Абдунаби Ҳайдаров. Кунлардан бир куни ва ҳар куни… (туркум)

Қуйидаги воқеалар, бир қарашда, онда-сонда учрайдиган тасодифий ҳодисаларга ўхшайди. Аслида эса биз уларга ҳар куни, ҳар қадамда дуч келамиз. Ишонмасангиз, марҳамат, ўқиб кўринг, эҳтимол, шундан кейин гапим ростлигига ўзингиз ҳам тан берарсиз…

САЛОМ, ДЎСТИМ!.. ХАЙР, “ДЎСТИМ!..”

Иш вақтим тугаб, эндигина уйга отланаётгандим. Кутилмаганда телефон жиринглаб қолди. Эринибгина гўщакни кўтардим. Нариги томондан овоз эшитилди:
— Салом, дўстим! Қалайсиз, аҳволларингиз яхшими?..
— Раҳмат, ўзларидан сўрасак?
— Мени танияпсизми?..
Овоз танишдек эди. Аммо дабдурустдан кимники эканлигини ажрата олмадим. Шунга қарамай, сир бой бергим келмади.
– Ҳа, бўлмасам-чи, – дедим шодон кайфиятда. Кейин уни тилидан тутмоқчи бўлдим. – Фақат шу… Исмингизни сал эслолмай турибман.
– Ана, шунақа-да! – Суҳбатдошим ўпкалагандай бўлиб, жим қолди. Бир оз ўтгач, жиддий ва тантанавор оҳангда сўз бошлади. – Менким, эълон қилинмаган халқаро “Олтин коса” мукофотининг лауреати “Жазава” ансамблининг бадиий раҳбари…
– Э, бўлди-бўлди! Наҳотки, бу сизсиз?.. – ҳаяжонимни босолмаган кўйи шоша-пиша сўрадим. – Эсон-омон қутулиб келдингизми? Қачон чиқдингиз? Ҳозир қаердан қўнғироқ қилаяпсиз?..
– Келганимга бир ойдан ошди. – Гўшакдан чуқур хўрсиниқ эшитилди. –  Ўтган куни бир иш билан Тошкентга тушувдим. Бугун қайтаяпман. Ҳозир вокзалдаман. Қирқ минутдан сўнг поездим жўнайди. Бекор тургунча бекор ишла деганларидек, зерикканимдан сизга телефон қилиб турган жойим. Яхшиямки, рақамларингиз ўзгармаган экан.
– Шошманг, – дедим мен унинг сўзини бўлиб, – қолган гапларни кейин гаплашамиз. Бугун ҳеч қаерга кетмайсиз. Бизникида қоласиз. Мен бир зумда етиб бораман.
Суҳбатдошимнинг эътирозларига қулоқ солиб ўтирмадим. Гўшакни қўйдиму, кўчага отилдим. Дуч келган машинага ўтириб, вокзал томон борарканман, талабалик йилларимни эсладим.   
Ўша кезлар нақ оловнинг ўзи эдик. Йигирма етти нафар курсдош – йигирма етти  олам эдик. Барчамиз адабиёт ва санъатга қаттиқ меҳр қўйгандик. Орамизда бўлғуси ёзувчи-шоирлар, ҳаваскор хонандалар ҳам бор эди. Шунданми, ҳатто, ўзимизча ансамбль тузиб олгандик. Байрам-ўтиришларда, пахта теримига ҳашарга чиққанимизда ашула айтиб, шеърхонлик қилар, ўз кўнглимизни ўзимиз чоғлаб юрардик. “Репертуаримиз” асосан шўх қўшиқлардан, ер тепиб ўйналадиган рақслардан иборат бўлгани боис ансамблимизга ўзаро ҳазиллашиб, “Жазава” деган ном бергандик. Қўлга киритган “соврин”имиз” ҳам ўзига хос бўлиб, ҳали ҳеч бир замонда, ҳеч бир жойда эълон қилинмаган “халқаро “Олтин коса” мукофоти эди. Кўпинча даврани бошқариб боргани сабабли бояги дўстимизни “бадиий раҳбар” этиб сайлагандик…
Вақти келиб, ўқишниям тугатдик. Ҳаммамиз ҳар ёққа тарқаб кетдик. Уйли-жойли, бола-чақали бўлдик. Юриш-туришимизда, дунёқарашимизда ўзига хос ўзгаришлар бўлди. Фақат битта нарсани унутмадик. Қачон, қаерда учрашмайлик, доимо ҳазиллашиб, олтин давримизннг беғубор ва бебаҳо ёдгорлиги “Жазава” ансамблидан сўз бошлашга одатландик. Бироқ кўп ўтмай собиқ “бадиий раҳбаримиз”га кўз тегди. У сархушлигида машина рулига ўтириб, фалокат содир қилди. Ўн гулидан бири очилмаган ёшгина йигитнинг умрига зомин бўлди. Охир-оқибат судланиб, узоқ муддатга қамалиб кетди. Мана, ниҳоят, у жазони ўтаб қайтибди. Мен шундан хурсанд эдим…
Вокзалда иккимиз қучоқлашиб кўришдик. Ҳаяжонларимизга эрк бериб, андаккина кўз ёши ҳам қилиб олдик. Сўнгра бизникига кетдик.
Шу тун аллапайтга қадар мижжа қоқмадик. Дўстим “у томонлар”да бошидан кечирганларини батафсил сўзлаб берди. Аста-секин гап оқоваси собиқ курсдошларимизга ва бугунга келиб тақалди.
– Биласизми, – деди шунда у алланечук ўкинч билан, – жазо муддатини ўташ бошқа экану, озодликка чиққач, яна одамларга қўшилиб кетиш бошқа экан. Бизга ўхшаганларга кўпчилик ўгай назар билан қараркан. Ҳатто, қадрдон дўст-биродарларинг ҳам ўзини олиб қочаркан.
– Йўғ-е, нега ундай дейсиз? – Дўстимнинг кўнглини кўтармоқчи бўлдим. – Ҳали қараб туринг, ҳаётингиз аввалгидек изига тушиб кетади.
– Бунга ўзим ҳам ишонаман. Аммо… – У яна маъюсланди. – Битта сирни айтайми? – деди кўзимга тик боқиб. – Кеча эрталаб сизни ва сиз ишлайдиган ўша бинодаги бошқа таҳририятда Бош муҳаррир ўринбосари вазифасини бажарувчи курсдошимизни кўриб кетай деб, ишхоналарингизга борувдим. Пастдан, қоровуллар олдидан туриб қўнғироқ қилсам, сиз йўқ экансиз. “Кеча навбатчи бўлган, кечроқ келади”, дейишди. Дўстимиз эса хонасида экан. Мен билан телефонда гаплашишга гаплашди-ю, лоақал номига бўлсин, “Юқорига чиқинг” демади. “Олдимда газетанинг эртанги сонида  босиладиган бир уюм мақола турибди, ўқиб тугатсам, ўзим тушаман. Кутинг!” деди. Мен кутдим. Ярим соат эмас-бир соат эмас, салкам уч соат кутдим. Ниҳоят, у пастда пайдо бўлди. Мен лифтдан сал нарида – кенг даҳлиз бурчагидаги диванда ўтиргандим. Бироқ у мен томонга қиё ҳам боқмади. Ўртоқлари билан гаплашиб, гўёки мени кўрмагандай, ҳеч қанақа ваъда бермагандай, ўн-ўн беш қадам наридан бамайлихотир ўтди-кетди. Мен ўрнимдан туриб, кўришишга чоғланган кўйим қолавердим.
Дўстим яна оғир тин олди. Қўлидаги сигарета чўғига тикилган кўйи нималарнидир эслагач, гапида давом этди:
– Ҳолбуки, ўзингизнинг хабарингиз бор, талабалигимизда у мен билан битта ижарахонада яшаганди. Беш йил ичида иккимиз худди ака-укалардек қалин бўлиб кетгандик. Топган-тутганимизни ўртада тенг бўлишардик. Кеча эса… – Шу ерга келганда дўстимнинг овози титраб кетди. Кўзлари қисилиб, мушти тугилди. Сигаретани устма-уст тортиб, қуюқ тутун бурқситди. – Кеча… – деди тишларини ғижирлатиб, – Кеча у мендан ор қилди, дўстлигимиздан юз ўгирди. Сабабини тушунаман. Ахир, у ҳозир кимсан, катта газетада ўринбосар. Мен-чи?.. Мен жиноятчиман, “ўтириб” чиққан одамман!
У шундай дея беихтиёр йиғлаб юборди. Алламаҳалгача ўпкасини босолмади. Мен бу сафар уни юпатиш учун сўз тополмадим. Майли, кўнглини бўшатиб олсин, деган хаёлда сукут сақлаб, жимгина ўтиравердим.
– Рости, бугун сизни ҳам бир синаб кўрмоқчийдим. – Дўстим совиб қолган чойдан ҳўпларкан, менга юзланди. – Хайрият, сиз юз ўгирмадингиз, мендан жирканмадингиз. Буни ўла-ўлгунимча унутмайман. Раҳмат, оғайни, минг марта раҳмат!..
Эртаси эрталаб дўстимни ўз юртига – Бухорога кузатиб қўйдим.
Ўшандан буён орадан ўн йилдан ортиқроқ вақт ўтди. У энди ҳаётини батамом тиклаб олган. Оила қуриб, фарзандлар орттирган. Замона зайлига боқиб, укалари билан ҳамкорликда хусусий фирма очган. Иши юришиб, анча бойиб кетган. Мол олиб кетиш учун икки-уч ҳафтада бир бор Тошкентга келиб кетади. Ҳар гал бизнинг ишхонамизга ҳам кириб ўтади. Фақат…
Фақат менинг олдимга эмас, бир вақтлар ўзи билан кўришишдан ор қилган курсдошимизнинг олдига келади. Шунча йўлдан келиб, бешинчи қаватга кўтарилган одам негадир еттинчи қаватга чиқишга, хонамга йўл-йўлакай бош суқишга эринади.
Мен унинг келиб-кетганини орқаваротдан, ҳамон Бош муҳаррир ўринбосари вазифасила ишлаётган курсдошимиздан эшитиб қоламан. У дўстимиз келганда менга хабар бермайди, кетгандан сўнг эса мақтанишга тушади. “Собиқ ҳамхонамнинг ишлари роса авжида. Даромади зўр. Унча-мунча пулнинг бетига қарамайди. Ўтган куни икки-уч ўртоғим билан мени ресторанда обдон меҳмон қилди”.
Бошқа сафар яна оғзидан бол томади: “Фалончи ўғлининг қўлини ҳалолламоқчи экан, таклифнома ташлаб кетди. Тўйига анави машҳур хонандани обормоқчи экан. Шартта йўлини топдим. Арзонроққа хизмат қилсин деб, ўша артист ҳақида газетамизда мақола чиқартирвордим. Кейин тўйга ўзим бошлаб бордим. Эвазига ҳамхонам менга тўн кийдирди. Қойилмисиз!..”
Мен қойил қоламан. Санъаткорнинг олис бир туманга бориб концерт берганига эмас, муовин курсдошимнинг “таланти”га тан бераман. Кейин чуқур ўйга толаман. Кўз ўнгимга ҳозир ўз қишлоғида “номер биринчи бой”га айланган курсдошимни эмас, негадир кечагина қамоқдан қайтиб, хонамда бевафо ҳамхонасидан нолиганча йиғлаб ўтирган курсдошимни келтираман. Унинг изтироб тўла сўзларини эслайман:
– Баъзи одамлар нега бунақа-а! Ошиғинг олчи бўлган шодон пайтларингда нима учун сенга дўст тутинадилар-у, бошингга иш тушганида нега ўзларини олиб қочадилар?..
Ажаб, бир замонлар бу сўзларни алам билан айтган курсдошим эндиликда бойиб кетган дўстимга мутлақо ўхшамайди. Ҳарчанд уринмай, уларни бир-бирига тенглаштиролмайман. Иккисининг орасида жуда катта фарқ кўраман. Сўнгра ўзим билмаган ҳолда оҳиста пичирлайман:
– Салом, дўстим, топганинг яхши кунларингга буюрсин!.. Хайр, “дўстим”, ҳар ким сўзида, лафзида турсин!..

