Камол акага
“…Элнинг қандай яшаётганини билмоқчи бўлсанг, аввало, унинг бозорларига қара”, дейди донишманд халқимиз. Дарҳақиқат, бугун вилоятимизда фаолият кўрсатаётган деҳқон бозорларида сотувчи ва харидорлар учун яратилган қулай шарт-шароитларни, пештахталардаги тўкин-сочинликни кўриб, дилинг равшан тортади…”
Давроннинг дили равшан тортмади, билъакс, пешонаси тиришганча матндаги “фаолият кўрсатаётган” сўзлари тагига қалин чизиқ чизди, қоғоз четига сўроқ белгиси қўйди. Қандайдир қовушмаганроқ, газетийроқ сўз бирикмасими-ей. Ўзгартириш керак. Наҳотки бозор “фаолият кўрсатса?”
Кейинги жумлани ўқиб Давроннинг дили баттар хуфтон бўлди. Нима эмиш, вилоятимизда “11 нафар бозорлар” яна “фаолият кўрсатаётган”миш… Ўзи ўн битталиги аниқ бўлса, “нафар”игаю кўплик қўшимчасига бало борми? “Фаолият”ингга ўт тушгур мухбир бисотидаги тўртта сўзни айлантиравераркан-да…
Сўнгги жумла таниш туюлди, муаллифини ҳам эслагандай бўлди, бироқ ўзини чалғитиш учун “Буюклар бир хил фикрлайди”, деб минғирлаб қўйди-да, папкани шартта ёпди: аввал тасвирга олиб келсин, таҳрир кейин.
Ўзи уч-тўртта фотосуратни бирин-кетин экранга чиқариб, шу сабил қолгур матнни дикторга ўқитворсаям бўларди. Аммо Даврон ишига ижодийроқ ёндашди: ҳеч бўлмаса “пештахталардаги тўкин-сочинлик” томошабинни ўзига жалб этар. Устига-устак, кўрсатувни бу аҳволда, қуруққина ўтказворса, душанба кунги “пятиминутка”да Обидалининг чакаги очилиши аниқ: ўзиям “Ўтган ҳафтада ҳукуматимиз томонидан амалга оширилган кенг кўламли ишлар ва халқаро ҳаётнинг муҳим масалалари”га бағишланган уч соатлик йиғилишининг камида сўнгги эллик-олтмиш дақиқасини – исмини айтмасдан туриб, албатта – Давронни дўппослаш билан ўтказади; “эришилган ютуқлар билан бир қаторда, афсуски, айрим ўз ишига масъулиятсиз, дангаса, лоқайд режиссёрларимиз томошабинни бизнинг каналимизга жалб этишга эмас, аксинча, ундан бездиришга хизмат қилмоқда. Буни ўтган ҳафта эфирга узатилган баъзи бир кўрсатувлар шундоққина кўрсатиб турибди… Ахир, қаранглар, Яқин Шарқда нималар бўляпти! Араб мамлакатларида нималар бўляпти? Бизда эса, Худога минг қатла шукр, тинчлик-ку…” Ҳой банда, халқаро вазиятни қўйиб турайлик, ўзимизнинг каналда қайси кўрсатув нимани кўрсатиб турибди экан, деб сўрайдиган мард йўқ; ваҳоланки, вазият ажабтовур: ҳамма бу тагдор шаъмалар қайси кўрсатув ва кимнинг шаънига ёғдирилаётганини яхши билиб туради… Кейинги пайтлари бир-икки юқорироқ идораларда жиддий танқид эшитиб, соясидан ҳам чўчиб қолган, юмшоқ курсисининг омонатлиги хусусидаги миш-мишлардан баттар ваҳимага тушган бу амал гадоси нечукдир ўзининг тагини зимдан кавлаётганлар бошида айнан мана шу Даврон турибди деб ишонади, шу хавотири боис янада эҳтиёткорлик қилади, “гуруҳ боши”ни танқид қила-қила ишдан бездириб, “ўз ихтиёримга кўра…” деган аризасини олишни чандон орзу қилади, тўғридан-тўғри думини тугиб юборишга эса яна қўрқади: ким билади, неча йиллардан буён сабр билан бир жойда ишлаб келаётган бу доғули, қўрс режиссёр ортида кимлар турибди, балки улар атай раҳбарнинг хато қилишини кутишаётгандир, кейин “Ҳа, мана, охири қўлга тушдинг-ку. Энг тажрибали режиссёрни статьясиз ишдан бўшатдинг-а!” деб судма-суд сургашар…
Бунақа юраксиқар йиғилиш пайти кимга қийин, Давронга қийин: эътироз билдирайин деса, исми ёинки кўрсатув номи аниқ айтилмади, инчунун, Обидалининг бир-икки ҳайбаракаллачиси “Гап эгасини топибди-да”, дея пичинг қилишлари аниқ; “бетимнинг қалини – жонимнинг ҳузури” деб жим ўтираверайин деса, беш-олтита ҳамкасбининг “биз ҳаммасини тушундик” дегандай ер остидан бир-бирларига маънодор қараб, “иҳм-м”лаб қўйишлари, жонини бўғзига келтиради…
Хуллас, шунақанги майда-чуйда гапларда-ей…
Авжи ёз. Одамни лоҳас қиладиган иссиқ.
Амортизатор деган матоҳи йўқ аравадай ҳар чуқурга тушганда сакраб-ғирчиллаб кетаётган “Дамас”да телевидениега энг яқин жойлашган бозорга келишди.
Даврон операторга ишора қилди:
– Музап, кўрсат ҳунарингни.
– Менга вазифа аниқ қўйилмади, – тўнғиллади Музаффар. Сўнг, Давроннинг энсаси қотганини кўргач, изоҳ берди: – Салбий пландами, ижобий?
Даврон эслади: яқин келажакда бозори роса чаққон бўлиб кетиб, не-не фильмларни саҳналаштиришини башорат қилиб юрадиган бу оператор, дейлик, “салбий планда” деб кўрсатма берилса, ёндан, тепадан, пастдан камерасини яқинлаштириб-узоқлаштириб, ёритгич чироқларини фақат ўзи биладиган тарзда жойлаштириб суратга олар, натижада, дейлик, энг ҳурлиқо қиз ҳам экранда олабўжи бўлиб кўринар ва аксинча, “ижобий план”га ўтганида, лофи билан айтадиган бўлсак, кампирни сулув қизга айлантириб юборарди.
Даврон ҳафсаласиз қўл силтади:
– Ижобий. Умумий план кўпроқ бўлсин.
– Ярим соатда гатоп бўлади, ака.
Даврон соя жой излаб атрофга аланглади. Дарвоза ёнига қадар сотувчилар эгаллаб олишган. Кун тиғида, маҳсулотини шундоқ ерга қўйган, ўтган-кетган харидорларни бақириб-чақириб ўзларига чорлаётган хотин-халажга қараркан, Даврон беихтиёр мийиғида илжайиб қўйди: мана тараққиёт деганлари – бир эмас, бир неча сотувчи ёнида электрон тарози турарди… Ҳа, ана, бозорнинг усти ёпилган қисми кўланкали кўринди. Кўрсатув матнини хаёлида пишитаётган Даврон шу томонга юрди.
Бозор… Ўзбек бозори… Доимий ғала-ғовур, тўлиб-тошган пештахталар, маҳсулотларнинг ўзига хос қоришиқ иси… Узлуксиз мулозамат: “Келинг, ака, келинг… татиб кўринг…” Савдоси пишган иккала томоннинг фавқулодда мамнунлиги: сотувчи қимматроққа сотганидан, харидор арзонроққа олганидан…
Тан олиш керак, мухбир қизча бир балони биларкан: димоғига “гуп” этиб урилган кўкатлар аралаш райҳоннинг ўткир иси Давроннинг дилини равшан торттирди.
Беихтиёр оғзининг таноби қочган Даврон чеккароққа ўтди.
– Амаки, зира оласизми? Ургутники…
Елкасига халтача осиб олган йигитча унинг бурни тагига бир кафт зирани яқинлаштириб турарди. Ҳақиқий зиранинг ҳақиқий хушбўйи… Боши айланиб кетган Даврон аранг бош чайқади:
– Раҳмат, ука.
Моли ёққанини сезган йигитча тирғалишини қўймади:
– Сизга арзон қилиб бераман, амаки.
