Абдуқаюм Йўлдош. Биз бўлмаган жойларда (ҳикоя)

Эркин АЪЗАМга

1

1981 йил эди.

Терим авжида. Ит эгасини танимай ётган ур-тўполон кунларнинг бирида армияга тўппа-тўғри даладан, военкомнинг машҳур носранг «Виллис»ига босиб олиб кетилган ўзбековуллик Дўстбой яна икки қовун пишиғини эсон-омон ўтказиб, уйдагиларни сарғайтириб йўл қарата-қарата, ниҳоят, декабрь ойининг ўрталарида эрта саҳар, ҳали юлдузлар чарақлаб турган палла, жомадонини кўтариб қишлоққа кириб келди.

Бир тутам қиш кунини узайтирмоқчидай аллақачон ўрнидан туриб, тандир қизитишга уннаб кетган Чўтбой кўкнорнинг ўртанча келини насибасига бугун жонлиқ битилган экан – қўлидаги косовини ташлашниям унутиб чопиб бора сола суюнчи сўраб турган жувонга оппоқ яктак-иштонда ҳовлиқиб чиқиб келган оқсоқол бостирмада қуйруғини кўтаролмай ётган қўчқорлардан бирини бахшида этиб юборди.

«Дўстбой қачон келади-ю, қачон оқсоқолнинг гўштини еймиз», – деб томоғи тушиб юрган эл «юз ойдин»га оқиб кела бошлади. Бундай пайтлари энтикиб, босар-тусарини билмай қоладиган, балки, шунинг учундир орқаворатдан «мард тентак» лақабини олган оқсоқол меҳмонлар пойига бирданига иккита қўчқорни олиб урдики, ҳаммаёқ «сен же, мен же» бўлиб кетди. Олқишлардан шишиб кетган оқсоқол бунгаям қаноат ҳосил қилмай, кўпчилик ҳовлида пайтини кўзлаб туриб тўладан икки яшик «тентак сув»ни олиб чиқиб ўртага қўяркан, сохта беписандлик ила илова қилиб ўтиб кетдики, бу зорманданинг уруғи сероб, қўрқмасдан олаверинглар, магазиндаям менинг номимга ёзилган яна иккита яшиги турибди, биронтангнинг кўлигинг* бўлса, ҳозир бориб олиб келиб қўйсаларингам бўлади, бўлмаса сўнгроқ борарсизлар…

Қип-қизаришиб, хўроз бўлиб олган тўрт ўғлоннинг муносабатларни аниқлаш учун пастга эниб кетгани-ю, кейин уларнинг иккалови тўйхонага қайтиб келиб ўтирмай йўлни тўғри марказда яшовчи, синган-чатнаган суякларни мўмиё билан даволовчи табибнинг уйи томон солишгани; тўрт нимча чарвини ўнгирига босиб зипиллаб чиқиб кетаётган Қодир қассобнинг аёлини Солия кайвони нақ эшик олдида ушлаб олгани; совхоз директори бўлмиш «Каттакон» қўлига сув қуйиш учун ўзига пешвоз чиқаётган беқасам чопонли, аллақачон «ширингина» бўлиб, сузилибгина турган уч кунлик куёв Темирбойни қумғон-сочиғи билан қўшиб маҳкам қучоқлаганча: «Хизмат яхши ўтдими, жиян?!» – деб кўпчиликни ўнғайсиз аҳволга солиб қўйгани; худди шу Темирбойнинг бир банка ермойни адашиб самовар ичига қу­йиб юборгани; Офтоб қушночнинг ҳадеганда невараларини киссаларини қанд-қурсга тўлдириб уйга югуртиравериши хотин-халаж оғзида сақичга айлангани; шунингдек, солдат боланинг оқсоқолни чеккароққа олиб ўтиб гуноҳкорона қиёфада: «Бунча ташвишларнинг кераги йўғиди…» – деб гап бошлаганини-ю, бунга жавобан ота оғриниброқ: «Худога шукр, ўладиган жойда эмасман, шу пайтгача биров мени «қаттиқ» демаган, эл-юртдан кам жойимам йўқ, болам», – деганларини ҳисобга олмасак, тўй силлиққина ўтди.