МУЮЛИШДА

Бу воқеага 20 йилдан ошди, аммо ҳали-ҳануз ёдимдан чиқмайди…
Авжи ёз эди. Тонг саҳарлаб хизмат сафарига отлангандим. Янги “ЛАЗ” салқин-мусаффо ҳаво бағрини ўқдек тилиб, катта йўлдан шиддат-ла олға интиларди. Мен автобус ойнасидан ташқарига боққанча, ётоғидан эринибгина бош кўтараётган офтобни, аста-секин заррин нурларга чулғанаётган борлиқни томоша қилиб борардим. Йўлнинг икки тарафи кета-кетгунча дала бўлиб, аҳён-аҳёнда ён-атрофдан пайкал оралаб ғўза чилпиётган аёллару, пахтага ишлов бераётган тракторлар кўзга ташланиб қоларди. Бу манзаралар менга муштдайлигимдан яхши таниш бўлса-да, негадир кенг пахтазорлардан ҳадеганда кўз узолмасдим…
Бир маҳал хаёлим бўлинди. Автобус Оққўрғон муюлишига етганда тақа-тақ тўхтади. Оқ-сариққа мойил юзлари ялтираган, сочлари сийраклашган барваста қоматли ҳайдовчи моторни ўчириб, иккала эшикни ҳам ланг очаркан, эълон қилди:
– Беш минут перекур! Кейин дальше кетамиз!..
У шундай дея, йўлкира йиғишга мўлжалланган сумкачаси билан керакли ҳужжатларни қўлига олди. Кабинадан пастга чаққон сакраб тушиб, машина ғилдиракларини бир-икки тепиб кўрди-да, сал наридаги кўримсизгина нозимхона томон юрди. Худди шу пайт автобусга олдинги эшикдан озғин, новча бўйли бир одам билан етти-саккиз ёшлар чамасидаги нимжонгина қизалоқ чиқа бошлади.
Бир қарашда англадим – улар ота-бола тиланчилар эди. Афт-ангорлари, уст-бошлари, юриш-туришлари шундан далолат бериб турарди. Айниқса, қизчанинг кўриниши афтодаҳол эди. Қайта-қайта ювилаверганидан ранги униқиб, гуллари билинмай кетган куйлаги кир-чир, этаклари йиртилган. Туфлисининг учлари кўчган. Тўзғин малла сочларига яқин орада тароқ тегмаган. Саратон қуёшида қорайган юз-қўллари тарам-тарам ёрилган. Чамамда, кўзлари ожиз бўлса керак, бир нуқтада қотиб қолган, киприклари қилт этмасди.
Эркакнинг аҳволи ҳам қизчаникидан авло эмасди. Эгнида аскарларнинг ташландиқ кийими. Оёғида қўнжи кесилган эски кирза этик. Бошида ийиғи чиққан кепка. Соч-соқолли ўсиқлигидан ёши нечадалигини билиб бўлмайди. Мовий кўзларининг четларини хилим босган. Боқишлари алланечук совуқ ва лузумсиз.
Ота-болани ўзимча тиланчиларга йўйиб янглишмаган эканман. Улар зинапоядан кўтарилар-кўтарилмас, автобус ичида дўриллаган овоз янгради:
– Эй, яхши одамлар! Эй, сахий инсонлар! – Эркак тиланчи ўз тилида ҳасратини айта кетди. – Мен дардманман, ишлашга қурбим етмайди. Илтимос, ёрдам беринг. – У шундай дея, ён томонига энгашди. – Ҳеч бўлмаса, манави чала етимчага раҳмингиз келсин, – деди қизчага имо қилиб. – Унинг кўзлари чақалоқлигидан яхши кўрмайди, қулоқлари  эшитмайди. Худо омадингизни берсин, йўлларингиз бехатар бўлсин, биздан эҳсонингизни аяманг, хайр-садақа қилинг! – У сўзини тугатаётиб, “Юр!” дегандай, боласини оҳиста туртиб қўйди.  
Қизалоқ олға қадам ташлаши асноси кафтларини жуфтлаштирган ҳолда қўлларини кўкраги баравар кўтариб, олдинга чўзди. Рангпар лаблари билинар-билинмас титраб, алланималарни пичирлай бошлади. Отаси эса бўғиқ, илтижоли оҳангда тағин бояги гапларини такрорлашга киришди:
– Очимиздан ўлмайлик, биздан меҳр-мурувватингизни дариғ тутманг, илтимос, яхшилар!..
Шубҳасиз, бу ҳолат йўловчилар кўнглини шамдек эритди. Қизалоққа кимдир танга, кимдир қоғоз пул узатди. Ўртароқда ўтирган болали бир аёл елим халтасидан тандир нон чиқариб, унинг қўлига тутқазди. Эл қатори мен ҳам чўнтагимни кавладим…
Ота-бола орқа эшикка яқинлашганларида ҳайдовчи қайтиб келди-ю, уларни кўриб, бирданига бақира кетди:
– Ҳов, исқирт! Кеча мен сенга нима девдим, эсингдан чиқдими?.. Қани, бўл тез, пастга туш!..
Очиғи, қоракўз, қорақош, миқти гавдасидан куч ёғилиб турган ҳайдовчидан бундай қўполликни кутмагандим. Шу боис чидай олмадим, уни инсофга чақирмоқчи бўлдим.
– Ака, бу бечораларга нега дўқ урасиз? Аҳволларини кўриб турибсиз-ку…
– Э, сиз жим ўтиринг, ука! – Ҳайдовчи сўзимни чўрт кесиб, кескин қўл силтади. – Нима қиласиз билмаган нарсангизга аралашиб? – деди зарда аралаш. – Бу пиянистанинг кимлиги шу ўртадагиларга отнинг қашқасидек маълум. Ўз боласининг ногиронлигидан фойдаланиб кун кўришдан ор қилмаган одам бировнинг яхшилигини тушунармиди? Қайтага тузингизни еб, тузлиғингизга тупуради. – Ҳайдовчи гапининг давомини айтиб ўтирмади. Турган жойида бўйинини чўзиб, яна ота-болага ўшқирди. – Ўв-в, бўласанларми-йўқми ёки санларни ўзим…
У жаҳл устида йўловчиларни оралаб, орқага ўтди. Сўкина-сўкина ота-болани автобусдан тушириб юборгач, шаҳд билан бориб рулга ўтирди. Елкаси оша менга ошиғич қараб нимадир демоқчи бўлди-ю, индамади. Соатига бирров назар солди-да, моторни ўт олдирди.
Зум ўтмай автобус текис йўлдан елиб кетди. Терак бўйи кўтарилиб қолган қуёш боягидек майин жилмайиб боқар, далалар тобора заррин нурларга чулғанар борар, ён-атрофда ҳаёт қайнарди. Аммо менинг аввалги кайфиятимдан асар ҳам қолмаганди. Манзилга етгунча ота-болага ачиниб, ҳайдовчини хаёлан айблаб бордим.
…Қайтишда бошқа автобусга ўтирдим. Бу вақтга келиб офтоб сариқ баркашдек бўлиб Ғарбга ёнбошлаган, бироқ ҳали тафти қайтмаганди. Автобус ичи ҳаммомдек исиб кетганидан нафасни бўғиб, одамни лоҳас қилар, йўловчиларнинг юз-кўзларидан шаррос тер қуйиларди.
Хайрият, таниш муюлишга етганимизда бу ҳайдовчи ҳам беш дақиқалик “танаффус” эълон қилди. Кўпчилик туша солиб, ўзини йўл четидаги дарахтлар соясига урди. Ташналикка чидамаганлари пиво ва сув сотиладиган дўконча сари шошилди. Мен ҳам уларга эргашдим. Илиброқ қолган газли сувдан бир стаканини даст кўтариб чанқоғимни қондиргандай бўлдиму, қўлларимни чайиб олиш мақсадида дўконча ортидаги ариқ бўйига ўтдим. Айни шу лаҳза қулоғимга инграшга ўхшаш овоз чалинди. Илкис ҳушёр тортиб, атрофга разм солдим.
Қарасам, пиво бочкалари турган жойда бир одам юз тубан тушиб ётибди. Уст-боши чанг, ҳамма ёғига хас-хашак илашган. Қўнжи кесилган этигининг бир пойи оёғидан тушиб қолган. Чап қўлида ғижимланган кепка, иккинчисида винодан бўшаган шиша. Ҳар замон-ҳар замонда ётган жойида безовта қимирлаб, ғудраниб қўяди. Сал нарида эса рангпар, нимжонгина қизалоқ. Толга суянганча, пашшага таланиб ўтирибди. У кўзларини юмиб олиб хаёл сураяптими ёки ухлаб қолганми – дабдурустдан фарқига боролмадим. Қизалоқ тез-тез қабоқларини учириб, беихтиёр тамшаниб қўярди…
Булар эрталаб ўзим кўрган ота-бола тиланчилар эди.
Улардан юз ўгириб, ортимга буриларканман, қулоқларим остида алланечук зардали овоз янграгандай бўлди:
– Сиз ниманиям билардингиз, ука! Мен кунда-шунда бу пиянистани яхши танийман. Боласининг ногиронлигидан фойдаланиб кун кўрадиган одам ҳам одамми?..

