I
– …Бу бир пайтлар ҳашар йўли билан қурилган ёзги клуб эди: одамлар оқиб келадиган ҳинд кинолари қўйиларди (“Айёрликка қарши маккорлик”ми, “Маккорликка қарши айёрлик”ми деган кинодаги ярим-яланғоч ҳинд гўзалларининг жунунваш рақсларини жон-жаҳонини унутган кўйи, оғзи очилиб томоша қилаётган Бектемир тоғам ногоҳ алам билан дўпписини тиззасига урганча “Эҳ! Мана ҳаёт!..” дея ҳайқириб юборган жой бу). Сўнг бунақа томошалар урфдан чиқиб, овул аҳли уй-уйида шиғиллатиб видео кўришга ўтгач, бино ҳувиллаб қолди. Шу маҳаллари қўлида пул ўйнаётган тадбиркорлардан бири ўзича қайдадир “ким ошди” савдоси уюштирибди-ю, клубни кепак баҳосига сотиб олиб қўйибди.
Кутилмаганда қишлоқ заминини титратиб, “қулуб” томон шиддат билан келаётган баҳайбат бульдозер, иккита юк машинаси ва ўнтача мардикорни кўрганларидан кейингина бу ишбилармон банданинг асл мақсади бинони бузиб, ундан чиққан материалларни сотиш эканидан хабар топган овул улуғлари тўполон кўтариб юборишди: оппоқ соқоллари кўксига тушган кексаларнинг қанчаси йўлга чиқиб ўтириб олган, яна қанчаси ҳокимият томон йўртган…
Ишқилиб, ҳаммаси яхшилик билан тугади ҳисоб: ошиғич тарздаги текшириш чоғи аукцион ноқонуний ўтказилганлиги аниқланди-ю, олди-сотди шартномаси бекор қилинди; устига-устак, амалдаги тартиб-қоидага кўра сотиб олинган объектдан камида беш йил мобайнида юритиб келган фаолиятига мос равишда фойдаланиш ҳам мажбурий экан… Аммо чоллар қаттиқ норози бўлишган эканми, натижани кутишдан чарчаб, кабинасида ухлаб қолган бульдозер ҳайдовчиси уйғонганида мутлақо туйқусдан чап томонга тортилиб қолган жағини тўғрилай олмади – оғзи қийшиқ бўлиб қолаверди…
Шундан кейин анча маҳалгача клубни хусусийлаштириб оладиган мард топилмади…
Вақт ўтаверди, кўп нарсалар ёддан чиқди ва алоҳа яна қишлоқ марказидаги бино атрофида ўралашиб юрадиганлар пайдо бўлиб қолишди. Шундайлардан биттаси туманга югурди, вилоятга югурди, ахийри нураб бораётган клубни амаллаб ўзиники қилиб олди-ю, у ёқ-бу ёғини тузатган бўлди-да, унинг ўрнида росмана чойхона очди.
Овул аҳолиси сони ўн мингдан ошарди. Бунинг устига, элчилик, кунда-кунора қишлоққа камида беш-ўн қўноқ келади; туғилган кунлару мучал тўйларини-ку, айтмаса ҳам бўлади. Шунгами, дастлабки кунлардан чойхона манқалларидан кўтарилган қуюқ тутун, арча чўғига пиширилган тандир кабоб иси анча-мунча кишини ўзига банди этди-қўйди…
Аммо каттакон овулда бир-бирига узоқроқ бўлса ҳам қариндошлиги йўқ иккита одамни топиб бўлармиди! Сўрида гердайиб ўтирган фалончини кўрган пистончи қуюқ салом бериб кириб келаверади, учинчи ҳамқишлоқ уларни босиб ўтиб кетишга ийманади: ноилож даврага келиб қўшилади… Пиёлалардаги “тентак сув” нўш этила борган сайин эса сахийлигу меҳрибончиликнинг, намойишкорона оқибатнинг ҳеч адоғи кўринмай қолади… Инчунун, тез орада чойхоначининг иккита ёғ босган “қарз дафтари” ажи-бужи ёзувларга тўлди, холос; харажатга яраша тушумдан ҳеч дарак бўлавермади. Шўрлик чойхоначининг жон аччиғида “Насияга берилмайди!” деб нола қилишлари, ҳатто дарахтга “Отвечаю”га хизмат қилинмайди!” деб ёзиб қўйишлари аллақачон сўриларни бўлишиб олиб, ўзлариники қилиб олган кунда-шунда улфатларга чивин чаққанчалик таъсир қилмасди: “Опкелавер, палончининг жияни!.. Бўлинг энди, бўла!.. Оббо, ўлар жойдамисан бунча? Тўлайман дедим-ку!.. Нима, еб кетармидим… Мен сенга бегонаманми?.. Отвечаю, акка!.. Темир дафтарингга ёзиб қўявер дедим-ку, бўлди-да энди! Нима, шунгаям қон чиқариш шартми энди, а?..” Буларам камдай, ҳали СЭСдан келишади ҳақиқий “темир дафтар”ни қўлтиққа қисишиб, ҳали “пожарний”дан, ҳали солиқдан, ҳали токдан…
Охир-оқибат, кутилганидай, чойхоначи синди. Ўзиям ўнгланмайдиган бўлиб синди-ёв. Тўғри, бечоранинг кучи бечорага етибди, деганларидай, касодга учраши олдидан чойхоначи пенсияга чиққанини жўраларига “ювиб” бераётган Бектемир тоғамни – насияга, албатта, ҳисоб-китоб кейин, пенсия олинганида бўлади – гап билан чақиб-чақиб олди: “Эркакмисиз, ака!.. Мана, ўзингиз қаранг дафтарга, шу билан учинчи марта қарзга ўтирибсиз! Инсоф ҳам керак-да одамга!..” Бу дашном нафсониятига теккан собиқ сувчи шартта ўрнидан туради ва шоша-пиша пичоқларни дастурхон остига яшираётган жўраларининг “ҳай-ҳай”лашларига ҳам қарамасдан уйига зипиллаб бориб, сўқимга боқилаётган уч яшарлик буқасини етаклаб келади-да, ипини чойхоначига тутади: “Ма, ол, сен тўй!” Чойхоначи нима қиларди, олади-да: унгани ҳисоб.
