Абдуқаюм Йўлдош. Қудуқ (ҳикоя)

I

Ҳаётда нималар бўлмайди дейсиз.
Ўзбековуллик Тиркаш муаллим ғунчадай беш яшар қизчасидан айрилиб қолди. Бола – бола-да, ён ҳовлида гуриллаб ишлаётган насоснинг товушига қизиқиб борган-у…
Кўзлари киртайиб, ранг-рўйи бир ҳолга келиб қолган муаллимни уч кундан сўнг милицияга чақиришди. У хушмўйлов лейтенантнинг турли-туман саволларига карахт тарзда узуқ-юлуқ жавоб қайтариб, амаллаб тушунтириш хати ҳам ёзиб бериб келди.
Орадан яна уч кун ўтгач, ишдан қайтган муаллим ҳовлисини қадамлаб ўлчаётган ўша лейтенантни кўриб унчалик ажабланмади. “Ҳа, энди расамади шудир-да,” деб қўяқолди; сўрашди.
Муаллим адабиётчи эди, шунга қарамай қишлоқча тўпорилик, жайдарилик қон-қонига сингиб кетганди. Милиционер сўзларни чертиб-чертиб, ўз нутқидан ҳузурланган кўйи:
– Мен фожиали равишда ҳалок бўлган норасидангиз иши билан шуғулланяпман. Яна бир таъзиямни қабул қилгайсиз, – деяётганида бу бачкана сўзлар оқими тугагунча қийналиб кетди. Ўнғайсизланиб, кўзларини чақирилмаган меҳмоннинг йилтираб турган, мамнунлик зоҳир нигоҳларидан олиб қочиб нималарнидир ғўлдиради; охирида “палакат-да” деб қўйди секин.
Аммо қилаётган ишининг ҳаққоний ва қимматли эканлиги ҳақидаги қатъий фикр лейтенантнинг юзини қаттиққина қилиб қўйган шекилли, у истиҳола ҳам қилиб ўтирмай: “Эҳ, сиз ўзбеклар!” деганча қўл силтаб, ҳарбийчасига шартта орқасига бурилди-да, шахдам қадамлар билан қўшни ҳовлига ўтиб кетди.
Милиционер яна бир соатча шу атрофда ўралашиб юрди, нималарнидир эринмай қайта-қайта гоҳ қадамлаб, гоҳ буклама чизғичда ўлчади, гоҳ пешонасини ушлаганча узоқ-узоқ ўйланиб қолди, гоҳ шоша-пиша ёндафтарчасига алланималарни қайд қилиб қўйди, ишқилиб, астойдил ишлади.
Муаллим, қиёмат қарз дегандай, бориб чойга таклиф қилди, лекин йигитчанинг ўзига ошкора рўйхўшлик бермаётганини кўргач, индамай хонасига кириб кетди.
Лейтенант кетиш олдидан “Ҳой!” деб овоз берди. Деразадан мўралаган муаллимга ўта айрича, айтиш мумкинки, Холмсона диққат билан тикилган кўйи сўради:
– Ўртоқ Бегматов, норасидангиз ҳалок бўлган қудуқ туғишган жиянингиз Норбой Худоёровга тегишли экан-да, а?
Сўровдаги тагдор оҳангдан ғаши келган муаллим бош ирғаб қўя қолди.
– Шундай денг. Демак, ўн бармоғим ҳам ўзимники, қай бирини тишласам оғрийди денг. Ту-шу-нар-ли. Ту-шу-нар-ли…
Орадан икки ҳафталар ўтгач, район газетасининг бутун “Шанба саҳифаси”ни тўлдириб “Осойишталик посбони минбари” рубрикасида “Лоқайдлик қурбони ёки бизни кечир, Сабоҳат!” сарлавҳали мақола чиқди.