Даврон бош чайқади:
– Ҳали ишга боришим керак. – Сўнг, йигитчанинг ажабланиб қараб қолганини кўриб, тушунтиришга уринди: – Бунингдан озгина оборсам, иси бутун студияни тутиб кетади-ку.
Чаққон йигитча фаросатлигина ҳам экан, дарҳол халтасидан жимитдай салафан халтача чиқарди:
– Бунинг йўли бор. Мана бунга соламиз, иси ўзида туради. Кечқурун уйга борганда очасиз…
Даврон буни ўзича тасаввур қилди: ошхонага киради, салафан халтачани очади ва… зора… Зора аёли табассум қилса… Дунёда энг бахтсиз ота-она – фарзандни тупроққа топширган ота-она экан. Ахир… бир ярим йилча бўлиб қолди, ўша фожиада ўзини айбдор санаб, “Мактабига ўзим бориб олиб келсам нетарди-и…” деган изтиробли, оғули армон исканжасида ич-этини еяверганидан озиб-тўзиб кетган хотини Даврон қайларгадир яшириб ташлаган суратларни барибир топиб олади, уларни бағрига босганча хонадан хонага шарпадай сассиз ўтиб юраверади, юраверади. Бир ярим йил бўлиб қолди, муздай уйда қабристон сукунати ҳукмрон… Зора…
Харидорда мойиллик уйғонганини англаган йигитча овозини пасайтирди:
– Бошқаларга учдан бераётгандим, майли, сизга иккига розиман, амаки…
– Қўймадинг-қўймадинг-да.
“Амаки” чўнтагига қўл солди.
Давроннинг аниқ эсида: пулни берди, салафан халтачага тугилган зирани шими чўнтагига солди, ҳатто шошиб бурилиб кетаётган йигитчанинг “Омон бўлинг, амаки” деганини ҳам эшитгандай бўлди ва… худди шу сонияда қулоғи тагида:
– Бу сизга тегишлими? – деган савол жаранглади.
Гап оҳанги… У ҳаммасини фош этиб қўяди… Савол оҳангида ҳам ижирғаниш аралаш пўписа ва ҳаттоки андаккина… менсимаслик бордай эди. Даврон ёнига қаради. Камерасини елкасига қўйиб олган Музаффар бақувват, калта сочли, мушакдор икки йигит ўртасида бўрилар қўлига тушган қуёндай шалвирабгина турарди. Қизиғи, кун иссиқлигига қарамасдан бир хилда қора футболка кийиб олган йигитларнинг башаралари ҳам икки томчи сувдай бир хил эди: афтидан, Ҳасан-Ҳусан бўлишса керак.
– Яъни? – саволга савол билан жавоб қайтарди бунақанги муомаладан бирдан кайфияти тушган Даврон.
Ҳасаними-Ҳусаними бармоғини операторнинг бурни тагига олиб бориб, саволини такрорлади:
– Бу киши сизга тегишлими, деяпман?
Азалдан жаҳли тез, сиркаси сув кўтармайдиган Даврон бир амаллаб ўзини босди, одатига кўра вазиятни юмшатиш учун ҳазил қилишга уринди:
– Бу киши менга тегишли эмас… Агар менга тегишли бўлганида эди, камерасини олиб қолиб, ўзини кўтарасига сотиб юборардим-қўярдим. Шундаям агар буни оладиган мард топилганида.
Йигитлар бир-бирига қарашди: афтидан, гап мазмунини англашмади.
Музаффар ёрдамга келди:
– Даврон ака. Булар съёмкага рухсатларинг борми, деб сўрашяпти?
– Рухсат? Бор! – Даврон чўнтагидан хизмат гувоҳномасини олиб кўрсатди. – Бўлдими?
Ҳасаними-Ҳусаними гувоҳномани қўлига олди, Давроннинг асабини баттар ўйнаган кўйи бир ундаги суратга, бир режиссёрга қаради, қараганда ҳам шубҳаланиб, ишонқирамай қаради, кейин, бироз ўйланиб тургач, мутлақо кутилмаган саволни берди:
– Бу ерда бозорда съёмка қилиш мумкин, деб ёзилмаган-ку?
Даврон кулишини ҳам, йиғлашини ҳам билмай қолди. Кейин, тишини тишига босган кўйи, тушунтирди:
– Мен вилоят телевидениесининг режиссёри бўламан. Телевидение! Бу йигит эса операторим. Биз истаган пайтимиз, истаган жойда, нимани хоҳласак ўшани суратга олишга ҳақлимиз. Энди ҳаммаси тушунарлими?
Даврон ўзича “икки карра икки тўрт” бўлишини исботлаб қўйгандай, гувоҳномасига қўл чўзди. Аммо ўйлайверганидан пешонаси терлаб кетган йигит бошқача фикрда экан шекилли, гувоҳномани қайтариб бермасдан:
– Хўжайинга учрашинглар бўлмаса, – деди.
Ким билади, “телевидение” сўзи таъсир қилдими, йигит бу гал сал шаштидан тушиб гапирди.
Даврон пичинг қилди:
– Хўжайинсиз иш битмайдими?
Йигит бош чайқади:
– Битмайди. Тартиб шунақа.
Кўкрак чўнтагидан ручка билан ёндафтарчасини чиқараётган Даврон навбатдаги зарбани берди:
– Биз-ку, ўзимизни таништирдик. А, сизлар кимсизлар? Энди марҳамат қилиб сизлар ўзларингизни таништирсангизлар. – Гапнинг давоми пишак дўқига ўтиб кетди: – Бизда ҳам тартиб шунақа. Ким ишимизга халақит берса, бу ҳақда ўз хўжайинимизга ёзма ҳисобот беришимиз керак. У киши эса ўз навбатида юқорига… Адашмасам, сизнинг исмингиз Ҳусанжон эди, а? Фамилиянгиз нимайди?
Ҳасанми-Ҳусанми сал сергак тортди, Давронга баттар шубҳаланиб тикилди:
– Отимни… отимни қаердан биласиз?
Бу қадар гўлликдан таъби тирриқ бўлса-да, Даврон иложи борича маънодор оҳангда жавоб қайтаришга уринди, ҳатто молини арзонга бераётган зира сотувчиси каби овозини пасайтирди:
– Бизга ҳаммаси маълум, жигитлар…
“Жигитлар” яна бир-бирларига қараб қўйишди.
– Кетдик, – деди улардан бири ва йўл бошлади.
Иккинчиси орқага ўтиб олди: важоҳатидан жиноятчиларнинг қочиб кетишига йўл қўймайдигандек…
Вазият ғалати эди. Даврон билан оператор шу алфозда бутун бозорни кесиб ўтишди ва эшиги тепасига “Маъмурият” деб ёзилган бир қаватли бинога киришди.
Бозорқўм деганлари оромкурсисида ўтираверганидан бўйи пасайиб, қорни қаппайиб қолган биткўз, тепакал киши экан. Аммо қарашим жуда ўткир деб ишонса керак ёки биров уни шунга ишонтирган, ишқилиб, худди “Ичингда нима борлигини биламан” ёинки “…билиб оламан” дегандай қаттиқ тикилиб туравераркан. Буни Даврон салом-аликдан кейиноқ ҳис қилди.
– Хизмат?
Даврон ўзини таништириб, хизмат гувоҳномасини кўрсатди. Киприк қоқмай тикилиб турган бозорқўм саволини сал кенгайтириб такрорлади:
– Биздан нима хизмат?
Даврон изоҳ берди:
– Ҳеч қанақа хизмат йўқ. Шу, бозорлар ҳақида кўрсатув таёрлаётгандик. Шунга…
– Бизнинг бозор ҳақидами?
“Ғалча!” деган фикр Давроннинг миясига чақмоқдай урилди. Ахир ўз оғзи билан “бозорлар” деб турибди-ку.
Режиссёр ўзини мажбурлаб кулимсиради:
– Йўғ-э, ака. Бу умуман бозорларимиз ҳақида. Улардаги тўкинлик-сочинлик, дегандай. Маъмурчилик…
Йўқ, ҳамон ўшшайиб, киприк қоқмай туришига қараганда бу “ғалча” ё ўзбекчани тушунмайди, ё эшитган гапининг мазмунини англаб ололмайди… Йигирма йиллик журналистга ҳаттоки ўзини танитишни раво кўрмаган мана шундай довдир қаршисида ҳисобот бераётгани учун Даврон ўзини ўзи ёмон кўриб кетди. Шу боис гапини кескинроқ оҳангда тугатди:
– Қисқаси, ишдамиз-да, ака. Давлат ишида.
