Асрорқул у ёқда-ю, бу ерда уйдагиларининг бўлари бўлди. Болалар номус қилганларидан етти маҳалла наридаги мактабга қатнай бошлашди. Муниса маҳалла-кўйга аралашмай қўйди. Шу оила қийналиб қолди, моддий ёрдам берайлик, деб маҳалла оқсоқоли уч-тўрт марта одам юборди, лекин Муниса бирон марта идорага бормади, ариза ёзиб ҳам бермади, бунинг ўрнига уч жойда фаррош бўлиб ишлади…
Асрорқул беш йилни уч йилда тугатиб келди. Яхши ишлагани эвазига.
Маҳаллада гап ётармиди: уйига атай тун қоронғусида кириб келган бўлса-да, тонгга борибоқ ўғрилиги учун қамалган Асрорқулнинг қайтганидан деярли ҳамма хабар топиб улгурди.
…Чошгоҳ маҳал Асрорқул ошхонага ўтди, дастурхондаги қуруқ нон-чой, шакардан озгина тотинган бўлди. Иккинчи ишидан қайтган Муниса ҳовли четига супурги билан пақирини қўйгач, белини ушлаб туриб қолганини кўрган Асрорқул шошиб унинг ёнига чиқди.
– Яхши келдингми, аяси. Чарчамадингми?
Муниса ўзини мажбурлаб жилмайди:
– Чарчаш қаёқда… Айтгандай, дадаси, эрталаб Назира опани кўриб қолгандим. “Элга ош бермайсизларми?” деб қолди. Нима, шунақа удум борми?
– Қайси Назира опа? – Асрорқул қарши тарафдаги ҳовлига ишора қилди: – Қўшнимизми?
– Ҳа. Ўзи… сиз кетгандан бери ҳар кўрганида “Уйингни бизга сот” деб бошимни қотиргани камдай…
– Мунис, мен курортдан қайтганим йўқ. Бунақа удумни ҳам эшитмаганман. Мен элга ош беришни эмас, сизларнинг ортиқча қийналмасликларингиз учун нима қилишни ўйлаяпман.
– Эсон-омон келдингиз, шунинг ўзи биз учун… – кўзлари жиққа ёшга тўлган жувоннинг товуши титраб кетди.
Асрорқул ўтган уч йил ичида бирдан қаримсиқ бўлиб, чўкиб қолган хотинининг елкасидан қучди, ғадир-будир бўлиб кетган кафтларини силади:
– Мен… у ёқдан бошқача одам бўлиб қайтдим… Сен бор, болаларим бор… Қадрларингга етадиган бўлиб қайтдим… Энди ҳаммаси бошқача бўлади, Мунис. Мана кўрасан. Ўйлаб қўйган режаларим бор.
Шу сўзларни айтгач, Асрорқул нимагадир аҳд қилгандай шаҳд билан дарвоза томон юрди. Муниса ҳайрон бўлиб сўради:
– Йўл бўлсин, дадаси?
– Бозорга бориб, тез қайтаман. Мана кўрасан, янгича ҳаётимизни хурсандчиликдан бошлаймиз.
Хотини ҳали бирон нима сўраб улгурмасидан Асрорқул кўчага чиқди ва атрофга аланглади.
Ана, ён қўшниси Файзулла домла оппоқ “Нексия”сида дарвозаси тагига келди, машинадан тушди ва ўзига салом бериш учун қўлини кўксига қўйиб турган Асрорқулни кўрмагандай бўлиб ичкарига кирди-кетди.
Изза бўлган Асрорқул оғир нафас олди.
* * *
Орадан бир ош пишгулик фурсат ўтди.
Ўз-ўзидан мийиғида илжайиб қўяётган, иккита катта-катта сумка кўтарган Асрорқул кўча бошида пайдо бўлди.
Дарвозаси ёнида, “Нексия”си капотига суяниб, қўлларини кўкрагига чалиштирганча ғўдайиб турган Файзулла уни кўрди-ю, бирдан қутуриб кетди:
– Ўлдираман!
Файзулла машинаси ўриндиғи ёнидан бейсболчиларникига ўхшаш таёқни олганча Асрорқул томон чопди. Шу ёққа қараб учиб келаётган қўшнисининг кўринишидан ажабланган Асрорқул ҳар эҳтимолга қарши салом бериб қўймоқчи бўлиб оғиз жуфтлади, аммо улгуролмади. Кўзи қонга тўлган Файзулла таёқни ҳамсоясининг бошига туширди. Бунақа зарбани кутмаган Асрорқул қалқиб-гандираклаб кетди, иккала қўлидаги сумкалар ичидаги егуликлар, мева-чевалар, совға-саломлар ҳар томонга сочилди. Асрорқулнинг калта сочлари орасидан қон сизиб чиқди.
– Ифлос! Ялангоёқ!..
Файзулла чўк тушиб қолган Асрорқулни ураверди, ураверди.
Шовқинни эшитганми, Асрорқулнинг уйи дарвозасидан шошиб чиққан Муниса калтакланаётган эрини кўрди. Даҳшатга тушган жувон чинқириб юборди:
– Дадаси!!!