II

Муз ўрнидан кўчди…
Кунтуғмушнинг куни туғди. Дарров педсовет чақирди. Мана, ўртоғлар, деди газетани баланд кўтариб, фельетон. Бу нимадан далолат беради? Бу мактабимиз шаънига тушган ўчмас доғдан далолат беради… Сўнг ўрни келса-келмаса, “Тарбиячининг ўзи тарбияланган бўлмоғи керак”, “Устоз отангдан улуғ” сингари ёдлаб олган уч-тўрт ҳикматли жумлаларни тўкиб соларкан, сездирмасдан ўзининг асл мақсадини ҳам қистириб ўтиб кетди. Биз биламиз, ўртоғлар, деди, чечамиз бир кунда уйда бўлса, уч кун балнисада, Тиркаш ака куниминан мактабда. Раз шундай экан, уйда ким қоларди? Сабонинг бир ўзи-да. Қуриб кетгур бу хўтиримизда ясли-масли бўлмаса, чол-кампирларнинг бари янтоқ чопиқдан бери келмаса. Мана шуларнинг ҳаммасини ҳисобга олиб, ўртоғлар, майли, оғир бўлсаям, мен ўзим у кишининг беш-олти соатини ўтиб туришга тайёрман. Лекигин, ўртоғлар, кейинги пайтларда дарсларимиз савияси, ўқувчилар давомати… Кетди бидирлаб.
Шундай қилиб, Тиркаш ака ҳар куни макбатдан иккинчида ўқийдиган ўғли билан, баъзан ундан ҳам эртароқ қайтадиган бўлиб қолди. Ишлаб юрган одам бирдан бекорчи бўлиб қолса вақтни қандай ўтказиш, ўзини қаерга қўйишни билмай гарансиб қоларкан. Қирга чиқиб эл қатори янтоқ чопай деса, отасидан қолган молхонаю қўтон бўм-бўш, бир бияси бор эди, униям ўтган йили қўли қисқалик қилиб сотиб юборган; одамлардай фурсат топиб, эшик олдига уч-тўрт туп ток ҳам экиб қўймаган экан. Устига устак, Кунтуғмишнинг “башорати” тўғри чиқиб, Солия чеча яна марказдаги шифохонага тушиб қолди.
Мезбоннинг орияти жуда баландлигидан яхши хабардор бўлишганидан, кўнгил сўрашга келган ҳамкасблар қандайдир шикоятлару раддияларга шама қилиш билангина чекланишар, муаллим эса гап ўзани қаёққа бурилаётганини мутлақо тушунмаётгандай, маъюс жилмайиб қўйиб, мавзуни ўзгартиришга шошарди.
Бироқ буларнинг бари ҳолва экан.
Ошкораликнинг энг дастлабки соф шабадаси кўпларнинг бошини айлантириб қўйган пайтлар эди. Шундай ҳовлиқмалардан бири лейтенантнинг мақоласини тўлалигича вилоят газетасида эълон қилдириб юборибди. Табиийки, яна текшир-текшир, савол-жавоблар, тушунтириш хатлари, тавсифномалар, справкалар…
Амал курсисида қалтирабгина ўтирган совхоз директори жон аччиғида қишлоқдаги жамики қудуқларнинг оғзига чўян панжаралар ўрнатиш ҳақида фармон бериб юборди. “Хўжайин” бошида тургани учунми, буйруқ ҳайратда қоларли даражада тезлик билан ва бекаму кўст адо этилди.
Бир дунё қийинчиликлар олиб келган бўлишига қарамай (ахир қудуқларнинг ўндан тўққиз қисмида оддий чиғириқ, энди бир сатил сув олиш учун ҳам ўн пудлик панжарани у ёндан-бу ёнга суриш керак) одамлар бунгаям кўника бошлашди. Бу орада райондан қандайдир каттаконлар келишиб “Техника хавфсизлиги” деган журналга етти яшардан етмиш яшаргача қўл қўйдириб кетишди. Ниҳоят, вилоят газетасида совхоз “учлиги”нинг имзоси билан бир қулоч расмий жавоб хати чиқди.
Лекин, ҳали айтганимиздай, ҳовлиқиб-энтикиб юрганларнинг, салла ол деса, калла оладиганларнинг уруғи сероблашган пайтлар эди. Ана ўшаларнинг яна бири лейтенантни вилоят радиосига таклиф этиб, мақоласини ўзи ўқиб беришини илтимос қилибди.
Бир куни Тиркаш ака том ёнбошидаги кунчувоқда китоб ўқиб ўтирган эди, қўшниси транзисторни қулоғига босганча ошиғич чиқиб келди.
“Сабоҳат… О, Сабоҳат! – қалтираган овозда ўқирди лейтенант. – Унинг маъсума қалби орзуларга қанчалар лимо-лим эди. У раққоса бўлмоқчи эди, у муаллима бўлмоқчи эди, у сут соғувчи бўлмоқчи эди. Аммо ўша машъум қирқ қадам – супадан қудуққача бўлган масофани ўзим ўлчаб чиқдим, – норасиданинг барча истаклари, орзулари, хоҳишларини поймол этди, уларнинг барига энг сўнгги нуқтани қўйди. О, Сабоҳат…” ва ҳоказо.