“ХОЛТЎРА АРАЛАШМАСИН”

Бошлиқ эрталаб ишга келибоқ, касаба уюшма қўмитаси раисини ҳузурига чорлади.
– Хўш, – деди салом-аликдан сўнг муддаога ўтиб, – касб байрамимизга тайёргарлик қандай бораяпти?
– Ёмон эмас, хўжайин, – қўмита раиси бир бошидан батафсил ҳисобот беришга киришди. – Байрамни, ўзингиз билан келишиб олганимиздек, шаҳримиздаги энг машҳур “Марҳамат” ресторанида нишонламоқчимиз. Бу ҳақда ресторан директорига хат ёзиб, пулини олдиндан ўтказиб бердик. Санъаткорларни ҳам тунов куни заказ қилиб қўйганмиз. Бундан ташқари, қўшма мажлисимиз қарорига кўра, мукофотланадиганлар рўйхатини тузиб чиқдик. Марҳамат, малол келмаса, ўзингиз кўринг: мана буниси тадбирлар режаси, буниси илғорларимизнинг исм-шарифлари…
Қўмита раиси беш-олти варақ қоғозни ойнадек ялтироқ кенг стол устига қўйди. Бошлиқ уларни овоз чиқармай, синчковлик билан ўқиб чиқди. Охирида қониқиш ҳосил қилди, шекилли, мамнун қиёфада бош ирҚади.
– Маъқул! – деди одатдагидек босиқлик билан. – Буларни менда қолдиринг, ҳали яна бир карра танишиб чиқаман. Иложи бўлса, бугуноқ имзо чекаман. – У гапим тамом дегандай, қоғозларни бир четга суриб, ўрнидан қўзғалди. Бироқ қўмита раиси эшик очиб, эндигина остона ҳатлаётганида, уни бир зумга тўхтатди. – Ҳа, дарвоқе, огоҳлантириб қўяй, бу сафарги мероприятимизга зинҳор-базинҳор Холтўра аралашмасин. Ҳарқалай, байрамимизда юқори ва қўшни ташкилотлардан ҳам меҳмонлар  қатнашадилар. Яна уларнинг олдида ўтган галгидек уялиб қолмайлик.
– Хўп бўлади, хўжайин!
Қўмита раиси бошлиқ қабулидан чиқиб, кенг даҳлиздан оҳиста одимлаб бораркан, хаёлга толди: “Оббо, бу ёғи чатоқ бўлди-ку… Демак, коллективимизнинг икки ой бурунги хотин-қизлар байрамига бағишланган ўтиришида Холтўранинг кайфи ошиб қолиб, андаккина “ҳунар” кўрсатгани хўжайиннинг эсида чиқмаган экан-да. Мана, оқибати…”
У ўз хонасига кириб, оромкурсига оғир чўккач, яна ўйлашда давом этди: “Аслида-ку, Холтўра ёмон бола эмас, тилло йигит. Тўғрисўз, ҳалол ходимлардан. Ўз ишиниям, жамоат топшириқлариниям виждонан бажаради. Мана, масалан, кейинги ҳафтага мўлжалланган тадбиримизни уюштириш учун ушюмамиз аъзоси сифатида энг кўп елиб-югураётган ҳам шу Холтўра. Фақат… Фақат ичкиликни кўтара олмаслиги ёмон-да. Меъёридан салгина ошдими, тамом, сархуш бўлиб олиб, ҳеч кимга гап бермай қўяди. Гоҳида йўқ ердан ғавғо чиқаради”.
Қўмита раиси чуқур хўрсинди. Пиёлада совиб қолган чойни фаромуш ҳолда симириб, нафас ростлагач, тағин хаёл сура бошлади. “Хўп, майли, ўтган ишга саловат! – деди ўзига ўзи. – Лекин энди-чи, энди нима қиламан? Бошлиқннинг гапини Холтўрага қандай етказаман? “Яқиндан берган ёрдаминг учун раҳмат, аммо ўтган сафар кўрсатган кароматинг учун хўжайин сендан ранжиган экан, байрам тадбирида қатнашишингни истамаяпти”, дейманми? Борди-ю, индамай қўя қолсам-чи?.. Э, йўқ, унда яна бўлмайди, бирор гап-сўз чиқса, хўжайиндан нақ балога қоламан…”
У кун бўйи минг бир мулоҳаза-ю истиҳолага борди. Ахийри, кечқурун кўп йиллик қадрдони – директор ўринбосарининг олдига кирди. Дардини айтиб, маслаҳат сўради. Тўғри қилган экан, ўринбосар сихни ҳам, кабобни ҳам куйдирмасликнинг йўлини топиб, унинг жонига аро кирди. Холтўра айнан байрам куни навбатчиликка қўйиладиган бўлди.
Кеча рисоладагидек ўтди. Расмий йиғилиш базми жамшидга уланиб кетди. Ўйин-кулги авжига чиқди. Ҳамма роса яйраб-яшнади.
Аёллар ва ёш-яланглар тарқалиб, алоҳида безатилган дастурхон атрофида асосан эркаклар қолгач, бошлиқ тадбир ташкилотчиларига бирма-бир миннатдорчилик билдирди. Кейин у ёқ-бу ёққа бесаранжом аланглаб, кутилмаганда сўраб қолди:
– Кечирасизлар, бугунги тантанамизда негадир энг фаол ходимларимиздан Холтўра кўринмаяпти, тинчликми?
Бу саволни эшитиб, касаба уюшма қўмитаси раиси аввалига ҳайрон бўлди. Кейин “Эҳтимол, берган топшириғи бошлиғимизнинг ёдидан кўтарилгандир” деган тахминда “сир”ни очиб, “ахборот” берди:
– Энди, хўжайин, ўзингиздан қолар гап йўқ, – деди ширакайф кўзларини сузиб, – сизнинг ҳар бир гапингиз биз учун қонун! Так что, мен айтганингиздек қилдим. Муовинингиз иккаламиз ўзаро келишиб, Холтўрани бугун атай навбатчиликка қўйдик…
– Нега? – Бошлиқ ажабланиб, қўмита раисининг гапини бўлди. – Мен сизга яқин-орада Холтўра тўғрисида бирон-бир гап айтмовдим шекилли.
– Йўғ-е, ҳазиллашманг, хўжайин, – қўмита раиси бўш келмади. – Ахир, ўтган ҳафта кабинетингизда яккама-якка суҳбатлашганимизда, “Бу мероприятиега Холтўра аралашмасин!” девдингиз-ку!..
У “Энди эсладингизми, гапим тўғрими?” дегандай икки қўлини кўксига қўйди. Бошлиқ гугурт чўпи билан тишини кавлаганча, хаёлга толди. Бир оздан кейин ниманидир эслагандай бўлди. Эслагани сайин кўзлари қисилиб, юзига табассум ёйила борди.
– Ҳов, менга қаранг, ўртоқ профком! – деди ниҳоят дилидагини тилига чиқариб. – Мен сизга ходимимиз Холтўра тўғрисида гапирмовдим,  ишга халтура аралашмасин дегандим, холос. Сиз… Сиз бўлсангиз…
Бошлиқ гапини тугатолмади. Ўзини тутолмай бехосдан баралла хохолаб  юборди. Зум ўтмай гап нимадалигини бошқалар ҳам англаб етишди. Даврада бамисоли портлаш рўй бергандек, қаттиқ кулги янгради.
Ажаб, шу тобда ҳамма қотиб-қотиб кулар, ресторан биноси шодон қийқириқлардан ларзага келар, уялганидан нима қиларини билмай талмовсираб қолган касаба уюшма қўмитаси раиси эса ҳамон хатосини тан олгиси келмай, зўр бериб нуқул бир гапни такрорларди:
–  Менда нима гуноҳ?.. Мен ахир… Мен ахир топшириқни бажардим… Бор-йўқ гуноҳим шуми?..

ҚАЙ БИРИНИ ОТАМ ДЕСИН?..

Бу мактуб таҳририятимизга кунда-кунаро келадиган шикоятлардан эмасди. Билъакс, тўшакда дард билан олишиб ётган беморнинг дил ҳасратлари эди. Янаям аниқроғи, аллақачоноқ  ошини ошаган, ёшини яшаган қариянинг ўз дилбанди устидан битган арз-доди эди. Шунданми, ҳар сатри дил изтироблари  ила йўғрилганди.
“Ҳурматли муҳаррир! – деб бошланарди хат. – Мен бутун умримни халқ бахт-саодати йўлида сарфладим. Энг қалтис-таҳликали дамларда эл осойишталигини қўриқлашдек масъул вазифаларда ишладим. Хизматларим эвазига қатор мукофотлар билан тақдирландим… Ҳозир ёшим саксон учда. Азбаройи кексалик, қулоқларим оғирлашган, кўзларим хиралашган. Устига устак, бедаво хасталикка йўлиққанман. Ўрнимдан туролмайдиган бўлиб қолганман. Аммо менинг фақат жисмимда эмас, қалбимда ҳам оғир дард бор. Бунинг сабабчиси – ўғлим, ўз пушти камаримдан бўлган ёлғиз фарзандим. У мендан хабар олмайди. Ҳозирги кампиримга уйланибманки, бирор марта “Ҳолинг қалай?” деб, кўнгил сўрамайди. Лоақал невара-эвараларимни яқинимга йўлатмайди. Уларнинг дийдорига тўйгани қўймайди.
Қисқаси, кўзимнинг оқу қораси мендан бутунлай воз кечган. Ёруғ дунёда бор-йўқлигимни унутиб юборган. Балки, сиз уни ҳали ҳаётнинг паст-баландини билмайдиган, инсон қадр-қимматини тушунмайдиган бўз йигит, деб ўйларсиз. Йўқ, асло!.. Ўғлим пайғамбар ёшини қоралаб қўйган. Касби – педагог. Салкам қирқ йилдан буён тил-адабиёт фанидан сабоқ беради. Шаҳримиздаги энг йирик мактаблардан бирига раҳбарлик қилади…
Сизлардан илтимос, бағритош ўғлимни топиб, бир суҳбатлашсангизлар. Унга ҳар кун-ҳар лаҳза йўлларига интиқ отаси тириклигини эслатиб қўйсангизлар. Зора, шунда хатосини тушунса, зора шунда мени йўқлаб эшигимдан кириб келса…
Умид билан  Товбой ТЎХТАЕВ”.