Шундай қилиб, фаолиятини каттагина қарз билан якунлаган чойхоначи “Энди ўзимнинг овулимда бир хасни у ёқдан бу ёққа олиб қўймайман!” деб қасам ичади ва ниманидир исботлашга қаттиқ жаҳд қилган эканми, бор-йўғини сотиб бўлса ҳам, қўшни туман марказида чойхона очади-да, қисқа муддат ичида тузуккина фойда ҳам кўра бошлайди. Айтишларича, она қишлоғидан борган бирор кишини кўрса бас, чойхоначи шартта ғойиб бўлиб қоларкан, унинг безбет ходимлари эса насия-пасияни тан олишмас, кўзларини лўқ қилганларича “Олдиндан тўланг” деб тураверишаркан…
Ҳа, майли, бу гаплар ўз йўлига.
Шундан кейин чойхона уч-тўрт марта қўлдан-қўлга ўтди, аммо иш гуриллаб кетмади. Ахийри бинонинг ярмини шу овулдан чиққан тадбиркор аёл сотиб олиб, тикувчилик цехи ташкил этди. Аёл бало экан, “Цехимда хотин-қизлар ишлайди, уларга бегона одамларнинг бақрайиб қараб ўтириши тўғри келмайди”, деган баҳона билан ўзига тегишли қисмни баланд девор билан тўсиб олди. Натижада чойхонанинг бу қисми ғарибгина, шумшайган жойга айланди-қолди. Ранги ўчган, қийшайган-синган сўриларда энди овулнинг бекорчихўжалари ора-сира “халфана” ош қилиб ўтиришар, бошқа пайтлари эса уззукун шошқол суриб, қарта ўйнашар, “Бирор қўноқ келиб қолмасмикан” деган илинж билан сарғайиб йўл қарашарди.
II
Рости, қишлоққа келган кезларим чойхонани четлаб ўтишга уринаман. Айниқса, икки марта ўша бекорчиларнинг қўлига тушганимдан кейин янада эҳтиёткор бўлиб қолдим, овулга қоронғилик тушганда ё тонг саҳарда кириб келишни одат қилдим.
Бироқ бу сафар шу одатимга риоя қилолмадим…
Қишлоққа кўкда саратон қуёши қайнаётган тол туш маҳали келдим. Борлиқ қиздирилган тандирдай ёнаётган бунақа пайтлари одам-ку одам, ҳатто қуш-даррандалар, жониворлар ҳам бир парча кўланка излаб қолади, ўзини лоҳас сезиб, чалажон аҳволда кеч тушишини, оловли шар уфққа ёнбошлаб, шабада эса бошлашини кутади…
Шу ишонч билан катта йўлдан қайрилиб, чойхона ёнидан ўтаётган чоғим аллақачон “тайёр” бўлиб улгурган бир эмас, икки киши йўлга гандираклаб чиққанини кўрдим-у, беихтиёр тормозни босдим. Бу нима деган гап, ахир… Бутун вужудим мисдай қизиган, тер шаррос оқарди, кўйлагим баданимга чиппа ёпишиб қолган, кўзларим ачишади. Шу аҳволда пастга тушдим. Ўша, мени икки марта айнан шу ерда қўлга тушириб, роса хижолатга қўйган таниш чеҳралар…
Қучоқлашиб кўришдик, гўёки бир-бирларимизни соғиниб қолганмиз…
Улфатлар мени ичкарига судрашди. Кирмаям кўр-чи, қирқ йил “Бизни менсимади!” деб сасиб юришар..
Сўрида Бектемир тоғам илжайибгина ўтирган экан.
Дуодан сўнг ҳол-аҳвол сўрашган бўлдик. Эътибор бердим, даврада ўтирганлардан бири ситилибгина чиқиб кетди. Кўнглим ғаш бўлди, аммо буни сездирмасликка уринганча, “олинг-олинг”лардан сўнг дастурхондаги қотиб қолган нондан бир тишлам оғзимга солдим.
Мен шошилардим.
Илло, ҳаммаси яна ўтган галлардаги сценарий асосида кетмоқда эди. Яъни, ҳозир бир пиёладан чой, кейин… бир пиёладан май, сўнг, табиийки, мени бундай кутиб олганларидан бошим осмонга етган кўйи “Кечқурун уйга ўтинглар, бир бафуржа гурунглашамиз”, дейишим керак; табиийки, улар буни чин дилдан айтилаётган илтимос сифатида қабул қилишади ва зиммаларидаги мажбуриятларини ҳалол адо этган кўйи кеч тушар-тушмас уйимизга узун-қисқа бўлиб кириб боришади…
Мен шошилардим… Аммо улгурмадим. Бояги чаққон улфат дўкондан – ўз-ўзидан аён: “Тошкентдан келаётган меҳмон шарафига” насияга олинган, ахир, меҳмон отангдан улуғ эмасми, битта сассиқ ароқ нима бўлибди! – анави бўйнинг узилгур “бўйни узун” билан газакка бир бўлак ёғли колбаса олиб келди.
“Рулдаман… Акамнинг ёнига бораяпман, ҳиди чиқиб турса бўлмайди… Ўзи, ичмайман…” қабиладига баҳона-сабабларим саратон оташида қолган муздай изсиз эриди-кетди: бу овулдошларим учун пиёлани чўқиштирмаслик, ичмасликдан ортиқроқ ҳақоратнинг ўзи йўқ эди: “Биз сени одам деб кутиб олсак… бошимизга кўтарсак… сен бўлсанг… Биз ўқимаганмиз-да, а? Менсимайсан-да, а?.. Сенга эл, қариндош-уруғ керакми, ўзи… Эй, билиб қўй, биз учун сенинг шаҳардаги обрў-амалинг бир тийин, бизга сенинг оқибатинг керак!.. Керак бўлса… керак бўлса…” ва ҳоказо ва ҳоказо.
Қизғин қадаҳ сўзидан сўнг ноилож ароқдан бир ҳўпладим. У қайнаб ётарди ҳисоб… “Бу сакэ бўлибди”, деб қўйди улфатлардан бири мамнун тарзда мўйловини силаркан. Қарасам, мен мутлақо кутмаганда, ҳамон илжайибгина ўтирган тоғам ҳам пиёлани “оқ” қилиб қайтарди…
Яна бир бор узр сўрагач, бўйнимдаги қарзимни айтдим: ҳаммани меҳмондорчиликка чақирдим. Улар гувиллашиб рози бўлишди.
