Абдуқаюм Йўлдош. Ҳаёт энди бошланади (ҳикоя)

Жўрамнинг исми Тошкентбой.
Балки пойтахт шарафига қўйилгани сабаблидир, бир эшитган одамнинг ёдидан чиқмасди бу исм. Устига-устак, жўрамнинг туғилган куни ҳам эсдан кўтарилмайдиган саналардан эди: 29 феврал. Йили, адашмасам, 1964 эди.
Кўплар бундай от олишининг сабабини сўраб қолишарди, албатта. Жавоб эса жуда жўн эди. Узоқ Нурота тоғларининг орасидаги дўппидеккина қишлоқда туғилган чақалоққа унинг отаси Келдиёр ака яхши ниятлар билан, янада аниқроғи:
Катта бўлса Тошкентни эгалласин, ка-атта одам бўлиб етишсин, дея қўйган экан бу исмни.
Бу фикр болалигидан жўрамнинг миясига ўрнашиб қолган шекилли, мактабда ўқиб юрган чоғларимиз, гоҳо-гоҳо ҳар ким ўзининг болалик орзусини айтиб қолган чоғлари, у ҳеч иккиланмасдан:
Мактабни битирсам, Тошкентга бораман, дерди-қўярди.
Биз ҳам бу фикрга чиппа-чин ишонардик.
Зеро, жўрамиз математика фанида ҳаммамиздан пешқадам эди.
Биз ҳатто ҳайрон қолардикки, бу аллақандай формулалару, теорема-аксиомалар орасида Тошкентбой нимани тушунади деб. Аммо у тушунарди. Тушуниш ҳам гапми, барча масала-мисолларни шариллатиб ечиб ташлайверарди.
Шу сабабли бўлса керак, Тошкентбойнинг математика дафтари синфдошлар орасида талаш эди кўпчилик ундан биринчи бўлиб уй ишини кўчириб олишга шошарди. Бу фандан ойда бир марта ўтказиладиган назорат ишлари чоғи-ку, Тошкентбой бечоранинг ёнидаги, орқа-олдидаги парталарга ўтиришин истовчилар чунонам кўпайиб кетардики… Она томондан қариндошчилигимиз борлиги боис бунақа пайтлари мен хешлигимизни пеш қилган ҳолда дафтаримни биринчи бўлиб тутиб тураверардим. Тошкентбойга эса кимнинг мисолини ечиб беришнинг сира аҳамияти йўқдай эди: фақат математик амал бажаришга мўлжалланган машинадай, дафтар устига энгашиб олганча ёзаверарди, ёзаверарди.
Айнан математика сабабли Тошкентбойнинг мактабда ҳам обрўйи баланд эди. Чунки у шу фандан ўтказилган олимпиадаларда туманда биринчи ўринни, вилоятда эса иккинчи ўринни олиб қайтганди.
Хуллас, Тошкентбой жўрамизнинг келгусида Тошкентга ўқишга боришию, институтга ўз кучи билан кириб, охир-оқибат пойтахтни эгаллашини биз ҳам исбот талаб қилмайдиган аксиома сифатида қабул қилардик.
Тез орада мактабни ҳам битирдик. Ҳаммаси ўтди: илк муҳаббат ҳам, илк учрашувлар ҳам, қизларга пинҳона мактуб ёзишлар ҳам, кечалари ўпкадан дудлар чиқиб “оҳ”лаб чиқишлар ҳам…
Ҳаёт шу экан-да…
Дарвоқе, Тошкентбой камгап эди. Ўтиришларда ҳам қадаҳ сўзи берганимизда чайналиб, эзилиб ўтирмас, гапни жуда қисқа қилар, нари борса:
Ҳамма соғ бўлсин, деб қутуларди.
Шу сабабли Тошкентбойга овқат сузилган маҳаллари қадаҳ сўзи беришни хуш кўрардик таом совиб қолмаслиги учун.
Тошкентбой жўрамизнинг озгина соддалиги бор эди. Ким нима деса ишониб кетаверарди. Ёдимда, синфимиздаги хушрўйгина бир қизнинг номидан мактуб ёзиб, уни учрашувга таклиф қилгандик. Сўнг кеч маҳал кийимларини дазмоллаб, устига арзон атир сепиб ваъдалашилган жойга етиб келган Тошкентбойни ўзимиз кутиб олиб, роса мазах қилиб кулган эдик.