– Шунақа… шунақа дардларинг бор экан, бир оғиз рухсат сўрасаларинг нима қиларди?
Бозорқўм ўпкалаяптими ё дўқ уряптими – тушуниб бўлмади. Шундай бўлса-да, Даврон ҳар эҳтимолга қарши паст тушди:
– Узр, хато биздан ўтипти. Кейинги сафар албатта рухсат сўраймиз.
– Юристдан сўрадим, мен рухсат беришим учун расмий бланкаларингда расмий хат олиб келишларинг керак экан.
Давроннинг бир тили қичиди, бир тили қичиди: “Ахборот эркинлиги принциплари ва кафолатлари тўғрисида”, “Оммавий ахборот воситалари тўғрисида”, “Телекоммуникациялар тўғрисида” ва ҳаттоки “Муаллифлик ҳуқуқи ва турдош ҳуқуқлар тўғрисида”ги қонунлардан ўзи биладиган бандларни қалаштириб келтириб ташлаб, суҳбатдошини мот қилмоқчи бўлди, аммо бозорқўмнинг бўзрайиб ўтиришиданоқ бундай сўзамолликнинг бефойдалигини сездию, тишини тишига босди:
– Албатта. Расмий бланкада, раҳбаримизнинг имзоси ва юмалоқ муҳри билан.
Шу билан гап-сўз тугагандай, бозорқўмнинг исми шарифи махфий қолган учрашув якунлангандай туюлди. Режиссёр хайр-хўш учун оғиз жуфтлаган маҳал эшик очилганини сезиб, беихтиёр ортига ўгирилди.
Остонада оппоқ калта сочига мутаносиб тарзда оппоқ кўйлагу оппоқ шим кийган, ҳатто оппоқ қайиш таққан, бироқ бу оқликлар унинг қорамтир юзини баттар қорароқ қилиб кўрсатаётган олтмиш ёшлардаги лўмбиллаган бир киши оппоқ тишларини намойиш этаётгандай илжайганча қучоқ очиб турарди:
– Ассалому алайкум, салом-ассалом, Давронжон акажон!
Даврон ёши ўзидан анчагина катта эканлиги шундоқ кўриниб турган “укажон”ини танимади, бунинг устига қиёфалар борасида ўзининг хотираси сустроқ эканини тан олади: бир кўрган одамининг юзини аниқ эслаб қололмайди, шу боис, ҳар эҳтимолга қарши ўрнидан турди, осмондан тушгандай пайдо бўлиб қолган бу одамга ноқулай бўлмаслик учун қучоғини очди.
Дарҳақиқат, “укажон” яқин таниш-билишлардан шекилли, астойдил ачомлашиб кўришди, Давроннинг белини қаттиқ сиқиб ҳам қўйди.
– Учрашадиган кунимиз ҳам бор экан-ку, акажон! Фақат кўрсатувларингизни томоша қиламиз, охирида фамилиянгизни ўқиймиз. Тўй-маъракаларда узоқдан кўриб қолардим-у, “Шу одам билан бир гурунглашсам”, деб юрардим, қаранг, бугун уйдан Худо деб чиққан эканман…
Мақтов… кимга ёқмайди. Айниқса ўзингга халқ душманига қарагандай ўқрайиб қараб турган бозорқўмнинг ёнида бундай гапларни эшитиш… Давроннинг ҳам етмиш икки томири бўшашгандай бўлди, лаб-лунжини йиғиштириб олишга уринганча:
– Ҳа, энди… – дея олди.
Ҳамон кутилмаган бу учрашув ҳаяжонидан кўзлари чақнаб турган оқ либос мухлис ҳаммасини тушунгандай режиссёрнинг елкасига қоқиб қўйди:
– Камтарсиз-да, акажон, камтарсиз. Қани, ўтирайлик.
Ўтирдилар. Янги меҳмон узундан-узоқ дуо қилди, сўнг ҳол-аҳвол сўрашишга ўтилди.
– …Тўғриси, Давронжон акажон, сизни кўриб бошим осмонга етди. Туя сўйиб чақирсак ҳам келишга фурсати йўқ одам, ўз оёғи билан келиб ўтирса-я. Хўш, биздан нима хизмат, акажон?
Туя сўйиб чақиришса ҳам келолмайдиган одам вазиятни тушунолмай, бироз гаранг бўлди: бу оқ либосли одамнинг бозорга бирон алоқаси бормикан? Умуман, бу ерда ўзини таништирмаслик урф шекилли. Шунгами, режиссёр мужмалроқ жавоб қайтарди:
– Шу… хизматчилик. – Сўнг ҳар эҳтимолга қарши қўшиб қўйди: – Ўзингиз тушунасиз-ку.
Оқ либосли одам телевидениенинг бутун сир-асрорини биладиган мардумдай ишонч билан бош ирғади:
– Тушунамиз, албатта тушунамиз!
Хонага сукунат чўкди. Икки бирдай одам ўзига “Мақсадга ўтавер” дегандай синчков қараб турганини кўрган Даврон ўнғайсиз аҳволда қолди: баайни, ниманидир билади-ю, шуни яшираётгандай.
Ахийри бозорқўм пўнғиллади:
– Бу киши бизнинг юрист.
– Раҳбаровман, – дарҳол ўзини таништирди ҳуқуқшунос. Сўнг режиссёрга синовчан тикилиб, такрорлади: – Раҳбаров.
– Яхши, – деди Даврон. Сўнг, ҳар эҳтимолга қарши, одоб юзасидан қўшиб қўйди: – Эшитгандайман.
Мамнунликдан ҳуқуқшуноснинг юзи ёришиб кетгандай бўлди.
– Эшитгансиз, акажон, эшитгансиз. Албатта эшитгансиз. Ҳозирам менга қизиқиб қараб турганингиздан буни биляпман. – Раҳбаров ғурур ила кўкрагини керди: – Адашмадингиз, мен ўша судьяман.
Даврон ҳарчанд уриниб кўрди, бироқ “ўша судья”ни эслолмади. Ким билади, балки бирон мафия-пафияни суд қилиб тилга тушгандир-у, журналистлар телевидениеда кўкка кўтариб мақташгандир, иши билан банд Даврон эса бундай оламшумул воқеадан бехабар қолгандир.
Режиссёрнинг пешонаси тиришаётганини кўрган бозорқўм кўмакка келди, аммо одатига кўра яланғоч беписандлик билан ғудраниб қўйди:
– Қозилигида бир қоп буғдойга ўн икки йил берган бу…
– Ҳечам бир қоп эмас-да, ҳечам бир қоп эмас-да! – қизғин эътироз билдирди Раҳбаров.
Бозорқўм саховат кўрсатди:
– Ҳа, ана, икки қоп.
Бироқ бу миқдор ҳам Раҳбаровни қаноатлантирмади:
– Ҳечам икки қоп эмас-да. Ўта катта миқдорда эди.
Бозорқўм энди ҳуқушуносини майна қилишга ўтди:
– Ол-а…
Тайёр турган эканми, чўнтагидан қоғоз-ручка олган Раҳбаров бутун эътиборини гап нима ҳақида кетаёганини тушунмасдан, гарангсиб турган режиссёрга қаратди:
– Давронжон акажон! Сизга ҳозир ҳаммасини тушунтириб бераман. Бошидан бошлайман. “Зийнат” жамоа хўжалигида истиқомат қиладиган, вақтинча ишсиз фуқаро Маҳмадалиев июль ойи тунларидан бирида хўжалик ҳудудида жойлашган элеваторга, яъни ғалла омборига дон олиб кетаётган, эътибор беринг, юриб кетаётган тракторнинг тиркама воситаси, яъни тележкасига ғараз мақсадда, қасддан, олдиндан белгиланган босқинчилик режаси асосида чиқиб олиб, қўйнидаги қопни ғаллага тўлдириб, пастга ташлаган маҳал ҳушёр милиция ходимлари томонидан далилий ашё билан қўлга олинади. Камина раислик қилган суд жараёнида айбланувчи маҳалласидан ижобий тавсифнома келтирди, ўзини оппоқ қилиб кўрсатишга уринди. Нима эмиш, бола-чақаси оч қолганлиги учун шундай йўл тутишга мажбур бўлган эмиш, ўғирликка биринчи марта чиққан эмиш, бор-йўғи бир қоп буғдой олмоқчи бўлган эмиш… Хуллас, шунақа гаплар-да. Шартта ўрнимда турдим-у, “Бунақа чўпчакларингни энангга айт, Маҳмадалиев! Сен давлат мулкини катта миқдорда ўғирлаган ашаддий рецидивистсан!” дедим. Адвокати эътироз билдирмоқчийди, тўрт сонияда гапимни исботлаб ташладим… Мана бундай. Қаранг, бир қоп буғдой етмиш кило келади.