Ҳай, ишқилиб, тўйлар кўпаяверсин.

Кейинги ҳафта-ўн кун «солдатни чойга чақириш»ларда ўтди. Ейиш-ичиш гадоси, тутун чиққан жойда ҳозиру нозир, қишлоқда отнинг қашқасидай таниқли тўда Дўстбойни ҳар куни навбатдаги хонадонга судрагудай олиб боришар, бечора солдатнинг минг қаршиликлари, ароқ лим-лим пиёлани тутишганида кўнгли айниб юзини четга буришларини биргина «удумимиз шу» деган сирли жумла билан енгишар, «уй эгасини хафа қилмайлик, одамгарчиликдан чиқмайлик, ўзбекчиликни унутмайлик» дейишиб, дастурхонга фалончига қараганда кўпроқ ароқ қўйганидан ғурурланиб, ғилжайиб ўтирган мезбонга ишора қилишарди.

Ҳай, майли, буларам ўтди. Даҳшатли даражада ичиш билан нишонланган Янги йил оқшомидан кейин ошқозон оғриши, бош айланиши, дармонсизлик сингари бало-баттар касалликларга дучор бўлиб улгурган, ранги синиқиб, кўзлари киртайиб қолган солдатни тинч қўйишди.

Шундай саодатманд кунларнинг бирида ўзининг ­ка-а-ат­­та «солдат тўй» ўтказгани ҳақидаги хушомадли мақтовлар, ялтоқланишларни эринмасдан битталаб йиғиб, тилининг тагига носдай ташлаб олиб, кайфини сури-и-иб юрган оқсоқол кенжа келинни чақиртириб писанда қилдики, энди шу ишгаям оппоқ соч-соқолим минан ўзим аралашиб юрмай, сен аста кўнглига қўл солиб кўр-чи, Дўстнинг хоҳлаган-поҳлагани бормикан, агар бўлмаса, бир-иккита кўз остига олиб қўйган жойларим бор, бари тагли-тугли одамлар, худо хоҳласа, йил бошида** икки оёқли мошин олиб бераман.

Келин итоатлигина эди, ҳаяллаб ўтирмай шу куниёқ бир пиёла чой устида бор гапни қайнисига тўкиб солди. Тўйингизда бир ўйнайлик-да деб қўшиб қўйди. Уялманг, ваъдалашганингиз бўлса, мана, менга айтаверинг, бу ҳар кимнинг бошида бор савдо, ҳалиям отамиз сизни кенжатойим деб суйиб ўз эркингизга қўйиб беряпти, шунисига раҳмат денг.

Гапнинг буромадидаёқ маъюс тортиб қолган Дўстбой дастурхон попугини эзғилаб кўп ўйланди, хўб ўйланди, охирида синиқ жилмайиб айтдики, э чеча, мусофир бўлмагунча мусулмон бўлмас деб тўғри айтган эканлар, биз ўша ёқларда юрганимизда отамизнинг, акаларимизнинг, сизларнинг, қариндош-уруғларнинг, қишлоғимизнинг қадрига етдик. Билмадим, балки, ҳаётнинг қадрига етишниям ўргангандирмиз, не бўлсаям, бу нотавон кўнгилда бир ният пайдо бўлдики, ўша юртларда қолиб яна икки-уч йилча яшаб кўрсак, сочилган ризқ-насибамиз бўлса, териб есак; уйланиш бўлса қочмас, ҳали ёшмиз, аввал ҳаётнинг аччиқ-чучугини тотиб кўрсак, сўнг минан бир гап бўлар, бизнинг пешонамизга ёзилганиям бордир.

Келин, ҳар қалай, саккиз йилликни битирган, оз-моз жуғрофий маълумотларга эга, қайниси хизмат қилган кентни харитада бир-икки бор кўрган, бир чўчиб тушиб сўрадики, ўша ёқларгами, қайнимов? Дўстбой маъқуллаб бош ирғаган эди, келиннинг қўлидаги пиёла тушиб кетди, хайриятки, синмади.