Жўрамиз оилада тўнғич фарзанд эди. Мол-ҳолга қараш, дала ишлари билан бўлиб кўпда бизнинг ўтиришларимизга ҳам келолмасди. Ҳолбуки, жўрамиз шу ёшида ошқозон хасталигига чалиниб улгурган эди. Кучли овқат ея олмас, кўпинча ошқозонини чангаллаб ўтириб қолар, тез чарчар, озгина ишлаши билан терга кўмиларди. Бир-икки марта дўхтирга боришни маслаҳат берган бўлдик, у ҳам кўнгандай бўлди, аммо, ўзбекчилик, “эртага” деган ваъданинг охири кўринмайди, вақт эса етишмайди…
Мактабни битиришимиз муносабати билан ўтказилган кечада ҳам ош сузилган маҳал Тошкентбойга сўз берилди. Ўз одатига содиқ қолган жўрамиз гапни бу сафар ҳам калта қилди. Фақат… негадир Тошкентбой ҳаммага соғлиқ-саломатлик тилаш билангина кифояланмади, балки:
Қани, олдик, деди алланечук кўтаринки оҳангда. Ҳаёт энди бошланади…
Тўғриси, шахсан ўзимга бу қадаҳ сўзи сал эришроқ туюлди. Йўқ, гап жумланинг жимжимадорлигида эмасди. Зингил солиб қарасам, бир нечта синфдош ўғил болалар ҳам энсалари қотиб лаб буриб туришибди. Бу бежиз эмасди-да. Илк муҳаббат аталмиш ҳис-туйғулар гирдобида ўралашиб, ўзимиз кўнгил қўйган қизнинг қўлига тасодифан қўлимиз тегса еттинчи қават осмонда сайр этиб, маст-аласт одамдай энтикиб-ҳаприқиб юрган кезларимиз эди. Назаримизда, мактаб тугаши билан ҳаёт ҳам тугайдигандай эди. Ахир, энди ҳамма ҳар томонга тарқалиб кетади… Шу боис чекка-чеккага ўтиб, кўз ёши тўкиб олаётган биродарларимиз қанча эди… Ўн йил бирга ўқиган синрфдошар билан ажралишнинг ўзи бўладими…
Шунга қарамасдан, гуриллаб жўрамизнинг гапини маъқуллаган бўлдик.
Шу-шу Тошкентбой жўрамизнинг “Ҳаёт энди бошланади” деган гапи эсда қолди.

* * *
Ўша пайтлар расм бўлган тартибга кўра ўн кун далада ишлаб бердик, шундан кейин аттестатимизни қўлимизга тутқазишди. Шоша-пиша соғлиғимиз тўғрисида тиббий маълумотнома олишга киришдик.
Қарасам, Тошкентбой маълумотномасига “Университетга” деб ёздирибди.
Матфакка, деди жўрам саволимга жавобан.
Биз буни ҳам одлдий аксиома янглиғ қабул қилдик.
Ҳатто, тўғрисини айтай, биронтамиз ундан “Танканг” борми?” деб сўраб ҳам ўтирмадик. Зеро, шунча билими бор бола ўқишга ўз-ўзидан, ўз кучи билан кириб кетадигандай эди. Бунинг устига Келдиёр аканинг аҳволи ҳаммамизга маълум, боласи учун уч-тўрт мингни санаб берадиган ҳоли йўқ…
Кўпчилигимизнинг ёдида бордир, у пайтлари олий ўқув юртига тўртта кириш имтиҳони бўларди.
Мен Тошкентбойнинг ўқишга киролмаганини айтсам унчалик ажабланмассиз. Аммо, бизни ҳайратда қолдиргани шу бўлдики, жўрамиз математика фанидан ёзма имтиҳонда “3” олибди.
Бунга эса сира ишониб бўлмасди…
Аммо ишонмаганда қаерга борардик…
Қисқаси, Тошкентбой жўрамиз мандатдан ўтолмай, эски жомадонини кўтарганча қишлоққа қайтди.
Келдиёр ака совхозда бригадир эди, пойтахтдан бош эгиб қайтган ўғлини дарҳол далага чиқарган.
Биз, очиғини айтай, бир амаллаб ёки таниш-билиш орқали ўқишга кириб олганлар, оммавий равишда пахтага жўнаб кетиш олдидан қишлоққа, иссиқ кийимларимизни олиб кетишга келдик.
Ана ўшанда кўриб қолдим Тошкентбойни.
Бир кабинаси олиб ташланган, уч ғилдиракли эски “Х4” тракторини ҳайдаб келаётган экан. Мени кўриб тўхтади.
Ҳар қалай, чангга-мойга беланган уст-бошидан истиҳола қилдими, қўлининг учини бериб сўрашиш билан кифояланди. Сўнг, ҳол-аҳвол сўрагач, ўқишга ўтганим билан табриклади.