Мақоланинг деярли ярми қизчанинг қудуқ тубига тушиб кетаётган лаҳзалардаги ҳолатию ўйлари тавсифидан иборат эди: “Сабоҳат илкис мункиб кетди, у нимадандир ушлаб қолмоқчи бўлди, аммо жажжи бармоқчалари бўшлиқда бенажот чарх урди. У пастга шўнғиди… Қуйида, оёқ остида муздайин зулмат, тубсиз бўшлиқ бор эди. Сабоҳат инграб юборди; шаҳло кўзларига ёш қуйилиб келди; мўъжаз юракчаси дукиллаб уриб кетди. Худди яхдай шилимшиқ суюқлик муҳитига тушиб қолгандай жон-жаҳди билан қўлчалари ва оёқчаларини қимирлата бошлади, бўғилиб энтикиб нафас олди… “Онажон!” дея чинқириб юборди у. Бу аянчли нола қудуқда жаранглаб кетди. “Отажон!” чинқириб юборди у. Бу аянчли нола ҳам қудуқда жаранглаб кетди. Лекин… лекин уни ҳеч ким эшитмади. Фақат оғилда турган тойхаргина чивин келиб қўнган қулоғини бепарво силкитиб қўйди. Норасида ҳамон ўртаниб-ёниб зулумот сари шиддат билан учиб бормоқда эди. Бечора қиз талпинар, уринар, интилар, бироқ ҳамма ҳаракатлари беҳуда кетмоқда эди. Йўқ-йўқ, ҳали умид торларининг ҳаммаси узилиб битмаган эди, норасида ҳамон нимагадир ишонарди, нималарнидир кутарди, бу илинж, бу умид уни энг сўнгги дақиқаларгача асло тарк этмади. У қудуқ туйнугидан кўриниб турган бир парча фируза гумбазга қараб ҳиқиллаб бўғилганча: “Онажон!” деб қичқирди. Бу энг сўнгги аянчли нола эди…” сингари.
Муаллиф дамо-дам тупугини қултиллатиб ютиб, ўпкаси тўлиб ўқиган сўнгги қисм кўплаб ҳинд фильмларидаги эҳтиросли монологларга ўхшаш тавба-тазаррудан иборат эди: “О, Сабоҳат, о, ҳур гўдак, сен бизни кечир, вақтида фалокатнинг олдини ололмаганимиз, беғам-бепарво юрганимиз учун бизни маъзур тут. Гарчанд яхши биламизки, гуноҳимиз оғир. Мана, бошимиз хам…” ва ҳоказо.
Муаллим бошини чангаллаганча гурс этиб йиқилди. Кимдир унинг қоқ миясига гурзи билан тинмай ураётгандек эди…
Ҳис-туйғулар ўз йўлига; шу куни радио тинглаётиб қанча кўнгли бўш кишилар кўз ёшига ғарқ бўлишганини ҳисоблаб ўтирмаймиз. Бироқ хўжаликнинг ишбилармон директори юқорининг кўрсатмасини кутиб ўтирмай дарҳол расмий жавоб хати ёзишга ўтиргани маълум: “…муҳокама қилинди… тўғри деб топилди. Барча қудуқлар кўмиб ташланди. Институтга қишлоқни водопровод суви билан таъминлаш учун қирқ минг сўмлик лойиҳага буюртма беришга қарор қилинди…”
Яқиндан бери директор сўзи билан иши бир одам эмасми, уч кун ичидаёқ барча қудуқларни тақа-тақ кўмдирди-қўйди. Уларнинг эгаларидан тилхатлар ҳам олиб қўйилдики, бинобарин, қудуғини яширинча очишга жазм қилган кишига катта миқдордаги жарима ва кўчириб юборилиш хавфи таҳдид солиб турарди.
“Хўжайин”-ку, совхоз марказидан эрталаб “Виллис”да келиб, кечқурун яна ўша “Виллис”да қайтиб кетади. Ўлгандан Абдужаббаор ўлди деганларидай, қийин бўлгандан қишлоқ аҳлига қийин бўлди. Қўлдан берганга қуш тўймас. Кунда ташиб келтирилаётган икки-уч цистерна сув урвоқ ҳам бўлмасди. Кўлиги борлар ўн беш чақирим нарида қурилаётган сув омборидан флягаларда сув ташишга киришдилар; кўлиги йўғ-у, ақчаси борлар томорқасини суғориш учун бир цистерна сувни устомон ҳайдовчилардан ўн-ўн беш сўмдан сотиб ола бошладилар…
Авваллари чўпон молларни ойига бир сўмдан, қўйларни ярим сўмдан олиб боқарди, сув балоси чиққанидан кейин бу нарх беш-олти баравар кўтарилиб кетди. Икки ҳафта ўтар-ўтмас яқиндагина яшнаб турган токларнинг барглари шалпайиб сўла бошлади.