Бир муддат сукутда ўтгач, юзи сал ёриша бошлаган келин у ёқ-бу ёққа аланглаб олгач пастроқ овозда айтдики, майли, болағана, ёшликда ҳар не бўлуви мумкин, лекин буни бировга айтиб юрманг, биласиз, отамиз бунақа ишларга жуда-а-а қаттиқ, бунинг устига, биласиз, ҳозир одамлар оёғи билан эмас, тили билан юради; сизнинг хабарингиз йўқдир, жўрангиз Мардонбой хотинидан ажраб қутулди, Раима шўрлик районга борганда сал мазаси қочиб, қайтишда бир енгил мошинга минган экан, одамлар денг бир гап қилди, бир гап қилди, нақ олти ойга чўзилдиёв; бегоналарни қўя турайлик, ўзимнинг акам йигирма бешга кириб бултур уйланди, бир уч йилча шундай гапларни эшитгандикки, айтаверсам, бетим сидирилиб тушади, йўқ, мана, худога шукр, ҳозир қўчқордай ўғли бор; Собир малим бу йил боласини мактабдан чиқариб олди, қўли калталик қилиб суннат тўйини ўтказмаган экан, не бир маломатларга қолмади… Лекин, болағана, сиз кўп куйинаверманг, ҳеч бўлмаса, у-бу тиқиштириб тинчитишнинг иложи бор чиқар, қанча харажат бўлсаям айтаверинг, қарз-қавола кўтариб бўлсаям топамиз; ишқилиб, болағана, «овсинимиз» бўшанадиган бўлиб қолмағанма, у ёқдинг халқи жуда закунчи бўлади дейишади… Мени тушунмадингиз, чеча, деди қип-қизариб кетган Дўстбой, мен ўзим бориб яшаб кўрмоқчиман, ўзим. Ҳай, болағанаёв деди кенжа келин энди бемалол илжайиб, барини тушуниб турибман, тушуниб турибман, тушунмай ўлибманми…

Суҳбат хотимаси шу бўлдики, Дўстбой этак силкиб чиқиб кетди. Келин илжайганча қолаверди.

2

Кенжатойнинг нияти пат-қанотлари юлиниб, имкон қадар беозор тарзда етказилган эди, оқсоқол кўзининг пахтаси чиқиб ўшқириб бердики, бораман деса, Самарқанд бор, Бухоро бор, ҳа, ана, Тошкан бор, лекин тупканинг тубидаги бегона юртни хаёлигаям келтирмасин; фалокат босиб бу гапдан эл-юртни хабардор қилиб юрманглар тағин, биласизлар, ҳозир одамлар оёғи билан эмас, тили билан юради, дўстдан кўра душман кўп; худога шукр, шу пайтгача обрўйимиз маҳкам бўлган, уруғимиздан саёқ чиқмаган, биров менга бармоғини бигиз қилиб кўрсатмаган, то мен тирик эканман, шундай бўлиб қоладиям, мен ўлгандан кейин ўзларинг биласизлар, барингни Худога солдим…

Эътибор истакка яраша туғилади. Уйдагилар ҳам зингил солиброқ кузатишиб тез орада амин бўлдиларки, чиндан ҳам Дўстбойда баъзи тушунарсиз қилиқлар пайдо бўлиб қолипти. Дейлик, қаҳратон совуқ бўлишига қарамай, ҳовлига чиқиб олиб осмонга соатлаб термилиб тураверишининг ё бўлмаса ҳувиллаб ётган кўчаларни майда қадамда айланиб юраверишининг маъниси не; ҳафтада бир келадиган ҳинд киносига овулнинг етти яшаридан етмиш яшаригача ёппасига ёпирилиб борса-ю, битта Дўстбой эски приёмникни чийиллатиб эшитиб ўтираверса; шунча қисташларига қарамай, гап-гаштакларга боравермаса, худо ёрлақаб бориб қолсаям, қилган иши мук тушиб олиб газит-журнал титиш бўлса; устига-устак, саҳар туриб олиб майкачан ҳолида ҳовлини айланиб югурадимией, қўлини ерга тираб олиб ётиб-турадимией, оёғини осмонга кўтарадимией… Шунча одамнинг боласи армиядан қайтди, бировиям элдан ажрамаганди, бировиям бундай қилиқлар кўрсатмаганди, буни не жин чалган?..