Мени кузатиб чиққан, тақир боши тердан ялтираётган Бектемир тоғам иссиқдан ҳарсиллаб-пишиллаганча келаси йили кенжатойи коллежни битиришини, ўшани ўқишга жойлаш кераклигини айтди. Гапни қисқа қилиш учун кўмаклашишга ваъда бердим. Шу билан қадрдон тоға-жиянлардай қучоқлашиб, кечқурун кўришишга ваъдалашган кўйи хайрлашдик.
Уйга шошдим…
Вазиятни тушунтиргандим, ўзи бир муддат ўйланиб қолган акам: “Бўпти, сен ўйланма, меҳмонхонага ўн беш-йигирма кишига жой қилиб қўямиз, қуюқ-суюғам жойида бўлади”, деди ва… кўзимни шамғалат қилган кўйи бозорга жўнади.
Ҳаммамиз ҳам хом сут эмган бандамиз, шу куни акамни ортиқча ташвишга қўйганимдан хижолат чекиб, орқаворатдан сур қўноқларнинг гўрига ортиқчароқ ғишт қалаб юборган эканманми, ишқилиб, кечқурунги меҳмондорчилик бўлмади, безатилган дастурхонимиз шундай қолиб кетди: чойхонадан гандираклаётганини билдирмасликка уринганча чиқиб келган Бектемир тоғам уйига келиб, кечга қадар бирпас мизғиб олиш учун чўзилган; дарҳақиқат, ухлаб қолган-у, аммо қайта уйғонмаган…
III
Тоғамни эртаси куни пешинда чиқарадиган бўлишди.
Тонг саҳардан тўн-дўппи кийиб, бел боғладим, хеш-уруғ ҳассакашлар қаторида “тоғажоним”лаб овоз чиқариб турдим.
Ким билади, балки яқини чин дунёга кетган одам сал аламзадароқ бўладими, ишқилиб, сафда турган маҳалимиз Бектемир тоғамнинг ёлғиз куёви, ҳаммага аллақандай синчиклаб-шубҳаланиб қарайдиган – баъзан мана шу синчковлигини ошкора намоён этиб лаззатланадигандай туюлади у менга – ҳаракатлари сустроқ, тоғам орқаворатдан “Кап-катта йўлдаям сийпаланиб юради” деб таърифлайдиган, вилоят марказидаги қурилиш ташкилотларидан бирида прораб бўлиб ишлайдиган, бурнининг чап ярмида ортиғи бор Ортиғали менга ўқрайиб бир тикилди, икки тикилди, баайни қайнотаси кетиб, мен қолганимдан норозидек. Бунга эътибор бериб ҳам ўтирганим йўқ эди. Бироқ чидай олмади, шекилли, жанозага келган навбатдаги қариндош бунақа пайтлари тилга олинадиган “Бандалик… Ўзи берган ўзи олади…” қабилидаги юпатишларни айтаётган маҳал ёнимизда ғўддайиб турган куёв тўппа-тўсиндан:
– Э, отам бақувват эди, ҳали кўп яшарди, асли у кишини мана шу кишилар ўлдирди-да, – дея менга ишора қилса бўладими!
Қариндош иккаламиз донг қотиб қолдик.
Шу пайт бир гуруҳ одамлар келиб қолишди-ю, шу билан бу гап ёддан чиқиб кетгандай бўлди.
Ҳар нечук, куёвнинг қайнотага меҳри бўлакча бўлган, шекилли, деган тусмолларга ҳам бордим. Бу ғалатироқ туюлди ўзимга. Илло, ҳаётлик чоғларида тоғам Ортиғали ҳақида анчайин ижирғаниброқ, кескинроқ оҳангда “Ўзиям совуқ, сўзиям совуқ, қилиғиям совуқ” деб гапирганини бир неча бор эшитгандим. Қаранг, тоғамнинг шаҳарда шундай меҳрибон куёви бор экан-у…
Ўзбекнинг маъракаси ўзингизга маълум… Ташвишлар билан бўлиб, Ортиғалининг дашноми буткул ёдимдан кўтарилиб кетибди.
Аммо куёв қурғур унутмаган экан…
Тоғамнинг “қирқ”ига келиб, энди дарвоза ёнига қўйилган жўмракда қўлимни юваётгандим, орқамдан кимдир вишиллаб қолди:
– Мана, қотилнинг ўзи ҳам келди.
Ўгирилдим. Уч қадамча нарида Ортиғали куёв менга чақчайиб қараб турарди, ёнида ўзи тенги бир эркак, гўё бир туки қилт этмасдан қанчалаб одамларни бўғизлаб ташлаган ашаддий жаллодни кўраётгандай ранги қув ўчган ҳолида менга бақрайиб қолган.
Бу энди ҳаддан ортиқ эди…
Аммо индамадим, ичкарига кирдим.
Мулланинг қаршисидаги ўриндиқда уч-тўрт киши қаторидан жой олиб, марҳум ҳақига дуои фотиҳа қилаётган маҳалимиз бир нарсани сезгандай бўлдим: анча-мунча киши менга ўқрайиб-ғижиниб тикиларди… Ҳаттоки бирдан ўшшайиб олган мулланинг ўзи ҳам бир неча бор менга ер остидан ёмон қараб қўйди…
Муносабат ўзгаргани ичкарида ҳам сезилди. Авваллари “пойтахтдан келган қўноқ” сифатида мажбурлаб-судраб бўлса ҳам тўрга ўтказишарди, бу сафар бир-икки қисир “келинг, келинг”дан бошқа гап эшитмадим, ўрним ҳам шундоққина эшик ёнида, пойгакда бўлди.
Аслида-ку, бунга эътибор ҳам бермаслигим лозим эди. Ахир, авваллари тўй-маъракаларга эл қатори, оддийгина одам бўлиб келиб-кетишни шунчалар истардим-ку. Энди бўлса… Хом сут эмган бандамиз-да, ҳатто шунақа маҳаллари ҳам иззат-нафсимизнинг қулига айланамиз…
Уйга ёлғиз ўзим қайтдим…
Баногоҳ кейинги йилларда овулда ўтадиган ҳар қандай маъракага отамиз ўрнига ота бўлиб қолган акам билан бирга боришимни эслаб қолдим. Бугун эса нимагадир у киши мени кутмай жўнаб қолганди.
IV
Ҳардамхаёлроқ тарзда ўтирган акам билан суҳбатимиз қовушмади. Гўё у киши мендан ниманидир сўрамоқчи бўларди-ю, аммо иккиланарди.