III

Иложсиз аҳволда қолган оломон жунбишга келди. Аввалига “қизим, сенга айтаман” қабилидаги пичингларнигина эшитиб юрган муаллим бора-бора очиқ-ошкор қарғишу сўкишларнинг ягона нишони бўлди-қолди – йиғилиб келаётган аламни тўкиб турмаса одамни қон қилиб юборади-да ахир. Унинг исми ҳам, бир пайтлар ҳурмат билан тилга олинадиган “маллим” қўшимчаси ҳам унутилди. Энди уни каттаю кичик орқаваротдан ҳам, ўзига эшиттириб ҳам “касофат”, “палакат” деб атай бошлади. Муаллим остона ҳатлаб кўчага чиқолмай қолди. Сув келиб қолганда уни туртиб-суртиб навбатдан ташқарига чиқариб юборишар ва ҳар гал у сатилини бўш кўтариб қайтарди; кимлардир кечаси келиб унинг уйидаги барча дераза ойналарини синдириб кетди; ўспиринлар “ийя, ийя!” қилиб тепаверишиб гувала деворини қулатишди; сомон сувоқ томи устида кераксиз темир-терсаклар, лаш-лушлар, тош-кесаклар уюлиб қоладиган бўлди.
Бир амаллаб отпускага чиқиб олган муаллим ақлдан озгудай аҳволда торгина хонасида бошини маҳкам чангаллаганча у ёқдан-бу ёққа юраверади, юраверади. Уни тўй-маъракаларга, қўноқлар олди у ёқда турсин, ҳатто ҳашарларга ҳам чақирмай қўйишди; ўғлини акаси уйига олиб кетди.
Шу орада бир ваҳимали хабар яшин тезлигида тарқалиб қолди: қишлоқ заминидан сув қочибди! Уч-тўрт жўра яширинча бир қудуқни очиб кўришсаки, сув йўқ! Ҳато қўшимча уч-тўрт қулоч кавлаб ҳам кўришибди – бефойда! Сув физика қонунларига тўла амал қилган кўйи омборда ишга тушган қудратли насослар томон йўл олган эди…
Бу кунлар ўтар-кетар деб юрганларинг нафаси ичига тушиб кетди.
Ваҳима, қўрқув, ҳадик, умидсизлик тўрт бошли илондай қишлоқда вишиллаб ўрмалаб қолди. Юз эллик сўмга сотиб олган суви қақроқ ерга сингиб кетгани, ток барглари учидан бошлаб сарғайишда давом этаётганини кўрган Маври хола чидаб туролмади: изиллаб йиғлаганча бошига муштлай-муштлай, тирамо* шу томорқасидан келган даромадга суннат тўйини ўтказмоқчи бўлган неварасини етаклаб келиб, муаллимнинг ҳовлиси ёнида бир қарғанди, бир қарғанди… “Қудага не жаманлик қилибидинг-ей, касапат?! Буйтиб биздинг баримиздинг шўримизни қуритгандан кўра кўчибгина кетағайсанг бўлмасмиди, жергина жутқур! Буйтиб биздинг баримизди қон қақшатгандан кўра балангнинг ўрнига ўзинг ўлибгина қўяғайсанг бўлмасмиди-эй…”
Бу – даҳшатли қарғиш эди.
Қишлоқ жимжит бўлиб қолди.
Маври хола охири кўкраги шиғиллаб қув-қув йўталиб, йиғлашгаям мадори қолмай, энди чирқирашга тушган неварасини қучоқлаганча ҳансираб ўтириб қолди. Янтоқ чопиқдан қайтган келин пиқ-пиқ йиғлаганча уни бир амаллаб суяб уйга олиб кетди.