Дўстжон, деди бир куни катта оға иккалови холи қолишган маҳал, нима дейсан, беш юз етиб қолар-а… Чечанг кўрибди-ку, альбомингда, бир чочи калта қизминан тоза қўлни ушлашиб олиб расмга тушган экансан, ўзи ўшанга юбориш керакма? Сен адресини берсанг, мен Самарқандга ўтганимда тайлаб келардим. Бу ердан юборсанг, бирови бўлмаса бирови билиб қолади, ўзинг биласан, ҳозир одамлар оёғи билан эмас, тили билан юради… Аввал жиғибийрони чиқиб кетган Дўстбой охирида руҳсиз қўл силтадики, йўқ, ака, мен эртароқ кетай, менга рухсат берингизлар, мени барибир тушунмабсизлар, гап қизда эмас. Оға ажабланди: нимада бўлмаса? Гап… шу ерга келганда Дўстбой тутилиб қолди. Оға мамнун жилмайди, гўёки айтди: шунақа, ука, биз ҳам жа-а унча ердан чиққанлардан эмасмиз…

Кенжатойнинг ҳалиям мусофирлик илинжида юрганини эшитган ота катта келини орқали сўраттирдики, нима, қорни тўймаяптима ё усти бут эмасма, ё биров ёмон муомалада бўляптима, ё ўша юртларда биронтасига ваъда бериб келганма? Барча саволларига «йўқ» жавобини олган оқсоқол ўшқириб берди: ундай бўлса, бегона юртларда пишириб қўйибдима?

Кенжатойдан жавоб бўлмади.

Кўнгил – душман. Оқсоқол бир куни кичик келинга шивирладики, сен қайнингни олиб қушночникига ўтиб кел, қоқиб-поқиб қўйсин, буни ўша ёқларда биров иситиб-писитиб қўйганма, сўнг бира тўла райсентрдаги балнисагаям кўрсатиб кел, истарик-пистариклари урган бўлса, сатрясена мозга бўлиб қолганма; лекин борганларингни эл-юрт кўрмасин, ўзинг биласан, ҳозир одамлар оёғи билан эмас, тили билан юради.

Қўрғон эшиклари маҳкам эди, шукр, бу хавотир кўчага чиқмади, эл-юрт қулоғига етиб бормади, бироқ хонадонда анча вақтгача яшаб кўпларнинг кўнглини кемириб юрди.

3

Қодир вақт ҳар қандай дардни ҳам даволайвермас экан, шекилли, орадан икки-уч ҳафта ўтгач Дўстбой чечалари воситачилигида отасидан оқ фотиҳа сўради. Оқсоқол дарғазаб ҳолда эшикни қарсиллатиб ёпиб чиқиб кетиш олдидан – одатига кўра эҳтиёткорликни унутмай – кенжато­йининг барча ҳужжатларини йиғиштириб олди-да, бўғчага тугиб, калитини ёнидан қўймайдиган сандиқнинг тубига жойлаб қўйди.

Тарих гувоҳ, болалар доимо оталарини тушунмай келадилар, оталар эса болаларини. Не бало бўлганки, авваллари эл қатори мўмин-қобилгина юрадиган, ўзидан каттанинг гапини икки қилмайдиган, бировга тик қарамайдиган Дўстбой «ўша ёқлар»дан қайсаргина бўлиб қайтган экан денг, дабдурустдан катта оғадан қарзга эллик сўм пул сўраган. Кўнгли бўшроқ оға ҳамсоясидан шунча пулни олиб чиқиб бераётган пайти қаёқдандир бу махфий битимдан хабардор бўлган оқсоқол бало-қазодай отилиб кирган…