Бозорқўм пичинг қилди:
– Нима, у қопни шошмасдан тўлдириб, эринмасдан оғзини бойлаб, кейин ташлабдими? Солса ўн кило солгандиру пастга отган…
– Йўқ, йўқ, – айёрона бош чайқади собиқ қози. – Сиз амалиётни гапираяпсиз. Назарияга кўра эса бир қопга шунча буғдой кетади. Хўш, айбланувчи ҳар куни бир қопдан ғалла ўғирлаган деб ҳисоблаймиз-да, етмишни уч юз олтмиш бешга кўпайтирамиз. Демак, бир йилда у камида йигирма беш минг беш юз эллик кило буғдойни ўғирлаб, ўз шахсий эҳтиёжлари йўлида ишлатиб юборган бўлиб чиқади.
Бозорқўм пихиллаб кулди:
– Ғалла бир ярим ой, нари борса икки ой ташилади.
– Сиз амалиётни гапиряпсиз-да, акагинам, – қизғин эътироз билдирди ўз-ўзидан завқланиб кетаётган Раҳбаров. – Мен эса масаланинг назарий жиҳатларига кўпроқ эътибор қаратаман… Демак, айбланувчи бир йилда йигирма беш тоннадан кўпроқ ғаллани гум қилган бўлиб чиқяптими? Энди бу миқдорни бешга кўпайтирамиз.
Маърузадаги чуқур мантиқни илғаб олишга ҳаракат қилаётган режиссёр ҳайрон бўлди, беихтиёр:
– Нега? – деб юборди.
Собиқ қози бажонидил ҳуқуқий тушунча берди:
– Чунки хўжалик ҳудудидаги элеватор беш йилдан бери ишлаб келаётганди-да.
Режиссёр ниманидир тушунгандай бўлди:
– Демак фуқаро…
Унинг чайналиб қолганини кўрган Раҳбаров кўмакка келди:
– Фуқаро Маҳмадалиев.
– …ўша одам… элеватор очилганидан бери ҳар куни ўғирликка борган бўлиб чиқадими?
– Ҳа, ҳар куни, бирор кун канда қилмасдан! Айтдим-ку, мен масалага назарий жиҳатдан қарайман. Хуллас, менинг ҳисобларимга кўра беш йил ичида у жами бир юз йигирма етти минг етти юз эллик минг кило буғдой ўғирлаган бўлиб чиқди. Бунга, табиийки, аниқлик учун яна етмиш кило қўшдим.
– Униси нега? – ажабланиб сўради Даврон.
– Қанақасига нега? – режиссёрдан баттар ҳайрон қолди Раҳбаров. – Ахир биз қамраб олган беш йилнинг ичида биттаси кабиса йили-ку. Яъни 29 февраль, йил уч юз олтмиш беш эмас, уч юз олтмиш олти кун.
– Ҳа…
– Шунақа. Ишқилиб, жами ўғирлик бир юз йигирма етти тоннаю саккиз юз йигирма кило чиқди. Рақам аниқ эсимда. Бу нима дегани? Бу икки йирик фермер хўжалигининг йиллик ҳосили, баланд хирмони. Ўзингиз айтинг, бу катта миқдордаги ўғирлик эмасми? Давлат мулкини, халқ мулкини талон-тарож қилиш эмасми? Ахир шундай кўриниб турибди-ку… Бу ҳали фақат битта айбланувчининг жинояти. Мен унинг камида яна иккита шериги бўлган деб ишонаман. Булар жиноий гуруҳ бўлиб, олдиндан тил бириктириб қилишган бу ишларни. Ҳалиям майдалашиб ўтирмадим, терговда шахси аниқланмаган шерикларингни айт, деб айбланувчини қисти-бастига олмадим, ишни қайта терговга юбормадим, етказилган зарарни учга кўпайтирмадим. Ваҳоланки, шеригинг учта эмас, камида бешта бўлган деб туриб олишим ҳам мумкин эди-ку. Бешта-я! Ҳайрон қолишингиз мумкин, лекин қора курсида ўтирган бандага раҳм қилдим… Ўшанда буларнинг ҳаммасини ҳисоблаб кўрсатгандим, айбланувчининг кўзи пешонасига чиқиб кетиб, гапиролмаям қолди. Адвокати ундан баттар… Хулласи калом, Давронжон акажон, – собиқ қози кафтларини бир-бирига қарсиллатиб урди, – мен ўғирликнинг ўта катта миқдорда эканлигини ҳисобга олган ҳолда айбдорга ўн икки йил бердим, бир юз йигирма етти тоннаю саккиз юз йигирма кило олий нав буғдойнинг ҳақини давлат ғазнасига тўлаш шарти билан, албатта. Буни эшитиб атиги уч йил сўраб турган прокурорам тилдан қолди денг… Хуллас, энг асосийси, Давронжон акажон, ҳисоб-китобларим тўғри эканки, прокурор протест келтирмади, жиноятчининг ўзи апелляцияга ариза бермади. Эшитишимча, маҳбусимиз ўша ёқларда касалга чалиниб, олти ой ичида ўлиб кетибди. Ўзи суддаям ранги сарғайиб ўтирганди. Уч-тўрт йил чидаб турганида амнистияга илиниб қолармиди… Майли, бу менинг ишим эмас. Мен ўз вазифамни бажардим. Лекин, шундан кейин денг, акажон, бир-икки ҳамкасбларим менга ола қарайдиган бўлиб қолишди. Биласиз-ку, бизнинг соҳада ким кўп – муваффақиятингни кўролмайдиганлар кўп. Шунақалар у қилишди, бу қилишди, охири ёшим етганлигини рўкач қилиб, мени пенсияга чиқишга мажбур этишди. Бўлмаса яна анча йиллар халққа хизмат қилишга қурбим етарди… Ҳалиям, шукрки, билими, тажрибаси бор одам кўчада қолмас экан, мана, неча йилки, – қўлини кўксига қўйган собиқ қози қисиқ кўзлари баттар қисилганча, биров арпасини хом ўргандай ўшшайиб ўтирган бозорқўмга эҳтиром ила ним эгилди, – акамизнинг шарофати билан бозорчада оддийгина ҳуқуқшунос сифатида ризқимизни териб еб юрибмиз. Минг қатла шукр. Шундай буюк қалбли инсонларнинг борига шукр.
“Буюк қалбли инсон”нинг бир туки ҳам қилт этмаганига, ҳатто йўлига мақтовни рад этиб қўймаганига қараганда, бундай хушомадларни кўп эшитган, эшитавериб, эти ҳам ўлиб бўлган.
– Ўшандан кейин, – дея гапида давом этди Раҳбаров, – ўшандан кейин, хафа бўлманг-у, Давронжон акажон, сизга ўхшаган зиёлилардан анча-мунчаси худди мен еб, улар қуруқ қолгандай менга олайиб қарайдиган бўлишди. Ваҳоланки, аслини олганда мен ўша ҳукм билан жамиятга, давлатга жуда катта фойда келтирдим, Давронжон акажон, жуда катта фойда! Ҳатто бунинг учун менга орден беришсаям арзирди!
Ҳалидан буён бир қоп ғалла учун шунча йилга қамалиб кетган шўрликни ўйлаб, ичида собиқ қозини ёмон кўриб ўтирган Даврон беихтиёр:
– Йўғ-э, – деб юборди.