Гердайиб, сал тепадан келган кўйи маслаҳат берган бўлдим:
Сен бу ерда мойга ботиб юравермай, иложини топиб подкурсга кириб ол. Калланг бўлса бор…
“Калласи бор” жўрам гапларимни маъқуллаб бош ирғаб турди.
Ёш эдим, ўқишга ўтиб олганлигим боис андак ҳавойилигим ҳам бор эди, шу сабабли оғзимга келган гапни ўйлаб ўтирмасдан айтиб юбордим:
Бундай кийим-бошда Тошкентни эгаллаб бўлмайди, жўра…
Тошкентбой бу гапимни ҳам маъқуллаб бош ирғаб қўйди.
Шу билан хайрлашдик.
Пахта теришга қўшни туманга келдик.
Ўттиз кун тилидан заҳар томадиган, ҳар икки гапнинг бирида “Институтдан учириб юбораман!” деб дўқ-пўписа қиладиган бир ўқитувчи раҳбарлигида эшшакдай ишлагач, аввал уч кун ёмғир остида қолдик, кейин ёмғир қорга айланди.
Муздай шийпонда ётибмиз. Совуқ суяк-суягимдан ўтиб кетган.
Ўзи совуққа йўқман.
Охири чидай олмадим.
Ўқитувчилар алмашиб, кексароқ бир ўқитувчи бизга раҳбарлик қила бошлагач, шу кишидан бу ердан атиги олти чақирим наридаги уйимга бориб келишга изн сўрадим.
Бахтиёр ака исмли сочлари оппоқ, мулойим бу ўқитувчи мени шийпон ташқарисига олиб чиқди, бир бўралаб ёғаётган қорга, бир тизза бўйи лой йўлга қараб, ўйланиб тургач:
Бу аҳволда уйга қандай етиб оласиз? деди.
Мен эса, жавоб бўлса бас, уйга қанот боғлаб учадиган, қанотим ҳўл бўлиб қолса, эмаклаб ҳам борадиган аҳволда эдим.
Бахтиёр ака аҳволимни тушунди шекилли:
Бу ёққа юринг-чи, деди.
Шийпон ёнбошидаги айвон остида Бахтиёр аканинг йигирма йиллик шалоқ “Газ-21” машинаси турар эди.
Домла машинага ўтириб, мени ёнига чақирди.
Ҳайрон бўлиб, кабинага кирдим.
Бу машина эмас, трактор, йўқ, ҳақиқий танк экан.
Хуллас, “Газ-21” вориллаб-пориллаб, лойларда тойиб-қийшайиб, кучаниб олдинга интилиб, хуллас, бизни катта йўлга чиқариб қўйди.
Бахтиёр ака ажойиб одам экан. Мени қишлоғимиз бошига қадар олиб бориб қўйди-да:
Қор тўхтагандан кейин ерлар сал селгишини кутинг, кейин баракка қайтинг, деди.
Мен юрак ютиб сўрадим:
Унгача… жавоб бериб қолишмасмикин…
Домла маъюс кулимсиради:
Республика тўлмагунча студентларга жавоб берилмайди… Телевизорда сводкани кузатиб туринг. Кунига бир яримдан бераяпмиз, ажаб эмас яна ўн кунлардан кейин планни бажариб қўйсак…

Бахтимга, қор яна уч кун тинмади. Тилиниб-шилиниб, қоп-қорайиб кетган қўлларимни қайта-қайта исссиқ сув солинган тоғорада илитдим, ўзим бўлса иссиққина танчанинг остидан чиқмайман.
Ишқилиб, икки кун деганда одам бўлдим.
Ана шунда жўрам Тошкентбойнинг вилоят марказидаги шифохонага тушиб қолганини эшитдим.
Ҳамишагидай, хаста ошқозони панд берибди. Комбайнда пахта тераётган экан. Рулни бураман деб зўриққан шекилли. Ахир баҳайбат машинани бошқаришнинг ўзи бўладими… Бунинг устига у пайтлар бутифос деган бало бор эди. Жўрам бўлса даладан бери келмайди. Самолётда бир йилда неча марта дори сепилса, ҳар сафар дори далада байроқ ушлаб турган…
Онамнинг бир-икки даккисидан кейин ноилож шифохонага бордим.
Тўрт кишилик палатага бешта каравот жойлаштирилган. Мана шу ортиқча, шундоқ эшикка қадалиб турган каравотда ётган экан жўрам.
Тошкентбой негадир қоп-қорайиб кетибди. Ҳолсиз.
Ҳол-аҳвол сўрадим.
