлар у кишининг шу ожизлигидан унда-бунда, хусусан, ота боққа қоровуллик қилган кезлари фойдаланиб қолишгани маълум эди. Аммо бирдан содда, бўш-баёв, бечора одамга айланиб қолган найнов кўзларини маъсумона пирпиратганча тик қараб тураверди.

– Хўш? – ота ёнбошлаб ётган жойида йиғиб олган оёқларини қайтадан ёзиб юборди.

– Кеча кўриб ҳайронлар қолибман! – ҳаяжон билан бош­лади найнов. – Бола дегани ҳам шундай зийрак, шундай меҳрибон бўлама? Муштдай бошидан шундай бўган бола, билмадим, эрта-бир кун каттарса қандай одам бўп кетади! – Мезбоннинг оёқларини йиғиб олаётганини кўрган найнов изоҳ беришга ошиқди: – Кеча қулубга борибидим. «Зита-Гита» бўлаяптийкан. Қараса-ам, қулуб тўла бола, лекин бировининг бирови билан сапсим иши йўқ. Қарасам, мендан экки қатор олдинда шу Қобилингиз ўтирипти. Лекин болангиз маладес, опачасининг олдига бўтан бировни яқинлаштирмади. Бир-иккита училишенинг хулиган боллари келиб тирғала берибиди, уларниям тирқиратиб қувиб солди. Мен барини орқадан кўриб ўтирибидим. Олдимдаги одамларам: «Бу бола зўр бола экан, кимнинг боласи ўзи?» – деб сўради. Мен: «Биздинг кўчамиздаги Жобир отанинг кичкинтойи», – дедим. Бариси: «Отасига раҳмат, барака топсин», – деб алқади.

Жобир ота ортиқ ёнбошлаёлмай қолди, туриб ўтирди. Қувониб кетганини сездирмасликка уриниб кафтига йўталиб қўяркан, тўнғич ўғлига буюрди:

– Чойни янгилаб кел. Айт, аччиқроқ қилиб дамласин.

Найнов давом этди. Гап энди Қобилнинг одобига, кўрган жойида саломини канда қилмаслигига етганида тўнғич ўғил чой кўтариб келди ва «майиз-пайиз» ҳам ола келмагани учун отасидан дакки эшитди.

Ҳузурланишдан пешонасию бурнига тер тепчиган Қобилбойнинг фазилатлари шу билан тугагандай эди. Аммо найновнинг бахтига Жобир ота уйига кириб бораётган ҳамсояси Акмални чойга таклиф қилиб қолди-ю – оқсоқол ҳамсоясиниям бу гаплардан баҳраманд этгиси келгандир – гапни бошқатдан бошлашга имкон туғилди.

– Акмалжон, – деди ташаббусни қўлга олган найнов нон ушатаркан, – мен ҳозиргина Жобир акамнинг кичкинтойи ҳақида гапираётувдим-да.

– Хўш-хўш? – қизиқсинган бўлди Акмал нон бўлакларини ўзига яқинроқ суриб қўяркан.

– Шу десангиз, кеча «Зита-Гита»га борибидим. Қулуб тўла одам. Қараса-ам…

Акмалнинг ҳам гартаккина қувлиги бор эди, шу боис у тинмай кавшаниб туриш асносида гўёки соддадилларча «Буни қаранг-а… Оббо, азамат-эй… Биздинг боллар бундай эмас… Ота ўғил-да, ота ўғил!..» қабилидаги жумлалар билан гурунг оловига мой сепиб туришни ўхшатди.

Жобир ота тандирдан янги узилган қайноқ нон устига қўйилган сариёғдай эри-иб кетди.

Дастурхонга кетма-кет майиз, асал, қаймоқ, ширинлик­лар… тортилди.

«Текиндан кафан бўлса, ўлмоқ керак», – деб ҳазиллашиб юрадиган найнов гапдан ҳам бўшамади, тановулдан ҳам; Акмал ҳам устозидан қолишмади.

Жобир ота кўчадан ўтиб бораётган бирон кишини «ҳой-ҳой»лаб даврага чақириб қолса бас, гурунг яна аввалидан бошланарди.