– Ҳа-да! – ҳовлиқди собиқ қози. – Атай текшириб кўрдим, менинг ҳукмимдан кейинги беш йил ичида наинки “Зийнат” жамоа хўжалигидан, балки ён-атрофдаги хўжаликлардан ҳам бирон фуқаро, эътибор беринг, бирон фуқаро дон ўғирлашга бормаган! Бор-ма-ган! Хўш, нима учун?
– Қўрқишгандир-да, – тахмин қилди режиссёр.
– Бу иккинчи сабаб. Биринчи сабаб хўжаликлар аҳли ҳар қандай жиноят учун жазонинг муқаррарлигини, жиноятнинг катта-кичиги бўлмаслигини тушуниб етганида. Онгли равишда тушуниб етганида!
– Кўз олдиларида жонли мисол турганидан кейин, албатта тушуниб етишади-да…
Раҳбаров баттар жўшди:
– Пичинг қилманг, Давронжон акажон, пичинг қилманг! Ундан кўра очиқ тан олинг: мен ғалаба қилдим! Мен, якка ўзим, битта ҳукм билан катта ҳудуддаги ўғирликни таг-туги билан, илдизи билан йўқ қилдим. Мен шунга эришдим! Тўғри, қаттиққўллик қилдим, аммо бундан бошқа иложим йўқ эди, ярани ҳам кесиб даволайдилар, акажон, кўзёши тўкиб эмас. Мен ҳам сизлар сингари ўша бандага ачинсам, қўшилишиб ҳўнграб ўтирсам, суд залидан озод қилиб юборсам бўларди. Аммо мен бундай қилмадим, чунки бу билан ўша яранинг газак олишига сабабчи бўлардим, маълум маънода бўлғуси ўғриларнинг шеригига айланардим! Мен, қайтариб айтаман, якка ўзим, кўксимни қалқон қилиб жамиятда қонун устуворлигини таъминлашдек бурчимга содиқ қолдим!
Давроннинг тили қичиди:
– Ниманинг эвазига?
Собиқ қозининг кўзлари чақнаб кетди.
– Ҳа, яшанг, мана энди дилингиздаги тилингизга чиқди! Тўғри, қурбонлик келтирилди, лекин бу ўнлаб, юзлаб, балки минглаб қурбонларнинг олдини олди. Аслида шундай-ку, Давронжон акажон, мард бўлиб тан олинг-да! Сизлар бўлса – кўр ҳассага ёпишгандай – мени ёмонотлиқ қилиш учун фақат иккинчи сабабга ёпишиб олгансизлар. Тўғри, одамлар чўчиб қолишди. Лекин бусиз ҳам мумкин эмас-да. – Раҳбаров столни қарсиллатиб урди: – Жамиятда шундай тушунчалар борки, улар фуқаро миясига фақат қўрқув орқали, мажбурлаб киритилади, бошқа йўл йўқ ва бўлиши ҳам мумкин эмас! Қўрқмаган одам – хавфли одам. Қўрққан одам – қонунга итоат қиладиган одам. Мана асл ҳақиқат!.. Бунга эътироз билдириб кўринг-чи…
Режиссёр қаршисида ўзининг мутлақо ҳақлигига юз фоиз ишониб турган Раҳбаровга эътироз билдириш фойдасиз эканлигини англаб, минғирлаб қўя қолди:
– Бу масалада ҳар кимнинг ўз ҳақиқати бор…
Собиқ қози қизғин эътироз билдирди:
– Асло бундай эмас! Ҳақиқат битта ва у мен томонда!
Шундан кейин яна нима дейиш мумкин. Даврон ҳам тилини тишлади.
Хонага яна сукунат чўкди. Яна икки жуфт кўз ўзига бақрайиб тикилиб турганини кўрган Даврон бу ўхшовсиз томошага барҳам беришга қарор қилиб, ўрнидан қўзғалиб қўйди:
– Раҳмат, акалар. Энди рухсатларингиз билан биз турсак.
Режиссёрнинг назарида раҳбар билан ҳуқуқшунос кўз уриштириб олишгандай бўлди, аммо қўлларини кенг ёйганча ўрнидан турган Раҳбаровнинг гап оҳанги самимий эди:
– Давронжон акажон! Бу нима деганингиз? Бир баҳонаи сабаб кеп қопсиз-у, ҳали икки оғиз чақчақлашиб улгурмасимиздан кетаманга тушасизми? Асло ва асло! Ўзбекчилигимиз қайда қолди? Бир пиёлагина чойимизни ичмасингиздан бурун сизга жавоб йўқ, акажон! Айтиб қўяй, шундай кетиб қоладиган бўлсангиз, биз ўзимизни кечирмаймиз!
Даврон чин дилдан қарорини асослашга уринди:
– Раҳмат. Лекин иш… Ҳали монтаж бор, диктор матнини ўқитиш…
– Э, – бепарво қўл силтади собиқ қози, – иш қочиб кетармиди? Керак бўлса Обидали акамнинг ўзларини шу ерга чақирамиз, бўладими? Бир оғиз таклиф қилсак бас, етиб келадилар.
Раҳбарининг исмини эшитган Даврон сесканиб кетди. Қачондан бери Обидали бу ҳуқуқшуноснинг “акаси”га айланиб қолди? Хотиржам тилга олишига қараганда бир балоси борга ўхшайди… Демак, эртароқ кетиш керак. Агар бу баччағарнинг айтгани чин бўлиб, Обидали кириб келсами, тамом, ана кейин кўринг томошани: иш пайтида кўрсатув қаҳрамонлари билан чойлашиб ўтирган Давроннинг шўрига шўрва тўкилиши аниқ.
Режиссёрнинг безовталаниб қолганини ўзича тушундими, Раҳбаров кейинги саволини сал гумонсираган оҳангда берди:
– Ўзи бу ерга келишингиздан Обидали акамларнинг хабарлари бормиди?
Даврон аниқ жавобдан ўзини олиб қочди:
– Умуман олганда, у киши бизга умумий раҳбарлик қиладилар… Шу маънода ҳар бир ижодий ходим съёмкага бориш учун у кишидан рухсат олиши шарт эмас…
– Шарт эмас бўлса шарт эмас-да, акажон! – кўтаринки кайфиятда яна кафтларини бир-бирига урди собиқ қози. – Келинг энди, қирқ йилда бир эшак ўйин, дейдилар-ку, бизам бир яйраб ўтирайлик…
Эшик очилиб, Ҳасан-Ҳусанлар егулик-ичимликлар, газаклар тўла икки патнис кўтариб киришганди, хонани иштаҳа қўзғар кабоб иси тутди. Эгизаклар патнисларни столга қўяётган маҳал шишалар шиқирлаб кетди. Терлабгина турган хориж ароқларини кўрган Давроннинг пешонасига совуқ тер тошди.
– Мен ростданам кетмасам бўлмайди, ака, – дея ўрнидан туриш асносида энди у бозорқўмга мурожаат қилди.
Жавобни эса яна Раҳбаровдан эшитди:
– Вақти соати етиб, ҳаммамизам кетамиз, шунинг учун шошилишнинг ҳожати йўқ, акажон. Ваҳ-ҳаҳ-ҳа!
Собиқ қози ўзи гапириб ўзи кулди, бозорқўм ҳатто тишининг оқини ҳам кўрсатиб қўймади. Бирдан жиддий тортган собиқ қози режиссёрни аврай бошлади:
– Йигитларингиз қўшни хонада. Келинг, ҳеч бўлмаса ўшаларнинг бир пиёла чойни ҳалоллаб ичишига, аниқроғи заказ сомса еб олишига халақит бермайлик, акажон. Ундан кейин, қайси ўзбекнинг уйига келган қўноқ ҳеч бўлмаса бир бурда нон емасдан кетади, а? Где мусулмончилик?
Даврон ноилож жойига қайтиб ўтирди. Шуни кутиб тургандай бозорқўм ўрнидан турди:
– Қўл ювиб келай…
– Бемалол, – дея раҳбарига изн берди ҳуқуқшунос. – Биз бу ерда акамиз билан бошлаб турамиз. Сиз кейин етиб оласиз.
– Хўп, – дея тўнғиллаб қўйди кабинетдан чиқаётган маҳал бозорқўм.