Ичимга ўзиям уч метр шланг тиқишди, деди у ҳазиллашган бўлиб.
Ишқилиб, энди яхшимисан? дедим.
Жўрам илжайишга уринди.
Кўз тегмасин, отдайман.
Отдай бўлда, жўра, дедим унга далда беришга уриниб. Ҳали сен не-не шаҳарларни эгаллашинг керак.
Тўғри, деди Тошкентбой гапимни маъқуллаб бош ирғаркан. Сўнг мутлақо хотиржам тарзда қўшиб қўйди: Ҳаёт энди бошланади…
Мен бу баёнотга нима деб муносабат билдиришни ҳам билмай қолдим. Ҳазиллашяптими, деб разм соламан, йўқ, жўрамнинг кўриниши жиддий. Лаблари шахд билан қимтилганига, кўзлари бир нуқтага қадалиб турганига қараганда ўта жиддий.
Шу сабабли гапни бошқа ёққа буришни маъқул кўрдим:
Энг муҳими, яхшилаб тузалиб ол… Қолгани бир гап бўлар…

* * *
Қор тинди, эриб ҳам кетди. Ҳаммаёқ билч-билч лой. Кун совуқ. Бундай шароитда шийпондаги болаларнинг қай аҳволга тушганини ўйлаб эзиламан. Қайтиб боришга эса юрагим дов бермайди. Бормасликнинг ҳам иложи йўқ. Ахир, ўқишдан ҳайдаб юборишлари мумкин…
Шундай иккиланиб юрган кунларимнинг бирида Тошкентбойнинг шифохонадан уйига қайтганини эшитиб қолдим. Яна онамнинг қистови билан Келдиёр аканикига бордим.
Анча озиб қолган жўрам билан қучоқлашиб кўришдик.
Бир пиёла чой устида уёқ-буёқдан гурунглашиб ўтирдик.
Ташқаридан машинанинг чўзиқ сигнали эшитилиб қолди. Икковлон шошиб деразадан қарадик.
Дарвоза ёнида бутун туманга машҳур қора “Виллис” турарди. Бу қўнғизга ўхшаш машинани айниқса ота-оналару ёш йигитлар яхши билиб олишган. Зеро, қора “Виллис” туман “военкоми”нинг, яъни туман ҳарбий комиссарлиги бошлиғининг хизмат машинаси эди.
Ҳовлида куймаланиб юрган Келдиёр ака шошиб машина ёнига борди.
“Виллис”дан тушган катта шапкали ҳарбий кийимдаги киши бир нималар деб бақирди. Мен танидим, уни ўнинчи синфда ўқиб юрган кезларим, туман марказига тиббиёт кўригидан ўтгани борганда кўргандим. Доимо қовоқ солиб, ўшшайиб юрадиган, гапирганда ҳам жеркиб, русча гапирадиган бу басавлат одам маълуму машҳур “военком” Тоғабоев эди.
Аста деразани очдим.
Одатига кўра Тоғабоев рус тилида дўқ урмоқда эди:
Сизга икки соат муҳлат!.. Машина келиб олиб кетади!.. Бир минут ҳам ортиқ беролмайман!.. Қанақа шифохона? Ўғлингиз мутлақо соғлом! Қўлимда тиббиёт картаси турибди!.. Ҳарбий хизмат билан ҳазиллашманг!.. Ўғлингни топмасанг, устингдан жиноий иш очдириб, қаматтириб юбораман! Бу менинг қўлимдан келади! Мен керак бўлса райкомингга бўйсунмайман!..
Машина эшиги қарсиллаб ёпилди. “Виллис” гуриллаб олдинга интилди.
Дарвоза ёнида бир лаган лойдай бўшашиб қолган Келдиёр акага бир қарашданоқ ҳаммасини тушундим: Тошкентбойни армияга олишмоқда эди.
Ёдингизда бордир, ўша пайтлари аскарлар Афғонистонга юборилаётганди… Шундан қўрқдими, шўрлик…
Қудратли “военком”нинг айтгани-айтган, дегани-деган пайтлар…
Қолгани жуда тез, ҳовлиқиш ва шошилиш тарзида ўтди.
Келдиёр ака чопиб келасола ҳовли адоғидаги молхонадан озғингина бир танани етаклаб чиқаркан, деразадан мўралаб турганимни кўриб қолгач, менга қараб бақирди:
Чоп, Норжигитни топиб кел.
Шу кўчада турадиган Норжигит ака қишлоқнинг олд қассобларидан эди.
Мен Норжигит аканинг уйи томон ошиқдим.