Кўзлари янги мис чақадай ялтираётган, лаб-лунжини йиғиштириб ололмай қолган мезбон меҳмонларнинг кўз олдида Қобилга қараб: «Опангга айт, гўшт оссин», – деб юборди… Қўноқлар бир гувиллаб олишди…

Бошланди…

Пиримқул найнов, Акмал сингари уч-тўрт киши қаерда бўлмасин, биринчи имконият туғилиши биланоқ Қобилни мақташгани-мақташган, унга сайин Жобир ота ўғлига пишанг бергани-берган эди.

Энди Қобил бамисоли Ўғилойнинг соясига айланди; бадрафхонага бирга боришмасди, холос. Далада, пахта чопиқда опа-ука ёнма-ён қаторларга тушардилар, тушликни бирга қилардилар, ишдан қайтаётиб бўлимнинг машинасида ёнма-ён ўтирардилар, кўча бошидан уйгача бўлган масофани ҳам бирга босиб ўтардилар. Ҳафтада бир келадиган ҳинд киносига ҳам бирга бориб, бирга қайтардилар.

Қобил опасини фидойиларча қўриқларди. Унинг қулоқ­лари ҳамиша динг бўлар, кўзлари ҳамиша «душман» қидирарди. Бу динг қулоқлар яна бир нарсани – ўзи ҳақидаги барча мақтовларни локатордай сезгирлик билан тутиб оларди, бу олазарак кўзлар яна бир нарсани – ўзига гўёки қойил қолиб боқаётган нигоҳларни битта қолдирмай илғаб оларди.

Қобилнинг жонсарак ҳаракатлари яна бир нарсага – қайдаки ўзи ёқтириб қолган уч-тўрт ҳамсояларидан биронтасини кўриб қолсаям чопқиллаб бора сола: «Ассалому алайкум», – дея салом беришга, гўёки билмаган киши бўлиб қайта-қайта ўша кишиларнинг олдиларидан чиқиб қолаверишга, шу йўл билан кўпроқ мақтов эшитишга, кўпроқ роҳатланишга қаратилган эди.

Уйга қўноқлар йиғилишган маҳаллари ҳам Қобил дам сайин дастурхон ёнида пайдо бўлиб қолаверар, отаси ёки даврада ўтирганлардан биронтаси ўзи ҳақидаги мақтовли гап бошлаб қолишини энтикиб-зориқиб кутар, ҳолвадай ширин гапларни соғиниб ҳаммага бир-бир мўлтираб қарар, ниҳоят, мақсадига етганда ёқимли ҳаяжондан қалтираб кетарди…

Ота ўғил порага сотилмайдиганлардан бўлиб чиқди – билим юрти ўқувчилари, қишлоқ йигитлари тутган ширинликлар, сигареталар, мева-чевалар, футбол тўплари… бари-бариси қатъият билан рад этиларди. Хушомад сўзлари-ку қумга тушган сувдай самарасиз эди – бундай пайтлари Қобил кар-соқовдай без бўлиб тураверарди.

Бирини опасининг олдида чангитиб сўкди, бошқасининг деразасига тош отиб қочди, яна бирини ота-онасига чақиб берди, бошқа бировининг юмшоқ жойига бигиз тиқиб олди… Хуллас, ота ўғилнинг якка ўзи опасининг мухлисларини тўзғитиб юборишга муваффақ бўлди.

Лекин қўшни қишлоқда Эрмамат шопир деган бир Худонинг балоси бор экан, унча-бунча ўр ёнбошини бировларга бермайдиганлардан экан. Шу йигит Қобилвойни кўп овора қилди-да. Қуюқ мўйловли, қарчиғайдай бу йигит янги «КамАЗ»ида Қобилларнинг кўчасида ҳуда-беҳудага у ёқдан-бу ёққа ўтгани-ўтган эди. Ота ўғил йўлга мих қоқилган тахта ташлаб неча марта унинг машинаси балонини ёрди, неча марта тош отиб пешойнасини синдирди, Эрмамат бўлса оппоқ тишларини ярқиратиб кулиб қўя қолар, кўча-кўйда кўриб қолганида эса бўралатиб сўкишлари, жон-жаҳди билан уриб-тепишларига қарамай қийқириб кулганча Қобилни маҳкам қучоқлаб олиб айлантирар, шу орада бир четда лабини қимтиб, ердан кўз узмай турган Ўғилойга бир-икки оғиз гап отишгаям улгурарди.