Шунда Даврон кўрди: чинданам раҳбар калтабақай эди, кўпчиб турган қорни уни баттар пастак кўрсатарди, баайни полдан ўсиб чиққан мавжудот…
Раҳбаров шошиб чой қайтарди, нон ушатди, бир пиёла чой узатди, тинмай “олинг-олинг”лаб манзират қилиш асносида шишалардан бирига қўл чўзганди, Даврон уни тўхтатди.
– Ишдаман, ака.
Бу залворли дастак собиқ қозини ажаблантирди:
– Нима қипти? Бизам давлат ишида ишлаганмиз, лекин бу зормандани ҳеч хафа қилдириб қўймасдик.
– Энди бизда талаб бошқачароқ…
Ҳуқуқшунос яна бепарво қўл силтади:
– Талабни ким қўяди? Обидали акамми? Ё, бир оғиз айтиб қўяйми?
– Шарт эмас! – жон ҳолатда эътироз билдирди Раҳбаровнинг оқ қайишига осилган телефон ғилофига қўл чўзаётганини кўрган Даврон.
– Зоримиз бор, зўримиз йўқ, укажон. Унда, мана, кабобга қаранг. Рухсатингиз билан, Давронжон акажон, – ҳуқуқшунос шишага ишора қилди, – ўзимга озгина, а, йигирма грамм…
– Э, сиз бемалол, ака, менга қараманг.
– Раҳмат-э. Сиз борсиз – биз бормиз-да…
Собиқ қози негадир иккита қадаҳга тўлдириб ароқ қуйди ва бирин-кетин иккаласини ҳам “оқ” қилиб ичгач, кўзлари ёшланганча “оҳ-оҳ”лаб газакка ёпишди ва ногоҳ, чапиллатиб сабзи чайнашдан тўхтади-да, режиссёрга бир қултум ҳам ичмаган одамдай ўта жиддий, ҳаттоки синовчан тикилди:
– Давронжон акажон, биз кап-катта одамлармиз, “сичқон-мушук” ўйини бизга тўғри келмайди. Келинг, эркакча гаплашиб оламиз. Ваъда бераман, гап шу ерда қолади, кўчага чиқмайди.
Даврон энди қўлига олган сихни ликопчага қайтариб қўйиб, ҳуқуқшуносга ажабланиб қаради:
– Тушунмадим.
– Кабинетда камера йўқ, текшириб кўришингиз мумкин, – атрофга аланглади Раҳбаров. – Йўқ. Овозингизни ёзиб ҳам олмаяпман. Ишонмасангиз, телефонимни ўзингизга бериб қўяман. Буларни айтаётганимнинг сабаби, бизга тўла ишонсангиз бўлади. Биз ўз гапига жавоб берадиган одамлармиз. Сиздан биттагина ўтинчимиз: ҳақиқатни айтинг.
Давроннинг назарида собиқ қози қандайдир ўйин ўйнаётгандай эди, ҳозир имо-ишораларга тўла, сирли гапларини тугатади-да, “Аҳа, бопладимми!” дея “ваҳ-ҳаҳ-ҳа”лаб кулиб юборади. Режиссёр ўзини бу масхарабозликка қўшилгандай тутди:
– Яъни, ака?
Раҳбаров овозини пасайтирди:
– Яъни бизга ўша одамнинг отини айтсангиз етарли.
– Қайси одамнинг?
– Буюртмачининг.
– Қайси буюртмачининг?
Меҳмон ўзини майна қилаётганидан озор чеккан мезбондай, ҳуқуқшуноснинг юзи қайғули тус олди:
– Давронжон акажон, ўзингиздан катта одамни аҳмоқ қилиш яхши эмас.
– Лекин мен ростданам кимни айтаётганингизни билмаяпман, ака? Қанақа буюртмачи? У нимани менга буюртма қилган? Бундай тушунтириб гапиринг-да, Раҳбаров ака.
Ҳуқуқшунос илжайди:
– Мен ўйлагандан кўра анча айёр экансиз… Ҳа, майли, очиқ савдога ўтамиз. У қанча бермоқчи? Биз икки баробар тўлаймиз.
Режиссёр ўзи ҳазил-ҳузил деб ўйлаган нарса жиддийлашиб бораётганлигини тахмин қилиб, ҳушёр тортди:
– Ростини айтсам, ака, нима деяётганингизни умуман англамадим. Лекин барибир яхши ўтирдик. Энди турсам. Меҳмондорчилик учун раҳмат.
Раҳбаров меҳмонга синчков тикилди:
– Демак, айтмайсиз?
Ғазабдан Давроннинг “дод” деб юборишига бир баҳя қолди:
– Нимани айтишим керак эди?
Мезбон “ўйин”ни бошидан бошлади:
– Буюртмачини.
Калта-калта нафас ола бошлаган, бўйин томири ўқлоғдай бўртиб чиққан Даврон бир амаллаб ўзини босди, сўнг, иложи борича хотиржамлик билан гапиришга уринди:
– Энди… энди кетсам дегандим.
Ҳуқуқшунос эшик томонга қаради, худди шуни кутиб тургандай, эшик сассиз очилди ва хонага семиз ғозга ўхшаб лапанглаб кириб келган бозорқўм қўлидаги жажжи телефон аппаратини режиссёрга тутди:
– Сўрашяпти.
Бир пайтлар “унинг магнит тўлқинлари касалликлар манбаи… мия функцияларини ишдан чиқаради” деб ўқигани учунми, ўзи сира қўл телефони олиб юрмайдиган, уйдаям ундан фойдаланмайдиган Даврон ҳайрон бўлиб аппаратни қўлига олди, қулоғига яқинлаштирди:
– Эшитаман.
У тарафдан… Обидалининг дарғазаб овози эшитилди:
– Даврон?!
– Ҳа, мен… – дея олди негадир юраги увишиб кетган режиссёр.
– Пишириб қўйибдими сизга у ерда? Нега ўзбошимчалик қилиб, ҳар жойга бурнингизни суқаверасиз, а? Ё нима, мени кўмиб келганмисиз?
– Йўғ-э…
– Бўлмаса бир оғиз рухсат сўрасангиз, нима, ўлиб қоласизми? Менам бу ерда пашша қўриб ўтирмагандирман, қаерга бориш, қаерга бормаслик кераклигини билсам керак…
– Обидали ака, – тушунтиришга уринди Даврон, – мен шунчаки бозорни съёмка қилдириб кетмоқчийдим, холос.
– Нега?
– Кўрсатувга-да. Матн ўқилаётганида…
Обидали жаҳл билан унинг гапини бўлди:
– Бошқа бозор қуриб қолганмиди сенларга? Тагларингга машина бериб қўйган бўлсам…
Бозорқўмнинг Обидалига яқинлигини тахмин қилган Даврон ҳаммасини бошидан тушунтирмоқчи бўлди, яъники бу бозор студияга энг яқин бўлганлиги учун танланди, ижодий гуруҳда ҳам, шахсан ўзида ҳам бошқа мақсад йўқ ва бўлиши ҳам мумкин эмас. Аммо улгуролмади.
– Энди ўзингиз пиширган ошни ўзингиз ичинг! – бўкирди Обидали. – Узр сўранг, дискни беринг, энг муҳими, ҳеч кимни хафа қилмасдан, ишхонамизнинг обрўсини туширмасдан чиқиб кетинг. Кейин олдимга келиб, тушунтириш хати ёзиб берасиз: ким сизни у ёққа юборди ва нима мақсадда? Уриб беришингиз учун қанча ваъда қилишди?.. Тамом!
Обидали гўшакни “тақ” этказиб қўйди ҳамки, Даврон гарангсиган аҳволда телефонни қулоғига тутиб тураверди. Илло у бир нарсани сира англаб етмаётганди: кимдан узр сўраши керак, қайси гуноҳи учун? У ўзи нима нотўғри иш қилди? Айби кўрсатув чиройли чиқсин дея куйиб-пишиб ишлаётганими. Йўқса зарилмиди унга шу ёшида иссиқда терга кўмилиб лўкиллаб юриш…
Бозорқўм анчайин такаллуфсизлик билан телефон аппаратини Давроннинг қўлидан олди ва индамасдан чиқиб кетди. Дарди дунёси қоронғи режиссёр номаълум нуқтага тикилиб қолаверди.