Яширишдан на фойда?.. Мактубни ўқиб, отахонга астойдил ачиндим. Уни шу кўйларга солган, зор-зор йиғлатган ўғилдан қаттиқ ранжидим. Ахир, у қандай баттол, қандай нобакор фарзандки, ўзини дунёга келтирган, тарбиялаб вояга етказган отасидан тонса, оғир кунларида корига ярамаса?.. Ахир, у қандай тили бошқа-ю дили бошқа зиёлики, ёшларга одоб-ахлоқдан дарс берса, уззукун инсоф-диёнатдан ваъз ўқиса-ю, ўзи инсонийлик синовидан ўтолмаса?.. Тавба, одам шунчалик тубан кетадими? Ўқитувчи деганлари ҳам шунчалик мунофиқ, шунчалик иккиюзламачи бўладими?..
Яна ким билсин, эҳтимол, мен янглишаётгандирман. Эҳтимол, қарс икки қўлдан чиқишини ҳисобга олмай, бирёқлама фикрлаётгандирман. Балки гап бошқа ёқдадир. Балки ўртада мен билмаган қандайдир сир бордир.
Ана шундай қарама-қарши хаёллар оғушида йўлга отландим. Тонгсаҳарлаб пойтахт марказидаги кўпқаватли уйдаги хонадонлардан бирининг эшигини қоқдим. Кўринишидан хушфеългина, истараси иссиқ, олтмиш ёшлар чамасидаги аёл истиқболимга пешвоз чиқди:
– Келинг, болам, келинг. Қани, ичкарига марҳамат!
Ўзимни таништирдиму, ортиқча мулозамат кутмай, остона ҳатладим. Торгина даҳлиз. Нимқоронғи, чоғроққина хона. Лекин чор-атроф саранжом-саришта. Ерда чўғдай гилам. Ўнг томонда устига кимхоб жилд қопланган диван-курсилар. Сўл тарафда чет эл серванти. Токчаларига чинни-биллур идишлар дид билан териб қўйилган. Деразаларга ҳарир пардалар илинган. Бурчакда рангли телевизор. Тўрдаги каравотда эса бемор. Бир бурдагина бўлиб, беҳол-беҳуд ётибди. Кирди-чиқдига иши йўқ. Гўё яшашдан безгандек, ҳамма нарсага бепарво. Ёноқлари бўртиб чиққан. Ажиндор юзлари сўлғин. Ич-ичига чўккан ҳорғин кўзларида бир олам ғам-андуҳ. Оғриқ хуружидан дам-бадам безовталанади. Ўқтин-ўқтин чуқур нафас олиб, калта-калта йўталиб қўяди. Ҳар тўлғанганида аёли ҳозиржавоблик кўрсатади. Унинг бемажол, қоқсуяк қўлларини силаб-сийпалайди, увишган оёқларини уқалайди. Ёстиғини тўғрилаб, қақроқ лабларига чой тутади.   
Анчадан кейин чол ўзига келди. Кампиридан менинг кимлигимни эшитгач, кўзларига нур инди. Кўп ўтмай гап гапга қовушди. Отахон ҳасрат дафтарини очди. Ранж-аламлар гина-кудуратларга уланди. Дил армонлари кўз ёшларига айланди.
Ўзининг айтишича, у ўттиз беш йил ички ишлар идораларида хизмат қилган. Жиноятчи-қонунбузарларга қарши курашда беқиёс жасоратлар кўрсатган. Ана, исботи – аллазамонлар эгнидан ечган, эндиликда униқиб, оҳори тўкилган ҳарбий либосида ўнга яқин орден-медаль ярқираб турибди. Ўша кезлар у чаққон-довюрак, келишган, алпқомат йигит бўлган. Буни хона тўрига илиғлик суратидан ҳам билиш мумкин. Унда жиддий қиёфали, ўктам нигоҳли, шопмўйловли киши қатъият билан боқиб турибди.
– Икки-уч йилча бурун ўғлим бирров келди, – хаёлимни чолнинг ўкинчли овози бўлди. – Келди-ю, бор-будимизни шилиб кетди ноинсоф. Ҳатто, ишлатиб юрган чойнак-пиёламизни, эски кўрпа-тўшагимизу бузуқ телевизоримизниям қолдирмади нокас…
Бу “янгилик”дан  ҳайратим баттар ошди. “Эшитганларим ростми?” деган маънода ер остидан кампирга назар ташладим. У оҳиста бош қимирлатди-да, негадир кўзларини четга олиб қочди. Сўнгра илдам ўрнидан қўзғалиб, ошхона сари юрди. Мен тағин-да ҳазин-маъюс ўйларга толдим: “Наҳотки, кап-катта одам шунчалик пасткашлик қилса?  Кексаларни ёлғизлатиб қўйгани етмагандай, буюмларини-да ташмалаб кетса? Наҳотки, ота қарғиши  худо қарғишига тенглигини билмаса?..”
…Алқисса, мавриди етиб, маломатга учраган фарзанд билан учрашдим. Исми Боир экан. Отаси айтганидек, мактаб директори экан. Гап-сўзларига, ўзини тутишига қараганда, бамаъни, камтар-камсуқум кишига ўхшайди. Боқишлари мулойим, фикрлари маънодор. Ҳар сўзини мулоҳаза билан, чертиб-чертиб гапиради. Таассуфки, мен ҳали-ҳануз отахоннинг иддаолари таъсирида эдим. Хаёлимда “Одамнинг оласи ичида” деган ақида ҳукмрон эди. Шу боис сир бой бергим келмади. Фурсат пойлаб, шикоят хатини унинг олдига сурдим.
Боир ака, отасининг исм-шарифига кўзи тушар-тушмас, илкис ҳушёр тортди. Пешонаси тиришиб, қовоқлари уюлди. Киприк қоқмай, мактубни ўқишга тутинди. Бора-бора бояги мулойимлигидан асар ҳам қолмади. Қадди букчайиб, кўз ўнгимда батамом бошқа одамга айланди. Ўртага зил-замбилдек сукунат чўкди.
– Шу ёшимда ёлғон гапирсам, менга ярашмас, – деди у анчадан сўнг синиқ кайфиятда. – Қолаверса, ҳақиқатни яшириб, ойни этак билан ёпиб бўлмайди. Бу одам, – Боир ака шаҳодат бармоғини бигиз мисоли қоғозга нуқиди, – чинданам менинг отам. Аммо, нима десангиз, денг, қандай тушунсангиз, шундай  тушунинг,  уни ота дейишга сира тилим бормайди. Ўзини кўришни ҳам, уйига боришни ҳам жиним суймайди. Дийдиёларини тинглашга сабрим чидамайди. – Охирги сўзларни айтаётиб, суҳбатдошимнинг товуши титраб кетди.
– Нега? – ажабландим мен.
– Ў-ў, бунинг тарихи узун! – У лабларини қимтиб, бошини сарак-сарак чайқади. – Яхшиси, сиз сўраманг, мен айтмай…
Барибир, ўз ҳолига қўймадим. Боир ака дил ёришга мажбур бўлди. Бутун умрига татигулик чўнг армонини тўкиб солди. Бошидан кечирганларини батафсил сўзлаб берди. Билсам, Товбой ота уни ва онаси Рухсат холани бундан олтмиш йил муқаддам ташлаб кетган экан. Сабаби оддийгина: Рухсат холанинг иккинчи боласи чала ва ўлик туғилади. Ўзи аёлларга хос хасталикка чалинади. Эри уни даволатиш ўрнига таъна тошлари отади. “Менга касалманд, чиллашир хотин керакмас”, деб, ҳайдаб юборади. Атак-чечак қилиб юра бошлаган ўғлидан ҳам юз ўгиради. Шу-шу уларга қиё боқмайди. Чунки у маҳаллар айни куч-қувватга тўлган, ошиғи олчи навқирон йигит эди. Бир қўлида наган, иккинчисида пул ўйнарди. Гаҳ, деса, ҳар қандай қиз-жувонни ҳам кифтига қўндирарди.
Зеро, уруш туфайли тул қолган ёки эри ҳали фронтдан қайтмаган айрим бесабр аёлларни домига илинтирди.  Хўп айш-ишрат сурди. Шу зайл неча йиллар ҳаром-хариш ҳаёт кечирди. Алалхусус, қилмишига ярашасини топди. Хотин олиб-хотин қўйса-да, бошқа фарзанд кўрмади – битта тирноққа зор бўлди.
Рухсат хола эса ёлғизгинасининг ҳаққи-ҳурмати ҳаммасига чидади. Тирикчилик азобларига ҳам, бевалик изтиробларига ҳам кўникди. Вақти келиб, соғайиб кетди. Дардли-аламли кунларининг бирида Ҳикматилла исмли сахийқалб инсонга рўбарў бўлди. Юлдузи юлдузига тўғри келиб, у билан турмуш қурди.
Ўшанда Боир тишлари кемшиккина бола эди. Дастлаб ўгай отага эликиша олмади – кўп ётсиради. Ҳикматилла ака, аксинча, дили ўксик норасидани бегонасиратмади. Ундан қалб қўрини дариғ тутмади.  Она бир, ота бўлак ўғил-қизлари қатори кўрди. Устини бут, кўнглини тўқ ҳолда ўстирди. Ўқитиб, уйли-жойли қилди. Шу тариқа меҳрдан меҳр яралди, садоқатдан садоқат туғилди. Боир Ҳикматилла акани  чин ота деб билди.
– Мен ҳаётда нимагаки эришган бўлсам, –  дейди у ўтган кунларни хотирлаб, – бари учун, аввало, муштипар-мушфиқ онамдан, сағирлигимни юзимга солмай вояга етказган иккинчи отамдан беҳад миннатдорман. Уларнинг руҳи-поклари олдида ҳамиша таъзимдаман. Бироқ, кўриб турибсиз, оғзим ошга етганида бурним қонаяпти. Шунча вақт қудуққа тушган игнадек бадар кетган отам етти-саккиз йилдан бери тинчимни бузаяпти. Ҳали у-ҳали бу идорага устимдан тинмай шикоят йўллаяпти.  Томирларимда қони оқаётганини пеш қилиб, мендан фарзандлик бурчимни оқлашни талаб этаяпти…
Гурунгимиз шу ерга етганда Боир ака энтикиб гапира олмай қолди. Мен нима қиларимни билмай, индамай ўтиравердим. У пиёладаги совуқ чойдан ҳўплаб, ҳовурини босиб олгач, сўзида давом этди:
– Очиғи, отам илк бор йўқлаганида, икки ўт орасида қолгандай гангидим. Бирда йиғлаб, бирда қувондим. Ахийри, шайтонга ҳай бердим. “Ўтган ишга – салавот!” деб,  ҳузурига ошиқдим. Танҳолигини кўриб, юрак-юракдан ачиндим. Миннат эмас, бор гап: ўзим совчи бўлиб бориб, сиз кўрган аёлга уйлантириб қўйдим. Саксонга тўлганида,  элга ош тарқатдим. Манави хатда ёзилган эски лаш-лушларини чиқариб ташлаб, уй жиҳозларини бошдан-оёқ янгилаб бердим. Эвазига-чи?.. Раҳмат эмас, ҳақорат эшитдим. Отам менинг ҳам ўзимга яраша иш-ташвишим, уй-рўзғорим борлиги билан ҳисоблашмайди. Нуқул оқибатсизликда айблайди. Оғзидан боди кириб, шоди чиқади. Битмаган ярамга туз сепади… Биламан, ҳозир унга қийин, жуда қийин. Машойихлар “Қарилик – қайғу”, деб бежиз айтишмаган. Кекса одам, қўйиб берсангиз, қилга ҳам қоқилади. Ёлғиз йўловчига манзил олис туюлади. Болалилар бош, боласизлар ёш бўлади. Яна денг, отамни оғир дард жонидан тўйдириб юборган. Шунданми, мудом ёнида бўлишимни истаяпти. Маънавий-руҳий далда кутаяпти. Аммо мен нима қилай? Унга нисбатан меҳрим иймаса, юрагимдаги армон музи эримаса, нима қилай? Бундан кейин ҳам, майли, отамга пул-буюм керак бўлса, бераман, мол-давлат керак бўлса, бераман. Фақат битта нарсани – меҳримни бера олмайман. Бу ишга ўзимни ўзим зўрлай олмайман. Ҳойнаҳой, энди гап нимадалигини тушунгандирсиз, ука?!.  
Мен-ку, тушундим. Лекин Товбой ота-чи? У тушунармикин? “Ўзингдан ўтган айб, қаерга борсанг – ҳайб”лигини эслармикин? Бошига тушган савдолар ёшликдаги ножоиз қилмишлари оқибати эканлигини тан олармикин? Болани туғдириш бошқа-ю ўстириш бошқалигини англармикин?
Албатта, бу билан мен отахонни қораламоқчи эмасман. Ҳарқалай, одамзод фаришта эмас – хом сут эмган банда. Умри давомида кўп адашиши, хато-камчиликларга йўл қўйиши тайин. Қолаверса, буни ҳаёт дейдилар. “Ошсиз уй бор, жанжалсиз уй йўқ”, дейдилар. Кези келганда, севиб-севилиб турмуш қурганлар орасига ҳам совуқчилик тушиши, эру хотин бир-бирини кўришга кўзи, отишга ўқи йўқ ғанимларга айланиши мумкин. Бундай вазиятларда ҳеч ким бировни “Кўз очиб кўрганинг билан умрбод бирга яшашинг шарт!” деб мажбурлай олмайди. Ҳар ким суйган ошини ичади. Лекин бу истаган пайтингда кўнглинг майлига юравер, бургага аччиқ қилиб бемалол кўрпа куйдиравер дегани эмас. Негаки, ҳар қандай ҳолатдаям ўнтанинг ёр-ёри бўлгунча биттанинг вафодори бўлган маъқул. Акс ҳолда, ҳаммаси саробга айланади. Хатонинг йўлдоши жазо бўлиб чиқади. Кимки нима экса, шуни ўради. Эр-хотин икки қутб томон кетса, оила завол топади. Қисмат чорраҳасида муҳаббат чирқираб қолади. Ўзаро қадр-қиммат йўқолади. Энг ачинарлиси, тирик етимлар кўпаяди, мурғак қалблар озор чекади. Уларнинг дардига малҳам топиб бўлмайди. Ҳақиқий ота-она ўрнини ҳеч вақт ҳеч нарса босолмайди.   
Масалага шу нуқтаи назардан ёндошсак, Боир акани тушунса бўлади. Ахир, тутуннинг аччиғини олов ловуллаган мўри билади. Товбой ота эса узоқ йиллар боласи борлигини ўйламаган, зурриётининг тақдири не кечганига қизиқмаган. Боши тошга текканда, тўридан гўри яқин қолгандагина уни дараклаган.
Афсуски, энди кеч, жуда кеч! Чунки меҳр-муҳаббат сўраб олинмайди. Мурувват туйғуси инсон қалбига зўрлик билан сингдирилмайди. Меҳрни фақат қозониш мумкин! Бундай саодатга эришиш учун эса, аввало, меҳрга ташна кимсанинг ўзида меҳр бўлиши керак!
Адашмасам, Товбой отада худди шу хислат етишмаган. Эл-улус осойишталигини қўриқлаган одам ўз оила қўрғонини асрай билмаган. Мана, бугун жабрини тортаяпти. Хор тутганига зор бўлаяпти.
Хўш, сиз-чи, сиз нима дейсиз, ҳурматли муштарий? Эҳтимол, одамгарчилик юзасидан Боир ака отасини кечириши лозимдир. Эҳтимол, кексалиги ва хасталигини назарда тутиб, унинг аҳволидан хабардор бўлиб туриши шартдир.
Бу ёғи танҳо унинг ўзига, қалб амрига ҳавола. Бизни эса ўзга савол қизиқтиради: ҳеч жаҳонда бир фарзанднинг иккита отаси бўлиши мумкинми? Мумкин бўлмаса, Боир ака қандай йўл тутсин? Ўзига турлича қисматни раво кўрган икки инсондан қай бирини ҳақиқий отам десин? Қай бирига каъбам деб сиғинсин?..