Ў, энди оқсоқолнинг таърифига сўз йўқ. Вақтида «актив» бўлиб, қавмини зир титратган, дўнан отида солланиб келаётган чоғи кўз илғар масофадан йўлини кесиб ўтган аёл жинсини қамчи дўли остига олган оқсоқолнинг ғазабиям ўзига яраша эди-да…

Хуллас, жанжал «оқ қиламан»дан тортиб бир-икки шапалоққача бориб етди. Шукрки, қўрғон эшиклари маҳкам эди – ташқарига тиқ этган товуш эшитилмади…

Уч кундан сўнг кенжатой йўқолиб қолди.

Ишнинг кўзини биладиган оқсоқол бировга дамини чиқариб ўтирмай қўшни овулга борди-да, оғзи оладиган пулига яраша маҳкам бир жуҳуднинг машинасини кира қилиб, катта ўғилни ёнига олганча шаҳар томон учди. Уяси бузилган чумолилардай одам бижғиб ётган темирйўл вокзалини, кенжатойи хизматини ўтаган олис кент тараф кетадиган поездларни икки кун тит-пит қилишиб, мақсадларига етишолмай, силлалари қуриб, вокзал ҳовлисидаги темир ўриндиқларда симиллаб оғриётган оёқларини силаб ўтиришган эди, бу ёқдан Дўстбойнинг ўзи қўл қовуштириб чиқиб келаверди. Қаёқдан шунча куч пайдо бўлгани ноаён, ҳар тугул, оқсоқол ўрнидан учиб тура сола на саломга алик бор, на изоҳга қулоқ тутиш, «адашган ўғил»нинг билагидан маҳкам чангаллади-да, ора-сира биқинига ниқтай-ниқтай диконглатиб судраб бориб (орқада бир нотаниш йигит: «Картошканинг қолганини ким туширади? Ҳеч бўлмаса, ишлаган пулингни олиб кет!» – деб бақирганча қолаверди) машинанинг орқа ўриндиғига босди-ю (ҳай-ҳай, бундай ғазабдан худонинг ўзи асрасин!), тўбалаб ураверди, тўбалаб ураверди…

Машина ўкириб олдинга интилди. Беш-ўн чақирим йўл босиб қўйди ҳамки, қани энди оқсоқол тўхтай деса, ҳеч бўлмаса, сўкинишни бас қилса, қаёқда дейсиз… Охири лаблари пир-пир учиб, кўзлари ғилтиллай бошлаган тўнғич ўғил чидай олмади (жигар-да, жигар; қон бир эмасми) – шартта машинани тўхтатиб тушиб қолди. Отасининг ўхшатиб бир сасиганига жавобан бўғилиб «бораверинглар, автобусда кетаман» деганча пастга чопиб эниб кетди.

Машина қишлоққа тун ярмида кириб келди.

Қўрғон эшиклари маҳкам эди…

Наврўз айёмида оқсоқол ўзининг пайғамбар ёшга тўлганини ҳам қўшиб кенжатойнинг тўйини ўтказиб олди. ­Ка-а-ат­та тўй бўлди…

Ғулу бости-бости бўлди, эҳтирослар сўнди, ҳаёт дарёси ўзининг сокин маромига тушиб олди.

Дўстбой элга қўшилди; гап-гаштакларда қатнашадиган бўлди, қартани, ичишни, чекишни ўрганди. Ёқалашишниям ўрнига қўядиган бўлди, икки марта боши ёрилиб, «зўр» лақабини орттириб ҳам олди; эл қатори томорқа экди, ҳўкиз семиртириб сотиш тараддудига тушди, далагаям эл қатори саҳар кетиб, қоронғи тушганда қайтадиган бўлди, хуллас, оқсоқолнинг, уйдагиларнинг кўнглини ўрнига туширган дориломон кунлар бошланди. Дўстбойнинг «болалик шўхликлари»ни биров қайтиб тилга олмади, тилга олсалар-да, унинг ўзи йўқ пайтлари, шунчаки ҳангома орасида, кулги учун…

4

Гоҳида телба ўйларим номаълум томонларга улоққан чоғлари кўнгилда бир фикр уйғонадики, ўтган умрини миридан-сиригача ёддан ўтказган паллалари бирон марта бўлсин қизариб кетмаган одамгина «яхши яшадим» деса арзийди. Лекин ўз-ўзимни юпантирмоқчидай дарҳол бошқа даҳрий фикрларга ҳам эрк бераманки, дунё­да ўшандай фаришта одам бормикин ўзи?..