Бир соат ичида тана сўйилди, қайдандир пайдо бўлиб қолган беминнат ҳашарчилар ёрдамида иккита уйга жой қилинди, сандиқда ётган майиз-парвардалар дастурхонларга сочилди, Марям хола қўшни аёллар билан тандир-тандир патир ёпишга киришиб кетишди. Ким дўконга чопган, насияга икки яшик ароқ олиб келган…
Ахир, ҳазил гапми, оиланинг тўнғичи Тошкентбой армияга кетмоқда эди.
Шифохонадан сўнг озиб-тўзиб кетган, дармонсиз Тошкентбойнинг ўзига катта лас чопонга ўралиб олганча меҳмонхонанинг тўрида ўтирар, кекса-ёш маслаҳатчиларнинг армияда ўзини қандай тутиши кераклиги, “старик”лар билан қандай олишиш лозимлиги хусусидаги бош-кети йўқ, айни пайтда бири-биридан ваҳимали маслаҳатларини одатига кўра бош силкиб-бош силкиб эшитарди.
Хайриятки, хонадонда бирон марта бўлсин “Афғонистон” сўзи тилга олинмади.
Икки соат ичида ароқнинг бари ичиб бўлинди, ҳатто етмай қолиб, яна ўн шиша қарзга ҳам олиб келинди. Вақт зиқлиги боис қайнатма шўрва қилинмади, Норжигит аканинг ўзи гўшти ҳил-ҳил пишган қовурдоқ тайёрлабди. Таомни меҳмонлар мақтаб-мақтаб ейишди.
Тоғабоев “военком” ўзи тайинлаб кетганидай, икки соатда эмас, икки ярим соатда яна ўша қўнғизга ўхшаш қора “Виллис”ида етиб келди.
Машина ичида Тошкентбой тенги яна бир йигитча кўзлари жовдирабгина ўтирарди.
Тоғабоев ичиб олиб, сал дадиллашган меҳмонларнинг шунчалик ялиниб-ёлворишларга қарамай ичкарига кирмади, жойида ўшшайиб ўтираверди.
Тошкентбойни бояги жовдираб турган йигитча ёнига ўтқазишди. Ўғли орқасидан интилган Келдиёр акага қараб Тоғабоев бир ўқрайган эди, дами ичига тушиб кетган ота жойида қотди-қолди.
Мен ҳали эшик ёнига бориб, жўрамга:
Яхши бор, дейишга улгурдим.
Тошкентбой менга… аланечук хурсанд бўлиб қаради ва:
Армия… яхши, деди. Сўнг мамнуният билан қўшиб қўйди: Ҳаёт энди бошланади…
Келдиёр ака ўкраб йиғлаб юборди, Марям опа изилллаб эрига жўр бўлди…
Прекратит!
“Военком”нинг қаҳрли, гулдираган овозда берган буйруғидан сўнг бирдан ҳамма жим бўлди-қолди.
Тоғабоев анқайиб қолганларга яна бир бор ўқрайиб қаради-да, ҳайдовчига ўгирилиб, навбатдаги буйруғини берди:
Поехали.
“Виллис” кетди.
Машина муюлишдан қайрилиб, кўздан йўқолгандан сўнггина ўзига келган Келдиёр ака яна ўкраб йиғлаб юборди, Марям хола яна изиллади…
Озгина ичиб, сал кайф бўлган, кўзлари сузилиб бораётган Норжигит қассоб Келдиёр акани қучоқлаб олгач, чайқалган кўйи деди:
Мошин мендан, ҳайдайдиган мард борми? Облсентрга бориб, Тошкентбойни кузатамиз.
Элчилик, меҳмонлар ичида ичмаган, бунинг устига ҳайдовчилик гувоҳномасига эгалар ҳам бор экан.
Хуллас, эски “Москвич”га олти киши ўтириб улар сафида Келдиёр ака билан Марям хола ҳам бор эди вилоят марказига, Тошкентбойни армияга кузатгани кетишди.
Келиб, бўлган воқеани айтиб бергандим, ачиниш билан ўйланиб қолган онам лаб тишлаб турди-турди-да, сўнг ишонч билан:
Камбағалнинг боласи-да, камбағалнинг боласи, деди. Бўлмаса кеча балнисадан келган болага армияда нима бор? Бировнинг ўрнига кетган бу, бировнинг ўрнига… Бирон амалдор Тоғабоевнинг оғзини мойлаган-да, боласини олиб қолган… Ўрнига бир бечорани юборган бу уйинг куйгур…

* * *
Орадан икки йилдан кўпроқ вақт ўтди.