“ЎҒЛИМ, СЕН БОРСАНУ НЕГА ЙЎҚДАЙСАН?..”

Кўпинча шунақа бўлади: катта жанжал майда гапдан бошланади, жузъий хато катта фожиаларга доялик қилади. Унинг асорати баъзан бутун умрга татийди. Жабрини эса, айбдорлар ҳам, бегуноҳлар ҳам бап-баравар тортишади.
Яна билмадим, балки мен янглишаётгандирман, балки бир оз кескин хулоса чиқараётгандирман. Лекин турли пайтларда таҳририятимизга нажот истаб келган уч тақдир соҳибининг қуйидаги муштарак дил ҳасратларини тинглаганимда, хаёлимни негадир шу ўйлар тарк этмади.
Келинг, яхшиси, сиз ҳам уларнинг арзи-ҳолларига қулоқ тутинг, кейин биргалашиб фикр юритармиз.

Биринчи суҳбат:
Боласи ўлганнинг бағри куяр, боласизнинг-чи?..

Мен Тошкентда яшайман, дурустгина лавозимда ишлайман. Маҳалла-кўйда ҳам, ишхонамда ҳам ҳурмат-эътиборим жойида. Иқтисодий жиҳатдан нолийдиган ерим йўқ. Негаки, еганим олдимда, емаганим ортимда. Данғиллама участкам, шаҳар ташқарисида дала-ҳовлим бор. Тагимда бир эмас, иккита “иномарка”. Ҳаммаси ўз пулимга келган, ҳалол меҳнатим эвазига бунёд бўлган. Қисқаси, сиртдан қараганда, мен бой-бадавлат, бахтиёр одамман. Аслида-чи?..
Одамзоднинг толе-иқболи, бахт-саодати, баъзи бировлар ўйлаганидек, фақат моддий фаровонлик, мол-дунё билан ўлчанмас экан. У тугал бахт эгаси бўлиши учун оила қуриши, фарзандлар кўриши ҳам керак экан. Минг афсус, бу борада тақдир мени ўкситди, жуда қаттиқ ўкситди. Ҳолбуки, маҳалламизнинг энг гўзал, энг хушрўй қизига уйланганман, тагли-тугли хонадонга куёв бўлганман. Аммо, йиллар ўтса-да, ўртада фарзанд бўлмади. Уйимизда гўдак йиғиси, бола кулгиси эшитилмади. Хотиним бешик қучоқлаб, чақалоқ беламади. Бу нақадар аччиқ қисмат, нақадар буюк армон  эканлигини мен каби биттагина тирноққа зор бўлганлар, зурриёт дея оҳи кўкка етганлар билади.
Албатта, аввал-бошда биз унчалик тушкунликка тушмадик. Умид билан, ишонч билан кутдик. Оз эмас-кўп эмас, ўн беш йил кутдик. Барибир, орзумиз ушалмади. Сўнг ўзимизни дўхтиру табибларга қаратдик. Шунда аччиқ бир ҳақиқат аён бўлди. Билсам, ҳамма айб менда экан! Пуштим куйиб кетган, мендан фарзанд бўлмас экан!..
Начора?!. Бир оқшом хотинимнинг кўнглига қўл солдим. “Мен туфайли сен ҳам дунёдан армон билан ўтма… Ҳали ҳам кеч эмас, балки бахтингни топарсан, ажрашайлик”, дедим. У кўнмади. “Мен азалдан сизни деганман, бундан кейин ҳам сизни дейман. Неки бўлса, пешонамдан кўраман”, деди. Таклифимдан ранжиб, неча кунлар юм-юм йиғлади.
Мавриди келиб, муқим қарорга келдик. Ота-онаси номаълум икки ойлик чақалоқни асраб олдик. Унга Умиджон дея исм қўйдик. У билан андармон бўлдик, у билан овундик. Эмаклаганда-юрганда, бир суюндик, “ая”лаганда, “дада”лаганда, икки суюндик. Мудом меҳримизни аямадик, атрофида гирдикапалак бўлдик. Мудом асраб-авайладик, оқ ювиб-оқ тарадик.
Қизиқ, худо урганни пайғамбар ҳассаси билан туртмаса, нима қиларкин-а? Тақдир менинг ярим-ёрти бахтимни ҳам кўп кўрди. Бунга бошқалар эмас, ўз умр йўлдошим, ҳа-ҳа, ишонаверинг, ўз ёстиқдошим сабабчи бўлди…
Ўтган йилнинг эрта баҳори, шанба куни эди. Мактабдан қайтган Умиджон ўртоқлари билан кўчада ўйнаб юрганди. Мен уйда телевизор кўраётгандим. Бир маҳал сигарета чекким келди. Чиқиб ошхонадан гугурт олмоқчи бўлдим. Даҳлиздан ўтаётиб, ошхонада аллаким билан телефонда гаплашаётган хотинимнинг овози қулоғимга чалинди. У суҳбатдошига “Эй, нимасини айтасиз, шу бепушт эрим бўлмаганда, мен ҳам бола туғардим, аллақачонлар ўғил уйлантириб, қиз чиқарардим”, деди.
Ҳа-ҳа, аниқ эшитдим, айнан шундай деди. Турган жойимда қотиб қолдим: наҳотки, эшитганларим рост бўлса?!. Наҳотки, шу сўзлар бир вақтлар мени деган, мени деб тақдирига тан берган аёлимнинг оғзидан чиқаётган бўлса?!. Ахир, мен уни зўрлаб-мажбурлаб ёки ялиниб-ёлвориб ушлаб турганим йўқ-ку. Вақтида ихтиёри ўзида эканлигини айтганман-ку. Демак, унинг аҳду паймонлари ёлғон экан-да. Демак, фақат раҳми келгани, ачингани учунгина мен билан 25 йилдан буён яшаб келаётган экан-да. Демак…
Орият – ўлимдан қаттиқ! Хонага қай ҳолатда бостириб кирганимни, телефонни қандай улоқтириб юборганимни билмайман, аммо алам-изтироб билан бор овозда ўдағайлаганим эсимда:
– Ҳозир нима дединг?.. Нима дединг, яна бир қайтар!
 Шу топда хотинимнинг “Эшитганларингиз ёлғон!” дейишини, лоақал “Билмай оғзимдан чиқиб кетибди”, дея кўнглим учун мендан узр сўрашини жуда-жуда истагандим. Йўқ, кутганимдек бўлмади. У бамайлихотир ўрнидан қўзғалди-да, кўзларимга биринчи бор тик боқди.
– Ҳа, нима, – деди кейин етти ёт бегоналардек совуққонлик билан қошларини чимириб, – пуштингиз куйиб кетгани ёлғонми, бор ҳақиқат-ку!
Тамом-вассалом! Мана шу икки оғиз сўз номусимни ерга урди, бу ёруғ дунёдаги сўнгги илинжимдан ҳам айирди. Энг гўзал, энг меҳрибон турмушдошим кўзимга ўта хунук, ўта бераҳм кўриниб кетди. Тун бўйи мижжа қоқмадим. Эркак бошим билан йиғладим, бахтсизлигимдан нолиб-нолиб, аламимдан ўксиб-ўксиб йиғладим.
Шу-шу хотинимдан ҳам, уйимдан ҳам кўнглим совиди. Бора-бора иккимиз арзимаган баҳонада тез-тез жанжаллашишга, сал гапга аразлашишга одатландик. Охир-оқибат дарз кетган кўнгил ойнасини бутлаб бўлмаслигига кўзимиз етди. Ажрашадиган бўлиб, судга ариза бердик. У ердагилар аввалига бизни муросага чақиришди. Яна бир карра ўйлаб кўришимиз учун муҳлат беришди. Қароримиз қатъийлигини билишгач, ишимизни қайта-қайта кўришди. Лекин ҳанузгача тайинли тўхтамга кела олишмади. Сабаби – мен ҳар сафар Умиджонни хотиним туғмаганини эслатаман, уни ўзимда қолдиришларини сўрайман. Эвазига бор мол-мулкимдан воз кечишга тайёрлигимни таъкидлайман. Ўз навбатида, ёстиқдошим ҳам бўш келмайди. “Туғиш азобини тортмаган бўлсам ҳам, барибир, онаман, барибир, аёлман. Бола мен билан бўлиши шарт!” дейди.
Мана, мен дил дардимни дастурхон қилдим, андаккина бўлса-да, кўнглимни ёздим. Энди холисона айтинг-чи, бизнинг қай биримиз ҳақмиз? Умиджон кимники бўлиши керак – меникими ёки хотинимники?..