Ортиғали совуқнинг беўхшов қилиғини айтсамми-айтмасамми деб тургандим, хайрият, акамнинг ўзи ёрилиб қолди:
– Сен анави келганингда… чойхонада… тоғам билан қўшилишиб ичганмидинг?
Гап қайси келганим ҳақида кетаётганини дарров тушундим, шунинг учун бирга ичганимизни тан олдим, ўзимнинг ҳўплаб қўйганимнию, Бектемир тоғамнинг пиёлани “оқ” қилиб ташлаганини ҳам эсладим.
Акам сўнгги умиди пучга чиққан одамдай бирдан бўшашиб қолди, афсус билан бош чайқади:
– Э, аттанг…
– Нима гап ўзи, ака? Маъракада Ортиғали бир сассиқ гап қилди…
– Эр-хотин бу гапни анчадан бери қишлоқда ёйиб юришибди.
Музлаб кетдим:
– Сайёра-я? Уни нима жин урди?
Акам кўзларини олиб қочди:
– Ҳар кимнинг отаси ўзига азиз…
– Жудаям яхши. Лекин унинг отасини мен ўлдирмадим-ку?
– Ортиғали олдимга келди. “Укангиз мажбурлаб ичирмаганида отам ҳозирам тирик юрарди”, деб даъво қилди.
– Даъво?
– Йўқ, очиқдан-очиқ, судга бераман, демади, лекин, биласан, у ёзиш-чизишни билади, ўқиган…
– Бу нима деганингиз? Ахир, чойхонада биздан ташқари яна олтита одам бор эди… Ҳаммаси кўриб турганди. Ана, сўрасин. Холмат акадан, Раббим бўладан…
– Сўрабди. Бари бирдай “Биз ичкарида номига, меҳмоннинг ҳурматига бир қултумдан олгандик, кейин тоға-жиян ўзлари кўчада қанча ичишган – буни билмаймиз, лекин Бектемир ака ташқаридан бўғриқиб, қийналиб нафас олиб қайтиб келди”, дебди…
– …
Миямда санчиқ турди. Нафас олиш ҳам оғир эди…
Қишлоқдан тонг қоронғисида, ҳеч кимга кўринмасдан жўнаб кетдим. Худди ўғрига ё бўйнида айби бор одамга ўхшаб…
V
Овулимизда одатда кексайиб вафот этганларнинг йил маросими беш ёки етти ойдан кейин ўтказиларди: ахир, қариндош-уруғларнинг марҳум ҳурмати учун тўхтатиб турган тўй-пўйлари бор.
Акам хабар қилди: Бектемир тоғамнинг йили беш ойдан кейинги биринчи пайшанбага белгиланибди. “Келмасанг бўлмас”, деди акам. “Албатта етиб бораман”, дедим мен. Шу билан гапимиз тугагандай эди. Бироқ акам бир муддат иккиланиб, ғудраниб тургач, охири “Эртан-пертан бир келиб кет, маслаҳат бор”, деб қолди.
“Яна нима бўлди экан?” деган ўйдан юрагим пўкиллаганча шанба оқшоми овулга етиб келдим. Бир пиёла чойдан сўнг акам мени молхонанинг қоронғи хонасига бошлаб кириб, яхши ниятда, ўғлининг суннат тўйига боқаётган каттакон ҳўкизга ишора қилди:
– Шуни… тоғамникига обориб бер… Ҳарна ёрдам-да… Йилига камида олти юзта одам келади… Бунинг гўшти… етади… Етмай қолса, биронта улоқ сўйишар…
Албатта, қариндош-уруғларнинг оғир кунларда бир-бирини қўллашлари азалдан маълум. Бироқ… тўй-чи?
Акам мени гапиртирмади:
– Бош омон бўлса, мол топилади, ука… Ҳарна, гап-сўзнинг пайи қирқилгани… Сен кетасан… Бу ерда биз қоламиз…
Мен нодон шундагина акамнинг қай аҳволда яшаётганлигини ҳис этдим… Дарҳақиқат, мен кетаман, акам қолади… Тўйга боради, маъракага боради, кунда-кунора ғаддор Ортиғалининг чағир кўзларига дуч келади, хеш-уруғларнинг пичингли, нафратли луқмаларини эшитади; акамни турткилашади, гап билан ўйиб олишади, аёллар унга эшиттириб қарғанишади, болалар сўкиниб, тош отиб қочишади; гап-гаштакларда, меҳмондорчиликларда имо-ишорали фисқу фасодлар қилишади… Ў, овулдошларим буни боплашади!.. Яна… “Ортиғали бирор жойга ёзиб юбормасмикан…” деган доимий ваҳима… Ахир, куёв хат-саводли, Тошкентдай жойларда ўқиб келган… Ўзи ёзмаган тақдирда ҳам бир нималик бўлиб қолиш илинжида унга ўргатиб турадиганлар қанча… Ана, Холмат қоровул, пенсияга чиққанидан сўнг қўшни туманлик икки болали есир хотинга уйланганди, бир-иккита “закунчи” овулдошларининг пишанг бериши билан хотинининг олдинги эрини қанақадир “нафақани неча йилдан бери тўламай келган экан” деб судга берди; хотинининг уввос солиб йиғлашларига, нималарнидир зўр бериб тушунтиришларига парво қилмади, “Ҳужжат йўқ-ку”, дея без бўлиб туриб олди. Собиқ эр судлашиб ўтиришдан ор қилганми, ишқилиб, танишидан йигирмата қўчқор бериб юборибди. Йўқ, ортида турган одамлардан яхшигина маслаҳатлар олган Холмат кўнмади, “Яна ўнта берсин у нокас! Фақат қилтириғидан эмас, семиз-семизидан бўлсин! Сағрини ялтираб турсин! Ўттиз беш килодан кам бўлса, олмайман! Ўзим тарозида тортиб кўраман!” деб туриб олди. Бу гал юк машинасида “нокас” собиқ эрнинг ўзи келди ва индамасдан ўнта эмас, яна йигирмата бўрдоқи қўчқор ташлаб кетди. Бирдан қирқ қўчқорли бойга айланиб, “Чўчқадан бир тук-да”, деган ғалати ҳикматни тилидан қўймай қолган Холмат ўзига ариза битиб берган “ёзғувчи”ларга келишилганидек унган ўлжанинг ўн фоизини эмас, беш фоизини бергани учун анча маҳалгача улар билан қирпичоқ бўлиб юргани ҳисобга олинмаса, ана, яшаяпти гердайиб. Айтишларича, умрида эшакдан бошқа кўлиги бўлмаган собиқ қоровул энди оппоққина “Нексия”ни мўлжаллаб юрганмиш…