Орадан йиллар ўтиб, таътилда юрган чоғим Дўстбой қўноққа чорлаб, олдимга қуюқ дастурхон ёзган, муштдайгина хотинини зинғиллатиб «Каттакон»нинг уйидан санчқи опкелтирган, қоп-қорайиб, ёрилиб кетган қўлларини яширишга уриниб, ияк қоқиб «олинг-олинг» қилган, сўнг газитда «Инсон қалби» деган шиғиримни ўқигани, маъқул бўлганини айтганида, мен – университетнинг иккинчи курс толиби, ўзини даҳо ҳисоблаб юрган ғўр йигитча – эшитишга текин қулоқ топилганидан, ўзимга сомеъ тарзда термилиб турган бир жуфт қорачиқни кўраётганимдан босар-тусаримни билмай унча-мунча мавзу эмас, нақ Инсон қалби, Шеърият ҳақида бир соат сайраганманки, эҳҳе, нимасини айтасиз, ҳали-ҳануз ўша олифтагарчилигимни эсласам, юзим уятдан ловуллаб кетади, ўзимни қўярга жой тополмай қоламан…

Ниҳоят, фалсафа сўқишдан чарчаб, бироқ ҳали ҳаяжонимни босиб ололмай, емоқ-ичмоққа тутинганимда, негадир товуши титрай бошлаган мезбон қурилиш отрядида қай юртларда бўлганимни сўради. Айтдим. Айтгандаям сал бўрттириброқ айтдим. Дўстбой ўша юртлар ҳақида гапириб беришимни сўради. Мен гапирдим… «Бир фигураси во қизни дискотекада маҳкам қучоқлаб олдим-да, ўрмоннинг ичкарисига обкириб кетиб…» Қарасам, гапираётган мен-у, қизариб-бўзараётган Дўстбой. «Ечин десам, йўқ дейди. Э, сендай моҳпора қиздан ўргилдим дедим-у…» Авж пардаларда давом этаётган эдим, мезбонни йўтал тутиб қолди. «Халқи… халқи қандай яшар экан, ёшлари қандай экан?» – сўради у охири овози бўғилиб. «Во! – дедим бош бармоғимни кўтариб ширин хотиралардан тўлиққанча. – Биттасиникига бордим, иккита «Чашма» кўтариб олганман. Билмаб­ман денг, онаси фалаж бўлиб, қўшни хонадаги каравотда ётар экан, жанублик эмасманми, киргандан гап йўқ, сўз йўқ, бирдан маҳкам қучоқлаб олгандим…» Ўзим гапириб, ўзимнинг сўлагим оқиб ётар эди, Дўстбой ирғиб ўрнидан туриб узр сўраганча овқатдан хабар олишга чиқиб кетди. Бу ҳол бир эмас, уч-тўрт марта такрорланди. Шу пайтгача кўпларнинг ичини куйдирган ривоятларимни мириқиб айтиб беролмасдан задаланиб, кайфим тобора бузилиб боряпти-ю, Дўстбойнинг айланиб сўрагани Болтиқбўйи ёшларининг нима ўқиши-ю, нимага қизиқиши, дунёқараши…

Ишқилиб, суҳбатимиз оловига сув сепилди.