Собиқ қози оҳиста йўталди. Ана шунда… ана шунда куппа-кундузи туҳматга қолган Давроннинг ичида бир ғалаён уйғониб кела бошлади: бу нима деган гап ахир, қачон, қай маҳал бировнинг буюртмаси билан кўрсатув тайёрлабди; қачон, кимни “уриб берибди”; қачон, кимдан бу хизмати учун ҳақ, яъни пора олибди?.. Тўғри, телевидение катта даргоҳ, элчилик дегандай, Даврон шунақанги учар ҳамкасблари ҳақида бир-икки эшитгани бор, аммо Худо шоҳид, мана, неча йилдан бери ишлаб келаяпти, бирон марта бировнинг қўлига қарамаган, бировдан бир сўм олмаган. Тан олади, суратга туширишга чиққан маҳаллари гуруҳи билан бир пиёла чой ичган жойлари бор, акс ҳолда мезбонлар астойдил хафа бўлиб қолишарди, аммо… аммо бировнинг ноғорасига ўйнамаган, оиласига ҳаром пул егизмаган… Ё раб, каммиди ўзи аввалги йилнинг фожиаси, энди бошига бундай туҳмат тошларини ёғдиришдан муродлари не буларнинг? Устига-устак, айбловнинг нақадар мантиқсизлиги шундоққина кўриниб турибди-ку: бозорлар мақталган кўрсатув учун манзилсиз намойиш бўлса…
Кўз олди қоронғилашиб кетаётган Давроннинг юраги ҳаприқиб, кўксига сиғмай қолаётгандек эди. У оғзини каппа-каппа очиб, оғир нафас олар, вужудидаги титроқни сира тўхтатолмасди.
Ҳуқушунос ҳаммасини тушунгандай ачиниб бош чайқаб қўйди ва ҳали-ҳамон терлабгина турган, сув томчилари кўзёшлари каби оқаётган шишага ишора қилди.
– Қу… қуйинг-э! – деб юборди Даврон.
Раҳбаров одатига кўра иккита қадаҳни тўлдириб қуйди ва уларни режиссёрнинг олдига сурди.
…Биринчи қадаҳ томоқдан бошлаб ичакларни ловуллатиб ўтиб кетган бўлса, иккинчи қадаҳ миясидан то оёғининг учига қадар жимирлатиб юборди. Таъмиям ғалатироқ… Бир ярим йилдан буён ичмай юрган Даврон тили карахтлашаётганини сезди.
– Раҳбаров ака… узр… биз билмасдан… эгаси бор ҳудудга келиб қолибмиз… Айб биздан ўтди. Дискни олиб қолишларинг мумкин. Узр… Энди бизга жавоб.
Режиссёрга масхаромуз қараб турган ҳуқуқшунос сўради:
– Бўлдими?
– Агар бу етмаса, шахсан бозорқўмингиздан ҳам узр сўрашим мумкин.
– Шарт эмас. Фақат эслатиб қўймоқчийдимки, хўжайин сиздан узр эмас, исм-фамилия талаб қилганди.
Даврон негадир бунақа талаб бўлганлигини эслолмади:
– Қанақа исм? Қанақа фамилия?
Ҳуқушунос сўзларни дона-дона қилиб такрорлади:
– Буюртмачининг исм-фамилияси.
– Э-эй, яна шу мағзава гапми? – тутақиб кетди Даврон. – Бўлди-да энди. Ҳаммангиз тентак-пентак бўлмагансизларми мабодо?
Раҳбаров илжайди:
– Худди шу гапни ўзингизга нисбатан ишлатиб кўрсангиз яхши бўларди, акажон. Чунки сиз ишингиз, келажагингиз, обрўйингиз – ҳамма-ҳаммасидан бир буюртмачининг уч-тўрт тангасини авло кўряпсиз.
Давроннинг кўзларига қон тўлди:
– Ўзимни ўзим сўйиб ташласам, гапим чинлигига ишонасизларми, а?
Ҳуқуқшунос пинак бузмади:
– Харакири сизнинг айбдор эканлигингизни билвосита исботлайди, холос.
Шу сўзларни айтгач, Раҳбаров янги шишани очди, яна иккита қадаҳга тўлдириб қуйди, бу сафар бирини ўзи олди, иккинчисини меҳмон томон сурди.
– Қани, олдик, ака.
Даврон бош чайқади:
– Менга етади. Ҳали ишга боришим, раҳбаримга тушунтириш хати ёзиб беришим керак.
– Ўзингиз биласиз. Майли, ака, кетишингиз олдидан охирги марта сўрайман: ким у?
– Уф-ф… – Режиссёр яроқ излагандай атрофга аланглади. – Ўзимни ўлдиришим айбдорлигимни билвосита исботласа, яхшиси, сизни бўғизлаб қўйиб қўя қолай.
Ҳуқуқшунос яна пинак бузмади:
– Бу айбдорлигингизни бевосита исботлайди.
Режиссёр уф тортди:
– Унда ўзим билан бирга битта бомба олиб келсам яхши бўларкан. Бевосита, билвосита деб ўтирмасдан, бира тўла…
Раҳбаров бош ирғади:
– Бу яхши фикр, аммо энди иложи йўқ-да. Хуллас, Давронжон акажон, ҳаётда шунақанги ғалати вазиятлар бўладики, унда сизнинг айбдор ёки айбдор эмаслигингизнинг уч пуллик аҳамияти қолмайди: жавоб беришингиз шарт! Бошқа йўл йўқ!
Режиссёр ҳуқуқшуносга ўқрайиб қаради:
– Мени қўрқитмоқчимисиз?
– Асло ва асло, акажон! Мен ўзингиз тушиб қолган вазиятни тушунтиришга уриняпман, холос.
– Мен ҳеч қанақанги вазиятга тушиб қолганим йўқ, ишимни ҳалол бажаряпман. Ўзларингизнинг айбларингиз бор бўлса керакки, ҳеч гапдан ҳеч гап йўқ, элдан бурун ваҳима кўтариб, оёқларингиз қалтираяпти.
– Ана энди тилингиз ечиляпти. Тўғри, айбимиз бор, буни яширмайман. Аммо яна бир нарсани унутманг, қадрли Давронжон акажон, биз кунлик патта тушумининг эллик фозини ўзимизда қолдираётган бўлсак, ўша сизга буюртма берганлар камида саксон фоизини олиб қолишяпти. Бу бир. Иккинчидан, ўтган йилги ёнғин, дўконларнинг қайта сотилишига келсак…
– Буларнинг менга қизиғи йўқ!
– Шунақами? Бўпти, бўлмаса асосий гапга ўтамиз. Уларнинг асл мақсади бир амаллаб бизнинг хўжайинни ишдан бўшатиб, бу бозорниям эгаллаб олиш. Ана ундан кейин уларнинг айтгани айтган, дегани деган бўлади, оқиб келиб ётган пулни ўзлари бўлишиб олаверишади. Энди кимларнинг ноғорасига ўйнаётганингизни тушунгандирсиз?
– Эътиборингиз учун, Раҳбаров ака, мен ўйинчи эмасман, режиссёрман.
– Унда нега ходимларимизга “Бизга ҳаммаси маълум, йигитлар”, деб дўқ урдингиз. Нархингизни оширмоқчи бўлгансиз, тўғрими? Шундай бўлгач, энди очиқ айтинг-да баҳойингизни, нозга бало борми?
Ғазабдан қалтираб кетган Даврон эгизаклардан бирига шундай деганини эслагандай бўлди, аммо…
– Ахир… мен… ҳазиллашгандим, – дея олди у ниҳоят.
Ҳуқуқшунос афсусланиб бош чайқади.