Кейинроқ эшитиб қолдим, туман марказида бир алкаш улфатлари билан ичиб-ичиб, сўнг иккинчи қават балконидан энгашиб қайт қилаётгани маҳал бетон йўлакка боши билан йиқилиб тушган, “миясининг қатиғи чиқиб кетган”, шу заҳоти тил тортмай ўлган. Овулда кимдир ҳазиллашмоқчи бўлганми, адашганми ё атай шунақа йўл тутганми, ишқилиб, ўша даврадаги улфатлар орасида менинг ҳам бўлганлигимни айтган… Одамлар… одамлар бунга чиппа-чин ишонишган… Ўша кунлари юрган йўлида ажал экиб юрадиган “касофат” укаси боис не аҳволга тушган экан шўрлик акам… Акам шоша-пиша туман марказига бориб, ҳақиқатни ойдинлаштириб келади, аммо аллақачон бўлар иш бўлиб, бўёғи кўчганди, инчунун, ҳақиқатни эшитадиган қулоқларни топиш маҳол эди, устига-устак, Ортиғалининг яқин бир жўраси менинг шаҳарда – ол-а! – яширин ароқ ишлаб чиқарадиган цехим борлигидан хабардор экан! Умуман, мен “ўлардай ичиб олган бўлсам ҳам” машинани ҳайдаб кетаверарканман, мен ёмоннинг касри яхшиларга ураркан. Ана яна бир исботи: айнан ўшанда, яъниким Бектемир тоғам билан кўчада ичганимда ҳам мен туллак ўзим ишлаб чиқарган сохта ароғимдан олиб келган эканман, сўнг из қолдирмаслик учун, шишани машинамга яшириб қўйган эканман, буни кўрганлар бор экан…
Мен… эсладим… Ўшанда, тоғам билан хайрлашганимдан сўнг азбаройи чанқаб, томоғим қақраб кетганидан машинага ўтирганимда орқа ўриндиқда ётган баклашкадаги газсиз сувдан ичгандим, кейин идишни жойига отиб юборгандим…
Хуллас, тонг саҳарда ҳўкизни етаклаб Бектемир тоғамнинг уйига бордим. Назаримда, ҳамма тушунмовчиликлар, дилхираликлар шу билан барҳам топадигандай эди (ҳар қалай, еган оғиз… уялар). Илоё, келган балоларнинг бариси шу кўзлари мўлтираб турган бегуноҳ тилсиз жониворга урсин…
Рост, акамга жоним ачийди: ўзи жўжабирдай жон. Аммо нима ҳам қилардим… Овул ўртасидаги тепаликка чиқиб олиб, “Тоғамнинг ўлимида менинг айбим йўқ, мусулмонлар!” деб бақиролмайман, уйма-уй юриб, ўзимнинг бегуноҳлигимни айтиб чиқолмайман, илло, ҳар иккала ҳолда ҳам бунақанги қилиғим менга нисбатан шубҳани кучайтиради, холос: “Бир балоси борки, ғимирлаб қопти…” ёинки “Айби бўлмаса, шуйтиб қалтираб қолармиди…” қабилидаги хулосалар урчиб кетиши аниқ…
Овулда… ҳали қимирламасидан буруноқ ер тагидаги илонни билиб оладиганлар бор экан. Ҳамон ёдимда: атроф энди сутдай ёриша бошлаган маҳал мен ҳўкизни етаклаб Бектемир аканинг уйи ёнига келдим ва қўлларини чалиштирганча дарвозага суяниб турган Ортиғалини кўрдим. Тўғрироғи, куёвни кўришдан олдин унинг яланг оёғида саланглаб турган қизил ранг йиртиқ резина шиппагига кўзим тушди…
Мен тўхтаб, бош кўтардим.
Ў, қаршимда алам ва нафратдан баттар қисилиб кетган, мазах ва ғолиблик суруридан чақнаётган кўзларни, ҳалитдан интиқом олиш лаззатини туйган ҳолда пир-пир учаётган юпқа лабларни, ғолиблик нашидасидан ловиллаётган юзни кўрдим. Бу банда… Ортиғали… аллақачон ўзи, эҳтимолки, тўқиб чиқарган ўтригига, чўпчагига мутаассибларча ишониб қолган ва энди дунёнинг жами ҳақиқатлари Кўҳиқоф тоғи мисоли босиб келган тақдирда ҳам уларни тариқчалик инобатга олмайдиган жоҳил кимсага эврилганди.
Аммо… чиқмаган жондан умид. Мен қалт-қалт титраган кўйи индамасдан ҳўкизнинг ипини тутдим.
Лекин у… у… олмади…
– Нега? – чинқириб юборди йўлга чиққанларидан бери миқ этмасдан, ҳайдовчининг гапларини диққат билан эшитиб келаётган ҳамроҳ.
Ҳайдовчи оғир сўлиш олди.
Гапини давом эттирганида унинг овози титрарди.
– Билмадим… Унинг бир оғиз “Отамни бир молга тенгладингизми?” дегани эсимда…
Ўсал бўлиб ортимга қайтдим.
Буни эшитган акам типирчилаб, ваҳимага тушиб қолди ва, назаримда, биринчи марта менга шубҳаланиб қаради. Йўқ, ҳўкизни оборганимга эмас, айбсизлигимга ишонқирамай қаради… Ким билади, шўрлик содда акамнинг кўнгил қаърига айни лаҳзаларда не ўй-гумонлар илонлари судралиб кирган экан…
Ранги баттар қорайиб кетган акам дилидагини тилига кўчирмасликни уддалади ва шоша-пиша уйга кириб, тахланган кўрпалар орасидан беш-ўн даста пул олиб чиқди-да, аниқ эсимда, уларни қора салафан халтачага солиб, қўлимга тутқазди:
– Буниям қўшиб бер… Арзимаган нарса, де… Гапир, жим турма… Яхши гапир… Керак бўлса, ялин… Қариндошмиз де. Яхши кунларингда хизматингни қилай де… Олишга кўндир… Шунда яхши бўлади… Ҳаммамизга… Бор… Тез бор…
Мен мияси олиб ташланган қўй каби гарангсиб яна тоғамнинг уйига йўл олдим.
Баайни қайтиб келишимни билгандай, Ортиғали ердан ўсиб чиққан қоя мисоли ўша жойида қаққайиб турган экан.