Қонга, чанг-тупроққа беланган Асрорқул ер билан битта бўлиб ётарди. Муниса ўкириб йиғлаганча учиб келиб ўзини эрининг устига ташлади. Қўни-қўшнилардан айримлари уйларидан чиқиб кела бошлашди.
– Дадаси! Дадажониси!..
Хириллаб қолган Файзулла бақирарди:
– Ўғри эдинг, ўғри бўлиб қолибсан, Асрорқул!
Асрорқул қаддини тиклашга уринди, синган тишини туфлаб ташлаб, аранг гапирди:
– Қандай? Нима ҳаққингиз бор?..
Унинг кўкрак чўнтагидан салафан халтачага солинган тилла сирға тушди. Файзулла сирғани олди, нархини кўрди, қўни-қўшниларга кўрсатди:
– Янги. Менинг пулимга келган бу!
Муниса эзилиб йиғларди:
– Дадаси… дадажониси… Нима қилиб қўйдингиз…
– Мен ўғри эмасман… ўғри эмасман… – хотинига қараб ёлвориб-энтикиб шивирлади Асрорқул.
Файзулла Асрорқулнинг бошқа чўнтакларини тинтиб-ағдариб чиқди:
– Қани? Қолгани қани?
Аммо бир-иккита майда пулни айтмаганда, барча чўнтаклар бўш эди.
Қўшнилар афсусланиб бош чайқашди:
– Одам бўлмапти бу… Ўрганган кўнгил… Бунақаларга уйдан қамоқ яхши-да… Эгри таёқ барибир эгрилигича қоларкан…
Асрорқулга тикилганча ўйланиб қолган Эркин ота сўради:
– Ишқилиб, адашмаяпсанми, домла?
Файзулла нафрат билан лабини жийирди:
– Ўзингиз ўйланг, кеча уч йиллик қамоқдан келган банда бугун бозор-ўчар қилишга жўнаб қолиши мумкинми?
– Бу топишмоқми?
– Йўқ, воқелик. Шафқатсиз ва разил воқелик.
Дарвоқе, ярим йилча коллежда дарс берган, сўнг бозорга чиқиб кетган бўлса-да, “домла” лақабини орттиришга улгурган Файзулла тилини бураб, оҳанжама билан гапиришни ўхшатарди.
– Тушунтириброқ гапирсанг бўларди, Файзулла.
– Бу ерда тушунтирадиган нарсанинг ўзи йўқ, отахон. – Сирғани чўнтагига солиб қўяётган Файзулла Асрорқулга ишора қилди: – Ўғри яна ўз ишини қилди. Мен яна бир марта инсон зотига нисбатан бўлган ишончимнинг қурбонига айландим. Ишдан қайтганимда у эшигининг олдида менга кўзини лўқ қилиб қараб турганди. Кўнглимга ҳеч нарса келмай, уйга кириб кетаверибман денг. Қайтиб чиқсам Асрорқулам йўқ, бардачогимдаги пул ҳам. Мен лақма ўз кўзим билан кўрдим-у буни, яна эътибор бермапман. Каллам қурсин-а, каллам!
– Машинангни қулфламаганмидинг?
– Отахон, одамни хафа қиляпсиз. Айримлардан фарқли равишда, мен маҳалламда ҳеч қачон машинамни қулфламайман. Мен одамларга ишонаман.
– Балки бошқа биров олгандир, – иккиланиброқ мулоҳаза юритди Эркин ота.
– Келиндан Асрорқулни сўрадим. “Бозорга кетдилар”, деб турибди без бўлиб. Балки эр-хотин шерикликда…
Эркин отанинг жон-пони чиқиб кетди:
– Файзулла! Келинни тинч қўй! Асрорқулнинг аёли кўчада бир сўм кўриб қолса олмайдиганлардан.
Бунга жавобан Файзулла пишқирди:
– Балки бир сўмни олмас, лекин миллионни олади. Олади!
Мана шу ғала-ғовурда кўпчилик уй ёнига келиб тўхтаган такси машинасига аҳамият бермади. Ундан тўлиб-тошиб тушган Файзулланинг рафиқаси Назира одамларга ажабланиб қаради, сўнг эрига ўгирилди:
– Дадаси, тинчликми?
Файзулла Асрорқулга ишора қилди:
– Манави аблаҳ машинамдан боримни шилиб кетиб, бозорда ялло қилиб келибди…
Назира каловланиб бир эрига, бир Асрорқулга қарагач:
– Шунақами… – деб қўйди, кейин Файзуллага қўлидаги сумкаларни тутди: – Буларни опкириб беринг… мазам бўлмаяпти…
Файзулла индамай хотинининг сумкаларини ҳовлига олиб кирди, унинг ортидан қадам қўйган Назира эшикни зичлаб ёпди ва ваҳима ичида пичирлади:
– Вой, дадаси, машинадаги пулни мен опкетгандим-ку!