Тошкентбой хизматни Узоқ Шарқда ўтади. Ундан икки-уч марта хат олдим, бир марта жавоб ҳам ёздим шекилли. Бир мактубида у уч ойга яқин ҳарбий қисм шифохонасида даволанганини, ичига “аниқ олти метр шланг ютганини”, шифохонада ётганида математика бўйича русча китоблар ўқиётганини ёзгани эсимда бор.
Янги йил арафасида қишлоққа келиб, онамдан Тошкентбойнинг аллақачон армиядан қайтганини, шу кунларда эса отасининг ўрнига бригадир бўлиб, далада яхоб суви қўяётганини эшитиб қолдим.
Кеч маҳал кўчада жўрамнинг ўзини учратиб қолдим.
Амаллар маборак! дедим қучоқлашиб кўришиб, ҳол-аҳвол сўрашганимиздан кейин. Ҳаммасини қўшиб юварканмиз-да.
Раҳмат, деди илжайиб жўрам. Отам қариб, анча ўзини олдириб қўйибди. Бу ёқда укалар катта бўлаяпти.
Дарвоқе, Тошкентбойнинг сакккизта ука-синглиси бор эди. Шу эсимга тушиб, беихтиёр тилим учида турган саволни бердим:
Нима, ўқишга бориш ниятинг йўқми? Ҳозир ҳам подкурс кеч эмас, армиядан кейин индамай олишади…
Жўрам маъюс кулимсиради:
Саккизта ука… Бари ейман-ичаман деган пайти… Мен ўқишга кетиб қолсам, ким уларни боқади?
Бу саволдаги темир мантиқ мени ўйлантириб қўйди.
Математика… шаҳар… дея чайналдим мен.
Тошкентбой жилмайиб қўйди.
Математика қочиб кетмас… Кейин… ҳамма шаҳарга кетаверса, подани ким боқади?
Ҳар қалай, кунинг подага қолмагандир, дедим мен ҳазил қилишга уриниб.
Йўқ, деди жўрам кийиб олган резина этигига ишора қилиб. Отамнинг ўрнига бригадир бўлдим… Ўзинг айгандай, амалдорман… Ростини айтсам, яхши иш. Бунинг устига…
Шу сафар мен жўрамдан илгарироқ отни қамчилаб қолдиму, Тошкентбой айтмоқчи бўлган гапни айтиб қўя қолдим:
… Ҳаёт энди бошланаётган бўлса…
Тошкентбой кулиб юборди:
Тўғри, ҳаёт энди бошланади…
“Амалдор” жўрам билан шу ерда хайрлашдик.
Тўғри, эртаси куни одатимиз бўйича уни “чой”га чақирдик, уй тўла меҳмонлар билан қўшилишиб, ароқ ичдик. Аммо жўрам билан ики оғиз гаплашишга ҳам фурсат бўлмади.
Оила даврасида ўтган янги йил байрамидан кейин эса ўқишга қайтиб кетдим.
Кейинги йили Тошкентбой жўрам уйланди.
Марям хола туриб олибди: “Тезроқ уйга бир ёрдамчи олмасак, бир ўзим шунча болани ҳеч эплай олмай қолдим…” Келинни ҳам онанинг ўзи топибди. Қариндошининг қизи экан. Оёқ-қўли чаққонгина, уй ишларида сочи супурги, қўли косов эмиш.
Ўқишдан амалиётга кетаётганлигим боис тўй арафасида бориб Тошкентбойни табрикладим.
Жўрам янада озибди, қорайиб кетибди, кўзлари киртайиб қолибди, биқинини ушлаб-ушлаб қўйишига, кўзлари остида пайдо бўлган қорамтир ҳалқачаларга қараганда соғлиғи ҳам яхшига ўхшамайди.
Тошкентбой қутловларимни ердан кўз узмаган кўйи, индамай эшитди. Ниҳоят бошини кўтариб менга кулимсираб қараб турдитурди-да, охири:
Уйланиш яхши, деди. Мана кўрасан, ҳақиқий ҳаёт энди бошланади…
Чин гапим, мен шундай бўлишини жуда-жуда истадим…
Аммо ҳаёт деганлари бешафқат экан…

* * *
Бир-бирини қувиб йиллар ўтди.
Ҳаёт экан, ҳар кимнинг ўз ташвиши, ўз қувончи бор.
Ўқишни битириб, мен ҳам ўз ташвишларимга андармон бўлиб кетдим.
Худога шукр, севиб уйландим, фарзандларим бор.
Баъзан, фурсат топилганда сўраб-суриштириб қоламан, гоҳида онамдан эшитиб қоламан, ҳар тугул, Тошкентбой ҳақида у-бу гаплардан воқиф бўламан.