Пулга ҳаттоки қайрилиб қарамаган, ожизона минғирлашларимни эшитиб ўтирмаган куёв ўзининг мағрурлигидан ўзи тонг қолган кўйи титраб-қалтираб садо берди:
– Мен… мен отамни сотмайман, ака!
Ҳа, у айнан “отам” деди. Оғзини тўлдириб айтди.
Қани эди, унинг шу тилини узиб олсам, сўнг орқасига ўхшатиб бир тепсам…
Ваҳоланки, ўзим шунга ўхшаш аҳволда уйга қайтмоқдайдим.
Ҳали айтдим, шекилли, одамлар ҳали илон қимирламасидан бурун унинг ўралиб ётган жойинию, нимани қўриқлаб ётганидан то қачон қимирлаб қўйишига қадар аниқ-тиниқ билиб туришади, деб. Менинг мисолимда ҳам шундай бўлди.
Орадан бир ош пишгулик фурсат ё ўтди, ё ўтмади, ишқилиб, ярим овул менинг битта оёғида зўрға турган ориқ-тириқ ғунажин ва бир яшик ароқ бермайдиган даражада арзимаган ақча билан – “носвой пули-я!” дейишарди бу гапни бошқаларга ошиғич тарзда етказаётганлар нафратланиб – куёвни сотиб олишга уринганимдану, қайнотасига бемисл садоқатли куёв мени олдига солиб ҳайдаганидан воқиф бўлиб улгурди. Бундай ҳаракатнинг талқини эса битта бўлади: “Айбдор!”… Ва бундай ҳукмга қарши курашишнинг, унинг даҳшатли, ақл бовар қилмас даражада улкан қудратини, маҳобатини аста-секинлик билан сусайтириб боришнинг, емиришнинг йўли ҳам ягона бўлади: бет терисини иложи борича қалин қилиб олишу, ҳеч нарса бўлмагандай эл-юртга аралашиб юравериш, гапирсалар, ўзингни эшитмаганга олиш, нуқисалар, ўзингни сезмагандай тутиш, қулоғинг тагига келиб бақирсалар, гап нима ҳақида кетаётганини тушунмаётгандай ўзингни анқовликка солиш; энг муҳими, яккамохов бўлиб қолмаслик, элдан ажралмаслик; қолганига чидаса бўлади. Айниқса, овулда аканг, икки синглинг бола-чақаси билан яшаб турганида ўзгачароқ йўлни танлаш имкониятининг ўзи бўлмайди, бўлиши ҳам мутлақо мумкин эмас…
Ва мен шундай йўл тутдим…
VI
Ҳайдовчи ҳамроҳига қараб синиқ жилмайди.
– Олдинлари акам ойда бир-икки марта қўнғироқ қилиб турарди: “Ука, эртага фалончининг жанозаси… Имконинг бўлса келиб кет” ёки “Фалон куни пистон қариндошимизнинг тўйи. Вақтинг бўлса бир кўриниб қўй”.
Ўша воқеадан сўнг эса… акамнинг илтимослари… қатъийлашди: “Келмасанг бўлмайди-ёв… Одамлар нима деб ўйлайди…”
Одамларнинг нима деб ўйлаши эса аён эди: “Бир балоси борки, қочиб юрибди… Бети қора-да, бети қора…”
Айнан шундай эмаслигини исботлаш учун ҳам овулда тутун чиқсаям эринмасдан бориб турдим… Чойхонани четлаб ўтиб, албатта… Умримнинг ярми йўлда ўтаётгандай эди, ўзиям…
Гап-сўзлардан, ўзимни соддаликка олиб сўраб-суриштиришлардан сўнг билиб олдим: ўша куни тоғам улфатлари билан эрталабдан иккита наҳорги ошга борган, қўй гўштидан тайёрланган, қазиям қўшилган ошдан еган, чойнакда олиб келинган ароқдан ичган, чошгоҳга яқин қўшни қишлоқда армияда бирга хизмат қилган танишининг юбилейигаям кириб чиққан, аёнки, бу ердаям “юз-юз” бўлган, мойи чакиллаб томиб турган тандир кабобдан босиб ейилган… Саратон оташида-я!.. Қон босими бор одам-а!..
Энди, пенсияга чиққанидан ичишни бутунлай ташлаб юборган тоғамнинг ўша куни туйқусдан нега яна ароқ тўла пиёлага қўл чўзгани сабабига келсак, буни ҳеч ким аниқ билмасди; кимдир “Ўзи, кайфияти йўқроқ эди”, деди; бошқаси “Уйдаги ғиди-бидилар жонига теккан”, деган тахминини айтди… Ажал-да, ажал… Бироқ Ортиғали куёвнинг бу борадаги қатъий фикри аллақачон овулга ёйилиб, кўплар учун шак-шубҳасиз ҳақиқат сифатида жаранглаётгани ҳам бор гап эди: “Шўрлик “Олинг!” деб турган тус жиянининг қўлини қайтаролмаган-да… Меҳмонни иззат қилган-да, бечора… Бўлмаса-ку, шундай бақувват одам, ҳали анча яшарди-я…”
Тўй-маъракаларга бошимни эгиб бориб, шу ҳолимда қайтардим. Анча-мунча ҳамқишлоғинг – э, худо, улар орасида хотин-халаж ва… болалар ҳам бор эди! – ортингдан ўқрайиб, ҳаттоки нафрат билан қараб турганини ҳис этишдан ортиқроқ азоб борми одам учун… Бунақа маҳаллари “дод” деб юборишдан ўзингни базўр тиясан, тишларингни бир-бирига шу қадар маҳкам босасанки, “қирс” этиб синганини қонга қўшиб ичингга ютасан: тупурсанг, шуни ҳам гап қилиб юборишади, ахир…
Келаси йили ёз бўйи беҳуда йўл қараганим, бекорга Ортиғалининг оғзини пойлаганим қолди: куёв коллежни битирган қайнисини ўқишга олиб келмади. Ҳеч бўлмаса, шу болакайга имконим даражасида кўмаклашиб, муроса-мадора сўқмоғини қисқартирмоқчийдим, шуям бўлмади…
Бир-бир ярим йил ичида қишлоқнинг шу қадар кўп тўй-маъракалари, турли катта-кичик тадбирларига қатнашиб, машинамни аямасдан шу қадар астойдил хизмат қилдимки, энди кейингиларининг бирортасига бормай қолишим ғалатироқ туюлиши турган гап эди. Ахир, келган қўноқларни чўтга солишни хуш кўрадиган кимларнингдир “Хўш, нега энди фалончи-пистончиникига етиб келган одам бизни мирламади? Бу ерда бир гап бор…” деб қолишлари аниқ. Бундай араз одатда вақтнинг омонат кўрпаси ёпилган эски гина-кекларни оча бошлашга олиб келади. Бу эса менга керак эмасди…
– Ўшанда… ўн йилча бўлиб қолди-ёв, а… шунинг учун институтдан кетган экансиз-да? – деб сўраб қолди ҳамроҳ.