Кун бўйи муаллимнинг уйида тиқ этган товуш эшитилмади, кечга бориб чироқ ҳам ёнмади. Бундан хавотирга тушган ўн-ўн беш чоғли одам йиғилишиб қулаган девор ёнигача келишди-ю, лекин ичкарига қадам қўйишга юраклари бетламай туриб қолишди. Охири муаллимнинг деразасига бирров қулоқ тутиб чиққан Марди биргат ҳаммани уй-уйига тарқалишга ундай бошлади. Сўрайвериб ҳол-жонига қўймаганларга афсус билан бош чайқаб: “Эр жигит жилади, жомон кун келади…” деди.
Тун ярмидан ошганида эшик ғийқиллаб очилди. Муаллим қирқ чақиримча наридаги район марказига қараб йўл олди.
Шундан кейинги воқеаларни ҳар ким ҳар хил талқин қилади. Баъзиларнинг айтишича, муаллим кечаси қабристон ёнидан ўтаётиб қаттиқ қўрққан. Бошқалар, айниқса хотин-халаж уни тунда алвастига дуч келган деб ишонтиришади. Яна бировлар борки, киприк қоқмасдан, ишонч билан “муаллимни қарғиш урган” дейишади.
Бироқ холис одамларнинг айтишига қараганда, воқеа бутунлай бошқача бўлган. Яъни, эрталаб соат ўнларда оёғида базўр турган муаллим район газетаси таҳририятига кириб келган. Тасодифни қарангки, айни шу маҳал энди анча машҳур бўлиб қолган лейтенантни телевизорга суратга олишаётган экан. Ўнлаб прожекторлару камералар қаршисида, диктор жувон ёнида ўтирган лейтенант қалтираган овозда ўқияпти экан: “Сабоҳат инграб юборди; шаҳло кўзларига ёш қуйилиб келди; мўъжаз юракчаси дукиллаб ура кетди…”
Муаллим аввалига ранги мурданикидай оқариб, кўзларини юмганча эшик кесакисига суяниб қолган. Сўнг бирдан катта-катта очилиб кетган кўзлари олайиб, лаблари пир-пир учган кўйи бошини маҳкам чангаллаганча ваҳшиёна ҳайқириқ билан йўлида учраган прожекторлару одамларни ағдариб-йиқитиб бориб лейтенантнига ташланган…

IV

Орадан уч йилга яқин вақт ўтди.
Тиркаш ака ҳалиям руҳий касаллар шифохонасида. Айтишларича анча-мунча тузалиб қолганмиш, лекин ҳамон қўлига газета олмасмиш, радио эшитмасмиш, телевизор кўрмасмиш.
Қишлоққа водопровод суви олиб келиш лойиҳасидан дарак бўлмади. Умуман, энди унинг керагиям йўқ. Етмиш хонадонли қишлоқ рентабелсиз хутор сифатида тугатилди, бу йил гувала уйлару молхоналар ер битта қилиб текисланиб, шудгорлангач, лалми арпа экилди. Қишлоқ аҳли уяси бузилган қушлардай турли томонларга тўзғиб кетиш олдидан бир йиғилиб олишди – Маври холанинг қирқини ўтказишди.

(1988)
_______________
*Тирамо – куз (шева)