Овқатдан сўнг фотиҳа олдидан ўйланиб қолган Дўстбой бир чуқур хўрсинди-да, мени тонг қолдириб: «Қанийди ўша ёқларда бир яшаб кўрсам…» – деди. «Дўстбой жўра, – дедим дарров насиҳатомуз оҳангда, – қорнинг тўқ бўлса, устинг бут бўлса, овул-жамоатнинг орасида бўлсанг, аёлинг қўзилай деб турган бўлса, яна нима керак одамга? Унчалик ношукр бўлма-да!» Дўстбой бечора хижолатдан довдираб қолди. «Тўғри, тўғри, – деди шоша-пиша. – Лекин, жўра, буни сен эшитдинг, бегона қулоқ эшитмай қўя қолсин, биласан, ҳозир одамлар оёғи билан эмас, тили билан юради». «Майли, – дедим олижаноблик қилаётганимдан ғурурланиб. – Аммо энди ўзинг ҳам юқоридаги сингари саёз, юзаки фикрларни миянгдан чиқариб ташлагин, хўпми?» (Ҳай, аттанг-а, ҳай, аттанг, бу сўзларни айтгандан кўра тилим узилиб тушса бўлмасмиди!..)

Дўстбойнинг лаблари қимирлади, аммо овози чиқмади.

5

Бу етти йил бурунги воқеа эди.

Кеча ана шу Дўстбой вафот этди. Касалхонада.

Кутмагандим. Уни сариқ касали олиб кетишини кутмагандим. Дўстбой хафақонлик касалига йўлиққани, икки марта юрак оғриғи билан шифохонага тушиб чиққанини билардим.

Фалокат-да, қачон шамолласа, серпиёз аччиқ шўрва ичиб, кейин бир ўраниб ётса отдай бўлиб кетадиган Дўстбой бу сафар кимнингдир қутқусига учиб амбулаторияга борган. Уни эмлашган игна аввал сариқ касали билан оғриган беморга ишлатилган экан.

Ўзбекчилик, қишлоқ шароити маълум, терим авжи қизиган ур-тўполон кунлар, ишдан ўзини четга тортган одам эл кўзига шумшук кўриниб қолиши мумкин. Биласиз, ҳозир одамлар оёғи билан эмас, тили билан юради, ишқилиб, Дўстбой иш бир оз санжоб бўлсин-чи деб то бутун бадани сарғайиб, илвираб қолгунча далада юраверган.

…Ҳозиргина: «Раҳматли яхши одам эди!» – деб гуриллаган оломон ортга – ўзининг кундалик ташвишларига қайт­ди. Йиғлайверганидан юзи шишиб кетган оқсоқол судралиб уларга эргашди. Янги дўппайган қабр бошида ёлғиз ўзим қолдим.

…Сен дунёга келиб нима кўрдинг, Дўстбой; сен дунёга келиб нима орттирдинг, Дўстбой; умрингнинг сўнгги дақиқаларида нималарни ўйладинг, Дўстбой; агар туйқусдан мўъжиза юз берса-ю, сенга қайтадан яшаш насиб этса, умринг­ни яна шундай ўтказармидинг, Дўстбой; дунёдан рози кетдингми, Дўстбой; одамлардан рози кетдингми, Дўстбой; биз сени тушундикми, Дўстбой; биз сени тушунишга уриндикми, Дўстбой; сен ўша олис-олис, биз бўлмаган жойлардан нималарни излагандинг, Дўстбой; сен ўша олис-олис, биз бўлмаган жойлардан нималарни кутгандинг, Дўстбой; сен ўша олис-олис, биз бўлмаган жойларда нималарни топ­гандинг, Дўстбой; сен бизни қарғамадингми, Дўстбой; сен бизга ачинмадингми, Дўстбой; сен ёлғиз эдингми, Дўстбой; сен ягона эдингми, Дўстбой?..

Билмадим, балки, бу гапларни овоз чиқариб айтгандирман, бир пайт қарасам, кўз ёшимга ғарқ бўлиб муздай туп­роқни қучоқлаб ётибман. Дарров ўрнимдан туриб уст-бошимни қоқдим. Ишқилиб, қабр бошида не аҳволда турганимни эл-юрт кўрмаган бўлсин; биласиз, ҳозир одамлар…

1989

______________

* Кўлик – улов (шева).

** Йил боши – Наврўз.