Ҳайдовчи бош ирғади:
– Кетмасам ҳам бўлмасди. Ахир, икки кеманинг бошини ушлаб бўлмасди, биттасини танлашим керак эди…
Лекин, шукр, ёмон бўлмадим. Бир сутка қоровуллик қилиб, икки сутка дам оладиган бўлдим. Бекор кунларим таксичилик қиламан, тузуккина соққа тушиб туради. Ишимнинг ўзимга энг маъқул томони – чақириб қолишса бас, истаган вақтим бирор қоровул билан сменамни алмашаман-да, қишлоққа кетвораман. Ахир, бунақа ишни кундузи чироқ ёқиб ҳам топиб бўлмайди. Тўғрими?
Ҳамроҳ нимагадир бу саволга жавоб қайтармади, бунинг ўрнига яна сўради:
– Ишқилиб, овулингизда ҳамманинг кўнглини ололдингизми?
Шу саволни кутиб турган эканми, ҳайдовчи яшнаб кетди:
– Ҳамманинг! Ҳамманинг! Майли, мақтаниш бўлмасин, деярли ҳамманинг!.. – сўнг барибир чидай олмади, шекилли, ошкора мақтанди: – Ўтган йили тўй қилдим. Катта ресторанда. Қишлоқдан уч автобус одам келди! Уч автобус-а! Ўзиям, теримга сиғмай қувондим. Бир одамнинг обрўйи бўлса шунча бўлар-да. Тўғрими, жўра?
– …
Йўлдан кўз узмай кетаётган ҳайдовчи баттар ҳовлиқиб, лаб-лунжини йиғиштиролмай қолди:
– Ҳозир бир гап айтаман, ишонмайсиз! Биласизми, тўйимга ким келди? Ортиғали! Ҳа, худди ўзи!.. Тўғри, ўшшайиб ўтирди, лекин барибир келди-ку! Келди-ку! Дастурхонимдан бир тўғрам бўлсаям нон еди-ку. Тузимдан тотди-ку! Ана оқибатнинг кучи! Бўлмаса, остонамга тупуриб кетадиган одам… Шуям келди-я!.. Энг асосийси эса, мен бир умр бўйнимда қолиши мумкин бўлган, нафақат ўзимга, қишлоқдаги яқинларимга, жигарларимга зарар етказиши аниқ бўлган “қотил” тамғасидан қутулиб қолдим… Энди ҳеч ким менга, жигарларимга бармоғини бигиз қилиб кўрсатолмайди!.. Ҳеч ким!… Хеч ким!.. Қойилмисиз, жўра?..
Кўзлари чақнай бошлаган, ўриндиғида сакраб-сакраб кетаётган ҳайдовчи ҳар қанча шодланмасин, ҳамроҳ нечукдир унга қойил қолишга шошилмасди.
Бунга сайин ҳайдовчининг чакаги тинмасди:
– Институтдан эса жуда вақтида кетган эканман, жўра. Бўлмаса, ҳалиям юрардим…
Ҳайдовчи жумласини “сизга ўхшаб” деб тугатмади, аммо маънодор кўз ташлаб қўйишидан нима демоқчилиги шундоққина аён бўлиб қолди…
Буни тушунган ҳамроҳ кулимсираб қўйди-да, яна сўради:
– Эсингиздами, энди иш бошлаганимизда Азиз Несиннинг бир ҳикоясини ўқигандик. Бир киши “Агар пашшалар бўлмаганида эди, катта ёзувчи бўлиб кетардим”, деб шикоят қилармиди-ей…
Ҳайдовчи баралла кулиб юборди:
– Вой писмиғ-эй, ҳалиям эсингизда экан-да… Эҳ, у даврлар…
– Сиз ўшанда… бошқача… жўшқин эдингиз. “Қўнғизга арпа баҳона экан-да. Масалан, бизнинг ижод қилишимизга пашша тугул, қонсўрар чивинлару сўналар, чаёнлару илонлар, сувараклару каламушлар, жазирама иссиғу қаҳратон совуқлар халақит беролмайди, чунки биз тобланганмиз”, дегандингиз. Эсингиздами?
Ҳайдовчи бош қашлаб, бир муддат ўйланиб қолди:
– Шунақа деганмидим? Айтсам айтгандирман. Энди, у пайтлар анча ғўр бўлганмиз-да, ҳаёт нималигини билмаганмиз…
Ҳамроҳ ҳайдовчига синчков тикилди:
– Гапингизнинг давоми ҳам бор эди.
Ҳайдовчи бирдан жиддий тортди:
– Эсимда. “Бизни пашша-чивинлар, чаён-илонлар, суварак-каламушлар, иссиқ-совуқлар енголмайди, лекин баъзи бир кўникмага айланган одатлар енгиб қўйиши мумкин”, дегандим… Эътиборингиз учун, бу соф назарий мулоҳаза эди…
Машина ичига жимлик чўкди.
Ниҳоят ҳайдовчи чидаб туролмади, портлади:
– Тўғри-да, инсоннинг яшашдан мақсади бировларнинг кўнглини овлаш, хурсанд этиш эмасми? Ҳазрат Навоийни эсланг: “Кимки бир кўнгли бузуғнинг хотирин шод айлагай, Онча борким, Каъба вайрон бўлса обод айлагай…” Мен бундан орттириб нима дея оламан?