Буни эшитиб, Файзулланинг ранги бўзарди:
– Нима?!
– Кеча айтувдим-ку бозор-ўчар қиламан деб… Етти юз мингмиди? Ҳаммасини ишлатиб келяпман…
Файзулла лол бўлиб қолди, сўнг бир муддат пешонасини эзғилаб тургач, негадир шивирлашга ўтди:
– Бўпти, дамингни чиқарма… Бу ёғини ўзим ҳал қиламан!
– Хўп, дадаси, хўп.
Файзулла қайтиб кўчага чиқди, чўнтагидан сирғани олиб Асрорқулга тутди:
– Ма, ол. Майли, неча йиллик қўшничилигимиз ҳурмати, мелисага топширмайман. Лекин билиб қўй, агар бу йўлдан қайтмасанг, бугун бўлмаса эртага бирибир қўлга тушасан. Ҳаммаям сенга Файзулла эмас!
Қўшниларнинг ҳайратли шивир-шивирлари эшитилди:
– Қойил!.. Ҳақиқий эркак шунақа бўлади!.. Беш кетдим!..
Эркин ота ҳам енгил нафас олди:
– Бор экансан-ку, домла.
– Лекин, ука, – гапида давом этди Файзулла, – кичкинагина шартим бор.
Асрорқул унга меровсираб қаради.
Эркин ота безовталаниб қолди:
– Ишқилиб, уловидан тушови қиммат эмасми, домла?
– Емоқнинг қусмоғи ҳам бор-да, ота… Хўп, эшит. Шартим шуки, бугуноқ кўчиб кетасан. Бизга бутун маҳалланинг юзини ерга қаратадиган тиррақи бузоқ керак эмас. Уйингни бегона қилмаймиз, ўзим оламан, бозорга чиқиб, оворайи сарсон бўлиб юрмайсан. Шунда машинамдан ўғирлаган уч миллион сўмимни сенга уй учун берган бўламан. Қолганини савдолашамиз. Агар шартимга кўнмасанг, милисага ёзиб бераман, ана унда ҳам шармандаи шармисор бўласан, ҳам қолган умринг қамоқда чирийди!
Асрорқул бу гапларни эшитмагандай қон оқаётган чаккасини ушлаган кўйи ғалати хотиржамлик билан ўрнидан турди. Қалт-қалт титраётган, юзи қорайиб кетган Муниса унга кўмаклашди. Эр-хотин бир-бирларини суяганларича уйлари томон юришди.
– Сукут аломати – ризо! – тантанали равишда эълон қилди Файзулла. – Айтдим-ку, ўзимиз келишиб оламиз деб… Қўшнилар, сизлар гувоҳсизлар. Лафз ҳалол! Тўғрими?
– Тўппа-тўғри!.. Яшаворинг, ота ўғил!.. – деган хитоблар эшитилди.
Фақат нималарнидир ўйлаб қолган Эркин ота жим эди.
Файзулла мамнун илжайди.
* * *
Бу орада эр-хотин уйга киришди. Асрорқул сўригача амаллаб етиб олди-ю, одми дастурхон ёнига тўшалган кўрпачага ўзини ташлади. Муниса сув олиб келишга чопди.
Хотини юз-қўлидаги қон доғларини юваётган маҳал Асрорқул қийналиб бўлса ҳам гапириб қолди:
– У ёқда… ойлик беришарди. Ишбай. Мен икки сменалаб ишладим. Йиғилиб турган экан, қайтаётганимда беришди. Шунга сенга, болаларга совға-салом оламан, бир хурсанд қиламан деб бозорга боргандим. Уч йиллик орзуйим эди бу. Эсон-омон қайтсам-да, билдирмасдан бола-чақамга, хотинимга яхши-яхши нарсалар олиб келсам дердим… Мана, совғаям ўхшамади.
Асрорқул чўнтагидан тилла сирғани олиб, хотинига тутди. Пиқиллаб йиғлаб юборган Муниса сирғани лабига босди:
– Бу… мен учун дунёдаги энг қимматбаҳо, энг азиз совға, дадаси.
Асрорқул хўрсинди:
– Болаларга аталган совғаларнинг… мева-чеваларнинг… эзилгани чатоқ бўлди-да.
– Нарсалар бош-кўзингиздан садақа, дадаси.
Кўзлари намланган Асрорқул хотинининг елкасидан қучди:
– Биз бахтли бўламиз, жоним…
Дарвоза қўнғироғи жиринглади. Сесканиб кетган эр-хотин бир-бирига қарашди.
– Ўзим…
Текис йўлда қоқилиб-суриниб кетаётган муштдеккина Муниса бориб эшикни очди.
Остонада Файзулла ўшшайиб турарди:
– Чақир эрингни, уй масаласида келдим…
Муниса аввал чинқириб, кейин инграб юбордими ё аввал инграб, кейин чинқирдими – англолмай қолган Асрорқулнинг қўли ўз-ўзидан дастурхон четидаги ўтмас пичоққа югурди…
“Ёшлик” журнали, 2014 йил, 1-сон