Тошкентбой жўрам ўтган ўн йилдан ортиқроқ вақт мобайнида жуда қаттиқ ишлади. У етти ука-синглисини уйли-жойли қилди, ҳаммасининг тўйини бировникидан кам қилмай ўтказди. Эшитишимча, ҳар сафар, бирон укаси ёки синглисининг тўйини йтказгач, жуда хурсанд аҳволда: “Қутулдим. Худога шукр. Ҳаёт энди бошланади”, дер экан.
Аммо кўпи билан бир ҳафтадан кейин навбатдаги тўй ташвиши хонадонга аста кириб келавераркан…
Йилда бир-икки марта бирон тўй ёинки маъракада учрашиб қолардик жўрам билан.
Балки адашаётгандирман, аммо Тошкентбой кўз ўнгимда адо бўлиб бораётгандай эди. Иш, иш ва яна иш… Жўрамнинг билгани шу эди гўё. Учта фарзандли бўлди. Аммо қачон изласам жўрам далада бўларди. Ёз-ку, тушунарли, аммо қишда ҳам уни даладан топиш аниқ эди.
Мен аниқ билардим, бу йиллар мобайнида Тошкентбой бирон марта бўлсин шифохонада ётмади, курортларга, санаторияларга бормади. Зеро, бунга унинг вақти ҳам йўқ эди. У ишларди, тинмай ишларди…
Тақдир ҳазилини қаранг. Тошкентбой жўрам ўн йилдан ошиқроқ вақт мобайнида бригадирлик қилган, ҳар йили режасини ошириб бажариб келган юз гектар ерга тумандаги каттароқ бир амалдорнинг жиянининг ишқи тушиб қолибди.
Фермерлик ҳаракати пайдо бўла бошлагач, тендер ўтказилибдию, жўрамнинг ерига даъвогарлик қилаётган амалдорнинг жияни “Мен олий маълумотлиман” деб фалон балл олибди, “Менинг шахсий тракторим бор” деб яна фалон балл олибди, “Машнам бор” деб яна балл олибди, хуллас, Тошкентбойга кўра кўпроқ балл йиғибди-да, тендер комиссияси қарорига кўра ерни олибди-қўйибди.
Ўзиям серҳосил, сув бошидаги ер экан.
Ҳар йили Тошкентбой жўрам тонналаб маҳалий ўғитни аравада ташигани, вақтида яхоб суви бериб тургани учун ер шўрлаш нималигини билмаган, ҳосилдорлигини эса оширса оширганки, йўқотмаган.
Камбағалнинг ови юрса ҳам, дови юришмас.
Осмондан тушгандай тўсатдан пайдо бўлиб қолган янги хўжайин жўрамнинг бу далада ишлашига рўйхўшлик билдирмайди.
Тошкентбой жўрам ерга астойдил меҳр қўйганди, ерга боғланиб қолганди.
Жўрам касал бўлиб ётиб қолади.
Қўрқиб кетган муштипар хотин дўхтир чақиради.
Дўхтир жўрамга туман марказидаги шифохонага йўлланма ёзиб беради.
Йўлланма бир ҳафта дераза рахида ётади.
Ниҳоят аҳволи оғирлаша бошлаган, узлуксиз иссиғи чиқиб, ғарқ терга ботаётган Тошкентбойни қўни-қўшнилар мажбурлаб машинага ётқизиб, шифохонага олиб келишади.
Бу ерда жўрамни икки ҳафтага яқин даволашади. Уйидагилар, ука-сингиллар Тошкентбойнинг ҳолидан хабар олиб туришади.
Ахийри бу хабарни мен ҳам эшитиб қолдим ва шифохонага бордим.
Палатага кириб, Тошкентбойни кўрдиму, қўрқиб кетдим.
Бир бурдагина булиб қолибди-ку, шўрлик…
Гап сўрасам, маъюс кулимсирайди, аҳволидан гап очсам:
Яхши… деб қутулади.
Шундай кейин аста ташқарига чиқдим ва ука-сингиллардан сўрай-сўрай, бўлиб ўтган гап-сўзларни билиб олдим.
Жаҳлим чиқди. Палатага, Тошкентбойнинг олдига кириб:
Шунча ғавғо бўлибди, нега менга бир оғиз айтмадинг? дедим.
Жўрам кулимсирашга уринаркан, кўзлари ғилтиллаб:
Сени… безовта қилгим келмади… деди.