Ўпкасини тўлдириб чуқур нафас олган ҳайдовчи гапида давом этди:
– Чўнтагимда рўйхат бор… Шу ойда қишлоғимнинг ўзида боришим шарт бўлган тўй-маъракаларни белгилаб қўйганман. Ўн тўққизта. Тўққизтасига бориб келдим, бўйнимдаги қарзимни адо этдим. Буларга ҳар ойда режадан ташқари беш-олтита тадбир албатта қўшилади. Боя айтдим-ку, уларда ҳам бир кўриниб қўймасам, нотўғри тушунишлари мумкин… Буларга хотин томоннинг, божаларнинг, қуда-андаларнинг боришим мажбурий бўлган тадбирларини қўшинг. Ойига бир марта ёр-биродарлар билан “гап” еб турамиз. Собиқ синфдошлар билан ҳам бир ойда бир марта албатта учрашамиз. Улар билан ош еб, сўнг тўй-маъракасига бормасам, яна бўлмайди, ахир. Бу ёқда курсдошлар, маҳалладошлар билан ош… Ойда бир ҳамкасб қоровуллар билан чойхонага чиқамиз… Орада таксичи ҳамкасблар ҳам чақириб туришади… Агарда сиз билан “Илм қиламан! Дунёни остин-устун қилиб ташлайман” деган романтик хаёллар оғушида институтда етаклашиб юрганимда эди, буларнинг барисига қачон улгурардим, а? Қачон?.. Ахир, меҳр кўзда, оқибат эса тез-тез кўришиб туришда, жўра…
– Шу… шу бугунги ҳаётингиз ўзингизга ёқадими?
Ҳайдовчи бу саволга енгидан олиб ёқасига ёпиштирар даражада жуда тез жавоб қайтарди:
– Минг қатла шукр… Қорним тўқ, устим бут, бола-чақам, уйим, машинам, обрў-эътиборим бор… Бир одамга бундан ортиқ нима керак яна?
Энди ҳамроҳ ўйланиб қолди…
Ҳайдовчи ўзини мажбурлаб кулимсиради:
– Жўра, машинага чиққанингиздан бери нуқул мен гапираман. Сизам ёрилинг-да бундоқ. Нима ишлар қиляпсиз? Дабдурустдан мени йўқлаб қопсиз, овозингизни эшитиб бошим осмонга етди. Насиб қилса, энди тез-тез кўришиб турамиз, ошларга бирга борамиз. Буни қаранг, худди буюртма қилингандай, кейинги ҳафта курсдошларнинг гапи эди-я… Ўзиям, зўр чойхона-да, ошининг гуручлари ўрмалаб кетади. Ҳамма ёқ салқин, тепадан сув чакиллаб томиб туради. Улфатларам зўр, одамнинг жони…
Ҳамроҳ синиқ кулимсираб, ҳайдовчининг гапини бўлди:
– Жўра. Тўрт йилдан бери чет элдайдим. Ўтган ҳафта келдим, ўзи…
Ҳайдовчи шоша-пиша ҳамроҳнинг гапини бўлди:
– Унда янаям яхши. Роса соғингандирсиз ўзимизнинг чойхона паловни.
Ҳамроҳ бош чайқади:
– Унчаликмас…
– “Грин-карта” ютиб бордингизми?
Ҳамроҳ бу гал сал шошиброқ бош чайқади:
– Йўқ, ишладим.
– Ресторандами?
– Университетда.
Ҳайдовчи сергак тортди, ҳамроҳга диққат билан қаради, сўнг қандайдир чўчиб, аранг сўрай олди:
– Ўша… мавзуми?
– Ҳа, ўша, сиз қўл силтаб кетган мавзу… Институтимиз журналининг охирги сонини ўқидингизми?
– …
– Сизни излаб топганимнинг сабаби, ўзингиз билган профессор Мадел билан биргаликда қилган тадқиқотларимиз халқаро танловда биринчи ўринни олди. Анчагина пул беришди. Мукофотнинг менга тегишли қисмининг ярмини сизга ажратдим. Ғоя муаллифи сифатида бунга ҳақлисиз… – Ҳамроҳ орқа ўриндиққа ташлаб қўйган кичикроқ дипломатга ишора қилди. – Бу сизга. Шу билан… шу билан орамиз очиқ…
– …
– Мен шу ерда тушиб қоламан.
Машина илмий-текшириш институти биноси ёнида тўхтади.
– Хайр, жўра.
Ҳайдовчи ҳамроҳга меровсираб қаради, бир нимани ўйлагани ҳолда бошқа нарсани гапирди:
– Ўтган ҳафта келган бўлсанг… қишлоғингга бордингми… Керак бўлса ўзим обориб келардим…
Ҳамроҳ бир жойи оғриб кетгандек, қуйи лабини маҳкам тишлади. Сўнг ўзини мажбурлаб бўлса-да кулимсиради, аммо бу қандайдир ачиниш аралаш синиқ кулимсираш эди:
– Раҳмат, бориб келдим, жўра. Бир оқшом ота-онамнинг ёнида бўлдим. Етади… Профессор изланишни давом эттирамиз, бу Нобелга арзийдиган кашфиёт, деяпти…
– …
– Эртага учиб кетяпман. Омон бўл…
Ҳамроҳ машинадан тушди ва ортига бир бор ўгирилиб ҳам қарамасдан, енгил қадамлар билан институт эшигидан ичкарига кириб кетди.
Ҳайдовчи ҳеч нарса кўрмаётган кўзларини узоқ вақт шу эшикка тикиб қолди… Ахийри сал ўзига келгандай бўлди, энтикиб, хўрсиниқ аралаш чуқур нафас олди, машинани орқага қайирди, нимадир ёдига тушгандай шошиб чўнтагини кавлади, бир варақ қоғозга компьютерда битилган чиройли рўйхатни олди. Дарҳақиқат, ўн тўққиз банддан иборат рўйхатнинг тўққизтаси қизил ручкада ўчирилганди.
Ҳайдовчи рўйхатни яна бир бор диққат билан қараб чиқди, сўнг газни босди ва машинасини қишлоғи томон учириб кетди…
Намозшом палла, овулга яқинлашган сайин ҳайдовчи кўксини аламли армонми, изтиробли қўмсашгами ўхшаш недир оғули туйғу куйдириб-ёндириб ўртаётганини кучлироқ ҳис қилаверди… Бунга тоқат қилиш тобора мушкуллашиб борарди… Ниҳоят баногоҳ кўзларидан тирқираб ёш отилиб кетган ҳайдовчи чидаб тура олмади: шахд билан машинаси рулини кескин ёнбошга бураркан, баайни ярадор бўри ёхуд қонли жиноятга қўл уриб бўлган, энди юракни ўртаб, ҳаётини остин-устун қилиб юбораётган пушмонлик азобида қоврилаётган қотил мисоли увиллаб юборди…
“Ёшлик” журнали, 2016 йил, 7-сон