Иккинчи суҳбат:
Ўз боламни ўзим сотиб олайми?..

Мен ўн саккиз ёшимда турмуш қурдим. Кетма-кет етти ўғил кўрдим. Шундан бештаси кўз ўнгимда – соғ-саломат. Биттаси гўдаклигидаёқ нобуд бўлган. Энг кенжам эса…
Худога шукур, у ҳам тирик. Ҳозир олти ойлик. Борликка бору, аммо мен учун гўё йўқдек. Шоир айтимоқчи, кул остида қолган чўғдек. Чунки бағримда эмас, бировнинг қўлида. Мен уни туққанимдан буён қайтиб ололмайман, бир лаҳза бўлсин, кўксимга босолмайман. Ўзим кесган угра ошни ўзим ичолмайман, хатоларимдан воз кечолмайман.
“Нега?” дейсизми, унда мен бир бошидан айтай, сиз қулоқ тутинг. Зора, шунда дардим бир оз енгиллашса, зора, орзу-армоним ушалса…
Биз қишлоқда яшаймиз. Эрим оддий тракторчи. Оғир меҳнатдан қочмайди. Лекин ойлаб маош олмайди. Шундай эса-да, эски “пат-пат”ини ташламайди. Қайтага томорқадан топганини ҳам уни тузатишга сарфлайди.
Сурпақоқдимга юкли бўлган кезларим эди. Катта-кичик болаларим ҳовлида ўзлари билан ўзлари андармон эди. Бир маҳал хамир қориб, нон ёпай деб сандиқни очсам, ун тугул урвоқ ҳам қолмабди. Эримга айтгандим, пинак ҳам бузмади. Одатдагидек “Пул йўқ!” деди-ю, индамай қуруқ чойини ичиб ўтираверди. Унинг боқибеғамлигидан зардам қайнаб кетди.
– Сиз ҳам мундоқ бошқаларга ўхшаб пул топсангиз-чи. Токайгача шу шарти кетиб, парти қолган шалоқ аравангизга ёпишиб оласиз? – дедим ўзимни босолмай.
– Ўчир овозингни! – Эрим бирдан тутақиб кетди. – Менга бировларни мисол келтирма,  – деди кўзларини чақчайтириб. – Бошқа иш қўлимдан келмайди, бўлганим шу, тушундингми?
Жаҳл келганда, ақл кетади. Мен эримни тушунадиган ҳолатда эмасдим.
– Ҳо, – дедим паст тушмай, – қаторлаштириб бола қумалоқлатишни биласизу, боқишни билмайсизми? Яна қутурган туядек пишқирганингизга ўлайми?
– Йўқол! – Эрим ўрнидан сапчиб тураётиб, хонтахтани зарб билан муштлади. Дастурхондаги чойнак ағдарилиб, ичидаги иссиқ чой тиззасига тома бошлаганига парво ҳам қилмади. – Кўзимга кўринма, манжалақи! – У иккинчи бор хонтахтага мушт урди-да, чап қўлидаги пиёлани қулочкашлаб деворга қараб отди. – Мани топганимга қаноат қилмасанг, ана, катта  кўча! – деди оғзидан кўпик сачратиб. – Болаларингни ўзинг боқиб олавер, – деди қўшни хонага ишора қилиб, – боқолмасанг, детдомга топшир. Фақат мени тинч қўй, тушундингми, ҳе падарингга лаънат, аҳмоқ!..
Унинг охирги гапи жон-жонимдан ўтиб кетди. Шу заҳотиёқ хун-хун йиғлаб, отамникига аразлаб кетдим. Болаларимни соғинсам ҳам, уйга қайтмадим. Ўзимча эримдан ўч олмоқчи бўлдим.
Икки ҳафтадан кейин туғуруқхонага тушдим. Бу сафар ҳам суқсурдай ўғил туғдим. Аммо эрим бирров хабар олмади. Устига устак, орқаваротдан “Ўзиниям, чурвақасиниям кўрарга кўзим йўқ” деган гапни айтиб юборибди. Баттар жаҳлим қўзиди. Бунисиям майли, аччиқ устида катта хатога йўл қўйдим. Оқибатини ўйламай-нетмай чақалоғимни уч-тўрт қишлоқ нарида яшовчи холамнинг келинига бериб юбордим. Чунки у бўламга текканига ўн йилдан ошганига қарамай, туғмаганди. Мен оғироёқ бўлган пайтларим эри уни қўйиб юбормоқчи бўлиб юрганди. Кўзим ёриганини эшитиб, эл қатори мени кўргани келди. Гап орасида дардини айтиб, зор-зор қақшади. “Турмушим бузилиб кетмасин, илтимос, янга, шу болангизни менга беринг. Уни мен боқиб олай, зора, ирим-жирими жойига тушиб, бўйимда бўлса…” дея ялиниб туриб олди. Ахийри, ниятига етди. Туғуруқхонадан чиқишим арафасида нотаниш кишилар билан бирга ўзи тўғрилаб келган аллақандай қоғозларга қўл қўйдириб, ўғлимни  олиб кетди.
Мен отамникига ёлғиз қайтдим. Бўлган воқеадан огоҳ топган эрим ўша куниёқ мени олдига солиб уйга олиб борди. Остона ҳатлаб ичкарига кираётганимда, “Аҳмоқ, бургага аччиқ қилиб, кўрпа куйдирган калтафаҳм. Бу кунингдан баттар бўл, шарманда!” деди-ю, бошқа сўз қотмади.
Фарзанд ўнта бўлса ҳам ҳар бирининг ўрни бошқа экан. Мен айрилиққа бор-йўғи уч кун чидадим. Тўртинчи куни тонгсаҳарлаб эримга ёлвордим. “Сутларим оқиб кетаяпти. Жон, дадаси, юринг, ўғлимизни олиб келайлик”, дедим. Эрим ҳам шу гапни кутиб юрган экан шекилли, дарҳол олдимга тушиб, йўл бошлади.
Бўлам муддаомизни англаб, хомуш тортса-да, қаршилик билдирмади.
– Энди, нимаям қилардик, зоримиз бору, зўримиз йўқ. Гўдак сизларники, ана, келганидан буён биғиллаб йиғлаб ётибди бечора, олиб кетаверинглар, – деди.
Бироқ хотини қайсарлик қилди.
– Мен болани қонунийлаштириб олганман. Қайга борсангиз-боринг, қайтариб олишга ҳақингиз йўқ! – дея оёқ тираб туриб олди. Холам бояқишнинг насиҳатлари-ю, эрининг дўқ-пўписаларига ҳам, менинг йиғи-илтижоларимга ҳам қулоқ осмади. Кейинги боришимизда эса, олдимизга битта шарт қўйди: “Нақд йигирма миллион сўм пул топиб келинг, марҳамат, чақалоқ ўзларинингники бўлади”, деди.
Воажаб, бу қандай гап, қандай андишасизлик? Бу қандай болафурушлик? Энди бир камим ўз боламни ўзим сотиб оламанми? Бировга қилмоқчи бўлган яхшилигим эвазига ёмонлик кўраманми? Онага бундан ортиқ кўргулик, бундан ортиқ азоб борми?..
Турган гап, бошқа иложимиз қолмагач, судга мурожаат этдик. Шунгаям ярим йилдан ошаяпти. Лекин қонуншунослар ишни кўришни чўзгандан-чўзишаяпти. Бу орада мен ичикиб, адои тамом бўлдим. Неча бор касал бўлиб, ётиб қолдим.
Сизлардан илтимос, шу ишга бош қўшсангизлар, ўғлимни тезроқ қайтариб олишимга ёрдам берсангизлар. Ахир, қачонгача боламни соғиниб, унга интиқ бўлиб яшайман…

Учинчи суҳбат:

Тирноқни этдан ажратиб бўладими?..
Мен асли қишлоқ қизиман, деҳқон фарзандиман. Мактабни тугатиб, пойтахтдаги олий ўқув юртларидан бирига ҳужжат топширдим. Омадим чопиб, талаба бўлдим. Яна денг, шу ерда севгимни – бахтимни топдим. Ўзим билан бир вилоятдан келган, ота меҳрига тўймай ўсган курсдошимга кўнгил қўйдим. Биринчи курслигимиздаёқ тўйимиз бўлиб ўтди. Ўн ойга борар-бормас, ўғилчалик ҳам бўлдик. У бир ёшга тўлганда қайнонам Тошкентга борди. Икки ҳафтача ижарахонамизда биз билан бирга яшади. Талабаларга мос, мусофирларга хос ҳаётимиз билан танишиб, ичи ачиди. “Сизлар ҳозирча фақат илм олиш пайида бўлинглар, унгача неварамни ўзим боқиб тураман”, деди.
Норозилигимга қарамай, норасида гўдагимни ўз шаҳрига олиб кетди. Кўникмай иложим қанча? Биз вақти-вақти билан ҳам қайнонамдан, ҳам ўғлимиздан хабар олиб турдик. Уч кўкламу уч қишимиз шу алфозда кечди.
Институтни битиргач, табиийки, қайнонам қошида яшай бошладик. Дастлаб турмушимиз бинойидеккина эди. Ҳовлимиз вилоят марказининг қоқ ўртасида жойлашганди. Эр-хотин кундузи ишга қатнардик. Қайнонам ўғилчамизга қарарди. Кечқурун бир дастурхон атрофида жам бўлардик. Боламни биримиз қўйиб, биримиз суярдик.
Афсус, тинч-тотувлигимиз узоққа чўзилмади. Қишлоқ жойга келин бўлиб тушган қайнопам турмуши бузилиб, қайтиб келди-ю, ширин ошимизга оғу аралашди. У негадир аламини мендан олишга киришди. Ўтирсам ўпоқ, турсам сўпоқ, деди. Уззукун юриш-туришимдан, қилган-қилмаган ишимдан нуқсон ахтарди.
Аввалига индамадим, тишимни тишимга босиб, ҳаммасига чидадим. “Инсофга келиб қолар, ҳар нечук, укасининг хотиниман-ку”, дея ўзимни ўзим овутдим. Қаёқда, дейсиз? Қайнопам ўч олишнинг янги йўлини топди. Ҳе йўқ-бе йўқ, ҳар икки гапининг бирида “Ўғлингни онам катта қилган, унда сенинг ҳақинг йўқ”, дея юзимга сола бошлади. Бу ҳам етмагандай, боламни бағримга босишимга йўл бермади. Кўп-да уни қайнонамнинг хонасидан чиқармади.
Охири, ҳаммаси жонимга тегди. Мен ҳам гапига гап қайтарадиган, тенгма-тенг ғижиллашадиган бўлдим. Қарабсизки, “Бир яхшига бир ёмон ҳар жойда бор, икки ёмон бир бўлса, кун қайда бор!” деганларидек, қайнопам иккимиз бир-бирини кўришга кўзи, отишга ўқи йўқ ғанимларга айландик. Буни кўриб, шу вақтга қадар доим мени алқаб-суйиб келган қайнонам ҳам тўнини тескари кийди. “Ўзидан каттанинг юзига сапчийдиган одамга менинг оиламда ўрин йўқ! Аслида сени келинликка мен танламаганман, сен бирга ўқиб юрганингда ўғлимнинг бошини айлантириб, унга тегиб олгансан, мегажин!” дея камситишга ўтди.
Кошки, шундай дамларда эрим ёнимни олган бўлса? Йўқ, араванинг олдинги ғилдираги қаердан юрса, кейингиси ҳам ўша ердан ўтаркан. Уям мендан юз ўгирди. Кўп марталаб “Сен қишлоқисан, маданиятни билмайсан, бундан кейин ҳам шундайлигингча қоласан”, дея ярамга туз сепди.
Нима қилай, қурбақани ҳам боссангиз, вақ этади, мен эса одамман-ку.
Ўринсиз таъна-дашномлар бўғзимга етгач, қатъий қарорга келдим. “Яхшиси, жавобимни бера қолинглар. Ўз кунимни ўзим бир амаллаб кўрарман”, дедим. Бажонидил розилик билдиришди. Никоҳимиз қонунан бекор қилинадиган бўлди. Ишни кўрган суд ҳайъати аёллардан иборат эди. Улар савол-жавоб давомида болам бечора йиғлаб, менга талпиниб турганини кўришди. Шунга қарамай, уни отаси тарбиясида қолдириш юзасидан ажрим чиқаришди.
Мен эътирозларимни тегишли идораларга қайта-қайта ёзиб юбордим. Лекин ҳанузгача ижобий жавоб ололмадим. Кўз ёшларим сабаби билан жиддий қизиқадиган одамни тополмадим.
Хўш, айтинг, нега шунақа? Болага туққан бир ёқда қолиб, нега жони оғримаганлар эга чиқади? Бу қайси ақидага тўғри келади? Аёл учун фарзандидан тириклайин айрилишдан ортиқ кулфат борми? Ҳеч жаҳонда тирноқни этдан – болани онадан ажратиб бўладими?..
   