Кўрганлар бор: худди мана шу бир қоп ёнғоқ Эрмамат бир гал юзига шапир-шупир шапалоқ тушираётган Қобилни азот кўтарганча машинасида ўтирган ўн тўрт-ўн беш ёшлардаги икки қизчани кўрсатади-да, дейди: «Қобилбой жўра, одам бор жойга одам келади, одам билан одам танишади, бизнинг жиянларам овулингизга меҳмон бўлиб кепти, бориб кўришсангиз бўлмайдима?» Шўрлик йигит шу сўзларни айтаркан, одатдагидай бир четда жимгина турган, бироқ дув қизариб кетган, ўзига киши билмас ўғринча назар солган Ўғилойга кўз қисиб қўяди. Шунда… шунда «ҳужум»ларни қайтаравериб тили беҳад заҳарлашиб қолган Қобил болакайимиз чинқиради: «Охири сингилларинг­ни ўртага солдингми, к…» Ранги қув ўчиб кетган Ўғилой ортига ўгирила сола зипиллаб уйига жўнаб қолади. Эрмаматнинг бўшашиб кетган қўлларидан сирғалиб тушган Қобил ҳам опасининг ортидан югураркан, йигитни чангитиб сўкишни қўймайди.

Аммо бу ҳали асосийси эмас, асосийси кейинроқ содир бўлди.

Орадан бир ҳафтача вақт ўтган эди…

Хуфтон пайти Ўғилойнинг молларга ем беришини назорат қилиб турган Қобилни уйқу элитади. У шундай чорпоя­да узала тушиб ётиб қолади-да, кўчадан ўтган машина товушини ҳам, Ўғилойнинг ўзига қўрқа-писа термила-термила охири қўлида бўш сатил билан кўчага чиқиб кетганини ҳам сезмай қолади.

Қобил кўп ухлай олмайди, нимадандир сесканиб уйғониб кетади. Кўрадики, опа йўқ. Кўчага отилади. У йўл адоғидаги дарахт тагида турган машинага яқинлашаётган қизнинг қорасини илғайди-ю, худди бутун оламга ўт кетгандай кўчани бошига кўтариб чинқирганча шу тарафга отилади.

Бу чинқириқни эшитган қиз даҳшатдан қўлидаги сатилни ерга тушириб юборади, машинасидан энди тушиб келаётган йигит эса чалишиб кетиб ерга, тизза бўйи тупроққа бор бўйи билан йиқилади.

Шамолдек елиб келган Қобилбой омадсиз тақирбош ошиқни уриб-тепишга, устига тупроқ сочишга тушади. Атайин қилингандай даладан эшакда қайтаётган Жобир ота худди шу воқеанинг устидан чиқиб қолади. Отасини кўриб адойи тамом бўлган Ўғилой пиқиллаб йиғлаганча сатилниям унутиб уйга югуриб кетади.

Жобир ота чор-атрофга аланглайди, ҳеч ким кўринмаса-да, ўнғайсизланиб томоқ қиради, «Нима бўлди, болам?» – деб сўрайди паст овозда. Бироқ ўзининг қаҳрамонлигидан жўшиб кетган Қобил томоғини йиртиб бақиришини қўймайди: «Ота, уринг буни, Ўғилойниям уринг… Мен кўрдим!..» Шунда чап тарафдаги уйнинг эшиги ғийқиллаб очилади ва Ўзбековулнинг энг таниқли ғийбатчиси Ойниса қушночнинг заҳил башараси кўринади. «Нимани кўрдинг, айланай болам?» «Кўрдим, – дейди тамом ҳовлиқиб кетган Қобил энди қушночга қараб. – Ўзим кўрдим, булар мошинга чиқиб олиб…»

Кейинроқ девор ортида турган сон-саноқсиз одамлардан баъзи бирлари гапириб юришдики, гўё шу ерга келганда Жобир ота ёлғондан қаттиқ-қаттиқ йўталиб юборганмиш, баайни ўғлининг гапларини бегона қулоқлар эшитишини истамагандай…

Дунёда хаёлдан учқурроқ нарса йўқ дейишади. Бекорларни айтишибди. Бор. Уям бўлса ёмон гап, ёмон хабар.