– Бунақа масалаларда ҳазиллашилмайди, бунақа масалаларда тагдор ишора қилинади… Гапнинг бўлари, жонингизга жабр қилманг, акажон. Барибир бир ўзингиз қоласиз, орқангизда яшириниб турганлар тирқираб қочиб қолишади, ҳатто сиз билан танишлигини тан олмай туриб олишади. Яна бир гап. – Раҳбаров бозорқўмнинг бўш курсисига ишора қилди: – Бунақалар бир излашга киришмасин, киришса, топмай қўймайди. Чунки ҳаётнинг қонуни шунақа ўзи, акажон: излаган – топади-да; ҳатто у аслида йўқ бўлган тақдирдаям. Тўғриси, бизники ҳолва, бунақалар майдалашиб, учга, бешга кўпайтириб ўтиришмайди, бирдан оч биқинингизга ғарчиллатиб пичоқ санчиб, камига бураб-бураб олишади… Бунақалардан қочиб қутулиб ҳам бўлмайди, ҳатто вилоятдан кўчиб кетсангиз ҳам топиб олишади. Ҳалиги, айтишади-ку, ерга кирсанг қулоғингдан, осмонга учсанг оёғингдан…
Давроннинг жони бўғзига келди:
– Бўлдида-эй, ака! Ҳадеб бир пластинкани айлантираверасизми? Гапларингиз мана бу еримга келди… Бўпти, мен кетдим. Омин…
– Майли, қарорингиз шу бўлса, зоримиз бор, зўримиз йўқ. Фақат омин айтишга шошмай туринг. Хўжайинни чақирай, сизга бесўроқ рухсат берворсам гап эшитиб қоламан, ахир.
– Унда чақиринг тез!
– Шесть секунд, акажон!
Ажабки, ҳуқуқшуноснинг гап-сўзида ачиниш оҳанги сезилгандай бўлди, аммо асабий Даврон бунга эътибор бериб ўтирадиган аҳволда эмасди.
Эшик сассиз очилиб, Ҳасан-Ҳусан кўринди. Уларнинг важоҳат билан кириб келишларидан недир хатарни сезган Даврон учиб ўрнидан турди, бироқ эгизаклар осонлик билан режиссёрни йиқитиб, қўл-оёғини нам арқонда боғлашди, ортда пайдо бўлган Раҳбаров тўғридан-тўғри шишадан унинг оғзига ароқ қуя бошлади…
Воқеаларнинг кейинги ривожи анчайин чалкаш, уларнинг талқини ҳам шунга яраша бир-биридан кескин фарқ қилади. Бозор маъмуриятида тузилган, маъмурият ходимларидан ташқари бир неча холис гувоҳ, яъни расталарда савдо қиладиган сотувчилар имзолаган баённомада қайд этилишича, ўзини вилоят телевидениесининг режиссёри Даврон Шамсиевман деб таништирган бу кимса аввалига хизмат гувоҳномасини ҳам кўрсатмасдан “Съёмкам бор. Ҳаммангни телевизорга чиқариб, шарманда қиламан, ишдан ҳайдатаман!” деб бақириб-чақирган, ўзини тартибга чақирган ходимларни уят сўзлар билан сўккан, гап орасида “Бизга ҳаммаси маълум! Яхшиликча атаганларингни чиқараверинглар”, деб таҳдид қилган, сўнг, алоҳида кабинетда ўзига алоҳида дастурхон тузашларини буюрган. Табиийки, доимо оммавий ахборот воситаларига, хусусан, телевиденига ҳурмат билан муносабатда бўладиган ходимлар бу талабни ортиғи билан адо этишган. Режиссёр Даврон Шамсиев тўкин дастурхон устида тинмай ароқ ичган. Терговчиларнинг бахтига кабинетга кузатув камераси ўрнатилган экан, афсуски, Шамсиев тўполон қилган пайти зарар етганми, ёзув унинг ҳуқуқшунос Раҳбаров қаршисида бир йўла икки қадаҳ ароқни кетма-кет бўшатаётгани тасвиридан сўнг ўчиб қолган… Хуллас, режиссёр бўкиб қолганича ароқ симиради, кейин “Ҳаммангни қаматиб юбораман!” деб қўрқитади, қамоқдан сақлаб қолиш учун эса уч минг АҚШ доллари миқдорида пора талаб қилади. Ана шундан сўнггина тоқатлари тоқ бўлган бечора ходимлар милицияга қўнғироқ қилишга мажбур бўлишган. То милиция ходимлари етиб келгунга қадар эса холислар иштирокида баённома тузилади. Ҳаддан ортиқ кўп ичиб юборганидан бўлса керак, милиция ходимлари етиб келишидан икки-уч дақиқа олдин Даврон Шамсиев оғзидан боди кириб-шоди чиқиб сўкиниб турган жойида ҳушидан кетиб йиқилади.
Бироқ дастлабки суриштирув-текширув чоғида вилоят телевидениесининг режиссёри Даврон Шамсиев жамоат жойида амалга оширган безорилик айсбергнинг сувдан чиқиб турган юза қисми эканлиги аниқланди. Зеро, холислар иштирокида тинтув ўтказилганида ғирт маст, оёғида туролмайдиган Шамсиев шимининг чап чўнтагидан олти юз АҚШ доллари, ўнг чўнтагидан эса салафан халтачага ўралган кукун топилди. Экспертиза текшируви чоғида бу кукуннинг гиёҳванд моддаси эканлиги аниқланди, салафан халтачада ҳамда юз АҚШ доллари купюрасида топилган бармоқ излари ҳам айнан Шамсиевга тегишли эканлиги ўз исботини топди. Тиббий таҳлил эса вилоят телевидениеси режиссёри қони таркибида катта миқдорда алкогол билан бир қаторда гиёҳванд модда унсурлари ҳам мавжудлигини кўрсатди.
Дастлабки суриштирув-тергов жараёнида, холисларнинг гувоҳликлари ва бозор кузатув камераси ёзувларига кўра, гумондор Даврон Шамсиев бозор ҳудудида ўз шериги, зира сотувчиси ниқоби остида юрган курьер билан учрашгани, салафан халтачадаги гиёҳванд моддани ундан олгани ҳам аниқланди. Афсуски, дастлабки суриштирув-тергов жараёнида зира сотувчи шахсини аниқлашнинг имкони бўлмади.
Телевидениеда гап ётармиди. Буюртмачидан “фало-о-он” доллар – миқдорни эшитган одамнинг лабига учуқ тошарди – олган Даврон ака поранинг ярмини, ҳеч бўлмаса ярмининг ярмини, жудаям бўлмаса ярмининг ярмининг ярмини бўлишмагани учун жиғибийрон бўлиб юрган ижодий гуруҳ аъзолари режиссёрнинг гўрига ғишт қалашни боплашди: “Ҳа, юриши қандайдир ғалати эди… кўзлари аланг-жаланг эди… бозорга жуда шошди… худди биров билан учрашмоқчидай эди…” ва ҳоказо. Аламзада оператор Музаффар эса режиссёр бозорда ўзидан тезроқ қутулишга уринганига эътибор қаратди: тўғри-да, ортиқча гувоҳнинг нима кераги бор?
Бўлиб ўтган воқеа қаттиқ таъсир қилганми, қон босими ошиб, шифохонага тушиб қолган, у ерда бир неча марта ошқозонини ювдирган бозор ҳуқуқшуноси Раҳбаров порахўр, “шантажчи” режиссёрни бемисл нафрат билан “Жамият илдизига тушган қурт” деб атаган ва уни фош этишда ҳам собиқ қози, ҳам фаол фуқаро сифатида ҳар томонлама кўмаклашишга тайёрлигини билдирган.
Гумондор Даврон Шамсиев тергов изоляторида ҳушига келганидан сўнг ўзига қўйилган айбларнинг ҳаммасини инкор этди, лекин мавжуд далил-исботларни рад этадиган бирон далолат келтиролмади. Аксинча, “уюшган гуруҳ… буюртмачини аниқлашмоқчи бўлишди… менга ичиришди… киссамга солиб қўйишган…” каби пойинтар-сойинтар сўзлар, асоссиз даъволар билан терговчининг шубҳасини баттар оширди. Натижада терговчи гумондорни тиббий экспертизага йўллади. Экспертиза гумондорнинг руҳий ҳолати мўътадил эмас, балки бунга бир ярим йил олдин оиласида рўй берган фожиа сабабдир, деган хулосага келди. Гумондорнинг ишхонасидан ҳам “У кейинги пайтлари, айниқса, бундан бир ярим йилча бурун ўн бир яшар ёлғиз қизини машина босиб кетганидан сўнг жиззаки, асабий, сиркаси сув кўтармайдиган жанжалкаш бўлиб қолганди” қабилидаги тавсифнома олган терговчи ҳаммасини тушунгандай бўлди ва Даврон Шамсиевни мажбурий даволашга юбориш ҳақида қарор қабул қилди. Аввал даволаниб келаверсин-чи, суд кейин…
“Шарқ юлдузи”, 2017 йил, 6-сон