* * *

Кўриниб турибдики, учала суҳбатдошимиз ҳам мушкул вазиятга тушиб қолган. Бирининг оилавий ҳаётда аввалдан бахти юришмаган. Боз устига, эндигина дардимга малҳам топдим, оғзим ошга етди, деганида бурни қонаган. Таъна-маломат-ла йўғрилган бир оғиз сўздан қалби озор чеккан. Шусиз ҳам ўксик кўнгил шишаси чил-чил синган. Иккинчиси бургага аччиқ қилиб, кўрпа куйдирган, гўёки раҳмдиллик кўрсатган бўлиб, ҳали она сути таъмини билмаган дилбандини бировга бериб юборган. Энди эса, ҳаргиз хатосини тузатолмай жони ҳалак. Учинчиси лойқаланган сувнинг тинишидан, дока рўмолнинг қуришидан батамом умидини узган. Баайни севиб-севиладиган ёшида “эрдан чиққан” деган тавқи-лаънатни бўйнига олишга мажбур бўлган. Бевалик азобларига чидашга аҳд қилган. Бироқ оналик ҳуқуқидан маҳрум этилишини сира хаёлига келтирмаган. Тақдир ўйини олдида эсанкираб қолган.
Яна эътибор берган бўлсангиз, сезгандирсиз, суҳбатдошларимиз юлдузи юлдузига тўғри келмай қолган айрим эр-хотинларга ўхшаб уй-жой, мол-мулк ёки мерос талашаётганлари йўқ. Бор-йўғи фарзандларининг ўзлари билан бирга бўлишларини исташаяпти. Шу ниятда ёрдам-маслаҳат сўрашаяпти. Таассуфки, биз уларнинг илтимос-илтижоларини қондириш имконига эга эмасмиз. Бундай дейишимнинг қатор сабаблари бор: биринчидан, юқорида қоғозга туширганларим, нечоғли дардли-изтиробли бўлишидан қатъи назар, бир томоннинг ҳасратлари. Биз ҳали иккинчи тарафни тинглаганимизча йўқ. Тингласак, эҳтимол, улар ҳам ўзларини оқлаш учун талай асос-далиллар келтиришар. Эҳтимол, шунда қарс икки қўлдан чиққани аён бўлар. Иккинчидан, ўртада барчага баробар қонун бор. Қонунга кўра, сўнгги сўзни шу соҳа вакиллари айтишлари лозим. Унгача бизнинг низога қўшилишимиз тақиқланган. Шу сабабли арзгўйларнинг исм-шарифларини, яшаш жойларини ошкор этмадик. Учинчидан, ўзингиздан қолар гап йўқ, оилавий можаролар ниҳоятда мураккаб, ўта нозик масала. Негаки, севиш-севилиш, турмуш қуриш ёхуд ажрашиш ҳар кимнинг ўз кўнгил ишидир. Оила фақат икки қарама-қарши жинснинг – эркак ва аёлнинг ўзаро розилиги, инон-ихтиёри асосида тузиладиган иттифоқдир. Таъбир жоиз бўлса, ҳар бир оила бошқасига ўхшамаган қўш устунли айвон, ўзига хос алоҳида қўрғондир. Унинг тупроғи Ишқ-Севги эҳтиросларидан олинади. Лойи-зуваласи – эзгу Ният, Аҳду паймон туйғулари билан йўғрилади. Пойдевори Вафо-Садоқат азми-ла кўтарилади. Деворлари Муҳаббат нури ила сайқалланади. Томи Меҳр-Оқибат ҳислари қўшилган ҳолда ёпилади. Пештоқига Бурч-Масъулият, Сабр-Қаноат шиори нақшланади. Ана шу олий туйғулар бир мақсад йўлида уйғунлаштирилса, инсонни Бахт-Иқбол сари элтувчи ОИЛА аталмиш муқаддас кошона вужудга келади. Бу кошонанинг кўз илғамайдиган ўз чегара-ҳудудлари, бирон-бир ҳужжатда қайд этилмаган ўз қонун-қоидалари бўлади. Ундан ҳуда-беҳуда ҳатлаб ўтишга, четдан туриб “Сен фалончи билан умрбод бирга яшашга маҳкумсан!” ёки “Пистончи билан ажрашасан”, дейишга ҳеч ким ҳақли эмас. Буни халқимиз асрлар оша синовдан ўтган нақлларида мухтасаргина қилиб қуйидагича  ифода этган: “Ҳар ким суйган ошини ичади”, “Эр-хотиннинг орасига эси кетган тушади”.
Шундайликка шундайку-я, аммо барибир аччиқ бир ҳақиқатдан кўз юммаслик керак. Оила бузилди дегани танҳо эр-хотин икки тарафга қараб кетди, дегани эмас. Ёхуд қуда-андалар, ёру биродарлараро қон-қариндошлик  ришталари узилди, дегани ҳам эмас. Узилган ип уланса, тугуни қолади. Оила парчаланса, севги завол топади. Аҳду паймон ўрнини нафрат, вафо-садоқат ўрнини хиёнат эгаллайди. Ўзаро меҳр-оқибат йўқолади. Бурч ва масъулият унутилади. Сабр-тоқат бегона бўлади. Бахт-иқбол саробга айланади. Ўрта ичида муҳаббат етим қолади. Қисмат чорраҳасида ишқнинг ширин меваси – бегуноҳ болалар чирқиллаб қолади. Улар ё ота, ё она меҳридан айро тушадилар. Ҳатто баъзан отаси ҳам, онаси ҳам ҳаёт бўла туриб, тирик етимга айланадилар.
Шубҳасиз, бундай кезларда қариндош-уруғ, маҳалла-кўй қараб турмайди. Келажагини ўйлаган жамият бахти кемтикларни ёлғизлатиб қўймайди. Болалар уйлари дейсизми, интернатлар дейсизми, ишқилиб, барча шарт-шароитларга эга меҳрибонлик масканлари етим-есирлар ҳаётига оз бўлса-да, нур олиб кириш учун хизмат қилади. Бироқ улар ҳеч қачон ўша гўдаклар туғилган хонадон ўрнини босолмайди. Энг ғамхўр энага, энг ширинсўз тарбиячи ҳам, ҳарчанд уринмасин, барибир, ҳақиқий ота-она меҳрини беролмайди. Айни чоғда, кўз очиб кўрган умр йўлдошидан, ширин-шакар фарзандларидан воз кечган одам қайта турмуш қурган тақдирда ҳам том маънода бахтли бўлолмайди. Ўз пушти камаридан бўлган зурриётига меҳр кўрсата олмаган одам ўзга бировнинг ўғил-қизи бошини чин ихлос билан силай олмайди. Билъакс, амалда унисининг ҳам, бунисининг ҳам кўнглини яримта қилиб қўяди. Тан оламизми-йўқми, хоҳлаймизми-хоҳламаймизми, оқибат – тайин ҳақиқат шу!
Демак, оилавий қўйди-чиқдилар зоҳиран шахсий ишдек туюлса-да, моҳиятан жамият ҳаёти билан чамбарчас боғлиқ иллатлардир. Ўз уйида тинчини йўқотган одам эл-улус ичра бахтли бўлолмагани сингари оилалари инқирозга учраган мамлакат ҳам изчил тараққиётга эришолмайди. Аксинча, қайси юртнинг оилалари мустаҳкам, аҳил-тотув бўлса, ўша давлатда ҳамжиҳатлик ва осойишталик ҳукм суради, файз-барака, қут-фаровонлик барқарор бўлади. Чунки оилавий хотиржамлик миллий хотиржамлик учун замин яратади. Буни ота-боболаримиз қадимдан яхши билишган, яхши тушунишган. Шу боис авваллари ажрашишлар нисбатан камроқ бўлган. Кўпчилик эр-хотинлар ҳарф танимасалар-да, ёзув билмасалар-да, ҳаёт мактабини пухта ўзлаштирганлар. Бир-бировини асосан гўшангага киргандагина кўрган-таниган бўлсалар-да, мустаҳкам турмуш қурганлар. Баъзи келин-куёвларнинг тажрибасизликлари туфайли келиб чиққан жиддий “сан-ман”лар қозихона-ю судгача бориб етмаган. Келишмовчиликлар сабаби, аввало, хеш-ақробалар, кўпни кўрган кексалар – маҳалла, қишлоқ оқсоқоллари иштирокида муҳокама этилган. Улар эр-хотинга оила қуриш яккаш висол лаззатидан, кайф-сафодан иборат эмаслигини обдон тушунтиришган. Турмуш машаққатларига бардошли бўлиш оилавий тотувлик асоси эканлигини уқтиришган. Натижада ҳатто ҳалокат жари ёқасига келиб қолган оилалар ҳам кўпинча қайта тикланиб кетган. Муҳими, кимдир фарзандининг, кимдир отаси ёки онасининг дийдорига зор-интизор бўлиб қолмаган.
Ҳозир-чи?..
Минг қатла шукур, замон тинч, юрт обод. Ҳамма саводли, ҳамма билимли. Тағин замонавий эр-хотинларнинг деярли барчаси севишиб-синашиб, жилла қурса, олдиндан учрашиб-танишиб никоҳдан ўтишган. Шунга қарамай, оилавий можаролар камаймаяпти. Бунданам ажабланарлиси, ажрашган ёки ажрашаётганларнинг аксарияти турмуш машаққатларини озми-кўпми бошидан кечирган, бола-чақа орттирган дуппа-дуруст кишилардир.
Ажаб, нега бунақа, нега тескариси? Жавоби оддийгина: дарёнинг суви бошидан лойқа келса, қуйи оқим ғоратга учрайди. Девор қийшиқ бўлса, тез қулайди. Гап шундаки, биз табиатан болажон, ўта кўнгилчан халқмиз. Хоҳ аёл, хоҳ эркак бўлайлик, умр бўйи уйим-жойим, бола-чақам деб елиб-югурамиз. Йиллар мобайнида ўғил уйлантириш, қиз чиқариш илинжида йиғиниб-теринамиз. Бўлажак келин-куёвга оддий кийим-кечакдан тортиб, қўша-қўша кўрпа-тўшаккача, қимматбаҳо мебелдан тортиб, алоҳида данғиллама уйгача, хуллас, одамзод эркин-эмин, тўкин-сочин яшаши учун нимаики зарур топилса, ҳамма-ҳаммасини муҳайё қилиб берамиз. Тўй маросимларини ҳам, ризқ-насибамиздан қийиб, дабдаба билан ўтказамиз. Биров эътироз билдирса,  “Ҳа, нима қипти? Бу дунёда барчамиз ҳам фарзандларимизни деб юрибмиз. Топган-тутганимиз шуларники-да”, дея ўзимизни оқлаймиз. Фақат бир нарсани унутиб қўямиз. Ота-она фарзандига, эҳтимол, тахт яратиб бериши мумкиндир, аммо бахт яратиб беролмайди. Ҳар кимнинг бахти ўзи билан бўлади. Бундан ташқари, халқда “Бели оғримаганнинг нон ейишини кўр!” деган нақл ҳам бор. Бирйўла ҳамма нарсага оппа-осон эришган ёшларнинг хатти-ҳаракатлари сал бошқачароқ бўлади. Хаёлига “Турмуш мана шунақа роҳат-фароғатдан иборат экан-да” деган нотўғри фикр ўрнашиб қолади.
Ваҳоланки, вақти-соати етиб, ишқ-муҳаббат эҳтирослари сусаяди, буюм-жиҳозлар эскиради. Оилада фарзандлар туғилади, уй-рўзғор ташвишлари кўпаяди. Бизга доимо суянчиқ ота-онани эса ҳеч кимга боғлаб берган эмас. Улар анча мўрт келади. Ёшлари ўтгани сайин ўзлари ҳам бизнинг кўмагимизга муҳтож бўлиб қолишади. Алқисса, ёш эр-хотиннинг бўйнига росманасига “олахуржун” тушади. Энди улар ўз араваларини ўзлари тортишларига тўғри келади. Бунга кўниксалар-ку, хўп-хўп, мабодо, кўникмасалар, кўника олмасалар-чи? Бир-бировидан нуқсон ахтаради, арзимаган гапдан жанжал кўтаради. Кунда-кунора эр “қўяман”га, хотин “кетаман”га зўр беради. Униси бунисини, буниси унисини отишга ўқ излайди. Ўртада фарзандлар безиллайди. Хонадонда бесаранжомлик бошланади, файз-барака йўқолади. Худди мана шу нуқтада қайнона-қайноталарнинг – қуда-андаларнинг йўл-йўриғи, ўгит-маслаҳати жуда-жуда асқатади. Кексалар масалага холис ёндошсалар, келин-куёвни сабр-тоқатга ундасалар, олам гулистонлигича қолади. Борди-ю, аксинча, бўлса, бири ўғлига, иккинчиси қизига ён босиб, оловга ёғ пуркаса-чи? Оқибати шундоғам маълум: низолар баттар авж олиб, оила таназзулга юз тутади. Эсли-ҳушли катталар, жигаргўшалари тақдири бир четда қолиб, ўзаро ҳақ-ҳуқуқ, уй-жой, мол-дунё талашишга тушиб кетишади.
Масалага шу жиҳатдан қарасак, қисмати талош бўлган Умиджоннинг онасини тушуниш қийин. Тўғри, у чорак аср ёстиқдошига беқиёс меҳр-садоқат кўрсатган. Ундан фарзанд бўлмаслигини билганида ҳам ташлаб кетмаган. Ажрашиш ҳақидаги таклифни эшитганида қатъиян рад этган. Пировардида эса қилган шунча яхшиликларини бир зумда елга совурган. Оғир тош мисол нафсониятга тегувчи икки оғиз сўзи билан турмуш ўртоғининг қоқ юрагига ханжар урган. Бундан кўра, кўнглидаги армонини вақтида айтгани, эри ўзига ўрганиб қолмасдан уни ташлаб кетгани афзал эмасмиди?
Бир-бирига ўчакишиб, ўрта ичида чақалоғини овора-ю сарсон қилган эр-хотиннинг хатти-ҳаракатлари эса, ҳойнаҳой, эшитган қулоққа эриш туюлади. Чунки улар ёш эмас, кимсан, беш болани тарбиялаб вояга етказаётган ота-она! Бу демак, фарзанд давлатнинг боши эканлигини, тиш берган ризқини ҳам беришини сизу биздан яхшироқ биладилар. Қаноат зўр бойлик эканлигини, сўзсиз, теран тушунадилар. Бас, шундай экан, хотин бир сўздан қолса, эр тилига эрк бермаса, асакаси кетмасди. Ёки уларнинг оиласида мавжуд моддий етишмовчилик бошқаларникида йўқми? Ахир, токайгача айб катталардан ўтади-ю, жабрини кичиклар тортади?
Бунисини билмадим, лекин бировнинг азасида ўйин тушишдан ор қилмаган келинни мутлақо кечириб бўлмайди. Унинг бу қилмиши бориб турган ноинсофликдан бошқа нарса эмас. Боиси – у болани ўзиники қилиб олгунча ялиниб-ёлворган, қайтиб беришга келганда эса шафқатсизлик кўрсатган. Чамамда, ё “Эр-хотин ҳозир қийналиб юришибди, мен айтган миқдордаги пулни топиб келишолмайди, бола ўзимга қолади”, деган хулосага борган, ёки чақалоқни сохта ҳужжатлар асосида фарзандликка олган бўлса, кимларгадир сарфлаган маблағини чиқариб олишни ўйлаган. Агар озгина инсоф-виждони бўлганида, бундай йўл тутмасди. Ҳомиладорлик азобини тортмаган, туғиб қутулиш ўлиб-тирилишга баробарлигини ҳис этмаган бўлса-да, аёл сифатида аёл қалбини тушуниб, боланинг ҳақиқий онасини хор этмасди. Борингки, келгусида у чақалоққа эга чиққан тақдирида ҳам оддий ҳақиқатни билиб қўймоғи шарт: бировнинг, айниқса, онанинг кўз ёшлари эвазига эришилган бахт омонат бўлади. Яхшиликка ёмонлик билан жавоб қайтарган кимса эл аро уятга қолади.
Тавба, бир вақтлар талаба келинига ачиниб, неварасини вақтинча боқиб туришга ўзи розилик билдирган қайнонани нима жин урдийкин? Ахир, она учун фарзандининг фарзанди ҳам бола-ку. Машойихлар шуни назарда тутиб, “Болагинамнинг боласи, қантак ўрикнинг донаси” деганлар-ку. Неваралари тарбияси билан шуғулланиш ўзбек қайноналари учун оддий ҳол-ку. Қолаверса, катта бахт, катта шараф-ку. Наҳотки, онахон буни билмаса, охиратини ўйламаса? Наҳотки, қизи қайтиб келгани камлик қилгандай, ўғлининг оиласи ҳам барбод бўлишини истаса? Ундан кўра, ёшига яраша иш юритиб, қизи билан келинини муросага чақирса, ўринли бўлмасмиди? Ҳеч бўлмаганда, ўғли билан неварасининг келажагини ўйласа, яхши эмасмиди? Қайнопа-чи? Укасининг хотинига пилтакачлик қилиб нима фойда кўради? Жияни вояга етиб, бир кун бор гапдан воқиф бўлса-ю, “Сиз қаттолсиз, менинг бахтсизлигим сабабчисисиз!” деса, унга қандай жавоб беради? Одамлар орасида қандай бош кўтариб юради?..
Булар менинг тахминларим эмас. Мавриди келиб, қачонлардир юзага чиқажак муқаррар ҳақиқат. Ҳақиқат эса, биласиз, аччиқ бўлади. Ундан на шоҳ-гадо, на ёш-қари қочиб қутулади.
Қолган фикрларни бошқалар айтишар, деган умиддаман. Нима бўлгандаям, келинг, вақтни бой бермай, қайтар дунёнинг ҳисоб-китобини ўйлайлик, оилаларимизни кўз қорачўғидек асраб-авайлайлик.