Ушбу анчайин нохуш воқеадан бир ош пишгулик фурсат ўтар-ўтмас «Жобир қоровулнинг қизи бир йигитминан нақ машинанинг кабинасига тиқилиб олиб… устидан чиқиб қопти… ўз кўзиминан кўрипти… бети қурсин… қорнида уч ойлик ҳомиласи бор экан… дўхтирминан гаплашиб келган экан… эртан бориб олдиришлари керак экан… Қиз боланинг ўзида бўлмаса қийин, уни арқондаям ушлаб бўлмайди, бўмаса, укаси бечора қандай қўриқларди юзинг тескари бўлгурни…» қабилидаги висир-висирлар Ўзбековулни камида тўрт маротаба айланиб чиқди…

Орадан ўн йилдан ошиқроқ вақт ўтди…

Таътилни киндик қоним тўкилган Ўзбековулда ўтказишга аҳд қилдим.

Бир кун кўчаларни бемақсад айланиб юриб дарвозаси ёнида турган Жобир ота билан Қобилни учратиб қолдим. Қадди эгилган Жобир ота чўққи соқол қўйипти, салла ўраб, чопон, маҳси-калиш кийипти. Қобил бўлса жиккаккина, лабининг устида ингичка, сичқоннинг думидай сарғиш мўйлови бор йигитча бўлиб етишибди.

Кўришдик, ҳол-аҳвол сўраша бошладик. Шу пайт дарвоза очилиб, ранги ўнгиб кетган читдан қопдай кўйлак-лозим кийган, эски дурра ўраган бир жувон чиқиб келди. У яланг­оёқ эди. Жувоннинг сириб боғланган рўмолидан чиқиб, пешонасига тушиб турган бир тутам оқ толалар аралаш сарғимтир сочи ниҳоятда қуруқшаб кетган.

– Молларнинг тагини тозаладингми? – жувондан сўради Қобил мулойимлик билан.

– Тозаладим, ўт солдим, – шоша-пиша жавоб берди жувон бизларга олазарак кўз югуртираркан. Шунда мен бу кўзларда ҳеч қандай маъно йўқлигини илғадим.

– Маккайини қайнатиб қўй.

– Майли.

Ортига ўгирилаётган жувон тўсатдан қиқирлаб кулиб юборди:

– Бугун кино борми, а, ака?

– Бор. «Ҳур қизлар» бор. Бор энди, уйга кир.

– Во-ой! – жувон кир-чир чап қўлининг бош бармоғини оғзига тиқиб маъносиз илжайди-да, турган жойида баайни тантиқ қизчаларга таассубан чайқалди. – Кеча иккинчи серияси бўлибди-я, бугун биринчиси бўлади-я?

– Бўлади, бўлади, – Қобил жувонни елкасидан итариб ичкарига киритиб юборди-да, дарвозани ёпди.

Ичкаридан жувоннинг қиқирлаб кулгани эшитилди.

Этим жимирлаб кетди.

– Пешонамизга бир қиз битибди, – мунгли оҳангда деди Жобир ота менинг саволомуз қараганимга жавобан. – Худойим шунингам эс-ҳушини қайтиб олди. Бўлмаса, қандай қиз эди-я. Ҳалиям Худога шукр, шу улим бор экан, барака топсин, – Жобир ота Қобилга имо қилиб кўзларига ёш олди. – Савдойи опасини ташлаб қўймади. Барака топсин, ишқилиб, бир бурда нонини аямади. Илоё, яхшилиги фарзандларидан қайтсин…

Ғурур билан кўкрагини керган, отасидан ширинлик олган болакайдай талтайиб кетган Қобил мени ичкарига таклиф қилди. Томоғимга бир нарса тиқилгандай эди. Амаллаб узримни айтиб йўлимда давом этдим…

1990