Шундан кейин унга ётиғи билан гап уқдиришга уриндим:
Тонг саҳарда ишга кетасан, жўра, ярим оқшомда қайтасан. Ёз демайсан, қиш демайсан, қачон қарасанг иш, иш, иш… Бунақа ҳаётнинг… бунақа ҳаётнинг оналарини палон қилсанг арзийди… Қўй ўша ерни, сен ҳам бундай одамга ўхшаб дам ол, ҳордиқ чиқар, болаларингни шаҳарга олиб бор, айлантир… Балки ўша ерни сендан олиб қўйишгани яхши ҳам бўлгандир бир томондан… Балки ҳаётинг энди бошланар…
Тошкентбой менга диққат билан тикилиб, пичирлади:
Йўқ, ёмон бўлди… Бола-чақани шунинг орқасидан боқиб турибидим…
Мен бўш келмадим:
Лекин қандай боқаётгандинг? Яшашдан мақсад бола-чақа учун ўлиб-тирилиб бир бурда нон топиш, холосми? Ўзинг қачон одамга ўхшаб яшайсан… Ахир умр ўтиб бораяпти. Дунёга бир марта келасан…
Хуллас, ярим соатча бақириб-чақириб, ўзимча жўрамга насиҳат ўқиган бўлдим.
Жўрам гапларимни индамай эшитди. Фақат бир марта, мен гап орасида: “Керак бўлса ерингни қайтариб олиб беришим мумкин” деган маҳалим менга ялт этиб қараб қўйди.
Хайрлашмасдан ҳам ташқарига чиқдиму, бош шифокорни топиб, жўрамга яхши қарамагани учун хумордан чиққунча сўкдим.
Шу билан ўзим ўзимдан мамнун бўлган кўйи уйга кетдим.
Орадан уч кунча вақт ўтиб, Тошкентбойнинг оғирлашганини айтишди. Аввалига ишонмадим. Назаримда, шунча йил узлуксиз давом этган оғир жисмоний меҳнатдан сўнг ниҳоят шифохона палатасида бўлса ҳамки дам ола бошлаган жўрам қисқа фурсат ичида мутлақо соғайиб, ҳаётга бошқча кўз билан қарай бошлаши керак эди.
Кечга яқин, ишдан чиқиб шифохонага бордим.
Жўрамга алоҳида палата берганини тинмай таъкидлаётган бош врач унинг соғлиғи хусусидаги саволимга жавобан қўлларини икки ёнга ёзган кўйи бош чайқаркан:
Касаллик ўтиб кетган экан, деди ҳамдардлик оҳангида. Лекин ниманидир кутаяпти бечора…
Палата шинамгина экан. Ҳатто тўмба устида мўъжазгина телевизор ҳам бор.
Бир қарашдаёқ ухлаб ётган жўрамнинг аҳволи янада оғирлашганини англадим.
Беморнинг оппоқ болиши тагида қандайдир китобнинг бир чети кўриниб қолгандай бўлди. Секин эгилиб, китобни олдим. Бу математика бўйича дарслик эди…
Томоғимга нимадир тиқилгандай бўлди.
Ногоҳ Тошкентбой сесканиб кўз очди.
Унинг нигоҳидаги чексиз армон, соғинч, изтироб ва аламни ҳис қиларканман, беихтиёр юрагим орқамга тортиб кетди.
Жўра, дедим салом-аликни ҳам унутган кўйи ҳаяжон билан, гаплашдим, ҳал қилдим, ер ўзингга қолди. Ҳеч ўйланма. Сен ўзинг фермер бўласан. Трактор ҳам сенинг номингга расмийлаштирилади.
(Илло, мен ёлғон гапирмаётгандим, жўрамнинг ерини олиб қўйган амалдорни ҳам, унинг тантиқ жиянини ҳам яхши танирдим, уларга пўписа қилиб қўймоққа ҳаддим сиғарди, аммо орани бузиб қўймай деган ҳадикда то шу кун уларга бир оғиз гап айтмагандим)
Шунда… шунда жўрам Тошкентбойнинг аввалига оғир сўлиш олганини, сўнг кўзлари чақнаб кетганини, қувончданми, кўкраги кўтарилиб туша бошлаганини кўрдиму, “Шўрлик интизор бўлиб кутган янгилик балки шудир”, деган тусмолли ўйга бордим.
Жўрамнинг қақроқ, ёрилиб кетган лаблари қимирлагандай бўлди. У ниманидир шивирлашга уринарди.
Мен энгашиб, қулоғимни жўрамнинг лабларига яқин олиб бордим.
Ҳаёт… ҳаёт энди бошланади… шивирлади Тошкентбой…
Бу унинг охирги сўзлари эди…
Шу сўзлар билан бир инсоннинг умр шами сўнди…